1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Пул топ, ўғлим, ўқишинг шарт эмас!

 -    Ассалому алайкум, таҳририятими?
-    Ваалайкум ассалом, худди шундай. Таҳририятига қўнғироқ қилиб тушдингиз. Сизни эшитишга тайёрмиз.
-    Мен сиздардан маслаҳат сўрамоқчи эдим.
-    Бемалол. Қандай масалада ёрдам сўрамоқчи эдингиз?
-    Битирувчиман. 9-синфда ўқийман.
-    Яхши.Саҳифамизга қўнғироқ қилишга нима ундади сизни?
-    Яқинда мактабни тугатаман. Уйимиз яқинидаги касб-ҳунар коллежига ҳужжат топшириб, шу ерда ўқиб, олий ўқув юртига ўқишга тайёрланмоқчи эдим. Лекин ота-онам рози бўлишмаяпти.
-    Тушунмадим, нега рози бўлишмаяпти?
-    Дадам бир неча йилдан бери Россияда ишлайдилар. Онамнинг айтишларича, дадам ҳам институтда ўқиган эканлар. Мен дадамни бирор жойда ишлаганларини эслолмайман. Эсимни танибманки, дадам Россияда ишлайдилар, бир-икки йилда бир келадиларда, уч-тўрт ой биз билан туриб яна қайтадилар. Онам мени ҳам дадам билан Россияга ишлагани кетишимни айтяптилар. “Коллежда ҳужжатларинг тураверади, буёғини ўзим тўғрилайман, сен ҳам даданг билан Россияда ишлайсан” деяптилар...
-    Ие, бу ноқонуний-ку! Ўқувчининг ўзи ўқишга бормаса ҳам коллежда номи ёзилаверарканми?
-    Ҳа, қишлоғимиздан кўпчилик болалар шундай қилган-да. Ўқитувчиларга пул беришади-ю, ҳужжат олишади. Ўзлари Росияда ишлаб юришдаи. Қишда юртга қайтишса, икки-уч ой ўқишга боришади холос. Қолган пайтлар Россияда ишлашади.
-    Қизиқ...
-    Хуллас, онам ҳам мени ўшалар сафига киришимни истаяптилар. У ёқда дадам ҳам “мактабинг тугаган заҳоти, ёнимга келасан, бу ерда яхши иш бор” деяптилар. Мен ўқишни истайман. Яхши ўқишларда ўқиб, келажакда обрўли ишларда ишламоқчиман. Мақтаниш эмас, ўқишларим яхши. Математика, инглиз тили, рус тили ва ҳуқуқ фанларига қизиқаман. Алгебра фанидан туман ва вилоят миқёсидаги билимлар синовида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаганман. Шахмат-шашка ўйинларига ҳам қизиқишим бор. Лекин ота-онамга  менинг бу қизиқишларимнинг деярли аҳамияти йўқ. “Ўқишнинг фойдаси йўқ” дейдилар онам. Китоб ўқиётганимни кўриб қолсалар ҳатто жаҳллари чиқиб уришадилар. Иш буюриб, китоб ўқишимга имкон бермайдилар. Қўлимга китоб олишим ёки ўқиш ҳақида гап очишим билан “йигит кишига диплом шарт эмас. Муҳими, пул топишни уддаласа бўлди” деб, қишлоғимиздаги катта ўқишларда ўқиб, ҳозир ўқиган соҳаси бўйича ишлолмай, хорижда ишлаб юрган йигитларни мисол келтирадилар.
-    Ҳм...
-    Лекин  улар вақтида ўқиб, маълумот олишган, касби бор. Бир кун бўлмаса, бир куни албатта яхши ишларда ишлашади. Мен шуни айтсам, гап қайтарадиган бўлдингми, даданг Россияда ишлаётганлари учун биз шундай яхши яшаяпмиз, гапни кўпайтирма, репетитор ва ўқишга кетадиган пулга яхши бир ҳовли-жой қурса бўлади, келажагингни ўйла, деб уришиб берадилар.
-    Ўқитувчиларингизга маслаҳат солиб кўрмадингизми? Балки улар ёрдам беришар? Сизнинг мактабда яхши ўқишингиз, иқтидорли, фаол ўқувчилардан эканингизни устозларингиз ота-онангизга тушунтиришса, улар тўғри тушунишар?
-    Бу ҳам ёрдам бермагани учун она тили ва адабиёти устозимнинг маслаҳатлари билансизларга мурожаат этяпман. Устоз ҳозир ёнимдалар, телефонни уларга беряпман, сиз билан гаплашмоқчи эканлар.- Гўшакдан аёл кишининг мулойим товши эшитилди:
-    Ассалому алайкум, чарчамаяпсизларми? Яхши ишлаяпсизларми?
-    Ваалайкум ассалом. Раҳмат, шукр, ишлаяпмиз. Ўқув йилини яхши охирлаяпсизларми? Ўқувчингиз жуда тушкун кайфиятда қўнғироқ қилдилар...
-    Нимасини айтасиз, синглим. Ҳозир бу ўқувчимга ўхшаган болалар кўп. Ота-оналарга ҳам ҳайрон қоламан. Наҳотки, вақтинчалик уч-тўрт сўмнинг ҳаловати деб фарзандининг келажагини қора қилса. 9-синфни битирган деган, тўлиқ шаклланган шахс дегани эмас, ахир! Энди таянч маълумот олган бола дегани! Бугунги енгса бўладиган иқтисодий қийинчиликлар олдида, фарзандининг илмсиз, малакасиз ва маънавиятсиз бўлиб қолиши айрим ота-оналарни мутлақо ташвишлантирмаяпти. Бундай олганда шундайларнинг оиласида деярли иқтисодий қийинчилик йўқ. Шу вазиятдан фойдаланиб фарзандини яхши ўқишларда ўқитиб, келажакда элга, жамиятга керакли инсон бўлиб етишишига ҳаракат қилмайдими?!  “Ўқиган билан нима қилардинг? Ўқиганлар нима қилишяптики, сен қилсанг” деган иддаолардан қанчадан қанча болаларнинг кўнгли ўксиб, илм олишдан совуб кетишган. Ҳозир сиз билан мулоқотда бўлган ўқувчимнинг онаси билан ҳам учрашдим. Отаси Россияда ишлайди. Онаси гапларимни эшитишни ҳам истамади. “Сиз ўқитувчисиз, боламни ўқитинг, буёғига ишингиз бўлмасин. Хўжайинчилигингизни ўз болангизга қиласиз. Бола меники, демак, боламга мен хўжайинман. Ўқитаман деб ўғлимнинг бир неча йил умрини беҳудага ўтказиб юбормайман. Ундан кўра дадаси билан бирга ишласин, уч-тўрт йилдан кейин келин тушираман. Бир одам учун керакли ҳаёт шу-да. Булар ҳозир бола, тушунмайди. Лекин вақти келиб бизнинг ишимиз тўғрилигини тушуниб, раҳмат дейишади” деди. Қўлимиздан нима ҳам келарди. Илтимос, синглим, ана шундай жоҳил ота-оналар ҳақида ҳам ёзинг. Зора ўқиб, қалбининг кўр кўзи очилса. Ахир, илм дунёнинг зийнати. Илмсиз киши- жамиятга тургани битгани зарар. Моддий бойлик бевафо бўлади, маънавий бойликнинг фойдаси икки дунёга ҳам етади. Одамларга бу ҳақиқатни тушунтириш сизларнинг вазифангиз...
Ўқувчи ва ўқитувчи муштарийларимиз билан бўлган суҳбатдан барча таҳририят ходимлари қаттиқ таъсирландик.  Бу муаммога газетхонларнинг муносабатини билиш мақсадида, саҳифамизда чоп этдик. Кейинги сонларимизни кузатиб борсангиз, айни мавзуда ҳамкасбимизнинг таҳлилий мақолаларини ўқишингиз мумкин.
Хонзода суҳбатлашди.

Ҳозир сайтимизда 278 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ