1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Юрагимиз нечта ўзи?!

Бозорда эркаклар пайпоғини сотиб ўтирган кишининг ёнига яқинлашдим, ювганда ранги чиқиб кетмайдими, деган саволимга:
—    Агар ранги чиқиб кетса, топган пулим ҳаром бўлсин, берган пулингизни боламнинг ўлимига ишлатай, — деди ҳеч иккиланмай. Дарҳол ундан уч жуфт пайпоқ сотиб олдим.

Ҳар гал юваётганимда гўё пайпоқдан эмас, менинг дилимдан симсиёҳ ранг оқаётгандек титрашга тушаман. Нега ўша саволни бердим, нега уни қасам ичишга мажбур этдим... Рицарни бўса олмоққа чорлаган маликага рицар: “Менинг юрагим битта, уни парчалашни истамайман”, дея жавоб берган эди. Дунё ҳар дақиқада бетакрор ҳусн ва фусун билан бўсалар олмоққа чорлайди. Биз эса унинг чақириғига жавоб бераверамиз, бераверамиз.

Юрагимиз нечта ўзи?!

Кўчага чиқишим билан оёғим остига қарайман. Қарайман-у, Ерга ачиниб кетаман. Ҳамма унинг юзига тупуради. Қуёшга ҳавасим келади. Қуёш эса мўминнинг қалбига ҳавасда. Чунки мўминларнинг қалбидаги нурнинг саксон мингдан бир бўлагига эга бўлган қуёш фақат оламни ёритар, тупроқдан-да қаро дилларни ёрита билмас.
Бугун кўнгиллар бир-бирин севмас бир ҳолатдадир, Фиръавннинг соқоли мисол диллар сиёҳ (соқолини қорага бўяган илк инсон Фиръавн эди). Соқолларингизни қорага бўяманг, у жаҳаннамнинг рангидир, деган эдилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

ОИТС дейилса, ҳаммани ваҳм қоплайди. Аслида унинг давоси бор. У орттирилган иммунитет танқислиги. Аммо туғма, азалий мийсоқдаёқ берилган бир иммунитет бор. Инсониятда ўша иммунитетнинг пасайиши, йўқлиги хавфли. У имон-эътиқод иммунитетидир.
Бишри Хофий ҳазратлари “Ўлимнинг давоси бор, у имондир”, дейдилар. Ўлимгача бўлган касалликларнинг давоси ҳам шу. Чунки у оғриқларга, чинқириқларга, санчиқларга, тиғларга муносиб қаршилик кўрсатади, қийинчиликларга сабр қилади, курашади. Ундан кучлироқ, курашувчанроқ бошқа иммунитетни билмайман.

Сурайё ЗОҲИР