1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Шайтон томирларда

Шайтон одам боласининг қон йўлларида — томирларида юради”.
(Муслим. “Саҳиҳ”)

Шарҳи: Шайтоннинг инсонларга васваса қилиши, ёмонликка бошлаши диний асарларда кўп сўзланса ҳам, бу иш қандай равишда бўлиши очиқ баён этилмаган ёки очиқ баён қилинса ҳам, дунёвий илмлар ва фан ривожланмагани боис яхши англанмайди. Одам боласининг қон томирларида юриб, юракка кириши ва ундан яна айланиб, томирларга оқиб туриши эски замонларда маълум бўлмагани сабабли ҳадисга шарҳ ёзган олимлар бундай ҳадисларни таъвил қилишган ва ма-жозга боғлашган, шунинг учун васваса кайфияти номаълум бўлиб қолган.

Бу ҳадисдан очиқ билиниб турибдики, шайтон одам боласининг юрагига қон йўли орқали таъсир қилиб, ишларини битиради. Таъсир бериши ушбу равишда бўлгач, ўзи бевосита юракка кириб сўзлаши шарт эмас, балки, ташқаридаги тугмачани босиш билан ичкарида қўнғироқ чалинганидек, тана ташқарисидан ўзига муносиб бир йўл топиб, томирга таъсир этиши ва юракда ҳар хил ҳаракат ва ўзгаришлар пайдо қилиши мумкин. Ҳарҳолда, шайтоннинг бу тадбири жуда енгиллик билан озгина вақтда катта васвасаларга сабаб бўлиши мумкин.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларига кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикофда ўтирган вақтларида хотинлари София онамиз кечқурун у кишини зиёрат қилишга масжидга келади. Бирор соат сўзлашиб ўтирганларидан кейин София онамиз қайтиш учун қўзғалади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишини кузатиб ҳовлига чиқадилар. Шу вақтда уларга икки киши учрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга қараб: “Бу ўз хотиним София”,
дейдилар. Ҳалиги кишилар: “Субҳаналлоҳ, сиз ҳақингизда қандай ҳам гумон бўлсин, ё Расулуллоҳ!” дейишади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу ҳадисни сўзлаганлар.

Мазкур кишилар ансорий саҳобаларнинг улуғларидан ва холис мўминлардан бўлгани учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг ёмон гумон қилмаслигини билар эдилар, шундай бўлса-да, шайтон учун “васваса тугмасини босиш” енгил иш эканини назарда тутиб, бир изоҳ беришни мувофиқ кўрдилар.

Аслида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишлари билан халқларга одоб ва ахлоқни таълим берган, туҳматлардан сақланиш йўлларини билдирган, умматларга ибрат ва ўрнак бўлган эдилар. Мумкин қадар туҳматдан сақланиш лозим экани ва бирор кишининг гумон қилишига изн бермаслик кераклиги ушбу ҳадиси шарифдан англашилади.

Куръони карим Сулаймон пайғамбарнинг (алайҳиссалом) ҳавода учиб юришларини ҳикоя қилгани ҳолда мусулмонлар ўз вақтида ҳаво сафари илмини билишга интилмаганлари зўр ғафлат бўлса, ҳадисларда қон айланиши ҳикоя этилатуриб ҳам, мусулмон табибларнинг шу ҳақда тажрибалар, тадқиқотлар олиб бормаслиги иккинчи бир бепарволикдир.

Бу ишларнинг ҳар иккисини Оврупа олимлари сўнгги асрлардагина кашф этишди ва илм водийига киришга тўсиқ бўлиб турган бир чуқурга кўприк солишди. Бу кўприкни солиш мусулмонлар учун осонроқ эди, бироқ ғайратсизлик туфайли бу нарсанинг уддасидан чиқа олмадилар.

Ризоуддин ибн ФАХРИДДИН,
“Жавомеъул калим ” китобидан