1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Мебелни ким олиб келади?

Эркак эр сифатида – оиланинг устуни, раҳбари, масъули. Оиланинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш эрнинг зиммасида. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин амалга келганда бу ҳолат гўё унут бўлади. Сўнгги пайтда пойтахтимизда бир урф қулоч ёзмоқда. Айни мана шу одат мени қоғоз қоралашга мажбур этди.

Жуда кўп ҳолатларда эркаклигимиздан ғурур қиламиз. Кўча-кўйда, дўстларимиз ичида эрлик ғурури ҳақида оғзимизнинг суви оққунча гапирамиз. «Эркакчилик» масаласи деярли ҳар суҳбатимизнинг мавзуига айланган. Аммо иш амалга келганда, нимагадир ҳамма айтилган сўзларни, эркакчилик ҳақидаги мардликларни унутиб қўямиз.

Энг қизиғи, ҳаммаси ҳали оила қурмасимизданоқ бошланади. Баъзиларимиз бадавлат хонадонга куёв бўлишни орзу қиламиз. Шу йўл билан тўкин ҳаёт кечиришни ўйлаймиз. Бу мантиқсиз орзунинг ўзи бизни текин ҳаётга интилишга ўргатади, натижада, эр-хотин ўртасидаги муомалотларга кескин зарба етади. Аслида ўша эркакчилик ҳақида бонг урган йигит ўзига ўзи: «Мен эркакман. Оиламни ўзим таъминлашим керак. Астойдил ихлос билан меҳнат қилсам, иншааллоҳ, асло йўқчилик кўрмайман» дейиши керак эмасмиди?!

Жуда кўпимиз келиннинг сепига кўз тикамиз (Тошкентда сепни жуда катта қилишлари ҳеч кимга сир эмас. Бу иш шу қадар кенг суратда авж олганки, қиз кўрган инсон умри давомида мебель учун тирикчилик қилиши лозим бўлиб қолган. Тасаввур қилингки, қиз жуда камбағал бўлса, уйидагилари мебель олиб бера олишмаса, МАРД куёвбола тўйга рози бўлармикан?!)

Бутун эътиборимизни «Келиннинг уйидан қандай нарсалар келар экан?» деган савол ўзига қаратади. Ўзимизча чамалаймиз. Алам қиладиган томони шундаки, бундан ҳижолат ҳам чекмаймиз. Келин томондагилар уйимиздаги бўшатиб қўйилган хоналарга жиҳозлар ўрнатиб, гиламлар солиб, пардалар осиб, хуллас хоналарни қимматбаҳо буюмларга тўлдириб, барча шароитларни яратиб кетишади. Бирон бир миллат вакили мазкур ҳолатни диққат билан кузатса, ҳайратдан ёқа ушлаши турган гап.

Шу ўринда бир воқеа эсимга тушиб кетди. Тошкентлик қиз покистонлик йигитга турмушга чиққан эди. Келин томон мебель жиҳозлари беришини эшитган покистонлик куёв ҳайратдан қотиб қолибди. Кейин маълум бўлишича, Покистонда қизнинг жиддий нуқсони бўлса, масалан руҳий касал бўлса, ёнига мебель қўшиб узатишар экан. Бизда-чи? «Ҳа энди, у Покистондаги одат-да. Бизда бошқача», дейишимиз мумкин. Лекин ундай эмас. Юртимизнинг ҳамма ерида ҳам мебелни келин томон олиб келмайди. Гап урф-одатда ҳам эмас, гап эркаклик ғурурида. Келин томондагилар уйимизни қимматбаҳо буюмларга тўлдириб ташлашига ғуруримиз йўл қўяди, орланмаймиз ҳам. Уйимизни тўлдиришгани етмагандек, ички кийимларимизгача (!) олиб беришади. Ўз уйимизда ичкуёвдек яшаймиз. Келиннинг ота-онаси қизини кўз қорачиғидек асраб, оқ ювиб, оқ тараб катта қилган. Узатаётганида эса юрагининг бир парчасини қўшиб узатган. Уларга «Шундай қизни тарбиялаб ўстирганингиз учун раҳмат. Ҳеч нарсангиз керак эмас. Ҳаммасини ўзим таъминлайман. Мен эркакман. Оиламни ўзим таъминлашим керак» дейишнинг ўрнига келин томондан мол-дунё келишини умид қилсак, адолатдан бўладими? Ҳали ҳайитда яна совға саломли бўлиш умидимиз бор. Келин бечоранинг ота-онаси шунда ҳам қутулишмайди. Фарзандли бўлсак, боламизга ўзимиз эмас, қайнота ва қайнонамиз бешик, кроват, кийим-кечак олиб беришади. Қандай қилиб бунга ғуруримиз йўл қўяди? Яна қовурдоқ деган нарса бор. Бу қовурдоқ ўзи асли фарзандларимизнинг онасига кўзи ёригандан кейин қувват бўлиши учун беришимиз керак бўлган таом. Лекин шу қовурдоқни ҳам қайнонамиз олиб келади. Тавба!

Агарда шунча ишларга индамай, ўзимизча эркак бўлиб турган эканмиз, энди кўчага чиққанда, чойхонадаги ошналаримиз олдида эркакчилик хусусида оғиз кўпиртирмаганимиз маъқул.

Умид Комилов