1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Снайпер” келин

 

 

 

Дунёда гўдакнинг чулдирашидан
кўра тантаналироқ мадҳия йўқ!
В. ГЮГО

Ассалому алайкум, қадрли дадажонимиз!
Энг аввало соғлиқларингизни сўрайман. Сабаби, саломатликнинг қадри нечоғлик баланд эканини соғлигини йўқотган одамгина билар экан. Туғруқхонага келтирилаётган хаста аёлларни кўриб, кўнглимдан саломат юрганимизнинг ўзи бир давлат экан, деган хаёл ўтади. Соғ-омон юрибсизми? Ишларингиз жойидами? Оиламизнинг барча аъзолари саломатми?
Мендан сўрасангиз, раҳмат! Сизнинг ва туғилажак фарзандимизнинг ҳаққига дуо қилиб, кунни ўтказяпман. Нега мени дуо қиласан, деяпсизми? Сиздек меҳрибон умр йўлдошим бўлмаганида, мен шундай тинч ва хотиржам муолажа олиб ётишим мумкинмиди? Бахтимга, бахтимизга доимо омон бўлинг! Бу ерда ётиб, э-ҳе, қанақанги одамларнию, аниқроғи эркакларни ва қанақа воқеаларни кўрмаяпмиз. “Бирни кўриб, фикр, бирни кўриб, шукр қил!” деб бежизга айтилмаган экан-да. Шундай бўлгач, сизни дуо қилмай, яна кимни дуо қилай?..
Сизга росаям қизиқ битта воқеани айтиб берайми? Фақат илтимос, мактубни ўқиётган пайтингиз ёнингизда ва атрофингизда ҳеч ким бўлмасин. Яхшиси, уйнинг ичига кириб ўқинг. Нега энди, дейсизми? Чунки ёзганларимни ўқиётиб, кулгидан думалаб қолсангиз, яна битта-яримта одам кўриб қолиб: “Бунинг томи кетиб қолибди!” дея ўйламасин, дейман-да!
Хуллас, уч кун аввал бир ёшгина келин келган эди. Иккинчи фарзанди экан. Биринчи фарзандида дўхтирларнинг айби билан нотўғри операция қилингани боис, шўрлик бу галги туғруқда росаям қийналибди. Бола туғилганидан кейин ҳам роса йиғлабди. Ўтган кун бизнинг ёнимиздаги палатага жойлаштиришди. Ҳаммамиз чиқиб, ҳол-аҳвол сўрадик, кўнглини кўтардик. Наркознинг таъсирими билмайман, ёки дўхтирлардан кимдир асабини бузганми, ишқилиб, бор аламини бир бечорадан олди. У “бечора” ҳам бегона эмас, ўзининг эри. У нима деганинг, дея ажабланяпсизми?
Келинг, яхшиси бир бошидан айтиб бера қолай. Хуллас, кеча кечки пайт зерикиб ўтирсам, пастдан кимдир “Заҳро-о!” деётгандек туюлди менга. Деразага яқинлашдим. Яхшигина кийинган, кўринишидан беозорлиги билиниб турган бир йигитга кўзим тушди. Чақираётган ўша экан. Фақат у бизнинг эмас, ёнимиздаги палатанинг деразасига қараб турарди.
У яна чақирди: “Шаҳло-о-о!”
Бу ўша, ўтган кун бизга қўшни бўлган келинчакнинг турмуш ўртоғи эканини фаҳмладим. Мени чақирмаётган экан, эр-хотинларнинг суҳбатини тинглаб ўтиришим одобдан бўлмас, дея ўйлаб, энди ўзимни ичкарига олаётган эдим ҳамки, бир маҳал деразадан яшин тезлигида алланарса учиб чиқди. Кўзларимни юмиб-очгунча вақт ўтмай, учиб чиққан нарса “қарс” этиб, пастда турган йигитнинг қоқ пешанасига тегди-да, “гурс” этиб ерга тушиб, думалаб кетди. Адашмасам, нима бўлаётганини йигитнинг ўзиям билолмай қолди, чоғи. Икки-уч лаҳза хаёлини жамлаёлмай, карахт туриб қолди. Яхшиям, баклажка ярим литрлик экан. Бўлмаса, шўрлик эрнинг боши ёрилиши турган гап эди.
Шу пайт ёндаги дерезадан овоз эшитилди: “Сизни кўришга кўзим йўқ! Энди келдийизми? Овқатийизни бошийизга уринг! Бошқа келманг! Мен бу ерда ўлим билан олишиб ётсам-у, сиз вақтида хабар олишгаям ярамасайиз!..” Ортидан йиғи эшитилди. Бу Шаҳлонинг овози эди. Йигитни хижолатга қўймаслик учун дарҳол ўзимни ичкарига олдим. Яхшиям, у мени кўрмаган эди. “Ишқилиб, бошқа деразалардан ҳам ҳеч ким қараб турмаган бўлсин-да! Йўқса, эркак боши билан изза бўлади”, деган ўй кечди хаёлимдан.
Мени ҳайратга солган нарса, икки кунгина аввал ниҳоятда қийинчилик билан фарзанд дунёга келтирган нозиккина аёлнинг, иккинчи қаватдан туриб минерал сув тўла баклажка билан пастда турган эрининг қоқ пешанасини аниқ мўлжалга олгани эди!
“Снайпер” бўлиб кет-э-э!” деганча ҳанг-манг бўлиб қолдим.
Нима бўлди? Ўзингизни кулгидан тўхтатолмай қолдингизми? Ишқилиб, кўчада эмасмидингиз? Кеча мен ҳам роса кулганман. Ҳатто кўзларимдан ёш чиқиб кетган. Ҳам кулиб, ҳам йиғлаётганимни кўрган палатадошларим нима бўлаётганини тушунолмай, “мазалари қочиб қолди”. Нега кулаётганимни уларга айтай десам, ҳаммаси деразага ёпирилишидан қўрқаман, айтмай десам, “йиғлаётганим” учун хавотирга тушишган. Бир амаллаб уларни чалғитишга эришдим.
Лекин асло йигитнинг устидан кулганим йўқ. Чунки унинг ҳеч қандай айби йўқ. Айб — Шаҳлони биринчи туғруғида хатога йўл қўйган “қассоб”, йўғ-е, “жарроҳ” демоқчи эдим, дўхтирларда! Шаҳло ўшанда аслида нима бўлганини ва нега иккинчи туғруқ қийин кечганининг сабабини менга батафсил айтиб берди.
Бугун эрталабдан унинг кўнглини кўтариш учун ёнига кирдим. Хайрият, кечагидан анча тинчланиб қолибди. Яхшиям кирибман, қаттиқ сиқилиб ўтирган экан.
Менга: “Заҳро опа, кеча мен жуда ёмон иш қилиб қўйдим... Турмуш ўртоғимни ҳамманинг олдида шарманда қилдим. Қандай қилиб қўлимдаги баклажкани ирғитворганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бориб-бориб, қуриб кетгур баклажкаям эримнинг нақ пешанасига урилиб турибди-да!.. Умримда эримнинг кўзига тик қарамаган аёл эдим. Чунки турмуш ўртоғим жудаям олижаноб инсон. Мен уларни олдларида қандай ҳурмат қилсам, ортларидан ҳам худди шундай ҳурмат қилардим. Ўзимга нималар бўлаётганини билолмай қолдим. Ўша биринчи фарзандимни туққанимдан кейин ғазабимни жиловлаёлмайдиган бўлиб қолганман. Сабаби, жуда узоқ вақт операция бўлганман ва нотўғри тикиб қўйганлари учун эртасига яна қайта операция хонасига олинганман. Икки кунда иккита операция, икки марта катта дозада юборилган наркоз мени нима қилса-қилган! Бошқаларга жиззакилик қилардим-у, аммо айнан эримга нисбатан жаҳл қиламан, деб сираям ўйламагандим.
Аслида, туққан куним шўрлик турмуш ўртоғим ёнимдан бир қадам нари кетмаган, дўхтирлар нима деса, ҳаммасини муҳайё қилган эди... Энди кўзларига қандай қарайман?..” дея пушаймонлигини билдирди.
Мен эса уни баттар хижолатга қўймаслик учун атай, ўзимни кечаги воқеадан бехабардек кўрсатдим. У сўзларкан, кечаги ҳолат худди кинотасмадай бутун тафсилоти билан кўз олдимдан ўтмоқда эди. Шаҳлонинг олдида кулиб юбормаслик учун лабларимни қаттиқ тишлаб олганман. Кулиб юборсам, у нима деб ўйлайди, тўғрими? “Келиб-келиб сенга дардимни айтиб ўтирибманми? Одам-подам эмас экансан!” демайдими?
Сўнг бир амаллаб ўзимни қўлга олдим-да, бугуноқ, то турмуш ўртоғи келгунга қадар икки энлик чиройли хат ёзиб, кечаги ҳаракати учун кечирим сўрашини маслаҳат бердим. Чунки эркак кишилар иродали бўлгани билан улардаям кўнгил бор! Кўнгилни эса гулдан-да нозик хилқат деб ўйлайман... Ёки шаффоф биллур идишга ўхшатаман. Салгина эҳтиётсизлик ана шу биллурни чил-чил парчалаши ҳеч гап эмас. Тағин ким билсин?
Бу тавсиям унга жудаям маъқул келди, фақат бир ўзи уддалай олмаслигини айтиб, мендан ёрдам сўради. Мен “йўқ”, дермидим? Ахир, туғруқхонанинг “масъул котиби”га айланган бўлсам! Биргалашиб мактуб ёзишга тушдик:
“Ассалому алайкум, Фарҳод акажон!
Энг аввало кечаги адабсизлигим учун узр сўрайман. Майлими? Кечирасизми? Пешанангиз ғурра бўлмадими? Кейинги пайтларда мен ўзимни таниёлмай қоляпман...
Ойижон, дадажон, укаларим, сингилларим ҳаммаси соғ-саломатми? Ўғилчамиз-чи? Бувижони билан буважонини роса қийнаётгандир? Кечаси сизнинг ёнингизда ухлаяптими? Ҳам иш, ҳам мендан хабар олиш, ҳам боланинг инжиқлигини кўтариш сизни анча толиқтириб қўйгандир? Озгина чидаб туринг, сал ўзимга келсам, дўхтиримдан жавоб сўраб кўраман.
...Кеча қолдириб кетган овқатингиз жудаям мазали экан. Сиздан бошқа одам хотини мен сингари хурмача қилиқ қилса, ё келтирган нарсаларини қайтариб кетган, ёки қўлидагилар билан уриб бошини ёрган бўлармиди? Кечаги қайсарлигимнинг сабаби, қорним жудаям очиб кетган эди... Палатадошларим кечки овқатга таклиф қилишсаям унамай, атай сизни кутаётган эдим. Сиз ишдан кейин келишингизни била туриб, аҳмоқлик қилдим. Шунча ёмон аёл бўлсам ҳам яхшиликда давом этаверасиз-а?.. Ҳатто кеча бир оғиз ёмон гап айтмасдан жимгина кетдингиз-а?.. Мана шу нарса сизга бўлган ҳурматимни минг чандон оширди.
Сиздан бир умр миннатдорман. Яхшилик қарзларимни қандай узишни ҳатто ўзим ҳам билмай қолдим... Бахтимга омон бўлинг!..
Кечиримингизга нолойиқ рафиқангиз  – Шаҳло”.

*   *   *

Мактуб ёза-ёза, туғруқхонадаги ҳолатларни кузата-кузата, ишқилиб, Эркюль Пуарога ўхшаб “изқувар” бўлиб кетмасам яхши эди.
Маза қилиб кулиб олган бўлсангиз, энди қўлингизга дастрўмолингизни олишингизга тўғри келади. Чунки ҳозир мен сизга айтиб берадиган воқеа виждони уйғоқ ҳар қандай одамнинг кўзига ёш келтирмасдан қўймайди...
Палатамизга янги келган Моҳигул исмли аёл менга бир даҳшатли воқеани айтиб берди. Тўғрироғи, ўзим сўраб, билиб олдим. Унинг ортидан кўргани қўшниси уч-тўрт ёшлардаги ўғилчаси билан келган экан. Болага: “Мени кўргани келдингми, Ўлмасбек! Айланай, тойчоғимдан!” деганини эшитиб қолдим. Меҳмонлари кетгач: “Қўшнингиз ўғлига нега Ўлмасбек деб исм қўйган?” дея сўрадим. Моҳигул эса бир бошидан сўзлаб берди.
Тўлғоқ бошлангач, қўшнисини туғруқхонага олиб боришибди. Тонгга яқин бир паллада гўдак дунёга келибди. Ўғил бола экан. Туғдирган дўхтирлар: “Афсус. Бола қорнингизда ўлиб қолган экан. Йиғламай туғилганидан қўрқиб турувдик, ўйлаганимиздек бўлди...” дейишибди-да, текшириш учун ҳализамон ўликхонага олишларини билдиришибди. Сал аввал қорнида типирчилаб турган боласидан айрилиб қолганидан ҳушини йўқотаёзган онаизор жон ҳолатда деразанинг ортида турган эрини чақирибди ва: “Мен мурғаккина боламни совуқ ўликхонада кўргандан кўра, ўзингиз олиб бориб тупроққа қўя қолинг!” дея фарёд чекканча чойшабга ўраб, гўдакни дераза оша отасига топширибди. Йиғидан кўзлари қизариб кетган ота тонг саҳар қўни-қўшниларини воқеадан хабардор қилиб, жанозага тайёргарликда ёрдам беришларини сўрабди.
Болани ювишаётган пайт аёллардан бирининг кўзи гўдак бурнидан оқаётган қонга тушибдию, дарҳол отасини чақирибди. Жонҳолатда шифохонага қараб югурибдилар. Жонлантириш бўлимида текшириб кўрилгач, унинг тирик эканлиги маълум бўлибди! Дарҳол керакли муолажалар бошланибди...
Онаизорнинг ақлли қарори сабаб ҳаёти сақланиб қолган ана шу гўдакка Ўлмасбек дея исм қўйибдилар. Жаноза байрамга айланибди. Ҳозирда уч ёшни тўлдириб, тўртга қадам қўйган экан. Уни қўшниларининг ҳаммаси ўз болаларидек яхши кўрар эмиш.
Кўз олдимдан Ўлмасбекнинг кулиб турган чиройли чеҳраси кетмай қолди...
Илоё, умри узоқ бўлсин!
Йиғлаяпсизми? Мен ҳам йиғлаяпман...
Ер юзида гўдакларнинг чулдирашидан иборат буюк мадҳиялар асло тинмаслигини  орзулаб:

ЗАҲРО

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 26 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ