Сайт бўлимлари
Болаликнинг беғубор олами у ҳалокат тузоғига тушиб қолмаслиги керак!
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Дарҳақиқат, дунёда ўзбекдай болажон халқ кам топилади. Ўзи емай фарзандига тутган, зурриёди камолини асосий бахти деб билган ҳам – ўзбек. Чақалоқ туғилиши билан яхши ниятда унга атаб ниҳол экади. “Тўйларини кўрсам”, деган орзу-ҳавасга интилиб яшайди. Дилбанди бармоғига тикан киришидан ўзининг жони минг тилим бўлишини афзал кўради.
Ҳар бир ота-она фарзанди учун барча моддий имкониятларни қўлидан келганча муҳайё қилади. Моддий қўлайликлар яратиш катта сарф-харажатлар эвазига бўлса-да, бир мунча осон иш. Қолаверса, бу ҳақда катталарнинг муайян тушунчалари ҳам изчил шалкланган. Боланинг ҳар томонлама соғлом маънавий муҳитда тарбия топиши учун зарурий шарт-шароитлар яратиб бериш анчагина машаққатли меҳнат, ҳафсала, билим, тажриба каби жуда кўп омилларни талаб қилади. Шунингдек, бу мунтазам фаолиятни тақозо этади.
Ҳали дунёқараши шаклланмаган фарзанд янги экилган ниҳолга ўхшайди. Шамол уни истаган тарафига эгиши мумкин. Оқил боғбон ёш новданинг нотўғри букилиб қолиши ёки синиб кетишидан ҳамиша эҳтиётлаб туради. Мурғак фарзандлар олдида катталарнинг масъулияти ҳам шундай.
Болаликда ҳар биримиз бир-биридан қизиқ ва таъсирли эртаклар ўқиб катта бўлганмиз. Уларнинг таъсири ҳаётда бизни соф кўнгил, раҳимдил, меҳнатсевар, уддабурон, ватанпарвар бўлиб тарбияланишимизга замин яратди. Эртак қаҳрамонлари ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, мард ва жасур, адолатпарвар, ҳамиша барчага яхшилик қиладиган тимсоллар бўлишган. Бундай эртакларни ўқиган болалар бир зумда ўша қаҳрамонга ўхшашни орзу қилишлари табиий.
Болага яхши хислатларни сўз билан сингдириш жуда катта самара беради. Шунинг учун туғилганиданоқ унга алла айтилади. Турли эртаклар, ибратли ривоятлар ҳикоя қилиб берилади. Бир оз улғайгач, унинг ўзи эртак ва масаллар ўқишга киришади. Қадимдан эртаклардаги тимсол ва қаҳрамонлар воситасида бола катта ҳаётга тайёрлаб борилган. Бу ўринда эртаклар бола учун катта ҳаётнинг таъсирли, ранг-баранг алоҳида лавҳалари сифатида етказилган. Кўп эртак ўқиган ёки эшитган болаларнинг дунёқараши, эстетик олами гўзал суратда шаклланиб бориши исботланган.
Боланинг ёзилмаган оппоқ қоғоз каби идрокида эртаклар салмоқли ўрин эгаллаши шубҳасиз. Бола эртакдан тез ва жиддий таъсирланади. Эртакдаги яхшиликларни севадиган, ёмонликлардан қўрқадиган ҳолга келади. Муаммо шундаки, яхши ва ёмонни бола онги ҳали мустақил равишда аниқ ажратиб олишга қийналади. Шунда уларга катталарнинг ёрдами жуда зарур.
Демак, болага маънавий озуқа берадиган воситани ҳар томонлама тарозига солиб, чуқур ва пухта ўйлаб, осон ва енгил тарзда тақдим этиш лозим. Акс ҳолда, нотўғри таъсирнинг бола онгидаги салбий оқибати жиддий муаммоларни юзага келтириши ҳеч гап эмас.
Мустақиллик йилларида жаҳон халқларининг кўплаб эртаклари ўзбек тилига таржима қилиниб, давлат ва хусусий нашриётлар томонидан чоп этилиб, болаларга етказилди. Бу эртаклар орқали фарзандларимизга турли халқларнинг тарихи, орзу-умидлари, миллий қаҳрамонлари, урф-одат ва қадриятлари ҳамда турмуш тарзи таништирилди. Шу билан маълум маънода ўзбек болалар адабиёти бойитилди. Бундай қувонарли ютуқлардан кўз юммаган ҳолда, болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи айрим ҳолатлар хусусида ўйлаб кўришга тўғри келади.
“Сеҳргар қуш” номли арман халқ эртаклари Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2007 йилда 5000 нусхада чоп этилган. 60 х 90 1/8 бичимдаги ушбу китобга 232 саҳифада жами 49 та эртак киритилган. Арман халқининг тарихи, миллий хусусиятлари ва маънавий қадриятлари ҳақидаги мазкур эртаклар 1– 4 синф ёшидаги болаларга мўлжалланган.
Ушбу эртаклар тўпламини нашрга тайёрлашда болалар китоблари учун белгиланган меъёрлар ва СанПиНнинг гигиеник талаблари инобатга олинмаган. Матн фони ва коришокда берилган қора тасвирлар, колонтитул тепасида берилган суратлар ўқувчининг матн мазмунини илғашига ҳалақит беради. Безак учун ишлатилган расмлар ўз вазифасини бажара олмаган. Техник муҳаррир томонидан эътиборга олиниши лозим бўлган саҳифалаш қоидасига риоя этилмагани оқибатида сатрларининг ортиқча узунлиги ўқиш давомида боланинг тез чарчашига сабаб бўлади.
Эртакларнинг мазмуни билан танишар экансиз, буларнинг мурғак болакайларга тақдим этилаётганидан ҳайратга тушасиз. Аввало, эртакларнинг сарлавҳаларига эътибор берайлик: “Келинига ошиқ бўлган шоҳ”, “Хотиннинг макри”, “Эркакшода аёл”, “Аҳмоқ кампир ҳақида эртак”, “Шум кампир”, “Саводсиз поп”...
“Келинига ошиқ бўлган шоҳ” эртагини таҳлил қилишдан олдин ушбу эртакнинг қаҳрамонлари Халил Султон ва Шодиябегим воқеасини эслайлик. Шаҳзода Халил Султон отасининг ҳарамига келтирилган канизакка (шоҳ уни кўрмаган бўлса ҳам) уйлангани учун унинг номи тарихда қора бўлиб қолди.
Эртак сарлавҳасидан маълумки, шоҳ кенжа ўғлининг гўзал хотинига ошиқ бўлиб қолади ва ўғлини ўлдириш пайига тушади. Ўғлини йўқ қилиш учун нариги дунёга – ўлган хотининг ёнига бориб келишга мажбур қилади...
Шу ўринда бир савол туғилади: мазкур эртак болага нимани ўргатади? Нафақат бизнинг менталитетимизга, бутун инсониятга зид бўлган ўз ўғлини ўлдириш, келинига уйланиш, нариги дунёга бориб келиш кабилардан болалар қандай озуқа олади? Бундай эртакни таржима қилиб, кўп маблағ эвазига нашрдан чиқариб, болаларга тақдим этишдан мақсад нима?
Бизнинг халқимизда аёлнинг иболи, ҳаёли, латофатли бўлиши улуғланади. Лекин мазкур китобдан ўрин олган “Эркакшода аёл” эртагини ўқиб анча таажжубланасиз. Эртак воқеаларини ўқир экансиз, нафақат таржимоннинг, балки китобни нашрга тайёрлаган, унга масъуллик ва муҳаррирлик қилган кишиларнинг фаросатига ҳам беихтиёр қойил қоласиз. Шу эртакдан келтирилган қуйидаги сатрларни бир ўқиб кўринг:
“Шундан кейин шоҳ қизини кампирнинг қизига бериб етти кеча-кундуз тўй қилибди”...
Ҳайратдан ёқа ушламай иложимиз йўқ. Бир жинслилар ўртасидаги никоҳ бутун дунёда ахлоқсизлик деб баҳоланаётган бир пайтда бизнинг фарзандларимиз мана шундай эртакларни ўқиб вояга етишини қандай тушуниш мумкин? Бундай иллатлар бола онгига “шундай қилиш мумкин экан-да” деган жирканч тасаввурлар уруғини экиб қўймаслигига ким кафолат бера олади?
“Бир эчки ҳақида” сарлавҳали эртакнинг мазмуни янада ажабланарлироқ. Эртакда бир эчкидан бошқа ҳеч вақоси йўқ деҳқон оиласи қандай қилиб бойигани ҳақида ҳикоя қилинади. “(Эчкини) Шундай сотгинки, ҳам пулинг бўлсин, ҳам эчкинг қайтиб келсин”, деб буюради хотини деҳқонга. Деҳқон эчкини сотиш баҳонасида одамларни алдаб, ошпазнинг ошини, нонвойнинг нонини, холвафурушнинг холвасини еб, қорнини тўйдиради. Кеч тушгач, бир аёлнинг уйига бориб, тунаш учун жой сўрайди. Аёл, аввалига, рози бўлмайди, лекин деҳқон бўш келмай, унинг молхонасига жойлашиб олади. Ажабки, деҳқон чув тушириб кетган ошпаз, нонвой ва холвафуруш тунда кўнгилхушлик қилиш учун бу аёлнинг уйига бирин-кетин кириб келишади. Улар аёл ҳузурида бир паст “меҳмон” бўлиб, эшик тақиллагач, молхонага яширинишади. Деҳқон эса айбларини фош қилмаслик бадалига уларнинг биридан ўн, иккинчисидан йигирма, учинчисидан йигирма беш тилла, хотиннинг сирини ошкор этмаслик эвазига унинг эридан ўн тилла ундиради. Шундай қилиб, деҳқон фирибгарлик билан орттирган пулига оиласи билан фаровон яшаб, мурод-мақсадига етади.
Ёш авлод бундай эртакни ўқигандан кейин алдамчилик, фирибгарлик, бузуқчилик, ҳаром ризқ топиш кабилар инсонни ва бутун инсониятни ҳалокатга етакловчи энг разил иллатлар эканини уларга тушунтира оламизми?
Бола онги ўқиган, эшитган ва кўрганлари асосида шаклланиб боради. Унинг онгида акс этган кичик бир салбий нуқта йиллар ўтиб, ўзига, оиласига ва жамиятга офат келтирувчи катта муаммога айланмаслигига кафолат борми?
“Сув алвастиси” эртагида шогирдликка тушиб, ҳунар ўрганганлар уста бўлиб қолгач, бошларидан жудо бўлишлари ҳақида ҳикоя қилинади. Бундай эртакни ўқиган болаларда илм олиш ва ҳунар ўрганишга рағбат йўқолиши аниқ. Чунки ҳеч ким, ҳатто, мурғак болакайлар ҳам ўз бошидан айрилишни истамайди.
“Уч ака-ука” эртагида эса ўғирлик қилиб қорин тўйдирувчи кимсалар қаҳрамон қилиб келтирилади. Китобдан ўрин олган бошқа эртакларда ҳам қонхўрлик, (“Булоқнинг келини” эртаги, 155-бет), заҳарлаб ўлдириш (“Балиқчининг ўғли”, 9-бет) каби болаларга салбий таъсир қилувчи иллатлар ҳақида ёзилганига гувоҳ бўламиз.
Шу ўринда бошқа бир эртак китобига мурожаат қилсак. Норвегиялик адиба Синкен Хорр қаламига мансуб “Сеҳрли бор” ҳажвий эртаги 2011 йил Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида 3000 нусхада чоп этилган. Ушбу китобдан ўрин олган “Софус ўйланмоқчи” эртагида шундай сатрларни ўқиймиз:
“Малика ўрнидан сакраб турди ва:
– Менинг қайлиғим бўлишни истайсанми? – деди дабдурустдан.
– Ҳа, албатта! – деди Софус ва Қирол билан Қироличанинг кўз олдида малика билан ўпишишди”.
Буни беҳаёликнинг ошкора тарғибидан бошқа яна қандай тушуниш мумкинлигини билолмадик. Эртакни ўзбек болаларига тақдим этаётганлар бундай эртакдан нима мақсадни кўзлаганлари ҳам номаълум.
Ҳар бир сахифаси рангли расмлар билан безатилган “Чақмоқтош” (муаллифи – Ҳанс Кристиан Андерсен, “Давр нашриёти”, Тошкент, 2012 йил) эртагининг бош қаҳрамони ёш бир аскар қотиллик орқасидан бой-бадавлат бўлиб, мурод-мақсадига етади. Буни ўқиган болакай ҳар қандай ёвузлик билан бўлса-да ўз мақсадига етишишга ҳаракат қилиш керак экан, деган хаёлга бориб қолмасмикан? Ахир, унинг онги ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган-ку!
Китоб расталарига териб қўйилган ранг-баранг эртак китобларни сотиб олаётганда ота-оналар уларнинг мазмуни билан тўла таниш бўлмасликлари мумкин. Болалар эса, асосан, китобларнинг турли безагу расмларига ошуфта бўлишади. Эртакларнинг мақсад-мазмуни, савияси, миллийлигимиз, урф-одат, анъана ва қадриятларимизга мослиги, тарбиявий аҳамиятга қанчалик эгалиги масаласида уларни танлаб олиб, таржима ва таҳрир қилган, кўп минг нусхада нашр эттираётган мутасадди кишиларни масъул деб биламиз. Юқоридаги мисоллар оммавий масъулиятсизлик оқибатида жажжи фарзандларимизнинг беғубор оламига инсоният учун қабиҳ саналган ҳар хил зарарли ғоялар тақдим этилаётгани маълум бўлмоқда.
Ушбу ҳодиса бугунги кунда шундоқ ҳам компьютер, виртуал ўйинлар, интернет тўрига илиниб, китоб ўқишга қизиқмай қўйган ўқувчини яна бир бор китобдан ҳафсаласини пир қилмасмикан?
Ёшлар – миллатнинг келажаги. Бугун эртак ўқиётган митти болакайлар эртага мамлакатнинг илғор ёшлари сафидан ўрин олади. Уларнинг мусаффо онгини турли зарарлардан муносиб ҳимоя қилишга ҳар биримиз масъул эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Маънавият тарғибот маркази
Шайхонтохур тумани булими рахбари
Саидова Хумора
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар