1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Шиғор (ҳолилик) никоҳининг ҳукми

 

 

 

Шиғор никоҳи Исломда ҳаром, жоиз эмас. Бир киши қизи ё синглисини бошқа бир кишига маҳрсиз никоҳлайди. Иккинчи киши ҳам синглиси ё қизини унга маҳрсиз никоҳлайди. Қарши келинлар бир­бирлари учун маҳр бўлишади. Бу ҳолат шаҳар ва қишлоқларда кўпайиб кетган. Никоҳи шиғор (ҳолилик) деб номланишининг сабаби, у маҳрдан ҳоли бўлади. Никоҳ амалиёти аёл алмашиниш амалиёти бўляпти. Кишилар ўзининг синглисини бегонага, бегоналар ўзининг синглисини бунга никоҳлаш эвазига маҳрсиз уйланяптилар.

Набий (с.а.в.) бу никоҳдан  қайтарганлар. «Саҳиҳи Бухорий»да Нофеънинг ҳадисидан, Ибн Умар (р.а.): «Расулуллоҳ (с.а.в.) шиғор қайтарганлар», деб айтганлар.

«Саҳиҳи Муслим»нинг «Никоҳ китоби»да «Шиғор никоҳининг ҳаромлиги ва ботиллиги боби» сарлавҳаси остида қуйидаги ҳадис келтирилган: «Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилишадики, Расулуллоҳ (с.а.в.) шиғордан қайтарганлар. Шиғор – киши ўзининг қизини, бошқасига бошқаси эса ўзининг қизини унга эрга бериши эвазига улар орасида маҳр йўқ) («Саҳиҳи Муслим»)

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) шиғордан қайтарганлар» (Имом Муслим ривояти).

Ибн Нумайр зиёда қилганларки, шиғор – бир кишининг иккинчисига: «Мени қизингга уйла, мен сени қизимга уйлайман» ёки «мени синглингга уйла, мен сени синглимга уйлайман», дейишидир. («Саҳиҳи Муслим»)

Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Киши қизини ёки ўзи валийлик қилаётган аёлини бошқа кишига берадилар. Кейинги киши унга ўзининг қизини никоҳлайди. Шарти эса иккови учун ҳам маҳр зикр қилинмайди. Мана шу Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтарган шиғордир («Фатҳул Борий ъала саҳиҳил Бухорий»)

Шиғорни ҳаром қилишдаги сабаб, таълиқ (бир нарсани иккинчисига боғлаб қўйиш) ва ташрик (бир – бирига шерик қилиш)дир. Масалан: «Сен мени ўз синглингга уйламагунингча, мен сенга ўз синглимнинг никоҳ аҳдини боғламайман» ёки «сен мени қизингга уйламагунингча, мен сени қизимга уйламайман», деб бир нарсага боғлайди ва аёллар бир­бири учун маҳр ўрнида бўлиб қолади. Бу ердаги амалиёт хотин алмашиш амалиёти бўлиб, худди хотин мулк бўлган ҳолида киши уни бошқа мол­мулкка алмашиб олаётгандек. Ислом буни ҳаром қилиб, ундан қайтарган.

Мусулмон кишига вожиб бўладиган нарса, дин аҳкомлари ва одобларини ушлаб никоҳнинг бундай тури ҳаромлигини таълим беришдир. Уларнинг баъзилари томонидан шу иш содир қилинса, улар никоҳ ақдини ўзаро розилик билан, маҳрларни аёлларга бериб, янгилашлари вожиб.

Аллоҳ йўлларнинг тўғрисига муваффақ қилувчи ва ҳидоят берувчидир.