1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳазрат Умарнинг келини ва сутга сув қўшмаслик

Ҳазрат Умар (р.а.) Мадина кўчаларини бир-бир айланиб чиқар эди.
Кунларнинг бирида қулоғига бир товуш эшитилди. Товуш келаётган томонга бориб яқинлашди. Ичкаридан бир хотиннинг товуши келар эди:
— Қизим! Озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўринаяпти.
Қиз ҳайратланиб:
— Вой, онажон! Нималар деяпсиз? Амирал-мўъминин сутга сув қўшманг, деб буюрган эди-ку, — деди.
Онаси унга жавоб бериб:
— Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади. Мен бир бева аёлман, ҳеч даромадимиз йўқ. Сутга бир оз сув кўшсак кўпаяди, эҳтиёжимизга ишлатамиз, — деди.
Яратгандан қўрқиш қалбига жо бўлган одобли қиз: — Онажоним, бугун сизга нима бўлди? Сизнинг бундай деганингизни Халифа эшитса нима бўлади? — деди.
— Қизим, кечаси бул вақтда Халифа ухлаб ётибди. Бизнинг бу ерда сутга сув қўшганимизни қандай билади, қандай кўради? - деди.
Ул муборак қиз онасини гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилиб:
— Онажон! Бугун сизга бир нарса бўлибди! Сиз шундай сўзларни айтмоқдасиз! Сиз айтган ҳийлани Халифа агар кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Тангри билади ва кўради! Сутга сув қўшиш гуноҳцир! — деб онасини гуноҳдан сақлаб қолди.
Ҳазрат Умар бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб у ерга келиб, гўзал ахлоқи, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Ҳазрат Умар ўғлини фақир қизга уйлантирди. Ҳазрат Умарнинг ўша муборак келинидан шундай авлодлар — фарзандлар дунёга келдики, улардан бири Ҳазрат Умар каби адолатли бўлиб, тарихда Иккинчи Умар исмини олди. Бу зот Умар бин Абдул Азиздир. Умар бин Абдул Азиз бобоси каби адолатни севувчи, бир муҳтарам зотдир.
Умар бин Абдул Азизнинг хизматчиси ҳожаси учун совуқ кунларда таҳорат сувини иситиб берарди. Бир куни Умар бин Абдул Азиз хизматчисидан:
— Бу иссиқ сувни қаердан олиб келасан, — деб сўради. Хизматчиси:
— Байтул мол (давлат хазинаси)нинг ўтинларида сув иситиб келаман, — деди.
Унга Умар бин Абдул Азиз:
— Таҳорат сувимизни бузибсан (ҳаром қилибсан)-ку, — деди.
Кейин хазинага бориб хизматчиси қачондан бери бу ернинг ўтинига сув иситган ва қанча ўтин кетган бўлса, ўшани ҳисоблашни буюрди. Ва ўзининг шахсий маблағидан ўтин олиб хазинага келтириб берди.
Умар бин Абдул Азизнинг хотини Фотимадан эри Умар бин Абдул Азизни сўрабдилар. Фотима:
— Унга ўхшаш Яратгандан қўрққан кишини кўрмадим. Баъзан ётоғида хотирлаб номини зикр этиб, қўрқиб, унинг улуғлигидан қуш каби питирлаб ўзидан кетади. Шу даражадаки, гўё руҳини таслим этадигандек ва шунга уммати Муҳаммад халифасиз қолмасин деб қўрқаман, — дебди.

Изоҳ ва ўгиш
Ўқувчи қардошим! Аллоҳцан қўрқмоқликнинг хайрли ва фойдали натижалари бордир. Агар Ҳазрат Умар (р.а.) келин қилган қиздан бойлик истасайди, шундай фазилатли бир набирали бўлмас эди. Ҳазрат Умар (р.а.) учун фазилат мезони - Яратгандан қўрқиш ва Унга нисбатан энг юксак даражадаги муҳаббатли бўлиш эди. Ҳазрат Умар (р.а.) яхши фазилат ва гўзал сифатларни бу фақир қизда кўрган эди. Йўқсиллигига қарамай, у қиз яхши фазилатларни йўқотмади. Сутни кўпайтириш учун сув қўшишга ўрганмади. Ҳар бир қулининг ризқини берадиган Яратганнинг ўзи эканлигига ишонган фазилатли бу фақир қиз халифанинг келини бўлди.

Юсуф Товаcлийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан

Ҳазрат Умарга хотинидан шикоят қилгани келган одам

Ҳазрат Умарнинг Халифалиги даврида бир одам шаддод хотинининг турли жанжаллари, бақириб-чақирувларидан шикоят қилгани келди.
Ул одам Ҳазрат Умарнинг эшиги олдига келганида қулоғига бир хотиннинг қаттиқ овози келди. Бир оз тараддудда қолди, қулоқларига ишонмади. Ишонмади, қандай ҳам ишонади! Ҳазрат Умарнинг аёли Умму Гулсум ҳожаси — эри Ҳазрат Умарга бақириб чақирмокда. Ҳазрат Умар эса ҳеч овозини чиқармас эди.
Хотинидан шикоятга келган одам ўз-ўзига шундай деди:
— Мен хотиним берган ҳузурсизликдан, хотинимнинг ёмон феълидан, менга бақириб-чақиришидан халифага шикоятга келган эдим, токи ҳузур топайин, уйимдаги жанжалдан қутулайин деб. Бу қандай тақдирки, менинг бошимдаги ғам халифанинг ҳам бошида бор экан. Яхшиси у ердан кета қолай, деди.
Ул одам қайтиб кетар экан, Ҳазрат Умар уни кўриб қолди ва:
— Нега келган эдинг, нега кетяпсан, — деди.
— Сизга хотинимдан шикоятга келган эдим. Айни бало, айни дард сизнинг ҳам бошингизда борлигини кўриб шикоятдан воз кечдим. Шунинг учун кетаётган эдим, — деб жавоб берди ул одам.
Бунинг узрига Ҳазрат Умар ул одамга бундай насиҳат қилди:
— Менга яхшилаб қулоқ сол! Оиламнинг менда баъзи ҳақлари бордир. Менга қилган хизматлари сабабли мендан бу ҳақларининг қадрини билишимни истайди. Сабр-қаноат билан қилган хизматлари ва ҳақлари ушбудир:
1. Хотиним жаҳаннам оташи билан менинг орамда бир пардадир. Кўнглим у билан роҳат топади. Ҳаромга боқмайман (яъни, у менга хотинлик вазифасини бажаради).
2. У мен учун уйимнинг бир муҳофизидир (қўриқловчиси, муҳофаза этувчисидир). Мен уйимдан чиқсам, у уйимда мол-мулкимни сақлайди, уйимнинг бекаси бўлиб қолади.
3. Кийимларимни ювиб тозалайди. Уйимнинг бошқа юмушларини бажаради. Уйимнинг тозалигини, болаларим-нинг покизалигини сабр-қаноат билан таъминлайди.
4. Болаларимни тарбиялайди. Уларга едириб-ичиради, кийдириб ясантиради.
5. У менинг овқатимни пишириб, олдимга қўяди. Шунча хизматларни ўрнига қўйиб бажариб миннат қилмайди.
Ҳазрат Умардан бу насиҳатларни эшитгандан кейин хотини устидан шикоят қилгани келган одам:
— Сенга қилинадиган бу хизматлар менга ҳам қилинади. Сен хуш кўриб унинг баъзи қусурлари, камчилигини кечирганингдан кейин мен ҳам хотиним қусурларини кечираман, — деди.

Изох ва ўгит
Эй, уйида ҳузур истаган инсон!
Барча кўргуликларимиз динимизни билмаганимиздандир. Ҳазрат Умар каби бир зотни бундай хушхулқ қилган фақат ислом динидир.
Ҳазрат Умарнинг қандай одам бўлганлигини қўлингиздаги бу китобдан ўрни келганда билиб оласиз. Ислом дини инсонни қандай баркамол этади? Ислом инсонни қандай маданий бир инсон этиб тарбиялайди?
Ҳақиқий бир мусулмон инсонларга зарар бериш ва уларни хафа қилиш эмас, ҳайвонларга ҳам зарар етказмайди, ҳайвонларни ҳам қийнамайди.
Бошимизга келадиган балолар, кўрадиган аламларимиз яхши мусулмон бўла олмаганимиздандир. Динимизни билмаймиз. Бир бола ҳам биладиган 32 фарзни билмаймиз. Ҳатто, ғусл қандай қилинади, шуни ҳам билмайдиган қарияларимиз бор.
Бўлмаса жоҳил бир эр нега хотинини қийнайди? Чунки ул эр хотин қадрини билмайди.
Шунга ўхшаш имонни билмаган жоҳил бир хотин эрига азият ва ҳузурсизлик етказишдан бўлак нима ҳам қиларди?
Жоҳил эрлар хотинларининг қадрига етмагани каби, жоҳил аёллар ҳам ҳожаларининг қадрини билмайдилар.
Бундай жуфтлардан қурилган оилаларда бир-бирларини тушуниш бўлмайди, натижада улар бир-бирларига озор берадилар. Бундай оилада ҳузур деган неъматдан асло бўлмайди.
Чунки заволли уйларда кўзёшлари тинмайди. Она ва ота жанжалидан гуноҳсиз болалар азоб чекадилар. Фарзандларининг кўзёшлари тинмоғи учун ота ва оналар ақлли инсонлар, марҳамат соҳиби бўлишлари зарурдир.
Шуни унутмайликки, уйимизда бахтли бўлишимизнинг шарти ҳамма одам ўз зиммасига тушган вазифасини яхши бажариши ва одобли бўлишидир.

Юсуф Товалийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан

 

Ҳазрат пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг сафардан қайтишлари билан ҳазрат фотимани кўргани келишлари

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак одатларидан бири ҳар галги сафардан, ҳарб (уруш)дан қайтганларида ниҳоятда севикли қизлари Ҳазрат Фотиматуз-Заҳрони кўргани, ундан аҳвол сўрагани боришлари эди.
Бир кун шундай сафарларнинг биридан қайтганларида Ҳазрат Фотимани кўргани уйига келиб, Ҳазрат Фотиманинг болаларига кумуш узуклар, билагузуклар тақиб, уйининг деворларига чиройли пардалар осиб қуйганини кўрибдилар. Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизининг уйида ўтирмай қайтибдилар.
Ҳазрат Фотима волидамиз муҳтарам оталарининг нима учун кетиб қолганликларини тушунибди. Дарҳол у пардаларни, безакларни соттириб йўқсилларга берибди, садақа қилибди.

Изоҳ ва ўгит
Менинг ақлли дин қардошим! Эҳтиёт бўл, булар нималарга олиб келиши мумкин. Сойлар, дарёлар, селлар томчилардан, ёмғирлардан пайдо бўлур. Барча улуғ, катта нарсалар кичиклардан тўпланади. Дунё мол-мулкига бўлган муҳаббат томчилари сел бўлади-да, охират саодатини оқизиб кетади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадрли қизини, инсоннинг абадий ҳаётини таҳликаларга олиб борувчи нарсалардан муҳофаза этгандир. Умматига ҳалол бўлган, мубоҳ бўлган баъзи нарсаларни ўз хонадони аъзоларига ман этгани бир ҳақиқатдир; чин севги ҳақиқий шафқат ва марҳаматдир. Бу чин меҳр ва муҳофазадир.
Ўткинчи дунё истаклари учун ялтироқ кийимлар, олтинлар, занжирлар олиш севги аломати эмас, билакс фарзандларини маънавий жиҳатдан ўлдириш демакдир.
Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севикли қизига:
— Ё Фотима! Бу ипакларни кийганлар, олтинларни таққанлар охиратни кўрмайдурлар, — деганлар. Ҳолбуки, буларни кийиш Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларининг хотинларига ҳалол, ҳаром эмас. Фақат бу зийнатларнинг зарарлари бўлиши мумкиндир. Бундан маълумки, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз авлодларини тақвода, охират неъматида бошқалардан ортиқ бўлишлари учун бу хусусдаги тарбияларга эътибор бергандир.
Фарзандларининг охират ҳаётларини қозонишлари учун астойдил ҳаракат қилади. Бу дунё ҳаёти ўткинчидир. Охират ҳаёти доимий ва боқий бир ҳаётдир. Болаларини ахлоқли, номусли, иффатли этиб ўстириш ота-оналарнинг вазифасидир.

Юсуф Товалийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан

Ҳазрат Фотиманинг садақаси

Ҳазрат Али (р.а.) севикли аёли Ҳазрат Фотима (р.а.)га бир гардонлик (зеби гардон) олган эди. Ҳазрат Фотима (р.а.) волидамиз, муҳтарам завжиниш (эрининг) совғаси бўлмиш бу гардонликни бўйнига тақиб олганди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу гардонликни суюкли қизи Ҳазрат Фотима (р.а.)нинг бўйнида кўргач. Ҳазрат Ойша (р.а.) волидамизга бу ҳақда айтиб, дедилар:
— Ё Ойша! Одамларнинг. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизи бўйнида оташдан гардонлик боради, оловдан бир гардонлик кўрдик, деб юришларини хоҳлайсанми? — дедилар.
Ҳазрат Ойша (р.а.) волидамиз бу сўзларни Ҳазрат Фотима (р.а.)га билдирди. Ҳазрат Фотима (р.а.) волидамиз бу гардонликни дарҳол соттирди ва пулини фақир ва йўқсилларга садақа қилди.

Изоҳ ва ўгит
Эй, охиратини истаган қардошим! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севикли қизи, каримасини қандай тарбия қилганини кўр-да, ожиз ақлинг ила: «Бу нимаси?» дема!.. Бошни ишлат.
Ссвикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига ҳалол бўлган олтин гардонликни ўзларининг қизларига маъқул кўрмаганларидаги ҳикматни тхтпун. Аслида олтин мусулмон аёлларига ҳаром эмасдир. Ҳар бир мусулмон аёл олтиндан гардонлик тақса бўлади. Аммо олтинга ружу қилмоқлик дунёга берилишнинг биринчи белгисидир, аломатидир. Бу дунёни севганнинг охирати бўлмайди. Бу дунё ишқи, дунё ҳаётига кўнгил қўйиш охират ҳаётидан махрум қолишнинг бир далилидир. Тарих бўйича бу дунёни севганлар охиратдан айриладилар. Яратганнинг 124 минг пайғамбарларидан ҳеч бирининг дунёни севгани, дунёга кўнгил қўйгани кўрилмайди. Шунинг учун бу дунёга кўнгил кўйганлар охиратларини йўқотадилар.
Бир одамнинг динининг давом этиши насиҳат тинглаши билан мумкин бўлади. Насиҳат тингламаган одам, насиҳат эшитмаган одам динидан ажраган бўлади.
Шул сабабдан севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак қизининг бу дунёга нисбатан бўлган истак ва хоҳишини хуш кўрмади ва унинг охират саодатини таъмин этиш ғояси ила дунёга бўлган истакларини маъқулламагани ва хуш кўрмаганини билдирди. Қизим хафа бўлади, жахди чиқади, демади.
Бизнингча, Ҳазрат Фотиманинг гардонлик тақиши оддий бир ҳолдир. Бизнингча, уйига чиройли пардалар осиши табиий ва оддий бир ҳолдир. Фақат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўткинчи бир дунёга майл ва истак аломати бўлган бу ишларни жаннат аёлларининг улуғи бўлган биринчи қизи учун хуш кўрмади ва унга изн бермади.
Охират бор, жаҳаннам бор, ҳисоб бор, савол бор. Қизимизга, хотинимизга соҳиб бўлайлик. Уларнинг бу дунёга бўлган севгисини камайтирайлик. Динсизлар, ахлоқсизланинг ҳийлаларига алданмайлик. Бола-чақамиз соҳиби бўлайлик.

Юсуф Товалийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан

 

 

 

Ҳазрат Умарнинг аёли

Мусулмонларнинг Халифаси Ҳазрат Умар ҳар вақтдаги одатига кўра бир куни кечаси Мадинанинг атрофини айланишга чиқди. Сайр этиб юраркан, шарпа кўрди. Яқинлашди. Бир одам чодир ичига қарар эди. Ҳазрат Умар (р.а.) ул одамдан:
— Бу ерда нима қиляпсан? — деб сўради.
— Сайёҳман. Ҳамроҳларим кетишди, мен қолдим, ичкарида ўтирган менинг оиламдир. Ҳомиладор эди, бу ерда тўлғоқ тутиб қолди. Мажбуран тўхтадик. Биз келган карвон йўлида давом этиб кетди, — жавоб берди мусофир.
— Нега бу ерда турибсан, кириб хотинингга ёрдам бермайсанми? - деди Ҳазрат Умар.
— Ёрдам берай десам, менинг бу ишга ақлим етмайди.
— Сен шу ерда тур, мен доя олиб келаман, — деб Ҳазрат Умар шошиб уйига кетди.
Оиласига:
— Ё Умму Гулсум! Тур, сенинг ёрдаминг керак. Агар уруш майдонида жанг бўлса, сени безовта қилмас эдим. Бу иш фақат сенинг қўлингдан келади, — деб уни олиб кетди.
Ҳазрат Умарнинг хотини Умму Гулсум ул хотинга ёрдам берди ва чодир ичидан чақалоқнинг овози эшитилди. Бир оздан кейин Ҳазрат Умарнинг хотини чодирдан чиқди.
Ул ўғил кўрган одам ўзига ким ёрдам берганини тушунди ва «Ё Амирал мўъминин», деди.
— Тонгда ҳузуримга кел. Байтул молдан ёрдам берилади, — деди Ҳазрат Умар.

Изоҳ ва ўгит
Бу — исломда тенгликни англатади.
Кимлиги номаълум бир йўлчи учун кечаси кўриб қолиб, хотинини ширин уйқусидан уйғотиб, ким ёрдам беради?
Яна халифанинг хотини, раҳбарнинг хотини. Яна у келиб ўз ёрдамини берса! Шундай инсон борми?

Юсуф Товалийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан

 

Ҳозир сайтимизда 38 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ