1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сотилган гўдак. (Олтинчи мактуб)

 

 

 

ҲАЁТ — бошдан оёқ ИМТИҲОНдир!
Муаллиф

Ассалому алайкум, ДАДАларнинг энг ЯХШИСИ!
Омонмисиз? Кеча қайтаётиб, полвонларимиз билан қийналиб қолмадингизми? Уларни олиб келишингиз, соғинчдан сарғайган дилимга кўклам нафасини олиб кирди! Сиздан миннатдорман!..
Келганингизда палатамиздагилар, ҳатто қўшни палатадагилар ҳам деразадан кузатиб туришган эди. Кетишингиз билан ҳаммалари ёнимга югуриб чиқишди. Саволларга кўмиб ташлашди:
–    Ўғилларингизнинг исмлари нима?
–    Иккаласининг орасидаги ёш фарқи қанча?
–    Кичиги ўзингизга ўхшарканми?
–    Қайси бирини кўпроқ яхши кўрасиз?
Тавба қилдим, одам ўзининг боласиниям биттасини кўпроқ, биттасини камроқ яхши кўрарканми? “Ота-она фарзандларни ажратмасдан, ҳаммасини бир кўзда кўриши керак эмасми?” дея юзландим савол берган жувонга. У бўлса кўзларимга ўйчан тикилиб қолди. Адашмасам, юрагида қандайдир дарди, изтироби бордек кўринди, менга. Янаям ким билсин, балки мен адашаётгандирман. Борди-ю, адашмаган бўлсам, бир кун келиб у, албатта менга ўз сирини очишига ишонаман.
Ҳамма савол бериш билан банд, Гулчеҳрахон бўлса, бир чеккада табассум қилганча жимгина уларнинг гаплари тугашини кутиб турибди. Негадир иккала қўлини орқасига бекитиб олган. “Сиз ҳеч нарса сўрамайсизми?” дедим унга жилмайиб.
–    Мен ўғилларингизни ёқтириб қолдим. Поччамиз келганларида мана шуларни иккала фарзандингизга бериб юборинг, илтимос! – дея бекитган қўлларини олдинга чўзиб, қўлимга икки дона; бири қип-қизил, бири кўм-кўк чиройли олмаларни тутқазди. Шошиб қолганимдан нима дейишимни билмай, тилим айланмай қолди. Рад қилиш мақсадида кўзларига тикилдим, аммо эплаёлмадим. Унинг нигоҳларида болаларникига хос беғуборлик, мусаффолик мужассам эди! Бу олижаноб аёлга шу топда жуда-жуда ҳавасим келиб кетди. Кошки, мен ҳам унга ўхшаб, дилкаш, софдил бўлолсам эди!..
Сўнг маҳкам қучоқлаб олдим. У билан орамизда ДЎСТЛИК аталмиш жудаям қалин ва бебаҳо ришта илк танишган кунимизданоқ ҳосил бўлганини ҳис қилган эдим. Ана шу ришта бизни ҳеч қачон, ҳеч қачон тарк этмаслигини истаб, ич-ичимдан илтижо қилдим. Қалбимиздан кечаётган туйғуларимиз тўлқини ҳар иккимизнинг кўзларимиз қирғоғидан сел бўлиб тошди...

*   *   *

Бегим!
Сизга ҳамиша мактуб ёзаётиб, фақат яхшиликлар ҳақида ёзгим келади, аммо... аммо ҳаётда учраб турадиган нохуш ҳолатлар ана шу эзгу ниятим амалга ошишига ҳеч йўл бермайди-да!.. Бу изтироблар шундоқ ҳам мажруҳ юрагимни аямасдан тирнагани-тирнаган...
Икки кун аввал бизнинг палатамизга янги бемор келган эди. Исми Сайёрахон бўлиб, жудаям дилкаш, кўнгли очиқ келин экан. У билан ҳам тезда “топишиб” олдик.
Кеча муолажага кетаётиб, бешинчи хатни стол устида унутиб қолдирибман. Нимаям бўлиб, хат унинг қўлига тушиб қолибди. Муолажахонадан қайтсам, йиғлаб ўтирибди. Қўрқиб кетдим. Унинг соғлиғидан хавотирга тушиб, дарҳол ҳол-аҳвол сўрадим. У бўлса, қоғозга ишора қилди. Сўнг келинойисининг бошидан ўтганларни гапириб берди. Тинглаб, дардим ичимга, ўзим эса дунёга сиғмай қолдим...
Ёз кунларидан бирида эрта саҳарлаб келинойисининг дарди бошланиб, туғруқхонага келтиришибди. Жувоннинг ҳомиласи эгизак бўлиб, бундан аввал иккита фарзандни операциясиз туққан экан. Келиши билан дарҳол Ультратовуш диагностикаси таҳлили олинибди. Унга кўра ҳар иккала гўдакнинг юрак уриши яхши экани аниқланибди. Ҳаммаси жойида эканини эшитгач, қайнона ҳамда турмуш ўртоғининг кўнгиллари тинчланиб, туғруқ вақтини кута бошлашибди.
Йўлакда турган қайнона тасодифан қорамағиз бир жувон билан суҳбатлашиб қолибди. У келинойиси кеча келтирилганини, иккита қиздан сўнг орадан ўн бир йил ўтиб ҳомиладор бўлган келинойисининг аҳволи яхши эмаслигини айтиб, операция хонасига олишганини, акасининг операцияга керакли пулни “ернинг тагидан” бўлса ҳам топиб келиш учун кетганини айтибди. Бу орада пулга кетган эркак ҳам келиб қолибди. Ажаб, ака-сингил худди бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш экан! Шу билан бирга эркакнинг яхшигина пулдор экани кийган кийимию қадам ташлашидан маълум эмиш. У шифокорлар билан битта хонага кириб олиб, узоқ вақт ниманидир муҳокама қилибди. Қайтиб чиққанида, ҳозир келганидаги ҳолатдан асар ҳам қолмаган, кўзлари қизариб, шундоқ ҳам қорамағиз юзи баттар қорайиб кетганини кўрган аёлнинг унга юраги ачибди.
Бир пайт, бирдан югур-югур бошланиб, қайнона-қайнотага “Келинингизни шошилинч операция қилишга тўғри келиб қолди!” деган хабар етиб келади.
“Ҳозиргина онанинг ҳам ҳомилаларнинг ҳам соппа-соғ экани УЗД таҳлилида аниқланганди-ку? Нега энди операция қилиш керак? Ахир, келиним аввалги икки боласини ўзи туққан, соғлом аёл бўлса!” дея нола қилади аёл. “Эгизаклардан биттаси кўндаланг келиб қолган!” деган қисқа-лўнда жавобдан сўнг чорасиз қолган онаизор йиғлаб-йиғлаб, “Операцияга розиман”, дея имзо чекиб бергач, келини операция столига олинган. Орадан бирор соатча вақт ўтгач, умид тўла кўзларини жавдиратганча кутаётган аёл: “Эгизаклар ўғил бола экан. Аммо, ҳар иккиси нобуд бўлди...” деган совуқ ва шумхабардан телба бўлаёзади.
...Операция пули учун кетган ўғил ва қайнота етиб келиб, додини кимга айтиб, бошини қайси тошга уришларини билмай қолишади.
Гўдакларнинг бири пахтадек оппоқ, иккинчисининг эса қорамағиз, бунинг устига яқинда ўлгандек эмас, камида икки-уч кун аввал она қорнида ўлиб қолгандек қоп-қорайиб кетганини кўрган қайнона бўзлаганча шифокорлардан изоҳ талаб қилади. Фойда чиқмагач, қорайиб кетган бола мурдасини кўтарганча УЗД таҳлилини ўтказган шифокорнинг хонасига отилади. Аёл қўлларида турган қоп-қорайиб ётган чақалоқ мурдасига кўзи тушган шифокор онаизорнинг аламли нигоҳларига, ўтли фарёдларига дош беролмайди. Аммо... “Гунг” бўлишни афзал билади...
Ундан бирор тайинли гап ололмагач, жувоннинг яқинлари анистезиологдан бор ҳақиқатни айтишини ўтиниб сўрашади. Афсус...
Ўн бир йилдан кейин жарроҳлик йўли билан туққан аёлнинг эса учинчисига ўғил туққани маълум бўлади.
Энг қизиғи, чақалоқларни шифохонанинг ўзидаёқ ювиб-кафанлаган шифокорлар “куннинг иссиқлиги” сабаб, мурдалар тезроқ дафн қилинмаса, ҳидланиб қолишлигини уқтириб, керакли ҳамма хат-ҳужжатларни зудлик билан тайёрлашда “бош-қош” бўлишади. Бағрига жонсиз жасадларни босиб чиққан қайнота ҳамда ота эса туғруқхонадан тўппа-тўғри қабристон томон йўл олишади...
Аммо бир инсон — тўққиз ой юрагининг остида асраб юргани — жондан азиз эгизакларидан икки соат ичида айрилиб қолган аёлнинг қалби бу ишларнинг остида нимадир яширинганини сезиб, унсиз фарёд чекади... Ҳомилаларининг то наркоздан ҳушини йўқотгунгача қимирлаб турганини айтиб йиғлайди.
Эгизакларни дунёга келтириб, биратўла иккаласидан ҳам айрилиб қолгач, шўрликнинг кўзлари қорамағиз жувоннинг ёнида ётган оппоқ пахтадек гўдакка тушиши ҳамоно юрак уриши тезлашиб, “Эгизакларингнинг биттаси тирик!” деган ички бир нидо унга тинчлик бермайди...
Қайнона бўлса: “Менинг юрагим алдаши мумкин, аммо онанинг юраги асло адашмайди! Келинимнинг кўнгли бир нарсани сезмаса, бунчалар ўртанармиди? Келин эмас, қизим эди. Бағри гўдакларисиз ҳувиллаб қолган шўрлик болагинамга энди қандай таскин бераман?!.” дея ич-этини ейди...
Бегим!
Виждонини сотган кимсаларни, албатта, бир кун ўз ВИЖДОНлари суд қилишига ишонаман! Ва ўша Олий Суд олдида жавоб беришларига ишонганимгина, кўксимга қонли муштлари билан тинимсиз уриб йиғлаётган хаста юрагимга озгина бўлсин тасалли беради...

*   *   *

Эҳтимол, бу ҳақиқатдир, эҳтимол бир англашилмовчилик? Аммо ҳаётда неча-неча “англашилмовчилик”ларга гувоҳ бўлиб яшамаяпмиз?!
Эгнига оқ либос кияётиб, Гиппократ қасамёдини ичган ва бугун нафс йўлида тойилиб, қасамёдини унутган баъзи тиббиёт ходимларига ичган қасамёдларини эслатиб қўйишни одамийлик бурчим деб билдим:

ГИППОКРАТ ҚАСАМЁДИ

“Шифо берувчи Яратганни гувоҳ қилган ҳолда, куч-қудратим ва ақл-заковатим етганича қуйидаги қасамёд ва ёзма мажбуриятни бажаришга — менга таълим берган инсонни ота-онам қаторида кўриб, боримни у билан бўлишишга, муҳтожлигида унга кўмаклашишга, унинг авлодларини оға-иниларим сифатида қабул қилишга, даволаш санъатини ўрганмоқчи бўлишса, беминнат ўргатишга, тиббиёт илмига дахлдор барча панд-насиҳатлар, оғзаки дарслар ва бошқаларни тиббий қонунлар қасамёди ҳамда мажбуриятини олган ўғилларим, устозимнинг ўғиллари ва шогирдларига маълум қилишга (улардан бошқа ҳеч кимга айтмасликка) онт ичаман:

* Даволаш усулини имконим борича билимимга таянган ҳолда бирон-бир зиён ва адолатсизликка йўл қўймай, беморлар манфаатига қаратаман.

* Ҳеч қачон ўлимга олиб келувчи дорини уни сўраган инсонга бермайман, бундай ниятни амалга ошириш йўлини кўрсатмайман. Пок ва ҳалол яшайман, даволаш санъатимни ҳам худди шу йўл билан амалга ошираман.

* Тош касалликлари аниқланган беморларни ҳеч қачон жарроҳлик йўли билан даволамай, мазкур ишни мутахассисга қолдираман.

* Қайси хонадонга кириб бормай, зарарли, ғаразли ва ноҳақ ниятларни эмас, балки фақат бемор фойдасини кўзлайман. 

* Даволаш давомида, шунингдек, бошқа пайтларда ҳам инсон ҳаётига тааллуқли ва ошкор этилмаслиги керак бўлган ниманики кўрсам, эшитсам, уларни сир сақлайман. 

* Агар мен қасамёдни бузмай амал қилсам, ҳаётим ва даволаш санъати соҳасида омад, одамлар орасида машҳурлик берилсин, ёлғон онт ичиб, сўзидан қайтганлар эса бунинг аксига мубтало бўлсин!”

КУМУШИНГИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ