1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

«Исмоил»ингиз ким?

Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаёти мени кўп ҳайратга солади. Айниқса, Исмоилни қурбон қилиш ҳақидаги ҳикояни ўқишга юрагим бетламайди. Иброҳим қанақа отаки, ўз фарзандини ўз қўли билан қурбонлик қилса, деб ажабланаман. «Ҳамма нарсага етган ақлим шунга келганда нимагадир оқсайди», панд беради.

Бирон воқеани тушунишга қийналсам, бош қаҳрамоннинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрадиган одатим бор. Бу кўпинча фойда беради, аммо қурбонлик воқеасида бу услубни қўллаганимга пушаймонлар бўлиб кетдим. Ўғлимни ёнимга ўтирғизиб, Иброҳимнинг аҳволини тасаввур қилиб кўрмоқчи эдим, «Дада, нимага менга термулиб ўтирибсиз» деб бўйнимга осилиб, бадтар хўрлигимни келтириб юборди.
Битта одамнинг бошига бунча кўп синов юборилганини мен ҳазм қилишга қийналаман. Бутун умр Аллоҳ йўлида хизмат қилса-да, Иброҳим алайҳиссалом тинимсиз синовлар ичида яшади. Бутпарастларга қарши курашди, Намрудга тик гапирди, оловга улоқтирилди, умрининг охирида нотаниш ўлкаларга бош олиб кетди, фарзандсизлик билан синалди… Кексайганида Аллоҳ унга куттириб, соғинтириб фарзанд берди. Аммо энди фарзанд роҳатини кўриш арафасида, у яна синовга тортилди – тушида Аллоҳ Иброҳимга ёлғиз ўғлини қурбонлик қилиш ҳақида буйруқ берди.
Бунда нима ҳикмат бор, деб ўйланиб қоламан? Хўш, биз учун мантиқсиздек кўринган бу воқеадан қанақа хулоса чиқарсак бўларкин?
Балки бу бизга ҳеч қачон хотиржамликка берилмаслик кераклигини ўргатар? Балки аввалги хизматларимиз билан алданиб қолмасликни тушунишимиз керакдир бу воқеадан? Балки ўзимизнинг заифлигимизни доим ёдда тутишимиз учун эслатмадир бу? Балки шод-хуррамлик кўзимизни кўр қилиб қўйишидан огоҳлантираётгандир Иброҳим алайҳиссалом ҳикояси? Балки даражамиз юксалгани сайин синов ҳам оғирроқ бўлиши, қанча баландга кўтарилсак, шунча ёмон йиқилишимиз мумкинлиги айтилаётгандир бизга?
Иброҳим алайҳиссалом қандай қилиб ўз фарзандини, умрининг мевасини, қалбининг хотиржамлигини, ҳаётининг маъноси ва мазмунини, яккаю ёлғиз ўғли Исмоилни ерга босиб, бўғзига пичоқ тортган экан? Ўйласам юракларим эзилиб кетади.
Агар бу иш фақат Исмоилни қурбон қилиш билан якун топса қанийди? Йўқ. Энг ёмони – эндигина улғайиб келаётган Исмоил бу оламни тарк этиши, кексайиб қолган Иброҳим эса бу айрилиқни кўтариб ҳали яшаши ҳам керак эди!
Иброҳим алайҳиссаломнинг бутларни парчалаб ташлашга куч топган метин иродаси ҳам шу ерда эриб кетган бўлса ажабланмайман.
Қанийди, кимдир бизга Иброҳим ўшанда нималарни ўйлаганини сўзлаб берса? Қанақа фикрлар ўтган экан у зотнинг хаёлидан?
Иброҳим учун нима афзал – Аллоҳга бўлган муҳаббатми ёки ўз-ўзига ҳурмат? Пайғамбарлик масъулиятими ёки оталик бурчи? Аллоҳга бўйсунишми ёки оилага содиқлик? Иймонми ёки ички туйғу? Ҳақиқатми ёки айни вазият? Ақлми ёки ҳиссиёт? Масъулиятми ёки роҳат? Жавобгарликми ёки ҳақ-ҳуқуқ? Энг муҳими, Аллоҳми ёки Исмоил?
Биласиз, Иброҳим алайҳиссалом қарор беришга шошилмади. Шошилолмади. Ичидан нима ўтган билмадик, аммо маълум бир фурсат иккиланиб юрди. Фақат учинчи марта буйруқ берилганидан кейингина у Аллоҳнинг буйруғини бажаришга ўзида куч топа билди.
Ҳаммамиз яхши биламиз – агар ҳақиқат ҳаёт йўлимизга тескари турмаса, ҳақпарвар бўлиб оламиз. Аммо ҳақиқат бизнинг зараримизга хизмат қилса, муаммога сабаб бўлса, бошимизни оғритса, ўзимизни олиб қочишимиз аниқ.
Шайтон жуда маккор. Қаердаки қўрқув, заифлик, шубҳа, иккиланиш, ғурур ва ҳатто дунёвий нарсага муҳаббат юзага келса, ўша ерда ўзини кўрсатади. Хоҳланг мантиқни ишга туширади, хоҳланг мантиқсизлик сабаб қилиб кўрсатилади. Диний, дунёвий, хоҳлаган мавзуингизда сизга баҳона топиб беришга қодир.
Иброҳимда баҳона бўлмаган дейсизми? «Қурбон қилиш» лафзини хоҳласа «ўз манманлигини қурбон қилиш» деб талқин қила олмасмиди? Бу туш бўлса, Исмоилни бошқа нарсага тавил қилиб бўлмасмиди? Балки Исмоил эмас, Исмоилга бўлган муҳаббатни қалбидан ўчириб ташлаш сўралгандир? Иброҳим алайҳиссалом анча ақлли инсон эди, хоҳласа тушини булардан-да ишончлироқ бошқа усулларда тавил қилиб оларди!
Аммо у, Аллоҳнинг энг яқин дўсти, нафси хоҳламаса-да, буйруқни тўғри маънода қабул қилди.
Минода рўй берган ота-ўғил суҳбати мени бадтар карахт аҳволга солиб қўяди.
Иброҳим Исмоилга деди: «Эй ўғилчам, мен ҳадеб тушимда сени қурбонлик учун сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин».
Отанинг ўрнига қўйиб, шу сўзни фарзандингизга айтинг-чи! Йўқ, яхшиси фарзанднинг ўрнида туриб отангиз тарафидан шу мурожаатни тингланг. Нима деб жавоб қайтарасиз?
Исмоил сукут сақласа бўларди. Отасини бу ишдан қайтариши ҳам мумкин эди. Аммо Исмоил ҳам балоғатга етган, қалбига иймон ўрнашиб улгурган эканки, ажойиб тарзда жавоб қайтарди. Ҳатто отасининг шубҳа-гумонларини ҳам тарқатиб юборувчи юпанч сўзларини айтди: «Эй отажон, сизга буюрилган ишни қилинг. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз».
Тавба, Иброҳим ўғли билан уни қурбон қилиш ҳақида маслаҳатлашди. Иброҳим қурбонлик қилишни танлади. Исмоил ўз-ўзини қурбон қилишга розилик берди.
Шу лаҳзаларда Иброҳим ўзини қандай тутиб турган экан-а? Балки исталган лаҳза шайтон уни йўлдан оздириши мумкинлигини, қўлидаги пичоқни улоқтириб юбориб, ўғлини бағрига босишни ўйлагандир. Аммо у ўзини қўлга олди, пичоқни зўрға тутиб турган қўллари ва иккиланиш билан олишаётган қалбига мадад бўлсин дея Исмоилни пешонаси билан ерга ётқизди. Ва... бўғзига пичоқ тортди!
Кейин пичоқ Исмоилни сўймагани, унинг эвазига жаннатдан катта бир қўчқор туширилгани ва «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен тушингни рой-рўст бажардинг» деб нидо қилингани ҳаммамизга яхши маълум.
Исмоил Иброҳим алайҳиссалом учун ёлғиз фарзанд эди ва у ёлғиз фарзандидан-да воз кечишга ўзида куч топа билди. Хўш, айтинг-чи, бизнинг «ёлғиз фарзандимиз» ким? Биз учун ҳозир нима Исмоил даражасида қадрли? Уни қурбон қилишга ўзимизда куч топа оламизми?
Балки бу обрўимиздир? Дипломимиз? Лавозим? Бойлик? Уй? Машинадир балки? Севгилигимиз? Оиламиз? Касбимиз? Либосимиз? Руҳимиз? Гўзаллигимиз? Кучимиз? Ёшлигимиз? Карьера? Ким билади дейсиз, бу рўйхатни хоҳлаганча давом эттириш мумкин.
Хўш, бизнинг «Исмоилимиз» нима? Алдамайлик, ҳар биримиз буни яхши биламиз! Шу кунгача билмаган бўлсак ҳам, энди ўйлаб кўриб, осон топиб олишимиз мумкин.
Иброҳимнинг кўзи билан қарайлик-чи, биз учун нима Исмоил бўлиб кўринар экан? Нима бизнинг ибодатимизни сустлаштиради? Нима бизни ҳаракатдан тўхтатиб турибди? Нима бизнинг масъулиятимизни чегаралаб қўйган? Нима бизнинг қулоқларимизни кар, кўзларимизни кўр қилиши мумкин? Керак бўлса уни қурбонлик қилишнинг уддасидан чиқа оламизми?
Иброҳимга осон бўлмаган, шайтон уни уч марта йўлдан оздирмоқчи бўлгани ва ҳозир ўша воқеа исботи сифатида Ҳаж маросимида шайтонга учта жойда тош отилиши одатга айланган. Хўш, бизни шайтон неча марта йўлдан оздирмоқчи бўлар экан? Энг муҳими, шайтон бу ишнинг уддасидан чиқармикан ёки Иброҳим алайҳиссалом мисолида мағлубиятга учрайдими?
Яхшилаб ўйлаб кўринг! Агар қурбонликка кучингиз етса, унда тасанно! Унутманг, Аллоҳ Исмоилнинг қони тўкилишига рози бўлмаган, у баъзи тўқима илоҳлар каби қонга муҳтож эмас. Сиз ҳам ўз «Исмоилингиз»ни қурбон қилганингиз билан, Аллоҳ уни сизга албатта қайтариб беради. Фақат даражангиз кўтарилади, бу дунёга боғланиб қолишдан қутуласиз, «Исмолингиз»га қўшиб битта қўчқорлик ҳам бўлиб оласиз ва кейин ўз «қурбон ҳайитингизни» байрам қилишингиз мумкин!

АВАЗ БЕРДИҚУЛОВ

Ҳозир сайтимизда 338 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ