1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Олти ой кўришмаса никоҳ ўқитиладими?

Қизимнинг турмуш ўртоғи беш ой олдин узоқ сафарга кетган эди. Баъзиларнинг айтишига қараганда эр ва хотин  олти ой давомида кўришмаса, қайтадан никоҳ ўқитиши керак эмиш. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

ЖАВОБ: Йўқ, ундай эмас. Ораларида талоқ масаласи кўрилмаган бўлса, бундай гапни  кўтаришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Турмуш тақозоси ва яна баъзи бир сабабларга кўра орада айрилиқ тушиб, икки тараф бунга рози бўлсаю, талоқ масаласи кўрилмаган бўлса, ўз-ўзидан талоқ тушиб қолиши мутлақо мумкин эмас. “Олти ой эр-хотин бир-бирини кўрмаса, талоқ тушиб қолади”, деган гап ҳам катта мусибатларимиздан бири. Бу ҳам саводсиз кишиларнинг шариатга аралашиши ва  ўзини билимдон кўрсатиш учун қилган нотўғри ҳаракатининг оқибатидир. Бундай нарсалар кишиларни ташвишга солиб, шубҳалантиришга олиб келади.
Бунга қуйидагича ҳолат ҳам далилдир. Бир эркак ўз ихтиёридан ташқари мажбур бўлиб сафарга кетган. Оила қаттиқ ташвишланмоқда. Сабаби – аёлнинг қариндошлари, балки эр-хотиннинг ўзлари ҳам олти ой кўришмаса талоқ тушиб қолармикин, деган ўйдалар. Кўп кишилар ана шундай ташвишга тушишяпти. Гапнинг эса ҳужжат-далили йўқ. Бунинг яна кўпчилик эътибор бермаётган оғир бир мусибати бор:  мана шундай тарзда бошқа ёққа кетган кишилар бир муддатдан кейин қайтиб келмаса, «Энди олти ойдан кўп вақт ўтди, талоқ тушган бўлса керак», деган гумон билан хотиннинг бошқа эрга тегиб кетиши ёки келиннинг ота-оналари эрга бериб юбориш ҳолатлари ҳам бўлмоқда.
Буларнинг ҳаммаси шариатга хилоф ишлардир. Ҳеч қаерда, ҳеч ким «Эр-хотин олти ойдан ортиқ кўришмаса, талоқ тушади», деган гапни айтган эмас. Талоқ эр кишининг хотинига «сен талоқсан» дейиши билангина тушади. Бошқа вақтда ўз-ўзидан талоқ тушиб қолиш ҳолатлари бўлмайди (Аллоҳ билувчидир).