1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Арава судраган болалар

Кунда-кунора кўравериб, кўникиб кетган айрим манзаралар бор.
Кўча-кўйда ўтиб бораркансиз, йўл ёқасида сигарет, қурут, писта живачка сотиб ўтирган болалар ва қизалоқларни учратасиз. Сершовқин бозорлар оралаб кетаркансиз, одамлар орасида «Пў-ўшт! Ара-ва!» деб бақириб-чақириб, арава судраб, ўзига уч-тўрт баравар катта юкларни ташиб юрган ўсмирларни кўрасиз. Лекин, кўпда эътибор бермайсиз, худди шундай бўлиши керакдай…
Савол туғилади. Хўш, ана шу, ҳали суяли қотмаган болалар кўчаларда, бозорларда нима қилиб юришибди? Уларнинг айни ўқийдиган, бирон касб-ҳунарни ўрганадиган, ўйнаб-куладиган пайтлари-ку? Ким уларни бунга мажбур қиляпти? Ёш болаларга тирикчиликни ким қўйибди? Ким айбдор бунга? Ота-оналарими? Мактабми, коллежми? Ўйлаб ўйингнинг тагига етолмайсан.
Яқинда, шунақа «тирикчилик» қилиб юрган ўсмир болалардан бири билан гаплашиб қолдим.
«Оилада тўрт кишимиз,—деди у.—Отам ҳар куни ичиб келадилар. Ҳеч қаерда ишламайдилар. Уйда ҳар куни жанжал бўлади. Ойим бозорда олибсотарлик қиладилар. Мендан катта опам бор. Уни узатишимиз керак. Шунга ўртоғларимга эргашиб борозга келдим. Арава олдим. Дарслардан кейин бозорга чиқиб тураман. Одамларнинг юкларини ташиб бераман. Ойимга ёрдам беришим керак-ку?..»
—«Ойинг бунақа ишларга ҳали ёшсан, бунақа қилма» демадиларми?—сўрадим ундан.
—Йўқ,—бош чайқади бола.—Ўртоқларимга ҳавасим келади. Ҳаммаси яхши кийиниб, яхши еб-ичиб юришади. Беш-ўнтасининг «сотка» телефонлари, плейерлари бор. Менда йўқ. Менга ҳеч ким олиб бермайди. Шунинг учун ўзим пул топишга ҳаракат қиляпман…
Хўп, бу боланинг оилавий шароитини тушуниш мумкиндир? Лекин бошқа бир кап-катта онахоннинг мана бу гапларига нима дейсиз?
«Энди, акўси, тирикчиликнинг айби йўқ деб қўйибдилар,—деди у эксаси қотганини яширмай.—Бола бошидан. Ёшлигида меҳнат қилса, тирикчиликни ўрганса, пул топса кўп нарсанинг қадрига етади. Қурут, писта, сигарет сотиш, бозорда арава билан юк ташишнинг нима ёмон томони бор? Болалар шу билан пишийди, ҳаётини ўрганади, пулнинг қадрига етади. Ота-онасига шундай қилиб ёрдам бераётган болаларни айблаб бўлмайди…»
Мана, фалсафа! Мана,тушунча! «Қуш уясида кўрганини қилади» дерсиз? Ана энди, ана шу аёлга «Ўша болалар ҳали гўдак, уларга бунақа ишлар оғирлик қилади. Улар ўқиши, илм олиши керак. Ота-оналар ўз фарзандларига шароит яратиб беришлари керак. Бунақа ишларнинг охири вой бўлади. Ҳали турмушнинг аччиқ-чучигини тотимаган болаларнинг қўли пул кўргандан кейин уёғи нима бўлади? Шундан кейин ҳар қадамини пул билан ўлчайдиган корчалонга айланиб қолмайдими?..
Бошқа бир тадбиркор оғайним буни шундай шарҳлайди:
«Менимча буни ёмон томони йўқ,—дейди у.—Болалар мактабдан қайтгач, кўчада шаталоқ отиб юрмай, шунақа ишлар қилишса айби йўқ. Бўлмаса, кўпчилигининг бўш вақтлари компьтерхоналару, интернетларда ўтиб кетаяпти. Мана ўзим шунақа ўсмирлардан беш-ўнтасини ўзимнинг кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цехимга олганман. Учта сменада ишлашади. Печени, булочка, холва, парварда чиқарамиз. Қоринлари тўқ, қўлларига беш-ўн сўм бериб тураман. Ўзлариям хурсанд, ота-оналариям. Менинг ҳам «бизнес»им юришади…»
Хўш, энди ўша болаларни кўз олдингизга келтиринг! Мактабда, дарс пайтида қулоғига дарс киради деб ўйласизми? Хаёли «кондитер цехи»да, қўлига тушадиган пулда бўлмайдими? Кечки сменадан кейин чала-чулпа ухлаб, эртасига мактабга борган болаларнинг аъло ўқишига, дарсларни яхши ўзлаштиришига ким кафолат бераолади?.. Нега бу жиддий масалага эътибор бермаяпмиз? Ненга ота-оналар, мактаб ва коллежлар, «бир болага етти қўни-қўшни ота-она» дейдиган маҳалла-фуқаролар йиғинлари қаёққа қараяптилар? Наҳотки, катталар эртамизнинг эгаси бўладиган болаларимиз тақдирига шунчалар лоқайд қарайдиган бўлиб бораяптилар?..
Таниш ўқитувчи дўстидан сўрайман.
«Тўғр, бу жиддий масала,—дейди у хўрсиниб.—Шахсан ўзим бу билан анча шуғулландим. Бозорларда елим пакет, сигарет сотиб, арава судраб юрган болаларнинг кўпчилигини бу йўлдан қайтардим. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп кўринади. Назаримда, аксарият педагоглар ҳам ўзлари билан ўзлари овора бўлиб кетгандеклар… Эсингизда бўлса, биз ўқиган пайтларда ҳар хил тўгараклар, спорт секциялари бўларди. Кўп нарсалар ўрганардик. Ҳозир ҳам йўқ эмас, лекин талаб даражасида деб бўлмайди. Қатор ота-оналар билан учрашдик, суҳбатлашдик. Энг алам қиладиган ери, кўпчилиги «Тирикчиликнинг айби йўқ» деб туриб олишади. «Ҳой мусулмон,—дейман шунақа пайтларда.—Болани пул топишга кўчага чиқаришга нима ҳаққингиз бор? Бола деганлари ўйнаб-кулишлари, ўқишлари, ўрганишлари, ҳар томонлама соғлом бўлиши керак-ку? Қаёққа қараяпсизлар ўзи? Наҳотки, ўзларингиз ўз фарзандларингизни таъминлай олмайсизлар? Суяги қотмаган ёш боланинг гумбаздек юк ортилган аравани зўрға судраб юришини кўришнинг ўзи уят эмасми?..»
Мана шунақа гаплар. Айтаман деса гап кўп. Менимча, бу манзараларнинг илдизини энг аввало ўша болалар улғаётган оиладан, ўқийдиган мактаби ва коллежидан, ўзи яшайдиган маҳалла-кўйдан излаш керак кўринади? Лоқайдлик ва бефарқликнинг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамаган.
Бир ҳикматни эслайман. Бир одам донишманддан «Ўғлимга қачондан бошлаб тарбия беришни бошласам бўлади?» деб сўрабди. « Ўғлингиз неча ёшда?» сўрабди донишманд. «Уч ёшда» дебди ота. «Э, эсиз, уч йилга кечикибсиз» деган экан донишманд. Шунда ота хижолат тортиб қолган экан.
Биз ҳам ана шу ношуд отанинг аҳволига тушиб қолмайлик азизлар! Бу хусусда сиз нима дейсиз?

Ҳозир сайтимизда 304 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ