1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Турмушдан қайтган қиз

Абдуллоҳ ибн Солиҳ бизга шундай ҳадис айтди, Мусо ибн Улай отасидан менга шундай ҳадис айтди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суроқа ибн Жуъшум розияллоҳу анҳуга: «Сизни садақаларнинг энг улкани ёки энг улкан садақалардан (бири)га йўллаб қўяйми?», дедилар. У киши: «Албатта, эй Расулуллоҳ», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳузурингизга қайтган қизингиз. Уни сиздан ўзга ғамхўри йўқ», дедилар.

"Ҳузурингизга қайтган қизингиз", дан мурод нима эди? Турмушидан ажраган ёки эри вафот топишлиги сабабидан эрсиз қолган опа-синглиси, қизидир дейди уламолар.

Расули акрам (турмушдан) қайтган қизни хос зикр қилдилар. Чунки у бир жиҳатдан ортиқча эътиборга эҳтиёж сезади. Қалби синиқ, оғриқ чеккан, маҳзун ҳолда келади. Натижада ортиқча эътибор ва аҳамиятга муҳтож бўлади. Бошқа бир жиҳатдан эса нафси қўрс, табиати қўпол кимсалардан иборат айрим оталар, ака-укалар турмушдан қайтган қизи келганида, аёл тарафидан бирор камчилик юз бермаган бўлса-да, отаси ёки ака-укаси уни қаҳрлилик ёки қўрс услуб билан, ёҳуд қўпол сўз билан, ёкида совуққонлик билан, ёки сўкиш, дўппослаш билан ёки уни ҳақорат қилиш, ёҳуд кўп маломат ё таъна қилиш ва бундан бошқа жароҳат устига жароҳат ва оғриқ устига оғриқни зиёда қиладиган ишлар билан қарши олади.

Турмушдан қайтган қиз агар отасининг уйига келса, бас, ота (ака-ука) ғамхўрлик қилиши ва унга яхшилик қилиш ҳаққини адо қилиши, Аллоҳ таолодан у ҳақда тақво қилиши вожибдир. Чунки у - унинг қизи. Чунки у - унинг ҳомийсидир. Қизи унинг уйига қайтиб келди. Унинг масъулияти эрнинг вафоти ёки ундан талоқ олгани сабабли унинг (отанинг ёки ака-уканинг) зиммасига ва бўйнига ўтди. Ота ва ака-укага унинг ҳаққини яхшилик ва ғамхўрлик қилиш билан адо этиши, Аллоҳ таолодан унинг ҳаққида қўрқиши вожиб бўлади. Яна турмушдан қайтган қизнинг алоҳида ёдга олиниши, турмушдан қайтган қизнинг эътиборга муҳтож экани, ортиқча сабр, уни кўп ҳам маломат қилмаслик ва унга қўполлик қилмасликка эҳтиёж сезгани учундир.

Мана шу нарсаларни барча оталар ака-укаларимиз билиб қўйишлари ва бунга қаттиқ эътиборли бўлишлиги, турмушдан қайтган қизга нисбатан адолатли ва меҳрибон бўлишлиги лозим бўлади.

Минг афсуски ҳозирги дунё ҳаётимизда бунинг аксидир. Турмушдан қайтган қизни ўз ҳолига ташлаб қўйишлик, ўз кунини ўзи кўрсин, айб ўзида деб таъна дашномлар қилишлик ҳар қадамда учраб турган бир аянчли ҳолдир. Бизда ўзимизга ҳос ва мос мақолларимиз бор. Уялмай "Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида", деймиз.

Шунинг учун ҳам турмушдан қайтган қизларимиз, опа-сингилларимиз ўз кунларини ўзлари кўриш илинжида мусофир юртларга бориб, ишлаб ҳар-хил қийинчилиг-у, машаққатларга дучор бўлмоқдалар. Кофирлар қўлида хорланмоқдалар. Мажбурликлари сабаб, энг паст ишларни қилиш даражасига тушмоқдалар. Фоҳиша деган ном ҳам уят бўлмай қолди.

Ота оналар ёшлари улғайиб, ўзлари эътиборга, парваришга муҳтож бўлиб қолганликлари бойис турмушдан қайтган қизларига хомийлик қила олмайдилар. Кучлари ҳам, қувватлари ҳам етмайди. Бундай вазиятда ўз-ўзидан ота ўрнига хомийлик, валийлик қилиш оиладаги эркак фарзандларга ака-укаларга вожиб бўлади. Чунки «Уни сиздан ўзга ғамхўри йўқ». Яъни, сиздан ўзга унга инфоқ қиладиган, унга ғамхўрлик қиладиган ва унга нафақа ажратишни адо этадиган кишиси йўқ. Чунки, сиз унинг хомийси, унинг нафақаси ва унга ғамхўрлик қилиш ҳақида масъулисиз. Уни сиздан ўзга ғамхўри йўқ.

Бу ўринда турмушдан қайтган қизни қарамоғига олиш энг улкан садақалар жумласидан экани зикр қилиняпти. Энг улкан садақалардан экани айтиляпти. Бу ўринда яна шу ишга ўхшаши билан синовга учраган вақтда ота-оналарга сабр қилиши, ажрни умид қилиши ҳамда Аллоҳ таолонинг қазои-қадарига рози бўлишга даъват қилиняпти. Ушбу мавзу бобига турмушга чиқмай уйида ўтирган қиз ҳам бевосита дохил бўлади.

Бизда аксар жоҳилларга турмушдан қайтган қизни "биздан соқит бўлган, энди бу ўз аравасини ўзи тортиши керак, биз бунга маъсул эмасмиз", деган жоҳилона тушунча сингиб кетган. Рўзғорини алоҳида қилиб қўйишади. Алоҳида рўзғордаги аёл не-не машаққатларга учраб, қийинчликлар ортидан зинога қўл уради. Ёки четга ишлагани кетади. Ёки ўзини қурбон қилади. Турмуш машаққатлари ёлғиз аёлни бир куни синдиради. Ана ундан кейин Ҳажга отланаётган ака-ука "бузилиб" кетган синглисидан нолийди. Оиласини шарманда қилганини "моҳито" ичиб, бошқаларга айтиб беради.

Баъзилар ўтириб қолган қизи ёки опа-синглисини ҳам алоҳида рўзғор қилиб, "катта қизсан, кунингни кўр", деб ажратиб қўйишади. Бор йўғи билан иши бўлмайди. Акалари, укалари бўлса ўз хотинлари билан овора бўлиб, опа ёки синглисини ўз ҳолига ташлаб қўйишади. Гўёки ака-укани Аллоҳ опа-сингил масъулиятидан озод қилгандай. Эр фақатгина хотинига жавоб берадигандай.

Мен хоҳлардимки, оталар, ака-укалар турмушдан қайтган ёки уйида ўтирган қизи, опаси ёки сингилларига Аллоҳнинг олдида қаътий жавобгар эканини тушуниб етишса. Вояга етиши ёки турмуш қуриб қайтиши бу бурчдан озод қилмаслигини тушунишса.

(c) Сайид Ислом

 

Ҳозир сайтимизда 36 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ