Сайт бўлимлари
...Турмуш қуришга келганда уларни кўндириш қийин бўлмоқда
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 22 Февраль 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх жаноблари!
Ҳазрат, сиздан маслаҳат олмоқчи эдик. Cинглимиз олий маълумотли. Ҳорижда таҳсил олган. Ҳозир 31 ёшда. Лекин турмуш қуришга келганда уларни кўндириш қийин бўлмоқда. Ота ва оналаримиз кексайиб қолганликларини ҳисобга олиб, қандай йўл тутишни билмай қолдик.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Олий маълумотли бўлиш яхши иш. Аммо бу никоҳдан бош тортиш даражасига етиб бормаслигии керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», деганлар.
Имкони бўлиб туриб никоҳда бўлмаслик мусулмон учун мутлақо тўғри келмайдиган ишдир.
Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас.
Баъзи бир динларда никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолатлиги, илоҳий таълимотларга зид нарса эканлиги шундан билинади.
Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, жинсий рағбат билан яратган. Бу инсон учун, унинг бахт-саодати учун керакли нарсадир. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундай яратмас эди.
Ўша жинсий майлни, ҳалол-пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Акс ҳолда турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.
Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарли нарсадир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғлиқларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.
Шунингдек, жинсий майлини никоҳ йўли билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари, ҳам ўзгалар бошига турли бало-офатлар ёғилишига сабабчи бўладилар.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак бўлади. Акс ҳолда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган бўлади.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт нарса расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок ва никоҳ», дедилар».
Аҳмад ва Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.
Аллоҳ таолонинг расуллари У Зот яратган бандаларнинг сарасидирлар. Турли замонларда, турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлардир. Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга қандай татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб тургандир. У зотларнинг ҳаётлари бутунлайича ўз умматларига ўрнак бўлгандир.
Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларга амал қилиш ҳар бир шахс учун ўта муҳимдир.
Ушбу ҳадиси шарифда барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг, Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача – ҳаммаларининг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда.
Аллоҳ таолонинг барча Пайғамбар алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан бири никоҳ экан. Бу энг муҳим суннатлардан экан. Бўлмаса Аллоҳ таоло уни ҳамма пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга энг кучли тарғибдир.
Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантирган. Чунки бу робита Аллоҳ таолонинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.
Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик, муҳаббат ва севги, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. У Зот инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-харишдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатида келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун ҳам яна никоҳга амр этган.
Аллоҳ таоло никоҳни Ўзининг барча пайғамбарларининг суннати қилиб қўйган. Азиз авлиёларнинг одати қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло никоҳни инсон зотининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васила қилиб қўйган.
Эркак-аёлнинг ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалари ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.
Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, ҳурматга, мартабага эга бўладилар.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини асрайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон зоти сақланиб қолиши билан бирга, унинг насл-насабининг поклиги ҳам сақланиб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан бўлганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолади.
Никоҳ туфайли оила деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эр-хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этган бўлади. Шундай йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади.
Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса, бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса, жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли бўлади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.
Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган.
Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат деганлар. Улар, Аллоҳ таоло ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир, дейишган.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«...бирингизнинг жинсий яқинлиги ҳам садақадир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Биримиз шаҳватини қондирса, унга бунда ажр бўладими?» дейишди.
«Айтинглар-чи, агар у ўшани ҳаромдан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Шунингдек, агар уни ҳалолдан қондирса, бу унинг учун ажр бўлади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Зино хавфи бор вақтда никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилади.
Имом Тобароний ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унга динининг ярмига ёрдам берибди. (Энди) иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», дедилар».
Ҳаттоки, зоҳирий мазҳабидагилар ўз одатларича тушуниб, кишининг шаҳватида мўътадил пайтида ҳам никоҳ фарз бўлади, дейишган.
Эркакдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон шахс оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин оила нима, у нима учун қурилади, оила қайси асосда қурилмоғи керак – мана шуларни билиб олса, яхши бўлади.
Ислом таълимотларига кўра оила қуйидаги асос ва мақсадлар бўйича қурилади:
1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини музайян қилиш учун қурилади. Ушбу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас.
Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик.
Ушбу олиймақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун оила асосий макон эмасми?!
Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек суратда эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.
2. Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эр-хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шерик ҳайъати деб қараш керак.
Эр-хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари лозим. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтириш учун ҳаракат қилишлари керак. Бу эса ўз навбатида эр ва хотин кишининг ҳар бирларидан ўзларига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишларини талаб этади.
3. Эр-хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак. Никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва отифий алоқадир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак.
Ҳар бир мусулмон ана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаши керак.
Албатта, мазкура синглимиз ўттиз бир ёшга киргунча оила қурмай юрганлари яхши эмас. Илм оламан, дея шундай ҳолатга тушиб қолиш, афсуски, оз бўлса-да, учраб туради. Ёш ўтиб қолгандан кейин киши бир оз қўрқоқ ҳам бўлиб қолади. Аммо катта кишилар ва гапи ўтадиганлар уларга насиҳат қилишлари, тушунтиришлари керак.
Никоҳга рағбат қилмаётган сингилга динимизнинг бу борадаги таълимотларини, жумладан, ушбу жавобни ҳам етказинглар. У кишига никоҳ ҳақидаги китоблар ҳадя қилинглар. Оила қурсалар, жуда ҳам яхши бўлади. Аллоҳ ёрдам берсин! Валлоҳу аълам.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар