1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Ит севгиси ва унинг хунук оқибатлари...

Инсон кундалик ишлардан фориғ бўлар экан, мириқиб хордиқ чиқариш пайтига тушади. Буни ҳар ким ўз табиатига кўра ҳар хил белгилайди. Кимдир фурсатдан фойдаланиб ёстиқ билан “дардлашса”, яна кимдир мусиқа онги остида хаёлини жамлашга ҳаракат қилади. Улар орасида китоб мутолааси билан маънавий-руҳий дам олишни кўзловчилар ҳам топилади. Нима бўлганда ҳам дам олиш тушунчаси, менинг фикримча кишиларнинг маънавий-руҳий, фитрий ва илмий салоҳиятига қараб ҳам ўзгаради. Зеро баъзи бировлар учун дам олиш деб билинган ҳолат сиз учун жуда зерикарли бўлиши мумкин. Баъзан эса улардан нафрат ҳам қиларсиз... Кўча-кўйда ити билан “ҳамсуҳбат бўладиган”, шу билан хордиқ чиқарадиганларни кўриш, ҳар куни учратиш одатий ҳолга айланди. Халқимиз табиати ва фитратига тамоман мос келмайдиган бундай ҳолат баъзи “янги ўзбеклар” томонидан ҳам одат тусига кириб бормоқда.

Хўш, бунинг нимаси ёмон, дегувчилар ҳам чиқиб қолиши мумкин. Умуман олганда ҳар бир нарсада ижобий ва салбий жиҳатлар мавжуд бўлганидек, ит парвариш қилиш ва ундан фойдаланишда ҳам ўзига яраша талаб ва қоидалар бор. Азал-азалдан ўз диний эътиқодига содиқ ва ҳар бир ишда ундан келиб чиқиб иш кўрадиган халқимизнинг ит тарбияси ва парвариши билан қанчалик узвийлиги бор, ана шу масалалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадиси шарифларида ит ва ундан фойдаланиш борасида жуда аниқ кўрсатмаларни кўриш мумкин. Бу борада энг саҳиҳ манбалар сифатида эътироф этилувчи олти саҳиҳ ҳадислар тўпламининг барчасида келтирилган “сайд - ов” баҳсида кенг ва етарлича маълумотлар келтирилган. Шунга кўра “итларнинг ҳам бир уммат экани, улардан қўриқчилик, овда ва чўпон сифатида фойдаланиш мумкинлиги, бундан ташқари мақсадда сақланганда эса ҳар кунига эгасидан бир қийрот (Уҳуд тоғичалик катталикда) савоб камайиб бориши (Сунани Абу Довуд, Ов китоби, Жомеъ ат-Термизий, Ов китоби), Али ибн Толибдан ривоят қилинган ҳадисда эса “фаришталарнинг сурат, ит ва жунуб киши бор бўлган уйга кирмасликлари” (Сунани Насоий, Ов ва қурбонликлар китоби) каби жиҳатлар киши эътиборини ўзига тортади.

Афсуслар бўлсинки, жамиятимизда итдан асл табиатига кўра фойдаланиш ва бу борада дин йўл-йўриқларига риоя этишда жиддий муаммолар бор. Ана шу иллатлардан, юқорида ҳам таъкидланганидек, уйда ит сақлаш ва унга нисбатан аслида инсонларга хос меҳр кўрсатиш муаммосини бир мунча муолажа этишга ҳаракат қиламиз.

Англияда амалга оширилган бир тадқиқот натижасида оилали ҳар юз кишидан олтмиштасининг ит каби уй ҳайвонларини ўз турмуш ўртоғидан яхшироқ кўриши маълум бўлди. Францияда эса итларга мўлжалланган сартарошхоналар, клублар, махсус сайлгоҳ кўчалар ва алоҳида қабристонлар, соғлик суғурталари, лосьон (ҳожатхона суви), парфюмерия ва шампунлар бор. Итларнинг бу даражада меҳр ва эътибор кўришида ғарбдаги садоқат ва вафо туйғуларининг инсонлар орасида камайиши таъсири катта бўлмоқда. Шу муносабат билан Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) қуйидаги ҳадиси шарифларини ёдга олиш жуда ўринли бўлади: “Қиёмат куни яқинлашганда бир кишининг ИТ БОЛАСИНИ вояга етказиши ўз боласини тарбиялашидан ҳам жозибалироқ бўлиб қолади”. (Абу Заррдан Табароний ва Таҳовий ривояти).

11 ёшли қиз бола Келли Линч ғарбий Швецарияда Данун шаҳарчасидаги ўртоғини кўришга борди. Тонгда икки ўртоқ денгиз соҳили бўйлаб сайр этишга қарор қилишди ва ўзлари билан икки Ротвиллер зотли кучукни еталаб олишди. Афсуски бу сайр жуда аянчли тарзда хотима топди. Бир неча юз метрдан кейин ўша пайтгача болалар атрофида югуриб ўйнаб юрган итлар кутилмаганда Келлига ташланиб, уни қаттиқ жароҳатлашди. Келли эса бир неча сониядан сўнг ҳаётдан кўз юмди. Англияда фақатгина июн ойининг илк хафтасида Ротвиллер зотли кучуклар тўрт кишига ташланди. Ажабо бу ҳайвонлар кутилмаганда ваҳший ҳайвон кўринишига келиб қолдими ёки ҳодисаларнинг кетма-кет рўй бериши шу хулосани туғдирдими?

Итларнинг инсонларга ташланишига доир мисолларга биринчи марта дуч келаётганимиз йўқ ва бу ҳолат нодир ҳодиса деб ҳам ҳисобланмайди. Лекин айнан ғарб мамлакатларида инсонлардан кутган севгини топа олмаган ва ҳақиқий севгидан ҳеч нарса тушунмайдиган кимсалар итлар билан шу даражада апоқ-чапоқ бўлиб, итлар ижтимоий ҳаётга шу даража кириб бордики, уларни ҳеч ким ваҳший ва таҳликали деб билмай қолди.

Америкалик зоолог ва маслаҳатчи Питер (Peter Barchlet) ўзига мурожаат қилиб келганларнинг ярми итлар тажовузидан шикоятчи эканини айтади. Бу ибрат берувчи ҳолат олдида бироз кишини таскин топтирувчи жиҳат эса итларнинг қайси сабаблар билан ваҳшийлашининг бироз бўлса-да ўрганилгани.

Ана шу хулосалардан бири итнинг ўзига оид деб билган ёки фойдаланиб келадиган бир нарсани ҳимоя этиш туйғуси. Лондонда юзага келган ҳодиса бунга чиройли мисол бўла олади: 14 ойлик чақалоқ уй итининг овқат ейдиган идишига қўлини суқди. Ит эса овқатини ҳимоя қилиш мақсадида унга ташланиб, боланинг бош ва қулоғидан жиддий яралади. Шунга ўхшаш воқеада америкалик бир оиланинг 10 ёшли боласи бироз олдин товуқ овлаган итнинг нима еганини билиш мақсадида яқинлашди ва ит саросимага тушиб, уни ерга йиқитди ва тишлади.

Ит тишлашларининг умуман олганда парк ва асосий кўчаларга ўхшаш жойлардаги эгасиз итлар томонидан амалга оширилишига доир гап-сўзлар ҳақиқатдан тамоман узоқ. Тажовузларнинг тўртдан бир қисми уй ичида яшовчи итлар томонидан оила аъзоларига нисбатан амалга ошишини кўриш мумкин. Умумий ҳолда тажовуз воқеаларининг 65-95% уй ичида ёки уйнинг жуда яқинида содир бўлади. Уларнинг фақатгина 10 % идан кўчадаги дайди итлар масъул, холос.

Итларни ваҳшийлаштириб қопағон ҳолга келтирувчи иккинчи сабаб сифатида итларнинг ўз эгаларидан ёмон муомала кўриб, азият чекишлари кўрсатилади. Афсуски бундай вазиятларда бу ҳайвонлар ҳаддан ташқари дарғазаб ва қасоскор тус оладилар. Мисол учун ўйнаш мақсадида ўз итига ўйинчоқлар отган бола нисбатан итининг бешафқат тажовузи ҳар лаҳза юзага келиши эҳтимол. Ёнидаги итга фақатгина рулон шаклида букланган газетани енгилгина урган 1 ёшли бошқа бир болакай итнинг акс жавобидан қутилмасдан, барҳол жароҳат топади.

Ит томонидан босқинчиликка сабаб бўлувчи бошқа бир омил эса, унинг гўё ўзига рақиб деб билган оила аъзосига нисбатан ўз устунлигини кўрсатиб қўйиш уриниши. Итларнинг инсонлар билан бирга яшай олишларидаги энг муҳим сабаб, ўзларини бу жамиятнинг бир бўлаги сифатида кўришларидир, дейиш мумкин. Яъни уларнинг инсонларга нисбатан муносабат тарзи, бизнинг уларга муносабат тарзимиздан анча фарқ қилади. Шундай бўлгач, уйдаги устунлик (авторитет) бўшлиғи ҳайвоннинг табиий равишда ана шу устунликни қўлга киритиш пайида бўлишига йўл очиб беради.

Итларни ташланувчан қилувчи охирги сабаб эса, баъзи ҳаракатларнинг уларга бошқача таъсир қилиб, уларнинг табиатидаги ваҳшатни тикланишига олиб келиши. Велосипед ҳайдашдан бошқа ҳеч нарса қилмайдиган James Walker номли 5 ёшли боланинг “йўлини тўсган” учта Rotweiller томонидан босқинга учраши, бунинг энг гўзал мисолидир. Бу турдаги хатти-ҳаракатлар тахминларга кўра ҳайвонлардаги ов хиссини жўштириб юборади.

8 декабр 1989 йили радиода маълум қилинган воқеа ғарбдаги бу фитратга номуносиб ижтимоий иллатнинг бугунги кунда келиб ҳолатини намоён этиш жиҳатидан жуда ҳам муҳим. Францияда 65 ёшли аёл ўз итлари томонидан бурдалаб ташланди. Охирги 3 хафтадан бери кўринмаётган аёл тақдири билан қизиққан қўшнилари, уйига киришганда кўрган манзарадан даҳшатга тушишди. Французларни хавотирга солмаслик мақсадида ҳар қанча аёлнинг ўлим шакли аниқ эмаслиги, бошқа бир сабаб билан ўлгач итлари уни еган бўлишлари мумкинлиги айтилган бўлса-да, сабаби аниқ бундай воқеа аслида у ҳақида олиниши зарур ибрат сифатида қабул қилиниши керак.

Ёш болалар ва оила аъзолари устида жиддий излар қолдирган бу турдаги ҳодисаларнинг мисолларини яна давом эттириб, кўпайтириш мумкин. Ғарб олами кун сайин даҳшатли кўриниш олаётган бу ҳолатга чора топиш мақсадида уйида ит сақловчиларга қарата бир қанча тавсиялар, дастур ва чора-тадбирлар тақдим этиб келмоқда. Лекин бу нотабиий иллатнинг ижтимоий тизимда жиддий муаммоларга йўл очмаслиги мумкин эмас.

Ҳали умрининг илк йиллари ва дунёни энди таний бошлаган бир пайтда оддий сабаб туфайли ваҳший ҳайвон тажовузига дучор бўлган гўдак руҳиятида қанчалик яралар очилишини тахмин қилиш мумкин. Унинг ўйин мақсадида, балки мурғак қалбидан отилиб чиққан шу дўстона муносабатига ана шундай ваҳшат кўринишида жавоб кўриши ҳамда балки ҳаётининг таҳликали тус олиши, унинг нозик қалбини қанчалик ранжида этишини хис эта олмаслигимиз ҳам аниқ...

Масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, бу даҳшат берувчи манзарадан фақатгина табиатига кўра ҳаракат қилаётган итларни масъул деб билиб, ҳамма айбни уларга ағдариш ҳам катта ҳақсизлик бўлмасмикин?

Шундай экан бизлар ҳозирги давр кишисига ҳақиқий инсоний севгини танитиш ва буни топа олмаган тақдирда унинг бир талай сунъий чораларга бош урмаслигини таъминлашимиз зарур. Шунчалик таҳликали ва зарарли бўлишига қарамасдан ғарб инсони нима учун қўшниси, қариндоши, ҳатто ўз боласига кўрсатмаган бу севгини ҳайвонга нисбатан кўрсатмоқда? Балки улар ҳам “Агар итлар бир уммат бўлмаганида, уларни ўлдирардим” (барча саҳиҳ тўпламларда мавжуд) кўринишидаги пурмаъно ҳадисни марҳамат қилиб, У (а.с.) олиб келган ҳақиқий севгини излаётган бўлсалар, не ажаб...

Абдулҳамид Зайриев