1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Абортнинг ҳукми

Савол: Тўрт ойлик бўлмасдан олдин бола олдиришнинг ҳукми нима? Агар аёл ўлишдан қўрқса, ҳомиласини олдириши мумкинми?

Жавоб: Уламолар ҳомилага жон киргизилгандан кейин заруратсиз олдириб ташлаш ҳаром эканига иттифоқ қилишган. Аммо бир юз йигирма кун бўлмаган ҳомилани тушириш ҳақида ихтилоф бор. Баъзи фуқаҳолар зарурат ва ҳожат борлигида бунга ижозат беришган. Айримлари эса ҳомиладорлик қирқ кундан ўтгач абортни ман этишади. Бошқалари эса умуман олдириш мумкинмас, дейишади. “Туҳфатул-мулук”да айтилади: “Ҳали хилқатидан бирор нарса маълум бўлмаса аёлга болани тушириш мубоҳдир”. Буни шарҳлаб “Баҳрур-роиқ”да: “Хилқатидан руҳ киргизилганини ирода этишган”, дейилади. Бундан олдин тушириш макруҳдир, чунки бачадонга тушган манийнинг оқибати ҳаётдир. Шундан унга жонлининг ҳукми берилади.
“Муҳитул-бурҳоний”да шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари азл (манийни ташқарига тўкиш) тўғрисида ихтилоф қилишди. Али, Ибн Аббос, Ибн Умар ва Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳум буни кариҳ кўрмаганлар. Фақат уламоларимиз бунга аёлнинг розилигини шарт қилишади. “Аҳли Самарқанд фатволари”да: “Агар бу замон бузуқлиги учун ёмон фарзанд туғилишидан хавф қилиб азл қилса, хотиннинг розилигисиз ҳам жоиздир”, дейилади.
Аммо маний бачадонга етгандан кейин туширишни хоҳласа, аёлга бу мубоҳми? Агар буни жон киргизилгандан кейин хоҳласа, унинг бунга ҳаққи йўқдир. Чунки бу иши билан у қотил бўлади. Бу ўринда ғолиб кўриниш эътиборга олинади, шунинг учун ҳалол бўлмайди. Лекин буни жон киргизиш муддатидан олдин ирода қилса, бу тўғрида машойихлар ихтилоф қилишган. Баъзилар буни ҳалол, дейишади. Чунки жон киргизиш муддати ўтмасдан олдинги ишига ҳукм йўқдир. Бу ҳол билан азл баробардир.
“Аҳли Самарқанд фатволари”да шундай келади: “Агар болани туширишни хоҳласа, ҳали хилқати кўринмаган бўлса, унинг бунга ҳаққи бор. Чунки хилқати маълум бўлмаган нарса бола ҳисобланмайди. Фақиҳ Али ибн Мусо айтадилар: “Бу унга макруҳ бўлади. Маний бачадонга етгандан кейин унинг ниҳояси ҳаётдир. Чунки у бундан кейин жон киришида ҳеч кимнинг ишига муҳтож бўлмайди. (Яъни бировнинг аралашувисиз ўзи ривожлана олади.) Ҳарамдаги тухум ҳам шундай, унга овланадиган ов ҳукми берилади ва ким ҳарамдаги ов тухумини синдириб қўйса зомин бўлади. Азл эса бунақамас. Чунки маний бачадонга етиб бормасидан бурун унинг ниҳояси ҳаёт бўлмайди. Чунки бунда жон киргизилиши учун бировнинг ишига муҳтож бўлинади. Бу иш уни бачадонга киргизишдир. Юқоридаги масалада бунақамас”.
“Самарқанд аҳли фатволари”да келади: “Эмизикли аёлда ҳомиладорлик юзага келса ва сути тўхтаб қолса, бундан боласига ҳалокатдан қўрқса, ҳамда боланинг отаси эмизадиган аёл ёллашга қурби етмаса, болани туширишга ҳаракат қилиш жоизми? Модомики у маний, ёки лахта қон,  ёки аъзо халқ қилинмаган музға ҳолатида экан, бу иши мубоҳдир. Чунки у ҳали одам эмас. “Воқиот”да ҳомиланинг хилқати бир юз йигирма кунда маълум бўлади, дейилади.
Замонамиз уламоларидан шайх Салмон ибн Фаҳд ал-Авда бу масалада уламолар уч хил ҳукмга ихтилоф қилишганини айтадилар. Ва ҳар бир фирқанинг далилларини батафсил келтириб, мулоҳазаларини изҳор қилганларидан сўнг юқорида биз зикр қилганимиз мазҳабимиз ҳукмини қўллаб-қувватлайдилар. Яъни у кишининг хулосалари шундай: “Агар бир сабаб билан ҳомиладорликнинг бир юз йигирма кунидан олдин ҳомилани туширишга муҳтож бўлиб қолинса, бу жоиздир” (Аллоҳ билувчидир). 

Мубашшир АҲМАД тайёрлади