1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёлнинг эри устидаги ҳақлари

 

 

 

Оилада саодат ва хурсандчилик қарор топиб, эр­хотин орасида яқинлик ва муҳаббат бардавом бўлиши учун Ислом ўзининг тўғри йўл кўрсатувчи асосларида аёлнинг эри устидаги ҳақларини вожиб қилди. Бу ҳақлар икки қисмга бўлинади:

Шахсий, моддий ҳуқуқ.

Одобий ҳуқуқ.

Шахсий ҳуқуқ. Унинг иноят ва риоя қилиш бўйича аҳамиятлироғи ва яхшироғини қуйида санаб ўтамиз:

Биринчидан, эркакнинг аёлни ҳурмат ва икром қилиб, улуғ, инсоний наслдошлигини эътироф қилишидир. Чунки аёл унинг ҳаёт шериги, уйининг бекаси, фарзандларининг онаси ва сирдошидир.

Аллоҳ азза ва жалла эркакларга бу дунёда бахт­саодатли қиладиган яхшиликлар инъом этди, ҳаёт шериги бўлмиш аёл, уларга қалб ва кўз қувончлари бўлмиш кўп фарзандларни берди. Шу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:

 «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар, набиралар пайдо қилди ва сизларни ҳалол-пок ризқлардан баҳраманд этди» (Наҳл сураси, 72).

Набий (с.а.в.) бизга аёлнинг қадрини таърифлаб фазлини баён қилиб айтадилар: «Албатта, аёллар эркакларнинг туғишган опа­сингилларидирлар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар ривояти) Яъни: аёллар худди эркакларнинг туғишган опа­сингиллари кабидирлар. Уларнинг худди эркаклар каби ўз ҳурмат­эътибори ва қадри бор. Шунинг учун улар эъзозланиши ва ҳурмат­эҳтиром қилиниши керак. Қул қилиниб, истибдод (зўравонлик) остида яшамасин, балки муҳаббат ва меҳр билан яшасин. Чунки ҳамма (эркак ва аёллар бир ота­она) Одам ва Ҳавводандурлар (уларга саломлар бўлсин).

Иккинчидан, аёлнинг эри устидаги ҳақларидан яна бири унга ва фарзандларга инфоқ қилиш (уларни боқиш). Бу нафақада исроф ҳам, зиқналик ҳам бўлмаслиги керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:

 «Уларни (яъни, оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир» (Бақара сураси, 233).

Нафақа фақатгина едириш­ичириш билангина эмас, балки у турар­жой, озиқ­овқат ва кийим­кечаклардан ташкил топиб, оилавий ҳаётда аёл муҳтож бўладиган ҳамма нарсани ўз ичига олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтган:

 «Уларга (яъни, талоқ қилиниб, идда сақлаётган аёлларингизга) ўзларингиз маскан тутган – қудратингиз етган жойдан маскан беринглар ва уларни (турган жойларидан) қисиб чиқариш учун уларга зиён етказманглар» (Талоқ сураси, 6­оят)

Муовия ибн Ҳайда (р.а.) ҳадисларида келганидек, Мустафодан (с.а.в.) аёлнинг эр устидаги ҳақлари тўғрисида сўраган кишига қуйидагича жавоб берганлар: «Эй Расулуллоҳ! Бизларнинг аёлимиз устида қандай ҳаққимиз бор?» деб сўрадилар. У киши: «Овқат есанг, унга ҳам едиришинг ва кийинсанг уни ҳам кийинтиришинг керак. Юзга уриб, сўкинма ва уйдан бошқа жойга ташлаб кетма (тўшакни уйдан бошқа жойда бўлак қилма)», деб жавоб бердилар (Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган). «Сўкинма» сўзининг маъноси: сўзларнинг хунук ва макруҳларини унга эргаштирма, «Аллоҳ сени хунук қилсин», каби гапларни гапирма. Агар аёлга ғазабланиб, уни тарк қилса (ётоқда), бу нарса уй чегарасидан ташқарида бўлмаслиги керак. Агар инсонларга бу нарса маълум бўлиб қолса, гувоҳлар олдида у аёл шарманда бўлади.

Аёлларнинг ҳуқуқларидан яна бири ўзининг шахсий мол­мулкини бошқариш ҳаққи. Эркак қандай мулкчилик қилса, аёл ҳам худди шундай мулк эгаси бўлиши мумкин. Аёлнинг ўз меҳнати билан ёки ота тарафидан мерос қолган ёки эридан маҳр кўринишида ўтган ўз мол­мулкини тасарруф қилишга тўла­тўкис ҳаққи бор. Буларнинг ҳаммаси унинг шахсий мулки бўлиб, эр унга даъво қилиши жоиз эмас. Фақатгина аёл ўз кўнглидан чиқариб берсагина мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу таоло шундай дейди:

 «Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар! Уни олиш бўҳтон ва очиқ гуноҳ бўлган ҳолида оласизларми? Ахир бир­бирларингиз билан қўшилиб, улар (яъни, хотинларингиз) сизлардан (яхшилик билан ҳаёт кечириш ёки чиройли суратда ажрашиши ҳақида) қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни, маҳрни) қайтариб оласиз?!» (Нисо сураси, 20–21­оятлар) 

Ибн Аббос (р.а.) айтдилар: «Тегиш» бу оятда жимоъдир, лекин Аллоҳ таоло киноя қиляпти. «Оғир ваъда» эса никоҳ ақдидир.

Эрнинг аёл шартларига вафо қилиши вожиблиги. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: «Шартларнинг ҳақлироғи уларга вафо қилишдир, шу шартлар билан уларнинг фаржларни ҳалол қилиб олганмиз» (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари)

Булар – аёл эрини ўзи туғилиб ўсган шаҳридан чиқармаслиги ёки унинг устига яна хотин олмаслиги ёки уй жиҳозлари ва ўрин кўрпасининг маҳрга кирмаслиги шартларидир. Бу шартларнинг баъзиларида фақиҳлар орасида ихтилофлар бор. Агар аёл эркакка ҳозир бирга яшаётган аёлини талоқ қилиш шартини қўйса, бу шартдан қайтарилган ва у ҳаромдир. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) шу сўзларига биноан: «Аёл киши ўз опа­синглисининг талоғини унинг идишидаги нарсани ўзининг идишига тўнкариб олиш учун сўрамасин, чунки унинг ризқи Аллоҳ таолонинг қўлидадир» (Бухорий ва Муслим ривоятлри). 

Энди одобий ҳуқуқлар ва уларнинг баъзилари ҳақида сўз юритамиз. Буларга аёли билан чиройли муомалада бўлиш, турмуш одоблари, қўшилиш одоблари, эркалаш ва ҳазиллашиш, аёли билан уй ишларида маслаҳатлашиш кабилар киради.

Аёлнинг одоб ҳақларидан унга яхши муомала бўлиб, насиҳат қилиши ва баъзи камчиликларига кўз юмиши керак. Мустафо (с.а.в.) айтдилар: «Аёлларга яхши панд­насиҳат қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Албатта, қовурғаларнинг қийшиқроғи юқоридагисидир. Агар уни тўғирлайман десанг, синдириб қўясан. Агар шундоқлигича ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Шунинг учун аёлларга яхши панд­насиҳат қилинглар» (Бухорий ва Муслимлар ривояти)

Муслим ривоятларида: «Албатта, аёл қовурғадан яратилган, сенга бирон йўлда тўғри ва тўлиқ ёрдам қилолмайди, ундан ором олаётганингда ҳам, қийшиқлик бўлади. Агар уни тўғри қиламан десанг синдириб қўясан, унинг синиши – талоқдир» («Саҳиҳи Муслим»)

Бу ҳадисларни Бухорий ривоятларида келган қуйидаги хабар ҳам қувватлайди: «Аёл қовурға кабидир, уни тўғриламоқчи бўлсанг синдир, агар ундан роҳатланмоқчи бўлсанг, қийшиқ ҳолида роҳатланасан» («Фатҳул Борий»)

Эр­хотинлар садоқати ва уларнинг қалбига хурсандчилик киргазишга қаттиқ ҳарис бўлган буюк мураббийга ота-онамиз фидо бўлсин. У зот эркакларга аёллар ҳақида насиҳат қилиб, уни теран ўхшатиш билан, яъни эгри қовурға (қовурғалар табиати эгрилигидир) деб таърифлади. Аёлига қандай муомалада бўлишини ёритиб берди. Агар қовурғани тўғри қилмоқчи бўлсак синади. Эркак аёлни ўзининг мижози ва хоҳишига, кўра ундан ҳеч қандай камчилик бўлмайдиган равишда тўғри бўлишини ирода қилса, аёлини синдиришга борибди. Ва унинг синиши талоғи  билан бўлади. Набий (с.а.в.) аёлнинг камчиликларини яшириб, ундан содир  бўладиган баъзи камчиликларига кўз юмишни васият қилганлар! Қандай теран ўхшатиш ва мисол келтириш!!!