Сайт бўлимлари
Қалтис савол
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 26 Февраль 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Муҳтарам Шайх ҳазратлари, авваламбор кўринишидан қалтис бўлган мазкур саволни бераётганим учун узр сўрайман. Лекин муаммога нисбатан бошқа манбаларда ҳеч қандай муносабат билдирилмаганини тушунгач, сизга мурожаат қилишга қарор қилдим. Ўйлайманки, сўрамай туриб, нотўғри хулосага боргандан кўра, очиқ сўраган афзал.
Сўнгги вақтларда Ғарб маданиятининг таъсири олам бўйлаб кенг тарқалиб бормоқда. Ушбу таъсир барча соҳаларда, жумладан, ёшларнинг жинсий тарбиясига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Айтинг-чи, асримизнинг нохуш кўриниши бўлмиш эркаклар билан эркаклар ўртасидаги жинсий алоқа (бесоқолбозлик) ҳамда аёллар билан аёллар ўртасидаги жинсий алоқага нисбатан динда қандай муносабат билдирилади? Ушбу иллатга нисбатан Қуръони Каримда ҳамда ҳадисларда муносабат билдирилганми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Эркак киши билан эркак кишининг жинсий алоқада бўлиши «ливота» дейилади. Бу иш энг ёмон гуноҳлардан экани Қуръони Каримда бир неча бор такрорланган. Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб борган қавм ушбу амалга ўч бўлган, оқибатда Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жиноятга қаттиқ қарши турганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амални қилган одам ким бўлишидан қатъи назар, уйланганми-уйланмаганми, иккисини ҳам ўлдиришга буюрганлар.
Саҳобаи киромлар эса бу жиноятчиларни қандай ўлдириш тўғрисида турли ижтиҳодлар қилишган.
Имом Абу Ҳанифа: «Ҳар замоннинг ҳокими шароитга қараб, бошқалар ҳам ибрат оладиган қилиб жазолайди», деганлар. У киши баччабозликни одат қилган одамни ўлдириш шартлигини ҳам алоҳида таъкидлайдилар.
Яна айтиб қўйиш лозим бўлган гаплардан бири шуки, эркак киши ўз хотинининг орқасига яқинлик қилиши ҳам ҳаромдир.
«Сунан» эгаларининг ривоятида:
«Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса, малъундир», дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, ёки хотинига ҳайз чоғида яқинлик қилса, ёки хотинининг орқасига яқинлик қилса, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилган нарсадан тонибди», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шунингдек, ҳайвонларга яқинлик қилган одамлар ҳам катта гуноҳкор ва жиноятчи ҳисобланадилар. Баъзи уламолар уни ҳам зинокор ҳисоблайдилар ва зинонинг жазосига тортилиши зарурлигини таъкидлайдилар.
Аммо ҳанафий мазҳаби уламолари бу жиноятни қилган одамга ҳоким, қози ёки бошқа масъул кишилар ўзлари билиб таъзир берадилар, дейишган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни Лут қавмининг амалини қилаётганда топсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳадисдаги «Лут қавмининг амали», дегани ливота – эркак кишининг эркак кишига жинсий алоқа қилишидир. Бу ифлос иш биринчи бўлиб Лут аҳлининг кофир қавмларидан чиққани учун шу ном билан аталиб қолган. Энг разил ва энг бемаъни жиноят ҳисобланган бу ишни фақат одамгарчилик эмас, балки ҳайвонлик доирасидан ҳам чиққан махлуққина қилиши мумкин. Чунки ҳеч қандай ҳайвоннинг эркаги эркагига жинсий яқинлик қилгани кузатилган эмас.
Ушбу ишни биринчи бўлиб қилган қавм – Лут қавмига Аллоҳ таоло энг ашаддий азобни берган: уларнинг устига осмондан тош ёғдирган ва ерга ютдириб юборган.
Моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари ушбу ҳадисга амал қилиб, ливота қилувчи ким бўлишидан қатъи назар, ўлдирилиши шарт, дейдилар.
Ливота қилган ким бўлишидан қатъи назар, қатл қилиниши керак, деган уламолар ливотачини қатл этишга далил ва ҳужжатларга суянган ҳолида тўрт хил йўл билан қатл қилишни ихтиёр қилишган:
1. Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳулар ливотачини қилич билан бошини танасидан жудо қилиш керак, деганлар.
2. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Молик ва Аҳмад розияллоҳу анҳулар тошбўрон қилиб ўлдириш керак, деганлар.
3. Моликий мазҳаби уламолари эса баланд жойдан ташлаб ўлдириш керак, деган.
4. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ливотачини деворнинг остига ётқизиб туриб, устидан деворни ағдариб юбориш керак, деганлар.
Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Лут қавмини ушбу азобларнинг барчасига дучор қилган.
Шофеъий мазҳаби уламолари эса ливотачининг жазоси худди зинокорнинг жазосига ўхшайди, дейдилар: бикр (турмуш қурмаган) бўлса, дарра урилади, нобикр (турмуш қурган) бўлса, тошбўрон қилинади.
Ҳанафий мазҳаби: ливота қаттиқ ва шармандали гуноҳ эканида ҳеч шубҳа йўқ, лекин у зино эмаслиги ҳам маълум, шунинг учун ливотага зинонинг азобини қўллаб бўлмайди, ливота учун таъзир берилади, дейди.
Ҳар мазҳаб ўз фикрини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далиллар келтиришади. Замондош уламоларимиз биринчи мазҳабни рожиҳ (кучлироқ), дейишади.
Шу ерда араб тилида «сиҳоқ» деб номланадиган ва аёл киши билан аёл киши орасида жинсий маънода бўладиган жиноятнинг ҳукмини ҳам айтиб ўтиш лозим бўлади. Уламои фиқҳнинг иттифоқи бўйича, бу жиноятни қилганларга шароитга қараб таъзир берилади. Валлоҳу аълам.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар