Сайт бўлимлари
Хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинони рад этган хотин
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 22 Февраль 2014
- (Нашр қилинган санаси)
САВОЛ: Лиъон масаласини илм учун ҳам, ҳукм учун ҳам билдирсангиз, яхши бўларди.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
«Лиъон» сўзи «лаънат» сўзидан олинган бўлиб, лаънатлашиш маъносини англатади. Шариатда эса хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинони рад этган хотиннинг қозининг олдида бир-бирларини лаънатлашларига айтилади.
Бу ҳукм шариатга Қуръони Карим ояти орқали кирган.
Аллоҳ таоло Нур сурасида:
«Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг номи ила албатта, у ростгўйлардан экани ҳақида тўрт марта шоҳидлик беришдир. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишдир). Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса Аллоҳнинг номи ила «Албатта, у (эр) ёлғончилардандир», деб тўрт марта шоҳидлик беришидир. Бешинчисида эса агар у (эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишдир). Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида... Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилувчи, ўта ҳикматли бўлмаганида...» деган (6-10-оятлар).
«Мухтасари Виқоя»да лиъон ҳақида келган матн қуйидагича бошланади:
Ким афийфа хотинини зинода айбласа ва уларнинг иккиси ҳам гувоҳликка ярайдиган бўлса ёки эр аёл туққан болани инкор қилса ҳамда аёл талаб қилса, лиъон айтишади.
Агар аёлнинг афийфа бўлиши шартидан аввал зино қилгани маълум бўлса, зино ҳақида унга туҳмат бўлган бўлса, отаси номаълум боласи бўлса, фосид никоҳда бўлган бўлса, бунга ўхшаш аёллар билан лиъон қилинмайди.
Икковлари ҳам гувоҳликка ярайдиган бўлишлари шарт. Яъни мажнун, бировни зинода айблагани учун ҳад урилган, қул, ёш бола, кофир бўлмасликлари лозим.
Хотини туққан болани «Мендан эмас» дейиш ҳам хотинни зинода айблашнинг катта аломатларидан бири. Бу ҳолатларда хотин ўзидан бу орни рад қилиш учун қозига арз қилса, ораларида лиъон айтишиш йўлга қўйилади.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, бир одам ўз аёли билан бир кишини топса, уни ўлдирадими? Ёки нима қилади?» деди.
Шунда Аллоҳ унинг тўғрисида Қуръонда зикр қилинган икки бир-бири билан лаънатлашувчи ҳақидаги нарсани нозил қилди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сен ва аёлинг ҳақингизда ҳукм қилди. Энди масжидда лаънатлашинглар, мен шоҳидман», дедилар.
Фориғ бўлганларидан кейин (эр):
«Агар уни ушлаб турсам, унга нисбатан ёлғон гапирган бўламан», деди-да, лаънатлашишни тугатганларидан кейин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга амр қилмасларидан уч талоқ қилди».
Ибн Шиҳоб:
«Икковларидан кейин икки лаънатлашувчининг орасини ажратиб қўйиш суннат бўлиб қолди. У (аёл) ҳомиладор эди. Ўғли онасининг номи билан чақириларди. Сўнгра меросда у онасидан, онаси ундан мерос олиш суннати жорий бўлди», деди».
Бошқа бир ривоятда:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар қизғиш, бўйи паст, ваҳрага (қизил калтакесакка) ўхшаш туғса, (аёл) ростгўй, (эр) эса унга нисбатан ёлғон гапирган бўлади. Агар (аёл) қора, кўзи ва думбалари катта бола туғса, (эр) у ҳақида рост гапирган бўлади», дедилар.
(Аёл) ўша нарсалардан хуш кўрилмаганини туғди», дейилган.
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига:
«Икковингизнинг ҳисоб-китобингиз Аллоҳга ҳавола. Иккингиздан бирингиз ёлғончисиз. Сен учун энди унга йўл йўқ», дедилар.
«Молим-чи?» деди у.
«Унинг зиммасида сен учун мол йўқ. Агар рост гапирган бўлсанг, мол у(аёл)нинг фаржини ўзингга ҳалол қилиб олганинг учун. Агар унга нисбатан ёлғон гапирган бўлсанг, у (мол) сендан яна ҳам узоқ», дедилар».
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорлардан бир киши келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, киши ўз аёли билан бир (бегона) одамни ушлаб олса, бу ҳақда гапирса, дарра урасизлар ёки ўлдирса, ўлдирасизлар. Сукут сақласа, дарду алам билан сукут сақлайди», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Ўзинг кушойиш бер», деб дуо қила бошладилар. Шунда «лиъон» ояти нозил бўлди. Бас, у зот уни ҳалиги одамга тиловат қилиб бердилар, унга ваъз қилдилар, эслатдилар. Бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгил эканининг хабарини бердилар. У эса:
«Йўқ! Сизни ҳақ ила юборган Зот билан қасамки, мен у ҳақида ёлғон гапирмадим», деди.
Сўнгра у зот у(аёл)ни чақирдилар, унга ваъз қилдилар, эслатдилар. Бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгил эканининг хабарини бердилар. У эса:
«Йўқ! Сизни ҳақ ила юборган Зот билан қасамки, у ёлғончидир», деди.
Бас, у зот эркакдан бошладилар. У тўрт марта Аллоҳнинг номи ила (қасам ичиб) ўзининг ростгўйлардан эканига гувоҳлик берди. Бешинчисида эса агар ёлғончилардан бўлса, албатта, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтди.
Сўнгра аёлга ўтдилар. Бас, у ҳам тўрт марта Аллоҳнинг номи ила (қасам ичиб), у (эр) ёлғончилардан эканига гувоҳлик берди. Бешинчисида эса агар у (эр) ростгўйлардан бўлса, албатта, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлишини айтди. Сўнгра у зот икковларининг орасини ажратиб юбордилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва иштирокларида худди шундай бўлган.
Агар эр бош тортса, то лиъон айтишгунича ёки ўзини ёлғончига чиқаргунича қамаб қўйилади. Агар хотин бош тортса ҳам, то лиъон айтишгунича ёки унинг гапини тасдиқлагунича қамаб қўйилади.
Агар эр қул ёки кофир, ёхуд бундан олдин бировни зинода айблагани учун дарра урилган бўлса, дарра урилади.
Чунки у мазкур нуқсонлар сабабли лиъон айтишишга ярамайди. Узр унинг тарафидан чиққан бўлгани учун жазога тортилади. Аллоҳ таоло Нур сурасида:
«Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар», деган.
Агар эр лиъонга солиҳ бўлса-ю, хотин чўри, кофир, бундан олдин бировни зинода айблагани учун дарра урилган, кичик ёшда, мажнуна ёки зония бўлса, эрга дарра урилмайди. Шунингдек, лиъон айтиш ҳам бўлмайди.
Чунки мазкур сифатлардан бирига эга бўлган аёл лиъон айтишга солиҳ эмас.
Лиъон айтишганлар абадий жамлана олмайдилар.
Яъни икковининг яна қайта никоҳланишига мутлақо йўл йўқ.
Агар эр ўзини ёлғончига чиқарса, дарра урилади ва аёлнинг никоҳи унга ҳалол бўлади. Шунингдек, эр бошқа аёлни зинода айблаб, дарра урилса ёки хотин зино қилса ва унга дарра урилса ҳам.
Эр ўзини ёлғончига чиқарганидан кейин шаҳодатидан қайтган бўлади. Бундан кейин ораларида бўлган лиъон ҳам беҳудага чиқади ва аёлнинг никоҳи унга дуруст бўлади.
Эр ўзи лиъон айтишган хотинидан бошқа аёлни зинода айбласа ва гапи ёлғон чиқиб, унга дарра урилса, лиъонга салоҳияти қолмайди. Шунинг учун аввалги нарса ҳам ўз кучини йўқотади ва аввал лиъон айтишган аёлнинг никоҳи унга жоиз бўлади.
Эр никоҳдан кейин, духулдан олдин аёл билан лиъон айтишиб, ажрашди. Кейин ҳалиги аёл зино қилиб, оилали бўлмагани учун дарра урилди. Шу ҳолда ҳам эр мазкура аёлни, агар аввал у билан лиъон айтишган бўлса ҳам, никоҳлаб олса жоиз.
Соқовнинг зинода айблашида ва ҳомилани инкор қилишида лиъон йўқ.
Лиъон очиқ-ойдин сўзларга боғлиқ бўлгани учун ва гапира олмайдиган одамнинг айблаши шубҳа ўрнига ўтгани учун, у зинода айблаганида лиъон бўлмайди.
Ҳомилани инкор қилиш ҳам шубҳа, холос. Зинодан бошқа сабаб ила ҳомила пайдо бўлганлиги эҳтимоли бор. Шунинг учун бу ҳолатда ҳам лиъон амалга оширилмайди.
«Сен зино қилдинг ва бу ҳомила ўшандандир», деса, лиъон айтишади ва ҳомила нафий бўлмайди.
Бу ерда «зино» сўзини очиқ айтгани учун зинода айблаш собит бўлади ва лиъон айтишга замин топилади. Ҳомиланинг нафий бўлмаслиги лиъоннинг «зино» сўзи учун бўлгани, ҳомилани инкор қилгани учун эмаслигидандир.
Ким табриклаш пайтида ёки туғиш учун нарсаларни сотиб олиш даврида болани инкор қилса, ўтади. Кейин ўтмайди. Икки ҳолатда ҳам лиъон айтишади.
Демак, болани «Мендан эмас», деб инкор қилишнинг ҳам чегараланган вақти бор. Болани туғишга тайёргарлик пайтида керакли нарсаларни сотиб олаётганда ёки туғилигандан кейин одамлар табриклаётганда инкор қилса, инкори ўтади.
Аммо мазкур вақтларда индамай туриб, одамларнинг табрикларини қабул қилиб бўлиб, кейин инкор қилса, инкори ўтмайди. Аммо зинода айблаш борлиги учун икки ҳолатда ҳам лиъон айтиш лозим бўлади.
Агар эгизакларнинг аввалгисини инкор қилиб, кейингисини эътироф қилса, унга дарра урилади. Акси бўлганда, лиъон айтишади. Икки масалада ҳам болаларнинг насаби собит бўлади.
Эгизакларнинг аввалгисини инкор қилиб, кейингисини эътироф қилганда, ўзини ўзи ёлғончи қилган бўлади. Чунки эгизаклар бир сувдан бўладилар.
Акси бўлганда, яъни аввалгисини эътироф қилиб, кейингисини инкор қилганда, зинода айблаш бўлди ва ундан қайтиш бўлмади. Зинода айблаш собит бўлганда эса лиъон айтиш лозим бўлади.
Икки ҳолатда ҳам болаларнинг насаби собит бўлиши уларнинг эгизак бўлганлари учундир. Улар бир бўлганлари учун, бирини эътироф қилиш иккинчисини ҳам эътироф қилиш бўлади. Валлоҳу аълам.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар