Сайт бўлимлари
Талоқда ташқаридагилар ҳам айблими?
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 18 Июнь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Талоқ қилишда ёшларни айблайверамизу, аммо бунга кўпинча биз, катталар ҳам сабабчи бўлиб қоляпмиз. Масалан, қуда-андалар ўртасидаги молпарастлик, димоғдорлик, орзу-ҳавасга қул бўлиш кўп ҳолларда икки ёшнинг бахтига зомин бўляпти. Шариатимизнинг бундай ҳолатларга муносабатини билмоқчи эдим.
ЖАВОБ: Талоқнинг ички сабаблари бўлгани каби унинг ташқи сабаблари ҳам кўпинча оилаларнинг пароканда бўлишига олиб келяпти. Талоқнинг ташқи сабаблари қуйидагилар:
1. Бизнинг шароитимизда, минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг ташқи сабабларидан бири талоқнинг олдини олиши матлуб бўлган шахслар – ота-оналар бўлиб қолган. Албатта, кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини уйлаб-жойлаганларидан кейин ҳам уларнинг оилавий ҳаётлари бахтли бўлиши учун қўлдан келган барча чораларни кўрадилар. Фарзандлари–ўғил-қиз ва келин-куёвларига доно маслаҳатчи бўладилар. Ўзларининг ҳаётий тажрибалари асосида ёшларга сабоқлар берадилар. Уларнинг хатоларини кечирадилар ва нуқсонларини тўлдирадилар.
Аммо баъзи ҳолатларда тамоман аксинча ҳолатни ҳам кўрамиз. Ота-оналар орага тушиб, болаларининг оилавий ҳаётларини бузишгача бориб етадилар. Мазкур аралашув тўйдан олдин юзага чиқиши ҳам кузатилади. Совчилик ва унашув пайтидаги бидъат ва хурофотдан иборат бўлган «олди-берди»лардан жанжал чиқади. Айниқса қиз тарафга шариатга тамоман хилоф равишда турли шартлар қўйилади ва солиқлар солинади.
Мисол учун қайнона хонимнинг «сахий»лиги тутиб келинига ўзи ўтирган хонани ҳам бошқа хоналарга қўшиб «бўшатиб» беради. Келин тараф мазкур бўш хоналарни тўлдирмай кўрсин-чи! Бечора қиз боққан оила баъзида оддий «тўлдириш» билан қутилиб қолмайди. Балки ўша қуриб кетгур тўлдиришнинг «импортний» бўлиши талаб қилинади.
Қиз бечоранинг ота-онаси қилган мебели қайнонага ёқмагани учун тўй бузилганини эшитиб қулоғимиз пишиб қолган эди. Аммо муҳтарам имом домлаларимиздан бирларининг куйиниб айтган гапларини эшитганимдан бери ўзимга кела олмаяпман. У кишининг айтишларича, қавмларидан бир хонадон келин олаётганда қайнона қиз тарафнинг келтирган сепини тафтиш қилиб кўрганда битта чойшаб «импортний» бўлмай, «маҳаллий» чиққан. Буни аниқлаган қайнонанинг фиғони фалакка чиқиб, менинг ўғлим «местний» чойшабда ётадими, дея жанжал кўтарган. Тўй бузилган, ёшларнинг умиди пучга чиққан. Ҳолбуки, шариат бўйича келин тараф қизини беришга рози бўлгани учун ҳар қанча таҳсинга сазовор. Улардан куёв тараф сариқ чақалик нарсани ҳам талаб қилишга мутлақо ҳақи йўқ.
Энди баъзи ота-оналарнинг тўйдан кейин ўз жигаргўшаларининг бахт-саодатига зомин бўлишларига бир назар ташлайлик. Бундай кимсалар келин ёки куёвни жуфти ҳалолига эмас, ота-онасига ёқиши керак, деган хаёлда бўлади. Боласи ўз жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайди. Балки улар бир-бирларига эмас, бизга ёқиши керак деган фикрда бўлишади.
Ота-оналардан бирининг шикоятига қулоқ солайлик: уларнинг айтишларича, қуда хотин янги келинга, менга чўри бўлсанг, бу уйда турасан, бўлмаса, жавобингни бериб, ўзимга ёқадиган келин топаман, дер экан. Келинни кечаси ўн иккигача ишлатиб, яна саҳар соат олтида эшик олдида туришини талаб қилар экан. Оқибатда, тўйдан икки ой ўтар-ўтмас орага талоқ тушибди. Келин ота-онаснинг уйига қайтибди. Икки тараф хижолат.
Бировнинг боқиб, тарбиялаб вояга етказган қизини келин қилишга сўраб бор-ган тараф ўғлига умр йўлдоши топиш ниятида бўладими ёки ўғилнинг ота-онасига чўри сотиб олиш савдосига борадими?! Шунчалик ҳам ноинсофлик, шунчалик ҳам жоҳиллик бўладими?!
Камина ходимингизга оилавий муаммо билан савол сўраб келган шахслар-нинг анчагина қисми ўзи жуфти ҳалоли билан яхши муносабатда бўлса ҳам ота-онасининг зўрлаши асосида оиласи бузилаётганидан зорланишади. Бунинг устига мазкур оилабузар ота-оналар боласига: агар оилангни бузиб жуфтингдан ажрамасанг, сени оқ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ, каби таҳдид жумлаларини қалаштириб ташлаган бўлади.
Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда унинг туғиб катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб диний кўрсатмага бош уришга қарор қилади. Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолмасликка қасд этган бўлади.
Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳақи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади. Шу билан бирга ота-онанинг ҳақини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади.
Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳақининг ҳам чегараси бор. Аллоҳнинг амрига зид бўлган банданинг хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.
Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлашган.
Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан қуйидагилар айтилади: «Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпи зикр қилган»
Шайх Тақиюддийн онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилавера-ди. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган.
Ҳозирги фиқҳий китобларда ҳам худди шу маънодаги ҳукмлар келган. Худди шу маънодаги гап қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади. Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак.
2. Турли гап-сўз ва йўллар билан оилаларнинг бузилишига сабаб бўлувчи одамлар ҳам оиланинг бузилишидаги ташқи сабабларга киради. Баъзи кишилар эр-хотинлар орасида гап ташиб ёки шунга ўхшаш ҳатти-ҳаракатлар билан оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўладилар. Бундай ишни қиладиган кишиларнинг оқибати яхши бўлмаслигини қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аёлнинг эри билан ёки қулнинг хожаси билан орасини бузса биздан эмас», дедилар» (Имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган).
Хотин киши ишонувчи бўлади. Унга эри ҳақида бўлмағур гапларни айтиб, уриштириб, оилани бузишга олиб келадиган шахс мусулмонлардан бўлмас экан. «Муфҳумул мухолафа» қоидасига биноан эрга хотин ҳақида турли бўлмағур гапларни айтиб, уни хотинга қарши қайрайдиган кишилар ҳам мусулмонларга хос бўлмаган ишни қилган бўлади. Аксинча, мусулмон инсон нима қилиб бўлса ҳам эру хотиннинг орасини яхшилашга ҳаракат қилиши лозим. Бу маънода шариатимиз ҳатто ёлғон гапиришга ҳам изн берган.
3. Эр-хотиндан бирини йўлдан уриб, ўзи бирга бўлиб оладиган одамлар ҳам оиланинг бузилишига ташқи сабаб бўладилар. Бундай номаъқул ишни қилувчилар ҳақида ҳадиси шарифлардан бирида қуйидагилар айтилади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган). Аёл киши, ким бўлишидан қатъи назар, бой-бадавлат, мансабли, обрўли эркакни ўзиники қилиб олиш учун аввалги хотинини талоқ қилдиришга уринмаслиги лозим.
Ризқу рўз, оилавий бахт масалалари тақдирга қараб бўлади. Бировнинг оиласини бузишга урингандан кўра, уларга бахт-саодат тилаб, ўзига ҳам худди ўшандай, балки ундан ҳам яхшироқ оилали бўлишини тилаш, шунинг учун ҳам ҳалол-пок йўл билан ҳаракат қилиш керак. Афсуски, баъзи бир аёллар бу ҳақиқатни тушуниб етмайди, тўғрироғи тушуниб етишга уринмайди ҳам. Улар учун тайёр оилага осон йўл билан кириб олиш бахт-саодат манбаи бўлиб кўринади.
Ҳадиси шарифга яхшилаб эътибор берадиган бўлсак, бировнинг хотинини талоқ қилдириб демасдан, «ўз синглисини» дейилмоқда. Ўша аёл ким бўлишидан қатъи назар, мазкура ёмон ниятли аёл учун Ислом бўйича сингил бўлади. Бу сингиллик эса, насаб йўлидаги сингилдан яқинроқ бўлади. Чунки ўртада иймон ва Ислом ҳурмати бор. Ҳар бир мўмина-муслима аёл ушбу ҳақиқатни англаб етмоғи керак. Бу гапларни бировнинг хотинини йўлдан уриб оиласининг бузилишига сабаб бўладиган эркаклар ҳақида ҳам гапириш мумкин, Айтилганларнинг ҳаммаси талоққа олиб келувчи ташқи сабаблардир (Аллоҳ билувчидир).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар