1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёлларнинг қабристонга бориши

Қабрларни зиёрат қилиш мустаҳаб бўлиб, зиёратдан кўзланган асосий мақсад инсон ўзига насиҳат олиши, қабрдаги одам билан ўз ҳолини бир таққослаб кўриб, ўзига ибрат, насиҳат олишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг аввалги даврларида қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар. Чунки у даврда баъзи жоҳилият даври одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғисиғига зўр берар ва қабрларга ибодат қилишар эди ва у даврда ислом энди пайдо бўлган, ҳали инсонларнинг қалбига чуқур ўрнашмаган эди. Кейинчалик исломий одоб ва аҳлоқ инсонларнинг қалбига мустаҳкам ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди.
Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, қабрларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр зиёратига изн берибгина қолмай, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб ҳам этдилар.
Уламолар эркакларнинг қабр зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ қилишган. Лекин аёлларнинг зиёрати борасида уламолар ўртасида хилоф бор.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, ўзларини хафагарчилигини, доимгидек йиғи-сиғиларини, бақир-чақирларини янгилаш учун эмас, балки охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун бўлса, аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Бунга далил юқорида келган ҳадис ва қуйида келадиган бир қанча ҳадислардир.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Қабрларни зиёрат қилинг. Албатта у (қабр зиёрати), сизларга охиратни эслатади”, дедилар (Ибн Можа ривояти).
Бу ҳадиси шарифлардаги хитоб эркак ва аёлларга умумий бўлиб, ҳадиснинг матнида эркакларнинг ўзига хитоб қилинаётгани ҳадиснинг маъносини умумий эканига зарар қилмайди. Чунки Қуръон ва ҳадисларда келган хитоблар эркак ва аёлларга умумийдир. Қачон бу хитоб эркак ёки аёлга хос эканига далил бўлса, шундагина хосланади.
Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида бундай хитоблар келган.
«Намозни баркамол ўқингиз ва закотни берингиз!» (Бақара сураси, 110-оят).
"Эй, имон келтирганлар! Менинг душманим ва сизларнинг душманингизни (яъни мушрикларни) дўст тутмангиз!" (Мумтаҳана сураси, 1-оят)
"Унга бирор нарсани шерик қилмангиз". (Анъом сураси 151-оят)
Бунга ўхшаш ўнлаб оятларнинг лафзидаги хитоб эркакларга бўлсада, эркак ва аёлларни бирдек ўз ичига олишда ҳеч шубҳа йўқ.
Бундан ташқари ҳадиснинг "Албатта у (қабр зиёрати), сизларга охиратни эслатади”, деган матни ҳам бу ҳукм эркак ва аёлга умумий эканига далолат қилади. Чунки эркакларга охиратни эслатадиган иш аёлларга ҳам охиратни эслатишини тақазо қилади.
Аёллар қабр зиёратига бориши ҳаром деган уламоларнинг далиллари: "Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Қабрларни кўп зиёрат қиладиган аёлларни лаънатладилар». (Имом Термизий ривоят қилганлар)
Имом Термизий: "Баъзи уламолар бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилишга рухсат беришларидан олдин айтилган. Кейинчалик қабрларни зиёрат қилишга рухсат берилганида бу рухсатнинг остига эркаклар ҳам, аёллар ҳам кирган деганлар”, деб айтганлар.
Имом Қуртубий бу ҳадиснинг шарҳлаб "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча қабр зиёрат қилувчи аёлларни лаънатламаганлар, балки қабрларни кўп зиёрат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар, бунга ҳадиснинг матнидаги (яъни кўп зиёрат қиладиган аёллар) калимаси далолат қилади", деганлар.
Аёлларни қабр зиёрат қилишлари жоиз эмас дейдиганлар ақлий далил сифатида "Аёл киши одатда яқинларидан бири вафот этса, ўзини идора қила олмайди. Агар яқинининг қабрга қўйилгани ёки у ерда ётганини кўрса додвой солиб йиғлаш ва юзига уриб, кийимларини йиртиш каби ҳаром амалларга қўл уриши мумкин. Ҳаром амалнинг олдини олиш мақсадида уларни қабр зиёратига боришдан қайтарилади", дейишган.
Биз ҳам бундай ишларни қиладиган аёллар қабр зиёратига боришларини жоиз санамаймиз, балки жазавага тушмасдан, дод вой солмасдан боришларинигина жоиз санаймиз.
Саҳобия оналаримиз ҳам қабр зиёратига борганлари саҳиҳ ривоятларда келган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Сизларга ўзим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис айтиб берайми», дедилар. Шунда «Ҳа», дедик. (Ҳадис узун бўлиб мавзуга боғлиқ бўлган жойи келтирилган) Оиша розияллоҳу анҳо «Эй, Расулуллоҳ! Агар мен ҳам у ерга (қабристонга) борсам нима деб айтай?”». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин ва мусулмонлардан иборат қабристон аҳлига салом бўлсин. Бизлардан вафот этганлар ва ҳануз ҳаёт бўлганларни Аллоҳ раҳм айласин. Дарҳақиқат, бизлар ҳам иншаоллоҳ, сизларнинг ортингиздан борурмиз, дегин” дедилар. (Имом Муслим ривоят қилганлар)
Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:
Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳ (Оиша розияллоҳу анҳони кўриб) "Эй, мўминларнинг онаси! Қаердан келяпсиз?” дедим. Оиша розияллоҳу анҳо "Акам Абдурраҳмонни қабридан" дедилар. Шунда "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аёлларни) қабр зиёратига боришдан қайтарманганмидилар?” дедим. Оиша розияллоҳу анҳо "Шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб бу ишдан қайтариб, сўнг қарбларни зиёрат қилишга буюрган эдилар", деб жавоб берадилар. ("Мустадрак" ва "Сунани Байҳақий” китоби).
Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди бўлса уларни зиёрат қилаверинглар", дедилар. (Имом Муслим ривоят қилганлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога қабр зиёратига боришга изн берганлари ва у ерга борганида қайси дуони айтиши кераклигини ўргатганлари саҳиҳ ҳадисда келган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтдилар. Шунда у зот унга: "Аллоҳдан қўрқ ва (бошингга тушган мусибатга) сабр қил", дедилар. Аёл: "Нари тур! Менинг бошимга тушган мусибатни қаердан ҳам билардинг. Зеро, сени бошинга тушмаганда", деди. Сўнг одамлар аёлга бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканини айтишди. Шунда ҳалиги аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига борди ва эшик олдида қўриқчиларни кўрмади. Аёл: "Сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чинакам сабр мусибатнинг дастлабки онларида сабр қилишдир", деб жавоб бердилар". (Имом Бухорий ривоят қилганлар)
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёлнинг қабр зиёратига боргани ҳамда қабр бошида туришига эътироз билдирмадилар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон ишга эътироз билдирмасалар бу ўша ишнинг жоизлигига далолат қилади.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: "Мазкур ҳадисдаги далолат ўрни шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида ўтиришига танбеҳ бер-масдан унга иқрор бўлишлари бу ишнинг жоизлигига ҳужжат бўлади". («Фатҳул Борий» китоби)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида шариатимизда таъқиқланган дод-вой солиб йиғлашига танбеҳ бердилар, холос.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Ҳозир сайтимизда 48 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ