Сайт бўлимлари
Турмуш қуришга қандай кўндирса бўлади?
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 21 Июнь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Cинглимиз олий маълумотли, хорижда таҳсил олган. Ҳозир ўттиз бир ёшда. Лекин турмуш қуришга келганда уни бунга кўндириш қийин бўлмоқда. Ота-оналаримиз кексайиб қолишганини ҳисобга олиб ҳам турмушга чиқишга рози бўлмаяпти. Қандай йўл тутишни билмай қолдик. Нима маслаҳат берасиз?
ЖАВОБ: Олий маълумотли бўлиш яхши иш, аммо бу никоҳдан бош тортиш даражасига етиб бормаслиги керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», деганлар.
Имкони бўлатуриб никоҳда бўлмаслик мусулмон эркак ва аёл учун мутлақо тўғри келмайдиган ишдир. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас. Баъзи бир динларда никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолат экани, илоҳий таълимотларга бутунлай зидлиги шундан билинади.
Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, эркак бўлсин, аёл бўлсин, жинсий рағбат билан яратган. Бу инсон учун, унинг бахт-саодати учун керакли нарса. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундай қилиб яратмас эди. Ўша жинсий майлни ҳалол-пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Бўлмаса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.
Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарли нарсадир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўлишади. Шунингдек, жинсий майлини никоҳ йўли билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари, ҳам ўзгалар бошига турли бало-офатлар олиб келишга сабаб бўладилар.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак бўлади. Акс ҳолда, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган бўлинади.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», дедилар» (Аҳмад ва Термизий яхши санад билан ривоят қилишган).
Аллоҳ таолонинг расуллари У зот яратган бандаларнинг энг сарасидирлар. Турли замонларда, турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлардир. Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга қандай татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни Аллоҳ таоло турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб тургандир. У зотларнинг ҳаётлари бутунича умматларига ўрнак бўлгандир. Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларига амал қилиш ҳар бир шахс учун ўта муҳимдир.
Юқоридаги ҳадиси шарифда барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг, Одам алайҳиссаломдан тортиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача, ҳаммаларининг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда.
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларини (алайҳимуссалом) бирлаштириб турувчи суннатлардан бири никоҳ экан. Бу энг муҳим суннатлардандир. Бўлмаса Аллоҳ таоло уни ҳамма пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга энг кучли тарғибдир.
Ислом никоҳ робитасини инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантиргандир. Чунки, бу робита Аллоҳ таолонинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир.
Инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик, муҳаббат ва севги, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун Аллоҳ таоло никоҳга амр этган. У зот инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-харишдан, ифлослииклардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун ҳам никоҳга амр этган.
Аллоҳ таоло никоҳни Ўзининг барча Пайғамбарларининг суннати қилиб қўйган. Азиз авлиёларнинг одати қилиб қўйган. Аллоҳ таоло никоҳни инсон зотининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васийла қилиб қўйган.
Эркак-аёл ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.
Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, обрўга, мартабага эга бўладилар.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини сақлайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон нави сақланиб қолиши билан бирга, унинг насл-насабининг поклиги ҳам сақланиб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан бўлганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинади.
Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эр-хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этган бўлади. Шундоқ йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади.
Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли бўлади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади. Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган.
Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни “ибодат” дейишган. Улар, Аллоҳ таоло ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундоқ ишлардандир, дейишган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ва бирингизнинг жинсий ҳожатида ҳам ажр бор», дейилган. Шунда кишилар, шаҳватини қондирса ҳам ажр бўладими, дейишганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўша шаҳватини ҳаромдан қондирганда гуноҳ бўлармиди, ҳалол йўл билан қондирганда савоб бўлади, деган маънода сўз айтганлар.
Зино хавфи бор вақтида никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилади. Имом Табароний ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Энди, иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», деганлар.
Ҳаттоки, Зоҳирий мазҳабидагилар ўз одатларича тушунишиб, мўътадил пайтида никоҳ фарз бўлади, дейишган.
Эркакдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон шахс оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин оила нима, у нима учун қурилади, оила қайси асосда қурилмоғи керак, мана шуларни билиб олса яхши бўлади. Ислом таълимотлари бўйича оила қуйидаги асос ва мақсадлар бўйича қурилади:
1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини зийнатлаш қилиш учун қурилади. Ушбу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Ушбу олий мақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун оила асосий макон эмасми! Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.
2. Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шериклик ҳайъати деб қараш керак. Эру хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтириш учун ҳаракат қилишлари керак. Бу эса, ўз навбатида келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишлари лозим бўлади.
3. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак. Оилавий-никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва отифий алоқадир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак. Ана ўша маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаш керак.
Албатта, мазкура синглимиз ўттиз бир ёшга киргунча оила қурмай юрганлари яхши эмас. Баъзида илм оламан дея шундай ҳолатга тушиб қолиш, афсуски, учраб туради. Ёш ўтиб қолганда киши бир оз қўрқоқ бўлиб ҳам қолади. Аммо катта кишилар ва гапи ўтадиганлар насиҳат қилишлари, яхшилаб тушунтиришлари керак. Никоҳга рағбат қилмаётган сингилга динимизнинг бу борадаги таълимотларини етказиш керак. Никоҳ ҳақидаги китоблардан ҳадя қилинглар. Ушбу жавобни ҳам етказинглар. Тезроқ оила қурсалар, жуда яхши бўларди. Аллоҳ ёрдам берсин! (Аллоҳ билувчидир).
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 65 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар