Сайт бўлимлари
Оила қуришда нималарга эътибор қилиш зарур?
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 20 Июнь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Ёшим йигирма тўртда, давлат ташкилотининг ишчисиман. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, иш жойимда ва шахсий ҳаётда ўзимга яраша обрў-эътиборим бор. Мени қийнаётган ягона нарса – уйланиш масаласи. Мен вилоятдан келганман, ҳозирда пойтахтда ишлаяпман. Барчада бўлгани каби қиз танлашда мен ҳам жуда-жуда қийналяпман. Сабаби, мен кўнгил қўйган қиз тақдиримиз қўшилмагани сабабли турмушга чиқиб кетган. Ўша қиздан сўнг кўнглим бошқасига исимаяпти, менга номзод қилиб кўрсатилаётган қизлар жуда боадаб ва илмли қизлар... Аммо келгусида бегона юртда менга иссиғу-совуқда бирдек шерик бўла оладиган қизни танлай олмаяпман. Уйдагилар бўлса шоширишмокда. Билишимча, шариатда хотинни тўрт белгисига қараб танланади: мол-мулки, насаби, ҳусни ва диний илми. Бу шартлардан ташқари яна нималарга эътибор қаратиш лозим? Агар кўнгилга қулоқ солай десам, у жим-жит. Бу борада ёрдамингиз ва маслаҳатингиздан умидворман.
ЖАВОБ: Оила қуришга одатда эркак томон ҳаракат бошлайди. Оила қуриш учун энг аввал қилинадиган иш муносиб келин ахтариш бўлади. Қандай келин муносиб келин ҳисобланади, деган саволга турли халқлар турли вақтларда турлича жавоб беришган. Бошқа нарсалар қатори мусулмонлар бу нозик масалада ҳам ўз динлари кўрсатмалари асосида жавоб беришади. Қисқароқ қилиб айтадиган бўлсак, мусулмонлар бу қийин масалада ҳам Аллоҳнинг марҳамати билан ҳеч ташвиш чекишмаган. Уларга бу ишда ҳам Ислом шариати ёрдамга келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келиннинг қандай бўлишини баён қилиб берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилишган).
Бирор аёлга уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда. Агар ушбу тўрт сифат бир келинликка номзодда топилса жуда яхши бўлади. Мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб бир қизни музайян қилиб турса, албатта, бу гўзал нарса. Аммо мазкур тўрт сифатни бир-бири билан солиштирганда диндорликка тенг келадиган сифат йўқ. Қолганлари ҳаммаси қўшилса ҳам, уларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам, диндорлик сифатига ета олмайдилар.
Масалан, молдорлик, бойлик вақтинчалик сифат. Қолаверса, келиннинг мол-мулки кўплиги унинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча бойлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасаби-насаби яхши келин, албатта, маъқул. Лекин фақат ҳасаби-насабига ишониш ҳам бир ўзи яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар таниқли бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қолади. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслиги, хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши ҳисобланади. Лекин, бу ҳам ўткинчи нарса. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Чунки, диндорлик ҳақиқий ва бардавом, энг яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар. Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича, ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди. Диндорлик ҳақиқий бойликдир! Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир! Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир! Насаий ва Муслим ривоятида: «Дунёнинг ҳаммаси мато (ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсалар мато (ҳузурбахш) экани, уларнинг ичида энг яхшиси эса солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: дунёнинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир, деганлари юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олган.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг аҳли солиҳ бўлишига қараш керак экан. Бу эса халқи-яратилишида ҳам, хулқи-одобида ҳам етук бўлишидир. Шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай, нафл ибодат ва амаллар ҳам қилиши ва аҳли солиҳликнинг бошқа маъноларини ўзида мужассам қилишига қараб бўлар экан.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрнинг қўлидаги нарсасига риоялидир», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
“Туя минган аёллар” дейилганда Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансублари энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишлари, айниқса уларнинг молу-мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишларида экан. Дарҳақиқат, булар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл, дея олади. Бундай аёл бор оилада болалар она безори бўлиб, одобсиз-ахлоқсиз бўлиб ўсади. Бу эса ҳар бир оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир. Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан нима яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан нима яхшилик кутиш мумкин?
Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёллар, қариндош аёллар боласига қандай қараши, эрини риоя қилишда қандай эканига разм солиш, сўраб-суриштириш керак бўлади. Агар келин диндорлик, аҳли солиҳлик устига яна бу сифатларни ўзида мужассам қилган бўлса, жуда яхши бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қанақасига уйландинг?» дедилар. «Эрдан чиққанга», дедим. «Қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, (отам) Абдуллоҳ вафот этиб, ортидан етти (ёки тўққиз) қизни ташлаб кетди, ўшаларга қараб турадиган аёлни келтирдим», дедим. Шунда у зот менинг ҳақимга дуо қилдилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилишган).
Жобир розияллоҳу анҳу сингилларини ўйлаб, тажрибали аёлга уйланган эканлар. Ёш қиз етти ёки тўққиз нафар қайнсингилга қараб, уларни бошқариши қийин иш бўлганидан шундай қилганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганлар. Умуман янги уйланган кишилар ҳақига дуо қилиш марғуб нарсадир.
«Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда (барги) ейилган бир дарахт, (барги) ейилмаган бир дарахт бўлса, туянгизни қайси бирида боқар эдингиз?» деди. «Ейилмаганида», дедилар у зот. Яъни, (Оиша) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзидан бошқа қиз олмаганларига ишора қилмоқда» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Қиз билан жувон орасидаги фарқни васф қилиш борасида турли халқларда турли ўхшатишлар ишлатилади. Ушбу ривоятда Оиша онамиз қиз болани баргига ҳеч нарса тегмаган дарахтга, жувонни эса, баргидан бирор ҳайвон еб кетган дарахтга ўхшатмоқдалар. Шу билан бирга, у киши розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жувонга уйлангандан кўра қизга уйланган афзал экани ҳақида тасдиқ ҳам олмоқдалар. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ичида у кишига қиз ҳолида теккан ягона шахс эканлари билан фахрланиб юрар эдилар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?», деди. «Йўқ», дедилар. Кейин, у зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар» (Имом Абу Довуд, Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Бу сифатлар унга яқин аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин, қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, ғолибо уларнинг уруғида бўлган ёшлар ҳам ўша сифатларга эга бўладилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қанақаси энг яхшисидир?» дейилди. «Қачон назар солинса, сурур бағишлайдигани, амр қилинса, итоат қиладигани, эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса билан хилоф қилмайдигани», дедилар (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).
Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:
1. «Қачон назар солинса, сурур бағишлайдигани». Демак, эр назар солса хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёллардаги сифатлардан бирига эга экан. Бу аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак бўлади. Куёвлар ва эрлар кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим бўлади.
2. «Қачон амр қилинса, итоат қиладигани». Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир. Албатта, шаръий рухсат берилган ишлар доирасида итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас. Чунки маъсият ишларда махлуққа итоат қилинмайди. Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин, оила аъзолари, жумладан, аёл унга итоат қилиши керак. Эрига итоаткор аёл энг яхши аёлнинг сифатларидан бирига эгадир. Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.
3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса билан хилоф қилмайдигани». Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлмоқчи аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак. Чунки шу туфайли оилада уриш-жанжал чиқиши, ўзининг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин. Яна аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлнинг яна бир сифатига эга бўлади.
Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олий мақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат қилишлари лозим. Шу билан бирга жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана ўша гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилишимиз зарур (Аллоҳ билувчидир).
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар