Сайт бўлимлари
Туғруқхонадан мактублар
Гул экурман жаҳона, гулзор ўлмағунча,
Жон чекурман жонона, дилдор ўлмағунча...
(Рустам МУСУРМОН)
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир сонияда ер юзида иккита гўдак ёруғ дунёга келар экан. Демак, ҳар бир сонияда икки нафар аёл оналик бахтига муяссар бўлади. Аммо уларнинг ҳар бири айни ўша лаҳзаларда қандай ҳолатларни бошидан кечирар эканлар?.. Ҳам ўта хатарли, ҳам қувончли дақиқаларда уларнинг дардига малҳам, шодлигу қайғусига шерик сирдош, ёрдамга муҳтож лаҳзаларида мадад қўлини чўзувчи мард топилармикан? Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Ёхуд “Танаси бошқа дард билмас”, қабилида иш тутиб кетаверамизми?
“Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб”, деганларидек, туғруқхонага бир бор бўлсин иши тушган аёл минг бир хил яхши-ёмон воқеаларнинг тирик гувоҳига айланади.
Сиз азизларнинг ҳукмингизга “Туғруқхонадан мактублар” рукни остида туркум мақолалар бериб боришни ният қилдик. То ҳаёт бор экан, оқ-қора, яхши-ёмон, шодлик ва қайғу сингари қарама-қарши тушунчалар ҳам сизу биз билан ёнма-ён яшайверади. То тириклик бор экан, кимнингдир кўзлари севинч ёшларила нам бўлган дақиқаларда кимникидир изтироб ёшларини тўкишга маҳкум этилади...
Ҳукмингизга ҳавола қилажагимиз ушбу янги рукн остида ҳаётда учрайдиган ана шу хуш-нохушликларни қаламга олишни, одамларни эзгу ишларга чақириб, ёмонлик ва зулмдан қайтаришни, ўзимизга раво кўрган барча яхшиликларни атрофимиздагиларга илиниб-улашиб, ўзимизга раво кўрмаган ёмонликлардан ўзгаларни ҳам асраб-авайлашни шиор қилиб яшамоқни мақсад қилдик. Гарчи сўнгги нафасларимизни олаётган бўлсак-да, қўлимиздаги ниҳолни тупроққа қадаб, бармоқларимиз тутган бир дона гулни кимгадир ҳадя этиб кетишга ўзимизда куч топа билайлик.
Дунёни гулу чечакларга, одамлар қалбини завқу шавқ ва шодликка, бизга маъносиз тикилган нигоҳларни эса ҳайратга чулғаб яшайлик!
Лойиҳамиз сиз азизларга манзур бўлади, деган умиддамиз.
Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ
СУЮНЧИ
(Биринчи мактуб)
Ассалому алайкум, оиламизнинг таянчи, устуни бўлган азиз ДАДАЖОНИМИЗ!
Соғ-омонмисиз? Полвонларимиз сизни зериктириб ёки ҳаётдан бездириб қўйишмадими? Иккита боланинг ўртасида қолиб, исмингиз нима эканини унутиб қўйганингизча йўқми, ишқилиб? Ҳамма яқинларимиз соғ-саломатми?
Мендан сўрасангиз, шифохона ҳаётига зўрға кўникдим. Биласиз-ку, шу пайтга қадар икки бор туғруқхонага келган бўлсам, унинг остонасидан фақат дард бошлангандан сўнггина ҳатлаб ўтганман. Аммо бу гал... Майли, туғилажак фарзандимнинг соғлиги мен учун ҳамма нарсадан муҳим!
Бугундан ўзимни анча яхши сезяпман. Ҳаш-паш дегунча ғиз этиб уч кун ўтиб кетибди. Уйда бўлганимда шу уч кун ичида эҳ-ҳе-е, озмунча юмушни бажариб ташлаган бўлармидим! Ўзиям, рўзғор, рўзғор, дея югуравериб, тинка-мадорим қуриб кетган эканми, дастлаб келган кунимдан то бугунгача ухлаб, сира уйқуга тўймайман. Палатадошларим ҳаммаси ҳайрон — бу аёл намунча уйқучи бўлмаса, деб ўйлашётгани аниқ. Аммо шаҳарлик бу таннозойимлар мен дўхтирларимнинг қийин-қистовлари билан бу ерга келтирилганимни-ю, қўйиб беришса, уйда яна қанча ишларни саранжомлаб қўйишим мумкинлигини қаёқдан ҳам билишсин! Шифохонада қиладиган бошқа ишинг бўлмаганидан кейин, ухлаб, дам олганинг афзал-да.
Бугундан зерика бошладим, шу боис қўлимга қалам олиб, сизга мактуб битишга тутиндим. Мабодо ёзувчи бўладиган бўлсам, туғруқхона ҳаёти менга “илҳом” берган, мени “машҳур ёзувчи” қилган бўлади! Нимага, дейсизми? Худонинг Ўзи асрасин-ку, бу ерда туғаётган аёлларнинг чинқириғини эшитиб, қўрқувдан юрагингиз ёрилиб ёхуд баъзи бир “профессор” шифокорларнинг қўйган “ташхис”и ҳамда гапига ишониб, қон босимингиз ошиб кетиб ёки бўлмаса, кутилмаган ҳангома туфайли кулгидан ичагингиз узилиб ўлишингиз ҳеч гап эмас! Худонинг берган куни камида битта ажабтовур томошанинг гувоҳи бўласиз. Аммо дўхтирларнинг ҳаммасиям ёмон эмас, биз беморларнинг бахтига, шукрки, илмли, тажрибали ва энг муҳими ИНСОФЛИлариям топилади.
Шифокорлар Гиппократ қасамёдини ичиб, унга содиқ ҳолда фаолият юритишга талабалик чоғларидаёқ аҳд қилишади. Аммо ВИЖДОН амрига кўра яшаган шифокорга Гиппократ қасамёдининг ҳеч ҳам кераги йўқ, деб ўйлайман. Ўшандай фидокор дўхтирларга таъзим қилгинг келади.
Тонготарда туриб олиб, қоғозни қитирлатганча сизга хат ёзиб ўтирибман. Шерикларимнинг ҳаммаси ширин уйқуда. Улардан бирини тун ярмида туғруқ бўлимига ўтказишди. Илоҳим, Ўзи оқ йўл берсин!
Мана, яна бир янги тонг отиб келмоқда. Тонгнинг отишини кузатиш қандай мароқли! Бу буюк мўъжизани ҳатто ақлсиз санаганимиз қушлар уйғоқ ҳолда шукрона қўшиқларини айтганча қарши оладилар! Қуёшнинг заррин кокилларини атрофга ёйганча бош кўтариши қанчалар мафтункор! Янги кунни соғ-омон ҳолда кутиб олиш қандай БАХТ! Буларнинг бари бизга яшаш, яшагандаям фақат гўзал яшаш лозимлигини ҳис қилдиради. Мутафаккирлардан бири “Ҳаёт ҳам масал каби, узунлиги билан эмас, балки мазмуни билан қадрли”, дея бежизга айтмаган-да.
“Инг-га! Инг-га! Инг-га-а-а!!!” дея атрофга жар солиб яна бир гўдак дунёга келди. Кўзлари юмуқ, аммо қип-қизил оғзини катта очганча чинқираётган шу мурғак жон ҲАЁТ аталмиш сўқмоқнинг паст-баландларидан чўчиб, уни кўрмаслик учун наҳот кўзларини қаттиқ юмиб олган бўлса?
“Йўқ-йўқ, ҳали олдинда БАХТ ва қувончлардан иборат узун ҳаёт йўли турибди. Ана шу узун ва машаққатли йўлда Яратган сенга фақат ва фақат яхшиликларни ҳамроҳ қилган, тақдирингни гўзал қилиб битган бўлсин! Кўзларингни дадил очиб, атрофга МУҲАББАТ билан боққин, болажон!” дея ҳайқиргим келяпти.
* * *
Биз билан битта палатада ётган Салимахон ҳозиргина ОНА деган буюк ва шарафли номга мушарраф бўлди. Инггалаб жар солаётган гўдак унинг фарзанди. Аёл ўзида йўқ шод, кўзларидан шукроналик ёшлари оқаётгани аниқ.
Унинг ёнидан келган ҳамширадан ҳаммасини билиб олдим — тойчоқдек ўғил туғибди.
Суюнчи беринг, дадажониси, жиянли бўлдик! Нега энди менинг жияним бўларкан, у ахир бегонанинг боласи-ку, дея ажабланяпсизми? “Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш”, дейишган оталаримиз. Қолаверса, Одам Ато ҳамда Момо Ҳавводан тарқалган башарият бир-бирига қон-қариндош бўлмай, бегона бўлармиди?! Демак, эндигина ёруғ дунё юзини кўрган шу жажжи гўдак ҳам бизга БЕГОНА ЭМАС!
* * *
Кеча қўшни палатамиздаги Сабурахон исмли жувоннинг кўзи ёриганди. Тўртинчи фарзандини дунёга келтирди. Ўттиз бир ёшда бўлиб, уч ўғилнинг онаси экан. Хуллас, тўртинчи фарзанди эмасми, қиз ёки ўғил эканини билиш ҳаммага бирдек қизиқ. Турмуш ўртоғи ишда бўлгани боис, кўзи ёриган пайтда етиб келолмабди. Кечқурун келгач, эшикдан кирар-кирмас, тўрт нафар оқ халатли қиз-жувон оталари ишдан қайтганда хўрозқанд олиш илинжида югурган болакайларга ўхшаб, бараварига югуриб борибди.
Бири:
– Суюнчи беринг, суюнчи! Хотинингизнинг кўзи ёриди! – деса, бошқаси:
– Сизнинг йўқлигингизни ҳечам билдирмадик. Опанинг бошларида ўзимиз парвона бўлиб, нима керак бўлса, ҳаммасини муҳайё қилдик! – дермиш.
Хурсанд бўлиб кетганидан боши кўкка етаёзган ота чўнтагидан бир даста пулни чиқариб:
– Нима туғилди, ўғилми-қизми? – дея сўрабди.
Шунда нима бўлибди, денг? Суюнчи сўраётганлар бири-иккинчисига қараб елка қисганча:
– Ўзи нима туғилди, қизмиди ё ўғилми? – дермиш!
Ота ҳайрон, суюнчи тарқатяпти-ю, лекин боласининг қиз ёки ўғил эканини билолмай сарсон!
Кейин билсак, бошқа бўлимдагилар суюнчини илиб кетишган... Улар касбдошларининг: “Мана, сал аввал туғилган чақалоқнинг отасиям келди. Хайрият, суюнчи оладиган бўлдик!” деганини эшитишлари билан улардан илгарироқ югуриб чиқишган экан-да! “Шолининг орқасидан курмаклар сув ичибди”, дейилгани шудир балки?
Ҳа, айтганча, сизга Сабурахоннинг тўртинчисиям ўғил бўлганини айтишни унутибман. Қани энди, бир суюнчини чўзиб қўйинг-чи! Нега энди, сизга суюнчи беришим керак экан, дейсизми? Негаки, мен сизга аниқ ва ишончли маълумотлар етказяпман! Чақалоқнинг қизми-ўғиллигини айтолмай туриб, уддабурролик билан пул ундирган “тадбиркор”ларчалик бўлолмадимми? Суюнчи бермайдиган бўлсангиз, у ҳолда бундан кейин сизга бир-биридан қизиқ мактублар ҳам битмайман!
Иккинчи хатнинг ёзилиш-ёзилмаслиги суюнчининг берилиш-берилмаслигига боғлиқ.
Хайр!
КУМУШИНГИЗ
Туғадиган ким? (Иккинчи мактуб)
Ассалому алайкум, дадаларнинг энг яхшиси! Соғ-омонмисиз?
Турмуш ташвишлари билан бўлиб, бизни унутиб қўйганингиз йўқми? Унутиб ҳам кўринг-чи! Бу, эрталаб ишга кетаётиб, иссиққина овқат чиқариб юборганингиздан маълум. Суюнчингизни ҳам олдим, раҳмат! Лекин са-ал “чўғи” камроқми?
Майли-майли, хафа бўлманг. “Оз бўлса ҳам, баракасини берсин!” деймиз-да.
Мабодо, кўнглингизга тегадиган гаплар айтиб қўйган бўлсам, узр сўрайман. Айбимни ювиш мақсадида сизга “сюрприз” қилмоқчиман. Ҳой, хаёлларга берилмай қўяқолинг, “сюрприз”им “кир ювадиғон машина”ям, “рангли дилбузар” ҳам эмас! Яъни туғруқхонада содир бўлган энг ичакузди ҳангомалардан сизни бохабар қилмоқчиман.
Шу десангиз, кеча бир ёшгина келинчакни келтиришганди. Бирор хонадоннинг арзандаси бўлса керак, эрка-тантиқроқ ўсгани юз-кўзидан, хатти-ҳаракатларидан шундоқ кўриниб турибди. Муомаланиям қийвораркан, ким савол сўраса, осмондан тушгандай тасир-тусир жавобларни беради, денг.
Хуллас, туғруққа тайёргарлик кўраётган дўхтирларни салкам жинни қилиб қўяёзибди. Кутилмаганда қаватимизда бирдан югур-югур бошланди. Туғруққача тайёргарлик бўлимида ётган аёллар йўлакка чиқиб олишган. Ичкаридан эшитилаётган қий-чув тўполон овозига тушунолмай лол бўлиб турсак, ранги докадай оқарганча ҳамшира чиқиб келяпти. Аёллар ҳамон ўтиш йўлагида воқеанинг ривожини кутиб туришганди. Уларнинг довдираганча келаётган ҳамширани худди йўлтўсарларга ўхшаб ўраб олиб, баравар савол ёғдира кетганларини кўриб, бирам кулгим қистайди. Четдан қараган одамга аёлларнинг бу ҳолати айнан хорижлик журналистларни эслатиб юборади. Улар шов-шувли воқеаларни ўз газеталарида ҳаммадан биринчи бўлиб ёритиш мақсадида жон бериб ишлайдилар. Фақат шифохонадаги аёлларнинг фарқи, қўлларида микрофон, диктофон ва суратга тушириш аппаратининг йўқлигида! Яна битта фарқи, елиб-югуриб ишлайдиган мухбирлар сал “ихчамроқ” бўлишади...
“Қуршов”да қолган ҳамшира дудуқлана-дудуқлана нима дейди, денг?
– Ўзи шу бугун ишга келмасам бўларкан. Бунақа бўлишини билганимда бошқа биров билан ўрин алмашиб олардим. Одам деганам шунақа жинни бўладими? Ота-онаси қанақа тарбия берган бу жувонга, ҳайронман! Қизларини ўн олти-ўн етти ёшдан узатиб юборишни билишади-ю, аввал ҳаётга тайёрми-йўқлигини ҳисобга олишмайди. Ҳе, ўргилдим!..
Асабийлашганимга қон босимим ошди-ёв.
– Нима бўлди, тушунтириб гапирсангиз-чи? – қизиқувчанлиги билан орамизда танилиб қолган Заҳро гапга аралашди.
– Нима бўларди, билагига уланган осма укол нинасини юлиб олганча отворди-да, югуриб деразанинг олдига бориб олди. Қўрқиб кетганимиздан ўтакамиз ёрилаёзди. Тағин иккинчи қаватда бўлсак! Яхшиям, ҳозир баҳор. Кунлар салқинлиги учун деразалар ёпиқ. Ҳай-ҳайлашиб, зўрға тинчлантирдик, – бўғилишга тушди ҳамшира.
– Ҳозир аҳволи яхшими? – дея, хавотирланганимдан гапга аралашганимни билмай қолдим. Ахир, учинчи бор туғруқхонага тушган бўлсам ҳам, бунақасини илк марта эшитиб туришим эди-да!
– Хайрият, сал тинчиди. Тепасида беш киши парвона бўлиб ўтирибди, тўғрироғи, қўриқчи бўлиб, – деганча аёл “тўсиқ”ни ёриб ўтмоққа уринди.
Аммо уни осонликча қўйиб юборадиган аҳмоқ бор эканми? У ҳолда, бу ерда зерикиб ётган бемор аёлларни ким шундай “қайноқ” янгиликдан бохабар қилади?
Аёллардан бири савол ташлади:
– Нега бундай қилади?
– Жони оғриётганмиш. Нима, бошқаларнинг жони оғримасканми? Додлаганча йиғлаб ўтирибди. Тағин нима дейди, денг? – бир амаллаб аёлларни ёриб ўтганча мен томон одимлади ҳамшира.
– Нима дейди? – ҳар галгидек Заҳронинг қизиқиши ҳамманикидан кучли чиқди. Шундан мен савол беришга кеч қолдим. Аслида, мен ҳам шуни сўрамоқчи эдим.
– “Ким туғса-туғаверсин, аммо мен туғмайман, уйимга кетаман!” дея йиғлаб ётибди. Шунга пастдан уйидагиларини чақиришга кетяпман... – шундай деди-ю, ҳамшира бир амаллаб биздан йироқлашишга муваффақ бўлди. У кетиши билан “маҳаллий мухбирлар” ўртасида муҳокама бошланиб кетди:
– Бу келинга нима бўлган ўзи? Ҳомиладор у бўлса, унинг боласини ким туғиши керак экан?
– Ёш бўлганидан кейин оғзига келганини гапираверади-да!
– Ҳа-а, ОНА бўлиш осон эканми? Шунинг учун ҳам “Аёлнинг жони қирқта!” дейилган-да!
Орадан сал ўтмай, елкасига оқ халат ташлаган йигит билан ўрта ёшлардаги бир аёл ҳовлиққанча чиқиб келишди. Онаси билан турмуш ўртоғи шекилли. Ёки қайнонасимикан? Иккаласининг ҳам юз-кўзида хавотир зоҳир.
Тўпланган хотинларга яхши мавзу топилди. Энди улар воқеа ечимининг тагига етмасдан туриб, “мухбирлик” қолиб, “изқуварлик”дан асло воз кечишмайди, дея ўйладим. Айтганимдек, пешинги муолажалариям эсларидан чиққан кўринади, навбатчи ҳамшира уларни бирма-бир чақириб олди.
Э, буниси ҳолва! Буларни шу ерда қўя турайлик-да, энди гапни бошқа ёқдан эшитинг.
Ўтган куни ажойиб ва ғаройиб ҳолат рўй берди. Учинчи қаватда даволанишга ётган жувоннинг бир “куйдирги” эри бор экан. На хотинининг ҳолидан тузук-қуруқ хабар оларкан, на келганида яхши муомала қилар экан. Эри келиб-кетганидан кейин шўрлик палатага кириб олиб, роса йиғларкан. Бир куни аёлнинг қон босими кўтарилиб кетибди. Дўхтир сабабини билишга уринибди. Ноилож қолган жувон жонидан ўтиб кетгани учун бор гапни дўхтирига айтиб беришга мажбур бўлибди.
“Шунақами? Ҳали у номард жони қил устида турган ҳомиладор аёли билан ҳазиллашишга журъат қиляптими? Ахир қорнингиздаги унинг зурриёди-ку! Худо кўрсатмасин, эртага болангизга бир нарса бўлса, ўзининг айбдор эканини тан олармикан, ёки яна бор айбни бизга ёки сизга ағдариб, ўзи сувдан қуруқ чиқиб турармикан? Шошмай турсин, мен унга ҳомиладор аёлга қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб қўяман! Ўша бетайин эрингиз келганида секингина мени чақиртиринг. Ўзим боплайман!” дебди аёлга ачинган дўхтир.
Икки кундан сўнг аёлнинг хабари билан эрни ҳузурига чақиртириб олгач, гапни узоқдан бошлабди:
“Баъзи бир номард оталар бор. Хотини туғаётган паллада иложи бўлса, туғруқхонагаям келмайди. Сиз мард экансиз. Мана, ҳар куни келиб, далда бўлиб турибсиз. Хабарингиз бор, хотинингизнинг қон босими тез-тез ошиб турибди. Бу туғруққа жиддий хавф солади. Ўзингиз бир намуна кўрсатиб, то гўдак дунёга келгунигача хотинингизнинг ёнида турсангиз! Унга таскин берган бўлардингиз”, дея бир амаллаб алдаб-авраб кўндирибди.
Эртасига аёл туғруқ хонасига олинибди. Хотинининг олдига “қўриқчи” бўлиб эр ҳам киритилибди. Туғруқ бошланибди. Бир маҳал ҳомиладор аёлининг бошидан ўтаётган оғир ва даҳшатли жараёнларни, жон талашиб чинқиришларини кўрган эрнинг мазаси қочиб, “шилқ” этиб ҳушидан кетиб қолибди! Шўрлик дўхтирлар туғаётган аёл бу ёқда қолиб, ҳушдан кетган эрни ўзига келтиришга тушиб кетишибди.
Тавба қилдим, туғадиган хотини, ҳушдан кетган эри бўлса-я? Юракдан ҳам берган экан-да! Ана сизга, баъзи “муҳтарам” эркакларнинг асл башараси!.. Зора шу “тарсаки”дан сўнг хотинининг қадрига етадиган бўлса ажабмас, дея ўйладим.
Ўша дўхтирни кўрмаган бўлсам-да, унга нисбатан қалбимда чуқур ҳурмат ҳисси уйғонди. Кошки, кошки ҳамма унга ўхшаса, ўхшай олса!.. Ўша аёл дўхтир бўлса бордир, бу муҳим эмас, асосийси, у — ҳақиқий ИНСОН!
Биласизми, нимани ўйлаб қўйдим? Худо хоҳласа, то уйга кетгунимгача ўша шифокор билан бир бор бўлсин кўришиб, қалбимда ғунчалаган туйғуларимни изҳор қилишга ҳаракат қиламан.
Шунақа гаплар... Беморлар муолажадан аввал кўпроқ МЕҲРга муҳтождирлар! Баъзи пайтларда “Нимага шифокорликка ўқимаган эканман-а?” дея ўйлаб қоламан. Аммо... муолажадан қўрқаман-да!
Бўпти, қолган гапларни кейин ёзаман. Кечки муолажаларим бошланиб қолди. Учинчи мактубим орқали кўришгунча, хайр! Ҳа, айтганча, мактубларимни йўқотманг. Эсон-омон уйга борсам, биргаликда қайта ўқиб, ўтган кунларни эслаймиз.
КУМУШИНГИЗ
Лойиҳа муаллифи: Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ
Туғруқхона ҳаётига оид фикр ва мулоҳазаларингизни, шахсан бошингиздан кечирган ҳолатларни баён қилишингизни кутиб қоламиз.
Ўзингизни эҳтиёт қилинг! (Тўртинчи мактуб)
Яхшидан ёмонлар ҳам ёмонлиғ кўз тутмас,
Яхши ёмонларға ҳам яхшилиғни унутмас!
Алишер НАВОИЙ
Ассалому алайкум, АЗИЗИМ!
Омонмисиз? Дилбандларимиз, барча яқинларимиз саломатми?
Мендан сўрасангиз, туни билан йиғлаб чиққанимни ҳисобга олмаганда, ҳаммаси яхши...
Нега, дейсизми? Йиғимнинг биринчи сабаби мактубингиз, иккинчиси эса, уйимизни, фарзандларимизни, ҳамма-ҳаммани соғинганим... Шифохонага келганимга эртага бир ҳафта бўлади. Мен ҳали ҳеч қачон бунча узоқ вақт ўз уйимдан, жигарбандларимдан йироқда яшамагандим. Соғинч ёмон нарса экан…
Кеча менга йўллаган мактубингизни ўқирканман, ҳам кулдим, ҳам йиғладим! Тўғриси, сиздан хат оламан, деб сираям кутмагандим, самимий чиқибди, катта раҳмат! Бундан чиқди, “Туғруқхона ҳаёти” сизгаям “илҳом” берибди-да! “Туғруқхонадан мактублар”ни “Туғруқхонага мактублар” дея ўзгартирсак бўларкан, дея ўйладим.
Биласизми, мактубни нимага ўхшатгим келади? Оппоқ кабутарга! Улар одамлар орасидаги ришталарни мустаҳкамлайди. Албатта, яхши маънода битилган мактублар!
Хатингизни ўқигач, сизга бўлган меҳрим янаям ортганини ҳис қилдим. Айниқса, “Мени асло ўйламанг. Ҳозир фақат ва фақат ўзингиз ҳамда миттивойимиз ҳақида қайғуришингиз керак. Кейин туғруқхонада бўлаётган баъзи оғир ҳолатлардан ҳадеб сиқилиб, ўзингизни кўпам қийнаманг. Сизнинг озгина нарсадан ҳам қаттиқ таъсирланишингизни яхши биламан. Мен учун ўзингизни эҳтиёт қилинг!” дейилган жойига келганимда ҳўнграб юборганимни билмай қолдим...
Ҳар нарсага йиғлайверганимдан талабалигимда “йиғлоқ” деган от орттириб олгандим. Бу гал ҳам “йиғлоқ”лигим панд бериб қўйди. Бир пайт ўзимга келиб, мактубнинг давомини ўқийман, десам хат қўлимда йўқ. Не кўз билан кўрайки, мактубингиз ҳақиқатан ҳам оқ кабутарга ўхшаб, “учиб” юрибди: палатадошларим қўлма-қўл қилиб, бири-иккинчисидан тортиб олишяпти. Хуллас, уни мендан аввал шерикларим ўқиб чиқишди-да, роса мириқиб кулишди. Устингиздан эмас, албатта.
“Вой-бў-ў!.. Кумушой, поччамиз ростданам “Ўтган кунлар”даги Отабекка ўхшаб, сизни роса асраб-авайларканларми? Эрларимиз келишсин, биз ҳам “келинлар қўзғолони”ни кўтарамиз. Нимага энди бизга мактуб келмаслиги керак экан?” дейишган эди, “Шу кунгача қайси бирингиз кимга икки энлик хат битган эдингизки, энди жавобини кутасиз?” дея бир оғиз гап билан уларни мот қилиб қўйдим. Шунда ҳам қақажон Заҳро енгилишни истамай: “Мен ҳозироқ ўтириб мактуб битаман. Кумуш опа, фақат сиз менга нима деб ёзишим кераклигини айтиб турсангиз, бўлгани!” дейди.
“Ие, сизга айтиб турсам, унда у менинг мактубим бўлиб қолади-ку? Хат ёзаётган одам ўз туйғу ва кечинмаларини фақат ўзи чин дилдан изҳор қилмаса, у ҳолда ҳисобга ўтмайди. Яъни машҳур филмда “Шоҳ сохта экан!” дейишганидек, мактубингиз “сохта” чиқиб қолади! Сохта хатга эса ҳеч ким жавоб ёзмайди!” дея қўрқитдим-да, шерикларимга “ҳазилимни сездириб қўйманглар” дегандек кўзимни қисиб қўйдим. Лекин, аслидаям шундай эмасми, Бегим?
Ҳа, айтганча, сизга уларни таништиришни унутган эканман, чоғи. Пайти келганда, келинг, улар ҳақида икки оғиз маълумот ёзақолай. Биз жами саккиз кишимиз. Йўқ-йўқ, асло қўрқманг, битта палатада эмас. Палатамизда тўрт кишимиз. Аммо ёнимиздаги палатадагилар ҳам тўрт киши бўлиб, қувласак ҳам бизнинг хонамиздан кетишмайди. Кимнинг ортидан нима келса, ўртада! Хонамиздаги Гулчеҳрахон исмли жувон билан деярли тенгдошмиз. Фақат унинг ёши мендан озгина кичикроқ. Боришимдан бир кун аввал келган экан. Биринчи танишган кунимизданоқ бир-биримизга қаттиқ боғланиб қолдик. Ундаги самимийликни, беғуборликни, олижанобликни шу пайтга қадар ҳеч кимда, ҳеч кимда кўрмаганман!
Менсиз томоғидан бирор нарса ўтмайди. Ҳатто бир дона олманиям иккига бўлиб, ярмини илинади. “Егим келмаяпти, илтимос, ўзингиз ей қолинг”, десам, “Унда мен ҳам емайман!” дея туриб олади. Гоҳида хижолат бўлиб кетаман.
Заҳроям ажойиб, қувноқ келин! Салимахон билан Солиҳахонларнинг ўринларига янги беморлар келишди. Улар билан ҳам тез тил топишиб олдик. Малика опа бўлса, биздан анча ёш катта, мактабда ўқитувчи экан. Мактабда ўқитувчига ўхшасалар-ўхшарлар-ку, аммо бизнинг ичимизда “сиёсат”ниям унутиб қўядилар — тенгдош дугоналарга ўхшаймиз. Муяссар опа билан Холидахон бугун туғруқ бўлимига ўтказилди. Ҳар икковларига Яратганнинг мадади ҳамроҳ бўлсин! Уларнинг ўринларига ҳалича бемор жойлаштирилмади.
Айтганча, сизга иккинчи хатимда ёзган воқеанинг давомини ёзишни унутибман-ку!
Қайси воқеа, дейсизми? “Ким туғса-туғаверсин, аммо мен туғмайман, уйимга кетаман!” дея тўполон қилган келинчак ҳақидаги-чи? Хуллас, тўполон қилиб бақираверганиданми ёки қаттиқ қўрққаниданми билмайман, дарди “қочиб” кетибди. Ноилож қолган дўхтирлар “Бу ерда ётса, бақир-чақирлар ёмон таъсир қилиши мумкин. Қачон дарди қайта келса, шунда олиб келасизлар”, дея уйига жавоб бериб юборишибди.
* * *
Кеча тун ярмида бир жувон қабул қилинган экан. Келтирган йигит ўзини “эриман”, дея таништирибди-да: “Сизлар қабул қилаверинглар, ҳозир мен бир соат ичида керакли нарсаларни етказиб келаман”, дея “ғойиб” бўлибди. Қабулхонадагилар бир соат кутишибди, икки соат... Жувоннинг бўлса, аҳволи яхшимас. Ниҳоят, бизнинг ёнимиздаги палатага олишди. Керакли дори-даводан эса дарак йўқ. Тонг отибди ҳамки, йигит ҳамон “келади”. Жувондан сўрашса, аниқ бир гап айтолмасмиш. Шунда унинг қийналиб кетганини кўрган дўхтирлардан бири дорихонадан барча керакли дориларни келтиртирибди ва муолажани бошлашибди. Туғруқ пайти яқин қолган, аммо аёлнинг камкучлигини пайқаган ўша доя яна ходимлардан бирини дўконга югуртирибди. Аёлнинг қорни жуда очиқиб кетган экан. Йиғлаб-йиғлаб овқатланиб олибди. Орадан икки соатча вақт ўтиб, қийинчилик билан гўдак туғилибди. Чақалоқ учун керакли дори-даволар яна ўша “халоскор”нинг зиммасида. “Савоб қилсанг, бутун қил!” дейилган буйруққа кўра доя яна бурчини сидқидилдан адо қилибди. Она-бола учун таҳдид солиб турган хавф-хатар ортда қолибди. Шундаям “ота”дан дарак бўлмабди.
Туғруқдан сўнг доянинг ҳамкасблари: “Сиз ўзи кимга яхшилик қилаётганингизни биласизми? Ким билсин, ҳали битта фоҳиша бўлиб чиқадими? Ким билсин, сарфлаган пулларингиз қайтадими ёки ҳавога учиб кетдими?” дея норозилик билдиришибди.
Доя бўлса:
“Мен ундан ундириб олиш учун сарфлаганим йўқ. “Яхшилик қил, сувга сол. Билса — балиқ, билмаса — Холиқ билади!” Балки у ростданам ёмон аёлдир, фоҳишадир, бу бизга қоронғу. Аммо ҳали дунё юзини кўрмаган болада нима айб? Мен ўша бегуноҳ норасидага ачиндим, холос. Нимаики қилсам, фақат унинг учун қилдим!..” дея жавоб берибди...
Бегим!
Бу ҳақда эшитарканман, қалбимга бир титроқ югурди. Кимдир Худодан қўрқмай, ўз пуштикамаридан бунёд бўлган гўдакдан ҳали туғилмай туриб, тониб кетгани ҳолда, кимдир Худога бўлган қўрқувининг, муҳаббатининг кучлилигидан бир бегонанинг зурриёди жонини сақлаб қолиш илинжида эҳтимол чўнтагидаги энг сўнгги чақасини сарфламоқда эди!..
Пешин маҳали муолажахонада ўша доя билан тўқнаш келиб қолдим. Аёлни диққат билан кўздан кечирдим. Унинг киши эътиборини ўзига тортадиган ҳеч нарсаси — қулоқларида ялтираган тилла зирагу бармоқларини безаган қўша-қўша олтин узуклари йўқ эди. Бўйнини “қучоқлаган” бармоқ қалинлигидаги тилла занжири ҳам кўринмасди.
Фақат... Фақат чеҳрасида шундай улуғвор бир нур бор эдики, шунчалар илоҳий бир файз мужассам эдики, қараган одам кўзларини ундан узолмасдан маҳлиё бўлиб қоларди!..
Ана шундай нурли чеҳраю раҳматга ғарқ кўнгилни сизу бизгаям насиб этишини тилайман!
* * *
Ҳа, айтганча, бундан кейин хатларимни ҳамширалардан, фаррошлардан, умуман ҳеч кимдан бериб юбормайман. Айниқса, пастда навбатчиликда ўтирадиган бир аёл бор-ку, унга ҳечам ишонмайман! Сабабини кейинги хатимда ёзаман. Яхшиси, ўзингиз келганингизда деразадан “самолёт” қилиб учира қолганим афзал. Фақат “самолётимиз”ни бошқаларнинг қўлига тушириб қўйманг!
Қўмондоним, у ҳолда бешинчи “самолёт”ни қарши олишга тайёр туринг. Сиз ҳам ЎЗИНГИЗНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ!
КУМУШИНГИЗ
Ким айбдор?! (Учинчи мактуб)
Сохта билимдонлардан эҳтиёт бўлинг.
Зеро улар билимсизлардан хавфлироқдир.
Бернард ШОУ
Ассалому алайкум, ПАҲЛАВОНИМ!
Соғлиғингиз, ишларингиз яхшими?
Иккала полвонингиз, айниқса, кичкинтойингиз яхши юрибдими? Уларни мен учун ўпиб қўйинг!
Тирикчилик ташвишлари сизни толиқтириб қўймаяптими? Ўзим бу ерда бўлганим билан, хаёлим фақат сизда. Нимадир есам, сиз нима еган экансиз, ош-овқатдан қийналиб қолмадингизмикан, дея ўйлайвераман... Баҳор кунлари эмасми, сал ҳаво ўзгарса, ишқилиб, кўчага қалинроқ кийимда чиққан бўлинг-да, шамоллаб қолмасангиз бўлгани, деган хаёл миямга урилаверади.
Мендан, йўғ-е, биздан сўрасангиз, ҳаммаси яхши!
Бугунги мактубимни нега кечагисидек ҳазил-мутойиба билан бошламаганимни сезиб тургандирсиз? Сабаби, бугун кайфиятим йўқроқ... Йўқ-йўқ, сиз асло хавотир олманг, бу саломатлигим билан боғлиқ эмас! Худога шукр, менинг ҳам, унинг ҳам соғлиғимиз яхши. Муаммо шундаки, бугун биз билан битта палатада ётган Солиҳахон жарроҳлик йўли билан туғди. Буям етмагандай... Энди у бошқа фарзанд кўролмайди. Иккита қизи бор экан. Учинчиси ўғил бўлди. Кимдир, “Жон десин, учта фарзанди бор экан-ку!” деб ўйлаши мумкин. Йўқ, муаммо бунда эмас. Гап шундаки, турмуш ўртоғи оилада ёлғиз фарзанд экан. Ҳаётда онасидан эрта айрилиб, етимликнинг тошдек қаттиқ нонини еб катта бўлган, отаси эса ичкиликка берилиб кетиб, ўз оталик бурчини унутган, шундан она сути оғзидан кетмасдан, суяги қотмасдан туриб суянчиқсиз қолганча боши тошларга урила-урила, оёқлари қоқила-қоқила йўлини топган экан...
Ҳамиша: “Катта бўлсам, яхши инсон бўламан!” деган орзу билан яшаган, улғайгач эса: “Оила қурсам, яхши турмуш ўртоғи ва меҳрибон ота бўламан. Фарзандларим кў-ўп бўлади. Токи, улар менингдек ёлғизликда, забунликда, муҳтожликда яшашмасин... Турмуш йўлларида бир-бирига елкадош бўладиган оға-инилар, бир-бирининг ҳолидан хабар оладиган опа-сингиллар бўлишсин”, дея эзгу ниятлар қилар экан. Уйлангач, аҳдига содиқ ҳолда аёлини ардоқлаб, кафтида тутиб яшай бошлабди.
Биринчи қизлари туғилганда орзулари ушалган отанинг шодликдан боши кўкка етибди. Иккинчиси туғилгач, аёли яна қиз эканини билиб, “Турмуш ўртоғимни хафа қиладиган бўлдим!..” дея роса йиғлабди. Суюнчи улашаётган ота эса бу галги фарзандининг ҳам қиз эканини эшитгач, қайтадан суюнчи тарқата бошлабди. Ҳали ҳаётларида бундай воқеанинг гувоҳи бўлмаган дўхтирларнинг ҳайратдан оғизлари ланг очилиб қолибди. Сўнгра: “Сиз бизни нотўғри тушундингиз шекилли, хотинингиз ўғил эмас, қиз туққан...” дейишибди нафаслари ичига тушиб. У эса: “Нима қилибди? Қиз фарзанд эмасми? Берганига шукр! Қизим битта эди, иккита бўлди. Энди улар ёлғиз эмас!” дея жавоб берибди.
Бундан таъсирланган шифокорлар бу олижаноб ОТАни тинмай йиғлаб ётган аёлининг ёнига олиб киришга қарор қилишибди.
Йиғидан кўзлари қизариб кетган аёлига нигоҳ ташлагач, ҳаммасини англаб: “Мен билан шунча йилдан бери бирга яшаётган бўлсанг ҳам, ҳалиям яқинроқдан танимаган, ким эканимни ҳанузгача яхши билмаган экансан-да... Сени ранжитадиган ҳаракатимни бирор маротаба бўлсин кўрганмидинг? Ҳали-ку иккита экан, ўнта қиз туғсанг ҳам ношукрлик қилмайман, Худонинг тақдирига қарши исён кўтармайман. Бу сенинг ёки менинг қўлимиздаги иш эмас. Мени рози бўлсин десанг, ўзингни қўлга ол-да, қизалоғимизга меҳр билан яхшилаб қара!..” дея хотинини юпатганча чиқиб кетибди. Атрофдагилар унинг мардлигига қойил қолганча ҳайратли нигоҳлари билан кузатиб қолаверибди.
Тақдирнинг ҳукмини кўрингки, сабр қилгани боис, учинчи фарзандлари ўғил бўлди. Фақат... Солиҳахоннинг бачадони олиб ташлангани ёмон бўлди-да...
Турмуш ўртоғи етиб келолганида, бунга асло йўл қўймаган бўларди. Бахтга қарши, навбатчиликли ишда ишлар экан. То навбатчилигини топшириб, етиб келаман дегунча, “қўли енгил” дўхтирлар ҳаммаёқни саранжомлаб бўлишган экан...
Қани, Гиппократ қасамёдини ичиб, эгнига шифокорликнинг оппоқ либосини кийган дўхтирнинг аҳдига садоқати? Қани, “Оқ либосимга доғ туширмаган ҳолда қасамимга содиқ қоламан!” дея берилган ваъдаларга вафо?!. Ёхуд ҳунарнинг, мартабанинг билим билан эмас, “соққа” билан эгалланганининг касофатими бу? Хўш, ким айбдор?
Ёки бўлмаса, бу “Эчкига жон, қассобга мол қайғуси” дейилган мақолнинг ҳаётдаги кўринишими?
Иккита боласини ўзи туққан соғлом аёл учинчисини ҳам бемалол туға оларди. Унга ҳеч қандай жарроҳликнинг кераги йўқ эди. Тонготарда биз билан шодон хайрлашиб чиқиб кетган Солиҳахон икки соат ўтар-ўтмай, операция қилингани ва биратўла бачадонидан ҳам айрилгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитгач, тош қотиб қолдик. Аслида, аёлнинг ҳали вақти-соати етмаганлигини, дўхтирининг айби билан шошқалоқликка йўл қўйилганини биз барчамиз билиб турардик... Лекин додимизни ким ҳам эшитарди, Бегим?!
Операция пайтида тиғ тегиб кетгани учун кучли қон йўқотиш бошланган. Кейин эса, шундан ўзга чоралари қолмаган...
Солиҳахоннинг маъюс ҳолда: “Кумушбиби! Ҳечам туғруқ хонасига киргим келмаяпти-да! Ҳали дарднинг “Д”сидан ҳам дарак йўқ-ку? Аввалги иккитамда дард тутиб бошлаганидан сўнг анча вақт ўтиб, туғруқ хонасига олинган ва осонгина қутулган эдим. Қўрқиб кетяпман, қанақа қилиб дардсиз туғиш мумкин? Дўхтиримга шундай десам, “Менга кўп ўқитманг, бу ерда ўзи ким шифокор?! Беморлар жа ҳаддиларидан ошиб кетишяпти! Индамасанг, профессорлик даъво қилишданам тоймайди булар! Менинг ишларимга аралашгандан кўра, эрингиз етиб келадими-йўқми, шундан гапиринг?” дея жаҳл қилди. Дардим келмагани билан, туғишга тайёр эмишман. Битта укол ҳаммасини ҳал қилар эмиш!..” дея менга илтижоли термулгани кўз олдимдан кетмай қолди...
Операция муваффақиятсиз тугагач, “Сизни кутиб, вақтни йўқотдик!” дея виждонсизларча яна айбни беморнинг эрига ағдариб ўтирган эмиш.
Бежизга “Чала мулла диндан, чала табиб жондан айиради”, дея нақл қилинмаган экан-да...
Кечаги мактубимда бир чорасиз қолган аёлнинг дардига малҳам бўлолган дўхтирга нисбатан қалбимда қанчалар юксак муҳаббат ҳисси уйғонганини ёзган эдим. Бугунги “чала” шифокордан эса шунчалик нафратландим!
Эри атиги бир соатгина кеч қолди. Етиб келгач, шумхабарни эшитиб: “Нега? Нима учун? Кимнинг розилиги билан бу ишга қўл урдинглар?! Кечагина хабар олиб кетганимда хотиним ҳам, ҳомилаям соппа-соғлом эди-ку?!.” дея тўполон кўтарди.
Қақшаб қолган аламзада отанинг фарёдини ўша лаҳзаларда бир эшитсангиз эди!.. Юрак-бағрим пора-пора бўлди... Бошимни адёлга буркаб олганча юм-юм йиғладим... Ахир, биз Солиҳахон билан худди опа-сингилдек яқин бўлиб қолган эдик... Хайриятки, ўзи ҳамда боласи омон қолибди!.. Менга биргина таскин бераётган нарса ҳам аслида, мана шу...
* * *
Ҳар хил қўрқинчли воқеаларни ёзиб, сизнинг ҳам бошингизни оғритиб қўйдимми? Нима қилай, бунча дард, бунча алам бир ўзимга оғирлик қилади, ким биландир бўлишишим керак-ку, ахир. Ана шу дардкаш, сирдош, яқин инсоним фақат сиз бўлишингизни истайман... Менинг дардларимни сиздан бошқа яна ким ҳам тинглар, ҳис қила оларди?
“Дунёга келиб шунча нарсани кўрдим, лекин ҳали-ҳануз ИНСОНни қидираман...” деганида Диоген қанчалар ҳақ эди!
Унинг аччиқ ҳақиқатдан иборат ана шу сўзларини катта-катта ҳарфлар билан ёзиб, ИНСОН деган мукаррам номга нолойиқ ҳолда яшаётганларнинг пешаналарига ёпиштириб қўйгим келяпти!
Ўша дўхтир операция столида қиймалаётганини бир БЕГОНА аёл деб эмас, ўзимнинг яқин кимимдир, деб билганида, ҳис қилолганида, балки бугун бир аёл бахтсизликка юз тутмаган, бир эркакнинг юрагида яшаётган осмон қадар улкан орзулари чок-чокидан сўкилмаган, кўзларидан аччиқ-аччиқ армон ёшлари тўкилмаган бўлармиди?!.
* * *
Сиз билан хайрлашадиган пайт ҳам етиб келган кўринади... Юрагингизни сиққаним учун узр сўрайман. Тўртинчи мактубим орқали кўришгунча, омон бўлинг!
КУМУШИНГИЗ
Лойиҳа муаллифи: Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ
Туғруқхона ҳаётига оид фикр ва мулоҳазаларингизни, шахсан бошингиздан кечирган ҳолатларни баён қилишингизни кутиб қоламиз.
“Бўйинбоғим қани?!” (Бешинчи мактуб)
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа, топгай бегумон
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё!
Садриддин Салим БУХОРИЙ
Ассалому алайкум, МЕҲРИБОНИМ!
Саломатмисиз? Полвонларимиз нималар дейишяпти? Сиз томонда қандай янгиликлар?
Бизда ҳозирча ҳаммаси яхши.
Ҳа, айтганча, “Туғруқхонага мактуб” йўллайдиган оталар сиз билан иккита бўлди! Ўйлайманки, бу сон кун сайин ортса-ортиб боради, аммо камаймайди. Шундай мазмундаги мактубларнинг кўпайиши, аҳил эр-хотинларнинг, мустаҳкам оилаларнинг сони ортаяётганидан дарак беради, дея умид қиламан. Гапим тўғрими?
У ким экан, дейсизми?
Палатамиздан туғруқ бўлимига кўчган Муяссар опа кеча тушга яқин ўғилчали бўлган эди. Жами тўртта фарзанд бўлди — икки қиз, икки ўғил! Турмуш ўртоқлари ҳар куни икки бор келишни канда қилмайдиган “меҳрибон дада”лардан.
Ўғилчали бўлгач, опамизга шунақа хат ёзганки, ўқисангиз, кулгидан думалаб қолишингиз тайин — “суппер мактуб”! Буям майли, ўша Бахтиёр акамиз Муяссар опамизга ўз қўллари билан аталаям пишириб келибдилар. Ишонмаяпсизми? Мана, хатдан бир жумлани айнан келтираман. Ўқиб кўргач, ўзингиз хат ҳақидаги гапим ҳам, атала ҳақидагисиям рост эканига ишонч ҳосил қиласиз:
“Муяс! Аҳволларинг яхшими? Камчилик, қийинчилик йўқми? Полвончамиз қандай?
Сенга атала пишириб келдим. Қайноғи совумасдан ичиб ол. Унни ёғда обдон қизартириб қовургач, озроқ сув ҳамда кўпроқ сут солиб, яхшилаб икки соат қайнатдим. Қўрқмасдан ичавер — болага сут, ўзингга куч бўлади!”
Энди ишондингизми? Ишонган бўлсангиз, бугундан бошлаб атала тайёрлашни ўрганишга киришинг. Сабаби, менинг аталани жудаям яхши кўришимни биласиз-ку!
Аввалига “Эркак киши қанақаям атала пиширарди? Чала пишган бўлса, Муяс опамиз уни ичиб олиб, яна бир нимани орттириб олмасайди”, дея қўрқдик. Аммо опамиз акамизнинг “ошпаз”ликларига қаттиқ ишонаркан. Аталадан маза қилиб ичиб олибди-да, қолганини ҳамшира орқали “ҳужжат”и билан бирга бизга чиқариб юборибди.
“Ҳужжат” яъни мактубда атала шу қадар ишончли ва кучли “реклама” қилинганидан ҳаммамизда ундан ичиб кўриш истаги уйғонди. Баравар ёпишдик. Ким пиёлада, ким қошиқда “синовчи ичувчи”ликка тушиб кетди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳақиқий атала! Шунчалар мазали чиққанки, ичиб тўймайсиз. Уни “Сурхонча атала” дея номладик. Чунки, бу бахтиёр оила вакиллари асли сурхондарёликлар.
Сўнгра опамизга миннатдорчилик билдириб, икки энлик хат чиқаришниям унутмадик:
“Ассалому алайкум, Муяс опажон! Аввало ўғилчали бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Соғлиқларингиз яхшими? Аталахўр полвонча қалай?
Ўзингизни ўйлаш ўрнига, шу ердаям биз ҳақимизда қайғурганингиз учун катта раҳмат! Умримизда бунақа ширин атала ичмаганмиз, десак, ишонасизми? “Ошпаз” акамизга бизнинг номимиздан миннатдорчилик билдириб қўйинг. Худо хоҳласа, келгусида бир-биримиз билан борди-келди қиладиган бўлсак, сизникига фақат Бахтиёр аканинг қўлларидан “Сурхонча атала” ичиш учун борамиз! Хайр, омон бўлинг!”
* * *
Бугун учинчи қаватдаги Дилнозахонга жавоб берилди. Пешин маҳали келганингизда, “Тўй”нинг гувоҳи, йўғ-е, меҳмони бўлардингиз. Қанақасига, дейсизми? Ҳозир тушунтириб бераман-да.
Азиз меҳмонлар бор, яъни чақалоқнинг яқинлари. Мезбонлар бўлса — туғруқхона ходимлари. Мезбонлар оёғи олти, қўли етти бўлиб, меҳмонларнинг “кўнглини овлаш” пайида! Томошабинлар ҳам етарли, бу — беморлар. Оқ-қора “Лимузин”лар, “Линколн”лар, “Жеп”лар “беминнат” хизматда! Карнай-сурнай товушлари оламни тутган. Видеотасвирчиларни айтмайсизми? Камера иккита, йўғ-е, учта экан. “Қистир-қистир”лар ҳам кўнгилдагидай, ким қанча “ишлаган”ини ўзию чўнтаги билади!
Фақат битта “камчилиги” — ош йўқ. Яна битта “ачинарли” томони — хонандаларни чақириш ҳеч кимнинг ёдига келмаган. Бу албатта, тўй эгасининг “АЙБ”и! Туғруқхонада шундай дабдабаю асъаса билан тўй берган одам наҳотки уни қиздирувчи хонандалар билан ошни унутса?! Ахир, тўй бўлгандан кейин росмана тўй бўлиши керак-да! Ошсиз, хонандасиз тўй кимгаям татирди?
Шунча ваҳиманинг сабабчиси, тўғрироғи “айбдори” — бор-йўғи беш кунлик гўдак! Замонавийчасига “памперс” деб номланадиган таглик боғлаб олган чақалоққа бир қарич келадиган костюм-шим кийдирилган. Оббо-о! Бўйинбоғ тақиш эсдан чиқиб қолибди-ю! Ҳали гўдак эсини таниб, “Тўй”ининг видеотасвирини кўрганда “Туғруқхонадан чиқаётганимда нега менга бўйинбоғ тақмагансизлар?!” дея ота-онасидан хафа бўлиб юрса-я? У ҳолда “шўрлик” яқинлари нима деб жавоб беришаркан?..
Шуларни ўйлаб, сиқилиб кетяпман…
Юрагимга кирган оғриқни енгиш учун йўлак бўйлаб кеза бошладим. Палаталардаги аёлларнинг деярли ҳаммаси деразалардан бошларини чиқарганча, томошабинликни дўндиришяпти. Кимдир эртаси учун “режа” тузяпти, кимдир “Эсиз, шунча харажат, исрофгарчилик! Бу кимўзарга пойга бўлмай, яна нима?!.” деганча жимгина кузатиб турибди.
Эшиги очиқ турган палата олдидан ўтарканман, ҳеч кимга кўзим тушмади. Аммо йиғи овози эшитилгандай бўлди. Ҳайрон бўлиб, ичкарига мўраладим. Бурчакдаги каравотда кимдир устига адёл тортиб олганча пиқ-пиқ йиғларди. Шунда ҳаммасини тушундим... Бу ўша — куни кеча ҳомиласи нобуд бўлган жувон!.. Англашимча, пастдаги дабдаба унинг битиб улгурмаган қалб ярасига туз сепиб юборган...
Ёнига бориб, унга тасалли беришга журъатим етмади...
Бегим!
Юрагим ачишди...
Мутафаккирлардан бири: “Ер юзида лоақал биргина бахтсиз киши яшаб туриб, хотиржам яшаш ва бахтли бўлиш мумкин эмас. Яшашдан мақсад, бутун инсоният фаровонлигини ва бахтини кўзлашдир”, деб айтган экан. Нега биз фақат ўзимизни ўйлаймиз-у, атрофимиздагиларни ўйлашни, тушунишни истамаймиз?..
Эсингиздами, иккала фарзандимиздаям оддийгина машинада уйимизга кетгандик. Худо хоҳласа, бу гал ҳам шундай бўлади. Фақат, жигарбандимиз соғлом бўлса, шунинг ўзи кифоя! “Туғруқхонадаги тўй”ларга, “Лимузин”ларга сарфлайдиган пулимизни фарзандларимизнинг келажакда илмли, ўқимишли, янаям тўғрироғи ОДАМ бўлишлари учун сарфлаймиз, нима дедингиз? Буни уддалаш қўлимиздан келади-а?
“Хато қилиш ҳаммада бор. Аммо доно инсонгина хатосини тан олиб, уни тузатади”, деган экан донишмандлардан бири. Биз хатоларимизни қачон тузатар эканмиз-а?..
* * *
Кечаги мактубимда “Айниқса, пастда навбатчиликда ўтирадиган бир аёл бор-ку, унга ҳечам ишонмайман!” деганим ёдингиздами? Ҳозир сизга айтадиган гапларим эҳтимол, бировнинг устидан ғийбатга ўхшаб туюлиши мумкин. Аммо ғийбат, дея мен гапирмасам, бошқа гапирмаса, у ҳолда ҳақиқатни ким айтади?
Ўтган кун ўша аёл беморларга уйидан келган нарсаларни тарқатаркан, чақалоқлаган шерикларимиздан бирига: “Сизга шоколад ейиш мумкин эмаслигини биласизми?” дея ўдағайлаб кетибди. “Биламан...” дебди бояқиш гап нимадалигини англаёлмай. “Унда нега эрингиз шоколад олиб келади?” дебди яна дўқ уриб. Қўрққанидан “Билмасам...” дебди келинчак. Аёлнинг бўлса, жағи тинмасмиш.
“Бечорага нега бунча бақирасиз? Олиб келган эри бўлса, бунинг айби нима? Емайди, болаларига бериб юборади! Қани, қанақа шоколад? Менга беринг, ўзим уйдагиларидан қайтариб юбораман!” дея шерикларидан бири жувонни ҳимоя қилибди. Кутилмаган бу ўктамликдан аёл довдираб қолибди-да, секингина палатани тарк этибди. Аммо пакетнинг ичида ҳеч қандай шоколад-поколад йўқ эмиш.
Кейин маълум бўлишича, навбатчи аёл кимнинг ортидан нима келса, ҳаммасини бирма-бир “текшириб”, ўзига “тегишли”сини шу йўл билан “тинчитар” экан! Кейин эса айбини ёпиш учун шаллақилик қиларкан. Буни қўшни палатадагилардан эшитиб, оғзимиз очилиб қолди. Ана сизга, “ишбилармонлик”нинг янгича кўриниши!
Тағин мактубларимни унинг қўлига берсам, сизга атаб ёзганларимниям ўқиб ўтирмасин, яна! Тўғрими?
Айтганча, эртага полвонларимизниям олиб келинг, майлими? Уларни жуда-жуда соғиндим...
Хатим ҳам ниҳоясига етиб қолди. Энди сиз билан янаги мактуб орқали кўришгунча, дея хайрлашаман. Омон бўлинг!
КУМУШИНГИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 34 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар