1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Меҳнатнинг айби бўлмайди

Орамизда шундай касб эгалари борки, машаққатли меҳнатлари қаҳрамонликка лойиқ бўлса-да, уларнинг қадрига етмаймиз. Заҳматли меҳнатларига паст назар билан қараймиз, гоҳида камситамиз. Айрим ҳолларда эса улардан нафратланишгача ҳам борамиз. Гўёки улар бажараётган иш таҳқир, ҳақорат… Аммо англамаймизки, Аллоҳнинг наздида биздан кўра уларнинг меҳнати қадрлироқ, заҳматига мукофотлари кўпроқ.

Бугун биз меҳнати “арзимас”, “кўз илғамас” кўча супурувчилар, фаррошлар ҳақида, уларнинг ўйлари, қалб кечинмалари ҳақида мулоҳаза қилишга жазм қилдик. Кўпчилигимиз фаррошларга паст назар билан қарашга ўрганиб қолганмиз. Худди фаррош одам эмас. Баъзилар яқин кишисининг фаррош, кўча супурувчи бўлиб ишлаётганидан ор ҳам қилади. Аммо билмайдики, бир қарич жойни бўлса хам тозалаб, ораста ҳолга келтираётган, ўқиётган, ишлаётган, яшаётган жойларимизни фаришталар ошёнига айлантираётганларнинг саъй - ҳаракатлари самарасида файз-барака ошади, озода жойда хотиржамлик ин қуради, бало-қазо нари кетади. Тоза-озодалик кайфиятни кўтаради, бошлаган ишда унум сезилади. Биз уларни ҳамиша қадрлаймизми? Уларнинг бу ҳақидаги фикрлари қандай экан?

 Шарифа опа, фаррош, 56 ёш:- Меҳнатнинг айби йўқ. Ўғрилик, зинокорлик, бировнинг молига таъма билан қараш айб, гуноҳ! Фаррошлик, кўча-куй, жамоат жойларини тоза тутиш гуноҳ эмас. Бундай ишнинг исноди йўқ! Тан олиш керак, биров мен фаррош бўлай деб, ният қилмайди. Қўл калталик, эҳтиёжмандлик ортидан шу ишга рози бўлганмиз. Биз мажбурият юзасидан қилаётган ишимиз билан қанча кўнгилларни обод қиламиз, хотиржам қиламиз. Айримлар фаррошлларга паст назар билан қарашади, айниқса, ёшлар учун фаррош худди хизматкор, ўзим ишлайдиган ташкилотда асосан ёшлар фаолият юритишади. Уларнинг фаррошлар меҳнатига беписандликлари кўнглимни оғритади. Аслида ундайлар бунақанги ҳатти - ҳаракатлари билан қай даражада тарбия кўрганлари, маънавий дунёсиининг нечогли қашшоқлигини кўрсатишади. Катта ёшли ходимларнинг хоналари батартиб, тоза туради, кераксиз қоғозлар чиқинди солинадиган челакка ташланган, ҳаммаси ими-жимида бўлади. Ёш ходимларнинг хоналари кўпинча ивирсиб ётади.  Оёқ остида қоғоз парчалари, писта пўчоқлари, стол устида эса егуликлар қолдиғи, конфет қоғозлари бесаранжом туради. Ачинарлиси, юқоридаги ҳолатлар қиз бола, аёл ходималарнинг хоналарида кўпрок кўзга тушланади. Гапирсангиз ёмон кўринасиз… Аслида ким ҳурмат қилсагина, иззат топади…

Моҳинисо опа: - Аввал бозорда супурувчи булиб ишлашдан ор қилдим. Ўшанда турмуш ўртоғим вафот этиб, беш бола билан ёлғиз қолгандим. Маълумотим, бирор ҳунарим йўқ. Иш излаганимда фақат фаррошликни тавсия қилишди. Бошка чорам қолмади. Очиғи, ўзимни камситилгандай ҳис қилиб, ноилож  ишга кирдим. Болаларим, “Аяжон, ўртоқларим аянг бозордаги ахлатларни ташиб юради дейишади, илтимос фаррошлик қилманг”, деб кўп инжиқлик қилишди. Мен уларга вазминлик билан, фаррошлик айб эмаслигини, номақбул йўлларга юриш, оиланинг ор-номуси, шаънини топташ иснод эканини, меҳнатнинг айби йўқлигини тушунтирдим. Вақти келиб фарзандларим мени тўғри тушунишди. Ҳозир мен қилаётган ишимдан оғринмайман. Шунинг ортидан беминнат ризқ топяпман, ахир…

Дилнавоз, 26 ёш: - Ёшликдаги қалтис қадамим туфайли адашдим. Турмушим ҳам бўлмади. Бир қизалоғим билан ота уйига қайтдим. Туман марказида яшаймиз. Бир ташкилотга иш сўраб боргандим, фаррошликка таклиф қилишди. Бошида рози бўлмадиму, кейинчалик ўйлаб қарасам, бир бола билан ота-онамга қарам бўлиб яшашдан кўра, фаррошлик қилиб бўлса ҳам ўз кунимни ўзим кўрганим афзал, деган қарорга келдим. Лекин бундан минг пушаймонлар қилдим. Ҳали бошлиқ гап отса, ҳали ўринбосар шилқимлик қилади, ҳатто ходимлар ҳам илмоқли гап қилади. Чидолмадим. Ишдан бўшадим. Одамларга ҳам ҳайрон қолади киши, ўғри-мутаҳҳамларни суюқоёқ хотинни, зинокор эркакни одам санашадию, фаррошга ёмон кўз билан қарашади…

Фикрлар интиҳосида бир сўзни айтиш муддаоимиз эди: Фаррошдир, ўқитувчидир, гўрковдир, шифокордир, умуман, қайси касб эгаси бўлмасин, унга аввало инсон сифатида қарайлик. Зеро, Яратган олдида барча баробардир,

Бу мавзу юзасидан муҳтарам муштарийларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам кутиб қоламиз,

Рухшона Фаррух тайёрлади.

Ҳозир сайтимизда 66 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ