1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Фарзандингиз йўқми? Ёки шахсий ҳаётнинг “айбсиз” саволлари

 “Оилали аёлдан нима сабабдан унинг фарзандлари йўқ эканлигини сўрайдиганлар - вахшийдир”, - деб ўйлайман ўзимча, бу гал ҳам тинчлантиришга тўғри келган дугонам билан бўлган суҳбатдан кейин гўшакни қўяр эканман. Унинг турмуш қурганига 15 йил бўлди, фарзанди йўқ ва унга кўпинча андишасизларча савол беришади, худдики унга яхшиликни илингандай. Баъзида у бунга тоқат қилолмайди.

Сиз ҳам ана шундай яхшиликни раво кўрувчиларданмисиз? Унда сизга мурожаат қиламан: Инсонни ўз ҳолига қўйинг.

 Ўзининг “айбсиз” изоҳлари билан баъзи инсонлар ҳамсуҳбати қалбидаги ярани тирнашади, балки бу яранинг усти ўзи базўр қотгандир, улар эса ўзларининг саволлари билан яранинг яна қонашига сабабчи бўлишади, ким билсин, у яна қачон битади. 

Наҳотки, сиз у фарзанди йўқлигини билмайди деб ўйлайсиз? Дуо қилиши лозимлигини билмайди, ёки сизнинг эслатмангизсиз ҳам у ҳар кеча фарзанд сўраб дуо қилмаяпти деб ўйлайсизми? Ёки мўжиза юз бериши мумкинлиги ва қанчадир йилдан кейин жуфтликларга фарзанд ато этилганлиги ҳақида миллион марталаб эшитмаган деб ўйлайсизми? Ва ўз мўжизасини кутиш – бу унинг иймони учун қийин бир синов эканлигини билмайди деб ўйлайсизми?

Ўзининг бепуштлигини лаънатлаганини, ўзини айблаганини, фарзандли бўлиш бахти берилмаган аёлнинг она бўлиш истаги ва эрига бўлган муҳаббати ўртасида қанчалар эзилганини, биласизми ўзи.

Агарда сиз шахсан бу синовлардан ўтмаган бўлсангиз, унинг ҳолини тушуна олмайсиз. Агарда сиз унинг қўлидан ушлаб у билан бирга шифокор қабулида соатлаб ўтирмаган бўлсангиз, у чидаши лозим бўлган, охири йўқ аччиқ таъна ва ажрашиш ҳақидаги пўписалардан кейин унинг кўз ёшларини артмаган бўлсангиз, кўп марталик ҳомила нобуд бўлишларини ҳис этмаган бўлсангиз, жаҳлдор эрини унинг ўзи ҳам даъволаниши лозимлигига ишонтирмаган бўлсангиз, яхшиси жим бўлинг ва ҳеч нарса деманг.  

Наҳотки, у эри билан барча мумкин бўлган вариантларни қўллаб кўрмаган деб ўйлайсиз, сизнинг “текширилиб кўриш” ҳақидаги таклифингиз унинг учун янгилик бўлади деб ҳисоблайсизми?

Шунинг учун, Аллоҳ Таоло розилиги учун, унга тегманг.

Олий мақсад

Буларнинг бари мени ташвишга солади, чунки биз жамият, маданийлашган инсон сифатида, буларнинг барчасидан юқорида бўлишимиз керак. Мен бот бот ҳаётини атрофдагилар чидаб бўлмас даражада қилаётган аёлларнинг воқеаларини эшитаман: эри, унинг ота – онаси, қўшнилари, қариндошлари, масжиддаги инсонлар ва ҳаттоки, унинг бефарзандлиги билан уларнинг иши бўлмаслиги лозим бўлган умуман бегоналар. Ҳолбуки, бизга олий мақсадли ва аҳлоқий сифатли жамият лозим ва биз бундай хулқ – атворга кўнмаслигимиз керак. 

Ахир, аслида, биз яхшироғи, лойиқроғимизку. Биз тоза қалб ва юракларнинг макони бўлган Жаннатга интилаяпмиз, шунинг учун биз ўзимизни ўша масканга лойиқ тарзда тутишимиз лозим. 

Биз жамият ва динимиз томонидан кўрсатилган этикет қоидалари ва хулқ – атвор (одоб - аҳлоқ) меъёрларига амал қилишимиз керак. Мисол учун, шахсий кўринишдаги саволлар бермаслигимиз керак. Инсоннинг шахсий ҳаёти – унинг ўзигагина тегишлидир. Агарда биздан ушбу шахсий ҳаётда иштирок этиш сўралмаса, демак, унинг даҳлсизлигини ҳурмат қилиш лозим. Бунга бизни Қуръон ўргатади: 

“Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг” (Нур сураси, 27).

“Жосуслик қилманглар” (Ҳужурот сураси, 12).

 Шахсий ҳаётни ҳурмат қилиш юзасидан қуйидаги ҳадисда шундай дейилади: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар :«Инсоннинг ўзига тегишли бўлмаган нарсаларни тарк этиши, унинг исломи чиройли эканлигидан далолатдир» (Термизий).

Абу Убайда Хасан Басрийнинг бундай деганини ривоят қилган:

“Аллоҳ Таолонинг ўз қулидан юз ўрганининг белгиси, уни ўзига тааллуқли бўлмаган ишлар билан машғул қилиб қўйганида намоён бўлади”.

Наслсизлик

Наслсизлик – бу тиббий ташхис (бир неча йиллик уринишларга қарамасдан ҳомиладор бўла олмаслик ёки ҳомилани муддатига қадар кўтара олмаслик ва туға олмаслик), ва бу ҳиссий – руҳий ҳолатга сезиларли таъсир кўрсатади. Шунингдек, мусулмон учун бу маънавий инқирозни келтириб чиқариши мумкин. 

Наслсизлик – бу Аллоҳ Таолонинг бизнинг ака – укаларимиз ва опа – сингилларимизга юборадиган синовидир. Ҳа, ака – укаларимизга ҳам, чунки наслсизлик – бу фақат аёлларга тегишли бўлган муаммо эмас. Наслсизлик деярли 15 фоиз жуфтликларда кузатилади, шу билан бирга, ҳолатларнинг ярми айнан эркак наслсизлиги омилига боғлиқлиги айтилади. Эркак насл қолдириш лаёқатининг бузилиши, одатда, эркак уруғининг (сперма) сифат ва сон кўрсаткичлари сабабли содир бўлади. Аёл наслсизлиги эса асосан, фаллопий найлари (бачадон найлари) шикастланиши, ҳайз циклининг бузилиши, эндометриоз ва сийдик – таносил тизими касалликларига боғлиқдир.  

Жуфтликларда фарзанд бўладими ёки йўқ, бу фақат Аллоҳга боғлиқдир:

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир” (Шуро сураси, 49-50).

Иккиламчи наслсизлик, бу илгари ҳомиладор бўлган аёлнинг, энди бўла олмаётгани ҳам жуфтлик учун катта синов саналади: чунки битта фарзанди бор бўлганлиги сабабли ҳам, улар муаммолар келиб чиқиши мумкинлигини кутишмайди. Баъзида иккиламчи наслсизлик олдинги ҳомиладорликдаги асоратлар билан боғланади. Бундан ташқари, уни ёш, вазн ўзгариши, дори воситаларини истеъмол қилиш каби хатар омиллари келтириб чиқариши мумкин. 

Хушмуомалаликнинг етишмаслиги

Фарзандсиз аёл энг кўп дуч келадиган одатий беодоблик: “Сен бола тарбиясида нимани ҳам билишинг мумкин – ахир сенинг фарзандинг йўқку”. Шундай дейдиганларга саволим бор: фарзандингизнинг дунёга келиш мўъжизаси сизга боғлиқ деб ўйлайсизми? Сиз оналик бахтини Яратганнинг иродаси туфайли ҳис этмадингизми?

Кўплаб ажойиб инсонларнинг фарзанди йўқ, лекин шунга қарамасдан, улар болалар ва уларнинг ота – оналарининг энг яхши дўстлари бўла олишади. Кўпчилик фарзандсиз аёллар бошқаларнинг болалари ҳақидаги ҳикояларни мароқ билан тинглашларига, болалар билан бирга бўлиш улар учун ёқимли эканлигига иқрор бўлишади, лекин аксар ҳолларда, уларга буларнинг барчасига ҳар қандай муносабатда бўлишни рад этишади. 

Бир синглимизнинг сўзларига кўра, фарзандсизликка қараганда оғирроқ синовлардан ўзи учун фойдали ҳолда ва муваффаққият билан ўтганлар ҳақида гапиришни ёқтирадиганлар бор. Бу жуфтлик “эътиқоди мустаҳкам киши” мезонига тўғри келмаслигини гумон қилишни англатади, у ўзининг диний мажбуриятларини етарлича тиришқоқлик билан бажармаяпти, унинг сабри кучсиз ва ҳоказо.

Яна бошқа турда изоҳ берувчилар мавжуд: улар ҳеч нарсани тўғридан – тўғри гапиришмайди, лекин фарзандсиз аёлнинг ҳар қандай фазилати ва ютуқларини камситишга уринишади, худдики “фарзандсиз ҳаётнинг маъноси йўқ”дай. Аслида улар адашишади – инсон ота – она бўлмасдан ҳам, мутлоқ тўлиқ ҳаёт кечириши мумкин. 

Агар сиз жим тура олмасангиз – фарзандсизликдан бошқа изоҳ берадиган нарса топинг. Аёл киши аъло даражада таом тайёрлаши, зўр ташкилотчи, рассом ёки дунёнинг ярмини кўрган бўлиши мумкин – мана шулар ҳақида гапиринг!

Шундай ҳоллар ҳам мавжудки, аёл ёки эркакнинг ўзи фарзанд кўришни ҳохламаслиги, бошқа инсонга ғамҳўрлик қилиш учун ўзини етарлича масъулиятли ҳисобламаслиги мумкин. Балки жуфтликнинг фарзанди йўқлигига жуда кўплаб сабаблар бордир.

Нима бўлганда ҳам, атрофдагилар фараз, гумон қилавермасдан, ўзларининг ишлари билан шуғулланганлари маъқул.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 108 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ