1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хотиннинг ҳақлари

Инсоф билан айтганда, ҳеч бир жамият, ҳеч бир тузум аёлларга Ислом динидай эҳтиром кўрсатмаган, унинг ҳақини аниқ ва мукаммал қилиб белгилаб қўймаган. Фикримизни ушбу машҳур муборак ҳадис ҳам тасдиқлайди:
«Жаннат оналар оёғи остидадир». Ўз навбатида, оилада ҳам аёлларнинг муайян ҳақ-хуқуқлари белгилаб қўйилган.

Давоми...

Ўн биринчи гурунг: Виждон ниқоби

 

 

 

Бир ҳукмдор хизматчисининг хотинига хуштор бўлди. Хизматчини бир баҳона билан сафарга жўнатди. Шомдан сўнг хотинни хобхонасига чорлади ва “Барча эшикларни ёп”, деб амр қилди. Хотин амрни бажарди. Ҳукмдор “Эшикларни беркитдингми?” деб сўради. “Уй эшикларини маҳкамлаб ёпдим, лекин ҳарчанд уринмай, бир эшикни беркита олмадим”, деди хотин. “Қайси эшикни айтяпсан?” деб ажабланди ҳукмдор. “Ҳаё ва иффат эшикларини”, деб жавоб берди хотин. Ҳукмдор бу жавобдан уялди. Ундаги ҳаё ҳам уйғониб, хотиндан узр сўради. 
Ҳа, дунёвий қонун таъқиқламаганни иффату ҳаё таъқиқлайди.
Бу ривоят Қудсий ҳадисни ёдга солади: “Эй Одам фарзанди!- дейди Аллоҳ таоло биз –бандаларга хитобан.-Албатта, соч ва соқолинг оқи Менинг нуримдандир. Мен нуримни ўз дўзахим оловида куйдиргани ҳаё қиламан. Шундай экан, сен ҳам Мендан ҳаё қилгин”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ҳаё иймон шохчаларидан биридир”, деганлар.  Зийраклик билан кузатсак, ҳар бир одамда ўзига яраша уят бўлади. Ўғри ҳам, фоҳиша ҳам уятни ўзича тушунади. Лекин ҳаё фақат иймонли қалбда бўлади. Шуни фарқламоқ лозим. “Ақл ва ҳаё ажралмас дўстдир,-дейилади “Калила ва Димна” асарида.- Бири йўқолса, иккинчисини ҳам топиб бўлмайди”. Зеро, уятдан қизарган юз қора қалбдан яхшироқдир. Шарму ҳаё ниқобидаги чеҳра қутида сақланган қимматбаҳо гавҳарга ўхшайди.
Аллоҳ таоло одам болаларини пок ва шарафли исломий фитратда яратди. Бу билан инсон энг юксак шараф эгаси ҳисобланади. Эртанинг ота-онаси, келажак наслнинг суянчиғи ва муаллими бўлмиш эр-хотиннинг зиммасида кўп масъулият мавжуд. Шулардан бири иффат ва ҳаё фазилатига эга бўлиш ҳамда қадрлаш, эҳтиётлаш бурчидир. Ким табиатан хунук бўлса, уни ҳеч ким айбламайди. Аммо иффати ва ҳаёси хунук бўлса, жамият ундан юз ўгиради. Фақат ўзигина лаънатланмайди, ўтган насабию  туғилажак наслига ҳам нафрат ёғилади. Бугун “бу беҳаё фалончининг қизи”, деб маломат қилсалар, эртага “бу иффатсиз хотин фалончининг онаси”, деб фарзандини ҳам хижолат қилаверадилар. Демак, ҳаёли бўлиш ё бўлмаслик билан  ҳар бир инсон насабу наслига ё шараф келтиради ё лаънат. Шу боис  фарзанд  тарбияси айнан ҳаё тарбиясидан бошлангани мақсадга мувофиқдир.
Тилимизда “иффат”, “шарм”, “ҳаё”... каби атамалар бор. Бир қараганда булар маънодош сўзларга ўхшайди. Лекин ундай эмас. Ҳар бирининг ўзига хос маъноси мавжуд бўлгани ҳолда “уят” дейилмиш сўз тушунчасига боғланади. Масалан, “шарм” уятни англатади, “фалончи шарманда бўлди” деганимизда эл аро уятга қолди, деб тушунамиз.
Ривоят: бир ҳасадчи хотиннинг ҳаёли хотинни  кўрарга кўзи йўқ эди. У ҳасад ва адоватнинг зўрлигидан бир кеча ўзининг кенжатой ўғлини ўлдириб, ҳаёли хотиннинг ҳовлисига ташлади. Эрта тонгда ҳукмдор ҳузурига бориб: “Ўғлимни қўшним ўлдирди!” деб дод-фарёд қила бошлади. Ҳукмдор фаросатли одам эди. Ҳаёли аёлни чақириб сўроқ қилди. Ҳаёли хотин бундай ярамас ишдан бехабар эканини, ўзининг мутлақо бегуноҳлигини сўзлади. Шунда ҳукмдор унга дедики:
-Агар алдамаётган бўлсанг,  ҳузуримизда либосларингни ечиб, қип-яланғоч турасан. Шундагина сўзларингга ишонажакмиз.
Ҳукмдор бу шартни айтиш билан унинг ҳаёли хотинми ё йўқми эканини аниқламоқчи эди.
Ҳаёли хотин ҳукмдорнинг талабини эшитиб, бошини қуйи эгди-да, деди:
-Бу ҳолга тушганимдан кўра ўлганим афзал. Мен бу шармандаликни сира қабул қила олмайман. Буюринг, мени қатл этсинлар...
Ҳаё – юракнинг ҳақиқий кўзгуси, деб бежиз айтмаганлар. Аёлнинг сўзлари ҳаёсини, ҳаёси эса юрагининг пок эканини кўрсатди. Ҳукмдор бу бокира аёлга дилида офаринлар айтиб, уни чиқариб юборди-да, ҳасадчини чақиртириб:
-Агар ҳузуримизда ечиниб, қип-яланғоч бўлсанг, даъвоинг тўғри эканига ишонармиз ва қўшнингни қатл этажакмиз,-деди. Туҳматчи хотин ҳукмдорнинг бу талабини фикр ҳам қилиб ўтирмай, ечинмоқни бошлади. Шунда ҳукмдор уни тўхтатиб:
-Сен туҳматчи экансан. Бу қабиҳ ишни ўзинг қилиб, номусли аёлни айблагансан. Ҳаёсиз ва номуссизлигингни ўзинг исбот этдинг,-деб уни жазога ҳукм қилди.
Ҳаёсизлик инсонга бало эшигини очади, деганлари шу-да!
“Иффат” атамасининг маъноси бир оз кенгроқ.  Аҳли донишнинг баёнига кўра, иффат – поклик ва маъсумликни англатади. У комил инсон учун талаб этилувчи тўрт фазилатнинг учинчисидир, яъни: ҳикмат, шижоат, иффат, адолат. “Иффат” дейилганда шаҳват, яъни лаззат ва манфаатга бўлган интилишнинг ақлга бўйсундирилиши тушунилади ва у етти нарсани ўз ичига олади.
1.    Ҳаё – уят ва енгилтаклик ҳисобланган ишлардан тийилиш.
2.    Ҳусн-и ибтидо  - яхши хислатларни эгаллаш ва имкон борича ўз яқинларининг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилиш.
3.    Сабр – нафсоний қувватларни жиловлаш.
4.    Қаноат – еб-ичмак ва кийинмакнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмаслик.
5.    Виқор – Талаб қилинган нарсаларга эришишга бўлган ишонч ва бу йўлга шошма-шошарлик қилмасликдир. Виқор – вазминлик, улуғворлик, матонат. “Виқор шамъин ўчир” дейилганда мағрурликни емирмоқ назарда тутилади.
6.    Хайрият – маишатни ҳалол кечириш, молни яхшилик билан топиб, яхшиликка сарф қилиш. Хайрият – эзгулик демак.
7.    Саҳоват – ачинмасдан, қизғанмасдан,  ҳаддан ошмасдан, молни керакли ўринларда ўзига, яқинларига ва муҳтожларга сарф қилиш малакаси.
Имом Ғаззолий ёзадилар:
“Ким иффат билан хулқланса, саҳоватли, ҳаёли, сабрли, кечиримли, қаноатли, парҳезкор, латиф, зариф, барчага кўмакчи, бетамъа бўлади. Агар иффат меъёридан ошса ёки кам бўлса, ҳирс ва очкўзлик, қўполлик ва беҳаёлик, исрофгарчилик ва хасислик, риёкорлик ва шармсизлик, ҳасад, ичқоралик, бойларга ялтоқланиб, камбағални камситиш каби иллатлар юзага чиқади”.
Мухтасар тарзда айтилса, иффат – ёмон нарсалардан ўзини пок сақлаш, демак. Бизда уят маъносида қўллаш расм бўлган. Масалан, баъзан “пул сўрашдан уялди”, демай, “пул сўрашга иффати йўл қўймади”, деймиз. Бу ўринда иффатнинг фақат бир шохчаси назарда тутилади.
Биз ҳаётда иффат ва ҳаё фазилатини кўпроқ аёлларга хос деб биламиз ва талабимиз ҳам шунга қараб бўлади. “Иффатли ёки ҳаёли йигит” деган сифатни кам эшитамиз. Ҳолбуки, бу баёнимиздан  аниқ кўриниб турибдики, “иффат” фазилати қиз учун қанчалар ҳусн бўлса, йигит учун ҳам шундайдир. Бу борада талаб бир, Аллоҳ таоло ҳузурида жавоб ҳам бирдир. Бу фикрнинг яна бир далили учун ҳазрат Навоий битикларига мурожаат этаман: “Хожаким, биби борида додакка айланғай, бибининг иффат этаги қулға булғанғай”. Дейилмоқчики, агар эр иффатсизликни касб этиб, ўз хотинига вафосизлик қилса, хотинининг иффат этагини унинг қули булғайди. (Қадимда иффатли кишини “иффатмаоб”, деб, покдомонликни эса “иффатпаноҳ” деб атаганлар.)
Демак, ҳаё иффатнинг асосларидан  экан. Иффат ва ҳаё йўқолмас бир ҳусн, ҳаёсиз юзнинг жонсиз жасад эканини унутмаслик ҳар бир одамнинг бурчи. Ҳаё дилни равшан қиладирган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шу маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир. Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби – ҳаёдир. Ҳаё пардаси ила ўралмиш инсонларнинг иффат пардаси йиртилмас. Бу чодир шундай муборакдирки, анча-мунча шундай хатоларни беркитиб йўқ қилур. Агар дурга садаф парда-ю либос бўлмаса эди, сувга қўшилиб йўқ бўлиб кетмасмиди?
Дунёда шундай одамлар учрайдики, ҳаёнинг нима эканини яхши билади, аммо ҳаёсизликдан ўзни тиймайди. Ҳазрати шайх Абдуллоҳ Манозил (қ.с.) бундай кишилар ҳақида дедиларки: “Мен ул кишидин таажжуб этарманки, ҳаёдан сўз айтиб, ўзи Аллоҳ таолодан ҳаё қилмағай”.
Ким фарзандини кичиклигидаёқ ҳаёсизликка ўргатса, уларни, катта бўлишгач, ҳаёга ўргата олмайди. Ота-она болага ҳаё ҳақида ўгит қилади. Агар бола бу фазилатни эгаллаб олмаса – инсонийликдан маҳрум бўлади. Ҳаёсизларнинг ёмон ўлим топишини тарих кўп мароталаб тасдиқ этган. Болага бир ёки юз маротаба “ҳаёли бўлиш керак”, дейишнинг ўзи кифоя қилмайди. Аввало ота-онанинг ўзи ҳар бир ҳаракати ва сўзлари билан боласига ибрат бўлиши керак. Бола кўчада ёки телевизорда кўрган ҳаёсизликларини тарозининг бир  палласига қўйсак, ота-она иккинчи палласига қандай тарбияни қўяди?  
Бир хонадондаги манзарани айтиб беришиб эди: қўшни чиқиб қарасаки, ҳовлидаги сўрида келин бир томонда, қайнота иккинчи томонда ёнбошлаганларича телевизор томоша қилишаётган экан. Келиннинг қайнота ҳузурида  ёнбошлаши ғоят беҳаёликдир. Қайнотанинг индамаслиги эса унинг бефаросатлигидир. Келинга ота-она ҳам бу ҳақда тарбия бермаган экан.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом олти нарсанинг йўқлиги ё камлиги амалларни маҳв (нобуд) қилади, зое бўлишига сабабдир, деб тўртинчи ўринда ҳаёни тилга олганлар. Яъни, ҳаё-андишанинг озлиги ҳам амалларни маҳв этади. Шу ўринда аввалги суҳбатларда тилга олганимиз  “Ўтган кунлар”даги ўлим тўшагида ётган Кумушбибининг ҳаё-андишаларини яна бир эслайлик. Ҳаёсиз томошлар кўпайганини ҳам яна таъкид этайлик. Беҳаё қўшиқлар-чи?
Айбга буюрманг-у,  ёшларимизни баъзан тушунмай қоламан. Радио ёки телевизорда берилаётган беҳаё қўшиқларни маъносига эътибор бермай, дарров ёдлаб олишади-ю ҳиргойи қилиб юраверишади. Қани айтинг-чи, бизнинг қизлар йигитга тик қараб туриб “Мен сизни севаман! Мени қучоғингизга олинг!” дейдими? Демайди. Табиатан шундай яралганки, қушларнинг модаси эмас, эркаги сайрайди. Ашулачи қизлар эса аксинча. “Ойижон, кеч келганим учун урушманг, бугунги сирни кейин бир кун айтаман”,  дейди, “қачон келасан, юрагим кутмоқда, ёргинам”, дейди, ҳатто “келсанг, тиззамга ўтқазиб новвот чой қилиб бераман”,  ҳам дейди. Беҳаёликни биз санъат ўрнида кўрмаймиз. Бу санъатни булғашдир.
Айниқса, кейинги йилларда пайдо бўлган “клип” деб номланувчи беҳаёлик томошасида санъатнинг заррасини ҳам тополмаймиз. Унда ярим яланғоч ҳолда рақсга тушаётган қизлар беҳаё қилиқлари билан санъат асари яратяпмиз, деб ўйлашса хато қилишади. Ёш қизларимиз эса уларни томоша қилаверадилар. Жоҳилликлари туфайли уларга эргашаверадилар. Тўйларда шундай беҳаё ашулаларга қиз-жувонлар рақсга тушаверадилар. Ҳозир куёвнинг келин белидан ушлаб европача рақсга тушиши ҳам одат тусига кириб бораётганмиш. Бунинг учун келин тўйдан олдин махсус дарс олармиш. Биз нима ҳам дердик, уялмасангиз ундан баттар қилиқларни ҳам қилаверинг. Аммо ҳаёсизлик оқибатида оила бузилса, бировлардан ўпкалаб юрмасангиз бас. Бизнингча, куёв тўранинг, айниқса келинпошшанинг тўйдаги энг гўзал ҳолати – ҳаё билан ўтиришидир.
Яна бир янгича одатга нисбатан салбий фикримни баён қилмасам, кўнглим жойига тушмайди. Илгарилари туғруқхоналарга эр зоти яқинлаштирилмасди. Ҳозир Европадан ўрганишибдими, аёл туғаётган пайтда эр ёнида турармиш. Эр ёнида турса, хотинга осон бўлармиш. Шу ростми? Менингча, европалик аёлларга енгилдир, лекин бизнинг аёллар уялишса керак. Ҳар ҳолда  туғруқхонадаги эркак дояни кўрганда хотиндан тўлғоқ қочиб қийналганини эшитганман. Бу масала бўйича кескин фикр билдиролмайман. Аммо аёл туққанидан кейиноқ отаси ва қайнотасининг кириб, суюнчи беришида мен ҳаёни кўрмаяпман. Андишали ота ва қайнота бундай қилмас, андишали аёл ҳам уларнинг киришини истамас, деб ўйлайман. Билишимча, аёллар туғруқхонадан қайтгандан кейин ҳам оталари ва қайноталари, акаларига кўринишга уялиб туришган. Ҳатто биринчи фарзандларини уларнинг ҳузурида “болам” деб эркалашга ҳам истиҳола қилишган. Бир жойда ёшларга шуни айтсам “Нега уялиш керак?” деб ажабланишди.  Майли, бу саволга жавоб бермайин. Ёшларнинг ўзлари фикр қилиб кўришсин: бола қандай ҳаракатнинг оқибатида дунёга келади?
“Калила ва Димна”да ибратли фикр бор:
“Ҳаёни қўлдан берган одам кек сақлайдиган ва сўкинадиган бўлади. Ғам пардаси унинг ақлини қоплайди, фаросати, зеҳни-заковати озаяди. Бундай бахтсизликка мубтало бўлган одамнинг бутун қилган иши, сўзи ҳаммага ёмон кўринади. Берадиган маслаҳатлари ўзига зиён етказади. Илгари уни яхши, деб юрган дўстлари энди уни ёмон деб ҳисоблайдилар. Бошқаларнинг гуноҳини ҳам унинг бўйнига тўнкайдилар”.
Бир кичикроқ раҳбар идорасидаги мажлисда сўкиниб гапиришни одат қилди. Чунки у бойий бошлаган, кибрга берилган эди. Ҳалолдан чекиниш, ҳаромдан ирганмаслик ва кибр ундаги ҳаёни бўғиб ўлдира бошлаган эди. Ҳаёсини йўқотган одам ҳар қандай пасткашликка рози бўлиши мумкин.
Сўкиш дейилганда  эрларни назарда тутамиз. Ҳолбуки, аёлларнинг қарғиши ҳам сўкишнинг бир тури. Бу ҳам майли, айрим аёллар, ҳатто қизлар оғзидан ҳам баъзан эркакча беҳаё сўкишларни эшитиб қоламиз.   Узоқ йиллар муқаддам, мухбирлик хизмати билан бир район раҳбарига учрашишим лозим эди. Аёллардан биринчи раҳбарлар у дамларда оз эди. Қабулхонада ўтирганимда  барваста бир одам шаҳдам қадамлар билан ичкари кириб кетди. Билсам, у катта хўжаликнинг раиси экан. Эшик қия очиқ қолган эди. Бир маҳал ичкаридан аёл раҳбарнинг овози эшитилди. Ўша онга қадар  аёл кишининг  бунчалар беҳаё тарзда сўкиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмаган эдим. Сўкишлар ниҳоясига етгач, бир нима тарақлади. Кейин терга ботган раис чиқди. Бояги шаҳдамликдан асар ҳам йўқ, сувга тушиб бўккан мушук ҳолида эди, бечора.  Ҳазрати Яҳё Ибн Муоз (қ.с.)нинг бу хитоблари  ўша дамда унинг ҳолатига айни мос эди:
-Субҳаналлоҳ! Бандалар гуноҳ ишлардан ҳаё қилмаслар. Аллоҳ таоло кўриб уялар...
Ташқаридан қаралса, бу аёл раҳбарнинг обрўйи баланд кўринарди. Аслида эса унинг ҳурмати йўқ эди. Ҳамма ундан қўрқарди. Қўрққанидан таъзим қилиб турарди. Замон айланиб, “пахта иши” бўйича қама-қамалар бошланганида уни ҳам қўлига кишан уриб, олиб кетдилар. Аёл кишининг қўлига кишан уришдан ҳам аянчлироқ манзара бўлмаса керак. Лекин унинг аҳволидан атрофидагилар ачинишмади.
Дунёда чиройли нарсалар кўп, аммо уларданда чиройлироқлари ҳам мавжуд: эрларнинг ҳаёли бўлишлари ғоят гўзалдир... Ҳаёсиз эрни “сурбет” деб ҳам маломат қиладилар. Нақлдирки, ҳазрати имом Абу Ҳанифа (қуддиса сирруҳу) ҳаммомга кирдилар. Кўрдиларки, биров лунгисиз ўлтирибди. Кўзларини юмдилар. У киши айтдики, “Эй имом! Кўзингнинг нурини қачон олдилар?” Дедиларки: “Сенинг парданг ва ҳаёйингни олгандан бери”.
Ҳазрати шайх Ҳотами Асомнинг муборак қулоқлари аслида кар эмас эди.  “Ҳотами Асом” дейишларининг сабаби шулки, бир куни у зотнинг ҳузурларига масала сўраш учун бир хотин келди. Гаплашар экан, ғафлат босиб, у аёлдан ел чиқди. Ҳотам ҳазратлари ўзларини эшитмаганга олиб: “Баландроқ гапиринг, қулоғим оғир, эшитмайман”, дедилар. Токи у хотин уялмасин, хижил бўлмасин, учун шундай дедилар. Хотин саволини баланд овозда сўради. Ҳотам ҳазратлари жавоб қайтардилар. Ўша хотин билиб қолиб маълул бўлмасин, деб ўн беш йил давомида ўзларини карликка солиб юрдилар. Хотин охиратга равона бўлганидан кейингина буни давом эттиришни лозим кўрмадилар. Буни ҳам эрларга ҳос иффат кучи дерлар.
Ҳаёсини йўқотган одам ҳар қандай пасткашликка ҳам рози бўлиши мумкин. Агар у бир кетган ҳаёнинг қайтиб келиши мушкул эканини англай олса, балки ўзини ўзи тарбия эта олармиди? “Ўзингдан ҳам худди бошқа одамлардан орлангандек орланишинг ва бир ўзинг бўлиб туриб ҳам бошқалар билса-билмаса, бундан қатъи назар, бари бир ёмон ишдан тортилишинг керак. Аммо ҳаммасидан ҳам ўз виждонингдан уял”, деб ўгит берган Демокрит ҳақли эди. Одамлар ҳузурида уялиш ҳам яхши фазилат, лекин бундан ҳам афзали кишининг ўз-ўзидан уялишидир. Уятдан қизариш – яхшилик либоси ҳисобланади. Чунки, одамнинг маънавий камолотда қай поғонага кўтарилганини нимадан уялиши ва уялмаслигидек аниқ кўрсатиб берадиган нарса йўқ. Яна бир ҳақиқатки, ҳаё ва иффат ҳайвонларда йўқ. Уларнинг юзлари уятдан қизармайди. Буни тушуниб етиш ҳам фазилат.
 Иффат ва ҳаё барча иллатлар йўлидаги ишончли тўғондир. Агар бу тўғон бўлмаса, кишининг ҳаёт йўлига иллатлар сели ёпирилади. Уялмасанг -  ғийбатдан бўшама, уялмасанг – пора ол, уялмасанг – зино балчиғига бошинг билан шўнғи, уялмасанг – зулм қилавер, уялмасанг – бахил бўл... Фикрни давом эттирай, десак, дўзах оловлари кўз олдимизга келиб, юраклар қўрқувдан зириллаб кетяпти...

 

 

 

Тўққизинчи гурунг: Вафо гули

 

 

 

“Одамий бўлса вафо андин йироқ, ит вафо бобида андин яхшироқ”, деб ёзганлар ҳазрати  Алишер Навоий.                                                                                                                                                                           
Инсон табиатига хос шундай фазилатлар борки, бирини иккинчисидан айирган ҳолда тарбия этиб бўлмайди. Иффат ва ҳаё, садоқат ва вафо шулар жумласидандир.
Куёв тўра, унутмангки, вафо ва садоқат солиҳ бандага хос алоҳида гўзал фазилат ҳисобланади.
Садоқат адолатга хос хислатлардан бўлиб, чин дўстлик демакдир. Яъни, киши ўзига раво кўрганни ўзгага раво кўриб, ўзига раво кўрмаганни ўзгага ҳам раво кўрмайди.
Вафо  кишининг ўз навъига, хусусан яқинларига мардона муносабатда бўлишидир. Вафони биз кўпроқ эр ва хотин орасидаги ишқий муносабатга нисбатан қўллашга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, бу атаманинг қамрови кенгроқдир. Вафо қайси муносабатда бўлмасин,  аҳдда, ваъдада туриш демак.
Ҳазрат Навоийдан байт:
                   Бу даҳр ажузеки, вафоси йўқ анинг
                   Бир фоҳишаедекдурки, ҳаёси йўқ анинг.
Мазкур байтда “вафо” сўзи “маккора замонанинг вафоси йўқ” деган маънода қўлланилган. Оламда абадий ҳеч нарса бўлмагани учун мумтоз адабиётда  дунёга, хусусан инсон ҳаётига “вафосиз”, деб сифат берадилар.  Ҳолбуки, дунёни яратган Холиқ абадийликни ваъда этмаган, аксинча, бу дунёнинг ўткинчилигини қайта-қайта таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан дунёни бевафоликда айблаш ғалати туюлади.
“Вафо” баъзи ўринларда “доимийлик” ёки “абадийлик” маъносини ҳам беради:
                   Ангаким жаҳондин вафо етмади,
                   Жаҳон ичра тинмади, то кетмади.
Мумтоз адабиётда “вафо” сўзини “ишонч” маъносида қўлланганига ҳам гувоҳ бўламиз:
                   Ки билса жаҳонға вафо йўқ турур,
                   Жаҳон аҳлиға ҳам бақо йўқ турур.
“Вафо аҳли” дейилганда вафодорлар, аҳдида турувчилар назарда тутилади. Бу хушхулқ эгаларини “қавлимаҳкамлар” ҳам деб атайдилар.
“Вафо гули” – аҳдида туришлик. Бу атама сафо-покликни ҳам англатади.
“Вафо жоми” – ёридан вафо кўришлик:
                   Ҳар киши ҳам қилса вафо жоми нўш,
                   Кўнгли муҳаббат майидин урса жўш.
Вафо хусусида ҳазрат Алишер Навоий гўзал ва мукаммал таърифлар берганларки, ўзимдан бир сўз қўшмоқ ҳам одобсизлик бўлур, деган мулоҳазада баённи айнан келтираман:
“Карам ва мурувват – халқни вафодек бир яхши сифатдан маҳрум кўрибдилар ва уни топиш учун йўқлик дунёси томон кетибдилар.
Жаҳон гулшани вафо гули зийнатидан бўшаб қолган, башарият гули вафонинг муаттар ҳидларидан айрилган. Дунёнинг қоронғи тупроқхонасини вафо шамъи ёритмаяпти ва замон бевафолар кўнгли билан улфатлашяпти. Вафонинг наргис гули давр чаманига кўз солмайди ва кишиларнинг кўнгил ғунчасида кўролмаслик ва ҳасаддан ўзга нарса топилмайди.
Вафо – шундай бир покиза кўнгулли маҳбубаки, у табиати ва кўнгли пок бўлмаган кимсага ром ва улфат бўлмайди; вафо шундай покзот бир матлубаки, у зоти тоза, табиати пок бўлмаган одамга яқинлашмайди ва унга рағбат кўрсатмайди. Вафо – шундай асл гавҳарки, у инсоният тожига зийнатдир. Лекин дунёда вафога лойиқ инсон йўқдирки, бу унинг бошидаги жиғада порлаб турса. Аммо олам элида одамийлик йўқдир. Шуни ҳам унутмаслик керакки, вафо – ҳаё билан пайваста, ҳаё ҳам вафо билан боғлиқдир.
Карам ва мурувват ота ва онадирлар; вафо билан ҳаё эса буларнинг икки эгизак фарзандларидир. У икковида қанча равшанлик ва софлик бўлса, бу икковида ҳам шунчалик жипслик ва бирлик бор. Ҳар бир юракда вафо бўлса, у ерда ҳаё ҳам бор ва ҳар масканда у топилса, бу ҳам барқарор. Вафосизда ҳаё йўқ; ҳаёсизда вафо йўқ. Агар, кимда бу икки сифат бўлмаса – унда иймон ҳам йўқ. Ва агар кимда иймон бўлмаса, унда одамийлик ҳам йўқ...
Камолга етган одамлар – ҳаёли; камол топмаганлар – нуқсонли ва ҳаёсиз.
Вафо билан ҳаё оламнинг қоронғи жойидан ўтиб, йўқлик (ломакон) оламидан ўрин олганлар. Шундай қилиб, улар ўзларини бир-бирлари билан овутибдилар. Қолган вафосиз беҳаёлар эса уларни унутибдилар.
Ҳар кимга бир вафо кўрсатдим, ундан юз бевафолик кўрмагунча қутилмадим; ҳар ким билан бир меҳр-муҳаббат муомаласида бўлдим, минг жабру жафо тортмагунча халос бўлмадим.
Байт:
Кимга қилдим бир вафоким – юз жафосин кўрмадим?
Кўргузиб юз меҳр, минг дарду балосин кўрмадим.
Давр бевафоларининг жабридан дод! Ва замон беҳаёлари зулмидан фиғон ва фарёд! То олам пайдо бўлганидан бери бу ўтда ҳеч ким менчалик ўртанмаган; то бевафолик бошланганидан бери ҳеч ким мен каби бу алангада ёнмаган. Замон кишилари бевафолигидан бағримда тиконлар бор ва давр халқи беҳаёлигидан кўксимда яралар бор. Булар ҳақида ёзай десам, катта чидам менга вафо қилмайди ва барчасини қаламга олай десам, узоқ умр давомида ҳам тугатиб бўлмайди.
Ҳақ уларга инсоф ва раҳм бергай ва ёки бу маҳрум жафокашга сабру чидам ато қилғай!”
Шоир ҳазратларининг нолишларини айнан англаб, тушкунликка тушмаслик, “дунёни бевафолар босиб кетибди”, деб ваҳима ҳам қилмаслик керак. Фоний дунёда иймон эгалари бор экан, вафодорлар ҳам бор. Иллат эгалари, хусусан аҳдига вафо қилмайдиганлар қай ерда озроқ, қай ерда кўпроқдир. Буни ҳеч ким санаб кўрмаган. Бундайлар оз бўлган тақдирда ҳам жамият учун нохушдир. Олимлару шоирлар мазкур ҳолатни назарда тутиб, бошқаларни шу зайлда огоҳлантириб турадилар.
Тўғри, дунёда беҳаёлар,  бевафолар кўпга ўхшаб кўринади. Аммо вафоли ва ҳаёлилар улардан жабр чексалар-да ҳеч қачон тиз чўкмаганлар. Биз ўша бевафо ва беҳаёларга қараб, вафо ва ҳаё қадрини белгиламаймизми?  Бевафонинг бевафолигини, беҳаёнинг беҳаёлигини аниқлаш учун Аллоҳ таоло сизу бизга ақл берган. Бевафо билан беҳаёнинг аянчли охиратини бизларга ибрат учун шу дунёнинг ўзидаёқ кўрсатиб қўйган. Ёшлигини бевафолик ва беҳаёлик билан ўтқазиб, қариганида хорланганларни кўриб турибмиз-ку? Бизга яна қандай ибрат керак?
Яна бир ибратки, ҳаёт йўлида бевафо ва беҳаёга дуч келинса, фарёд чекиб қочмаслик лозим. Ҳар биримиздаги ҳаё ва вафо кучи-қудрати уларга қарши қурол вазифасини ўтайди. Одам боласи бевафо ва беҳаё бўлиб туғилмайди. Адашиш оқибатида ёки нотўғри тарбия туфайли  бу руҳий хасталикка чалиниб қолади. Шундай экан, уларни муолажа қилишга уриниш иффат эгасининг бурчи.
“Ваъдага вафо – марднинг иши” деган мақолни эшитгансиз. Ҳа, вафо фақат эрга ёки хотинга  нисбатан эмас, ўз сўзига нисбатан ҳам бўлиши керак. Суюкли ёшларимизда баъзан ана шундай вафо етишмай қолади. Бунинг сабаблари: баъзан бир жойга боришга ваъда берадилару оила катталаридан руҳсат тегмагани учун бажаролмайдилар. Бу ҳолда ваъдалашган кишини дарров огоҳлантириб, узр сўраш керак бўладики, шундай қилинса ваъдани бажармаслик бевафоликка йўйилмайди. Баъзан  эса лоқайдлик ёки эриниш туфайли ваъда бажарилмайди. Масалан, қор ёғаётгани учун кўчага чиқишга эриниб, ваъдалашган жойга борилмайди. Огоҳлантирилмайди, узр ҳам сўралмайди. Буни бевафолик деймиз, гуноҳ эканини ҳам эслатамиз. “Боролмайман”, деб ёлғон баҳона билан огоҳлантирилган тақдирда ҳам гуноҳ соқит бўлмайди.
Ваъдада туриш, ваъдаги хилоф қилиш, ваъдасизлик маънолари  лозим маънода ўлчанмайди. Бизда ваъдабозлик кенг тарқалган ва ваъдага вафо қилмаслик оддий ҳол бўлиб қолган. Ҳолбуки, “Арбаин”да таъкид этилганидек:
                   Кимки ҳар кимга ваъдае қилди –
                   Шарт эрур ваъдага вафо қилмоқ.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёрдан байт:
                   Кел, эй содиқки қилдинг сидқ лофин,
                   Ўланча қилмағил ваъда хилофин.
Дейилмоқчики, эй  банда,  сен ростлик даъвосини қилсанг, ўлар кунгача ваъдангга хилоф қилмасдан тур. Чунки ваъдада тўғри турмоқ яхши ахлоқнинг юқори мартабасидир.
 Юқорида айтганимиздай,  бир кишининг чақириғига ваъда қиламизу бормаймиз ёки белгиланган соатда бора олмаймиз. У киши ўз ишларини ташлаб, кутиб туради ва хавотирланади. Биз унинг ишдан қолганини ва хавотир олганини бир чақага ҳам олмаймиз. “Ваъда – қарз” эканини, ваъдага хилоф эса, мунофиқлик эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳатто кўпимиз бажариш ниятида эмас, балки шунчаки суҳбатдошнинг сўзини қайтаришдан уялиб ваъда бериб юбораверамиз. Бу ҳол ваъдада турмаслик эмас, балки ваъдабозлик нияти билан бўлганидан икки карра қабоҳатдир.
Кишининг лафзида турмоқлиги “вафо гулини очти” тарзида ҳам баён этилади: “Абнойи замонғаким, бир вафо гули очтиким, алардин юз жафо тикани бағриға санчилмади”.   
Иброҳим Халилуллоҳнинг ўғиллари Исмоил алайҳумассалом Маккадан Фаластин ерига бориш учун чиққанларида Абдурраҳмон исмли кимсага йўлиқдилар. Бу кимса дедики:
-Эй Аллоҳнинг Расули, агар сизлар мени йўлдошликка олсангиз эди, мен ҳам сизлар билан борур эдим.
Исмоил алайҳиссалом кўндилар. У киши яна дедики:
-Уйимда баъзи ишларим бор, бир оз кутсангизлар, уларни бажариб келсам, сўнг бирга борур эдик.
Исмоил алайҳиссалом “Яхши, кутамиз”, деб ваъда қилдилар. “Келурман”, деб  кетган Абдурраҳмон ваъдасини унутиб, қайтиб келмади. Исмоил алайҳиссалом ваъдаларига хилоф қилмай,  ваъда берган ерларида уни олти йил кутдилар. Абдурраҳмон еттинчи йили шу йўлдан тасодифан ўтиб, Исмоил алайҳиссаломга дуч келди-ю, ваъдасини эслади. Уят ели билан тутдек тўкилиб, йиқилди. Исмоил алайҳиссаломга узрлар дафтарини очиб, оёқлари остига кўз ёш дурларини сочди. Исмоил алайҳиссалом эса лутф билан: “Хуш келдинг, сафо келдинг, айтган сўзингда турдинг”, деб тавозуъ қилдилар.
Жангларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Муборак Рум элининг жуда кучли, ҳайбатли аскари билан тўқнаш келдилар. Яккама-якка олишдилар, қилич солдилар, гурзи билан урдилар, хуллас, ҳарчанд уринишмасин, бир-бирларини енга олмадилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Танаффус қилайлик, жангни тўхтатиб турайлик, мен намозимни ўқиб олай”, деб рақибдан озгина муҳлат сўрадилар. Рақибга бу илтимос маъқул келиб: “Яхши, мен ҳам ибодатимни  қилиб олай”, деб нари кетди. Абдуллоҳ отни соҳилга боғлаб, оқаётган сувда таҳорат олдилар. У одам ҳам ўз эътиқодига кўра нималардир қилди. Абдуллоҳ намозни ўқиб бўлиб, дуо қилар чоғларида ўзларича: “Шу одамни отдан ҳеч ағдара олмадим, ҳозир отидан тушган, ҳимоясиз ҳолда ўтирибди. Фурсатдан фойдалансаму бостириб бориб, ўлдирсам-чи?” деб ўйладилар. Аммо бир қарорга келмай туриб  Қуръони каримдаги: “Аҳдга вафо қилинглар, зеро, аҳд-паймон Қиёмат кунида сўраладиган ишдир”, мазмунли оят  эсларига тушди.
Ҳа! Инсон сўз бердими, аҳдлашдими, аҳдида туриши керак! Бунинг ҳисоби бор! Нима учун дуо чоғи, фикр ёмонлик томонга ўзгарганида айнан шу ояти карима беихтиёр ёдга тушди? Биз бундай ҳолларда “беихтиёр” дейишга ўрганиб қолганмиз. Ҳа, бу инсоннинг иҳтиёридан ташқари. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлагани учун шундай бўлган. Бу ўринда ҳам Аллоҳ таоло ўз оятини эслатди ва гўё бундай танбеҳ берди-ки: “Эй бандам, сен Менинг яхши бандаларимдансан, аҳдга вафо қилиш ҳақидаги оятни унутдингми? Аҳдингга вафо қил!” Оятни хотирлатиш замирида шу маъно яширинган эди. Абдуллоҳ ибн Муборак буни яхши англадилар ва йиғлай бошладилар. Жангни бошламоқ қасдида яқинлашган рақиб у зотни бу аҳволда кўриб ажабланди:
-Эй одам, нега йиғлаяпсан? Ўлимингнинг яқинлигини сезиб, қўрққанингдан йиғлаяпсанми?-деб сўради.
-Раббим мени сен туфайли йиғлатди,-дедилар Абдуллоҳ.
-Нега? Қандай қилиб?-деб баттар ажабланди рақиб.
-Мен дуо қилаётган пайтимда   сенинг устингга беҳос ҳужум қилиб, ўлдириш истаги туғилди. Шу нафаснинг ўзида Аллоҳ таоло менга аҳдга вафо қилиш ҳақидаги оятини эслатди. Мен бу жангга Раббимнинг розилигини истаб келсаму, қилмоқчи бўлган ишимни қара! Шуни ўйлаб йиғлаяпман, тўғри йўлимни йўқотганимдан йиғлаяпман...
Бу гапни эшитиб, рақиб ҳам йиғлади ва “Сизнинг динингиз ҳақ дин экан”, деб калима келтирди-да, мусулмон бўлди. Инсон қалби қилич билан эмас, шу тарзда гўзал ахлоқ билан эгалланди.
Қалб чиройини очувчи фазилат эгалари ҳақида бундай мисоллар беҳисоб. Одам боласининг олий вафо бурчи Аллоҳ таологадир. Негаки,у Аллоҳ таолога аҳд берган: “Сенга муносиб бандалик қиламан”, деган. Бунга риоя қилмаса, аҳдини бузган, сўзида турмаган бўлади. Бир подшоҳ ўғлига шундай васият қилган экан: “Ўғлим, давлатингда қаллоб, мунофиқ, ибодат ва тоатни қилмайдиган одамни ишлатма, ходим қилма ва ишонма! Чунки у сенга вафо қилмайди. Агар у вафодор бўлганида эди, Раббисига вафо қилган бўларди. Модомики, Раббисига вафо қилмаган, намоз ўқимаган, покиза ва ҳалол юрмаган, аҳдида турмас экан, сенга ундан ҳеч яхшилик келмайди. Аллоҳ таолога вафодор қулларнигина ўзингга ходим қил!” Одам боласи унутмасинки, вафодорлик одамгарчиликни кучайтиради, сўзидан қайтган эса одамгарчиликни тарк этади... Довуд алайҳиссалом айтган эдилар: “Суҳбатдошингга бир нарса ваъда қилсанг, ўшани амалга ошир. Ваъда қилган нарсангни амалга оширмасанг, орангизда адоват ҳосил бўлади. Эслаган вақтингда сенга ёрдами тегмайдиган ва унутганингда сени эсламайдиган суҳбатдошдан паноҳ беришни Аллоҳ таолодан сўраб юр...”
Келин ва куёв  никоҳ ўқилаётган пайтда  Аллоҳ таолога: “Сенга муносиб бандалик қиламан”, деб аҳд беради. Аҳдга кўра, оила мустаҳкамлигига, бахтига доир қандай талаб бўлса бажариши шарт бўлади. Бунга риоя қилмаса, аҳдини бузган, сўзида турмаган бўлади. 
Бу ўринда Жўшон ҳазратларининг бир ҳикоялари диққатга молик. Ул зот касби қурилиш муҳандиси бўлган бир дўстлари билан йўл-йўлакай Адапазари деган шаҳарда ибодат учун тўхташибди. Масжидга кириб, намозни бошлашганда уларга яна икки киши қўшилибди. Намоздан сўнг улар билан танишмоқ ниятида сўзга тутибдилар. Каттароқ ёшдаги киши  бу шаҳарга тижорат мақсадида келган экан. Ўн беш ёшли ўспирин эса  ишлаб, пул топиш учун Арзурум шаҳридан келибди. Шунда ҳазрат тижоратчига қараб: “Шу йигитчани хизматкор қилиб олинг”, дебди. Бой бунинг сабабини сўраганда бундай дебдилар:
“Йигитчанинг бу шаҳарда ҳеч кими йўқ экан. Ёш бўлишига қарамай, ибодатини канда қилмаяпти, Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдига вафо қиляпти. Баъзилар ота-онасининг зўри билан намоз ўқийди. Ота-онасидан сал узоқлашса ўқимай қўя қолади. Бу йигитча вафодор экан, ундан фақат яхшилик келади. У Аллоҳ таолога бўлган вафосини бузмаяпти. Унга ишингизни ҳам, пулингизни ҳам бемалол ишониб топширишингиз мумкин”.
Ривоят:
Қадимги араб подшоҳларидан Нўъмон ибн Мунзирнинг бири ярамас ва бири яхши икки одати бор эди. У йилда бир кунни “Ғазаб куни” деб белгилаб,  кўчага чиқарди-да, биринчи дуч келган одамни ҳибсга олдириб, ўлимга ҳукм қиларди. Яна бир кунни “Марҳамат куни” деб белгилаб, биринчи учраган одамга совғалар берарди.
Тоий лақабли камбағал бир киши “Ғазаб куни”да Нўъмон ибн Мунзирга дуч келди. Золим подшоҳ у бечорани ўлдириш қасдида жаллодни чақирди. Шунда Тоий ёлвориб деди:
-Менинг хотиним ва фарзандларим бор. Кунимни ўтказишдан жуда-жуда қийналдим. Оилам оч-яланғоч яшайди. Гадойлик қилиб оиламни зўрға боқиб турибман. Бугун эҳтиётсизлик қилиб, “Ғазаб кунингиз”да сизга дуч келиб қолдим. Биламан, мени ўлдирасиз, лекин ҳозирнинг ўзида ўлдириш ёки кечки пайт жонимни олиш сиз учун фарқсиз бир иш. Мен шаҳардан унча узоқ бўлмаган бир қишлоқда яшайман. Менга рухсат беринг, тиланчиликдан  топган озиқ-овқатларимни оиламга олиб бориб берай. Сўнгра оилам ва ёру дўстларим билан хайрлашиб, кун ботарда қайтиб келаман. Ваъдамга хилоф қилмайман, бунга ишонинг.
Подшоҳ унга раҳм қилмади, бир кафил топилмагунча рухсат бермаслигини айтди. Нўъмон ибн Мунзирнинг суҳбатдоши Шурайк ибн Адий Тоийнинг қабиласидан эди. Тоий унга қараб мурожаат қилди:
-Эй Шурайк ибн Адий! Мен ўлимдан қўрқмайман. Фақат оч-яланғоч қолаётган оиламга ачинаман. Менга кафил бўл. Уйимга бориб, топганларимни оиламга ташлаб, хайрлашиб олай. Кун ботгунча шу ерга етиб келаман.
Шурайк илтимосни қабул қилди. Подшоҳдан  рухсат теккач, Тоий қишлоғига йўл олди. Кун ўтиб, қуёш уфққа бош қўйса ҳам Тоийдан дарак бўлмади. Подшоҳ жаллодни чақириб, кафилликка ўтган Шурайкни қатл этишни буюрди. Шу чоқда узоқда бир одамнинг югуриб келаётгани кўринди. Шурайк:
-Шошиб келаётган киши Тоий бўлса керак, озгина сабр қилинг,-деб ўтинди.
У адашмаган эди. Тоий терлаб-пишиб, ҳолдан тойганича, ҳансираб кириб келди ва подшоҳга деди:
-Ваъдамга вафо қилдим. Шомга етиб келолмасам, кафилим Шурайк менинг ўрнимга қатл бўлади, деб жуда-жуда қўрқдим. Аллоҳ таолога шукрки, вақтида етиб келдим. Олижаноб Шурайкдан миннатдорман, энди эса подшоҳим, иҳтиёр ўзингизда, “Ғазаб куни”да жон бериш қисматимда бор экан, мен ўлимга  тайёрман.
Подшоҳ бу ҳолни кўриб, ҳайрат дарёсига чўмди. Сўнг Тоий ва Шурайкка қараб айтди:
-Сизлардан ажойиброқ кишини кўрмадим. Эй Тоий, дунёда ҳеч кимга ваъдага вафо қилиш майдонида турадиган жой қолдирмадинг. Эй Шурайк, карам, шафқат ва марҳаматинг билан ҳаммани ҳайратга солдинг. Мен сизларнинг учинчингиз бўлолмасам  ҳам, олижаноблигингизга қойил бўлиб, бугундан эътиборан “Ғазаб куни”ни бекор қилишга аҳд этдим.
Подшоҳ Тоий билан Шурайкка инъом-эҳсон қилиб, ҳурматлаб, уйларига қайтишга рухсат берди.
Қўлдан келмайдиган, вафо қилиб бўлмайдиган нарса ҳақида ҳеч вақт ваъда бермаслик ва “бу иш менинг қўлимдан келмайди”, деб очиқ айтиш зарур. Сўзида турмайдиганни халқда “бебурд” деб ҳам атайдилар. Сўз берган сўзида турсин, сўзидан қайтган кишидан ёмонроқ киши йўқ. Чунки ваъдага вафо қилишни инсонийлик фазилати деб шарафладик. Қўлдан келмаган ишга ваъда бериш яхши хислатлардан саналмайди.
                   Бировга ваъда бергил, уддасидан гар чиқар бўлсанг,
                   Вафо қилмай аҳдингга, бўлма юз қаролардин.
Қўлидан келмайдиган ишга ваъда берувчиларнинг турли тоифалари бор. Биринчи тоифанинг нияти яхши, кимнингдир мушкулини осон қилишни истайди ва бу ишни зиммасига олади. Сўнг эса ё ҳафсаласизлик қилади ё кучи етмайди-ю бевафолик ботқоғига ботиб қолганини ўзи ҳам билмайди. Афсус шундаки, бундай кимсалар аҳдга вафосиз одамнинг гуноҳга ботишини тасаввур қилмайдилар. Бу тоифанинг ҳам аслида юзи қора, лекин нияти яхши бўлгани сабабли кучли нафрат ўқига дуч қилмасак ҳам бўлади. Уларга ишонмаслик билан ўзимизни четга олиш кифоя.
Иккинчи тоифанинг вафосизлиги виждонсизлик ва ғараз кўлмакларидан сув ичади. Улар ўзларининг бирон ишларини битириб олгунларича олам-олам ваъдаларни бераверадилар. Агар ваъдаларини эслатгудай бўлсангиз ўзларини йўқотиб қўймайдилар, аксинча “Ҳозир шу масалани ҳал қилаётгандим” ёки “ҳозир шу масалада ўзингизга учрашмоқчи эдим”,  деб ёлғон устига ёлғон тўқийдилар. 
Яна бир тоифа вазифанинг мушкуллигини ҳис этмай ёки бирор яқин одамининг марҳамати, ҳиммати ёинки кучига, амалига ишониб ваъда бериб юборади. Ваъдасини бажариш учун ҳаракат қилади. Уддасидан чиқолмагач, уялади, узр сўрайди. Бундай одамлар хатоларини англаб, кейинчалик қуруқ ваъдадан ўзларини тийганлари яхши. Агар хатоларини такрорлайверсалар, одамлар уларни бебурдлар сафига қўшиб иззат қилмай қўядилар. Ҳа, сўзига вафо қилмайдиганларнинг бу дунёдаги биринчи жазоси шундай – одамлар орасида беобрў ва қадрсиз бўладилар.
Шарафли ҳадисда баён этилишича, бир араб Пайғамбар алайҳиссаломга “Сенга келурман”, деб ваъда қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу арабни кутиб, қирқ кун уйдан чиқмадилар. Бир куни ўша араб келиб, салом берди. Набий муҳтарам алик олмадилар. Араб бундан ранжиб, сабабини сўраган эди, дедилар: “Сен мунофиқсан, мунофиқнинг саломини олиш жоиз эмасдир”. Демак, мазкур ҳадисдан маълум бўляпти-ки, ваъдага хилофлик - мунофиқлик экан.
Байт:
                   Сўзун бузғон кишини яхши эрлар:
                   “Қусиб қайтиб ани ичгунча”,-дерлар.
Дейилмоқчики, яхши инсонлар сўзида турмаган кимсани қусган қусиқни қайта ичмак билан тенг қилурлар. Қусиқ ичмаклик макруҳ бўлганидек, аҳли булағо (сўз усталари)  қошида сўзда турмаслик ҳам макруҳдир.
“Давр бевафоларининг жабридан дод! Ҳақ уларга  инсоф ва раҳм бергай ва ёки бу маҳрум жафокашга сабру чидам ато қилғай”, дейдилар ҳазрат Навоий.
Одам дунёларга тенг шараф эгасидир. Ит эса жирканч маҳлуқдир. Аммо яхшиликни билмайдиган бевафо одам – яхшиликни унутмайдиган, вафодор итдан пастдир. Вафодор қўтир ит – вафосиз гўзал, барно йигитдан яхшироқдир:
                   Бевафо ҳақношунос элдин йироғлиғ истаким,
                   Келмади ҳаргиз алардин ғайри бедоду жафо.
                   Итга итлик айламак жону кўнгул бирла бўлур,
                   Ҳақшунос ўлса у бўлса анда ойини вафо.
Дейилмоқчики, яхшилигингга вафо ила жавоб қайтармайдиган одамдан йироқ бўлишга интил. Чунки улардан ҳеч қачон жабру жафодан бошқа нарса келмайди. Итга жону кўнгил билан боғланиш мумкин, агар яхшиликни билувчи вафодор бўлса.
Шайх Саъдий ҳазратларининг “Гулистон”идан бир ҳикмат гули:
“Бир киши кураш тушмоқ илмида бағоят олим эрди ва уч юз олтмиш амал билур эди. Иттифоқо, ўз шогирдларидин бирининг жамолига хотири майл этиб, ҳар куни зиёдароқ тарбия қилур эди ва таълим берур эрди. То уч юз эллик тўққиз амални ўргатди. Аммо бир амалнинг таълимида таъхир қилиб, тааллулға солди (бир баҳона билан кейинга сурди). Алқисса, шогирд қувват ва суръатда барча полвондин баланд бўлди ва онинг била кураш тутмоқға ҳеч кишида қувват ва мажол қолмади, то бир кун подшоҳнинг олдида дедиким: “Устодимнинг мендин зиёдалиги тарбиятда улуғлик жиҳатидиндур, йўқ эрса, қувватда ман ондин кам эрмасман ва санъатда баробардурман”. Подшоҳга бу сўз оғир келиб, буюрди, то иккови кураш тушғайлар ва бир улуғ майдонни таъйин этдилар. Подшоҳ бошлиқ аркони давлат аъёни ҳазрат, барча шаҳру саҳронинг халойиқи ва ер юзининг паҳлавонлари – барча ҳозир бўлдилар. Шогирд фили мастдек бир навъ садмат била  майдонга кирдиким, агар олдида кўҳи оҳанин бўлса эрди, бир ҳамлада жойидин қўпорур эрди. Устод билдиким, қувватда ўзидин зиёдадур. Ҳамул ўргатмай пинҳон сақлағон амали била кураш тутди. Шогирд ани дафъ эта олмай ожиз бўлди. Устод ани икки қўли била ердин кўториб, боши устига чиқариб ондоқ ерга урдиким, халоқий ғарив ва ғулғула садосин авжидин ошурди ва подшоҳ устодга хилъат ва неъмат берди ва шогирдга зажр ва маломат қилди ва деди:
-Нечун тарбият қилғон устодинға бевафолик қилиб, муқобил бўлдинг?
Шогирд ер ўпиб, деди:
-Эй подшоҳ, устод зўрлик била мени йиқмади, лекин кураш илмида бир амални мендин дариғ тутуб ўргатмамиш эрди. Бугун ҳамул амал билан мени йиқди.
Устод деди:
-Ул амални мундоқ бир кун учун ўргатмай сақлаб эрдим, нединким, ҳакимлар дебдурлар: “Дўстга андоқ қувват бермагилким, бир вақт сенга душманлик қилса, муқобил бўла олмағайсан. Эшитмадингмуким, бир киши ўзининг парвариш қилғон шогирдидин жафо кўруб на сўз айтубдур. Қитъа:
                   Вафо йўқ эрдиму оламда ҳаргиз,
                   Ва ёхуд қилмади аҳли замона.
                   Ки ҳар ким отмоқ ўқ ўрганди мендин,
                   Мани ул оқибат қилди нишона.
Подшоҳга  устоднинг бу достони бағоят хуш келиб, буюрди, кўп неъматлар еткурдилар. Шогирдга сарзаниш қилиб, таъна таёғин урдилар, то мундин сўнгра устоди ҳақида бевафолиғ қилмағай ва ўзгаларга доғи танбеҳ бўлгай”.
Биз гулларни севамиз. Ҳовлимиздаги мўъжаз боғчага (ёки тўрт хонали уйимиздаги тувакларга) турфа гулларни экиб, парвариш қиламиз.  Қилган ишимиздан ўзимиз ҳам роҳатланамиз, анвойи гуллар гўзаллигидан меҳмонларимиз ҳам завқ оладилар. Инсоний фазилатлар ҳам гулзор чаманига ўхшайди. Вафо гули бу чаманда алоҳида чиройга эга. Бу чирой барчамизга жуда-жуда ярашиб туради.

 

 

 

Ўнинчи гурунг: Жондан ҳам қимматли

 

 

 

Вақти келганда баъзи нарсалар учун жонни фидо қилиш мумкин. Аммо номусни ҳеч нарсага фидо қилиш мумкин эмас. Чунки номус жондан ҳам қимматлидир. Сувнинг софлиги унга қиймат бергани каби, инсоннинг номуси ҳам унга қадр келтиради.
Куёв тўра, сиз Россия телевидениесини кўрасизми ё йўқми, билмайман, лекин уларда кўп бемаъни, ҳатто аҳмақона суҳбатлар бўлиб туради. Шулардан бирида (“Пусть говорят” – “Майли, гапиришсин”) “қиз боланинг  турмушга чиқишидан олдин номусли ҳолда бўлиши шартми?” деган мавзуда баҳс юритилди. Эътибор беряпсизми, баҳс юритилди. Чунки студияга тўпланганларнинг ярми “шарт эмас”, деган аҳмақона тўхтам тарафдорлари эдилар. “Аҳмақона” деб қўполлик қилишимиз боиси – агар қиз боланинг турмушга чиқишидан олдин номусли ҳолда бўлиши шарт бўлмаса, Аллоҳ уни бокира қилиб яратмас эди. 
Яна бошқа бир кўрсатувда хотинларни уриш масаласи кўрилаётганда “хотинлар номус билан яшасалар эрлар урмайдилар”, деган фикр ўртага ташланди. Кўрсатувни олиб бораётган хоним бу фикрга қарши чиққанида иштирокчилардан бири унга “қизингизни бокира ҳолида узатиш бахтидан қувонмайсизми?” деб сўради. Хоним “мен учун бу шарт эмас, мен учун қизим йигитни севса бас”, деди. Шунда баҳслашаётган йигит “бу кўрсатувда иштирок этишдан ҳазар қиламан”, деб чиқиб кетди. Қолганлар эса уни маломат қилишди.
Одобни номусдан, номусни эса одобдан ажратиб бўлмайди. Башарти, униси ҳам, буниси ҳам нурай бошласа ва емирилса,  кўркам оила биноси йиқилади, қадрсизланади ва энди нафратдан бўлак ҳеч бир туйғу уйғонмайди.
Нафратга лойиқ бу воқеани эслаш, айниқса баён қилишдан ўзим ҳам ғашланяпман. Чунки, Худога шукр, бизда бундай муаммо йўқ, бундай бемаъни баҳслар йўқ. Лекин афсуски, шу фикрдаги айрим одамлар топилади. Вақти келганда улар ҳам вайсаб қолишлари эҳтимоли борлиги учун огоҳлантириш мақсадида мавзуни шундан бошладим, айбга буюрмайсиз. Шоир Маъруф Жалил айтмоқчи:
Ота-она меҳрисиз ҳам яшамоқ мумкин,
                       Аммо мумкин эмас, номуссиз яшаш.
Номус инсон қалбидаги буткул эҳтиросларнинг энг кўрками бўлмиш севгининг жонидир. Ҳа, энг асл гўзаллик – номусда. Инсон ақлининг пойдевори ҳам номус. Номус туйғуси туғма бўлади. Шу учун халқда “номусингни болалигингдан бошлаб асра”, деган ҳикмат бор. “Қон билан кирган – жон билан чиқади”, деганларидек, номус ота-онадан ўтувчи фазилат. Ота-она покиза бўлса, фарзанд ҳам номусли ҳаёт йўлидан боради. Ота ёки она этагига номуссизлик балчиғи сачраган бўлса, унинг доғи фарзанд ҳаётида ҳам акс этади.
Номусни ўзига фан қилган бандасини Аллоҳ таоло қўллайди. Бунга мисол тариқасида бир ривоятни эслаймиз:
Бир тақводор кишининг иффатли ва ҳаёли хотини бор эди. Унинг исми Маъсума эди. Иттифоқо, у киши ҳаж ибодатига отланди. Ўз укасига: “Уйимдан хабардор бўл!” деб васият қилгач, сафарга жўнаб кетди. Бир неча муддат ўтгач, хотин ҳузурига эрининг укаси – қайниси келди ва эшик тирқишидан ичкарига мўралаб, унинг чиройини кўргач, кўнгли шайтоний йўлга мойил бўлди-ю ака-укалар орасидаги шарм-ҳаё ҳам ёдидан кўтарилди. Ичкарига кирди ва янгасига ўз ишқини изҳор қилди. (Шу ўринда хотин эрининг дўсти у ёқда турсин, қайин оғаси ёки қайин укаси ёки бошқа яқин қариндоши, хусусан, эрининг тоғаси ва амакиси билан ҳам уйда  ёлғиз қолиши мумкин эмаслигини эслатиб қўйишни лозим топдик.) Хотин номусли ва покдомон эди. Қайнисининг сўзларини эшитгач: “Эй беҳаё, уялмайсанми?! Эй беномус, ор қилмайсанми?! Бу сўзларингдан қайт, ҳожатингга мендан раво истама ва муродинг мендан ҳосил бўлмайди. Ҳаргиз зино қилиб номусимни барбод этмагайман ва ҳаётимнинг соф чашмасини бу жиноятнинг андуҳи билан ифлос қилмагайман”, деди. “Мен билан бирга бўл ва муродимни ҳосил қил! Агар рози бўлмасанг, жонингга қасд қилурман”, деди йигит. “Жондан кечсам-кечаман, аммо бундай гуноҳ йўлга қадам қўймайман”, деб жавоб берди хотин.
Йигит тўрт нафар ёлғон гувоҳни топиб, хотинни қози маҳкамасига олиб борди. Улар хотинни зино қилишда айблаб, ёлғон гувоҳлик бердилар. Қози уларга ишониб, хотинни ўлимга ҳукм қилди. Гуноҳсиз хотинни биёбонга олиб бориб, тошбўрон қилдилар. Аммо Аллоҳ таоло унинг жонини омон сақлади. Хотин ҳушидан кетиб йиқилди. Одамлар “ўлди” деб гумон қилишиб, хотинни ташлаб, изларига қайтдилар.
Хотин ҳушига келиб, оҳ чекиб, нола қилди. Шу яқиндан ўтиб кетаётган араб тошлар орасидан келаётган юракни эзувчи нолани эшитди. Хотиннинг ноласига тошлар ҳам эрирди. Араб хотиннинг аҳволига ачинди. Уни тошлар орасидан четга олиб чиқди-да ўзи билан олиб кетди. Маъсума тузалгач, унинг қадди-камоли аслига қайтди. Буни кўрган араб Маъсумани ўз никоҳига киритишга ҳаракат қилди. Маъсума арабга жавобан: “Менинг эрим бор”, деб ўз бошидан кечирганларни айтиб берди.
Араб художўй ва раҳмдил киши эди. Маъсумани “синглим” деб атаб, уни ўз ҳимоясига олди. Арабнинг бир хизматкори бор эди. Ниҳоятда бадкирдор ва ҳаёсиз эди. У Маъсумага ошиқ бўлди ва ўз аҳволини унга изҳор қилиб, ҳожатини раво қилишини жувондан талаб этар экан, “агар рози бўлмасанг, сендан ўч олурман”, деб қўрқитди.
Маъсума рад жавобини берди. Арабнинг ҳали ёшига етмаган ўғли бор эди. Араб фарзандини ниҳоятда ардоқлар ва севарди. Хизматкор шум ниятини амалга оширди: боланинг бошини кесиб, унинг қонидан Маъсуманинг кўйлаги этагига суртди ва қонли пичоқни унинг ёстиғи остига қўйди. Эртаси куни болани ўлик ҳолда кўрдилар. Маъсуманинг этагидаги қонга кўзлари тушди. Қонли пичоқни унинг ёстиғи остидан топдилар. Фарзанд доғига куйган араб ва ўзини қайғули қилиб кўрсатган хизматкор Маъсумани аёвсиз калтакладилар. Аёл ўлар ҳолга яқинлашганда Аллоҳ таолога муножот қилди: “Эй Худойим! Кўриб турибсан, гуноҳим йўқ, Ўзинг қўлла! Ўзинг билиб турибсан, додимга ет!!”
-Эй Маъсума, -деди араб,-менинг умидим юлдузини нима учун ўлдирдинг?
Маъсума “Мен ўлдирганим йўқ”, деб қасам ичди-да, хизматкор билан бўлган можарони сўзлаб берди. Араб унинг рост гапираётганига ишонди. Маъсумага тўрт юз дирҳам олтин бериб, “ўғлимнинг онаси фарзанди фироқида сенинг жонингга қасд қилмоғи муқаррар, уйимдан чиқиб кетганинг маъқул”, деди.
Маъсума тўрт юз дирҳамни олиб уйдан чиқди-да, боши оққан томон қараб кетди. Шаҳар четига етганида йўл устида қурилган дорга кўзи тушди. Дор атрофига оломон йиғилган эди. Маъсума улардан тўпланиш сабабини сўради.
-Шаҳар амирининг бир одати бор: агар кимда ким хирож тўламаса, уни дорга остиради. Дор остидаги йигит хирожни вақтида тўламабди, шунинг учун ҳозир жони олинади,-деб жавоб бердилар.
-Унинг қарзи қанча экан?-деб сўради Маъсума.
-Тўрт юз дирҳам,-дедилар.
“Менинг тўрт юз дирҳамим бор. Мусулмончилик йўлида  бу йигитнинг қарзини бериб, уни ўлимдан  ҳалос қилай. Менинг ризқимни Худонинг ўзи етказар”, деб олтинни бериб, йигитни дордан қутқазди.
Йигит жазодан қутилгач, ташаккур айтиш учун Маъсуманинг олдига келиб, унинг ҳусну жамолини кўрди-ю қалби ишқ дорига осилди. Маъсумадан висол талаб қилди. Маъсума рад жавобини берди. Аммо йигит унинг изидан эргашиб кетаверди. Ниҳоят дарё лабига етдилар. Маъсума кемага тушмоқчи бўлди. Бироқ, номард йигит: “Бу хотин  канизагим эди, мендан қочиб бу ерга келибди”, деб туҳмат қилди. Кеманинг эгаси савдогар эди. Йигитга ўн минг дирҳам санаб бериб,  Маъсумани сотиб олди. Кейин унга яқинлашмоқчи бўлди. Маъсума фарёд чекиб: “Мен чўри эмасман, озод кишиман, эрим бордир”, деди. Маъсуманинг фарёдини эшитган кемадагилар уни савдогар қўлидан қутқариб олдилар. Аммо унинг жамолини кўришгач, барчалари унга ошифта бўлиб, унинг билан бирга бўлишга қасд қилдилар. Маъсума нола қилиб Худога ёлборди. Марҳамат ва қудрат эгаси  Аллоҳ таоло кемага ўт юборди. Шум ниятлиларнинг барчалари халок бўлдилар. Кемада Маъсуманинг якка ўзи қолди. Қаттиқ шамол туриб, кемани дарё қирғоғига олиб борди. Маъсума яна бир балога гирифтор бўлмаслик учун эркакча кийиниб кемадан тушди-да шаҳар амирининг ҳузурига борди.
-Сизга бир ҳожатим бор,-деб унга мурожаат қилди.-Кемани сизга тортиқ қилурман. Ундаги барча мол ҳам сизгадир. Эвазига шу шаҳарнинг чеккасидан мен учун бир ҳужра бино қилдирсангиз, токи  бу ҳужрада Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлгайман.
Амир Маъсуманинг илтимосини бажо қилдирди. Маъсума ҳужрага жойлашиб, тоат-ибодатга берилди. Аллоҳ таолонинг бу суюкли бандасини дуоталаблар  зиёрат қила бошладилар. Покдомон, номусли хотиннинг дуолари ижобат бўла бошлади. Унинг дуолари туфайли Аллоҳ таоло дардмандларга шифо берди, ҳожатмандларнинг ҳожатини раво қилди.
Бу орада Маъсуманинг эри ҳаж ибодатидан эсон-омон қайтиб келди. Укаси унга хотини зинокорлиги учун қатл этилганини маълум қилди.
Шундан кейин туҳматчи ва беномус уканинг кўзи кўр бўлиб қолди. Табибларнинг муолажаси таъсир этмади. Шунда акаси шаҳар чеккасида дуоси ўткир зоҳид ҳақидаги хабарни эшитди. Укасини опичиб олди-да, ўша томон юрди. Уларнинг йўли бир маҳаллар Маъсумага яхшилик қилган арабнинг уйи ёнидан ўтарди. Бу кунга келиб арабнинг туҳматчи ва нопок хизматкори ҳам кўр  бўлиб қолган эди. Ака-уканинг мақсадини билиб, шифо илинжида уларга эргашди. Энди уларнинг йўли Маъсума дордан озод қилган йигитнинг қишлоғидан   ўтарди. Йигит ҳам кўр бўлган, қари онаси эса қаровсиз қолганди. Уларнинг мақсадини билиб, йигит ҳам эргашди.
Дуоталаблар шаҳар чеккасида макон тутган зоҳиднинг ҳужрасига яқинлашганларидаёқ Маъсума уларни таниди. “Эртага бомдоддан кейин шаҳар амири билан бирга келинглар, токи сизларни унинг ҳузурида дуо қилай”, деди Маъсума. Эртаси куни ҳамма йиғилгач, Маъсума деди:
-Агар бу дард балосидан халос бўлишни истасанглар, ҳар ким қандай ёмон иш қилган бўлса ростини сўзласин, гуноҳига иқрор бўлсин.
Эрининг укаси аввалига гапни чалғитди. Бу ҳолатида шифога умид йўқлигини билгач, гуноҳига иқрор бўлди. Хизматкор билан йигит ҳам жиноятларини бўйинларига олдилар. Бу бадбахтларнинг иқрорини амир ҳам, тўпланган аҳоли ҳам эшитди. Кек сақлаш иффат эгаси учун ҳусн эмас, шу боис Маъсума уларни дуо қилди. Астойдил қилинган тавбани Раҳмон ва Роҳийм Аллоҳ таоло  қабул этди,  уларга сиҳатлик берди. Шундан сўнг Маъсума ўзини танитди:
-Билингларки, бу ҳожим менинг эримдир. Мен эса туҳмат туфайли қатл қилинган Маъсумадирман. Мен кўп синовларга дуч келдим. Аллоҳ таоло тўғрилигим ва поклигим туфайли ҳамма балолардан асради.
Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳ таоло номус эгаларини ҳеч қачон хорлатиб қўймайди. Аксинча, киши номусига тажовуз қилганларни жазосиз қолдирмайди. Номус тушунчаси ғоят кенг, таъбир жоиз бўлса, “шохлаб” кетган. Лекин барчаси бир ўзак атрофида бирлашади. Бу ўзакнинг номи – нафс. Нафснинг балолик қудрати бор. Нафс – шайтоннинг энг ишончли қуроли. У алайҳилаъна одамнинг ёшига қарамайди, болага ҳам, ўсмирга ҳам, ёшу қарига ҳам тўхтовсиз ҳужум қилаверади. Ҳа, унинг ҳужуми тўхтовсиз давом этади. Демак, инсоннинг номус поклиги учун нафс балоси билан олишуви сўнгги нафасигача давом этади. Ҳеч ким “Мен комил иффат ёки номус эгасиман!” деб мақтана олмайди. Мақтангудай бўлса номуси комил эмас экан, чунки мақтаниш – шайтоннинг ғолиблигидан бир даракдир. Номусга доир тушунчаларнинг барчаси бир ўзак атрофига бирлашади, дедик. Барча тушунчаларнинг душмани ҳам бир – нафс қуроли билан ҳамла қилувчи шайтон. Айни чоқда номуснинг соқчиси ҳам бир – ақл!
Бир гапни афсус билан айтишим шарт: кейинги пайтда одам савдоси ҳақида, фоҳишалар ҳақида гапириляпти. Баъзилар буни иқтисодий қийинчилик билан  боғлашга уринишяпти. Бузуқликка иқтисодий камчилик сабаб  эмас,  балки маънавий қашшоқлик сабаб. Бу ривоятни ўқиганлар, фикримга қўшилишса керак, деб умид қиламан:
Бир обид ниҳоятда фақир яшар эди. Шундай бўлдики, уйда ейишга бир тишлам ҳам нон қолмади. Болалари очлик азобига чидаёлмай йиғлайвердилар. Очликдан обиднинг ҳам силласи қуриган эди. Ҳатто кўчага чиқиб тиланишга  қурби етмай қолди. Унинг ўрнига хотини чиқди. Бир кишидан нон тилаган эди, у ноинсоф “Эй нозанин, агар танингни менга бахш этсанг, сенга сўраганингни берурман”, деди. Бу талабдан ғазабга келган хотин вужуди титраган ҳолда уйига қайтди. Онанинг қуруқ қўл билан қайтганини кўрган болалар яна нола қила бошладилар. Фарзандларининг ўлар ҳолга келганига чидолмаган хотин яна кўчага чиқди. Яна тиланди. Унинг ҳуснига маҳлиё бўлган киши нафси талабини айтди. Хотин ундан юз ўгириб, яна бир одамга бориб тиланган эди, яна ўша беҳаё талабни эшитди. Бас, ночор хотин рози бўлди. Хилват жойга борганларида аъзои бадани титроқдан ларзага келди. У одам “Эй нозанин, нега титраяпсан?” деб сўради. “Бу гуноҳни қилмакка Худодан қўрқиб вужудим ларзага кирди”, деди хотин. Бу гапни эшитиб, у одамнинг виждони уйғонди. “Эй хотин, шунчалар фақир бўлсанг ҳам сен Аллоҳ таолодан қўрқяпсан. Бас, менга бу қадар неъматлар берган Аллоҳ таолодан менинг ҳам қўрқишим зарурдир”, деб гуноҳдан қайтди ва хотинга кўп неъматлар ҳадя этди.
Бу ривоятнинг бир неча хулосаси мавжуд. Бирида “у киши Худодан қўрқиб нафсини тийгани учун барча гуноҳлари кечирилган” дейилади. Яна бир хулосага кўра, бечора хотин унинг ҳаққига дуо қилиб: “Ё Аллоҳ, бу банданг нафсини тийиб қўлини баданимга етказмагани учун гуноҳларини кечир ва унинг қўлларини икки дунё оловларидан асра!” деб илтижо қилган экан. Дуо ижобат бўлиши натижасида у киши чўғни кафтига олса ҳам куймас экан...
Киши ўз номусини асрашга масъул бўлгани ҳолда ўзгалар номусига дахл қилишга ҳақсиздир. Ўзгалар номусига дахл ёки тажовуз қилиш дейилганда фақат қизларни зўрлашгина назарда тутилмайди. Ғийбат ёки туҳмат қилиш ҳам номусга тажовуз ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу хусусда марҳамат қилдилар: “Мусулмонга мусулмоннинг қони, моли ва номуси ҳаромдир”. Яъни: Мусулмон учун мусулмоннинг қонини тўкиши ёки молини ўзлаштириб олиши ҳаром бўлганидай (Аллоҳ таоло томонидан қатъий равишда таъқиқланганидай), унинг номусига тегиш ҳам ҳаромдир. Ғийбат тўри номусни ҳам ўз ичига олади. Номус жон ва молга қасд этиш қаторида зикр этилиши бежиз эмас. Анас (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Меърож кечаси бир тўда кишиларга дуч келдим. Тирноқлари билан юзларини тимдалардилар. “Эй Жаброил, кимлар булар?” деб сўрадим. Жаброил: “Булар – инсонларни ғийбат қилганлар, инсонларнинг ор-номусларига тил теккизганлар”, деди”. 
Номуснинг ор (уят) ва қадр тушунчаларига ҳам маънодошлиги бор. Шунинг учун “ор-номус” атамасини учратиб турамиз. “Ор-номус” кўпинча эр-йигитларга нисбатан қўлланилади. Оилани, Ватанни, дўстни... ҳимоя қилиш – эр-йигит учун ор-номус саналади. “Эр йигитга икки номус -  бир ўлим”, деган мақол бор. Бунинг маъноси - йигит ўз жони ҳузури учун номусини парчалайдиган бўлса, унинг учун ўлим афзалроқ, дегани.
Бедов от туёғидан тойиларми?
Мард йигит тўғри йўлдан қайриларми?
Номуси, орияти бор йигитлар
Ақча деб туққанидан айриларми?
Бу халқ қўшиғига изоҳнинг ҳожати йўқдир.
Ривоятда баён қилинишича, бир танбал илон  овга чиқишга эриниб, тирикчиликнинг осон йўлини излади. Макр-ҳийла йўли билан бўлса-да, қорин тўйғазишни ўйлади. Қурбақалари кўп бўлган кўл қирғоғига судралиб келиб, чўзилиб ётиб олди. Унинг бу аҳволидан ажаблаган бир қурбақа яқин келиб:
-Сенга нима бўлди? Нега шаштинг паст?-деб сўради.
-Дунёда мендан ҳам бахтсизроқ бир маҳлуқ бормикин?-деди илон афсус билан вишиллаб.-Шундай бир касалликка йўлиқдимки, энди қурбақаларнинг ўзлари оғзимга кирсалар ҳам юта олмайман.
Қурбақа бу янгиликни ўз подшоҳига етказди. Подшоҳ ҳам таажжубланиб, илонга яқин келди-да касаллиги сабабини сўради.
-Бир куни қурбақани тутмоқчи бўлиб қувладим. Қурбақа бир зоҳиднинг уйига кириб кетди. Изидан кирдим. Уй зимистон қоронғи эди. Зоҳиднинг ўғли ухлаб ётганини сезмабман. Қурбақани ютаман, деб унинг бармоғини тишлаб узиб олибман. Бола ўша заҳоти ўлди. Зоҳид эса мени лаънатлади: “Илоё, сен шундай бир касалликка йўлиққинки, қурбақалар подшоси  устингга миниб, гаштини сурадиган бўлсин. Қурбақалар подшосининг ўзи инъом қилмагунича қурбақа ютолмагин!” деб қарғади. Энди бу ерга зора подшоҳ  устимга минармикин, деган умидда келдим.
Қурбақалар подшоҳига бу гап маъқул келди. Ўзининг шундай бир шаън-шавкатга, шараф ва ҳурматга лойиқ бўлганлигидан шод бўлди ва илоннинг устига миниб олиб, керилганича сайрга жўнади. Бир оздан кейин илон тўхтади:
-Подшоҳим, омон бўлсинлар, сизни роҳатбаҳш сайр қилдиришим учун менга куч керак. Кучга киришим учун эса таом керак.
-Тўғри айтасан, ҳар куни сенга иккитадан қурбақа инъом этаман,-деди подшоҳ.
Илон ҳар куни иккитадан қурбақа еб кунини ўтказаверди. У иккита қурбақани ўзининг ор-номуси эвазига ютаётганини ўйлаб ҳам кўрмас эди...
Айрим ёшлар эҳтимол бизнинг бу суҳбатимизни ўқишни истамаслар. Шундай бўлса,  муҳтарам ота-оналар, гап мавриди келиб қолганда, шу ривоятни уларга айтиб беринг. Ҳар ҳолда эр номусини бой бериб қўйса, ҳар қандай хонадон ҳам иснодга қолиши аниқ.
Бирор кишининг камчилигидан сўз очилса, уни ҳимоя қилиш мақсадида: “Ҳа энди, Ойда ҳам доғ бор”, деб қўйилади. Ойнинг бизга кўринадиган томонида доғларни кўрамиз. Орқа томонида нималар бор, билмаймиз. Одамларнинг гуноҳлари ҳам шундай. Айрим гуноҳлари барчага равшан – кўриниб туради, айримлари эса пинҳоний. Икки киши орасидаги гуноҳларини ўзгалар билмайди, деб ўйлаб янглишадилар. Бу ўринда, англагандирсиз, номуснинг зидди бўлган номуссизлик, бошқачароқ айтсак, бузуқликни назарда тутяпмиз.
Бугунги кунда жамиятдаги жуда кўп гуноҳларнинг бошланиши, хусусан, бу гуноҳлар оқибатида бола-чақаларнинг хор-зор бўлиши фаҳш ишларнинг кенг тарғиб этилиши ва зинонинг - ношаръий жинсий муносабатларнинг кенг авж олгани оқибатидадир. Зино дунё ва охиратда  инсонни беномус, хору расво, аламли азобларга мубтало қилади. Ояту ҳадисларда бу ҳақда банда қатъий огоҳлантирилган: “Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқликдир - энг ёмон йўлдир” (Исро сурасидан). Диққат қилдингизми, оятда шунчаки “зино қилманглар” эмас, “зинога яқинлашманглар”, деб буюриляпти. Буйруқдаги қатъийлик бекорга эмас. Виждонли, номусли одам зинонинг кўчасига яқинлашмаслиги ҳам керак. Демак, зинога олиб борувчи барча нарсалардан узоқда бўлиши шарт.
Мазкур оятдан олдинги оятда Аллоҳ таоло  фақирликдан қўрқиб болаларини ўлдиришдан қайтаради. Зийраклик билан кузатсак, “Зинога яқинлашманглар”, “болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг” оятининг мантиқий давомига ўхшайди. Воқеан шундай. Қадимда араблар болаларини боқа олмасликдан, очликдан қўрқиб, гўдакларини тириклай кўмиб юборишар экан. Ҳозир ҳомиланинг бошланишида олдиришади ва бунинг номини “аборт” деб қўйишган. Онанинг саломатлигига хавф солинган дамларда абортнинг зарурлигини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин баъзи ҳолларда аборт бузуқликни яшириш учун амалга ошириладики, бу ҳол билан муроса қилиш мутлақо мумкин эмас. Жаҳоннинг кўп мамлакатларида бу қонун йўли билан таъқиқланган ва тўғри қилинган. Рус императори даврида аборт қатъий таъқиқланган. Ленин бу жиноятга рухсат берди. Аёлларни қулликдан қутқаришда, унинг телба фикрича, бу муҳим аҳамият касб этар экан. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Сталин абортни яна таъқиқлади. У фаҳш йўлини тўсиш учун эмас, балки урушда ўлганлар ўрнини тўлдириш учун туғилишни кўпайтиришни ўйлади. Орадан йиллар ўтиб, совет жамияти бу жиноятга яна йўл очиб берди. Ҳозир Россияда бир чақалоқ туғилса, икки одам ўлиб турганини биларсиз. Маълумотларга кўра,  у ерда кунда ярим миллион аборт қилинади. Демак, ярим миллион қотиллик! Бу дунёда жазо қўлланилмаётган жиноят!
Сибирда бўлиб ўтган воқеа бутун Россия аҳолисини ларзага солди. Ўттиз олти ёшли хотин ўн беш ёшли қизининг ҳомиладор бўлиб қолганидан ташвишга тушиб, иснодга қолмаслик учун уни врачларга кўрсатмайди. Қиз ваннахонада туғади. Она чақалоқ набирасини олиб чиқиб, совуқ балконга қўйиб ўлдиради... сўнг ўликни халтага ўраб музлатгичга солиб қўяди. Буни ваҳшийлик дейишди. Лекин ваҳшийлар бундай қилмайдилар. Ваҳшийликнинг ваҳшийлиги шундаки, ўлик бола музлатгичда икки йил ётган. Икки йилгача озиқ-овқатлари ўлик набираси ёнида сақланган. Хотиннинг ўйнаши чучвара қидириб, тасодифан ўлик болани кўриб қолмаса, Худо билади яна қанча ётардийкин? Бу ўринда фақат ваҳшийликка эмас, номуссизликнинг оқибатига диққат қилинишини истар эдик.
Европада, хусусан Россиядаги ёш  оилалар орасида бузуқликка доир аҳмоқликнинг янги бир кўриниши пайдо бўлган. Дам олгани чиққан икки “оила” хотинларини ўзаро алмаштириб, маишат қиладилар. Буни “ўйин” деб атаб, унга “свинка” деб ном берганлар. Шундай ном берилиши бежиз эмас. Жониворлар ичида фақт чўчқагина урғочисини рашк қилмайди...
Бузуқликни яшириш мақсадида қилинаётган абортларнинг жиноят эканини тан олувчилар кўп. Аммо бу ҳақиқатга қарши турувчилар сони ошиб боряпти. Чунки пашшалар ахлат устида озиқланганлари каби, ғафлат аҳли ҳам ўзларининг қўланса дунёсида бузғунчиликларини бахт, деб биладилар. АҚШнинг аввалги президенти Буш абортга қарши бўлгани учун унга норозилик билдириб, юз мингларча одамлар намойишга чиқдилар
 “Эр кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилиши”, деб таърифланган зинонинг гуноҳи кўпчиликка маълум бўлса-да, “Худо кечиради”, деган аҳмоқона умид билан баъзилар бу гуноҳдан ўзини тиёлмайди. Кундузи “зарур ишларим бор”, деган баҳонада кўчага чиққан эр кун бўйи бузуқ маишатини қилиб шом (ёки хуфтон) чоғи, хизматида хориб-чарчаган кўринишда уйига кириб келади. Алҳазар!! Маишатхонадаги ювиниши билан ўз назарида гўё поклангандай бўлади. Уйига бир арава ифлос ахлат кўтариб кирганини, наҳс босганини эса ўйламайди, қўрқмайди. Аксинча, болаларини қучиб, ўпиб, эркалайди. Хотини билан бир тўшакда ётади. Янада афсуслар бўлсинки,  айрим  аёллар ҳам шу ишни қилишади. Тирикчилик важҳидан танасини сотувчини “фоҳиша” деймиз, улардан нафратланамиз, улар эса бу ишларини касб ўрнида кўриб, уялишмайди ҳам, яширишмайди ҳам. Аммо эрли зинокор  аёлларни нима деймиз? Улар қандай лаънатга лойиқлар? Фаҳшга шўнғиган эр “хотиним билмасин”, деб эҳтиётини қилар. Фаҳшга шўнғиган хотин эса “эрим билиб қолмасин”, деб чўчийди. Аммо бу ғофил бандалар “Худо кўриб-билиб турибди-ку?!”- деб ўйлашмайди, қўрқишмайди-я! Кейинчалик, қариган чоқларида фарзандлари бемеҳрлик қилишганда эса нолиб юришади. Фарзанднинг бемеҳрлиги – жазонинг бошланиши. Жазо уларни дўзахда кутиб  турибди.
Ҳориж киноларидан билардик, айрим аёллар (ёки эрлар) жуфтининг хиёнатини фош этиш учун ёлланма изқувар (ҳуфя ёки детектив)га мурожаат этишарди. Ҳозир шунақа ҳолат бизда ҳам учраб турибди. Мана, шулардан бири:
Эр (ёки хотин) хиёнат қила бошлагач,тўшакдаги ҳолатида ўзгариш бўлади. Агар хотин (ёки эр) сезгир бўлса, буни тез фаҳмлайди. Биз айтмоқчи бўлган аёл шундайлардан экан, сезибди. Аввал эрини ўзи пойлаган. Айрим нарсаларни аниқлаган ҳам. Аммо жиноят устида қўлга тушмагани учун эр айбини бўйнига олмаган. Шунда аёл “детектив” ёллаган. Эр ўйнаши билан қаерда маишат қилаётганини аниқланган онда аёл у ерга фарзандларини бошлаб борган. Фарзандлари ёш болалар эмас, оилали. Ана энди аҳволни ўзингиз тасаввур қилинг! Оиланинг тақдири нима бўлади? Ота ва бола орасидаги муносабат бундан бу ёғига қандай бўлади? Хулоса чиқаришни, азизлар, ўзингизга ҳавола этамиз.
“Зинокор аёл ва зинокор эркак –икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва Охират Кунига имон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг бу ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат туйғулари тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар!” Нур сурасидаги мазкур оят “Тафсири ҳилол”да муҳтарам шайхимиз томонидан гўзал тарзда илмий асослар билан тушунтирилганки, уни олиб ўқисангиз кўп ибрат топажаксиз. Бизнинг суҳбатимизда илмийликка кўра оммабоплик устун тургани сабабли, тафсирни тўла келтирмай, қисқа баёнидан фойдаланамиз.
Ояти каримада зикр қилинган юз дарра уриш жазоси ҳали оила қурмаганлар учун тайин этилган. Яъни, никоҳда бўлмай, эр-хотинлик муносабатида бўлмаган кишилар зино қилсалар, юз дарра уриладилар.
Зино барча замонларда, барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разолат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналган. Инсонийлигини йўқотган жамиятларгина бу умумий қоидадан четга чиққанлар. Соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Чунки инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эр ва аёлнинг ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият шоҳид бўлган аҳду паймон асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслу-насаб поклиги ҳам, ота-болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди. Инсоният таназзулга юз тутади. Зино поклик ва олиймақомликни йўққа чиқарадиган амалдир. Шунинг учун ҳам ҳамма халқлар, ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар зинони қоралаганлар. Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай, жазога лойиқ иш деб ҳисоблаганлар. Масалан, қадимги мисрликлар эркакни таёқ билан қаттиқ калтаклашган, хотиннинг эса, бурнини кесишган. Ҳиндлар аёлни итларга егизишган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб, атрофидан олов ёқишган. Рим қонунлари бўйича қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Яҳудийларда эса ўлимга ҳукм этилган...
Табиати бузуқ, маънавий покликдан кўра шаҳватга кўпроқ интиладиган жамиятларда эса, зинони икки тоифага бўлиб қарашган: биринчиси – оддий зино, яъни эрсиз аёл билан жинсий алоқада бўлиш. Бу зинога эътиборсиз қарашган, жуда борса, жарима солиш билан чекланганлар. Бугун  “эрсиз хотинни қувонтириш савоб”, дейдиган аҳмоқлар “фатво”ни ўша бузуқ жамиятлардан олган бўлсалар ажаб эмас. Иккинчиси – эри бор хотин билан алоқа қилиш. Бу хилдаги зинони “турмуш ўртоғига хиёнат қилиш” деб аташади. “Хиёнат қилганларга” турли жазолар ҳам тайин этилган.
Ўлимидан сўнг “Қизил иблис” деб ном олган Лаврентий Берия фақат қонхўрлиги билан эмас, бузуқлиги билан ҳам тарихда қолган. Маълумотларга қараганда, унинг мингга яқин ўйнаши бўлган. Лекин расмий айблов ҳужжатларида олтмиш бир аёлнинг зўрлангани таъкидланган. Шулар ичида еттинчи синф ўқувчиси ҳам бўлган. Бу қизча ҳатто ундан ҳомиладор ҳам бўлган... Берия ўлдирилди. Лекин ундан оққан қон ифлосликларини юва олдимикин?
Бу ўтмиш. Бугун аҳвол қандай? АҚШ Президенти Клинтон бузуқлигини тан олиб, узр сўради. Исроилнинг собиқ президенти фаҳш ишларда айбланди, Италиянинг собиқ Бош вазири Берлусконининг маишатлари фош қилинди... Франция президентлигига номзод Америкада зинокорлиги учун маҳкамага  тортилди. У ердан бир амаллаб қутилиб келгач, бошқа бузуқликлари ҳам фош этилди.  Қани уларга жазо? Ким жазо беради?
Мавзуга қайтсак, масиҳийларда биринчи тоифа – “оддий зино”га жазо йўқ. Ҳозирги кундаги зинога оид қонунлар шу қоидаларга асосланган. Бу фалсафадаги мантиқсизликни, бемаъниликни қаранг-ки, икки тарафнинг розилиги билан бўлган зино жиноят ҳисобланмас эмиш. (Шу бузуқ фикрга асосланган “эркин муҳаббат” тарафдорларининг бузуқ оила қуришлари ҳақида  фикрлашган эдик.) Бугунги кунда зинонинг кенг тарқалиб, унинг касофати ҳаммаёқни босиб кетгани ҳам шундан.
Исломда  зино улкан жиноят ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу жиноят оила кўрган кишилар томонидан содир этилса,  тошбўрон қилиб ўлдирилганлар.
“Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар билмассизлар” (Нур сурасидан).
Ҳозир сўлим ерлардаги хонадонлар шаҳарликларни дам олишлари учун уйларига қўядилар. Шаҳарликлар баъзи ҳолларда фоҳишаларни бошлаб келадилар. Ҳовузда чўмиладилар... Хонадон пул учун ўзи яшайдиган гўшани ифлос фохишахонага айлантирганидан уялмайди. Бузуқлар кетишгач, пок бир оила дам олгани қўйилади. Улар, айниқса болалар, яқиндагина бузуқлар чўмилган ҳовузда чўмиладилар... Уйини фоҳишахонага айлантирган хонадонда тарбия топаётган болалар нимани ўрганишади? Қизлари-чи? Фарзандларига фаҳшдан топилган луқмани едириб, булар нимага эришадилар?
Йигитларнинг қизлар билан маишат қилишлари одат тусига кириб бораётганини афсус билан таъкидлаймиз. Ёз чилласида шундай “дўстлар давра”си  “дам олиш учун” тоққа чиқди. Улфатдагилардан бири машинасига ўтириб, қимиз олиб келгани кетди. Ҳадеганда қайтавермагач, ҳавотирланиб, изидан боришди. Қарашса, машина ағдарилган, ёниб ётибди. Йигитнинг қарийб ярми кўмирга айланиб бўлган. Ҳали ҳаёт аломати сезилиб турган танани ўтдан олиб, ерга ётқизишди. Жон талвасасидаги йигит “Олов!Олов!” деганича алаҳсирай бошлади. Кейин “Энди нима дейман унга! Нима дейман унга!” деб ҳайқирди. “Кимга?” деб ажабланиб сўрашди. Йигит: “Аллоҳга! Аллоҳга!” деди-ю, жон берди.
Бу воқеа баёнини эшитганда “Қани эди, бошқалар бир балога учрамай туриб “Унга нима дейман?!” деб яшасалар. Фаҳш сари қадам босганларида ўша машинада ёнаётган йигитни кўз олдиларига келтирсалар. Машинада ёниш – ҳолва, ҳали дўзахда ёниш бор...” деган фикр хаёлимизни ёритиб ўтди.
Агар шу йигитнинг ёки спиддан ўлим топган бошқа бир бузуқнинг яқинлари орасида “энди у дўзах азобларига гирифтор бўлади”, десангиз, балога қоласиз. “Нега ёмон ният қиласиз?” деб, сизга маломат тошларини отишади. Тўғри, марҳум ҳақида ёмон сўз айтилмайди, ёмон тилак ҳам тиланмайди. Дўзах азобини бериш ҳам Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. Лекин Аллоҳ таоло айтадики: “Эй Одам фарзанди, бирор гуноҳ ишга қўл урмасдан бурун ҳамиша бўлғувси жазо ва азобларимни эсла”. “Агар сен дўзахни ёмон кўрсанг, Парвардигоринг гуноҳ ишларни ёмон кўради. Бас, У ёмон кўрган ишларни қилма! Раббинг сени ўзинг ёмон кўрадиган жойдан асрайди”. “Қачонки сенга бирор мусибат ёки офат етса, қара: агар ўша мусибат сенга нопок ҳолда туранингда етган бўлса, демак, билгилки, бу офатнинг сабабчиси ўзингсан!” (Ҳадиси қудсийдан).
Бир одам спидга чалиниб ўлди. Оиласи уялиб, ўлимга бошқа хасталик сабаб, деб гап тарқатдилар. Одамлар ишонгандай бўлишди. Барча ишонди, ҳам дейлик. Бундан нима наф? Ахир уларнинг ўзлари то ўзларининг ўлимларига қадар бу иснод билан яшайдилар-ку? У одам бир неча дақиқалик роҳати учун оиласига шармандалик юкини мерос қилиб кетди... “Рўзғорига файз кирмоқни ақли расо ёр келтирар, ёрнинг ори бўлмаганда оилага зор келтирар”, деб шунга айтадилар-да.
Лут алайҳиссалом қавмларига офат юборилганини биламиз. Од, Самуд қавмига юборилган офатлар ҳақида Қуръони каримда ўқиганмиз. Афсуски, орамизда буларга ишонмайдиганлар ҳам борга ўхшайди. Хўп, ўтмиш офатларига ишонишмасин, бугунгиларига-чи? 2004 йил 26 декабр куни Тинч уммонида кўтарилган “Цунами” деб аталувчи даҳшатли тўлқин ҳам бу одамларга ибрат бўлмасмикин? Тасаввур этинг: қуёш чарақлаб турибди, момақалдироқ ҳам, ўтли чақмоғу кучли шамол ҳам йўқ. Миллиард-миллиард тонна оғирликдаги сувни бирданига чайқатиб, етти-саккиз қаватли уй баландлигида тўлқин ҳосил қилиб, неча чақирим йўл босиб қирғоқларни бостириш учун қанақанки қудрат керак? Бу офат ёпирилган қирғоқлар “курорт” дейиларди. Аммо аслида бузуқлик ошёнлари эди. Офатдан сўнг эълон қилинган маълумотлар айниқса аянчли: маҳаллий аҳоли ўн-ўн икки ёшли фарзандларини ҳам фаҳш учун сотар экан. Қандай қабоҳат!  “Педофилия” – гўдаклар билан жинсий алоқа қилиш Европада жазоланади. Шу боис бузуқлар Осиёдаги “курорт”ларга келиб, нафсларини қондириб кетарканлар. Дунёда “сексбизнес” деган тушунча ҳам пайдо бўлган. Маҳфий “сексбизнес” билан шуғулланмайдиган мамлакат кам бу дунёда. Таиланддаги офат чоғида  ота-онасини йўқотган ўн икки ёшли ўғил бола шифохонада ётган пайтида германиялик бир бузуқ уни ўғирлаб кетибди. Бундан ҳам ортиқ аблахлик бўладими?
Албатта, офат чоғи ўлганларнинг барчаси бузуқ бўлмагандир. Аммо улар бузуқликка қарши курашмаганлари, бефарқ бўлганлари учун ҳалок қилингандирлар? Бу бизга номаълум, Аллоҳ  таоло билади.
Бутун дунё офат зарарларини тугатишга ёрдам берди. Бу, албатта, яхши. Бироқ, биринчи навбатда одамларнинг уй-жойлари эмас, ўша “курортлар” тикланди. Инсоният офатни тўғри англамадими? Демак, Аллоҳ таолонинг янги ғазабини кутаверсинлар...
Педофилия ҳақида сўз айтдик. Бу жиноят гомосексуализмдан ҳам баттарроқ офат бўлди. Агар “педофиллар”ни “ҳайвон!” деб сўксангиз, жониворлар ранжиса керак. Чунки ҳайвонлар бунақа ифлосликни қилишмайди. Бир ойлик ғунажинга буқанинг сакраганини ҳали ҳеч ким кўрмаган.  Францияда олтмиш олти одам педофилияда айбланиб, суд жараёни бошланди. Улар зўрлаган болаларнинг ёшига диққат қилсангиз даҳшатга тушасиз: зўрланган болаларнинг энг каттаси ўн икки ёшда, энг кичиги... олти ойлик чақалоқ! Ишонмаяпсизми? Мен ҳам ишонмаган эдим.   “Евроньюс” телеканали тарқатган бу хабарни қайта-қайта эшитдим. Бу олтмиш олти аблах орасида ўз фарзандини зўрлаб роҳатлангани ҳам бор, фарзандини бир неча қути сигарет эвазига бегона тўшакка отганлар ҳам бор. Бу қабоҳат ҳақида ўзингиз бир нима денг. Мен сўз топа олмаяпман...
Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, тезда инсоният ва унинг маданияти, маънавияти ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиялашда, оила ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди.
Эр киши билан эр кишиинг никоҳланиши тарафдорлари Лут алайҳиссалом қиссаларини билмасмикинлар? Рим папаси Ғарб мамлакатлари раҳбарларига нома йўллаб, бу ҳаракатдан сақланишни талаб қилган. Аммо давлат раҳбарлари бир жинсдагиларнинг никоҳини чеклашни инсон ҳуқуқларининг топталиши, деб ҳисоблаганлар. Бу ҳаракатга (улар тилида “гомосексуализм” дейилади) қарши чора кўрмадилар, чекловчи қонунлар қабул қилмадилар. Аввалига бу ҳаракат уят ҳисобланарди, энди эса турли мамлакатларда очиқ намойишларга чиқишяпти (улар тилида “гейпарад” дейилади).  Савол туғилади: улар қанақа инсон ҳуқуқини назарда тутишяпти? Инсонга бундай қабиҳ ҳаракат учун ким ва қачон ҳуқуқ берган? Умуман, бузуқликда ҳуқуқ бўлиши мумкинми? Ҳар ҳолда Исломда бундай ҳуқуқ йўқ, аксинча, таъқиқ бор. Шуаро сурасида ўқиймиз: “Одамлар ичида эркакларга борасизларми? (яъни “эркаклар билан жинсий алоқа қиласизларми?”-дейдилар Лут алайҳиссалом) Ва Раббингиз сиз учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қиласизларми?! Йўқ!!! Сиз ҳаддан ошган қавмсиз (инсонлик чегарсидан чиққан қавмсиз)! Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг ёмғири қандоқ ҳам ёмон бўлди”. (Аллоҳ таоло уларнинг устига тошдан ёмғир ёғдириб, битта ҳам қўймай ҳалок этди. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабидаги баъзи фақихлар Лут алайҳиссалом қавми кирдикорини қилган баччавозларни тошбўрон қилиб ўлдириш керак, дейдилар).
Евроиттифоқнинг адлия ва хавфсизлик комиссарлиги лавозимига номзод, италиялик депутат Бутириони “бесоқолбозлик (гомосексуализм) гуноҳ, хотинлар ўз эрларидан бола туғишлари керак”, деган фикри учун қаттиқ танқид остига олинди, у инсон ҳуқуқларини топташ, чеклашда айбланди. Комиссарликка сайланишда жиддий қаршиликка учради ва сайланмади. Евроиттифоққа  аъзо бўлиб кирмоққа интилаётган Туркия эр-хотин орасидаги хиёнат учун қамоқ жазоси жорий қилиш ҳақида қонун лойиҳасини мамлакат Миллий мажлисига муҳокамасига қўйганда ҳам, ўз миллат вакиллари бу ёнда қолиб, Евроиттифоқ норозилигига, қаршилигига учради.
Рус православ черковининг олдинги раҳбари, Москва ва бутун Рус патриархи Алексий П Евроиттифоқ йиғинида диний масалалар хусусида фикр юритаётиб, инсон ҳуқуқлари ва маънавият бир-бирига зид қўйилмаслиги лозимлигини таъкид этиб, Европада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида маънавият парокандаликка учратилаётганига алоҳида эътибор қаратган эди. Православ черкови “гейпарад” ўтказишга қаршилигини билдирди. Бунинг гуноҳ эканини тасдиқловчи сўзлари Евроиттифоқнинг айрим депутатларига ёқмабди. Патриархни у нодонлар инсон ҳуқуқларига чанг солганликда айблашди. Ҳолбуки, Патриарх ўз сўзлари  эмас, Инжил сўзлари билан жавоб қайтарган эди. Гомосексуалистлар “Биз шундай туғилганмиз, шундай яшашга ҳаққимиз бор”, деб даъво қиладилар. Бекор айтибдилар! Улар бундай бузуқ ҳолда туғилишмаган!
Дарвоқе... “гейпарад”... “Парад” сўзини биз “намойиш” деб нотўғри ишлатамиз. “Намойиш” – “демонстрация”. “Парад” эса ғолибона, дабдабали юриш. Яъни, ғолибликни намойиш этиш. Хўш, инсоф юзасидан айтсинлар-чи, улар иймон устидан ғолибларми? Поклик тарафдорлари, иймон эгалари бутунлай мағлуб бўлдиларми? Бу юриш Ер юзида поклик бутунлай маҳв этилганига бир ишорами? Фашистлар ҳам фаолиятларини шундай ғолибона юришлар билан бошлаган эдилар!
Во дариғ! Қуддуси Шариф – мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган шаҳарда “гейпарад” уюштирилишига нима деймиз?! Ақлга сиғадиган нарсами?! 2006 йилда Исроил ҳукумати  кўчаларда намойишкорона юришга ижозат бермай, уларнинг иҳтиёрига стадионни топширган эди. Номи “жамоат  тартибини сақлаш”, аслида эса бузуқларни ҳимоя қилиш учун стадион полис томонидан қўриқланган, бу бузуқликдан нафратланган яҳудийларни бузуқлар маконига яқинлаштиришмаган эди. Кейинги йили бадбахтларга Қуддуси Шариф кўчаларида тантана қилиш ижозатини берганларнинг ўзлари ҳам “майдақадам” эмасмикинлар, деган фикрга борилиши табиий. Бу ҳолатда полисни айблаш нотўғри бўлур эди. Чунки улар буйруққа итоат этишади. Ажабки, полис аблахлар тинчини ҳимоя қиляпти. Наҳсга қарши чиққанларни эса тўқмоқ билан уряпти, ҳибсга оляпти. Аслида акси бўлиши керак эмасми?
Испанияда бир жинсдаги икки аҳмоқнинг қўшилувини “оила” деб атаганлари камлик қилиб, уларга бола асраб олишга ижозат берувчи қонун қабул этилди. Хўш, бу “оила”да “тарбия” олган боладан келажакда нималарни кутиш мумкин? Яна бир масала: бир жинсдан таркиб топган “оила”лар кўпаяверса, бола қаердан туғилади?
Эр киши билан эр киши, хотин билан хотин “никоҳи” ҳақида олдинги суҳбатларимизда фикрлашган эдик. Масала муҳим бўлгани учун яна мавзуга тўхталяпмиз, айбга буюрмайсиз.
“Киши номаҳрам аёл билан ёлғиз қолмасин, агар қолса, учинчиси шайтон бўлади”, дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Исломда ҳатто номаҳрамга қараб қўйиш ҳам ман этилганки, буни “кўз зиноси” дейдилар. Кўчадаги аёлга тасодифан қаралса, айби йўқ. Аммо иккинчи дафъа қаралса, айниқса, бу қарашда шаҳват ҳисси бўлса, гуноҳ ёзилади. Кўзлар ҳам зино қилади, қўллар ҳам. Кўз зиноси – номаҳрамга қараш билан. Қўл зиноси эса номаҳрам билан қўл бериб саломлашиш орқали ҳам юзага келади. Ҳазрати Усмон (р.а.) ҳузурларига бир киши кириб келганда у зот: “Сенинг кўзларингда зино изларини кўряпман”, деганларида у киши қўрқиб кетади. Чунки йўлда кетаётиб бир уйнинг чала ёпиқ эшигидан қараганида очиқ-сочиқ ювинаётган аёлни кўрган экан...
Бир иймон эгаси вафот этганда яқин таниши “Раҳматли бизникига келганларида эшикни тақиллатардилар-у, то ичкаридан эр овозини эшитмагунларича тутқични тортиб турардилар. Мабодо аёл киши “Ким?” деб овоз берса, тутқични қўйиб юбормай, гапларини айтиб кетардилар”, деди. Бу баъзиларга оддий гап бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, бизнингча, бу одобда иймон қудрати бор.
Ҳазрати шайх Утбат ул-Ғуломни  вафотларидан сўнг улуғлардан бири тушида кўрди. Қарасаки, шайх ҳазратлари юзларининг бир ёни суяк-қобурға бўлиб қолган эди. “не сабабдан бундай бўлдингиз?” деб сўрадилар. Жавоб бердилар: “Устозимнинг ҳузурларига борган эдим. Бир чиройли ўғлон чиқди. Бир мартагина боққан эдим. Вафот вақти келганда Ҳақ таоло мени жаннатга буюрди. Йўлимда дўзах бор эди. Бир илон чиқиб келди. Ўзини устимга отди. Бир юзимга урди ва айтди: “Бир марта боққанга бир марта урмоқдир. Агар яна бир марта боқсанг эдинг, чақиб олардим”.
Ҳазрати шайх Самадоний Боязид Бистомий  дедилар: “Ҳар кимнинг кўнглида шаҳват кўп бўлса, ложарам уни лаънат кафанига ўрагайлару надомат туфроғига дафн қилгайлар. Ҳар ким шаҳват нафсини ўлдирса, ложарам уни раҳмат кафанига ўраб, саломат туфроғига дафн айлагайлар”. Ё Аллоҳ,бизларга саломат тупроғини насиб эт!
Умар ибн Ҳаттоб (р.а.) замонларида  намозини доимо масжидда жамоат билан ўқийдиган бир йигит бор эди. Ҳазрати Умар у йигитни тақвоси учун жуда яхши кўрардилар. Йигит ҳар хуфтон намозидан сўнг қари отасини зиёрат қилар эди.
Йўл бўйидаги уйлардан бирида яшовчи хотин бу йигитга ошиқ эди. У ҳар куни йигит йўлини пойлаб, уни ўзига оғдиришга уринарди. Ниҳоят, бир сафар йигит ўзини бошқара олмай, аёлнинг ортидан эргашди. Бироқ, остонани босиб ўтар экан, Аллоҳ таолони эслаб, ҳушёр тортди ва Аъроф сурасидаги: “Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирор васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, тўғри йўлни кўра бошлайдилар” мазмунли ояти каримани ўқиди-ю, ҳушсиз йиқилди. Аёл дарҳол жориясини чақирди. Икковлари йигитни кўтаришиб, отанинг уйига элтдилар ва эшикни тақиллатдилар. Эшикни очган ота беҳуш ётган ўғлини кўрди. Уни ичкарига олдилар. Йигит ярим тунда ўзига келди.
-Ўғлим, сенга нима бўлди?-сўради ота. Йигит бўлган воқеани сўзлагач, “ўғлим, қайси оятни ўқидинг?”- деб яна сўради. Йигит мазкур оятни такрор ўқигач, яна ҳушидан кетди. Сўнг жон таслим қилди. У дафн этилгач, Ҳазрат Умарга хабар етказдилар. Ҳазрат Умар келиб, йигитнинг отасига таъзия изҳор этгач, “Нега мени чақирмадингиз?”-деб сўради.
-Эй мўминлар амири, вақт алламаҳал бўлиб қолган эди, сизни безовта қилгимиз келмади,-деди ота.
-Ундай бўлса юринг, қабр бошига борайлик,-дедилар халифа.
Икковлон у ерга етгач, “Эй фалончи!”-деб йигитнинг отини айтиб чақирдилар ва: “Парвардигори ҳузурида туришдан (яъни, Парвардигор олдида туриб ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир” (Раҳмон сурасидан) мазмунли оятни ўқидилар.
Иттифоқо, қабрдан йигитнинг овози эшитилди:
-Эй Умар! Сиз эслатган икки жаннатни Раббим менга икки бора инъом қилди!..
Жинсият мавзусида Бақара сурасидаги бир ояти карима ғоят ибратлидир: “Улар (аёлларингиз) сизлар учун бир либосдир, сиз ҳам улар учун бир либосдирсизлар”.
Либос, яъни кийим... Эр ва хотин бир-бирини ҳимоя қилувчи либос. Бир-бирини ёмон йўллардан асрайдиган тўсиқ... Бу қисқа дунё ҳаётида номус имтиҳонини топширишлари учун ҳар икки тараф бир-бирига неъматдир. Бошқаларнинг номусига кўз олайтирмаслик учун катта бир боғланиш... Таъкидки, никоҳ – номус хусусида ҳар икки тарафнинг бир-бирига қилган аҳду-паймонидир. Яъни оилавий масалада хотинни эрга омонат қилган ва рўзғорни бошқариш юкини эрнинг зиммасига юклаган бир шартномадир. Ҳозир эса ёшларнинг онгига бу ҳақиқатларни “қолоқлик” деб сингдиришга ҳаракат қилаётган, манбаи ташқарида бўлган баъзи мафкура, жамият ва гуруҳлар бор. Уларнинг тузоғига тушмаслик, ноғорасига ўйнамаслик учун ғоят диққатли ва сергак бўлиш керак. Акс ҳолда, ҳаётнинг асл ғояси икки жинс ўртасидаги ношаръий муносабатлардан иборат, деб тушунувчи ёшларнинг сони янада кўпайиб кетиши хавфи бор. Бу эса уларнинг охират ҳаётларини барбод қилиши билан бирга мамлакат тараққиётига ҳам катта зарар етказиши шубҳасиздир.
Аввалроқ айтганимиздек, ёшлар турмуш қурадилару никоҳнинг моҳиятини, масъулиятини яхши англамайдилар. Англамайдиларми, демак, унинг муқаддаслигини ҳис қила олмайдилар. Тилга олганимиз, Ғарбдаги “эркин муҳаббат”, қўполроқ айтилганда “эркин жинсий ҳаёт” ғоясига қарши биз нимани қарши қўя оламиз? Никоҳ ўкиётган домла ёки никоҳни расмий рўйхатдан ўтказувчи идора ходими икки ёшга зино ва унинг оқибати ҳақида ҳеч гапирадими? Йўқ!
Кўз зиноси, қулоқ зиноси... деган тушунчаларни ёшларга ким ўргатади? Радио ёки телевизорда беҳаё ашулаларни тинмай айлантиришади: бири “Тегаман!” деб ҳайқиради, бири “ачом-ачом қиласизу аммо, хиёнат ҳам қилиб турасиз”, деб нозланади. Яна бири: “Бировнинг ёрини олдим омонат”, деб мақтанади в.ҳ.к. Ғарб қўшиқлари-чи? Булардан беш баттар! Кўп ота-оналар чет тилларни билмайдилар, аммо қўшиқларни берилиб тинглаётган ёшлар маъносини яхши англайдилар. Чет қўшиқларда беҳаёлик ва аҳмоқликни таърифлашга сўз ожиз! Мана шулар бугунги тарбиямиз! Яна эротик тарбия деган балолар ҳам бор...
Бу манзараларни кўриб ичимизни маъюслик қопламайдими? “Сен ҳам одамсан-ку! Шу ахлоқсизлик тўфонини тўхтатиш сенинг зиммангда йўқми? Шуларни кўра-била туриб хотиржам виждон билан яшаяпсанми?!” деб ҳайқирмайдими иймонимиз?
Кўз зиносини яхши тушунмаганларнинг Сўфи Оллоҳёр сўзларига эътибор беришларини истар эдик:
                    Кел, эй мўмин агар тарсанда бўлсанг,
                    Кўзингни сақлағил ҳар қанда бўлсанг.
Дейилмоқчики, эй мусулмон, кўнгил бериб ваъзу насиҳатни эшит. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқсанг, кўзингни бегона хотинлардан сақлаб, уларга қарамагил.
                    Қавий бўлсин ҳамиша нуқтайи чашм,
                    Мабодо қолмағай боло тушиб хашм.
Дейилмоқчики, кўзингнинг нуқтаси маҳкам бўлмай, тушиб хашм бўлиб қолмасин. Бу ўринда “чашм” ва “хашм” сўзларида ўйин бор. Байтнинг маъноси эса бундай: кўз қорачуғинг кучли бўлсин, яъни номаҳрам аёлга қарамасин. Йўқса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келур.
                    Назар қилғунча, э нафси маъйуб,
                    Тушуб кўз нуқтаси кўр бўлғани хўб.
Бу байтда ҳам “кўз” ва “кўр” сўзларининг ўйини бор. Маъноси – номаҳрам хотинга қараган кўзнинг кўр бўлгани яхши.
Ҳазрати Сўфи бу масалага кўп ўрин ажратганлар. Биз “Саботул ожизин”га шарҳ ёзган Тожуддин Ёлчиқулнинг насрий баёнидан фойдаланишни маъқул кўрдик:
“Назаринг ҳамиша оёқ остида бўлса, саодатли бўларсан. Аммо номаҳрам аёлларга кўз қаратсанг, Қиёмат Кунида ўкинчда қоларсан. Кўз қонли бўлса ҳам, номаҳрамларга қарамаса, бу кўз ҳақиқий кўздир. Бундай кўз хатарли ерга, яъни номаҳрамларга қараган соғ кўздан яхшидир. Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб номаҳрамларга боқмайдиган кўз қандай яхшидир! Аммо шундай бўлмаса, кўзнинг косасидан чиққани дуруст. Шундай экан, номаҳрамлардан кўзингни юм, эй Аллоҳ таолодан қўрқувчи инсоннинг фарзанди! Имоми Аъзам ҳазратлари   юмганлари каби юм. Абу Ҳанифа (р.а.)  ҳазратлари кўркам йигитларга кўзлари  тушмаслиги учун уларни орқаларига ўтирғизиб сабоқ берар эмишлар. Сен юрагим тоза бўлгани учун номаҳрамларга қарасам зиёни йўқ, деб лоф урма. Чунки имоми Аъзам  каби эмассан. Зеро, ул зот шундайин сўфийликлари билан йигитларга суқланиб қарашдан сақланганлар. Инсоф юзасидан айтганда, сен қанчалар собир ва сўфий бўлсанг-да, унингдек эмассан. Сен номаҳрамлар юзига қарамоғингни қўймас экансан ва қарашда давом этаркансан, билгилки, шайтон сабрингни узиб, ихтиёринг жиловини қўлига олиб, ўзингни зинога бошлар.
Бас, шундай экан, эй инсонлар, наҳот гуноҳ нарсаларга қарайсиз?! Зероки, номаҳрамларнинг юзлари нақадар гўзал бўлса-да, улардан қанчалар лаззат олинса-да, буларнинг бари фонийдир. Шундай экан, нима учун жонингизга зулм қилиб, ўзингизни ўзингиз жаҳаннам ўтига соласизлар?
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали биз, мўминларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтариб, дейди: “(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан тикишдан) тўссинлар ва авратларини ҳаромдан сақласинлар! Мана шу улар учун энг пок йўлдир” (Нур сурасидан). Бу амр аёллар учун алоҳида таъкид этилади: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини номаҳрам эрларга тикишдан тўссинлар ва авратларини ҳаромдан сақласинлар”. Маълумингизки, кўп ҳолларда Аллоҳ таоло бандаларига умумий тарзда “Эй иймон келтирганлар”, тарзида хитоб қилади. Бу ўринда аёлларга алоҳида амр этилиши бу масаланинг нақадар муҳимлигига далолатдир. Бу қайтариқда қалб тозалиги, нафс софлиги, ният холислиги, амал мақбуллиги мавжуд.
Кўзни ҳаромдан тийиш дегани эр киши аёлнинг қорасини, аёл эрнинг қорасини кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари назар ташламасин, бир номаҳрамга кўзи тушса, назарини дарҳол бошқа томонга олсин, тикилиб қолмасин, деганидир. Чунки бегона аёлга назарнинг давомий бўлиши шаҳвоний ҳисларни уйғотади.
Набий алайҳиссалом: “Одамлар ўтадиган йўлда ўтирманглар”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, ахир биз у ерда суҳбатлашиб ўтирамиз-ку?” дейишди. “Унда йўлнинг ҳақини бериб ўтиринглар”, дедилар. “Йўлнинг ҳақи нима?” деб сўрашганида “Кўзни бегона аёлларга қарашдан тийиш, бировга озор бермаслик, саломга алик олиш ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир”, дедилар.
Демак, йўлда ўтирган одам энг аввал югурик кўзини номаҳрамларга тикишдан тиймоғи лозим. Энди, агар кўз беихтиёр ҳаром нарсага тушиб қолса-чи? Бу ҳақда шарафли ҳадисда дейиладики: “Эй Али, бир қарашга иккинчи қарашни эргаштирма! Зеро, биринчиси сенга фойда, иккинчиси сенга зиён (яъни гуноҳ)”. Тасодифий нигоҳда гуноҳ йўқ экан. Йигит уйланмоқчи бўлган қизга қараши мумкин. Муғира ибн Шўъба (р.а.) бир қизга уйланмоқчи бўлганларида Рисолатпаноҳ (с.а.в.) “Қизни кўрдингми?” деб сўрадилар. У зот “йўқ”, деб жавоб берганларида. “Уни кўр”,- дедилар.
Динимизда номаҳрам эр-аёлни бир-бирига қарашдан қайтарилибгина қолмай, бу амрга бўйсунганларга савоб ва мукофотлар ҳам ваъда қилинган. Ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Номаҳрам аёлга қараш шайтоннинг заҳарли ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у назарни тарк этса, эвазига шундай имон бераманки, унинг ҳаловатини, албатта, қалбида топади”. Ҳаромдан тийилган назар учун берилажак энг катта неъмат, шубҳасиз, Қиёматда бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Ҳар бир кўз Қиёмат куни, албатта, йиғлайди. Фақат Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан бурилган кўз, Аллоҳ таоло йўлида тунлари бедор бўлган кўз ва Аллоҳ таолодан қўрқиб, пашшанинг бошидек ёш тўккан кўз йиғламайди”.
Кўзни ҳаромдан тийишда Расулуллоҳ (с.а.в.) биз учун энг яхши намунадирлар. Ул зот чимилдиқдаги келиндан ҳам ҳаёлироқ эдилар, бировнинг юзига тикилиб турмасдилар...
Беихтиёр кўзингга номаҳрамнинг юзи тушса, зинҳор, унинг юзига иккинчи бор қарама. Биринчи қараганинг ихтиёрсиз бўлгани учун гуноҳдан эмас. Агар яна билиб қарасанг, унда гуноҳга ботарсан. Чунки иккинчи қарамоқда шаҳват хатари бордир. Мўътабар китоб “Ниҳойа”да дейилмишки, кимки бир номаҳрам хотиннинг юзига шаҳват тариқи билан қараса, қарагувчининг кўзига эриган қўрғошин қуярлар. “Ширъатул ислом” китобининг соҳиби ёзмишки, ҳар кишики, номаҳрам хотин билан сўз ўйнашса, у киши айтган ҳар сўзи учун минг йилгача дўзахда қолади. Яна ўша китобда битилдики, номаҳрам билан зино қилинса, зинокорлар Қиёмат куни  одил ҳукм қилиниб шайтон билан занжирбанд этилиб, дўзахга ташланарлар. Шайтони лаъинки, ўта душмандир. Бояги зиночи ўша шайтон билан бирга дўзахга кирар.
“Фатавойи хулоса”, “Хизонатул фатаво” ва “Шарҳи аврод” китобларида бундай ёзилган: бир ёш хотин номаҳрам бўлса, унга салом бермоқ ҳаромдир. Ўша ёш хотин салом берса, унга жавоби салом қилмоқ ҳаромдир. Чунки у ёш хотиннинг овози авратдир. Шунинг учун эшиттириб айтган сўзи ҳаром бўлади. Демак, ул ёш хотиннинг  овози аврат бўлса, у билан сўзлашмоқлик раво кўрилмас. Хуллас, эй одамлар, Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқсангиз, номаҳрам хотинлар томон қарашдан сақланинглар, номаҳрамларга кўз қаратманглар. Номаҳрам аёл сари қарагандан кўра, шу кўзларингга ниш санчганлари яхшидир. Бу дунёнинг даврони бир замон келиб ўтар, аммо Қиёмат давронидан омон қолмоқ йўқдир. Чунки, Қиёмат куни жуда шиддатли бўлади. Гуноҳи бор кишининг боши қуйи бўлади. Қиёматда баъзи кишилар юзларини қора қилгудек гуноҳларини яширмоқ истасалар, қўл ва оёқлари гуноҳларидан хабар берурлар. Зероки, ул Кунда Аллоҳ таоло оғизларга муҳр урар. Сўзлаша олмаслар. Гувоҳликни қўлу оёқлари қилурлар. Қиёмат Кунида барча аъзоларинг бизларни нима учун ҳаромга ишлатдинг, дея даъво қилурлар ва ота-онанг гуноҳларингни айтиб, халқ олдида шарманда қилурлар. Ўша Кунда бутун жисминг гуноҳларинг хусусида беҳисоб даъволар қилади. Шунда сен пушаймон бўларсан. Аммо бу пушаймонлардан фойда бўлмас. Чунки ўкинч ери бу дунёдир, охират ери эмас.
Сўфи Оллоҳёрнинг бу ҳикматларини бир ўқигач, фикр қилиб, яна қайта-қайта ўқилса фойдалидир. Ўқиб, амал қилинса оқибат янада хайрли бўлар.
 Кейинги йилларда “Одам савдоси” деб аталган жиноят  тури юзага келди. Яъни, қулликнинг янги кўриниши яратилди. Бунда эрлар қул каби ишлатилса, қиз-жувонлар фоҳишаликка тортиладилар. Ҳорижга бориб фоҳишалик қилиб келганлар афсусланиб “мени алдаб олиб кетишди”, дейишяпти, ўзларини оқлашяпти. Бунга кўпам ишонмайман. Ахир улар конфет бериб қўлларидан етакласа, индамай кетаверадиган кичкина қизалоқ эмас-ку! Миллат номини булғаётганлари учун мен бундайлардан нафратланаман! Шунақа фоҳишалардан бири Москва телевидениесида Инжилдан мисол қилиб гапириб: “Сен ўзингни ўзинг кечира олсанг, Парвардигор ҳам кечиради”, дейди. Во, ажаб! Булар Инжилни ҳам билишади-я!!
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти маълумотига кўра, МДҲ, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидан Ғарбий Европа ва АҚШга бир йилда бир миллионга яқин қиз-жувонлар “экспорт” қилинар экан. Италиялик эксперт Гианпиэро Кофано ўз мамлакатидаги фоҳишабозлик муаммосини таҳлил қила туриб, дейди: “Мен бир сиёсатчидан нега мамлакатдаги ноқонуний инсон савдоларига қарши дастур билан чиқмайсиз?”-деб сўрадим. У эса: “Ҳозир Италияда ўн миллионга яқин эр ҳорижлик фоҳишалар хизматидан фойдаланади. Мен сайловларда ўн миллион овозни ўзимга қарши қўйишни истамайман”,-деб жавоб берди”. Бу ҳолатга изоҳнинг ҳожати йўқдир?
Бир йигит фоҳиша билан савдолаша туриб: “Яқинда уйланаман, шунгача ўзимни синаб олай (аниқроғи: “Практика”)”, дебди. Қаранг, никоҳнинг муқаддас чимилдиғига пок ҳолда кирмай, бузуқлик балчиғига беланиб киришни унга ким ўргатди экан?! Эҳтимол, кўп ёшларимиз Нур сурасидаги бу ояти каримани билмаслар: “Зинокор эр фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эр никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир”. Азизлар, буни билмаган ёшларга албатта билдириб қўйинг. Мазкур оятга кўра, “практика” қилган йигит зинокордир ва унга ўзи каби бузуқ аёл мосдир. Агар Европага қарасак, мазкур оятнинг амалдаги кўринишига гувоҳ бўламиз. У томонларда бокира қиз билан покиза йигитнинг никоҳи камёб ҳодиса бўлиб қолган. Куёв ва келин никоҳга қадар зино қилганлар ва бу жиҳатдан бир-бирларига мос.
Саодат асрида Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоб ила суҳбатда эдилар. Бир йигит кириб келиб, одобсизлик билан:
-Ё Расулаллоҳ, мен фалончи аёл билан яқинлашмоқчиман, у билан зино қилмоқ истайман,-деди.
Асҳоби киром бу муомаладан ранжидилар. Улар орасида ғазабланганлар, ҳаёсиз йигитни уриб-суриб Пайғамбаримиз ҳузурларидан чиқариб ташлашни қасд қилганлар ҳам бўлди. Баъзилари эса дўқ қилдилар. Суюкли Пайғамбаримиз ғазабдагиларни тийдилар, “Йигитга тегманг, бери келсин”, дедилар. Йигит яқин келиб, тиз чўкиб ўтирди. Пайғамбаримиз унинг тиззасига ўзларининг муборак тиззаларини теккизиб ўтирдилар ва дедилар:
-Йигит, бировнинг онанг ила бундай ёмон иш қилишини истайсанми? Бу жирканч ҳаракат сенга хуш келадими?
Йигит шиддат билан: “Йўқ, Расулаллоҳ!” деб хитоб қилди.
Яна дедилар:
-Ундай бўлса, бу жирканч ишни қилганинг аёлнинг авлодлари, яқинлари ҳам бундан қувонмайдилар. Агар бу хунук ишни сенинг онанг, синглингга қилсалар яхшими? Ёки холанг, амманг ёки қариндошларингдан бири ила шу ишни истасалар яхши кўрасанми?
Бу саволдан сўнг йигит ўрнидан сапчиб туриб кетиб: “Йўқ!”-деб бақириб юборди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:
-Бошқа одамлар ҳам бу ишдан хурсанд бўлмайдилар ва ҳеч бири буни яхши кўрмайди. Айт, синглингга шундай қилсалар суюнасанми?
-Йўқ, асло!
Шундан кейин ҳазрат Пайғамбаримиз муборак қўлларини йигитнинг кўкрагига қўйиб бундай дуо қилдилар:
-Аллоҳим! Сен бу йигитнинг қалбини покиза қил. Номуси ва шарафини муҳофаза айла ва гуноҳларини кечир.
Йигит Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларидан қувонган ҳолда чиқди.
Қаранг, азизлар, Расуллулоҳнинг бу иршодларида бизлар учун қандай гўзал мисол бор! Расулуллоҳ яна: “Хотинларингизнинг номусли бўлишини истасангиз, бошқаларнинг хотинларига ёмон кўз билан боқмангиз”, деб амр этганлар. Бировнинг номусини қадрламаган кимсада номус йўқдир. Номусли одам бошқаларнинг номусини ҳам муқаддас деб билади. Ҳеч кимсанинг номусига ёмон кўз билан олайиб қарамаслик керак. Ақлли одам бўлмоқ лозим. Номуссизлик инсон ақлини йўқотади. Инсонни тўғри йўлдан адаштиради.
“Кўп ҳолларда инсон шаҳватга бўйин эгади. Ақл ўз идорасини унга топширади. Натижада, шаҳват қутуриб, бузуқликларга бошлайди. Риёзат билан шаҳватни мўътадилликка ўргатиш мумкин”. Ғаззолий ҳазратларининг бу фикрларини кўп олимлар маъқуллайдилар. Инсоннинг адашишига ундаги шаҳват ўтини сабаб қилиб кўрсатадиларки, бу масалани четлаб ўтсак бўлмас. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Сиздан энг хавотирланиб қўрққан нарсам – қоринларингиздан ва белингиздан қуйида бўладиган шаҳват ва фитналардир”.
“Мен сизларнинг аёллар фитнасига учишингиздан кўпроқ ҳавотирдаман,- дедилар Муоз ибн Жабал (р.а.). - Улар олтин ва кумуш билакузуклар тақиб, Шом ва Яманнинг юпқа, безаквор куйлакларини кийиб, бойни чарчатиб қўюрлар, камбағални эса тополмаган нарсаларини топишга мажбур этурлар”.
Абу Яҳё Варроқ дебдиларки: “Кимки аъзоларини шаҳватлар билан тўлдирса, билсинки, қалбига афсус ва надомат уруғини эккан бўлади”. Чунки энг ёмон қуллик – шаҳват қуллигидир. “Нон бўлатуриб, яна қўшимча егуликларни исташ шаҳватдир,-дейдилар Ваҳиб ибн Вард.-Кимки дунё шаҳватларини севса, хорликка ҳозирлигини кўраверсин”. “Жаннатга муштоқ киши бу дунёда шаҳватларини унутади”, дейдилар ҳазрати Али ибн Абу Толиб (р.а.).
Иброҳим Хавос бундай ҳикоя қиладилар:
“Бир куни Луком тоғида ҳосилга кирган анорларни кўриб қолдим. Егим келиб, биттасини уздим. Ёриб қарасам, анор ҳали хом экан, ташлаб юбордим. Шунда чеккароқда оч ва юпун ҳолда ётган, устида пашшаю арилар ғужғон ўйнаётган бир одамга кўзим тушиб, салом бердим. “Ва алайкум ассалом, эй Иброҳим”,-деди у.
-Мени қаердан танийсан?-деб сўрадим.
-Улуғ ва қудратли Зотни таниган одамга ҳеч нарсадан хавф йўқ,-деб жавоб берди.
-Сенда улуғ ва қудратли Зотга суюкли бир ҳолни кўряпман. Аллоҳ таоло сени арилардан ҳимоя қилишини нега сўрамаяпсан?
-Мен ҳам сенда Аллоҳ таолога суюкли бир ҳолни кўряпман. Нега Аллоҳ таолодан анорга бўлган шаҳватдан сени тийишни сўрамадинг? Ахир, анорнинг “чақиши” арининг нишидан шиддатлироқ-ку! Негаки, арининг чақишидан етган оғриқ бу дунёда тугайди, анорники эса охиратда ҳам давом этади,-деди у”.
“Шаҳват” дейилганда фақат жинсий муносабатга алоқадор тушунчалар эмас, балки дунёга боғлиқ барча истак ва иштаҳалар назарда тутилади. Сўз кўпроқ кадхудолик (уйланганлик, уй-рўзғор эгаси) рағбати, жинсий алоқага рағбат  маъносида ишлатилади. “Шаҳвати нафсоний” – “нафс шаҳвати” демакдир. “Шаҳватпараст – нафсға зердаст”, дейдилар Навоий ҳазратлари. Байт:
                     Ғазабда сабуъ (ваҳший), шаҳват ичра баҳим (ҳайвон),
                    Агарчи эрур одамизода шайх.
Кўзлар фақат гўзал нарсаларга назар ташлашга қанчалик одатланмасин, нигоҳни ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тиёлмайди. Бошқа шаҳватлар ҳам шунга ўхшайди.  Ҳалолни исташи мумкин бўлган аъзонинг айни ўзи ҳаромни ҳам хоҳлаши мумкин. Шаҳват, яъни истак бир хилдир. Банданинг вазифаси шаҳватни ҳаромдан тийиш. Кимки шаҳватни зарурат чегарасида юришга ўргатмаса, шаҳват ундан ғолиб келади. Бу мубоҳот (яъни, рухсат бор, деб ҳар қандай амални қилавериш) офатларидан бири бўлиб, унинг ортида бундан ҳам каттароқ балолар бор. Бу балолардан бири -  нафснинг дунёдан лаззат олиб, хурсанд бўлиши, дунёга суяниб қолиши, дунё билан гердайиб, ўзини хотиржам тутиши. Бундай одам гўё кайфи тарқамаётган мастга ўхшайди. Мол-дунёга қувониш шундай ҳалокатли заҳарки, унинг йўли томирларда. Бундай “қувонч” билан заҳарланган қалбни Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқиш ҳисси, охират ғами, ўлим қайғуси, Қиёматнинг даҳшатли манзаралари тарк этади. Бу эса қалбнинг ҳалокатидан далолат.
Ғаззолий ҳазратлари дедиларки, шаҳват – табиий зарурат. Унинг яратилишидан муайян фойда кўзланган. Агар таомга бўлган иштаҳа бутунлай сўнса, инсон ҳалокатга юз тутади. Агар шаҳвоний истак кесилса, насл  қирқилади.
Модомики, инсон табиатида шаҳват мавжуд экан, албатта, мол-дунёга муҳаббат йўқолмайди. Бу муҳаббат ўз навбатида инсонни янада кўпроқ шаҳватга етаклайди. Ҳатто мол-дунё тўплашга ундайди. Мақсад – бу туйғуларни батамом йўқ қилиш эмас, балки уларни муътадил бир ўзанга буриш. Шаҳват қувватининг гўзал ва мўътадил бўлишидан иффат ҳосил бўлади. Шаҳват бамисоли овга миниладиган от. Баъзан тарбия кўрган – ювош, баъзан асов ва қайсар... Агар шаҳват мўътадил ҳолатдан ошса – очкўзлик, пасайса – фаолиятсизлик бошланади.
Шаҳват қувватининг гўзал ва муносиб шаклда бўлиши ҳикмат тақозоси остида, яъни шариат ва ақл кўрсатмаси доирасида бўлиши билан белгиланади. Исо алайҳиссалом айтдилар: “Кўз кўрмаган, ғойибда ваъда қилинган нарса учун шундай ёнидаги шаҳватни тарк қилган киши қандай гўзал!” Зеро, тан гўзаллигига шайдолик шаҳватга, дин гўзаллигига шайдолик ҳақиқатга элтади. Киши худди эртага ёки бир неча соатдан кейин ўладиган каби аъзоларини ҳаромдан қўриқлаши керак.
Ақл эгалари қалбларини шод-ҳуррам ҳолатда дунёга машғул қилиш билан синайдилар. Шунда улар қалбларини дунё лаззатларидан тийишга, шаҳватлардан сақланишга, сабрга ўргатадилар. Улар билишади, дунё шаҳватларининг ҳалоли учун ҳисоб, ҳароми учун азоб, шубҳалилари учун итоб (танбеҳ) бор ва итоб ҳам, аслида, азобнинг бир тури.
Ёввойи, ваҳший лочин қўлга қандай ўргатилса, шаҳватлар ҳам шу йўсинда тарбия қилинади. Аввало лочин қоронғи уйга қамалади. Ҳавода учиб юрган қушларга ташланиш истаги босилгунча кўзлари беркитиб қўйилади. Шу тарзда лочин ўзининг ёввойи табиатини унутиб, қўлга ўргана боради. Эгасини танийдиган бўлади, чақирса келади.
Шунингдек, нафс ҳам то хилват ва узлат билан ўзининг ёввойи одатларидан озод бўлмагунича эгасига дўст бўлолмайди. Бунинг учун қулоқ ва кўзни ғийбат, кўз зиноси каби ёмон одатлардан сақламоқ лозим. Сўнгра  хилватда зикр ва дуо билан машғул бўлинади. Аста-секин нафснинг дунё ва бошқа шаҳватлар билан улфат тутиниши сўниб, бунинг ўрнини Аллоҳ таолонинг зикрига муҳаббат эгаллайди. Бошланишида бу ҳолат кишига оғир келгандай туюлади. Кейинроққа бориб бамисоли она кўкрагидан ажратилган гўдак каби лаззат ола бошлайди. Биласиз, болани кўкракдан ажратиш қийин. Кўкракни қўмсайди, талпинади, йиғлайди. Энг тотли таомдан ҳам юз ўгиради. Лекин бу ҳол уни чарчатади, очлик ғолиб келади ва таомни мажбуран ейди. Бора-бора таом ейиш унинг табиатига айланади. Шундан сўнг болага кўкрак тутилса, юз буради.
Миниладиган ҳайвон ҳам бошида эгардан, жиловдан қочади. Мажбуран боғлаб қўйиб, уни эгар-жабдуққа ўргатилади. Ўрганганидан кейин эса жилов ва арқонсиз ҳам жойида тураверадиган бўлади. Нафс ҳам қуш ва ҳайвон каби тарбияланади. Нафс тарбияси дунё неъматига, умуман, ўлим келиши билан йўқ бўлиб кетадиган ҳар қандай нарсага назар қилиш, уни дўст тутиш, ундан шодланиш каби иллатлардан сақланиш билан амалга оширилади.
Куёв тўра, мавзуни ақлимиз етганича якунлашдан олдин тенгдошларингизга айтадиган яна бир гапимиз бор: ярамас, бузуқ ишларнинг эшиклари саноқсиздир. Ҳушёрлик, сезгирликни сира ҳам қўлдан берманг. Эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмасангиз, бузуқ йўлларга кириб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Эҳтиётсизлик  -  шайтонга асир бўлишдир!

 

 

 

Саккизинчи гурунг: Ёмонликлар онаси

 

 

 

Куёв тўра, ваъдага биноан майхўрликка доир сўзларимизда давом эттирамиз. Мавзуни алоҳида айириб олишимизга сабаб, тенгдошларингиз орасида бу иллатга чалинганлар кўпга ўхшаб кўринади бизга.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом, «Хамр (яъни ақлни олғувчи ҳар бир нарса) ёмонликлар онасидир», деганлар. Яна марҳамат қилиб дедиларким: «Хамрдан сақлан. Унинг дарахти бошқа дарахтлардан ошиб ўтгани каби, гуноҳлари ҳам бошқа гуноҳлардан ошиб тушади». Майхўрликнинг Аллоҳ томонидан ҳаром қилингани (таъқиқлангани)ни, бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар мавжудлигини кўпчилик билади. Яна билишимиз жоизки, ҳатто Тавротнинг саҳифаларида ҳам «Шароб шарманда этади, мускир жанжалкашга айлантиради. Унга мубтало бўлган ақлли эмасдир», дейилган.
Минг афсуслар бўлсинким, асли мусулмонобод бўлган юртимизда, асли мусулмоншева бўлган одамларнинг фарзандлари орасида ўз насабларини унутиб, ёмонликлар онасининг фарзандига айланиб қолаётганлар бор. Майхўрликка қарши гапириш, майхўрларни инсофга чақириш — шамолга қарши ҳайқириш каби бесамар кетяпти. Уламоларимиз, имомларимиз гапиргудек бўлишса, «Сен майнинг қадрини қаердан билардинг?» деган маънода афтларини бужмайтирадилар.
Бир куни камина ҳам майхўрликка қарши сўз айтган эдим, «Ҳадеб ароқни ёмонлайверасизми, ўзингиз ҳечам ичмаганмисиз?» деб таъна қилишди. Тўғрисини айтдим. Аллоҳга тавбалар қилганим ҳолда, ўша қилмишларимни лаънатлаганим ҳолда, ичганларимни яширмайман. Мен кўп ичмаганман. Лекин кам ичдинг нима-ю, кўп ичдинг нима, фарқсиз — игна ҳам, йўғон қозиқнинг учи ҳам кўзга кирар бўлса, барибир кўр қилади. Менга таъна қилган жамоатга қараб дедимки: «Сиз бутун дунё бўйича бир одамни топинг. Агар у: «илгари касал эдим, шу ароқни ичиб тузалдим, илгари камбағал эдим, шу ароқни ичиб бойиб кетдим, илгари хор эдим, шу ароқни ичганимдан кейин обрў топдим, шарафландим», деса, сизларни ичкилик билан ўзим таъминлаб тураман. Шундай одамни топа олмайсиз. Чунки ароқ (ароқ деганда барча маст қилувчи ичимликларни — шайтоннинг сийдигини назарда тутяпмиз) соғлом одамни касал қилиши, бойни камбағалликка гирифтор этиши, шарафли одамни эса хорлик жарига судрашини ҳамма билади. Аммо нафс олдида мағлуб ҳолда тураверадилар.
Мени бир нарса ажаблантиради: айтайлик, телевизор сотиб олдик. Дарров қўлланмасини ўқиймиз. Телевизорни яратган олимлар, усталар бизларни огоҳлантиришади: 220 волтли токка уланг, иситиш ускунасидан нарироқда турсин... Буни билиб, биз ҳеч қачон телевизоримизни 380 волтли токка уламаймиз, телевизорнинг бузилишига йўл қўймаймиз. Қўлланмага амал қилмасак пулга куямиз. Ҳолбуки, Инсонни яратган Аллоҳ Одам болаларига тўғри яшаш йўлларини ўргатувчи қўлланма — илоҳий китобларни туширди, тўғри йўлга бошловчи элчиларни юборди. «Қўлланма»нинг энг улуғи, шубҳасиз, Қуръони Каримдир. Элчиларнинг энг шарафлиси, шубҳасиз, бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. «Мўъминлар учун насиҳат, кофирлар учун ҳасрат» бўлмиш Қуръони Карим одамларга қарата: ичма, бу дунёда хор бўласан, у дунёда азобга қоласан, деб турса-ю, биз эшитмагандек, билмагандек ичаверсак. Бу дунё азобига дуч келганимизда, айтайлик, тузалмас хасталикка чалиниб, тўшакка михланганимизда ёки фарзандларимиз ёмон хулқлари билан куйдира бошлаганида «Эй Худо, мен Сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга шунча ғам-алам берасан», деб нолалар қиламиз, кўз ёшлар тўкамиз. Фиръавннинг имон келтириши каби кечиккан бу ҳасратларимиздан фойда бўлармикин?
Кечагина «Ичманг, биродар», дегани учун кўзимизга ёмон кўринган имомни чақиртириб: «Бир ўқиб қўйинг», деймиз. Мулла қирқ марта «Ёсин» сурасини ўқиса, у дунёга гўё гуноҳлардан холи бўлиб кетиладигандай туюлади. Кошки эди, буларнинг фойдасизлигини билсак. Юқори кучланишли токка уланган телевизор куйгани каби охиратимиз куйиб бўлганини англамаймиз. Телевизор куйса, пулимизга ачинамиз. Умримизнинг энг гўзал онлари куйиб адо бўлаётганини эса, фаҳмламаймиз.
Ароқ одамнинг ўзигагина ёмон таъсир қилса, чидаш мумкиндир балки. Ароқнинг зурриёдга таъсири-чи? Мажруҳ туғилаётган болалар, туғилмаёқ ўлаётган болалар-чи?! Бирор кишини беҳос уриб ёки туртиб юбориб, оёғини ёки қўлини майиб қилиб олсангиз, қонун олдида жазоланасиз. Лекин қўл-оёқсиз ёки ақлсиз туғилаётган болаларнинг мажруҳлигига сабабчи ота ёки онани жазоламаймиз. Тўғри, бу дунё қонуни жазоламайди, аммо Қиёматдаги жазо тайин-ку, қўрқмаймизми?
Куёв бола, биларсиз, ҳуқуқбузарлар ҳамиша милиция назоратида бўлишади. Булар “профилактик ҳисобда турувчилар”, деб номланади. Ана шу ҳисобда турувчиларнинг 46 фоизини ашаддий майхўрлар, 31 фоизини муқаддам судланганлар, 15 фоизини гиёҳвандлар, 8 фоизини руҳий хасталар ташкил этади. Муқаддам судланганларнинг кўпчилиги ичкиликка ружу қўйганини инобатга олсак, биринчи тоифанинг нақадар кўплиги аён бўлади.
Ароқхўрлик ҳақида гапирилса, европаликлар бузди бизларни, деймиз. Бу гапда жон бор. Лекин улар ҳар биримизни ётқизиб олиб, оғзимизга зўрлаб ароқ қуймадилар-ку? Европаликларнинг маданиятга оид дуруст одатларини олмаганимиз ҳолда нима учун фақат бузуқликларини маъқул кўриб қолдик? Яна ҳақиқат шуки, европаликлар келгунига қадар ҳам майхўрликлар, бўзахўрликлар, нашавандликлар... бўлган. Европаликларнинг келиши яширин гуноҳларни ошкора қилиш дарвозасини очиб берди. Олдин атрофдагилардан уялиб ёки қўрқиб ичишган, чекишган бўлишса, энди қўрқув ҳам, уят ҳам йўқ. Авваллари фақат эркаклар ичиб-чекишган бўлишса, энди у гуноҳкорлар сафида аёлларни ҳам кўрамиз. Тўйларда дастурхон тўрини эгаллаб, ичишади. Бундан ташқари ўзларининг “гап” деб аталмиш хос зиёфатлари ҳам бор. Майхўрлиги учун оналик ҳуқуқидан маҳрум этилаётганлар ҳам учраб турибди, тўғрими? Бир йили Рамазон ойида ҳориж сафарига отландик. Ҳали  учишга тайёргарлик кўрилаётган онда ифторликни учоқ ичида қилдик. Учоқ осмонга кўтарилгач, аввал мусаллас тарқатилди, сўнг таом берилди. Олдинги ўриндиқларда аёллар ўтиришиб эди. Мусалласни ичиб, таомни еб олишгач, учоқ бекаси пулга сотиш учун олиб чиққан қимматбаҳо ароқдан бир шиша олдилар. Сўнг сумкаларидан пиширилган товуқ, нон ва яна аллақанча нарсалар олиб, зиёфатларини бошладилар. Зиёфат қарийб уч соат давом этди. Шунда ҳамроҳим ажабланиб, “Бу ердан қиммат ароқ олгандан кўра шаҳардан ола қолишса бўлмасмиди?” деб ажабланди. Шунда дедимки, “кузатувчилар орасида эрлари борлигига эътибор қилмабсиз-да, ахир эрлари учун улар баодоб, ҳаёли хотинлар-ку?”  Ҳорижда уларни бир неча эркаклар кутиб олишди. “Ўйнашлари” дея олмаймиз, чунки бузуқликларини ўз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ. Лекин йўл-йўлакай ичиб, маст ҳолда келган жувонларни одобли эркаклар кутиб олишмаса керак? Кейинроқ шунга ўхшаш воқеани Бишкек орқали Теҳронга учганимизда ҳам кузатдим. Ундаги ширакайф аёллар этаги калта, енгсиз кўйлакда ўтирган эдилар. Учоқ қўнишга шайланган дамда ҳожатхонга кириб, узун кўйлак кийиб, бошларига рўмол ўраб “муслима”га айландилар. “Аёл кишининг макри қирқта туяга юк бўлади” дейилганда балки шу каби аёллар назарда тутилгандир?
Биз ичганда ҳам гўё маданийча ичишга ўрганганмиз. Яъни «тамада» деганни сайлаб оламиз. (Бу сўзни ўзбекчага айнан таржима қила олмадим, рамзий маънода «Шайтоннинг бош ёрдамчиси», десам ранжимасинлар.) Чиройли сўзлар, яъни, «тост» айтамиз. Тилаклар тилаймиз. Соғлиқ, омад, бахт... Кимдан тилаймиз? Албатта Худодан тилаймиз. Ўйламаймизки, яратган Тангри «ичма, бу ҳаромдир», деб қўйибди. Шу ҳаромни ича туриб, Ундан яна бахт сўрасак, берармикан шу бахтни! (Мазкур фикрни аввал ҳам айтиб эдик, такрор этаётганимиз бежиз эмас).
Баъзан ичкилик қўйилган давраларда ўтиришга мажбур бўламиз. Шунда айримлар сал истиҳола қилган бўлиб: «Чарчоқни кўтаради, ижозат берсангиз, озгина-озгина ичсак», дейишади. Шунда: «Рухсатни мендан сўраманг, чунки буни мен ҳаром қилган эмасман», деган мазмунда жавоб бераман. Баъзиларга шу гап таъсир қилади, бошқалар: «Худонинг ўзи кечиради», деб ичаверишади. Худди Худо уларга «Тўйиб ичиб олаверларинг, кейин сенларни кечираман», деб тилхат бергандай ёки вахий юборгандай ишонч билан гапиришади.
Бир неча йил бурун Туркистон шаҳрида, ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараларидан бир чақиримча нарида аянчли бир даврада ўтиришимга тўғри келган эди. Воқеа тўйнинг эртасига содир бўлди. Дастурхон атрофида турли ёшлардаги одамлар ўтирибмиз. Айтишим жоизки, шундай муқаддас ва шарафли шаҳарда яшовчи, ўзини мусулмон деб атовчилар ароқхўрликда «чемпион» эканлар. Хуллас, мендан «тост» айтишимни илтимос қилишди. Дастлаб рад этдим. Талаблар такрорланавергач, дедимки: «Хўп, гапираман, аммо ранжимайсизлар. Ҳозир сизларга, «ичманг», деганим билан ёқмайман. Лекин бир нарсани ўйлаб кўринглар: мана бу йигит ўғлингиз экан, ота билан ўғил нима деган одам бўлдиларинг энди?! Мана бу йигит сизнинг куёвингиз экан, сиз билан ичиб, маст бўлиб, уйга боргач хотинини, яъни қизингизни урса, қизингиз додини кимга айтади? Сўнг эса сиз додингизни кимга айтасиз?»
Бу гапдан кейин ўғил ва куёв чиқиб кетишди. Бир-икки киши гапимни маъқуллаб, ароқ қуйилган пиёлани нари суриб қўйишди. Бошқалар эса «Худо кечиради», деб ичишни давом эттираверишди. Бундай одамларни «эш-шакдай қайсар», дейишади. Йўқ, азизлар, эшакларни ранжитманг, эшаклар уларга ўхшамайди, чунки эшакни тарбия қилса бўлади: «иш-ш» десангиз тўхтайди. Бундай одамлар эса тўхташмайди. Ҳазрат Навоийнинг бир байтларида (мазмуни) «ичувчилар ўзларини шер деб тасаввур қилганлари билан нафс ити олдида забундирлар (мағлубдирлар)», дейилади. Яъниким, бадмаст одамлик доирасидан чиқади-ю ҳатто ота-онаси, ака-укалари, дўстларига қараб акиллайди, ҳатто уларни қопишдан ҳам қайтмайди. У ҳатто ит ётишга ҳазар қиладиган ерларда ҳам ётиб қолаверади.
Ароқхўрлик қанча-қанча улуғларни хорлик ботқоғига ботирди. Жуда кўп истеъдод эгалари бу бало оқибатида умрларини ҳам, қобилиятларини ҳам бой бердилар.
Шу ўринда ҳазрат Бобур Мирзонинг бир фармонларини эсга олсак, фойдадан ҳоли бўлмас. Милодий ҳисобда 1525 йили имзоланган мазкур фармонга биноан майқатағон (сухой закон) эълон қилинган эди:
«Башар нафси ёмонликка майл этишдан узоқ эмас, «нафсимни поклай олмадим, чунки нафс ёмонликка амр этувчидир.» Ундан қайтиш бағишловчи Маликнинг лутф-марҳаматидан бошқа мумкин эмас. «Бу Аллоҳнинг эҳсонидир, кимга хоҳласа, бахш этади. Аллоҳ катта эҳсон эгасидир.» — Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат манъ қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружуъ қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, уларни битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» деган парда остига беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри билан юмшатсалар?» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик...»
Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айнан шу фармондан — майқатағондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган. Айни шу ичкилик (уни «чоғир» деб атаганлар) умидли ва суюмли набира Мўъмин Мирзонинг бошини узган.
Ароқ инсонни жиноятга бошлайди. Ривоят бор, бир одамнинг йўлини тўсиб дедиларки, ё ароқни ичасан ё бу бузуқ аёл билан зино қиласан ёки мана бу гўдакнинг бошини узасан. У одам ўйлай-ўйлай бир қарорга келди: “Ароқ ичганим гуноҳ, лекин каттароқ икки гуноҳдан қутулгайман”. Ароқни ичди... сўнг унинг кайфида зино ҳам қилди, гўдакни ҳам ўлдирди.
Қадимдан машҳур бўлган шайх Санъон воқеаси ибрат жиҳатидан жуда муҳимдир. Ўн биринчи - ўн иккинчи асрларда яшаган шайх Санъон (ибн Саққо)нинг оташин севгиси ҳақидаги қисса дунёга машҳурдир. Бадиий адабиётда бу қиссани биринчи бўлиб Фаридиддин Аттор 1221 йилда «Мантиқут-тайр» асарларида назмда берганлар. Биз ҳазрат Алишер Навоий ижод йўлларининг якуни ҳисобланмиш «Лисонут-тайр» достонларининг бугунги тилга мослаштирилган насрий баёнидан қисқа тарзда, майга тегишли сатрларидангина фойдаланамиз.
“Шайх Санъон даргоҳга етишганлардан бўлиб, кўнгиллари ғайб сирларидан огоҳ эди. У зот Каъбада авлиё кишилар ва қавмни етакловчилар орасида худди пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобалари билан тургандек турардилар. Халойиққа тўғри йўл кўрсатувчилардан бири бўлиб, Каъбадаги барча шайхларнинг шайхи эдилар. Бирон бир ғамгин киши ҳаққига дуо қилмоқчи бўлсалар, малоикалар қўл очиб, «омин» дерди”.
Аллоҳ бу зотни имтиҳонга тортди. Тушида бир тарсо (христиан) қизни кўриб, унга ошиқ бўлди. Бу қандай сир эканини аниқламоқ учун қиз яшайдиган шаҳарга йўл олди. Тарсо қизи унинг изҳори дилини эшитиб ғазабланди, масхара қилди. Шайх ишқини баён этавергач, охири, тўрт шарт қўйди. Шайх бу шартларга кўнди.
“Оламда ҳеч қачон бу янглиғ разил иш бўлган эмасди. Кашишлар (христиан динидаги таркидунё қилганлар) ҳар тарафдан саф тортиб ўтиришарди. Огоҳ муршиддан Қуръонни сўрадилар, оташгоҳдан ўт олиб келиб қўйдилар. Зуннор ва салиб (хоч, яъни христианлар бўйинларига осиб юрадиган крест) муҳайё этилгач, тарсо қизи юз афсун билан ўрнидан турди. Тахтдан тушиб, Шайх олдига келди. Унинг ёнига ўтириб, қадаҳ тўла майни ичди. Сўнг қадаҳни лиммо-лим тўлдириб, Шайхга тутди-да, деди:
- Охиригача ич, эй олижаноб киши! Билки, бир томчи қолса ҳам ҳисобга ўтмайди!
Ишққа берилиш оқибатида айни дамда ислом ва имондан чекинган Шайх беихтиёр равишда дилнавоз узатган қадаҳни олиб, майни ичар эканлар, кўзларидан ёш думаларди. Шундай ичдиларки, бошларидан дуд чиқиб, май ўтида бутун борлиқлари кул бўлди. Яна бир неча марта май тутганларидан сўнг ул зотнинг ишқлари ақлларига жабр эта бошлади. Бода ҳушларини янада ўтмас қилиб қўйгач, қизга васлдан муддао изҳор этдилар.
Тарсо қизи эса унга: «Шошилма, сен шартлардан биринигина бажардинг», - деб куфр элининг олий табақасига ишора қилди. Куфр элининг ишлари соҳасида моҳир бўлмиш бу кишилар Шайх имонларини куфрга тақдим этдилар ва ул зотни ўз динларига киритдлар. Ул зотнинг хирқаларини ечиб, яланғочладилар, сўнг эса май ҳовузига солиб чўмилтирдилар... Кейин ўз кийимларини кийдирдилар. Шайх бут олдида сажда қилдилар, хирқаларини оловда куйдирдилар ва ниҳоят... Каломуллоҳни ҳам ўтга ташладилар. Гардун ул зотнинг бошига солмаган ҳеч бир расволик қолмади. Улар Шайхга кеча-кундуз май ичириб, масхаралайвердилар. Ул зот бир сахар афғон қилиб, фарёд уриб, қиздан васл талаб қилганларида у шўх шартни охиригача бажаришни, яъни бир йил давомида кундузлари чўчқа боқиб, тунлари оташхонада ўт ёқишни талаб қилди.
Шайх талабни бажара бошладилар. Тунлари куфр ўтини равшанроқ ёқиш билан вақт ўтказиб, тонгда тўнғизларга рўпара бўлардилар...”
Орадан ойлар ўтиб, Аллоҳ шайх шогирдларининг муножотни қабул этади, Шайх ҳидоятга қайтади, Тарсо қизи эса исломни қабул этади. Ҳикоятнинг Аллоҳ ишқига доир ҳикматлари бошқа мавзу, биз диқққатингизни май тақво эгасини ҳам йиқиши мумкинлигига қаратмоқчи бўлдик.
Баъзи биродарларимиз айтадиларки: «Ароқ бировларники бўлгани учун ҳаром қилинган». Йўқ, азизлар, ароқ, чўчқа гўшти бошқалар истеъмол қилгани учун эмас, одамга зарар бергани учун ҳаром қилинганини яна таъкидлаймиз. Агар у биродарларимиз айтгандай бўлганида эди, бировлар ейдиган мол ёки қўй гўшти ҳам, бошқа неъматлар ҳам ҳаром қилинар эди. Яна ўйлайлик, нима учун айнан ароқ ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди? Нега мураббо ёки қовун-тарвуз ҳаром қилинмади?
Ароққа қарши бутун насоро олами ҳам курашган. Урушдан аввал ҳатто АҚШда ҳам майқатағон эълон қилинган. Болшевиклар замонида ҳам бир-икки уруниш бўлди. Охиргиси эсингиздадир, «қайта қуриш», деб аталган замонда ҳам ичкиликка қарши курашилди. Биз бу курашни жону дилимиз билан қувватлаш ўрнига норози бўлдик, ўзимизча найранглар ўйлаб топдик. «Тўйларда ичкилик қўйилмасин», дейилди. Хўп дедиг-у, баъзиларимиз битта самоворга сув қуйиб қайнатдик, иккинчисини ароқ билан тўлдириб, чойнакда тарқатдик ва бу «ихтиро» билан фахрландик. Бундан ортиқ нодонлик бўлармикин? (Тўйдаги майхўрлик ҳақида иккинчи гурунгимизда сўз юритиб эдик, ёдингиздами?) Ана ўшалар ва ўшалар кабилар ҳазрати Анаснинг (р.а.) Расулуллоҳдан (с. а. в.) ривоят қилган бу ҳадисларидан хабардормикинлар: «Аллоҳ шаробни, уни ичганни, қуйиб берганни, сотганни ва сотиб олганни, сиқиб тайёрлаганни ва тайёрлатганни, олиб келганни ва олиб келтирганни ҳамда ундан келган даромадни еганни лаънатлайди».
Ароққа берилган одамнинг бу йўлдан қайтиши қийин бўлади. Чунки бу ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан бири. Кимки нафсини жиловлай олса, имтиҳондан ўтади. Аллоҳ кимга марҳамат қилса, нафсни енга олади. Аммо одам деган Худонинг марҳаматига эришмоқ учун жон куйдириши ҳам керак. Нафсга қарши уруш очиш учун ўзида куч топа олмаган, иродасига қувват бера олмаган одам бу марҳаматга ета олармикин, валлоҳу аълам?
Бир тақводор дебдики: “Қудуқ ичига ичкиликдан (масалан, ароқ) бир томчи тушса, қудуқ сувини поклаш учун ташқарига чиқариб тўксалар, сув тўкилган ерда ўт-ўлан ўсиб чиқса, шу ўт-ўланларни еган қўй-сигирнинг гўштини емайман”. Бу ерда муболаға, бўрттириш бор.  Муболағадан мақсад – одамларни “арзимас ҳаром” деган тушунчадан эҳтиёт қилиш. Қабристонда ўсган ўт-ўланни молга бермаслик тавсия этилади. Чунки юқумли касаллик билан вафот этган одамнинг мурдасидан тарқалган микроблар ўт орқали сут ва гўштга ўтиши мумкин.
Бир кишига дедингизки: “Чўчқа гўштидан е!” Шубҳасиз, у дерки: “Емайман, бу гўшт ҳаром!” Баракалла, бу киши ҳаром-ҳалолнинг фарқига борар экан, деб қувонасиз. Аммо қарайсизки, у ароқнинг ҳаромлигини билса ҳам ичади, зинодан ҳам қайтмайди, тарозидан ҳам уради... “Булар ҳам ҳаром-ку, билмайсизми?” деб ажабланасиз, ҳатто ғазабланасиз. У эса ишонч билан: “Билишга биламан, гуноҳимни Худонинг Ўзи кечиради”, дейди. Ажабки, гўё Аллоҳ таоло унга гуноҳини кечиришга ваъда берган. Чўчқа гўштини жуда зарур ҳолатда, дейлик, ўлиб қолмаслик учун маълум миқдорда истеъмол қилишга ижозат бор. Аммо ўлиб қолмаслик учун ароқ ичишга, зино қилишга, пора олишга... мутлақо ижозат йўқ! Яна бир гап: биров чўчқани етаклаб келиб, бир-икки кун ҳовлингизда тура турсин, деса унамайсиз, лекин тўйга атаб олинган беш-ўн қути ароқ уйингизда тура турсин, деса рад этолмайсиз. Бунга нима дейсиз?
Ресторан қоровули ичкарига кириб қолган  итни ушлаб олиб, ураётган экан. Бечора итнинг вангиллашини эшитиб, кўчадан ўтаётган бир одам эшикни очибди. Ит қоровулнинг қўлидан чиқиб қочибди. Шунда кўчадаги у киши дебди:
-Э биродар, сен итдан ранжима. Жониворнинг ақли йўқ, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай кириб қолган. Бизнинг эс-ҳушимиз жойида, шунинг учун бундай жойга кирмаймиз...
Худога шукр, атрофимизда эс-ҳуши жойида бўлганлар кўп. Лекин бузуқ ошёнларнинг оҳанрабоси кучига нафси дош беролмаётганлар-чи? Қўшниларимиз орасида борми? Бор! Қариндошлар орасида борми? Бор! Ҳамкасблар орасида борми? Бор! Хонадонимизда борми?.. Ресторанларни четлаб ўтишимиз яхши, лекин ҳаромдан ҳазар қилмайдиганларни ҳам ҳоли қўйганимиз-чи? Қудсий ҳадисда айтилган: “Э Одам фарзанди! Дунёдаги жами нарсалар уч тоифага бўлинади: бири Менга хосдир, иккинчиси Мен билан сенинг ўртамиздадир ва яна бири – сендадир. Сендан бўладигани дуодир ва Мендан бўладигани ижобат қилмоқдир. Бас, ҳаром емасанг, дуойинг тўсилиб қолмас”. Расулуллоҳ (с.а.в.) ароқ ичган одамнинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслигини таъкидлаганлар. Яқинларимизнинг дуолари қабул бўлмаслиги бизларни нечун қайғуга солмайди?
Ҳаром дунёсидаги энг қабиҳ иллат – ичкиликбозлик ҳақида, энди гиёҳвандлик ҳақида уламолар ҳам, дунёвий олимлар ҳам тинмай гапиришади. Раҳбарият томонидан чоралар белгиланади. Лекин, ижобий натижадан ҳали узоқмиз. Чунки бу иллатни ҳукумат қарорлари билангина тузатиб бўлмайди. Уламоларнинг насиҳатлари ҳам кифоя эмас. Қачонки, ҳар бир муслим  биродарини ҳаромлик ботқоғидан суғуриб олишга киришмас экан, “ичкилик туфайли жиноятчилик кўпайиб кетди, ёшларимиз бузилиб кетишяпти”, деб войвойлаб юраверамиз.   Ҳозир ресторанлар, дискотекалар... кўпайгандан кўпайди. Мени икки нарса ажаблантиради: биринчиси, ресторанда кечқурун ароқхўрлик, маишат қилинади, тонгда эса амри маъруф, наҳйи мункар? Иккинчидан, ресторанларнинг номлари ҳам ғоят жозибали: “Улуғбек”, “Ҳувайдо”, “Беруний”, “Меърож”, “Кавсар”... Ҳаром ичимликка “Умар Ҳайём” номининг берилиши-чи? Менингча, ҳар нарсага ўзига муносиб ном берилгани яхши. Масалан, мен маст қилувчи ҳаром ичимликларга “Шайтонсув”, “Иблис тупуги”,  “Шайтон муҳаббати”, “Буюк алкаш” каби номларни, маишатхоналарга эса “Дўзахга йўл”, “Дўзахнинг оташин боғи”, “Вайл”, “Самум” сингари номларни тавсия этган бўлардим. Шу маишатхоналарнинг хўжайинлари майхўр шоирларга илтимос қилишса, “Дўзахда бирга бўлурмиз то абад” деган яллама-ёримларни ёзиб беришади.
Бу кунларимизда айрим биродарларимизнинг Европага интилишлари кучайди. Тўғри, Европадан ўрганадиган нарсаларимиз бор, масалан, илмга муносабат... Лекин маънавият ва маданият бобида бу ҳаракатдан сақланганимиз дуруст. Бу ҳақиқатни ўтган асрлардаёқ донишмандлар англаб етганлар. Ҳинд адиби Рабиндранат Тҳакур 1941 йилда ёзган эди: “Бир кун келарки, тақдир карвонининг бурилиш пайти инглизларни ўзларига қарашли Ҳиндистон империясини ташлаб кетишга мажбур қилар. Лекин уларнинг қолдириб кетадиган Ҳиндистони қандай Ҳиндистон бўларкин? Улар қандай мудҳиш қашшоқликни мерос қолдираркинлар? Уларнинг бир асрдан кўпроқ давом қилган ҳукмронлик тўлқинлари пасайганда қанча балчиғу қанча вайроналар қоларкин? Ёшлик чоғимда мен маданият бешиги бўлиш Европа пешонасига ёзилган, деб астойдил ишониб юрардим. Лекин бугун ҳаёт билан видолашаётган кунларимда бу ишончим йўқолди... Ҳозир мен сўнгги саёҳатимга тайёргарлик кўряпман. Мен ўзимдан кейин нималарни қолдираман? Кулбаи вайроналар, бир замонлар ғурур манбаи бўлган маданият қолдиқлариними? Лекин инсонга ишонмаслик жуда катта гуноҳ, бинобарин, бундай гуноҳ ишга қўлим бормайди! Катаклизмдан кейин, муҳит тозалангандан кейин доғ тегмаган янги тарих саҳифаси бошланишига ва тонг Шарқдан, қуёш чиқадиган жойдан бошланишига иймоним комил”.
Ичкилик ва гиёҳвандлик вабоси дунёни еб адо қиляпти. Қаранг-а, бир йилда Европада 105 миллиард АҚШ доллари маст қилувчи ичимликларга сарфланар экан.  Бу Ер юзидаги барча аҳолининг тоза ичимлик сув билан таъминланиши учун сарфланаётган маблағдан  ўн марта кўп демакдир. 2009 йилдаги иқтисодий буҳрон чоғида Европадаги сармоядорлар пиво ичиш камайганидан ғоят ташвишланишди. У томонларнинг инсофга киришига кўзимиз етмайди. Ўзимизга қараб, болаларни, ёшларни тўғри тарбиялашга кўпроқ аҳамият бермасак, Европа аҳволига тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас (Аллоҳ сақласин!!). Маълумотларга қараганда, спиртли ичимлик ичиш бўйича Ўзбекистон Европадан анча орқада экан. Сиёсатчилар тили билан айтганда, Ўзбекистон ҳушёр мамлакат саналаркан. (Худога шукр!) Европада спиртли ичимлик бир кишига йилда 14 литр атрофида, Ўзбекистонда эса 2 литр атрофида тўғри келар экан. Бу рақамни янада пастга туширсак, юртимиз янада тараққий этади, янада обод бўлади.
Ичкилик ва қиморга мубтало бўлганлар ўзига ўзи суиқасд қиладилар. Маст ҳолда фалокатга учраб ўлган кишиларга жаноза ўқилмаслигига айрим уламоларимиз фатво берганлар.
Аҳли ҳикмат дейдики, шароб ичган – заҳар ичгандир, ким хамр (маст қилувчи барча ичимликлар) сотишни ўзига ҳалол қилиб олса, тўнғиз гўштини ейишни ўзига ҳалол қилибди. Қорин ҳаром ичкилик билан тўлса, дунё муҳаббати устун келиб, ғофилликда яшайди.
Иймонни бир муаззам сарой десак, унинг ичига кирмоқ учун юриб бориш керак, балки тиконзорни яланг оёқ кечиб ўтишга тўғри келар. Иймон саройига ҳам сизни биров кўтариб олиб кирмайди. Бобур Мирзо таъкид этганларидек, эшикни астойдил қоққан одамларгина кирадилар. Асалариларнинг қўриқчилари ёмон жойга қўнган асалариларни уяга қўймас эканлар. Шунга кўра, иймон саройига оғзидан ароқ ҳиди гупуриб турганлар қўйилмайдилар. Уларнинг жойлари иймон саройи эмас, шайтон кулбаси бўлиб қолади. Расулуллоҳнинг ҳадисларида айтилишича: «Давомли хамр ичган киши бутга топингувчи кабидир. Ўлса, Аллоҳнинг ҳузурига бутпараст каби боради.» Аллоҳ асрасин! Дуо қилайлик: барча майпарастларни бу йўлдан қайтариб, ҳидоят берсин!
Нафсларимизни тарбиялашнинг энг биринчи шарти — тавбадир. Тавбалар ижобат бўлмоғини Аллоҳ насиб этсин.
Иймон саройига кирмоқ мушкул, аммо ундан чиқиш осондир. «Ёмонликлар онаси»дан юз ўгириб, ҳидоят онасига фарзанд бўлмоқликни Аллоҳ барчаларимизга насиб этсин.
Куёв тўра, сиз ҳалол билан ҳаромнинг фарқига борасиз, нафсингизга беклик қила олгувчи иродангиз бор экан, ёмонликлар онасига ҳеч қачон фарзанд бўлмайсиз, деб умид қиламиз-да, кейинги гурунгимизни бошлаймиз..

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 342 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ