1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Талоқнинг қандай турлари бор?

Оила мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида шариатда эрнинг талоқ қилишдан бошқа иложи қолмаганида ҳам бу ишни бирдан содир этмай, бир неча босқичларда талоқ қилиш имконияти бор экан. Шулар ҳақида тўлароқ маълумот берсанглар. 

ЖАВОБ: Ҳақиқатан шариатимиз муроса келмай қолганида эрларга хотинлари билан  бирданига ажрашиб кетишни буюрмаган, бунинг учун талоқнинг қуйидаги бир неча турларини таклиф этган:
АҲСАН (ЯХШИ) ТАЛОҚ. Талоқнинг энг яхшиси жинсий алоқа бўлмаган покликда фақат бир талоқ қўйишдир. Аслида талоқнинг яхшиси бўлмайди. Аммо бу ердаги яхши сўзи талоқнинг турлари орасидаги нисбат учун ишлатилади.
Саҳобаи киромларнинг барчалари бир талоқдан ортиқ қилмас ва идда чиққунча кутар эдилар. Аёл ҳайздан пок бўлгандан кейин у билан яқинлик қилмай туриб бир талоқ қўйиб юбориб, иддаси чиққунча кутиш аҳсан талоқ бўлади. Аёлнинг ҳайздан пок бўлишини кутиш, ундан сўнг жинсий алоқа қилмай туриш ишлари эрнинг аччиғидан тушиши, аёлига қайта меҳр қўйишини таъминловчи омиллардир. Мазкур давр ичида эр талоқ қилиш ниятидан қайтиб қолиши мумкин.
ҲАСАН (СУННИЙ) ТАЛОҚ. Талоқнинг иккинчи тури ҳасан талоқ бўлиб, у “сунний талоқ” ҳам деб аталади. Бунда аёлнинг духул қилинган ёки қилинмаганига ҳамда ҳайз-нифос кўриш ёки кўрмаганига қараб турли ҳолатлар бўлади.
Агар аёл духул қилинмаган яъни, ақди никоҳдан кейин эр унга яқинлик қилмаган бўлса, ҳайзда бўлса ҳам уч марта бўлиб-бўлиб талоқ қилиши сунний бўлади. Аёллар ёши кичик ёки катта бўлгани учун ва ҳомиладор бўлгани учун ҳайз кўрмайди. Уларни уч ойда биттадан талоқ қилса сунний талоқ қилган бўлади.
Сунний талоқнинг ҳайз ва нифос кўрадиган аёлларга нисбатан бўлиши –хотинни ҳайз ва нифосдан пок бўлганидан сўнг, жинсий яқинлик қилмай туриб бир талоқ қўйишдир. Яна ҳайз кўрганидан сўнг, жинсий алоқа қилмай туриб, яна бир талоқ қўйилади. Шундоқ қилиб учинчи мартадан кейин уч талоқ бўлади.
Талоқнинг сунний – шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун унда қуйидаги иккита шарт мавжуд бўлиши керак:
Биринчи шарти: талоқ аёл киши ҳайз ёки нифосдан пок бўлганидан кейин, унга жинсий яқинлик қилмай туриб қилиниши шарт. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун қилинг ва иддани ҳисобланг. Аллоҳга тақво қилинг», деган (Талоқ, 1-оят).
Аёлларнинг иддаси ҳайз ёки нифосдан кейин бошланади. Шунинг учун ҳайз ва нифос вақтида хотинни талоқ қилиш ҳаром бўлади. Аллоҳнинг амрига хилоф бўлган ҳар бир иш ҳаромдир. Бунинг устига аёл киши ҳайз ёки нифос кўриб турган пайтида нозиклашиб, оғир ҳолатни бошидан кечираётган бўлади. Бундай вақтда талоқ қилиш дард устига чипқон бўлади. Шу билан бирга, ҳайз ва нифос пайтида эр хотинига яқинлаша олмай, нафрат қилиб турган бўлади. Унинг талоқ қилиши осон бўлади. Энг муҳими, ҳайз ва нифос вақтида талоқ қилиб бўлмайди, сабр қилиб турай, деб кутиб, у вақт келгунча аччиғидан тушиши, ниятидан қайтиб талоқ қилмай қўйиши мумкин. Бу эса айни муддаодир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши хотинини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳайз ҳолида талоқ қилди. Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўради. Шунда у зот: «Унга буюр. Унга (аёлга) қайтсин. Сўнгра уни ўзи билан тутсин. Токи (ҳайздан) пок бўлиб, сўнгра яна бир ҳайз кўриб, пок бўлганидан кейин агар хоҳласа, ўзи билан олиб қолсин, хоҳласа, яқинлик қилмай туриб талоқ қилсин. Ана ўша хотинларни талоқ қилиш учун Аллоҳ амр қилган иддадир», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий). Аёл кишини ҳайз ёки нифос кўриб турган пайтда ва жинсий яқинлик содир бўлган поклик даврида талоқ қилиш ҳаром. Ким бу ишни қилса, катта гуноҳ қилган бўлади. Аммо, шу билан бирга тўрт мазҳаб бўйича ҳам талоқ тушиши таъкидланган.
Иккинчи шарти: Яъни, талоқнинг сунний  – шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун зарур бўлган икки шартдан иккичиси талоқнинг биттадан ортиқ бўлмаслигидир. Уламоларимиз бу шартга далил қилиб Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги: «Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш» деган оятини келтирадилар.
Ушбу оятдан бирданига уч талоқ қўйиб бўлмайди, деган маъно чиқади. Яъни, икки марта: аввал бир марта қўйиб, ярашса, яна бир марта қўйиб ярашса бўлади. Ундан сўнг ҳам яхшиликча ушлаб юбориш мумкин.
Хотинни биттадан ортиқ талоқ қилиш ҳаром эканига қуйидаги ҳадиси шариф ҳам кучли далил ҳисобланади: Маҳмуд ибн Лабийд розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Шунда у зот ғазабланган ҳолда ўринларидан турдилар-да, сўнгра: «Мен ичингизда туриб, у Аллоҳнинг китобини ўйин қиладими?!» дедилар. Ҳаттоки бир одам ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, уни қатл қилайми?» деб юборди» (Имом Насоий).
 БИДЪИЙ ТАЛОҚ. Сунний талоққа хилоф талоқ эса “бидъий талоқ” дейилади. Бидъий – бидъатга мувофиқ, дегани бўлиб, суннатга хилоф маъносини англатади. Бидъий талоқ қилган одамнинг талоғи тушади. Аммо ўзи катта гуноҳ қилган бўлади. Талоқнинг бидъийси яқинлик қилинган покликда бир талоқ қилиш, духул қилинган аёлни ҳайзида талоқ қилиш, биттадан кўп талоқ қилиш, бир покликда биттадан кўп билан бошқаси орасида ражъат қилмай талоқ қилишдир.
Бу ерда бидъий талоқнинг тўрт хил кўриниши зикр қилинмоқда:
1. Яқинлик қилинган покликда бир талоқ қилиш. Бундай талоққа никоҳдан халос бўлишга ҳожат тушганда рухсат берилган. Хотинига жинсий яқинлик қилган кишининг никоҳдан халос бўлишга ҳожати йўқ бўлади. Ҳожати бўлса, яқинлик қилмас эди. Шунинг учун хотинига яқинлик қилган поклик ичида уни талоқ қилиш бидъий талоқ ҳисобланади.
2. Духул қилинган аёлни ҳайзида талоқ қилиш. Духул қилинган аёлни ҳайз ёки нифос вақтида талоқ қилиш ҳаромлиги ҳақидаги далиллар ва уларнинг тафсилотини юқоридаги сатрларда ўргандик.
3. Биттадан кўп талоқ қилиш. Бу масалани ҳам олдин ўргандик. 
4. Бир покликда биттадан кўп билан бошқаси орасида ражъат қилмай талоқ қилиш. Яъни, бир поклик ичида ражъатсиз қайта талоқ қилиш ҳам бидъий талоқдир. Агар ҳайз ичида талоқ қилган бўлса, ражъат қилади. Аёл пок бўлганидан сўнг хоҳласа талоқ қилади. Юқорида зикр қилинган Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга «Унга буюр. Унга (аёлга) қайтсин. Сўнгра уни ўзи билан тутсин», деганлар. Ҳадиснинг давомида, «Токи (ҳайздан) пок бўлиб, сўнгра яна бир ҳайз кўриб, пок бўлганидан кейин, агар хоҳласа ўзи билан олиб қолсин, хоҳласа яқинлик қилмай туриб талоқ қилсин», дейилган.
ОЧИҚ-ОЙДИН ТАЛОҚ. Очиқ-ойдин талоқ фақат талоққа ишлатилиб, ундан бошқага ишлатилмайдиган: «сен талоқ бўлувчисан, талоқ қилингансан, сени талоқ қилдим» каби лафзлар билан бўлганидир. Бу каби лафзларни мутлақо бошқа маънога буриб бўлмайди. Бу каби лафзлар ишлатилганда ниятга ҳожат ҳам қолмайди. Бу билан бир ражъий талоқ тушади. Бирор нарсани ният қилмаганми, бирдан кўпними ёки боин талоқни ният қилганми, барибир бир талоқ тушади.
Бундай талоқни ражъий бўлиши Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги «Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш»  оятидан олинган. Талоқдан кейин ушлаб қолиш мумкин бўлса, у талоқ ражъий бўлади.
Очиқ-ойдин талоқда икки ёки уч талоқнинг нияти ўтмаслигига далил: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умарни тўғридан-тўғри ражъат қилишга амр этдилар. У кишининг ниятини сўраб ўтирмадилар. Агар масдарни зикр қилса, уч талоқни ният қилса уч талоқ, бўлмаса бир ражъий талоқ тушади.
Бу ҳолат араб тилига хос ҳолатдир. Улардан феъл, фоъил, мафъул ва сифатлар билан бир қаторда «анти талоқун» деб масдарни зикр қилиш ҳам мумкин. Бизда буни аниқ ифода қила олмасак ҳам «сан талоқ қилмоқдасан»га ўхшаш маъно чиқади. Ана шунда эр уч талоқни ният қилган бўлса, уч талоқ тушади. Чунки талоқнинг ҳаммаси учта ва уни бирдан ният қилса бўлади. Икки талоқни ният қилган бўлса ҳам, бир талоқни ният қилган бўлса ҳам бир талоқ тушади. Чунки бу ҳақиқий адад эмас. Шунингдек, ҳеч нарсани ният қилмаса ҳам бир талоқ тушади.
КИНОЯЛИ ТАЛОҚ. Кинояли талоқ талоқнинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир. Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатиладиган лафзни хотинига нисбат бериб ишлатилади. «Бас, чиқ, кет, тур» кабиларда жавоб эҳтимоли бор. Яъни, хотиннинг саволига жавоб эҳтимоли бор. «Холисан, бегонасан, ажрагансан, кесилгансан ва ҳаромсан»да сўкиш эҳтимоли бор. Яъни, яхшиликдан холисан, тоатдан бегонасан, тўғри йўлдан ажрагансан, яхши ахлоқдан кесилгансан, суҳбатга ҳаромсан кабилар бўлиши мумкин.
«Сана, бачадонингни тозалигини бил, сен биттасан, сен ҳурсан, ихтиёрингни қилавер, ишинг ўзингнинг қўлингда, йўлингни очиб қўйдим ва сендан ажрадим» кабиларда иккисининг ҳам эҳтимоли йўқ. Яъни, жавобнинг ҳам, сўкишнинг ҳам эҳтимоли йўқ. Бунга ўхшаш лафзларда талоқнинг ёки бошқа нарсанинг маъноси бўлиши мумкин. Мисол учун санайвер деганда, Аллоҳ таолонинг сенга берган неъматларини сана деган бўлиши ёки талоқсан, иддангни сана деган бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, «бачадонингни тозалигини бил»да агар тоза бўлса талоқ қилмоқчиман маъноси бўлиши ёки сени талоқ қилдим, энди бачадонингни тозалигини билгин, маъноси ҳам бўлиши мумкин. «Сен биттасан» деганда, сен биттасан, сендан бошқа йўқ деган бўлиши ҳам мумкин ёки сен битта талоқсан, деган бўлиши ҳам мумкин. Сен ҳурсан деганда, сен чўриликдан ҳурсан дегани бўлиши ёки сен никоҳ боғланишидан ҳурсан, деган бўлиши ҳам мумкин. «Ихтиёрингни қилавер»да, хоҳлаган ишингни қилавер деган бўлиши ёки талоқда ихтиёрингни қилавер, деган бўлиши эҳтимол. «Ишинг ўзингнинг қўлингда» деганда, билган ишингни қилавер деган бўлиши ёки талоқ иши сенинг қўлингда, хоҳласанг, ўзингни ўзинг талоқ қилавер, деган бўлиши ҳам эҳтимол. «Йўлингни очиб қўйдим ва сендан ажрадим»да маъно ойдин. Демак, ризоликда ҳаммаси ниятга боғлиқ бўлади. Ғазабда аввалги икки қисмда ва талоқ музокараси бўлиб турганда биринчи қисмда ниятга қараб бўлади.
Мазкур матнлардан киноя лафзлари уч қисмга бўлиниши билинади:
1. Хотиннинг талоқ ҳақидаги саволига жавобнинг эҳтимоли бор лафзлар.
2. Сўкиш эҳтимоли бор лафзлар.
3. Мазкур икки маънодан бошқа маъноларнинг эҳтимоли бор лафзлар.
Шунингдек, киноя лафзларининг айтиладиган ҳолатлари ҳам уч хил бўлади:
1. Розилик ҳолати.
2. Ғазаб ҳолати.
3. Талоқнинг музокараси бўлиб турган ҳолат.   
Агар киноя лафзларининг уч тури ҳам розилик ҳолатида, ғазаб ёки талоқ тўғрисида гап-сўз бўлмай туриб айтилган бўлса, талоқ тушмайди. Аммо, эр мен бу гапни талоқ нияти билан айтдим деса, талоқ тушади.
Агар ғазаб, уруш-жанжал ҳолати бўлса, биринчи ва иккинчи қисмдаги лафзлар билан дарҳол талоқ тушмайди. Балки эрнинг ниятига боғлиқ бўлади. Талоқни ният қилган бўлса, тушади. Бўлмаса, йўқ. Аммо ғазаб ҳолатида санайвер, каби саволга радни ёки сўкишдан бошқа маънони ифода қиладиган лафзларни айтганда талоқ тушади. Мазкур лафзларни ғазаб устида айтган эр кейинчалик, мен талоқни ният қилмаган эдим деса, гапи қабул қилинмайди.
Агар эр-хотин орасида талоқ масаласи ўзаро баҳс қилиниб турганда эр мазкур уч хил лафзлардан бирини айтса, биринчи тоифадаги лафзларда ниятига боғлиқ бўлади. Қолган иккисида тўғридан-тўғри талоқ тушаверади. Демак, агар учтани ният қилган бўлса, улар тушади. Ундан бошқа ҳолатда бир боин талоқ тушади.
Киноя лафзларини айтган киши уларни айтаётган пайтида уч талоқни ният қилган бўлса, уч талоқ тушади. Аммо ҳеч нарсани ният қилмаган, бир ёки икки талоқни ният қилган бўлса, бир боин талоқ тушади.
«Сана, бачадонингни тозалигини бил, сен биттасан»ларда бир ражъий талоқ тушади. Байнунат ва ҳурматни эрга нисбат бериш билан ҳам боин талоқ тушади. Эрга талоқ нисбатини бериш билан тушмайди.
Эр хотинига: “мен сенга боинман” ёки “мен сенга ҳаромман” деса ва талоқни ният қилса, талоқ тушади. Аммо “мен сенга талоқман” деса, тушмайди. Чунки талоқни эрга нисбат бериб бўлмайди, у фақат аёлга нисбат берилади (Аллоҳ билувчидир).