1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қизларига муомалалари

Жоҳилият даврида қиз боланинг туғилиши нафақат ота-онаси, оиласи учун, балки қабиласи учун ҳам мотам бўлар эди. Жамиятдаги бундай ҳолат ор-номусдан қўрқиб, қизларини тириклайин кўмиб юбориш даражасига етди. Тириклай кўмиш ўта қабиҳ шаклда бўлар, унда на раҳм ва на муҳаббатга ўрин бор эди. Ҳа, қиз бола тупроққа тириклайин кўмилар эди! Бу жиноятда анчагина «маҳоратли» ҳам бўлиб қолган эдилар.
Баъзилар қиз кўрадиган бўлса, олти ёшга киргунига қадар тек қўярди, сўнгра аёлига: «Қизингга чиройли кийимларни кийдириб хушбўйла, мен уни амакиларининг олдига олиб бораман», дерди-да, қизни аввалдан унинг учун саҳрода қазиб қўйилган чуқурга олиб борарди ва: «Қизим, шу чуқурга бир қара» дерди. Қиз қараётган пайтда чуқурга туртиб тушириб ва устига ваҳшийларча тупроқ тортарди.
Мана шу жоҳилий жамият ичида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлни она, турмуш ўртоқ, опа-сингил ва амма-хола сифатида мукаррам қилган буюк дин билан майдонга чиқдилар. Қизлари Фотима ҳам Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатига сазовор бўлдилар.
Фотима (розийаллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирганида ул зот ўринларидан туриб, унинг қўлларидан ушлаб ўпар ва ўзларининг ўринларига ўтқазар эдилар. Фотима (розийаллоҳу анҳо) ҳам ҳузурига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кирсалар, ўрнидан туриб ул зотнинг қўлларидан ўпар ва жойига ўтқазар эди (Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоятлари)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларини яхши кўриб, уларга марҳаматлар қилган бўлсалар-да, Аллоҳ таоло «Абу Лаҳабнинг қўли қурисин!» (Масад сураси) оятларини нозил қилганидан сўнг Умми Гулсум ва Руқайя исмли қизлари Абу Лаҳабнинг икки ўғли - Утба ва Утайбалардан талоқ олишларига сабр ва Аллоҳдан ажр умид қилиб рози бўлдилар.
Бирор дақиқа бўлсин, даъватни тўхтатиш ёки орқага чекиниш таклифига кўнмадилар. Қурайш Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳдидлар қилганидан сўнг қизлари талоқ этилди, Бироқ ул зот сабр ва матонат билан Ислом динига чақиришда бардавом бўлдилар.
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз қизларини қандай очиқ юз билан кутиб олганлари ва гўзал муомалада бўлганларига онамиз Ойша (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилган ушбу ҳадис ҳам яққол намуна бўлади:
«Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида аёллари бор эди. Фотима (розийаллоҳу анҳо) кириб келдилар. Унинг юриши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юришларидан хеч фарқ қилмас эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўришлари биланоққаршиладилар ва: «Қизим, хуш келдингиз!» - дедилар, сўнгра ўнг тарафларига ўтқаздилар... (Имом Муслим ривояти).
Қизларига бўлган меҳру муҳаббати туфайли уларни зиёрат қилар, аҳволларини сўроқлар ва муаммоларини ҳал этар эдилар.
Фотима (розийаллоҳу анҳо) бир куни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тегирмон ишлатиш оқибатида қўллари қаварганини шикоят қилиб, хизматкор беришини сўрамоқчи бўлиб келдилар. Бироқ Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) топмадилар. Шунда шикоятларини Ойшага (розийаллоҳу анҳо) айтдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келганларида Ойша (розийаллоҳу анҳо) хабарни етказдилар.
...Али (розийаллоҳу анҳу) дедилар:
«Ётмоқчи бўлиб жойимизга кириб турган пайтимизда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) изн сўраб кириб келдилар. Биз ўрнимиздан турмоқчи бўлгандик: «Жойингиздан қимирламанглар!» - дедилар-да, ўртамизга келиб ўтирдилар. Мен кўкрагимда у зот оёқларининг совуқлигини ҳис этдим. Сўнгра дедилар: «Мен сизларни сўраган нарсангиздан кўра яхшироқ нарсага йўллаб қўймайми? Агар кўрпангизга ўрансангиз ёки ўрнингизга ётсангиз, ўттиз тўрт марта такбир “Аллоҳ акбар”, ўттиз уч марта тасбеҳ “Субҳоналлоҳ” ва ўттиз уч марта ҳамда “Алҳамдулиллаҳ” айтингиз! Мана шу сизларга хизматкордан кўра яхшироқдир» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабру чидамларида ва мотам тутмасликпарида биз учун чиройли намуна бордир. Ҳаётлик даврларида Фотимадан (розийаллоҳу анҳо) бошқа барча ўғил-қизлари вафот этдилар. Шундай бўлса-да, ҳеч бири учун мотам тутиб, қўллари билан юзларига урмадилар, кийимларини йиртмадилар, таъзиячилар учун ўрин ҳозирлаб, зиёфатлар қилмадилар. Балки, Аллоҳнинг қазосига рози, сабрли ва савобдан умидвор бўлдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маҳзунларнинг ғам-қайғусини кетказувчи ва мусибатланган одамга тасалли берувчи катта васият ва улуғ ҳадисларни қолдириб кетдилар.
Улардан бири Умми Салама онамиз ривоят қилган ҳадисдир:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) дедилар: “Қайси бир мусулмонга бирон мусибат етганда Аллоҳ буюрганидек:
«Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожиувн Аллоҳумма-ъжурний фий мусибат, ва ахлиф лий хойрон минҳа» (Биз Аллоҳникимиз ва албатта Аллоҳга қайтувчимиз. Аллоҳим, бошимга тушган мусибат учун менга ажру савоблар ато эт ва менга бу мусибатим бадалига ундан кўра яхшироқ нарсани бер) деган сўзларни айтса, Аллоҳ таоло ундан хайрлироқ нарсани бадал қилади.

Раҳматуллоҳ қорининг “Пайғамбар хонадони” китобидан

Ҳозир сайтимизда 103 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ