Сайт бўлимлари
Ласетти зўрми ёки кобальт?!
- Подробности
- Бўлим: Автоолам
- Чиққан санаси: 22 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Кейинги пайтда мана шу саволни кўп эшитяпмиз. Албатта, дид бўйича тортишмайдилар. Лекин ҳамма давлатлардаги автаҳаваскорлар каби юртимиз автоишқибозлари ҳам ўзимизнинг автомобилларни қадрлаш билан бирга, уларни бир-бирига таққослашни яхши кўрадилар. Энди тўғридан-тўғри саволга келсак, энг аввало, ҳаммаси сизга айнан қандай автомобил кераклиги, ҳамёнингиз ва дидингиз қай бирига тўхталишига боғлиқ. Келинг, бу икки автомобилнинг техник хусусиятлари ва нархларини солиштирамиз. Шундан сўнг хулосани чиқариш ҳар бир харидорнинг ўзига ҳавола.
ЛАСЕТТИ
Аввало, ўртача бюджетли оила учун Lacetti – энг мақбул автомобил. Биринчидан, нархи ҳам жуда баланд эмас. Биринчи позициядаги янги машинани бугун 27 млн. сўмга сотиб олиш мумкин (сўнгги позицияси 50 млн. сўмдан ортиқ). Иккинчидан, фойдаланишда «инжиқ» эмас ва жуда катта муаммо туғдирмайди. Машина қисмлари ва агрегати тўғри фойдаланилганда унча-мунчага ишдан чиқмайди, асосийси, вақтида мойини алмаштириб, сифатли ёнилғи қуйиш ва двигателни ҳаддан зиёд «қийнаб» қўймасангиз бўлди.
Ҳар бир тирик жонзот каби автомобиллар ҳам давр ҳукмига бўйсунади. Аммо хўжайини асраб-авайлаб қараб юрса, бир неча йил хизмат қилган бўлсада, автомобил трасса ёки узоқ йўлларда «ёш ва соғлом» кўринишини анча вақт йўқотмаслиги тайин.
ЙЎЛДА
Руль бурилиши жуда қулай. Енгилгина ҳаракат билан йўлдаги нотекисликлардан қўрқмай ўтиб кетишингиз мумкин. Машина салонига ишлатилган пластик ҳам ёмонмас. Уларнинг виждонан йиғилгани кўриниб турибди. Машина ҳаракатланганида ҳам ортиқча шовқин эшитилмайди. Фақат, мотордаги товуш уйингиздаги «чангютгич»ни бироз эслатгани чатоқ.
Lacettiнинг тезлик педали жуда сезгир. Оёғингизнинг учи тегиб кетса ҳам мотор гувиллаб ишлайди. Дарвоқе, сиқиш педалини оҳиста қўйиб юборсангиз бўлди – машинангиз юввошгина бузоқчадек «кетаверади». Мана шу жиҳати малакаси пастроқ автоҳаваскорларнинг машинасини тўхташ жойларидан олиб чиқишида қўл келади.
Трассада машинага «гап йўқ». 1,6 литр ҳажмли, 109 от кучига эга мотори сиз истаган тезликни бир зумда «кўрсатади». Машина тезлик олишда «кучаниб» қолмайди. Тиқирлаш ёки ортиқча шовқин йўқ. Механик тезлик узатиш қутисидаги тезликни ўзгартириш пайтининг қисқалиги ҳам таҳсинга лойиқ.
Ёритиш чироқлари ҳам эътиборга лойиқ. Қоронғуда ҳам, нотекис йўл ёки ўнқир-чўнқирдан қўрқмайсиз.
САЛОНДА
Ўрта бўйлироқ киши ҳам Lacettiни бемалол ўтириб бошқаришга қийналиши мумкин. «Торпедка» баландлигидан ҳайдовчи йўлни кўрай деб, ҳадеб бўйнини чўзаверади. Ҳарқалай, ҳайдовчи ўриндиғини ўзгартириш мумкинлиги боис, буям ҳал бўладиган масала. Салони қулай, электр ойна кўтаргичлар, турли туман қутичалар ва идиш қўйгичлар қўл остингизда. «Иштаҳаси»ям ўртача, ҳисобимиз бўйича 100 км.га 11 литрча бензин «ичади». Хуллас, Lacetti – ишончли, кучли, қулай ва албатта, кўримли оилавий «танк».
Шунингдек, ускуналар панелининг ёрқин ёритгичлари ҳайдовчига тунда ҳам панд бермайди.
КОБАЛЬТ
Эслатиб ўтамиз: 2012 йилнинг 5 сентябр куни Тошкентда GM Uzbekistan қўшма корхонасининг яна бир янги маҳсулоти - Chevrolet Cobalt седанининг тақдимот маросими бўлиб ўтганди.
ЯНГИ “Chevrolet Cobalt”
“Chevrolet Cobalt” – GM Uzbekistan томонидан махсус ишлаб чиқилган мутлақо янги русумдаги автомобилдир. Ушбу автомобил тўрт турда ишлаб чиқарилади. Ривожланиб бораётган бозорларда бу автомобил В туркумига кирувчи ягона модел бўлади. Янги Cobalt шу турдаги автомобиллар орасида энг етакчисига айланиши учун максимал даражада ҳаракат қилинган. Бундан ташқари, унинг 6 босқичли автомат трансмиссия ўрнатилган русумига ҳам буюртма бериш мумкин. Бугунги кунда уни 41 млн. сўмдан, 52 млн. сўмгача харид қилиб олишингиз мумкин. Демак, кўриб турганингиздек, нархлардаги ўзаро фарқ ҳам аниқ-равшан. Энди унинг ўзига хос жиҳатларини кўриб чиқамиз.
ҚУЛАЙЛИК ВА ХАВФСИЗЛИК
Беш киши учун мўлжалланган ушбу кенг салонли автомобил йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ён томонлари баланд анатомик ўриндиқлар билан жиҳозланган. Автомобил кондиционер, қуйма дисклар, аудиотизим, хавфсизлик ёстиқчалари, электр кўзгулар ва автоматик трансмиссия билан жиҳозланган.
“Cobalt” автомобилининг ажойиб дизайни, замонавий хавфсизлик тизими ва бошқа юксак сифат кўрсаткичлари компанияга уни нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам сотиш кўлами ва ҳажмини кўпайтириш имконини беради.
АФЗАЛЛИКЛАРИ
Янги седанни ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ Асака заводида амалга оширилади. Эҳтиёт қисмларни етказиб бериш билан эса ҳозирда мавжуд 15 та ва янги иш бошлаган яна 3 та корхона шуғулланади. Шунингдек унга General Motors Powertrain Uzbekistan заводида ишлаб чиқарилаётган янги тежамкор 1,5-литрли, 105 от кучига эга бўлган ва 100 км.га ўртача 6,2 литр ёқилғи сарфлайдиган DOHC двигателлари ўрнатилган.
Chevrolet Cobalt харидорларга икки турда - 5 босқичли механик узатма ва 6 босқичли автомат узатмада тақдим этилади. Бундан ташқари хавфсизликни таъминлаш учун седан корпуси юқори сифатли металлдан ишланган бўлиб, ABS (тормоз тизими антиблокировкаси) ва ҳимоя ёстиқлари билан жиҳозланган.
Интернет маълумотлари асосида Суҳроб тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 97 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар