1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Жонимга жон қадар пайвандим, Ватан!

 

 

 

Барча инсонларни бирлаштириб турадиган ягона орзу мавжуд. Бу- бахтли бўлиш истаги. Инсон дунёга келибдики, бахтиёрликка, саодатли бўлишга интилади. Аммо яна бир ҳақиқат борки, инсон ёлғизликда бахт тополмайди. Одамзоднинг бахти, ота-онаси, жигарлари, яқинлари ёру биродарлари, тақдирига битилган жуфти ҳамда албатта Ватани билан боғлиқ. Камолот сари йўл олган ҳар қандай киши борки, аввало ўз юрти, халқи, миллатининг қадр қийматини англаб етишни, нафақат англаб етиш, балки, туғилиб ўсган гўшаси ва шу макон билан боғлиқ ҳамма мавжудотни қадрлаш билан ўзлигини топади. Ўзликни топиш, ўзликни англаш —

Ватанни англамоқликдир

Ватанни англамоқ эса, шубҳасиз, Ватанни севмоқлик, унинг ҳар бир гўшасини, бир қарич ерини, бир сиқим тупроғини жон қадар асраб-авайлаш, ёт кўзлардан, ёмон ниятлардан пана этишдир. Тўғри, Ватан ҳақида гапирганимизда кўнгилдан чиқаётган сўзларимиз ўзимизга ҳам, атрофимиздагиларга ҳам гўёки баландпарвоз жумлалар бўлиб туюлади. Бироқ, Ватан бизга баландпарвоз туюлган ҳар қандай таърифу ташбеҳлардан юксак эътирофларга ярашади. Негаки, у бизнинг Ватанимиз. Негаки, у киндик қонимиз тўкилган, бешигимизга ёғоч бўлган тол ўсган, илк бор ташлаган тетапоя қадамларимиз изи қотган тупроқ кўчалар гўшаси. Ватан —  волидамиз алласи, падаримиз дуоси билан жон-жонимиз, қон-қонимизга сингиб, ўрнашиб кетган буюклик инъикоси. Умуман олганда, Ватан — бор маънавий ва моддий бойликларимиз ва албатта ўзлигимиз тажассуми. Шундай экан, Ватанни жондан ортиқ севмаслик ва уни номус, шаън ва ғурур каби ҳимоя қилмаслик мумкинми? Йўқ, албатта!..
Ватанни ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда, аксариятимиз бу вазифани фақат эркакларга хос ҳисоблаймиз. Аслида-чи, аслан олиб қараганда, Ватан ҳаммамизники, жумладан уни ҳимоя қилиш ўзини шу юрт фарзанди деб билган, шу заминда туғилиб ўсиб, шу юрт бағрида камолотга эришган ҳар бир шахснинг вазифаси эмасми? Шундай. Ватанни севган одам севгисини ҳар замонда “Мен Ватанимни севаман! Ватаним учун жонимни беришга тайёрман” деган ҳайқириқлар билан юртига бўлган севгисини изҳор қилмайди. Одатда бу миннат қоришиқ “изҳор” иддаога ўхшаб қолади.

Ватан иддаоларга, ҳайқириқларга ярашмайди...

Эътибор берганмисиз, биз Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эркакларни, айниқса, ҳарбий соҳа вакилларини табриклашга ўрганиб қолганмиз. Нега шундайлигини ҳеч мулоҳаза қилиб кўрганмисиз?... Ватанни севиш, юртни ҳимоя қилиш учун

Ҳарбий кийим кийиш шартми?

Тўғри, юртимиз сарҳадларини, эл тинчлигини ҳимоя қилиш ҳарбий соҳа вакилларининг касбий вазифаси. Аммо, шундай хуруж ва босқинлар борки, уларга қарши қурол жуда ўткир бўлиши шарт. Бу- маънавиятимизга ва миллийлигимизга қарши қаратилган хуружлар ва ундай таҳдидларга қарши ҳимоя қуроли – юксак маънавият ҳамда ўткир тафаккур.
Инсоният тарихи, тафаккур тамаддуни йўлини тадрижий равишда кузатганимизда, кишини камолотга, юксак ютуқларга  чорлайдиган эзгу ғоялар ва ёвуз мақсадлар ўртасида азалдан зиддиятлар мавжуд бўлганини ва бу қарама –қаршиликлар то ҳануз интиҳо  топмаётганига амин бўламиз. Айни пайтда бизга ҳам ҳар турличасига “ҳужум” қилаётган оммавий маданият аталмиш манқуртлик ва шармисорликни ўзида мужассам этган зарарли ғояларнинг фарзандларимиз  дунёқарашига таъсири ва бу мутаассиблик пировардида улар табиатидаги ўзгаришлар шу юртда яшовчи ҳар бир инсонни ташвишга солиши аниқ. Ватандош, сизу биз, келажакда биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари, тенглар ичра тенг бўлиб, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги керак бўлган фарзандларимизни чинакам ватанпарвар қилиб тарбиялаяпмизми? Фарзандларимизнинг тарбиясида энг зарур ва шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этадигани бу- маънавий тарбиядир. Маънавий тарбияси ҳаминқадар бўлган, миллий ва қадриятларни, ўзлигимизни, тарихимизни чуқур англаб етмаган бола келажакда қандай қилиб ўзини шу Ватан фарзанди, шу миллат вакили сифатида ҳис қила олиши мумкин, Бугун эшитаётган қўшиғи “рок-н рол” бўлса, эгнига илгани йиртиқ жинси шиму, сочлари алақайси корейс телесериали қаҳрамонининг сочларидай узун, “жамалаксоч”, саломи “Нелло”, хайр-хўши “бай-бай” бўлган ёшлар сизу бизнинг фарзандимиз, келажагимиз эмасми? Шу замин, шу тупроқ ФАРЗАНДИМИЗНИКИ эмасми? Хўш, нега бугун биз боламизнинг пайдар- пай гаплари, ўзига ярашмаган сочларию, почаси тор, тепаси кенг шими, бурни, лаби, киндигидаги тақинчоқлари, баданидаги расмларга эътибор бермаяпмиз? Нега ҳеч биримиз кўча-куйда шундайларни кўрганимизда тўхтатиб “Болам, сен ўзбексан. Миллатинг, ота-онанг ўзбек. Сени ўзлигинг бўлсин, ўзингга ярашган кийиминг, ўзингга ярашган салом-алигинг бўлсин” деб танбеҳ бермаймиз? Ватанпарварлик, ватанни ҳимоя қилиш дегани фақат қўлга қурол олиб, ҳарбий кийим бош кийиб душманга қарши курашиш, дегани эмас. Фикримизча, фарзандига одобу ахлоқ ўргатиш, унинг маънавий тарбиясини ҳар нарсадан устун қўйиш ҳам ватанпарварликдир.
Муҳтарам Президентимиз ўзларининг “Юксак маънавият- енгилмас куч” асарларида ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат туйғуси ҳақида гапира туриб жумладан шундай дейдилар: “... Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади...”
Дарҳақиқат, Ватанни севган киши халқи, юрти учун буюк ишларни амалга оширишга қодир бўлади. Энг муҳими, қалбида Ватан ишқи жўш урган инсонни ўзлигидан узоқлаштириб бўлмайди...

Баҳор Турсунзода 

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 333 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ