Сайт бўлимлари
Ҳаловат кўчаси. Тоҳир Малик
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 16 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Дунёдаги одамларнинг бармоқ излари сира бир-бирига ўхшамайди. Тақдирлар, бахту ташвишлар ҳам шундай. Одатда дуо қилинса ёки тилак тиланса «Бахтли бўлинг», дейилади. Бировга ҳеч қачон ташвиш умид қилинмайди. Чунки у чақириққа мухтож эмас. Бахтга соя ташлаб илашиб юрувчи ташвиш истаган пайтда, истаган хонадон эшигига ўзига хос кўринишда бош суқаверади. Инсон умри давомида кўпроқ бахтидан маст бўладими ё ташвиш уммонида сузадими? Бу саволга бир хилда жавоб бермоққа, назаримда, ҳеч кимнинг тиши ўтмаса керак. Аммо бахтлар ва ташвишларнинг бармоқ излари каби турлича бўлиши аниқ.
Дунёда кўчалар кўп, оилалар унданда кўпроқ. Биз кичкинагина кўчага бир назар ташлашни ният қилдик. Бунда ҳар бир оила ўз қувончидан фақат ўзи масрур бўлмайди. Биринчи галда қўни-қўшнилар билан баҳам кўрмаса, бахти татимайди. Қайғу юкини ҳам бир ўзи кўтармайди. Кўнгил дардига энг аввал қўшни малҳам қўяди.
Бу кўчанинг номи ҳам қизиқ: бировлар “берккўча” дейди, “халтакўча”, “туваккўча”, “гумбазкўча” дейдиганлар ҳам бор. Кўча адоғида яшовчи Тўлан оқсоқол осойишталикни назарда тутибми, “Ҳаловат кўчаси” деб атаган. Кўпчиликка шу ном маъқул. Қўшниларнинг ҳар бири бир дунё. Лекин буларни боғлаб турадиган бир робита бор – уни меҳр-оқибат дейдилар. Сиз кўп юртларни кезгансиз, аммо бундай кўчани, бундай қўшниларни, бундай меҳр-оқибатни кўрмагандирсиз-а? Тўғри, ҳар бир юртда турли туман кўчалар кўп, уйлар кўп, унда ҳам ҳеч ким ёлғиз яшамайди, атрофида қўни-қўшнилари бор. Ўзларига яраша меҳр-оқибат ҳам бордир... Лекин бизники бошқача... Шунданмикин, дейман, бизнинг кўчаларимиз осмонида саодат қуёши чарақлаб туради.
Кўча муюлишида жойлашган Ризаевнинг хонадони бир неча кундан бери беҳаловат. Бу оиланинг ёлғиз ўғли туфайли қўни-қўшниларнинг ҳам осойишталиклари бузилган. Шукрки, беҳаловатлик кўп давом этмади, ўсмирлик шўхлиги фожиа билан тугамади.
Оқ байроқ
Улар купега кириб, пастдаги ўриндиққа ўтиришди. Тўрт кишилик жойда гурунглашаётган икки қария озғин, новча болани бошлаб кирган милиция сержантига кўп ҳам эътибор бермай, гапларини давом эттиришди. Сержант - қалдирғоч мўйловли қозоқ йигит - чолларнинг гапларига қулоқ тутиб, кулимсираб қўйди. Гарчи у суҳбатни тинглаётгандек кўринса ҳам, бутун диққати рўпарасидаги болада эди - уйидан қочиб, санқиб юрган бу бевош яна жуфтакни уриб қолмасин,деб хавотирланарди. Чоллардан бири уларни чойга таклиф қилди. Сержант болага қаради. Бола рад этиб бош чайқагач, ўзи чолларнинг ёнига ўтиб ўтирди. Чой ичаётиб ҳам ораста кийинган, камгап ҳамроҳидан нигоҳини узмади. Бола буни сезиб, ғижинди. Уйқуси келгандек кўзларини юмди. Сержант чойини ичиб бўлгач, юқоридаги жойга ўрин тўшаб берди. Бола раҳмат айтди-да, чиқиб ётди. Сержант яна қариялар гурунгига қўшилди. Бола қозоқчага яхши тушунмаса ҳам, ўзи ҳақида сўз очилганини фаҳмлади. Сержант гапни чўзмади. Чолларни уйқу элтиб, ўринларини тўшаб ётишди.
Вагоннинг бир маромда тебраниши болани аллалиб, ухлатди. Ғалати туш ҳам кўрди. Қараса, поезд бекатда тўхтамай ўтиб кетаётганмиш. Дадаси қўлидаги оқ байроқни ҳилпиратганича: «Шуҳратжон, ўғлим, шартларингга розимиз, туш, туша қол!» деб бўзлаётганмиш. Ўтирган жойида хуррак отаётган сержант унинг поезддан сакраганини сезмай қолганмиш. Дадаси, аяси, қўшнилари етиб келишиб, уни кўтариб олишганмиш. Шаҳарнинг ҳамма ерига оқ байроқлар илиб ташланганмиш...
Сержант уни аста туртиб уйғотди. Тонг отиб қолган эди. Шуҳрат сержантнинг қизарган кўзларини кўриб, тун бўйи мижжа қоқмай пойлоқчилик қилганини англади. Поезд секинлагани сайин, вужудидаги умид билан қўрқинч аста аланга ола бошлади. Пастга тушгач, умидвор нигоҳи сарсари кезиб, дадасини, аясини излади: улар йўқ эди. Бола бирдан бўшашиб, кўзларини ерга қадади, гўё сержант: «Ота-онанг йўқми, нимага ҳеч ким кутиб олмади, хабар берган эдик-ку?» деяётгандек, ундан уялди.
Бекатда Шуҳратни ота-онаси эмас, милиция капитани кутиб турган экан. Сержант болани унга топширдию қоғозларини расмийлаштириб, изига қайтди. Шуҳрат раҳмат дейишни ҳам, уни уйга таклиф этишни ҳам билолмай, изза чекиб қолаверди.
-Даданг билан гаплашдим, идорага келади,-деди капитан машинага ўтираётиб.-Жуда расмий муомала қилар экан даданг. Каттароқ идорада ишлайди шекилли, а?
-Йўқ.
-Гапларидан олимга ҳам ўхшатдим.
-Инженерлар. Заводда ишлайдилар.
-Қизиқ...-Капитан шундай деб елка қисиб қўйди.
«Нимаси қизиқ экан?-деб ўйлади Шуҳрат.-Инженер одамнинг гаплари бетайин бўлиши керакми? Кўпчилик: «Даданг қизиқ одам», дейди. Маҳалладагилар ҳам дадамга унча рўйхуш беришмайди. Одамлар бир-бирларини ёмон кўришса ҳам, қўлларини кўксиларига қўйиб, жилмайиб гаплашаверадилар. Дадам унақа эмаслар. Одатларига аямгина бефарқ қарайдилар. Бувим: «Одамларга осмондан туриб муомала қилма», деб тергардилар. Дадам сира гердаймайдилар, фақат расмий гапиришга ўрганиб қолганлар. Аямнинг айтишларича, илгарилари бундай эмас эканлар. Кейин атай шунга ўрганибдилар. Ҳеч кимга ёқмайдиган одатларни нима учун ҳавас қилдилар экан, ҳайронман... Бошқа одамлардай юраверсалар-ку... Ё мен ҳам улғайганимда шунақа бўлиб қолармикинман?!»
Манзилга етгунларича капитан бошқа гапирмади. Шуҳрат ҳам ўз хаёллари билан банд бўлиб, унга қарамади. Машина катта кўча юзидаги уч қаватли бино олдида тўхтади. Шуҳрат капитанга эргашиб, иккинчи қаватга кўтарилди. Деразаси ҳовлига қараган хонага киришлари билан диванда оёқларини чалиштириб ўтирган аёл ўрнидан турди.
-Сизни бир соатдан бери кутяпман,-деди у қошларини чимириб.
-Муҳим топшириқ билан кетган эдим, ўйнаб юрганим йўқ,- капитан шундай деб Шуҳратга қараб олди. Аёл унинг нима демоқчи эканини фаҳмламай, баланддан келди:
-Сиздан бошқа одамларда ҳам муҳим топшириқ бўлиши мумкин!
-Шуҳрат, анави хонада ўтириб тур,- дея капитан чап томондаги эшикни очди.
Шуҳрат катта стол қўйилган шинамроқ хонага кириб, бир оз гангиб турди, сўнг ярим очиқ қолган эшик ёнидаги стулга омонатгина ўтирди. Нариги хонада телефон жиринглади. Капитаннинг овози эшитилди:
-Ҳа, ўртоқ Ризаев, келаверинг.
«Дадам...-деб ўйлади Шуҳрат.- Келмаган бўлса, бориб бекор овора бўлмай, деб қўнғироқ қилдилар. Капитаннинг жаҳли чиқди шекилли, қўрсроқ гапирди. Боя «дадам катта идоранингг бошлиғи», деганимда бунақа дағалллик қилмасмиди... дадамнинг одатларини ҳамма ҳам тушунавермайди. Ўзим-чи? Мен тушунаман. Унда нимага уйдан қочдим? Э, бунинг сабаби бошқа!..»
Қўшни хонадаги аёл бирдан овозини баландлатиб, Шуҳратнинг хаёлини бўлди:
-Кўриб олганингиз - менинг болам! Сартарошхонанинг деразасини синдиришганда ҳам Холиқов айбдор эди!
-Ахир ўғлингиз айбини бўйнига олди-ку?-деди капитан ҳам овозини кўтариб.
-Чунки менинг ўғлим яхши тарбия кўрган, ўртоқларини сотмайди. Ҳамма ғалвани Зоировингиз бошлайди. Олдинги сафар сартарош: «Отанг айтган», деб сочини тап-тақир олиб ташлагани учун деразасини синдириб, менинг ўғлим бечорани рўпара қилган эди.
-Деразани ўғлингиз синдирган.
-Хўп, ўғлимни бу ишга ким бошлаган?
-Иккови қалин ўртоқ экан...
-Йўқ! Энди ўртоқ бўлмайди! Қани, остона ҳатлаб кўрсин-чи!
Шуҳрат остона ҳатлаб кўчага чиқиш, ўзи ёқтирган бола билан дўст бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилган болага ачинди. Бу хотин айтганини албатта қилади - ўғлини жиловлаб олади. Ҳа... катталар чизган чизиқдан чиқишнинг оқибати мана шу! Бу болани-ку, масаласи ҳал, Шуҳратники-чи? Уни қандай жазо кутаётган экан?
-Ҳадеб ўғлингизнинг ёнини олавермай, нималарни орзу қилишига ҳам қизиқиб қўйинг. Манг, ўқинг,-деди капитан.
-Нима бу?-деди аёл ажабланиб.
-Ўғлингизнинг тушунтириш хати. Ҳали ёзиб берди. Ўқинг, ўқийверинг.
Аёл қоғозни жаҳл билан юлқиб олиб, овоз чиқариб ўқий бошлади. Шуҳрат нафасини ютиб, қулоқ тутди. “Менким, Фазлиддин ибн Фатхиддин мелодий сананинг минг уч юзу ўттизинчи йил саккизинчи апрелида шаҳри Тошканнинг Шайҳонтоҳур туманида номи тилларда достон тужжор Фатхиддин ибн Жалолиддин оиласида таваллуд топғонмен. Бу онда Шаҳрисабз яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғинда Муҳаммад Тарағай оиласинда ҳам бир гўдак туғилиб, ани тарих Амир Темур деб танигандир. Юлдузлар қирон қилган маҳали бир санада туғилганим боис, мен ҳам соҳибқирондирман. Яъни каминаи камтаринни Соҳибқирони Фазлиддин демоқ жоиздир. Соҳибқирон амир Темурдан фарқимиз шулким, сартарошхона деразасин синдиргонимдан ўзга қаҳрамонликлар каминага насиб этмагондир. Лицейдаги ўқишим хусусинда эрса, тарихчилар ҳали шараф саҳифаларини битмамишлар. Тарих фанидан уч баҳога ўқиётганим бундан истиснодир...” Аёл жимиб қолди. Кейин қоғозни ғижимлаб, овозини баландлатди:- Бу қанақа бемаънилик!
-Унчалик бемаънилик эмас,-деди капитан хотиржам равишда.- Болангизнинг тасаввури кенг экан, эҳтимол ёзувчи бўлар. Ҳарҳолда хатда битта тўғри жой бор. Ўғлингиз туғилган кунини саккизинчи апрель, деб тўғри ёзган шекилли?
-Ҳа, тўғри! Лекин у икки дунёда ҳам ёзувчи бўлмайди. Мен унга ёзувчи бўлиш қанақалигини кўрсатиб қўяман!
Аёл яна нималардир деб минғирлай-минғирлай чиқиб кетди. Шуҳрат капитаннинг чақиришини кутиб ўтирганда эшак очилиб кимдир кириб келди. Капитаннинг «Келинг, ўртоқ Ризаев, марҳамат ўтиринг», деган товушини эшитиб, Шуҳрат беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Оёғидаги қалтироқ кучайди. Очиқ турган деразадан ўзини ташлаб, қочиб қолгиси келди. Лекин истак йўлида бир қадам ташлашга ҳам улгурмади. Капитан Шуҳрат ўтирган хонанинг эшигини очиб:
-Қани қочоқ, буёққа чиқ-чи...-деди, кейин диванда қаддини букмай ўтирган Ризаевга юзланди:-«Саёҳатчи» ўғлингиз ўз ихтиёрлари билан ярим йўлдаёқ изларига қайтдилар. Сафарларини энди катта бўлганларида давом эттирадилар-да, а?
Ризаев билан телефонда гаплашганида капитан уни асабий, қўрс одам деб ўйлаган, ўғлини кўра солиб дўқ-пўписа бошламасин, деб гапни ҳазилга бурган эди. Аммо Ризаев ҳазилга мутлақо эътибор бермади. Тусини ўзгартирмаган ҳолда ўрнидан турди.
-Миннатдорман сизлардан,-деб бошини киборларча эгиб.- Безовта қилганим... қилганимиз учун афв этасиз.
Ризаевнинг бу қилиғидан ғаши келганини капитан яширишга ҳаракат ҳам қилмади. Столига яқинлашди-да, бир варақ қоғозни у томонга суриб:
-Манави ерига қўл қўйинг,-деди. Ризаев имзо чекиб бўлгач:- Энди буёғига эҳтиёт бўлинг,- деб қўшиб қўйди.
Ризаев яна бош эгиб таъзим қилгач, эшик томон юрди. Ўғлига «кетдикми, болам», дейишни лозим топмади. Шуҳрат капитанга қаради-ю, дарров кўзларини олиб қочди. У отасининг киборона «маданий» ҳатти-ҳаракатидан уялиб кетган эди.
Ризаев кўчага чиқиб ҳам орқасига қарамади. Ўғлининг изидан келаётганига аниқ ишониб, қадамини тезлатди. Сал ўтмай юраги тошдими, беихтиёр орқасига ўгирилди: икки қадам орқада бошини эгиб одимлаётган ўғлини кўриб, кўнгли жойига тушди.
Шуҳрат отасининг муддаосини тушунди: «Атай қиляптилар. Ҳамма гап уйда бошланади». Шуҳрат йўлиқиши мумкин бўлган жазо турларини ўзича чамалади: «Аям бир-икки шапати уриб, чимчиласалар керак. Кейин йиғини бошлайдилар - бу турган гап. Дадам урмайдилар. Одатларидек креслода оёқларини чалиштириб ўтириб оладилар. Мен икки қадам нарида тик тураман. Ярим соатча тергайдилар, кейин панд-насиҳат деган юракни сиқувчи жараён бошланади. Сабр билан эшитавераман... Э, бундан кўра хипчин олиб савалаганлари минг марта яхши!»
Шуҳрат кўчаларига бурилиши билан уйларининг пештоқига назар ташлади. Йўқ, унинг шартини бажаришмабди, оқ байроқ илишмабди... «Дадамдан ўтиб тушадиган ўжар одам бўлмаса керак. Ўзлари-ку, бувимнинг гапларига кирмасдилар. Бувим: «Одамлар билан тўғри муомала қил», деб миллион марта айтсалар ҳам, ўз билганларидан қолмадилар. Мен бўлсам, ҳар битта гапларига сўзсиз амал қилишим керак...»
У беш кун илгари - ўн учга тўлган куни оқшомда уйдан қочиб кетган эди. Қандай туриш, қандай юриш, овқатни қандай ейишгача тергашлари, ўртоқлари олдида ҳам танбеҳ бераверишлари айниқса ўша куни суяк-суягидан ўтиб кетди. Меҳмонларни кузатдию ўзи ҳам жўнаворди. Хавотир олишмасин, деб бир варақ қоғозга кетиш сабабларини ёзди, талабларини ҳам баён этди. Хатнинг охирида: «Шартларимни бажаришга рози бўлсангиз, уй пештоқига оқ байроқ осиб қўйинг, шунда қайтаман», деб илова қилди. Икки кунгача ўртоқлариникида ётиб, кечалари кўчасидан ўтиб турди. Оқ байроқ кўринавермагач, дуч келган поездга чиқди. Қайси бир бекатда сафари, яна аниқроқ айтилса - исёни ниҳоясига етди...
Шуҳрат поездда кўрган тушини эслаб, энтикди. Оқ байроқ илинмабди. Демак, бундан буёнги ҳар бир қадами аввалгидай ўлчанаверилади. Ўзича бирон иш қилолмайди. Вақтида мактабга боради, вақтида қайтиб, вақтида овқатланади. Маълум пайтда китоб ўқиши, маълум пайтда дарс тайёрлаши керак. Отаси белгалаб қўйган вақтдагина кўчага чиқиб ўйнаши мумкин... Сартарошдан ўч олиш учун дераза синдиришга ҳеч қачон журъат қилолмайди. Яна у ўғилбола эмиш... Шуҳрат капитанга қаттиқ- қаттиқ гапирган аёлнинг ўғлини эслаб, унга ҳаваси келди. «Йўқ, у бола онасидан қўрқиб, уйида қамалиб ўтирмайди. Ўртоқлари билан эркин юраверади. Мен-чи?..»
Шуҳрат бўшашиб, юргиси келмай қолди, қадамини секинлатди. Олдинроқда бораётган ота ўғлидаги бу ўзгаришни пайқади. Сиртдан қараганда гўё Шуҳратга гўё эътибор бермай келаётган бўлса ҳам,аслида бутун ўй-хаёли унда эди. Усти бут, қорни тўқ боланинг нима сабабдан уйдан қочганига тушунолмай гаранг эди. Талтайтириб юборганмиз, деса, ҳеч эркалатмасди. Қаттиққўлликни ошириб юбордикмикан, деса, бировларга ўхшаб сўкмасди, камар билан саваламасди. Тарбияни педагогиканинг барча қонун-қоидалари асосида олиб борарди. Педагокикага доир китобларни топиб ўқирди, телевизордаги шу соҳага оид кўрсатувларни канда қилмай кўрарди. Ишхонасида ҳам кўпроқ шу мавзуда бахслашарди. Чунки у бутун умрини ўғлининг тарбиясига бағишлаб, фарзандининг юксак заковат эгаси бўлиб, шуҳрат топиши учун бор имкониятларни яратарди. Кейинги йилларда эса бу орзусининг ушалишига ишонч билан қараётган эди. Туппа-тузук юрган бола кутилмаганда қ а н д а й д и р эркинликни талаб қилибди. Ризаев эркинликни мутлақо рад этмоқчи эмас. У ўғлининг сиқилиб кетаётганини сезиб баъзан ўзи ҳам эзиларди. Аммо, эркинлик деган нарса боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлагани учун тизгинни ҳеч бўшаштирмасди. «Уни бўш қўйсам, эртага бошқа нарсаларни ҳам талаб қила бошлайди. «Ўқимайман», дейди, оддий ишчи бўлишни орзу қилади. Кейин ақли тўлишганида эса: «Дада, фалончи ўртоғим диссертация ёқлабди. Ахир мен ундан зеҳнлироқ эдим-ку? Сиз мени ўқишга нима учун мажбур қилмагансиз?» демайдими? Бир кунмас - бир кун албатта айтади, ўпкаланади. Йўқ, у ҳали ҳаёт нима эканини билмайди. Демак, «эркинлик» ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас!»
Эр-хотин шу тўхтамга келиб, пештоққа оқ байроқ илишмаган эди. Қолаверса, уни кўрган маҳалла-кўй нима дейди?
Уларнинг уйи боши берк кўчанинг бурчагида эди. Иморатлари кунга қараб солингани учун дарвоза катта кўча томондан очилган, унинг олдидан ўтувчи ариқ уй тирсагида берккўча томон буриларди. Сув ёқасига экилган қатор олчаларнинг барглари иссиқдан сарғайиб қолган, вақтида терилмаган мевалари қоқига айланиб тўкила бошлаган эди.
Аяси ҳовлида ивирсиб юрган экан. Ҳали қирққа етмаган, хушрўй бу жувон ўғлини кўрди-ю, қўлидаги супургисини ташлаб, қучоқ очиб югурди. Лекин эрига кўзи тушиши билан қадамини секинлатди, лабини аста тишлади. «Ҳа, келдингми?» деб ўғлининг пешонасидан ўпиб қўйди-да, тескари қаради. Шуҳрат онасидаги бу ўзгариш боисини дарҳол сезди: «Демак, ҳаммаси аввалдан келишиб олинган».
-Манзура, овқатинг тайёрми?- деб сўради дадаси, соатига қараб олиб.
-Ҳа,ҳа. ўтиринглар, ҳозир сузаман.
Шуҳрат ҳайратланди: тушими ё ўнгими? Худди ҳеч нарса юз бермагандай муомала қилишяпти. Гўё у беш кун бедарак кетмаган, гўё уларнинг ўзлари ташвишланишмаган, гўё излашмаган... Шуҳрат уйни бутунлай тарк этмоқчи эмасди. Ота-онасини бир оз қўрқитмоқчи, баҳонада қадрини ошириб, жиндак бўлса ҳам эркинликка эришмоқчи эди, холос. Йўқ, нияти амалга ошмабди.
Шуҳратнинг иштаҳаси бўғилган эди. Лекин отасининг ёнига ўтиришдан ўзга чораси ҳам йўқ эди.
Бир-бирларига сўз қотмай овқатланишди. Дастурхон йиғилгач, дадаси яна соатига қаради:
-Мен ишга ўтиб келаман. Сен соат тўртгача ухлашинг мумкин. Кейин қимирламай ўтириб, ажратиб қўйган китобларни ўқийсан.
-Вой дадаси, қўйинг, бугунча дам олсин, ҳозир таътилда-ку?
-Шунча дам олгани етар. Таътилга арзирли иш қилгани йўқ...
Отаси чиқиб кетди. Унинг буйруғига монелик қила олмайдиган аяси ўғлига қарай-қарай этакдаги айвон томон юрди.
Шуҳрат хонасига кирди. Ёзув столида Рожерснинг «Физика ихлосмандлари учун» деган китоби ётарди. Отаси қўйган. Столнинг чап томонида, тўртбурчак соат ёнида бир варақ қоғоз. Шуҳратнинг «исённомаси» битилган бу қоғозни ҳатто қўлга олишмаганга ҳам ўхшайди...Йўқ, олиб ўқишган. Шуҳрат қоғозни соатнинг тагига бостириб қўйган эди. Ўқишгану шунчаки бир гапдай эътибор қилишмаган.
Отасини кўргунига қадар у ўзини маълум даражада ғолиб ҳис қилаётган эди. «Бир оз койиб-уришиб, кейин кечиришади», деб ўйларди. Отасининг хотиржам, йўқ, совуқ авзойини кўрибоқ, айбни беихтиёр бўйнига олди. Умиди онасидан эди. У ҳам...
«Роса ташвишланганлари кўриниб турибди. Лекин сир бой бергилари келмаяпти. Нима кераги бор экан бунақа беркинмачоқнинг?..»
Шуҳрат диванга чўкди. Хонага кўз югуртирди. Китоб жавонларига гард қўнмаган. Демак, онаси ҳар куни артиб-тозалаб турган. Балки шу ерда ўтириб йиғлагандир. Хатни қайта-қайта ўқиб куйиб-ёнгандир. Кейин остонада турганича педагогикадан ваъз бошлаган дадаси билан жанжаллашиб ҳам олгандир. Беш кун ташвишу таҳликада қолишгани аниқ. Кеча топилгани ҳақида хабар олишгач, унга қандай тарзда муомала қилишни ўзаро роса пишитишган. Шуҳрат боя овқат маҳали «Индашмаса яна яхши», деб ўйлаган эди. Ҳозир эса: «Мен кутган жазо шу эмасмикан?» деган фикрдан юраги сиқилиб кетди. Ахир, бу ҳар қандай калтакдан ёки бир соат эзилиб насиҳат эшитишдан ҳам оғир-ку!
У китобни қўлига олиб варақлади. «Ўн бетини бугун ўқиб, ўзлаштиришим керак. Эртага яна ўн бет... Худди заводдаги ишларидай режалаштириб қўядилар. Шу режа асосида яшаб мен охири буюк физик бўлишим керак. «Ўғлим юксак интеллектуаллиги билан ҳаммани лол қолдириши лозим», дейдилар. Лол қолдиргим келмаса-чи? Бошқалар қатори оддий одам бўлсам-чи? Нима учун ўзлари эплолмаган ишга мени мажбур қилишади? Ўқитувчимиз: «Аълочи ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам яхши олим бўлавермайди», деб тўғри айтади. Лекин, дадам... Сартарошхона деразасини синдирган бола ҳам уйга қамалиб ўтириб китоб ўқирмикин? Ўқимаса керак... Бир кунмас- бир кун мен эмас, ўша бола буюк олим бўлиб кетса, дадам нима деркинлар?..»
Шуҳрат китобни стол устига ташлади-да, бувисидан ёдгор қолган лўлаболишга бош қўйиб, чалқанча тушиб ётди. Шифтдаги нозик нақшларга тикилди. Толиқди. Кўзларини юмди. Поездлардаги одамлар кўринди: пивохўрлик қилиб тинмай алжиётган икки йигит: бўғчасини тиззасига қўйиб ҳаммага, ҳатто Шуҳратга ҳам ҳадик билан қараётган жувон: қўшни бўлмада қарта ўйнаётган йигит-қизлар... кейин бекат... Нимага ҳам поезддан тушди? Пивохўрлардан бездими? Бошқа вагонга ўтса ҳам бўларди-ку? Тан олиши керак: уйига қайтгиси келган эди...
Шу зайлда кўзлари илинибди. Ҳовлидаги ғўнғир-ғўнғирлардан уйғониб кетди. Қараса - соат беш ярим. Дадаси белгилаган тартиб бузилибди. Аяси кирган бўлса ҳам уни уйғотмай чиқиб кетаверган. Уйқусини бузгиси келмаган. Яхши ҳамки аяси бор...
У ўрнидан туриб. Дераза олдига борди: берккўчанинг адоғида турадиган Маъсума буви. Бошида оқ рўмол, кун иссиқ бўлишига қарамай, эгнига этаги ҳам, енги ҳам узун одми куйлак кийиб олган. Урушса ҳам сизлаб, мулойим гапирадиган бу кампирни Шуҳрат жуда яхши кўради. Аяси Маъсума бувини сўрига чиқиб ўтиришга таклиф қиляпти, кампир бош чайқаб кўнмаяпти. Икковлари Шуҳратнинг хонаси томон қараб-қараб қўйишади. Афтидан, Маъсума буви Шуҳратнинг «топилгани»ни эшитиб, кўргани кирган. Думалоқ стол устидаги пушти рўмолга тугилган олмани ҳам Маъсума буви олиб чиққан. Одати шунақа: доим бировларга «насиба» деб илиниб юради. «Аям қарисалар, Маъсума бувига ўхшаган мулойим кампир бўладилар». Хаёлига келган бу фикр Шуҳратнинг ўзига ҳам маъқул тушиб, жилмайди.
Шуҳрат деразанинг бир қанотини қиялатиб очди. Энди уларнинг гапларини яхшироқ эшитила бошлади:
-Умри узоқ бўлсин, ишқилиб, бағрингиз тўлиб қолди, қизим. Бола деган мана шунақа куйдириб-куйдириб улғаяди,- деди буви енги билан елпиниб.
-Беш кун нақ чўғ устида юргандай бўлдим-а,- аяси шундай деб дераза томон хавотирли назар ташлади.
-Эсон-омон экан, шукр қилинг. Энди болани қийин-қистовга олаверманглар, кўнгли чўкмасин. Ҳали ҳавас қилгулик бир ажойиб йигит бўлиб етишсин-ки... ҳадемай бу хонадонингизга келин келиб, ҳамма ёқ чароғон бўлиб кетади. Тойчоғингиз ухлаётган бўлса, кейинроқ чиқиб кўрарман.
Маъсума буви чиқиб кетмоқчи эди, аяси унамади, қўярда-қўймай сўрига бошлади. Шуҳрат чиқиб буви билан кўришмоқчи бўлди-ю, уялиб, журъат қилолмади. Қайтиб диванга ўтирди.
Кўп ўтмай отаси келди. Салдан кейин ўртанча тоғасининг овози эшитилди:
-Суюниб қолдингизми, опа!
Шуҳрат яна туриб дераза ёнига яқинлашди. Тоғаси бошидаги шляпасини ечиб, марғилоннусҳа дўпписини кийиб олди. Сўрига чиқмай, думалоқ стол атрофидаги стуллардан бирига ўтирди. Шуҳрат унинг: «Шайтончангиз қани?»- деб сўраганини эшитди. Аяси: «Ичкарида ётибди».- деди шекилли, ўрнидан туриб уй томон юрди, лекин отаси нимадир деб тўнғиллагач, изига қайтди. Шуҳрат учун бу айни муддао эди. Агар кирганида борми, «ўқитавериб» жигарини қон қилиб юборарди. Ўзи гавдали бўлса ҳам, овози ингичкароқ бу тоғасини, серқатновроқ бўлгани учунми, Шуҳрат унча ёқтирмасди. Тоғасининг савлатини кўрган одам ундан ҳайиқар, бир-икки оғиз гапини эшитгач эса, ҳафсаласи пир бўларди.
-Бугун омадли кун экан,- тоғаси шундай деб дастурхон устидаги чойнакдан чой қуйиб ичди.-Анов куни ошналарга “Матис”га ёзилиб қўйдим, десам, олганга яраша “Нексия”, ол, дейишувди. Бугун автосалонга борувдим, бахтимга синфдош ошнангиз ўша ерда экан. Сизнинг номингиздан салом айтиб, илтимос қилувдим, бир пасда тўғрилаб берди.
-Мен салом демагандим шекилли?-деди дадаси норозилигини яширмай.
-Энди йўли шунақа бўлади-да, почча. Бир ойдан кейин оқ “Нексия”ни ғириллатиб юрадиган бўлдим. Суюнчисига опам икковингизни Самарқандга олиб бориб, айлантириб келарман.
-Суюнчисига аммангизнинг тўйига қарашиб юборинг, мебел олишга қўллари калталик қилаётган эмиш, эшитмадингизми? Самарқандга боргимиз келса, поездда ҳам кетаверамиз.
-Тўй ўз йўлига. Зиёратнинг савоби бор. Почча, Шуҳрат бекор юрмасин, автосалондаги ўша ошнангизнинг қанотига тиқиб қўйинг, иш ўргансин.
-У ўрганадиган бошқа зарурроқ нарсалар бор.
Аяси столга дастурхон ёзиб, мева-чева қўйди. Шуҳрат деразани астагина ёпди. Отаси тоғасига яна ниманидир уқдира бошлади. Кейин отаси қолиб, тоғаси гапга тушди. Асабийлашгандек тез-тез қўлини пахса қилади, Шуҳратнинг хонаси томон қараб-қараб қўяди. Демак, уларнинг баҳси яна «ўша мавзуда» - бола тарбияси ҳақида «Дадам менинг шуҳрат топишимни истайдилар. Тоғам, олим бўлган тақдиримда, нималарга эришишим мумкинлигини ҳисоблаб берганлар. Аслида икковларининг мақсадлари бир. Унда нимани талашишяпти? Ҳа-а, олимликка олиб борадиган йўлни белгилай олишмаяпти. Мен улар танлаган йўлдан эмас, сартарошхона деразасини синдирган, ўртоғи учун ўч олган боланинг йўлидан борсам-чи? Ў... уйда нақ қиёмат бошланарди...»
Баҳс қизиган маҳал ҳовлида Акбар домла кўринди. Чап ёноғидан иягига қадар чандиқ тушган бу дароз киши Шуҳратларнинг девор-дармиён қўшниси. Муаллим бўлгани учун ҳамма уни «домла» деб атайди. У ҳам Шуҳратни йўқлаб кирганга ўхшайди. Ана, отаси билан саломлашиб, нимадир деди. Отаси қаддини букмай, бош ирғаб қўйди. Акбар домла стулга ўтириб, узатилган чойни олди. Шуҳрат деразани яна қиялатиб очиб, қулоқ тутди.
-Шуҳратжоннинг қайтганини эшитиб жуда суюндим. Кўпам куюнаверманглар. Буни “ўтиш ёши” дейишади. Овози раста бўлганда боланинг шунақа қайсарлиги тутиб туради.
-Домлажон, кирганингиз яхши бўлди. Бугун ўзим сизга учрамоқчи эдим. Маориф вазирлигидан жавоб хати олдим. Улар таклифимни тажрибали мутахассислар билан ўрганиб чиқиб, мактаб ҳаётига тўғри келмайди, деб хулоса чиқаришибди.
-Шундай бўлишини айтсам, ишонмовдингиз.
-Ўша мутахассислар кимлигини билиб турибман. Ҳафа бўлманг-у, тўртта мактаб ўқитувчисига маслаҳат солишган. Бу ўқитувчиларингиз алмисоқдан қолган программага маҳкам ёпишиб олишган. Бешинчи синфда нисбият назариясини ўтиш шартмас деганда, болаларнинг зеҳнини ҳисобга олишмаган. Бу назарияни ўзлари билишмайди, шунинг учун ҳам дарс режасига киритишга қаршилик билдиришади. Бешинчи синфда нисбият назариясини ўтиш мумкинмас, олтинчи синфда эҳтимоллик назарияси оғирлик қилади, шунақами?
-Ҳалилжон, “оддийдан – мураккабга” деган гапни биласиз-ку? Дўппидек чуқурча кавлаб бир челак сувни бирдан ағдарсангиз, тўлиб, тошиб кетади. Агар оз-оздан қуйсангиз ҳаммаси сингади. Билим ҳам шунақа. Олий математикани ўрганишнинг ўз вақти бўлади.
-Домлажон, сиз эллик йил аввалги дунёқараш билан фикрлаяпсиз. Ҳозир йигирма биринчи аср, компьютер асри! Боғча боласи компьютерда ишлашни билади. Буни ҳисобга оламизми ё йўқми?
-Почча, жиғибийрон бўлаверманг. Домла тўғри айтяптилар. Ҳамма олим бўлиб кетаверса, подани ким боқади? Математика дарсида бола санашни ўрганса бўлди-да. Қолганини институтга кирса, эплаб кетаверади.
«Қизиқ,-деб ўйлади Шуҳрат улардан кўз узмай.-Дадам - инженер, тоғам экспедитор. Иккови ўқитувчининг рўпарасига ўтириб олиб тарбия ҳақида ваъз ўқияпти. Акбар домла ҳам индамай эшитяпти. Энсаси қотмаяптимикин? Балки тоғам «Матиз»дан «Нексия”нинг афзаллигини исбот қилишни бошлаб қолар?..»
Аяси Маъсума бувига чой қуйиб узатди-да, кейин уй томон юрди. «Мени чақиргани!..» Шуҳрат шоша-пиша диванга ётиб олди.
Эшик очилди-ю, аммо аяси ичкари кирмади.
-Шуҳрат, чиқиб меҳмонлар билан кўриш. Уйғоқлигингни билиб турибман, турақол.
Шуҳрат ноилож ўрнидан қўзғалди.
Тоғаси унинг қўлини маҳкам қисиб, пўписа қилгандай силтаб қўйди. Мардон индамай қўл чўзди. Акбар домла елкасига қоқиб, кулимсиради. Маъсума буви сўридан тушиб, уни бағрига босди, пешонасидан ўпди.
-Почча, бунингизнинг бурнига сув кирганга ўхшайди, сезилиб турибди. Бу сафар кечира қолайлик. Бундан кейин сал бежо қадам босадиган бўлса, менга қўйиб берасиз. Педагогикангизга тўғри келмаса ҳам бир савалайки...
Бу гапдан кейин отаси Акбар домлага, Акбар домла эса йўғон бўйнидаги терни рўмолчаси билан артаётган «тарбиячи»га қаради:
-Саваласа, бола яхши одам бўлиб етишади, деб ўйлайсиз шекилли?
-Албатта. Болани фақат ва фақат шу йўл билан тарбиялаш мумкин. Нима бўпти, урган билан бола ўлиб қолмайди. Мана, биз ҳам юрибмиз-ку.
-Агар калтак билан иш битадиган бўлса, эшак ҳам одамга айланиб кетармиди...
Тоғаси Акбар домлага жавоб қайтармади. «Кун исиб кетдими, а?»- деб ўрнидан турди-да, айвон томон юрди. Унинг бу қилиғидан ранжиган Акбар домла уйида зарур юмуши борлигини баҳона қилиб, туришга изн сўради. Мардон унга эргашди.
-Сиз билан баҳсимиз ҳали якун топмади. Мен ҳақлигимни барибир исбот қилиб бераман,-деди мезбон уларни кузатиш учун қўзғолиб.
-Маорифга доир масалалар бир кунда юзага чиқмайди, бир кунда ҳал ҳам бўлмайди. Давр талабига қараб муаммолар ўзгариб тураверади. Демак, иккаламизнинг баҳсимиз сўнгсиз давом этаркан. Масаланинг жавобини эса сизу биз қайғураётган авлоднинг ўзи топади.
Акбар домла шундай деб эшикка йўналганида уч уй нарида турувчи Хадича икки ўсмир қизни бошлаб кирди. Хадича ҳовлидагиларга қараб “бемаврид кирдиммикин?” деб хижолат бўлди. Қизлар эса бу хонадонга нима учун кирганларини англамай, салом бериш билан чекланиб, қўлларидаги юкни қўйишни ҳам қўймасликни ҳам билолмай, довдираб туравердилар.
-Хурсандчилик бўлган экан, босиб ўтиб кетолмадим,-деди Хадича жилмайиб.- Манзурахон, эшитиб жудаям қувондим. Шуҳратжон жудаям ақлли бола, ишқилиб кўз тегмасин.
-Боламни Худонинг Ўзи асрасин. Ўзингиз яхши бориб келдингизми?
-Ҳа. Озгина қоғозбозлиги вақтни олди. Лекин иш мен ўйлагандек бўлди. Мана, Нозимахон билан Мавлудахон, энди менинг қизларим. Тиббиёт коллежига ўқишга киришмоқчи. Мактабни аълога тамомлашибди. Худо хоҳласа, кейин тиббиёт академиясига ҳам киришади, Хадича шундай деб энди Акбар домлага қаради.- Устоз, сиздан ҳам дарс олиб туришади-да, а?
-Бемалол, хоҳлаган пайтда чиқаверишсин. Қизим билан опа-сингил бўлиб юраверишади.
Акбар домла шундай деб кўчага йўналди. Шуҳрат Хадича билан кўришгач, яна уйга кириб кетди. Манзура меҳмонларни Маъсума буви ўтирган сўрига бошлади.
Устоз
Кўчага чиқишгач: «Мен дўконга бориб келай», деб Мардон чапга юрди. Ариқда яна мағзава оқаётганини кўриб, Акбар домланинг табиати хира тортди. Илгари шу ариқдан сув ичиларди. Энди мағзава оқизишади. Ичиш у ёқда турсин, қўл теккизишга хазар қиласан. Мағзава қайси хонадондан чиқаётганини билгани учун ҳам, Акбар домланинг таъби баттар тирриқ бўлди. Орқа кўчада яшовчи қассобдан бир у эмас, бутун маҳалла норози. Ҳовлисидан анқиётган бадбўйга чидасалар-да, ариққа ахлат оқизишига тоқат қила олишмайди. Неча юз марта айтилгандир, неча минг марта “хўп-хўп”, деб қуллуқ қилингандир. Лекин аҳвол ўша-ўша. Уч кун аввал қўшни маҳалладаги одамнинг сигири бўкиб, ҳаром ўлиб қолганида бу қассобнинг гўштни арзон-гаровга сотиб олиб, колбасачиларгами ё сомсачиларгами пуллаб келганини билган маҳалла аҳли уни буровга олганда, “ўламан, Саттор, гўштни савоб учун ҳайвонот боғига топшириб келдим”, деб онасининг номини тилга олиб қасам ичгач, аяшди. Лекин даъволарини бир-бир айтишди. Талаблар орасида ариққа ахлат ташламаслик ҳам бор эди. Бу борада ҳам қасам ичганида Акбар домла “Шунинг гапига ишонасизларми? Қадимда бир нодон маҳалла сув ичадиган ҳовузга тупуравераркан. У бетамизга гап таъсир қилмас экан. Маҳалла аҳли ўйлай-ўйлай, “пул тўплаб, шу аҳмоқни Ҳажга юборайлик, зора инсофга кирса”, деб қарор қилишибди. Иймонсиз одам Ҳажга бориб нима қиларди, биринчи қилган иши – замзам булоғига бориб тупурибди. Бу қасамхўрнинг ўша бетамиздан фарқи йўқ”, деганда, “Жуда оширвордингиз, домлажон”, дейишганди. Мана, оқибат!
-Устоз, ассалому алайкум!
Орқадан келган овозни эшитган Акбар домла ўгирилди-да, шошилиб келаётган пакана, семиз одамни кўриб, тўхтади.
-Омонмисиз, домлажон? Бу ерда турибсиз, тинчликми?
-Ҳалилжоннинг ўғли топилибди.
-Э, ҳайрият. Бола-да, болалик қилган.
-Кириб чиқ, аканг ҳам уйда.
-Йўғида кирарман. Мени кўрса, энсаси қотиб, яна бошлайди ивирсиқ гапларини. Кеча чойхонада сал ширакайф бўлиб қолган эканман, кўчада кўриб тоз-за бошни қотирди. Кайфни ҳам ҳаром қилди.
-Ширакайф эмасдинг, менам кўрдим аҳволингни, девор ушлаб келаётувдинг. Сўккан бўлса, тўғри қилибди.
-Қўйинг, шунингизни, умрида бир марта уйига чақириб юзта қуйиб берганда ҳам ҳар қанча гапирса ярашарди. Мен ўзича ичмайман. Худодан қўрққаним учун ичаман, домлажон.
-Ие,-Акбар домла ажабланди.-Худодан қўрққан одам ичмаслиги керак эди. Гапинг алламбало бўлди-ку?
-Сиз айтаётган одам бошқача. Қаранг, ароқниям, конъякниям Худо яратганми? Қиёматда ҳисоб-китоб бўлаётганда “Эй бандам, мен шу неъматларни сен учун яратган эдим, нега ичмадинг, мени назар-писанд қилмадингми?” деб буровга олса, “Ҳалилжон акамиз рухсат бермовдилар”, деб безрайиб тураманми?
-Яхши фатво топибсан. Ўзинг топдингми ё ҳамшишаларинг айтишдими? Ҳозирам баданда бор шекилли, а?
-Ҳа, энди... чойхонага хабар берай деб кирсам, ош дамланаётган экан, бош оғриғига тупукдайгина олдим. Шунинг учун бу ёққа кирмай, деяпман-да.
-Тушунарли. Чойхонага нимани хабарлагани кирувдинг?
-Боғкўчадаги Ҳақберди акани эшитмадингизми? Эрталаб ўғлини олиб кетишувди. Юраги ёмон экан, ҳозир тап этиб ташлаб, омонатини эгамга топшириб қўя қолибди.
-Шошилмай гапир, ўғлини ким, қаёққа олиб кетади, ким таппа ташлабди?
-Ие, домла, қулоқдан олганми? Қарияпсиз шекилли? Таппа ташлаган Ҳақберди ака. Қўрқиб кетгандир-да. Ўғлини милиса олиб кетди. Билишимча, қорадорига айланишган экан. Уйидан тиллаям чиққанмишмией... Дўхтир келиб, ўликни олиб кетди, экспертиза қилиши керак экан. Кечгача, олиб келишса, эрталаб чиқаришаркан. Чойхонадагиларга бориб айтсам, бунинг жанозасига чиқиш шартмас, дейишяпти.
-Нега шарт бўлмас экан?-Бу гап Акбар домлага ёқмай, қошларини чимирди.- Ким айтди, калласи жойидами?
-Ҳасан чиллак айтди, Комил банги айтди. Маҳаллага аралашмаган одамнинг жанозасига ҳам, тўйига ҳам чиқилмайди, дейишяпти.
-Бекор айтишибди. Мусулмончилик бунақа бўлмайди. У оқибат қилмаган бўлса, биз оқибатли бўлайлик. Чиқиш керак. Кимнинг оқибати қанча, деб тарозига соладиган бўлсак, биласанми олам нима бўлади? Тарс ёрилиб кетади!
-Ҳа, бўпти, олам ёрилмасин десангиз, унда кўчангиздагиларга ўзингиз хабар қилинг.
-Сен маҳалла оқсоқолига билдириб қўй.
Пакана одамдан нохуш бир ҳид гупиллаб, Акбар домланинг кўнгли беҳузур бўлди. Табиатан сергап ширакайф бу одам нари кетгач, Акбар домла ўн беш қадамча юриб, кўчасига бурилди. Болалар ўйнаб, йўлакда қолдириб кетган тошни оёғи билан четга суриб қўйди. Қурилганига икки йилдан ошганига қарамай ҳали бўялмаган дарвозадан ичкари кирди-ю, димоғига райҳон билан атиргул иси урилиб, енгил тортди.
-Ҳилола, қизим, қаердасан?-деди темир сўри томон юриб.
Ҳилола атрофи чала-ярим беркитилиб, томига эски шифер ёпилган омонат бостирма - ошхонадан овоз берди:
-Ҳозир дада, сабзини қовуриб олай.
-Палов қиляпсанми?
-Ҳа.
-Шўрва қилавермабсан-да, қизим, иссиқ кунда паловнинг ўтиши қийин,- Акбар домла шундай деб баланд сўрига чиқди-да, ёстиқни қўлтиғи орасига олиб, ёнбошлади. Бирпас ҳовлига разм солиб ётди. Япроқлари тўкилаётган гулларни кўриб, ўрнидан турди, қўлига гулқайчи олиб, атиргуллар орасига кирди.
Қозонга сув солиб, ҳовлига чиққан Ҳилола тунука лагандаги гуручни тераётиб, отасига қаради:
-Айтмоқчи, дада, Герания элчихонасидан яна қўнғироқ қилишди.
-Тинчликми?
-Яна ишга таклиф қилишяпти шекилли?
-Бормайди, жавобини айтган-ку?
-Борганлари яхши эди-да, дада. “Чет элга фақат пул топиш учун борилади” деган гапингиз таъсир қилган. Айтинг, бораверсинлар. Пул топиш бошқа, илм бошқа-ку?
Акбар домла беихтиёр кулимсиради. Ўғли Санжарда қандайдир ғалати ўжарлик бор. Университетни битиргач, одамлар «ҳарфхўрлик билан аъло ўқиди-ю, энди кафедрада қолиб талтайиб юрибди», дейишмасин учун мактабда ишлади. Кейин илмий ишга шўнғиди. Лазер нуридан фойдаланишга доир лойиҳаси чет эл олимларини қизиқтириб қўйгач, турли мамлакатлардан бир неча таклифлар келди. Акбар домла бояги гапни ўшанда айтган эди. У ўғлининг феълини яхши билади: энди онаси тирилиб келиб, минг ялинса ҳам ҳорижга бормайди. Акбар домла ўша гапни айтмай туриб, Санжар “Менда чет элликларнинг ҳақлари йўқ. Мени ким ўқитиб, тарбия қилган бўлса, ўша ҳақдор” деган эди. Акбар домла ота-бола ўртасидаги гапни ҳеч кимга айтмаган. Ҳилола ҳам билмайди. Агар билсайди, бундай демаган бўларди.
Қозон бошига қайтган Ҳилоланинг овози Акбар домланинг хаёлини бўлди:
-Дада, директоримиз яхши одамми?
-Ие, у билан сен бирга ишлайсан, мендан нимага сўраяпсан?
-Порахўр эмасми?
Акбар домла гулзордан чиқиб, қизига яқинлашди.
-Бу нима деганинг?
-Гуруҳимда битта ўқувчи бор. Ўқишга бир кун келса, бир ой қорасини кўрсатмайди. Дада, ҳозир шунақалар ёмғирдан кейин бодраб чиқадиган қўзиқориндай кўпайган. Фақат коллежнинг ўзида бўлсаям майлийди, институтларда ҳам “зачеткаси ўқийди”, деган гаплар юради. Ўзи дарсга келмайди, бирон таниш домласи унга энагаликни бўйнига олади-ю, кимгадир ялиниб, кимгадир ялтоқланиб яна кимгадир дўқ қилиб имтиҳон дафтарчасига баҳо қўйдириб юраверади. Тўрт йил давомида битта ҳам дарсга қатнамай “қизил диплом” оладиганлар ҳам анчагина. Институт шунақа бўлганидан кейин коллеж, лицейдагилар индамай қараб туришарканми? Ота-она ҳужжатларни коллежга топширади-ю, боласини бозорга олиб кетаверади. Диркторни хурсанд қилса бас. Директор ўқитувчиларни буровга олади. Дарсда йўқ бола аъло баҳода “ўқийверади”. Директор менга ҳам тайинловди. Лекин гапига кирмай, болани “дарсга келмади”, деб белгилаятувдим. Бугун билиб қолибди.
-Отаси нима иш қилар экан ўша такасалтангнинг?
-Тўйхонаси бор экан, шекилли?
-Ҳаммаси равшан, “ота ўғил”га шу ўқиш керак эканми? Бунақа тоифа ҳар қандай шароитга тез мослашади. Ҳаёт оқимининг ўзгаришини биздан кўра мана шулар тезроқ пайқашади… Нима қилдинг, қўйдингми?
-Ҳа. “Уч” қилиб берувдим, “аъло” бўлаверсин, дейди.
-«Беш» қўйиб бердингми?
-Ҳар ҳолда менга директор бўлгани билан... ўқувчингиз... сизни жуда ҳурмат қилади, йўқ дея олмадим.
-Порахўрлигини сезибсан-ку?
-Дада, ахир...
Акбар домла қизининг гапига қулоқ солмай, қўл силтади-да, нари кетди.
«Қандай пасткашлик! Фалончи ўқувчим фан доктори, фалончиси бош инженер деб, керилишни биламиз. Соя-салқиндагилар билан ишимиз йўқ. Умримни фақат яхшиларга эмас, ёмонларга ҳам бахшида қилаётганимни билармидим? Билардим. Фақат яхшиларнинг кўплиги далда берарди. Ҳозир-чи? Бугун синфда кўзларини мўлтиллатиб ўтирган болаларнинг қанчаси оқил, қанчаси жоҳил бўлади? Доноларнинг мингтаси кам, аблахнинг биттаси ҳам кўп. Хўп, бу ярамаслар ифлос йўлга кирибди-кирибди. Хўш, нимага мени «устоз» дейди? Мен пора ол, юлғич бўл, деб фатво берибманми? Минг лаънат!»
Эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглаб, Акбар домланинг хаёлини тўзитиб юборди. Токқайчини беҳи шохига илиб, дарвозахона томон юрди. Ариқ бўйида турган маҳалла оқсоқоли ва унинг ёнидаги нотаниш мўйсафидни, сал нарироқда эса ерга тикилиб турган куёвини кўриб, бир нафас тараддудланди.
-Хайрият, уйда экансиз,-деди маҳалла оқсоқоли.
-Келинг, келинг, Собит ота, деди Акбар домла ўзини қўлга олиб.-Қани, ичкарига марҳамат...
Уларни кўрган Ҳилола ошхонадан чиқмади. Меҳмонлар дастурхон тузашга қўйишмади. Собит ота фотиҳадан сўнг муддаога кўчиб қўя қолди:
-Ҳамма гапни айтишди, қизингиз аразлаб, ажаб қилибди,-деди у оппоқ соқолини силаб.- Куёвболанинг чакки юришини эшитиб, кўнглим анча озор чекди. Лекин, на илож, бизнинг вазифамиз - ёшларни муросага келтириш. Норасидаларни ўйлашимиз керак. Куёвболанинг оталаридан Аллоҳ омонатини барвақт олган экан. Ота меҳрининг қадрини яхши билсалар керак. Қизингиз ҳам бошқаси билан турмуш қурар, бу йигит ҳам ўзига бошқа муносибини топар, лекин орада болага қийин. Шу боис, домлажон, буларнинг бошларини қовуштириб қўяйлик. Бошқа гап йўқ. Куёболанинг аламлари ичида. Гуноҳи бўйнида. Энди ичмасликка дуо ҳам олибди.
-Янглишмасам, аввал ҳам шунақа гап бўлган,-деди Акбар домла, куёвига бир қараб олиб. Озғин, ёноқлари бўртиб чиққан куёв бошини ҳам қилганича индамай ўтирарди. Унинг ўрнига нотаниш мўйсафид гапирди:
-Бу охиргиси, биродар, мана, қасамига биз кафил.
-Мен турмушлари бузилсин, демайман. Ҳар ҳолда, битта бола кўрганидан кейин одам дегани эсини йиғиштириб олиши керак. Бола, отам қачон келаркин, деб интиқ кутиб ўтирса-ю, ота жонивор ҳовлига эмаклаб кириб, унинг ўтакасини ёрса!
-Ҳа, энди ёшлик қилган-да, мана, куёвингиз қасам ичди.
-Йўқ, демасаларингиз қизимни чақирай. Бирга яшайдиган - қизим, ўзидан ҳам бир оғиз эшитайлик.
Ўтирганлар «маъқул» дейишгач, Акбар домла қизини чақирди. Ҳилола паст овозда салом бериб, бир чеккага қимтиниб ўтирди. Эрига ўғринча қараб ҳам олди. Акбар домла ўртада бўлиб ўтган гапларни қисқача баён қилиб (Ҳилола ҳаммасини ошхонада ўтириб эшитган бўлса ҳам), қизига юзланди:
-Дилингдагини ўзинг айт. Фақат эски гина-кудуратларни кавлаб, гапни чувалаштирма.
Ҳилола, отаси огоҳлантирган бўлса-да, гапни узоқдан бошлади, кўзёши ҳам қилиб олди. У хасратини тугатгач, орага жимлик чўкди.
-Қизим, шу ҳалолингиз билан турмуш қуриб кетишга кўзингиз етадими?- деб сўради Собит ота сукутни бузиб.
Ҳилола индамади. Собит ота Акбар домлага, у эса қизига қаради.
-Қизим, ошинг ланж бўлиб кетмасин, сузиб келақол,- деди Акбар домла мулойимлик билан.
Бу гапдан кейин ўтирганлар сал жонланишди.
-Сизга айтмабмидим,- деди нотаниш мўйсафид Собит отага,- қариялар аралашган иш ошхўрлик билан тугайди. Ота-онанинг бахти шу ёшларга қараб тураркан. Буларники жилмайса, ота-онаники қаҳ-қаҳ отаркан, хўмрайса - ёниб кетаркан. Мана домла, ўзингиздан қиёс, шу кеча-кундузда ичингизга чироқ ёқилса ёришмагандир, а?- Табиатан эзма бўлган мўйсафид ош келгунига қадар бошқаларга гап бермади.- Шу десангиз, жуда оёқ тираб олсангиз, Маҳмуджонни ичкуёв қилиб бўлса ҳам ташлаб кетмоқчи эдик,-деди бир маҳал жўшиб. Ҳамма унга ажабланиб қаради.
-«Ичкуёв - пуч куёв» деган гап бор,-деди Собит ота вазмин.- Куёвбола мусофир бўлса, бошқа гап эди.
-Э, бу бир ҳазил, тегишгим келди-да...
Ошдан кейин Ҳилола у-буни йиғиштирган бўлди-да, эрига қўшилиб жўнади. Акбар домла қизининг ярашиб, тинчиб кетишини истаса-да, ҳозир вужуди бирдан ҳувиллаб, бўшашиб қолди. Икки кун аввал катта қизи келиб, Ҳилоланинг тўнғичи - Отажонни далага олиб кетганида ҳам шу кўйга тушган эди. Акбар домла ёнма-ён бораётган қизи билан куёвига узоқ қарай олмай, эшикни ёпиб, ҳовлига қайтди.
«Яхши бўлди,-деди ўзига- ўзи,-куёвим ҳар ҳолда ёмон бола эмас. Саёқ юрмайди. Фақат, ичса, ўзини тутолмай қолади. Бу ўткинчи нарса. Ҳилолам ҳам инжиқликни оширворади-да. Эр-хотин то бир-бирининг феълини сингдиргунича шунақа бўлади шекилли...»
Акбар домла шу зайлда ўзига таскин бериб, иягини ёстиққа тираганича гулларга тикилиб ётди. Қуёш асрдан оға бошлаганида дарвоза эринибгина очилиб, кенжа қизи - Наргизаси кўринди.
-Келдингми, она қизим:- деди Акбар домла тирсагига таяниб гавдасини кўтараркан. Наргиза салом бериб, ҳовлига жавдираб қаради:
-Отажонни олиб келишмадими?
-Йўқ. Поччанг келиб, опангни ҳам олиб кетди.
Наргиза ичида: «Яхши бўлибди», деди-ю, аммо буни сиртига чиқаришга уялди.
-Акам қўнғироқ қилмадиларми?
-Кеча гаплашдинг-ку?
-Бугунчи? Ҳар куни сиз билан гаплашиб туришлари шарт!
-Қўйсанг-чи! Оиласи билан дам олаётган одамни безовта қилавериш яхшимас.
-Сиз ҳам бирга боришингиз керак эди.
Акбар домла ичида: “сенинг тўйингни ўтказганимдан кейин зиммамдаги вазифа адоғига етади. Шундан кейин дам олсам арзийди. Унгача дам олишга ҳаққим йўқ”, демоқчи бўлди-ю, қизини ё ранжитиб, ё уялтириб қўйиши мумкинлигини ўйлаб, сиртига чиқармади. Наргизанинг талабига жаобан бошқа гап айтди:
-Ош совумагандир, сузиб келақол.
-Егим келмаяпти.
Акбар домла қизининг кайфияти тушкун эканини сезди.
-Тобинг йўқми?
-Сал чарчабман.
-Бугун операциянг бормиди? Кўзи ожиз қиз нима бўлди?
-Кўзи очилмади...
-Йўғ-е...Профессоринг ҳам эплай олмадими? Янги усулда операция қиламиз девдинг-ку?
-Янги усул... дарров ижобий натижа бера қолмас экан-да... Уч ёшида кўр бўлиб қолган экан, айтувдим шекилли… Умид оз бўлса ҳам таваккал қилувдик… Бечоранинг қийналгани қолди…
-Ҳеч тузатиб бўлмайдими?
-Ҳозирча йўқ… Профессор ҳали умид бор, деяптилар... дада, чой дамлаб берайми? Бўлмаса, Саломатларникига чиқиб келай, керакли китобимни олувди…
Наргиза атайин гапни чалғитди. Дадасига ҳисоб бераётганида йиғлаб юборишдан қўрқди. Акбар домла эса, қизининг бугун биринчи марта мустақил операция қилганидан бехабар, «Наҳотки, шундай машҳур профессор ҳам эплолмаган бўлса?» - деб ажабланди.
Наргиза чиқмоқчи бўлганида эшик очилиб, Маъсума буви елпинганича кириб келди.
-Вой, бахтимдан ўргилай, Наргиза, она қизим, уйда экансан-ку?-деди у қувониб.- Эрталабдан бери чап кўзим яхши кўрмаётганга ўхшайди. Қара-чи, бир бало бўлмаганмикин?
Наргиза “ўтган куни кўриб қўювдим-ку” деб ўтирмай, “ҳозир опоқи”, деб уйга кириб кетгач, Акбар домла кампирга ҳазил гап отди:
-Опа, ўсмани қалин қўйиб юборгандирсиз.
-Гапингиз қизиқ-а, ўсмадан бўлса, иккала кўзим баравар хиралашарди.
-Унда акамга битта кўзда қарайдиган бўлиб қолгансиз.
-Вой, Акбаржон-ей, ҳазилингиз бор бўлсин.
Наргиза асбобини олиб чиқиб, Маъсумани қуёшга тескари ўтқазди-да, мижжаларини қайириб кўра бошлади. Кампир эса гапида тўхтамади:
-Барака топгур Хадичани қаранг, яна иккита етимчани бошлаб келибди. Олдинги йиллари иккита болани ўқитиб, институтга учирма қилувди. Ўзи туғмаган бўлса ҳам, нақ жаннати хотин-да, у. Сиз ҳам етимчаларни ўқишига қараб турдингиз. Сиз ҳам жаннатисиз, Акбаржон.
-Ҳа, энди ўқитувчи бўлганимдан кейин қўлдан келганича қарадим-да, ортиқча иш қилмадим. Акам кўринмайдиларми?
-Акангиз бомдодни ўқибоқ улфатлари билан Сўқоққа чиқиб кетганлар.
-Сўқоққа серқатнов бўлиб қолдиларми? Тинчликми ишқилиб?
-Вой, тинчлик. Акангиз ғирт афанди-да, эшитмадингизми?
-Ие, нима бўлди?
-Бултур Баҳовуддун балогардон бувамни зиёрат қилгани борганларида сўқоқлик бир одам билан танишиб қолишган экан. Ўтган ҳафта улфатларига мақтаниб, тоғда булоқ сувларини ичиб, маза қилиб дам олиб келамиз, деб кетишувди. Танишлари ёзиб берган кўчага бориб, уйнинг эшигини тақиллатишса, бир кексароқ хотин чиқибди. “Жалолиддиннинг уйларими?” деб сўрабди акангиз. Хотин “киринглар, киринглар”, деб суюниб таклиф қилибди. Дастурхон ёзиб, ноз-неъматларни тўкиб ташлабди. Келини дарров ўчоққа ўт қалабди. Нон ёпишган экан, қаймоқхўрликни бошлаб юборишибди. “Жалолиддиннинг ўзлари қанилар?” деб бир-икки сўрашса ҳам хотин “ҳозир, ҳозир”, деб қўярмиш. Ош пишса ҳам, еб бўлишса ҳам уй эгаси кўринмабди. Охири бетоқат бўлиб яна сўрашса, ўша хотин қимтиниб туриб, нима дебди денг: “Мени кечиринглар, сизлар нариги кўчадаги Жалолиддин аканикини йўқлаб келгансизлар. Бу Жамолиддин аканинг уйи. У киши менинг хўжайиним эдилар. Баҳорда қайтиш қилувдилар. Меҳмон кутишни жуда-жуда яхши кўрардилар. Бугун туғилган кунлари эди. Сизлар эшикни тақиллатганингизда, Худойимдан ўргилай, меҳмонни ўзи юборди, деб суюниб кетдим”. Ана шунақа афандилик қилиб юради акангиз. Бугун улфатлари билан биллалашиб, бозорда ҳаражат қилиб ўша марҳумнинг уйини алоҳида зиёрат қилгани кетишган.
-Опоқи, қўрқадиган касаллик йўқ кўзингизда,-деди Наргиза унинг гапини бўлиб.- Берган дориларимни вақтида қуйиб туринг. Телевизорга камроқ тикилинг.
-Телевизорга хушим йўқ, она қизим. Фақат битта туркча, битта карисча киноларни кўраман. Мексиканикини кўрмайдиган бўлдим. Бир хил жойларида амакингдан уялиб кетаман-да...
Наргиза кампирнинг гапларидан кула-кула чиқиб кетади. Маъсума унга эргашди.
Наргиза чиқиб кетгач, ҳовлига сиғмай қолди. Ҳилоланинг айган гаплари қулоғи остида жаранглайверди. Шом қоронғусидан дарак бериб чирқиллашни бошлаган чумчуқлар гўё “ана, қаранглар, порахўрнинг устози шу киши бўладилар”, дейишаётгандай туюлиб, Акбар домланинг эти жимирлашиб кетди. Беихтиёр кийиниб, кўчага чиқди. Бир вақтлар ўзи ўқитган, бугун қизи ишлайдиган коллежни бошқараётган шогирдиникига қараб йўл олди. Директор эндигина ишдан қайтиб, кийимини алмаштиришга ҳам улгурмаган эди. Акбар домлани кўриб, ажабланмади. Ҳилоланинг коллежда айтган бир-икки гапидан кейин устозининг келишини билган эди. Фақат бу қадар тез келишини кутмаганди. Акбар домла унинг таклифини рад этиб, ичкарига кирмади, мақсадини ҳам дарров айта олмади. Унинг одати шунақа: бир нарсадан қаттиқ ранжиса, ёки ғазабланса, гапини айтолмай довдираб қолади. Унинг мушкулини директор осон қила қолди:
-Ҳилола айтгандир. Тушунинг, баъзан шунақа қилишга машбурман. Коллежнинг кўпчилик билмайдиган ҳаражатлари бор...
-Ҳаражатлар дегин...-Акбар домла чуқур хўрсинди.-Мен сенинг ишингга аралашмайман. Ақл ҳам ўргатмайман. Оддий ўқитувчи директорга ақл ўргатмайди, биламан. Фақат сенам билиб қўй: менинг номимни ҳеч ерда тилга олма. Тилга олсанг ҳам “устозим” дема!
Бошқа гапирмади. Изига қайтди. Директор осон қутилганидан қувонди. Лекин бир нарсага аҳамият бермади: “Устоз отангдек улуғ” дейдилар. Ота ўғилни оқ қилса, бундай фарзандлар “оқпадар” дейилади. Сўнгги сўзи билан Акбар домла шогирдини оқ қилган эди. Унинг мақоми ҳам оқпадар билан тенг эканини директор англадимикан?
Наргиза дугонасиникидан қайтганида телевизорда кулгили томоша бўлаётган эди. Ота-бола «Бу телба дунё» деб аталмиш томошани охиригача кўришди.
«Бахтли» келин
Маъсума Наргиза билан кўчага чиққач, сув сепаётган Раҳимни кўриб, унга яқинлашди.
-Эсон-омон келдингми?-деб сўради саломга алик олгач.- Яхши жойлашиб олишдими? Бултургига ўхшаб, икки кунда қочиб келишмайдими?
-Бу сафар кишанлаб келдим,-деди Раҳим кулиб.
-Астағфируллоҳ! Нима деяпсан, қанақа кишан?
-Неваралари билан кишанлаб қўйдим. Неваралари ёнларида бўлса, дунё билан ҳам ишлари бўлмай қолади.
-Ҳа, ваҳманг қурсин, шунақа демайсанми? Буни яхши ўйлабсан. Ҳалилжонникига кириб чиқдингми?
-Йўқ, тинчликми?
-Тинчлик ҳам гапми, суюнчилик.
-Шуҳрат топилдими?
-Ювош бола топилмай қаёққа ҳам борарди. Кириб чиқа қол. Қўшничилик минг йилчилик.
-Шунақа дейсиз-у, Ҳалилбой ҳам баъзан ошириб юборади. Ўзи инженер-у, лекин уйидаги кранни тузатишни билмайди. Шуҳрат йўқолмасидан бурун “шу ўғлингиз ҳунарга қизиқади, зеҳни ҳам зўр, ёз бўйи менинг ёнимда юрсин, кузгача бинойидек уста бўлиб олади”, десам, энсаси қотди. Ўзи заводда ишчилар билан ишласа ҳам, ҳунарнинг қадрига етмайди, шунисига доғман. Шуҳрат ҳам шундан куйган, бола бечора. Бир куни йиғлагудай бўлиб, “адамнинг қўлларидан келганида ҳамма китобларини сувда қайнатиб миямга қуйган бўлардилар”, дейди.
-Ҳалилжонни бекорга айбламагин, болам олим бўлсин, дейди-да, яхши ниятга айб йўқ.
-Зўрлаган билан ўзида бўлмаса, боладан олим ҳам, уста ҳам чиқмайди. Худо бериши керак. Худо бермаса биров эшак бозорга даллол ҳам бўлолмайди.
Бу гап кампирга таъсир қилиб, кулиб юборди:
-Гапинг ҳам бор бўлсин... Бу қўшнинг кўринмадими?
-Олимбекни кўрмадим-у, лекин келин эрталаб кўча супураётганиди.
-Кирай-чи, бахтли келиним тинчмикин ишқилиб?
Маъсума буви шундай деб замонавий темир дарвозаси берк, аммо ёнидаги эшик салгина очиқ турган хонадон сари юрди. Салгина олдин ўтаётганида эшик ҳам берк эди. “Бирон ерга кетган бўлса энди келгандир”, деган фикрда кампир эшикни каттароқ очиб, “бисмиллоҳ” деганича остона ҳатлади.
Акбар домланинг рўпарасидаги хонадон аҳли маҳаллага кўп аралашавермайди. Бу уйда кичик оила - эр-хотингина яшайди. Баланд бўйли, қориндор, олдинга сал эгилиб юрадиган хонадон соҳибининг қаерда ишлашини кам одам билади. Миниб юрадиган машинасини йилда бир, баъзан икки ўзгартириб олганидан сердаромад жойда ишласа керак, деб тахмин қилишади, холос. Хотини эса уззукун уйда. Азонда кўчани супуриб қўяди, гузарга чиқиб сут-нон олиб келади, эрини кузатади... Шу бўйи уйига кириб кетганича оқшомда кўринади - кўчага сув сепади. Ёш эр-хотин ўзларини четга тортишгани учун қўни-қўшнилар зарурати бўлмаса уларникига киришмайди.
Уй бекаси энди овқатга уннаётган эди, кўча эшиги очилиб, Маъсума буви кўринди. Кампир: «Бисмиллоҳ», деб остона ҳатлаб ичкари киргач, “вой белимей” деб ўзича нолиб қўйди.
Уни кўриб, келиннинг чиройи очилди. Маъсума буви келиннинг одамови эканини билганидан бу хонадонга тез-тез кириб турарди. Келинчак бунга кўникиб қолган, бувидан бир кунгина дарак бўлмаса, алланимасини йўқотиб қўйгандек гарангсиб юрарди. Ҳарҳолда одам бор жойга одам келади. Айниқса, Маъсума бувидай меҳрли одам кирса, ташвиш оташида қоврилаётганингни ҳам унутасан...
Кампир ошхонадан ўзи томон пешвоз чиқаётган келинчакни кўрмай:
-Маҳбубахон, уйдамисиз?- деди.
Келин буви билан сўрашди-да, тизиллаб отилиб турган фаввора ёнига юмшоқ стул қўйди.
-Иссиқ ямлаб ютаман дейди-я!- Кампир шундай деб стулга ўтирди.- Ажаб кун бўлди ўзи. Бир ёқда хурсандчилик, бир ёқда аза. Ҳалилжоннинг ўғли топилганини эшитмабсиз шекилли?
-Эшитдим... Ўғлингиз вақтлироқ келсалар, бирга кириб чиқармиз, девдим.
-Шундай қилганларинг ҳам яхши. Боғ кўчада Ҳақберди деган турарди. Розиқ деган ўғли эрингиз билан унча-мунча шерикчилик ишлар ҳам қилиб юрарди, шекилли? Ўтган йили қамалиб чиқувди, бугун эрталаб яна қамаб қўйишган экан, ҳаммаёқни тинтиб, бор-йўғини хатлаб кетишибди. Мол аччиғи, жон аччиғи ёмон-да, Ҳақбердининг юраги ёрилиб кетибди. Эрталаб жаноза бўлишини Олимбекка айтиб қўярсиз...
Раҳим Маъсума бувига “сўнгги ахборот” деб лақаб қўйиб янглишмаган. Маҳаллага тегишли қандай хабар бўлса, кампирнинг гап сандиғидан жой олади. Сандиқ очилдими, хабарлар шодаси тугамагунга қадар қопқоғи ёпилмайди, жағ ҳам тинмайди. Айрим хабарлар икки-уч такрорланса ҳам, эшитгувчилар малол олишмайди, жимгина тинглайверишади. Ҳозир ҳам шундай бўлди:
-Ҳалилжонникидан чиқиб, қарасам, Акбар домлангизнинг эшиги олдида одамлар туришибди. Куёви ҳам бор. Ҳилолани олиб кетишибди. Акбаржонга ҳам қийин. Болаларини эр боши билан катта қилди. Наргизасини ҳам узатиб олса эди... Субҳидам кўчада турадиган Ойниса опангизни биласиз-а?
Маҳбуба айтилаётган аёлни яхши билмаса ҳам, кампирнинг сўзини бўлгиси келмай, бош ирғаб, “ҳа” ишорасини қилди. Маъсума буви бундан қаноатланиб, маҳалла янгиликларини баёнини давом эттирди:
-Катта қизи ўтган ҳафта аразлаб қайтиб келувди. Бугун кичигига совчи келибди. “Куёв бола ёққан бўлса, ўйлаб ўтирмай, тўйни бошлаб юбораверинг, шу тўй баҳонасида каттангиз ҳам эри билан ярашиб олар”, дедим. Тўғри айтибманми? Сизга ўхшаб бахти очилиб кетса, ажабмас. Худо хоҳласа, қўчқордек ўғил туғиб олсангиз, сиздан бахтлироқ одам бўлмайди бу дунёда. Ҳа. Мени айтди дерсиз...
Маҳбуба бу гапни эшитиб, юзини тескари бурди. Турмуш қурганига тўрт йилдан ошяпти. Шу вақт ичида уч марта бўйида бўлди. Аммо бирон марта ҳам ой-куни етиб туғиш насиб этмади. Маҳалла-кўй буни яхши билади. Айб Маҳбубанинг ўзида деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Аммо, ҳамма бало эрининг ичкиликка ружу қўйганидан эканини ёлғиз ўзию врачларгина билишарди. Маҳбуба буни ҳеч кимга айтмаган. Фақат иккинчи бола ташлашида эрига сўз очиб, ҳақоратнинг тагида қолиб кетган.
Кампир келиндаги ўзгаришни сезмай гапида давом этди.
-Уч марта бола ташлаганингизга кўпам куюнаверманг. Худо тўртинчисини беради. Фақат... кўнглингизга олманг-у, қизим, бир гапни айтай. Олимбекнинг кўчада қанақа юришини билмайман. Агар сал ҳаром-ҳаришга аралашиб қолаётган бўлса, тийилсин. Эр чакки юрса, балоси боласига уради, дейишади. Сизга астойдил яхшилик тилаганимдан айтяпман, бу гапни, хафа бўлманг.
Бу гапни эшитиб, Маҳбуба сесканиб тушди. Лабларида титроқ турди. Бироқ, ҳолатини сездирмасликка уриниб, жавоб қайтарди:
-Вой, нега хафа бўламан. Ўғлингиз унақамаслар. Энди буям Худонинг тақдири-да. Буви, олма териб қўювдим. Олиб чиқмоқчийдим, ўзингиз кириб қолдингиз.
Маъсума буви унга яхши тилак тилайман, деб ярасига туз сепиб қўйганини сезиб, энди туриши лозимлигини англади-да, юзига фотиҳа тортгач, “Раҳмат қизим, олмаларимиз тўкилиб, ер билан битта бўлиб ётибди”, деб чиқиб кетди.
Маҳбубанинг кўнгли кун бўйи хижил эди. Одатини тарк қилиб, чошгоҳда гузарга чиқиб келгач ҳам ғашлиги тарқалмади. Маъсума буви чиқиб кетганидан сўнг эса, дили баттар ўртанди. Ошхонага йўлагиси келмай, юмшоқ стулга ўтирди. Ҳовли ўртасига кунгирадор қилиб экилган садарайхонларга ўйчан тикилди..
Маҳбуба ёлғизликка ҳам, эрининг саёқ юришларига ҳам кўникиб кетган. Дастлабки ойлардаги ота-онасини ҳадеб соғиниши ҳам энди анча сусайган. Унинг шаҳарда қариндошлари кўп, бироқ улар билан фақат тўй-хашамлардагина учрашади. Бошқа вақт борди-келди қилмайди. Бунинг учун на унинг ўзи, на қариндошлари ўпка-гина қилишади. Тўғрироғи, «Бундай бормайсиз ҳам-а...» қабилидаги мулозамат соясида сохталик борлигини сезиб, бу гапларга у кўпда аҳамият бермайди.
Кичкиналигида шўхлик қилса, отаси хўмрайиши билан жимиб қоларди. Қилма, деган ишни қилмасди. Тегма, деган нарсага тегмасди. Улғайгач, кийма, деган кийимни киймади. Ўқима, деди - ўқимади. Турмушга чиқ, деди - чиқди. «Хотин киши уйнинг фариштаси, уй тутиб ўтир», деди - ўтирибди. Кам-кўсти йўқ. «Эрингнинг юзига тик қарама», девди, ерга боқиб юрадиган бўлиб қолди...
Отасининг айтганини сўзсиз бажаришга одатланган эди. Унинг бу қадар итоаткор эканига дугоналари аччиқланишар, онаси эса баъзан: “Хўп”, деб бўйнингни хам қилавермай, дилингдагини очиқ айт, даданг тушунадилар», деб койир эди.
У отасига кўп марта ботиний қаршилик билдирган. Қаршилигини сиртига чиқаришга аҳд қилган пайтлари ҳам кўп бўлган. Аммо бу гаплар тилига чиқмай қолиб кетаверган. Онаси қизининг бўйсинувчанлигини одобдан эмас, қўрқувдан деб биларди. Буни қизига ҳам, эрига ҳам қайта-қайта айтган. Маҳбубанинг ўзи ўша воқеани яхши эслайди. Тўрт ёки беш яшар пайти эди. Отаси бир куни уйга анча кеч қайтди. Энди кўзи илинган Маҳбуба унинг овозини эшитиб, тоғаси олиб келган қўғирчоқни кўрсатиб мақтаниш учун «Дада, дадажон!» дея югурганича айвонга чиқди, дадаси тушуниб бўлмайдиган гапларни айтиб, бақира бошлагач, таққа жойида тўхтаб қолди. Дадаси гапини тугатмай, деразани муштлади, ойна чил-чил бўлди, кейин стул ҳам деворга урилиб, синдирилди... Ўшандан кейин Маҳбуба икки-уч ой дудуқланиб юрди.
Маҳбуба турмуш қургач, ҳали чилласи чиқмаёқ, эри ичиб кела бошлади. Ана шу кезларда, айниқса ҳомиладор бўлганида ўша воқеани кўп эслаб, эзилди. Вужудида яна отасига қаратилган қаршилик уйғонди. Аммо бу ички қаршилик фақат унинг ўзинигина куйдириб-ёндирарди.
Кеча ҳам шундай бўлди.
У одатдагидек бир ўзи овқатлангач, уйга кириб телевизор қулоғини буради. Маҳбуба телевизорда нима кўрсатилса ҳам кўраверади. Вақт ўтказишнинг бундан бўлак йўлини билмайди. У телевизорни қўйган маҳалда уч-тўрт одам гапни бураб-бураб, бирининг сўзини иккинчиси тасдиқлаб, фандаги янгиликлар ҳақида сўзларди. Маҳбуба юмшоқ курсига чўкиб, уларга лоқайд тикилди: тикилди-ю, юраги беҳос «шиғ» этиб кетди. Энг четда қисиниб ўтирган йигитни Анварга ўхшатди. Агар сочи тўкилиб, ингичка мўйлов қўйгани, тўлишгани бўлмаса, Анварнинг ўзгинаси. Маҳбуба энди ундан кўз узмай, сўз олишини пойлади. «Ё гапириб бўлганмикин?» деган ўйни хаёлидан қувиб, умид билан кутди. Ниҳоят, кўзойнак таққан сапчабош одам: «Бу ҳақдаги сўзни халқаро мукофот билан тақдирланган ёш олим Анвар Захриддиновдан эшитсак», деб қолди. Анвар худди биров телевизорни ўчириб қўяётгандек тез-тез гапира бошлади.
Маҳбубанинг кўзларига ёш келди. Негалигини ўзи ҳам билмади. У Анварнинг овозини эшитар, бироқ, нима ҳақда гапираётганини англамас эди. Назарида Анвар ҳозир телевизордан Маҳбубани қандай севганини ҳаммага айтиб бераётгандек эди... Бир пайтлар шундай деган эди. Ўшанда икковлари мактабнинг янги боғига - адирга чиқишган эди.
-Маҳбуб, сени яхши кўраман, биласанми?-деган эди Анвар томдан тараша тушгандек.
Маҳбуба буни биларди. Йигитчанинг йўл пойлашлари, дарсларда эса кўз узмай ўтиришларининг маъносига етмаслик мумкинмиди? Маҳбуба Анварнинг қачондир шундай дейишини билар, аниқроғи, буни кутар эди. Жавоб ҳам ҳозирлаб қўйган эди. Бироқ, муҳаббат изҳорининг бу қадар оддий кечишини ўйламаган эди. Шунинг учун тайёр жавобини унутиб, довдираб қолди. Ерга қараб, бир қадам чекинди-да: «Дадам билсалар...» дея олди, халос.
-Нима бўпти, бари бир биладилар. Совчи юборсам, дарров билиб оладилар. Совчига кўнмасалар, дадангга айтиб қўй, телевизорга чиқаман-да: «Мен Маҳбуба деган қизни яхши кўраман, у ҳам мени яхши кўради, лекин эскилик сарқитидан қутилмаган жоҳил отаси йўлимизга ғов бўлиб турибди», деб эълон қиламан.
Маҳбуба бу гапни эшитиб жилмайиб қўйди. Аммо йигитдан устун келмоқчи бўлиб, қошларини чимирди:
-Ҳеч ҳам-да...
-Нима, «ҳеч ҳам»?
-Ҳеч ҳам яхши кўрмайман. Сенга жонидан кечган қиз тегади.
-Нима, мен аждаҳоманми?
-Ўзинг жоҳилсан, қолоқсан.
Анвар «Бир сўз билан ўлдирдинг!» деб қаҳ-қаҳ урганича, қорнини чангаллаб йиқилди. Майсалар устида юмалаб, ҳузур қилиб кулди. Маҳбубанинг ҳам кулгиси қистаса-да, ўзини тийиб, нари кетди. Анвар ирғиб туриб, унинг йўлини тўсди. Қўлларини белига қўйганича, муғамбирлик билан қовоқ уйди:
-Қани, исбот қил!-деди у овозини дўриллатиб.
-Нимани?
-Олдин жоҳиллигимни, кейин қолоқлигимни.
-Сен хотинингни ҳар куни калтаклайдиган золим эр бўласан...
-Катта бувам раҳматли: «Хотинлар тез-тез уриб турилмаса, қадди-қомати бузилиб, семириб кетади», деган эканлар.
-Темирчи бувангми?..-Маҳбуба шундай деб Анварнинг елкасига туртди. Анвар чап кўкрагини ушлаб йиқиларкан:
-Иккинчи ўқ юракка тегди, тамом!- деб кўзларини юмиб олди.
Маҳбуба бу гапи билан тўртинчи синфда ўқишаётганда бўлиб ўтган бир воқеага шама қилган эди. Ўшанда улар бир партада ўтиришарди. Анвар сергап эди, дарсларда чакаги тинмасди Танаффусда-ку, унинг овозига бас келадигани топилмасди. Маҳбуба бир гал: «Мунча бақирасан, отанг темирчими?»- деб балога қолган эди. Анварнинг дадаси ростдан ҳам темирчи эди. Маҳбуба буни ўйламай - одамлар оғзида юрадиган матални айтиб юборган, Анвар эса буни ўзича ҳақорат деб тушуниб, белидаги аскарча энли камарни ечиб: «Йўқ, катта бувам темирчи!» - деб уриб қолган эди...
...Экранда шоша-пиша гапираётган Анвар одамларга шуларни сўзлаб бераётгандек эди.
Кўрсатув якунланди. Маҳбуба Анварнинг тез гапиришидан биринчи марта аччиқланди. Шошилмай гапирганда-ку...
Маҳбуба шундан кейин телевизорни ўчириб, анчагача ҳовлида айланиб юрди. Уйига сиғмади. Анвар билан бирга ўтказган беғубор кунларини эслади. Йигитнинг куйиб-ёниб қолгани кўз олдига келди. Улар хаёл билан ҳаёт ўртасида осмон билан ерча фарқ борлигини билмай, муҳаббат ҳақидаги китобларни ўқиб, ўзларича маст бўлиб юраверишган экан.
Бечора Анвар совчи юборишга ҳам улгурмади. Маҳбуба ўнинчида ўқиб юрганида отаси унинг тақдирини ҳал қилиб бўлган эди. У қизини боболари яшаб ўтган катта шаҳарга узатмоқчи эди. Патир синдирилган куни унга мақсадини англатмоқчидек: «Биз асли ўша катта шаҳарданмиз,- деди ўйчан бир тарзда.- Аждодларимиз тижорат билан машғул бўлишиб, бутун юртни Ҳиндистон билан боғлаб туришган. Ўша даврларда бу ерда кичкина карвонсарой бўлган экан. Қанақадир фалокат юз бериб, катта боболаримиздан бири сафарини давом эттиролмай, шу ерда қолиб, Ҳиндистондан келган молнинг барчасини бор-баракага сотиб олганлар. Шу зайлда - сафарда хориган савдогарларнинг молини олиб, сотиб кун кўраверганлар. Кейин бу юмуш маъқул тушиб, бошқа уруғларини ҳам чорлаганлар. Карвонсарой шу тариқа шаҳарчага айланган экан. Орадан кўп-кўп йиллар ўтиб кетди. Энди бизларнинг бу ерларда қиладиган ишларимиз қолмади. Энди секин-секин бўлса ҳам ота юртимизга қайтишимиз керак. Шунинг учун сендан кейин сингилларингни ҳам ўша ёқдаги қариндошларга узатиб, укаларингни катта шаҳарлик жигарларимизнинг қизларига уйлантирамиз. Қайтиш бизларнинг қисматимизда бўлмаса, сизларникида бордир. Зурёдимиз ота юртда туп қўйиб, палак отса, минг бор шукр қиламиз...» Отаси бу гапларни айтмаса ҳам, Маҳбуба қаршилик билдиролмасди. Муҳаббати қўрқувдан ожиз бўлса нима қилсин?..
«Ота юртда яшаш шунчалик шарт бўлса, мана, Анвар ҳам шу ерда экан... Энди бундай дейишимнинг нима кераги бор? Ҳозир у бошқа олам, мен эсам бошқаман. У – халқаро мукофот лауреати. Мен-чи? Ҳеч нимам йўқ. Бу уй, жиҳоз, безаклар... Аслида меники, лекин... меники эмас. Тўғрироғи, менга аталган, бироқ олиб қўйишса ҳам индаёлмайман. Чунки, меҳнатим сингмаган. Дугоналарим ҳасад қиладиган нарсаларим бор-у, аммо меники эмас...»
Эри телевизордаги тунги концерт охирлаганда келди.
Наҳорда чой ҳам ичмай кетди.
Маҳбуба кун бўйи Анварнинг хаёли билан юрди, оқшом тушишини интизор кутди. Назарида бу оқшом ҳам телевизорда Анвар чиқадигандай эди...
У оғир-оғир қадам босиб ошхонага борди. Кундузи зиёфатларда бўкиб овқат егани учун, тунда маставанинг сувини ичиш билан чекланадиган эрига атаб овқатни пиширди-да, газни ўчириб, уйга кирди. Овқатни ҳар куни икки кишига мўлжаллаб, шу пайтга тайёрлайди, аммо ҳар куни бир ўзи ейди. Эри вақтли келганида ҳам овқатга қарамайди, лекин Маҳбуба барибир унга илинади...
Телевизорда аллақайси хўжаликнинг молхонаси кўрсатиларди. Маҳбуба эътиборсиз ўтириб тамоша қилди. «Ахборот»дан кейин «Оламга саёҳат» бошланди, сўнг эса эски бир фильм бошланганда автомат тарзда тепага кўтарилувчи дарвоза очилиб эрининг машинаси кириб келди. Маҳбуба чаққон туриб, эрига пешвоз чиқди. Олимбек саломга жавобан енгил бош қимирлатиб қўйиб, юкхонадан учта елим халта олиб, унга узатди.
-Овқат тайёр эди, сузаверайми?-деди Маҳбуба умидли овозда.
-Қорин тўқ, тарс ёриламан, деб турибди. Ошни ҳам юрғизворган экан, лаганнинг таги кўрингунча олаверибмиз. Кайфият яхши бўлса, ош ҳам ўрмалаб кетаверади-да.-Олимбек шундай деб унинг белидан қучди-да, ўзига тортди. Ёноғидан ўпиб қўйгач, уйга бошлади. - Бугун зўр бир ишни охирига етказдим. Энди оқ “мерс” олсам ҳам бўлаверади. Ошналарим нима дейди, биласанми? «Машинани қўлқопдай осонгина алмаштирасан-у, аммо хотинингни янгиламайсан», деб ҳазил қилган эди, мен: «Машинанинг уруғи кўп, аммо бизнинг хотин аёллар ичида битта», дедим.-Тобелик билан эргашиб келаётган Маҳбубанинг тўхтаб қолганини кўриб, ажабланди:- Сен бир аччиқ кўк чой дамла. Ҳа, нега қараб турибсан?
-Ҳалил аканикига чиқиб келамизмикин, девдим. Ўғли топилибди.
-Топилса ҳам югуриб чиқиш керак эканми? Мен нега вақтли келдим, биласанми? Билмайсан. Билишни ҳам истамайсан. Шунақа меҳрибон хотинсан! Мен эшшакдай чарчаганман. Ўзимнинг уйимда бир пас дам олгани келганман. Шуни тушунасанми? Тушунсанг, бор, кўк чой дамла. Йўқ, иссиқда чой кетмайди, қара, коланинг муздеги борми?
Маҳбуба айб иш қилиб қўйгандай шошиб қолди. Музлатгичдан “кола” олиб очиб берди. Олимбек роҳатланиб ичиб, оромкурсига ястанди-да:
-Кел, ёнимга ўтир,-деб чақирди.- Зокирни танийсан-а, анави туя бор-ку, ўша ишхонасидан мукофот олган экан, шуни ювди.
-Қанақа мукофот?
-Аниқ билмайман-ку, лекин битта чет эл фирмасини чув тушириб берибди.
-Кўпми?
-Нима? Фирмами?
-Йўқ, мукофот пулини сўраяпман.
-У писмиқ айтармиди?-Олимбек шундай деб қандайдир қизиқ гапни эслагандай қиқирлаб кулиб юборди.- Кўкидан бир-икки юз олгандир. Лекин дастурхонига гап йўқ, эшшагидан тушови қимматга тушди! Оламда йўқ нарсаларни тўкиб ташлабди. Ҳиммати баланд-да. Кейин, бунақа мукофот дуч келганга берилавермайди. Каллали бола, бу туя.
-Телевизорда бир йигитни кўрсатишувди,- деб юборди Маҳбуба туйқусдан.- Халқаро мукофот олибди.
-Ким экан?
-...
-Ким экан, деяпман?
-Эсимда йўқ.
-Эсингда йўқ бўлса нимага бошимни қотирасан? Танишим эканми, депман.
-«Мукофот» деганингизга эсимга тушувди. Қанча берар экан?
-Нима каромат кўрсатибди ўзи?
-Билмадим... олим шекилли...
-Ҳа... олимчаларми? Уларга кўп бермайди.
Маҳбуба енгил хўрсинди. Эри бирпас ўйланиб, давом этди:
-Мукофоти халқаро бўлса, нари борса беш юз кўкидан берар, четдагилар пул сочадиган анойимас. Улар пули туғса сарфлайди, бўлмаса “тошингни тер”, деб тураверишади. Олимчаларга сарфлайдиган пули туғмайди, шунинг учун болага хўрозқанд бергандай алдашади, кейин буни телевизорда карнай қилиб чалишади.-деди Олимбек ишонч билан, сўнг тўсатдан кулди:- Эртага мен ҳам лауреат бўламан.
-Қанақасига?
-Эртага мен ҳам камида беш юз кўкидан ишлайман. Ҳали айтдим-ку? Беш юз - лауреат деганими, ахир?! Бу ёғини суриштирсанг, хотин, эржонинг ойида камида тўрт-беш марта лауреат бўлади. Кўкрагингни тоғ қилиб юравер...
Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб Олимбек “ким бўлдийкин?” деган маънода савол назари билан қаради. Маҳбуба “билмасам” дегандай елка қисгач, “нега лаллаясан, қарамайсанми!” деб дўқ қилди.
Маҳбуба шошганича ўрнидан туриб, кўчани кўрсатиб турадиган мослама тугмасини босди. Кафтдек экрандаги тасвирда одам қораси кўрингач, Олимбек “ким экан?” деган маънода имлади.
-Ҳалиги… водопроводимизни тузатиб берган қўшнимиз,-Маҳбуба унинг исмини билса-да, эри ҳузурида тилга олишдан чўчиди.
-Ҳа, Раҳимми?-деди Олимбек энсаси қотиб.- Мени сўраса, «ғирт» бўлиб ётибдилар, де. Машинада у ёқ- бу ёққа олиб боринг, деса керак-да. Ҳе, ўргилдим.
Маҳбуба “хўп” дегандай бош ирғагач, иккинчи тугмани босди синиқ овозда “Ким?” деб сўради.
-Мен қўшниларинг, Раҳимман. Ҳалилникига чиқиб кетаётувдим, Олимбек бемалол бўлса, бирга чиқармикин?
-Олимжон акам ишдан... сал мазалари бўлмай келувдилар. Ҳозир дори ичиб ётувдилар.
-Ҳа, Худо шифо берсин, тузалганида чиқар. Эзгу ишнинг эрта-кечи бўлмайди.
Маҳбуба мосламани ўчириб, эрининг ёнига қайтди.
-Боласи топилганига шунча ваҳмами?-деди Олимбек, энсаси қотиб.
-Энди... қўни-қўшничилик, “суюниб қолдингларми”, деб қўйилса, яхши-да.
-Шу гапни эртага айтса ҳам бўладими? Бўлади!-деди Олимбек зарда билан.- Ўн кундан кейин айтса ҳам бўлади. Суюнгани ўн кунда тугаб қолмас.
-Мен бир нарса дедимми?
-Ақл ўргатиб туриб, яна “бир нарса дедимми?” деб безраяди-я!
Маҳбуба айбдор боладай бошини эгиб бир пас ўтирди-да кейин турмоқчи бўлди.
-Дарров тумтаймасдан ўтир,-деди эри яна ўша зардали овозда.- Розиқ чиқмадими? Омонатини кеча қайтариши керак эди, инида писиб ётибди шекилли?
-Қайси Розиқ?-деб сўради Маҳбуба унга ажабланиб қараб.
-Боғ кўчадаги новвойнинг қўшниси, Ҳақберди аканинг ўғли-чи? Сурбетбашара бола, уч-тўрт марта чиқувди-ку, эсингда йўқми?
-Бултур қамалиб чиққан, девдингиз ўшами?
-Қамалган бўлса қамалгандир, сенга нима?
-Ўшанисини бугун эрталаб яна қамаб қўйишибди-а, шунга сўраяпман.
-Нима?!
Олимбек худди илон устига ўтириб олгандек сапчиб туриб кетди. Буни кўрган Маҳбубанинг баданига енгил титроқ югурди. Ўша йигитнинг қамалишида айби бордек, эрига қўрқув билан тикилди.
-Эшитмовдингизми?-деди довдираган бир аҳволда.
-Онангникидан эшитаманми!-зардали оҳанг энди бақириққа айланди. Олимбек эшик томон икки қадам қўйди-ю, тўхтади. “Нима қилсам экан?” дегандай бошини қашиб туриб қолди. Ғазаб ўрнини қўрқувга осонгина бўшатиб бергач, худди ўзига ўзи гапиргандай деди: - Оббо… шуниси етмай турувди. Қарз сўраганда бергим келмовди-я! Энди бу ёғи нима бўлади?.. Отаси ҳам қурумсоққина, ундан ундиришнинг ўзи бўлмайди.
-Дадаларини... эшитмадингизми?
-Нимасини эшитаман, униям қамашибдими?
-Йў-ўқ... тинтув қилиб, топган-тутганларини олиб чиқиб кетишган экан, у кишининг юраги ёрилиб ўлиб қолибди.
-Нима?! Боятдан бери минғирламай, келишим билан айтсанг ўлармидинг!
-Менам яқинда Маъсума бувидан эшитдим. Ўзингиз биларсиз, деб ўйлабман.
-Онангникидан биламанми! –Олимбек шошилганича қўшни хонага чиқиб пўлат сандиқни очди. Ҳаром ўлгурнинг фалокати менга ҳам урмаса эди. Милиса бир бураганда валдираб берган бўлса. Тур тез! Тилла тақинчоқларингни туг. Хитой гиламни ўра. Опамникига ташлаб келаман.
Бундай ҳолат Маҳбуба учун янгилик эмас. Шу сабабли эрининг буйруқларини итоаткорлик билан тез бажарди. Машина «майда-чуйда» деб аталмиш қимматбаҳо нарсалар билан тўлди. Олимбек эшикни қия очиб, кўчани хадик билан кузатди. Сўнг машинасига ўтирди. Пешкўзгу тепасидаги тугмани босиб, дарвозани ўзи очди. Кўчага чиқиши билан машинани тезлатди. Ҳалилникидан чиқиб келаётган Раҳимни туртиб юборай деди. Ҳалил унинг изидан ажабланиб қараб қолди. Кейин хафаҳол турган Маҳбубага қаради. Маҳбуба ундан кўзини олиб қочди. Кейин тезгина бурилди-да, ичкари кириб, дарвозани беркитди.
Эрини ҳаяжонсиз кузатган бахтли келин тонгни ёлғиз қаршилади.
Мусаффо денгиз
Қўшнисиникига бирров кириб, «қочоқ»ни кўриб чиқаётган Раҳим бир неча дақиқа олдин касал бўлиб ётган Олимбекнинг ховлиқиб кетишини кўриб, “илоннинг думини кимдир босиб олибди-да”, деб ўйлади. Бу қўшнисининг ҳар бир қадамини пойламаса ҳам, бечоранинг ҳамиша хадикда яшаётганини сезади. Сезгани учун ҳам уни “бечора” деб ачинади. Ҳозир унинг изидан қараб, “бойлик тўплагунча ҳеч бўлмаса бир кунлик ҳаловат топсанг-чи, нодон, бир тишлам нонингни ҳотиржам ютолмай ўлиб кетасан-ку”, деб қўйди.
Остона ҳатлаб ичкарига қадам босди-ю, юраги тарс ёрилай деди. Ҳовли ҳувиллаб, уй эса етимдек мунғайиб қолган каби туюлди. Ичкарига кирди, ташқарига чиқди. Чекди. Чап кўкраги қизиб, ҳаво етишмаётгандек бўлаверди. Ҳовлига сув сепди, сўрига кўрпача тўшаб ёнбошлади. Ошхонадан чиққан мушук букчайганича роҳатланиб керишди-да, кейин эринибгина судралиб сўрининг тагига кириб кетди. «У ҳам аямни тополмай гангиб қолганга ўхшайди», деб ўйлади Раҳим. Бўғотга елка қўйиб турган баланд олма шохидаги мусичалар бирдан патирлашиб уриша кетди. Чала пишган иккита олма қувалашиб ерга тушди. Аяси уйда бўлганида, невараларига илиниб, эҳтиётлаб олиб қўярди...
Раҳим бир-бирига суяниб қолган отаси ва онасининг меҳрибонликларини ўйлади. Эсини танибдики, уларнинг оғзидан қўпол сўз у ёқда турсин, «сен» деган муомалани эшитмаган. Қизиқ, оилада етишмовчиликлар ҳам бўлган, оғирлик ҳам, аммо улар бирор марта нолишмаган. Бу оғирлик учун ҳеч маҳал бир-бировларини айблашмаган.
«Биз бўлсак, уйда қанд тугаб қолса ҳам жиқиллашамиз. Нимага бунақа экан?..»
Хаёл Раҳимни ўтган кунларга аста қайтараркан, қалбида хуш бир соғинч уйғонар эди. У ниманидир эслагандек қаддини ростлади. Хиёл тараддудланди-да, ўрнидан туриб даҳлизга кирди. Телефон гўшагини кўтарганидан кейин ҳам иккиланди, сўнг қатъий қарорга келиб рақамларни дадил терди. Бахтига акаси ҳам, опаси ҳам уйда экан. Ҳол-аҳвол сўрашган бўлди-да, «тез етиб келинглар», деб гапни қисқа қилди.
Зарифа ярим соатга қолмай, куйиб-пишиб кириб келди. Унинг уйи яқинроқ. Узоқ бўлганида ҳам барибир акасидан олдинроқ келарди. Одати шунақа, юраги тошиб, ҳовлиқиб юради. Шунинг учун ҳам унга жир битмайди. Болалари йўлини топган, ўзидан тинган. Бировдан кам ери йўқ. Бир ёғини қишга, бир ёғини ёзга қўйиб яшаса ҳам бўлади, лекин феълидаги куйди-пишдилик бунга йўл бермайди. Эри билан ҳар йили оромгоҳларга боради. Аммо муддатини яримлатмай изига қайтаверади. Эри аввалига хуноби ошиб, бирга қайтиб юрди, кейин «бор-е», деб қўл силтайдиган бўлди. Оромгоҳда фарзандларини соғиниб куйган она энди мусофирликда қолган эрини ўйлаб эзилади. На иссиққа, на совуққа кўнади. Йўқ, у инжиқ эмас, ҳамма нарсани кўнглига олиб ловуллайверади холос. Шунинг учун ҳам унга ёшлигида, гарчи қорамағиздан келган бўлса-да, «сариқ» деб лақаб қўйишган эди.
Раҳим опасини хотиржамлик билан қарши олди.
-Вой, тинчликми? Сен керосин ўлмагурга қачон ақл битаркин? Нима гаплигини телефонда айта қолсанг ўлармидинг?- деди опаси ҳарсиллаб.- Аям қанилар?
-Дадам-чи?- деди Раҳим уни мазах қилиб.
-Қаёққа кетишди? Болларинг қани?
-Ҳозир чой қўяман.
-Сендан гап сўраяпман. Чойингни пишириб ейманми?
-Чойни емайдилар, ичадилар.
-Вой, Худо сенга тариқдайгина ақл берса нима қиларди, а?
-Сенга қолмас эди.
-Майнавозчилик қилма, нимага чақирдинг?
-Соғиндим.
-Меними?
-Йўқ, сариқ машакни.
-Нима? Нима дединг!
-Бўлди, э, бунча сачрайсан, сариқ машак!
-А?!- Зарифа укасига ҳайрат билан тикилиб қолди. «Сариқ машак» деган лақабини эшитмаганига йигирма беш йилча вақт ўтган, эрга текканидан бери укаси сансирашни ҳам бас қилган эди. Бугун бирдан...
-Вой, сен жинни бўпсан!..
-Энди билдингми?
-Йўқ, чақалоқлигингдаёқ сезувдим. Ўтиб кетар, деб ўйлаган эканман.
Раҳим кулиб юборди. Зарифа шошилиб даҳлизга кирди-да, телефон гўшагини кўтарди.
-Ҳозир ўзи келади,- деди Раҳим турган ерида пинагини бузмай.
-Ким?
-Кимни чақирмоқчисан?
-Акамни. Сенга бир бало бўлган.
-Айтяпман-ку, ўзи келади. «Ҳўкиз»ни ҳам чақирганман.
Зарифа «Бунга жин теккан», деб ғўлдирадию рақам терди. Янгаси билан «элакка чиққан» хотиндай «эллик оғизгина» гаплашиб, укасига ўғринча бир қараб олди-да, гўшакни жойига қўйди.
-Тўғри айтган эканманми?- деди Раҳим жилмайиб.
-Сен нотўғри гапирармидинг? Оловга керосин сепиб, тиржайиб тураверасан...-Зарифанинг гап оғзида қолди. Раҳим кўча эшиги томон қараб, акасини қарши олди:
-Чинакам ҳўкиз экансан! Тез етиб келганинг шуми? «Тез ёрдам»дагилар ҳам сендан олдинроқ келган бўлишарди!
Энди остона ҳатлаган Латиф укасининг бу муомаласидан гангиб, жойида туриб қолди. Кейин қўй кўзларини жавдиратиб, синглисига қаради.
-Кираверинг, ака, парво қилманг, бунингиз айниб қолибди. Мениям келганимдан бери «сариқ машак»дан олиб, «сариқ машак»ка солади.
-Мени «керосин» десанг, майли, а? Хотинимнинг олдида ҳам айтаверасан-ку?
-Мен опангман, ҳаққим бор.
-Нима гап ўзи, тинчликми?-деди Латиф укасига қўл узатиб.
-Тинчлик. Узоқ йиллар олиб борган курашимиз ниҳоят ғалаба билан якунланди. Дадам билан аямни санаторийга қўйиб келдим, умрларида биринчи марта дам оладиган бўлишди. Тушуняпсизларми, биринчи марта-я!
-Ҳа, ҳеч ҳам дам олишмаган эди,- деди Латиф.
-Шуни телефонда айтиб қўя қолсанг бўлмасмиди? Болаларингни ҳам қўйиб келдингми?
-Болалар билан кишанлаб ташланмаса, чол-кампир эртагаёқ қўлтиқлашиб қайтишади-ку?
-Яхши қипсан,- деди Латиф.- Чой-пойинг борми?
-Бор, ҳаммаси бор, қани тўрга чиқинг.
-Бўпти, мен кетдим. Бетаъсир бўлмай ўлмагин сен. Қанча ишларимдан қолдирдинг.
-Жикилламай ўтир, сариқ! Ҳеч қаёққа кетмайсан!
-Ака, бунингизга бир бало бўлган.
-Раҳим, жинниликни йиғиштир, бу нима қилиқ?
-Сен, ҳўкиз, аралашма, бўлмаса, кийим-пийиминг билан ёқиб ташлайман.
-Раҳим!
-Раҳимжон, жон ука, сенга нима бўлди, а?..
Раҳим чинакамига саросимага туша бошлаган акаси билан опасига қаради-да, жилмайди:
-Ака, хафа бўлманг. Бир эркалик қилиб, ҳазиллашгим келувди, сал қўполроқ чиқди шекилли, кечиринг. Ҳали ўтириб, бирдан ёшлигимизни эсладим. Бир-биримизга лақаб қўйиб, уришиб юрганларимиз ажойиб давр экан. Қачон катта бўларканмиз, деб кун санарканмиз-у, ўзимизни ташвиш тузоғига ташлаётганимизни билмас эканмиз. Ҳали «ҳўкиз» деганимда болалигимизни эсладингизми?
-Эслайдиган қилиб гапирмадинг-да.
-Болалигида ҳам шунақа эди бу, эсингиздами, томдан тараша тушгандек бир ғалвани бошларди-ю, безрайиб тураверарди.
-Калтакни эса мен ердим,- деди Латиф кулимсираб.
-Ў...ў, калтакдан гапирманг. Душанба куни - дадам, сешанба куни - аям, чоршанбада - сиз, пайшанбада - опам урса, қолган уч кун кўчадаги болалар дўппосласа... Э, калтак бўйича дам олиш куни йўқ эди менга.
-Шумлигингга яраша-да. Тағин ҳам калтакни кам егансан,-деди Зарифа ёлғон пўписа билан.
Шу пайт дарвоза қўнғироғи жиринглаб, уларнинг гаплари бўлинди. Раҳим: «Лаббай! Ҳозир!» - деб ўрнидан турди. Дарвозахонада ким биландир гангур-гунгур гаплашди, кейин бир қўлида коса, бир қўлида иккита нон билан қайтиб кирди.
-Ким экан?- деди Зарифа унинг қўлидан косани олар экан.
-Маъсума буви. Боя чиққанларида: «Қозонни сувга ташладим», деб ҳазиллашувдим. Шу овқатни илинибдилар. Ака, ичасизми?
-Ўзинг ичавер, қорним тўқ.
-Мошхўрда экан, ака, ичсангиз бўларди.
Зарифанинг бу гапига ака-ука кулиб юборишди.
Дарвоқе, мошхўрда воқеаси...
«Супурилмаган уйга меҳмон келади», дейишади. Худди шунга ўхшаб, тансиқроқ овқатдан камроқ пиширган кунингиз энг азиз меҳмонлар кутилмаганда ташриф буюришади. Зарифа шамаъ қилган воқеа ана шундай меҳмонлар сабабли юз берган эди. Дадаси «яхши ҳазм бўлмайди», деб хуш кўрмагани туфайли уларнинг уйларида камдан кам ҳолларда мошхўрда қилинарди. Шунинг учунми, болалар бу таомни талашиб-тортишиб ичишарди. Ўша куни мошхўрда пишиб қолганда, тўсатдан меҳмон босди. Меҳмонлар кетишгач, аяси овқатни ярим косадан сузди. Раҳим улушини дарров ичиб олди-да, Латифга хиралик қила бошлади. Латиф эса пинагини бузмай овқатини ичаверди. Шунда Раҳим ўрнидан турди-да:
-Мошхўрдангдан берасанми, йўқми?!- деди қатъий оҳангда. Латиф «йўқ» деб бош чайқаган эди, ликопчадаги пиёзни шарт косага ағдарди. У акасининг пиёз емаслигидан фойдаланиб қолмоқчи бўлиб, мамнун ҳолда:- Энди ичмайсанми?- деб сўради.
Латиф аламидан бўзрайиб, укасининг юзига тарсаки тортиб юборди. Бирпасда олатасир бошланди. Бу «жанг» оқибатида Латиф дакки эшитди. Раҳим эса... маза қилиб мошхўрдани ичиб олди.
-Ака, мошхўрдангизни ичаётганимда, менга хўмрайиб қараб ўтирган эдингиз, эсингиздами? Ўшанда нималарни ўйловдингиз?
-Ёдимда йўқ. Ҳар ҳолда, яна бир боплаб дўппослашни ўйлаган бўлсам керак.
-Мен эса, катта бўлиб пул топганимда, бир қоп мош олиб, дошқозонда мошхўрда қиламан-да, ҳаммасини очкўз ҳўкизга ичираман, деб орзу қилган эдим.
-Гапини қара, Зариф, бу кишим овқатимни ичармишлару, мен очкўз бўлармишман.
-Ҳа, энди бу кишим эркатойлар, нима қилсалар ҳам ҳаддилари сиғади,- деди Зарифа кесатиб.
-Сизни ҳам боплаганман-а, эсингиздами?-деди Раҳим опасига қараб.
-Қачонгисини айтяпсан, сен қитмир мени кўп боплагансан.
-«Куёв тўра»нинг хатини ўғирлаб, дадамга кўрсатганим-чи?
-Э, айнимай қурибгина кетма сен. Шу хатни деб гулдай йигитни хазон қилдинг,- Зарифа ўзининг гапидан ҳузурланиб, кулди.
-Ўзи ўша йигитингиз менга ёқмасди. Суллоҳга ўхшарди. Мана, поччам бошқа гап. Шунинг учун менга раҳмат денг, бўлмаса, ўша суллоҳнинг тийинига кўз тикиб ўтирардингиз. Акам ҳам мендан қарздорлар. Мен бўлмаганимда, топган-тутганларини ўша таннознинг атир-упаларига сарфлаб юрардилар.
Бу гап уларга яна бир воқеани эслатди:
Латиф институтни тугатди-ю, оилада ташвиш бошланди. Она бечора, ёнига овсинини олиб, ҳар куни «қиз овлайди». Латифга эса на у қиз, на бу қиз ёқади: бирининг тилла тиши бор, бири қошига қалам сурармиш... Ота-онанинг ҳасратларидан чанг чиқай деб турганида, Латиф ўзи ҳам билмай, қармоққа илинаёзди...
Ёзда бўлажак келин-куёвга атаб уй солинаётган эди. Якшанбаларнинг бирида ака-ука майда-чуйда иш билан банд бўлишди. Бир маҳал Латиф: “Бугун идорада навбатчиман”,- деди-ю, кийиниб, жўнаб қолди. У кетиши билан Раҳим ҳам ишини йиғиштирди.
-Ҳа, сенинг тинчинг нимага бузила қолди?- деди аяси унга ҳайрон боқиб.
-Ая, ўғлингиз қармоққа илинди,- деди Раҳим.- Ҳозир навбатчиликка эмас, учрашувга кетяпти. Мен бориб қизни кўриб келаман.
-Сен қаёқдан била қолдинг?
-Аъзам ҳиндча кинога иккита патта олиб келиб берибди.
Раҳим шундай деб кўчага отилди. Аяси «Борма, кўриб қолса ҳижолат бўлади», деганича қолаверди. Аъзам ўшанда ишни пухта қилган эди: Латиф унга патта топиб беришни илтимос қилиши билан бу янгиликни дўсти Раҳимга айтган, кейин унинг маслаҳатига кўра кўпроқ патта олган эди.
Раҳим шумликни бошлашга бошлади-ю, кинохонага яқинлашганида, сал ҳаяжонланди. «Қайтсаммикан?» деб ҳам иккиланди. Лекин келинликка номзод қизни бир кўриш иштиёқи устун келиб, ичкари кирди, жойини топиб ўтирди. Акаси билан қиз чироқ ўча бошлаган паллада кўринишди. Латиф курсига ўтиргач, укасига кўзи тушиб, капалаги учиб кетди.
-Нима қилиб ўтирибсан?- деди пичирлаб.
-Идорада навбатчиман,- деди Раҳим овозини баландлатиб.
Латиф укасига бошқа гап айтмади, қайрилиб ҳам қарамади. Раҳимнинг ўзи ўтиргани ҳам ҳолва экан. Укасининг қитмирлиги киножурнал якунланиб, чироқ ёниб-ўчганида аён бўлди. Орқадаги ўн-ўн беш ўриннинг бўшлигини Латиф аввалига пайқамаган эди. Чироқ бир лаҳза ёнганида қадрдон ўртоқлари қаторлашиб кела бошлашса бўладими! Раҳим акасининг ҳолатини сезиб, унга ачинди, қилган ишидан пушаймон бўлди. Қиз Латифга нимадир дейди, у эса овоз чиқармай бош силкиб маъқуллайди. Яхшиямки, йигитнинг «қуршовда» эканини қизга сездиришмади. Хуллас, бетига беармон упа чаплаган қиз Раҳимгагина эмас, орқа қатордаги ўн тўрт йигитга ҳам ёқмади. Оқибатда Латиф ундан воз кечиб, онаси топган қизга уйланди-ю, олам гулистон бўлди.
Бу дунёнинг ташвишларини бир зум унутиб, беғубор ёшлик чоғларига қайтган қориндошлар бу воқеани энтикиш билан эслашди.
-Сен қурибгина кетмагур, на ўзинг биттаси билан ёлчитиб юргансан, на бошқаларни тинч қўйгансан,- деди Зарифа эркалаш оҳангида.
-Асални татиб кўрмаган нодонлар бошқаларга заҳарни раво кўраверар экан,- деди Латиф укасининг қитиқ патига тегиш учун. Аммо Раҳим бу кинояни фаҳмламагандек, хотиржам оҳангда жавоб қайтарди:
-Маъсума бувининг яхши бир гаплари бор: дарахтни силкитсанг, дув-дув этиб қиз ёғиларкан.
-Шунинг учун сенга икки йил қиз қидирган эканмиз-да, а? Гапингни хотининг эшитса борми, бошингда ёнғоқ чақади.
-Сариққина опажоним, гапнинг белига тепмай туринг. Мен дарахтдан тап-тап тушганини олганим йўқ-да. Бунақаларни ит ҳам ҳидлайди, бит ҳам. Раҳим полвон дарахтнинг тепасига чиқиб, энг сарасини, чумоли ҳам тегмаганини узиб тушган. Э, опажонгинам, бунақага етишган етишади, етишмаган - йўқ.
-Оббо... Ўша ойтовоғингни бунча осмонга кўтармасанг! Энг сарасини танлаб тушганмишлар...
-Сизнинг кўзингизга ойтовоқдир. Лекин, одамларнинг айтишича, ўша ойтовоғим сизнинг эрингиздан анчагина чиройлироқ эмиш.
-Вой, қурибгина кетмагин сен, эркак киши билан тенглаштирганингни қара!
-Яна баъзи одамларнинг айтишича, сиз поччамга жуда ўхшар экансиз.
-Ҳо, биз ҳали хунук бўлиб қолдикми?
Раҳим унинг қаршисида тиз чўкиб, бошини эгди. Зарифа унга яқинлашиб, елкасини чимчилади:
-Ўша ойтовоғинг билан қўша қаригин, сен маҳмадона. Ўзи хунук бўлса ҳам, ақли бинойи хотинингнинг. Ўша сенга раҳм қилиб тегмаганида, хотинсиз ўтардинг бу дунёдан.
-Раҳмат, опажон! Сиз менга энг муҳим сирни айтдингиз.
-Қанақа сир?
-Мен шу пайтгача бахтимга ким зомин бўлди, деб юрувдим. Ўша золимни билиб олдим.
-Ҳа, энди золим ҳам бўлдикми?
-Йў-ўқ, сиз эмас, ўша ойтовоқ золим! Агар у менга тегмаганида, бир умр бахтли, эркин одам бўлиб юрардим.
-Во-ей, бунча маҳмадонасан-а, ўтирсак, эзмаланиб ўтираверамиз. Энди мен кета қолай.
Раҳим эшик олдида туриб олди.
-Йўқ-йўқ,-деди у қулочини ёйиб.- Бугун ҳеч ким кетмайди. Опа, ташвишларингизни бир кунгина қўя туринг. Умримиз ўтиб кетяпти... Болалигимизни эслашиб, хумордан чиқайлик.
-Бўлмағур гапларни гапирма. Болалигингни эслатувчи болаларингни ўйла. Болаларингга ҳали олиб бермаган нарсаларни кўз олдингга келтирсанг ҳам хумордан чиқаверасан.
-Барибир кетказмайман, хоҳласангиз, майли, поччамни чақирайлик.
-Ҳай-ҳай-ҳай, поччангга тегма, ишлари бошларидан ошиб ётибди. Танишларига бир челак гилос тайинлаб қўйган эканлар. Бугун-эрта мураббо қилиб қўйишим керак. Баҳорда ёмғир ёғавериб, қулупнойдан қилолмовдим. Гилосдан ҳам қуруқ қолмайин.
Зарифанинг сумкасидаги телефон жиринглаб, шошиб қолди.
-Ана, поччангни йўқловдинг,-деди рақамга қараб олиб. Кейин тугмачани босиб, телефонни қулоғига олиб борди.- Алло, адаси, ҳа, тинчлик экан. Укангизнинг қилиқларини биласиз-ку? А? Қайси дори? Телевизорнинг устида эди-ку, қарадингизми? Йўқми? Тўхтанг-чи...
У “вой Худойим-ей” деганича сумкасини кавлаб сўралган дорини топиб “Ҳайрият”, деб қўди-да, гапини давом эттриди:
-Вой эсгинам қурсин, адажони, менда экан. Ҳозир етиб бораман, адаси, ҳозир.-шундай деб телефонни ўчириб, сумкасига солди-да, укасига норози қиёфада қаради:- Ана, сен мени ҳовлиқтирдинг, поччангнинг юрак дориларидан ичиб сумкамга солволибман. Бўпти, ака, сиз қола қолинг.
-Худонинг меҳрибонлигини қаранг, дарров баҳона ҳам топилди,-деди Раҳим кулиб.
-Раҳим, мен ҳам борақолай,-деди Латиф ялиниш оҳангида.- Жиянинг астойдил ўқишга кираман, деб турибди. Бугун бир одам билан гаплашишим керак эди. Бу ёғи оз қолди, ҳаракат қилмасак бўлмайди.
-Ака, эрталаб маҳаллада жаноза бор. Ҳақберди ака ўтибди. Дадамнинг ўринларига чиқардингиз.
-Ҳақберди ака, дейсанми? Кимлиги эсимда ҳам йўқ. Жанозани “фарзи кифоя” дейишади-ку, битта оиладан бир киши чиқса етади. Ҳаммамиз учун ўзинг чиқарсан. Мен уйимда дуо қилиб қўя қоларман.
-Худо раҳмат қилсин! Бўпти, мен кетдим,-деди Зарифа эшик томон юриб.
-Ҳа, зоримиз бор, зўримиз йўқ. Дунёнинг ҳамма ташвиши икковингизнинг бошингизда,-деди Раҳим астойдил ранжиб.- Эҳтиёт бўлинглар, яна эзиб ташламасин. Яхшиям Худо осмоннинг устинини сизларнинг қўлингизга тутқазиб қўймаган-а...
-Пичинг килмасанг-чи!-деди Зарифа бир пасга тўхтаб.
-Майли, озгина бўлса ҳам мусаффо денгизда чўмилиб олдик-ку, қалай, суви совуқ эмас эканми? Агар яна ташвишлардан кирлангудай бўлсаларинг, келинглар, чўмилиб кетинглар.
-Ака, бунингиз нима деяпти?
-Бўпти, сен юравер, гапининг мағзини уйингда чақиб кўрарсан. Мен қола қолай. Бўлмаса, бу эркатой уканг дунёга ўт қўйишдан ҳам тоймайди.
Латифга укасининг пичинги бир баҳона бўлди. Аслида у ҳам болалигини эслаб, энтиккан, эртакка ўхшаб қолган оламга қайтишни, сурурли ўша дунёнинг нашидасига яна бир бор қонишни истарди. Зарифа кетгач, болалик дунёсининг мусаффо денгизига шўнғишди.
Липпаларига ёнғоқ қистириб югуришлар...
Телевизор кўргани бошқа маҳаллага боришлар...
Аввал патефон, кейин радио, сўнг экрани шапалоқдек арзон телевизор сотиб олингандаги қувончлар...
Буларнинг ҳаммаси шу тун қайтиб келди. Афсуски, ўтмиш туйғулари бир кечалик меҳмон, холос. Йўқ, ҳали улар болаликнинг покиза ёдгорликларини кўп эслашади. Фақат... бугунги тун ҳам ўша хотиралар силсиласига сингиб кетади.Унда умрнинг яна аллақанча қисми емирилган бўлади. Буни ака-ука ҳозирча хаёлига ҳам келтирмайди. Бугун улар бир неча соатлик азиз меҳмон - хотираларга юракларидан макон берганлар. Тонг отар- отмас, бу азиз меҳмонни ночор равишда кузатиб қоладилар.
Саҳарда жанозага чиқишлари керак...
Цунами
Деворига оқ бўр билан “уй сотилади” деб ёзиб қўйилган хонадонда Хадича яшайди. Бу кўчада истиқомат қилувчилар тоблари қочгудек бўлса, шифохонага шошилишмайди. Саҳардами ё ярим кечадами, шу хонадон эшигини тақиллатишади. Хадича шу туфайли обрў топган дейилса, ярим баҳо берилган бўлади. Шаҳарда шифокорлар кўп, ҳар бирлари қўни-қўшниларга беминнат хизмат қилиб келишади. Хадичанинг йўриғи бошқа. Ўқишни битириб, диплом олган куни бирга ўқиб кўнгил қўйган йигити билан никоҳдан ўтган эди. Никоҳ кечасининг эртасига куёв болани ҳарбий хизматга чақириб олиб кетишди. Чимилдиқдан чиқиб кетган эрининг Афғон урушига ташланганини икки ҳафтадан кейин билди. Ярим йилдан сўнг эса бир парча қоғозда шум хабар билан темир тобутда жасад келди. Ўша даврнинг таомилиги кўра, тобутни очирмай кўмишди. Куёвнинг қариндошлари аза очишса ҳам, Хадича “Мен халок бўлганларига ишонмайман, бу бир англашилмовчилик, қайтиб келадилар, кутаман”, деди. Ойлар, йиллар ўтди. Хадичага кўпчилик совчи қўйди. У “мен бева эмасман”, деб рад этаверди...
Тугунча кўтариб олган Маъсума буви Раҳимникидан чиқиб, шу хонадонга кирди. Хадича ошхонада сабзи тўғраётган, қизлар эса ҳовлини супиришаётган эди. Остона ҳатлаган кампирни кўришлари билан супуришни бас қилдилар. Боя кўришган бўлишларига қарамай, яна салом бердилар. Хадича пичоқни қўйиб, Маъсума бувига пешвоз чиқди.
-Қизларинг бирам одобли экан, ишқилиб, бахтли бўлишсин. Қиз боланинг қанақалигини салом беришидан билса бўлади,-деди кампир тугунчани унга узатиб.
-Нималарни кўтариб овора бўлиб юрибсиз?
-Овораси борми? Ҳали кўчада Раҳимжонни кўриб қолдим. Барака топгур, ота-онаси билан болаларини санаторийга ташлаб келибди. Ўзи қўли гул уста бўлса ҳам, эркак-да, овқат пиширишга барибир эринади. Қозонни сувга ташлагандир, деб мошхўрда қилувдим, бир чинни унга илиндим. Меҳмонларингга ҳам олиб чиқдим, насиба-да. Хадича, сенга танбеҳ бериб қўйишим керак, қизларни дарров ишга солиш одобдан эмас, ҳеч бўлмаса уч кун меҳмон қилмайсанми?
-Булар меҳмонлар эмас, уйнинг бекалари. Сизникига чиқишса, меҳмон бўлишади,-деди Хадича кулимсираб.
-Чиқишсин, эртагаёқ чиқишсин, пўстдумба солиб бир мошкичири қилиб берайин, мошкичирини яхши кўрасизларми, она қизларим?
Супургиларини ушлаганча ишни давом эттиришни ҳам, эттирмасликни ҳам билмай турган қизлар бир-бирларига маъноли қараб қўйиб, жилмайганларича бараварига “ҳа” деб қўйишди. Жавобдан мамнун бўлган Маъсума буви гапини давом эттирди:
-Четда ишлаётган ўғлим алламбало бир мато юборибди. Кампирларга ярашмайди. Шуни сенга берайин, қизларингга кўйлак тикдириб бер.
-Раҳмат, опоқ ойи, кўйлаклари етарли. Меҳрибонлик уйида кийим-кечакдан камчиликлари йўқ. У ерда фақат ота-она меҳри етишмайди,-деди Хадича афсус билан.
-Бу гапинг ҳам тўғри. Меҳрни ҳеч нима билан алмаштириб бўлмайди,-деди кампир енгил “уф” тортиб, кейин қизлар томонга ўғринча қараб олгач, овозини пастлатиб сўради:- Икковиям ғирт етим эканми?
Хадича ҳам қизларга бир қараб олиб, “эшитиб ҳижолат бўлишмасин”, деган мақсадда пастроқ овозда жавоб қайтарди:
-Биттасининг онаси туққану жон берган. Юрагида касаллик бор экан, дўхтирлар туғиш мумкинмас, деб огоҳлантиришса ҳам, ўладиган дунёда битта бола кўрай, деб ўжарлик қилибди. Эри сел олиб кетаётган болани қутқараман, деб ўзи нобуд бўлибди. Иккинчи қизнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор экан. Ажрашиб кетишиб, бошқа-бошқа турмуш қуришибди.
-Воей, бунча дийдаси қаттиқ бўлмаса буларнинг! Ажрашаётган пайтида боласининг жавдираб қараб туришига қандай чидашди экан-а? Ким боласининг кўз ёшини тўкса, балоси ўзига уради.
-Опоқ ойи, майли, ёмон ният қилмайлик. Бошқа турмушидан ҳам болалари бордир. Уларни бахтли қилишсин.
-Шунақа дейсану... Боласидан кечган ота-онани мен одам дегим келмайди-да. Қизим, эрталабдан бери бошим гангиб турибди. Босимимни бир ўлчаб қўясанми?
Хадича ичкаридан ўлчагични олиб чиққунига қадар Маъсума буви қизларни зимдан кузатди. Уларга ачинди. Ҳарҳолда, ҳаёт овқат ейишу кийим кийишдангина иборат эмас. Меҳрга зор бу қизлар ҳаётни қандай тушунишар экан? Катталарнинг қилмишларига қандай баҳо беришар экан? Шуларни хаёлидан кечирган кампир “Бизларни бемеҳрликда айблашга буларнинг ҳақлари бор”, деб ўзича пичирлаб қўйди. Хадича босимни ўлчашга киришганда у гапни бошқа мавзуга бурди:
-Тунов куни деворингдаги ёзувни ўчириб ташла, девдим, энди ўзим ўчириб ташлайман, шекилли. Уйнинг сотилишига маҳалла норози, билиб қўй! Опангни кўрмаяпман-да, ўзим бир гаплашиб қўярдим. Яқин орада келадиганми?
-Кўзингиз учиб турган бўлса, ҳозир келадилар. Бошларига бир ташвиш тушган шекилли, телефон қилдилар.
-Одамнинг бошига бир ташвиш тушса, яқинларига дарров меҳрибон бўлиб қолади. “Анчадан бери келаман, деб юрувдим, ҳеч иложи бўлмади, фалон баҳона, пистон баҳона”, деб гап бошлайдиганларнинг кўпини кўрганман. Ташвиши кўтарилса, энг яқинларини ҳам унутворадиганлар ҳам бор. Ранжимагин-у, опанг шунақа оқибатсиз тоифадан.
-Майли, опоқ ойи, борига шукр, энди менга ким опа туғиб беради? Муросаи мадора.
-Аслида, менинг кўнглимда ҳам шу гап бор. Лекин инсоф чегарасидан чиққанлар билан муроса қилгим келмайди. Опанг билан муроса қилма, жиққамушт бўл, демайман. Ота-онанг гўрида тинч ётмай сенларга қараб тургандир? Деворга “уй сотилади” деб ёзганларингдан бери ота-онанг ҳар кечаси келиб, ўқиб, юм-юм йиғлаётгандир.
Бу масалада Хадичанинг дарди ўзига етарли эди. Кампирнинг гапи яраланган юракка ўткир найза каби санчилиб, азоб берди. Ўзини тутишга ҳаракат қилса-да, лаби титраб кетди:
-Опоқ ойи, қўйинг, унақа деманг.
-Сенда айб йўқ биламан, опанг оқибатсиз чиқди,-деди кампир ундаги ўзгаришни сезмай.- Бундан сен куймасанг, мен куяман. Аянг тириклигида майда-чуйда нарсаларни талашиб, юлқиб кетганларини кўп кўрганман. Сен топиб келардинг, у юлиб кетарди. Аянг ҳам сенга ўхшаб, кўз ёшларини мўлтиллатиб тураверарди. Билмадим, опанг кимга тортганийкин. Қизини туққанида Масковга олиб бориб, устозларингга операция қилдирдинг. Бир ой тепасида ўтирдинг. Қизини боқиб, катта қилиб бердинг, сепларигача қилиб бердинг. Шундай сингилнинг соясига кўрпача тўшаш ўрнига уй талашадими-я! Уйга зор бўлса ҳам майли эди. Кўзи оч, унинг. Кўзи оч одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Сенам ҳадеб бўшашаверма, ота-онанг уйни сенга қолдирган, мана, мен гувоҳ. Судлашса судлашаверсин.
Хадича бу мавзунинг давом этишини истамай, кампирнинг гапини бўлди:
-Босимингиз яхши. Иссиқдан лоҳас бўлгансиз. Берган дориларимни вақтида ичиб туринг, хавотирли жойи йўқ.
Хадича ўлчагични халтасига жойлаётганида эшик оғзида Холниса кўринди. У ҳовлига шошилганича кирди-ю, лекин Маъсума бувига кўзи тушиб, тўхтади. Қизларнинг саломига алик олиш ўрнига уларга ажабланиб, ғалати қараш қилди. Хадича опасига пешвоз чиқиб сўрашди. Холниса Маъсума буви ўтирган жойга яқинлашиб, хушсиз равишда салом берди. Алик ҳам саломига яраша бўлгач, баттар энсаси қотди:
-Опоқи, эсон-омонгина юрибсизми? Кўчада амакимни кўрувдим, сизни қидириб юрибдилар. Чиқа қолинг, маҳаллани ағдар-тўнтар қилиб юбормасинлар.
Маъсума буви қошларини чимириб ўрнидан турди. “Амакингиз тоққа кетган, ёлғонни эплаган одам гапирсин”, дегиси келса-да, бошқа гап айтди:
-Менинг чолим маҳаллага ҳаловат берадиганлардан. Ағдар-тўнтар қиладиганлар бошқалар,-деб чиқиб кетди.
-Буларинг ким?-деб сўради Холниса кампирнинг ўрнига ўтириб.
-Қизларми?-Хадича уларга бир қараб олгач, жавоб берди:- Меҳмонлар...
-Меҳмондўстлигингни ошириб юбормаяпсанми?
-Одам бор жойга одам келади-да, опа. Меҳмон келмаган уйда фаришта бўлмас экан. Шу меҳмонларнинг савоби адамиз билан ойимизга етиб боради.
-Ҳа, етсин-етсин... Турма, чойга овора бўлма. Зарур гапим бор.
-Тинчликми?
Холниса жавоб бермади. “Тинчликми ё тинчлик эмасми, наҳот ўзинг билмасанг?” дегандай синглисига қаттиқ тикилди.
Шуҳратни кўриб чиққан Хадича ҳовлисига қадам қўйиши билан телефон жиринглади. Гўшакни қулоққа тутиб “лаббай” дейиши билан опасининг хавотирли овози жаранглади:
-Наима, уйдамисан?
Салом-алик ўрнига берилган ажиб савол. Уйдаги телефонга қўнғироқ қилгандан кейин гўшакни кўтарган одам уйда бўлмай қайда бўлсин?
Наима бу савол туфайли энсаси қотгани билан, аслида уни ғашлантирган нарса опасининг овози эди. Юзкўрмас даражада аразлашган жигарининг ховлиқиб “уйдамисан?” деб сўраши унинг кўнглига озгина хавотирлик ҳам солди. Опаси “Сендек синглим йўқ!” деб хитоб қилганида у ҳам “Менинг опам йўқ”, деб, лабини тишлаган эди. Тил билан айтиш осон, аммо дилнинг ажралиши қийин эди.
-Уйдамисан, деб сўраяпман?-деди опаси титроқ овозда.
-Уйдаман... тинчликми?
-Уйда бўлсанг, қимирламай ўтириб тур, ҳозир бораман...
Ховлиқиб қўнғироқ қилган, шошилиб келган опасининг мақсадини айтмай тикилиб ўтириши Хадичага малол келди.
-Опа... нима бўлди?
-Эшитмадингми?
-Нимани?
-Японияни “цунами” деган бир бало босибди-ку?
Хадича ажабланди. Уммон остида зилзила бўлиб, тоғдай тўлқинларнинг бир неча мамлакат қирғоқларини босганини, минглаб одамлар ўлганини телевизор хабарларидан билган эди. Аммо опасининг, билимсиз, дунё ҳаётидан бехабар бир одамнинг цунамидан хавотирланиши унинг учун ғалати туюлди.
-Японияни цунами босган бўлса сизга нима?-деди ажабланишини яширмай.
-Бу нима деганинг? Матлуба эри билан ўша ёққа ўйнагани кетувди-ку? Билмасмидинг?
Бу саволи ҳам ғалати. Борди-келди йўқ бўлгач, ўзи едириб-ичириб катта қилган қизнинг тўйига ҳам таклиф қилишмагач, келин-куёвнинг биргалашиб Японияга кетишганини қаёқданам билсин? Ҳозир “Вой, Матлуба эрга тегдими, қачон?” деган заҳарли савол билан опасининг ғашига тегиш шароити туғилган эди-ку, лекин унинг овозидаги хавотирни сезиб, оловга мой сепмаслик учун “билмасдим”, деб қўя қолди.
-Кечаси билан ит азобида қийналдим. Телефонлари жавоб бермаяпти,-деди опаси йиғламсираб.
Авваллари бунақа ҳолатда Хадича опасига дардкаш бўлиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Ҳозир юпатишни ҳам ўйламади. Чунки опаси ташвишланган онлари ҳамдард бўлишга ундовчи меҳр ўти сўниб кетган эди. Шу боис:
-Мен нима қилишим керак? Японияда танишларим йўқ,-деди.
Бу гапни пичинг билан айтмади. У опасининг ҳозирги мақсадини билмасди. Шунга кўра, опасига қандай ёрдам бериши мумкин эканини тасаввур ҳам қилолмасди. Авваллари, жигарлик меҳр-муҳаббатлари ўлмай туриб, опасининг иши тушса “фалон ерда танишинг борми?” деб гап бошларди. Ҳозир ҳам назарида опаси шундай дегандай бўлиб, “Японияда танишим йўқ”, деган гапни беихтиёр айтиб юборди.
-Японияда танишинг йўқлигини ўзим ҳам биламан. Матлубадан хавотирдаман. Сен уни қаттиқ қарғамаганмидинг?
Кутилмаган савол бўлди.
Қариндошларнинг ажиб-ажиб одатлари бўлади. Ёшларнинг тақдиридан ўзга ташвишлари йўқдек “қачон турмуш қурасан?” ёки “ёшинг ўтиб кетяпти-ку, бирни ўпоқ, бошқасини сўпоқ, деб юраверсанг қариб қоласан”, деб танбеҳ бераверадилар. Ёшлар турмуш қуриб, бошлари узра ташвиш булутлари тўплана бошлагудай бўлса, ҳаммаси ўзини панага олиб қочади. Хадича бу даражага бормади. Куни қариндошларнинг танбеҳларини эшитиш билан ўтаверди. Турмушга чиқмади. Бу аҳдини асослайдиган тайинли баҳонаси бор эди. Йигит ва қизнинг турмуш қуриши табиий эҳтиёж деб изоҳланса-да, у ҳам ўша “табиий эҳтиёж”дан бебаҳра бўлмаса-да, яна эрга тегишни, ҳаётини суюклиси билан эмас, кимдир ўзга билан боғлашни истамасди. Гап-сўзлар жонига тегиб, кимгадир “хўп” дегиси келганда кўз олдига марҳум эри келарди-ю, хиёнат устида қўлга тушиб қолгандай вужудини иснод алангаси қопларди. Унинг ўз олами бор эди ва бу оламида ширин хотираларга суяниб ёлғиз яшашни хоҳларди. Атрофидагилар эса унинг кўнгли майлини тушуна олишмасди. Ўзларича гап-сўз қилиб юраверишарди. Фақат онаси ҳис қиларди. Дам-бадам “қизим, турмуш қурсанг кўзим очиқ кетмасийди”, деб зорланиб қўярди-ю, “эрга тегасан!” деб қатъий талаб қилмасди. Дадаси эса бу масалада оғиз очмай дардини ичига ютиб юраверарди. Хадича эрга тегмай юргани учун ота-онасининг қўни-қўшни, қариндош-уруғ олдида хижолат эканларини биларди, уларнинг дардларини ҳис этарди. Бироқ, ўз кўнгил истагини бўғиб ўлдиришга, хотира юзига қора парда тортишга куч тополмасди. “Мен эрга тегаманми ё йўқми, бошқаларнинг нима ишлари бор? Тўғри яшаб юрибман-ку? Оиламиз шаънига доғ туширмаяпман-ку?!” деб ўзига-ўзи далда берарди. Пок яшовчи жувоннинг атрофида миш-миш балчиқлари кўп бўлиши ғашини келтирса ҳам, бу тубанликдан ўзини баланд олиб юришга интиларди.
Эски шаҳардаги уйлари бузиладиган бўлганда бир томондан қайнона-келин, бошқа томондан овсинларнинг можароларидан безган акаси билан укаси алоҳида-алоҳида яшашни ихтиёр этишди. Хадича диссертация ҳимояси ташвишлари билан банд бўлгани учун ота-онаси яшайдиган уйни олиш ҳаракатларини опаси ўз зиммасига олди. Биров ўргатганмиди ё ўз ақли биланми, ҳар ҳолда эски уй рўйхатига оиласини тиркаб, шу ҳовлига ажратилган ерни олишга эришди. Ўшанда уйнинг опаси номига расмийлаштирилганига Хадича айтарли эътибор бермаган эди. “Вақти келиб опам уйни мендан тортиб олади”, деган гумон етти ухлаб бир тушига кирмаганди. Опаси ўшанда “Ҳали у идорага бориб қўл қўйиш керак экан, ҳали бунисига югуриш керак экан, ҳадеб сени чалғитавермай ўзимнинг номимга ёздириб қўя қолдим”, деб изоҳ берганида эътиборсиз равишда “яхши қилибсиз”, деган эди. Поччасининг шаҳар этагида катта боғи бор, уларнинг уй-жойдан ташвишлари йўқ эди.
Янги уй қурилиб, кўчиб ўтишгач, онаси “қизим, ёлғизлик ёшликда билинмайди. Қариликнинг иши қийин. Опангнинг қизини ўзинг бағрингга ол. Тарбия қил. Кейин, истасанг, шу уйга ичкуёв қиларсан”, деганида қувонди. Жингалак сочли, киприклари узун-узун, тили ширин жиянини ўзи ҳам яхши кўрарди. Матлубани қиз қилиб олиши масаласига поччаси осонгина кўнди. Қизни биринчи синфга ўзи олиб борди.
Кейин...
Ота-она дунёдан армон билан кетди. Ҳаёт эса давом этаверди. Хадича бошига ёғилажак ғалва дўлларидан бехабар, асранди қизининг бахтини ўйлаб яшайверди. Биринчи совчи келганида қувончини ичига сиғдиролмади. Опасиникига бахт қуши қанотларида учиб борди гўё. Матлубанинг бўйи етгач, бир-икки танишлар қизини сўраб оғиз солишгани учун опаси бу хушхабарни оддий гап ўрнида қабул қилди. Қизининг бахтини у ўзича тасаввур этди. Хадича “Опа, суюнчи беринг, Матлубага совчи келди. Яхши оилага ўхшайди, суриштириб келамизми?” деган гапига “Шошилма, аввал уйни бир ёқлик қилишимиз керак”, деган жавобни эшитиб ажабланди.
-Қайси уйни?-деди таажжубини яширмай.
-Қайси бўларди, яшаётган уйингни-да. Ҳайҳотдай уйда бир ўзинг қоласанми? Сен бизникига кўчиб келасан. Поччанг этакдаги уйни сенга чиройли қилиб ясатиб беради. Матлубани узатамиз. Уйларнинг нархи кўтарилган пайтда сотиб юборишимиз керак.
Опаси бу гапларни маслаҳат тарзида эмас, ҳукм оҳангида айтгани учун Хадича гангиб қолди.
-Опа, ўйлаб гапиряпсизми?-деди бир озлик сукутдан кейин.
-Поччанг билан ўйлайвериб бошларим шишиб ҳам кетди. Энг тўғри йўл шу.
-Опа, адам билан ойим шу уйда яшаганлар, шу уйдан чиқарганмиз... қанақасига сотамиз? Шу уйда излари бор...
-Эсинг борми? Шунча йилдан бери излари қолармиди? Эски уйда ҳам яшашган, ҳаммамиз эски уйда туғилганидик, ҳукумат из-пизи бор, деб ўтирмай бузиб ташлади-ку?
Хадича “из” деганда ота-она хотирасини назарда тутган эди. Аввал отаси, сўнг онасини охирги манзилга кузатгач, уйни супуришга ҳам қўли бормаган эди. Худди уларнинг изларини супуриб ташлаётгандай қийналганди.
Ота-она фарзандларини бир хил меҳр билан ардоқлашади. Фарзандларнинг ота ва онага нисбатан бўлган меҳр ва севгилари эса бир хил бўлмайди. “Бир ота ўн ўғилни боқади, ўн ўғил битта отани боқа олмайди”, деган нақл шунинг оқибатида юзага чиққан. “Ота-онам мени эмас, акамни (ёки укамни) яхши кўради”, деган нотўғри тушунча улар қалбидаги меҳр даражасини пасайтириб қўяди. Бошқаларни билмайди-ю, лекин опасида шундай бемеҳрлик борлигини Хадича сезиб юрарди. Сезса-да, сингиллик бурчига вафо қилиб, опасига бўлган ҳурматига хиёнат этмасди.
Опасининг ҳозирги гапи юрагига ханжар каби қадалгандай бўлиб, кўзларидан ёш чиқди.
-Бу уйда... мен яшайман-ку?-деди титроқ овозда.
Аслида “бу уй меники, нега сотар экансиз?” демоқчи бўлган эди. Лекин айта олмади бу гапни. Ота-она вафотидан кейин уй талашиб, оқибатда тескари бўлиб кетаётган ака-укалар можароларини эшитганда кўнгли эзиларди. Қачондир акаси ёки укасининг уй даъвосини бошлашини хавотир билан кутарди. Лекин бу можарони опаси бошлашини сира кутмаганди. Одамлар ака-укаларнинг уй жанжалига кўникиб қолишган. Лекин опа-сингиллар жанжали камроқ учрайдиган нохуш ҳодиса.
Опаси унинг аҳволига парво қилмади.
-Энди меникида яшайсан. Сенга барибир эмасми? Битта ўзингга битта уй етади.
Дардли ҳолати чекиниб, энди Хадичани ғазаб олови чулғади.
-Опа, у уйда мен яшайман!-деди жаҳл билан.
-Уй меники, демоқчимисан? Шунақа жанжал бошлашингни билганийдим.
-Жанжал бошлаётганим йўқ. Бугун бўлмаса эртага уй барибир қизингизга қолади.
-Бўпти-да!-деб жилмайди опаси.-Матлубани узатиб юборамиз. Уйни сотамиз. Қўрқма, ҳамма пулни ўзим еб кетмайман. Ҳақингни бераман.
-Шунақами?-деди Хадича қошларини чимириб. Кейин пичинг қилди: - Босит акам билан Холиднинг ҳақларини ҳам берасизми?
-Нега берарканман!-деди опаси пичинг оҳангига аҳамият бермай.-Уларинг эски уй ҳисобидан янгисини олволишган. Бу уй менинг номимда. Ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Қаёққа бориб дод деса деяверишсин!
Бу гап ўзига ҳам тегишли эканини англаган Хадича титраб кетди.
Суюнчи хабар билан бахт қуши қанотларида учиб келган Хадича ўша куни опа-сингиллик ришталари узила бошлаганидан кўнгли чўкиб, дард ва алам қайиғида уйига қайтган эди.
Ситамдийда дардини кимга айтиши мумкин? Акасига борган эди у: “Менинг ҳам, Холиднинг ҳам даъвоимиз йўқ, ҳаммаёққа овоза қилмай, ўзларинг келишинглар”, деб гапни калта қилди. “Хола” демай, ҳамиша “ойижон” деб иззатлаб келган Матлуба уй можароси бошлангач ўзгариб қолди. Можаро авжига чиққанда келди.
-Ойим тўғри гапиряптилар. Уйни сотиш керак. Ўрнига элитний уйдан олиб берасизлар, чарлари куни қўлимга яп-янги машина калитини топширасизлар. Ҳозир ҳамма шунақа қиляпти,-деди. Авваллари бир нима сўраса, тантиқланарди. Бу сафар овозида тантиқлик йўқ, Хадича учун янгилик бўлган ёвузлик бор эди. Опасининг талабларига тоқат қилиши мумкиндай эди, бунисига чидай олмади, юрагидаги бир томир узилиб кетгандай бўлди.
-Қизим, унақа демагин, сенам шу уйда катта бўлгансан. Даданг билан бувинг шу ҳовлида сени кўтариб юришарди.
-Э, эски гапларни гапираверманг. Агар уйни соттирмасангиз, мени қизим деманг. Сизга қарашни ҳам хоҳламайман...
Матлуба гап талашиб ўтирмади. Кийим-кечагини йиғиштирди-ю, Хадича билан хайрлашмаёқ онасиникига кетди. Босит “овоза қилмаларинг” дегани билан иш судга бориб тақалди. Қонун опаси томонда эди. Лекин маҳалла Хадича томон бўлиб “иш” аросатда қолди. Ўшанда опа-сингил бир-биридан юз ўгирган эди.
Лекин... Матлубани қарғамаганди. Ҳатто опасини ҳам қарғамаган эди...
Хадичанинг ўйга ботганини кўрган Холниса энди титроқ овозда саволини такрорлади:
-Тўғрисини айт, қарғаганмидинг?
Хадича хотира тўридан чиқиб, опасидан нигоҳини олди:
-Нега қарғайман... у менга ёмонлик қилмаган... Мен... ҳеч кимни қарғамайман...
Хадича “сизни ҳам қарғамаганман”, демоқчи эди, лекин бу гапга тили айланмади. Чунки ўшанда “Худога солдим!” деганди. Кейинчалик кимдандир бунинг ҳам қарғишнинг бир тури эканини билиб, кўнгли хижил бўлганди. Опаси ёмонлик қилгани билан унинг бошига бало ёғилишин истамаганди.
-Сен бу қиз ўлмагурни жудаям талтайтириб юборгансан. Ҳар йили Анталияга борасанлар, бу йил “умра”га борларинг девдим. Диний идорадан таниш топиб, гаплашиб ҳам қўювдим.
-“Умра”га дейсизми? Матлуба намоз ўқиятувдими?
-Қаёқда? Сен ўргатиб қўювдингми?
-Ўзимам билмайман-ку? Куёв ўқирканми?
-Куёв... тўғрисини айтсам, оёқ олиши сал чаккироқ экан. Ўша ёққа бориб келса инсофга кирармикин, девдим. Японияни томоша қилиб келамиз, деб туриб олишди. Томошалари ҳам балогинага учрасин!
-Унақа деманг... Цунами ҳаммаёқни бараварига босмаган. Ҳозир телефон алоқаси ҳам ёмон ишлаяпти. Худо хоҳласа, эсон-омон келиб қолишади.
-Айтганинг келсин... Лекин... сен барибир... Матлубани кечиришинг керак. Қарғишингни қайтиб ол.
-Қарғамаганман, дедим-ку?! Матлуба менга ёмонлик қилмаган.
-Қарғамаган бўлсанг, бизникига кўчиб борасан. Кўчиб бормасанг... у дунё-бу дунё рози эмасман!
Буни эшитиб Хадича бир сесканди.
Ўшанда ҳам шундай деган эди. Лекин ундаги оҳанг бошқача эди. Эндигиси... Наҳот юрагидаги меҳр-муҳаббат ўлмаган бўлса? Худо опасига инсоф берганмикин... Виждони уйғонганмикин... Хаёлига шу умидли фикрлар келиб, ичида “илоҳим... илоҳим...” деб қўйди.
Матлубани туққан йили опасига бир хасталик илашиб, врачлар “тузалишига умид йўқ”, дейишгач, бу соҳанинг пешқадамлари қаерда эканлигини аниқлаб, ўша шаҳарга олиб борди. Салкам икки ой опасининг ёнида ўтирди. Ўшанда опаси “яхшилигингни ўла-ўлгунимча унутмайман, ўзимнинг умрим етмаса, болаларим остонангга ётиб олиб бўлсаям хизматингни қилишади”, деган эди.
Опасининг қасам ичиши осон, унутиши унданда осон. Хадичани бу ҳақиқатга ишонтириш учун ортиқча мисол келтириш шарт эмас. “Кўчиб бормасанг... у дунё-бу дунё рози эмасман!” деган гапнинг дилдан эмас, тилдан учганига ишончи комил эди. Шунинг учун ҳам ҳаяжонламади, кўзларига ёш ҳам келмади. Балки, истеҳзо билан кулимсираб қўйиш билан чекланди.
-Мени қарғаган бўлсанг...-опасининг овози титради, кўзларига ёш олди,- қарғаганлигинг аниқ... бу қарғишингни ҳам қайтариб ол. Қайтариб олмасанг... ойим гўрларида тик турадилар, билиб қўй!
Қарғишни қайтариб олишни истаган одам узр сўраши, тавба қилиши лозим эди. Опаси кириб келганида Хадича шундай узрхоҳликни кутганди.
“...қайтариб ол... қайтариб олмасанг... аям гўрларида тик турадилар, билиб қўй!”
Кечирим сўралмай, талаб оҳангида гапирилиши уни ғашлантирди. “Аямнинг гўр азобида ётишларига мен айбдор эканманми?” деган фикр юрагини ўртаб, йиғлаб юборай деди. Бақириб юборишдан ўзини тутиш мақсадида бошини шарт буриб олди.
-Эрталаб фолбинга борувдим, Хонадонингизга қарғиш тушган, қарғиш кўтарилса, қизингиз топилади, деди. Бизларни ким қарғаган бўлиши мумкин? Мени Худо урай деб турибди, қарғаган бўлсанг, қайтиб ол, қайтариб олмасанг, юрагим ёрилиб ўлсам товонимга қоласан.
Бу даъво ортиқча эди. Юмшай бошлаган қалбида энди ғазаб ўти ёнди. Нима қилсин? Нима десин энди бу нодон хотинга?! Ҳа, унинг томирларида отаси билан онасининг қонлари оқяпти. Ҳа, онаси унга бошқа опа туғиб бермайди! Ҳа, унинг сингиллик бурчи бор! Бу бурчни онаси юклаб кетган. Опаси уйга ҳар келганида бир олам ҳасратини тўкарди. Ҳасратини тўкарди-ю сўнг “уйда сарёғ йўқ, гўшт йўқ”, деб ошхонани қуритиб кетарди. Хадича бундан ғаши келса ҳам индамасди. Онаси “опангга ёрдам бериб тур”, деб пул сўраганида опасининг муҳтож эмаслигини билса-да, унинг раъйини қайтармасди. Аммо онаси ётиб қолганида ҳам опаси келиб, ҳасратини дастурхон қилавергач, бир куни танбеҳ беришдан ўзини тиймади. “Аямни кўнгилларини кўтариш ўрнига азоблаб кетяпсиз. Аям шу ётган ҳолларида дардингизга шерик бўлишлари керакми? Эрингиз чойхонадан бери келмаётган бўлса аям нима қилиб бера оладилар? Ўғлингиз имтиҳон топшира олмаган бўлса аям домлага югуришлари керакми?” деб қаттиқ-қаттиқ гапирганида “Опангга бунақа дейишга ҳаққинг йўқ”, деб онасидан дакки эшитган эди. Опаси аҳмоқ эмас, онасига ҳасрат қилиб, синглисидан ёрдам кутарди ва бу ёрдамга эришарди.
Онасининг сўнгги куни, киртайган кўзларидан нур қочиб, бурун катаклари кенгайган онда опаси келган эди. Хадичанинг “бугун ётиб қолинг” деган илтимосига “Бугун бодринг тузлашим керак. Поччангни биласан-ку, қиши билан тузлама еб чиқади”, деб жавоб қилганди. Онаси ўша кеч узилганди. Опаси жанозага йиғилганлар ҳузурида “вой онам!”лаб сочларини юлганди. Одамлар кўзига меҳрибон қиз бўлиб кўринганди. Хадича ўшанда уни ҳайдаб юборгиси келганди, аммо... арвоҳ хотира... ўзини тутганди.
Ҳозир ҳам ҳайдаб юборгиси келди.
Ҳозир ҳам арвоҳ хотира...
-Шу пайтгача тошдек юрак ёрилмаган, сизники ҳам ёрилмайди, қўрқманг. Товонингизга қолмайман. Мен... эсимда йўқ, агар сизни қарғаган бўлсам, қайтиб олдим ўша қарғишимни. Қизингиз эсон-омон қайтиб келсин, бахтини кўринг.
Хадича авваллари алоҳида бир меҳр билан “қизим” дерди, бу сафар “қизингиз” деган сўзга атайин урғу берди. Опаси буни сезмади.
-Матлуба эсон-омон келса, поччангнинг қўйларидан биттасини сўйиб худойи қиламиз. Албатта борасан. Бормасанг, сендан рози бўлмайман. Кейин иккаламиз “умра”га бориб келамиз. Ҳаражати мендан.
-Умрада нима қиламан, намоз ўқишниям билмайман-ку?
-Менам билмайман. Бораётганларнинг ҳаммаси намоз ўқийди, деб ўйлайсанми? Кеннайим борганида биз борсак нима бўпти! Борамиз, аям билан адамнинг ҳақларига дуолар қилиб келаверамиз.
Опаси шундай деб жаврашдан тўхтамади. Агар уларнинг суҳбатига бирон-бир иймон эгаси гувоҳ бўлганида “умрага боришдан олдин бир-бирингизга меҳр ва муҳаббатли бўлишни ўрганинг, силаи раҳм қилинг, шунда ота-онанагиз гўрларида тинч ётишади”, дермиди...
Холниса дардини айтган, дардига малҳам бўлгулик жавобни олган эди. Хадича меҳмондўстлик одатига риоя қилиб, чой дамлаш учун ўрнида турганда опасининг телефони жиринглаб қолди. Холниса телефонни қулоғига тутиб “алё” деди-ю, у томондан келган овозни эшитиб, ўрнидан туриб кетди:
-Ҳа, алё, Матлуба, сенмисан? Тинчмисан? Нега хавотир олмас эканман, Япониянг остин-устун бўлиб кетибди-ку? Нима? Қаердасан? Малайзияда? Менга Япония девдинг-ку? Вой бетгинанг қурсин сени! Мени тириклай гўрга тиқдинг-ку! Хўп, бидирлама, бўлди. Яхши экансан. Ҳар куни икки марта телпон қилиб тур. Ҳа, пулини ўзим тўлайман.
Холниса телефонни қулоғидан олиб чуқур уф тортди-да, жойига беҳол ўтирди.
-Худога шукр, бошимиздан бало ариди. Энди мен борақолай, поччанг битта хўроз сўйиб, қон чиқариб юборсин.
-Бир пас ўтиринг, иссиқ қайтсин, кечки салқинда кетарсиз.
-Ўз уйим, ўлан тўшагим, бориб каравотимга думалаб олмасам, ҳолдан тойиб қоламан.
Хадича опасини узатиб чиқди. Холниса кўчага чиқиб девордаги “Уй сотилади” деган ёзувга боқди, сўнг эса синглисига савол назари билан қаради. Хадича ундан “ўчириб ташла”, деган амрни кутди. Лекин Холниса индамай кетаверди. Хадича унинг изидан қараб туриб, ёзувни кафти билан ўчирмоқчи бўлди. Қўлни узатди-ю, даров тортиб олди. Ёзувни опаси ёзиб кетган эди, ҳали қайтиб ўчириб кетишига ишонч уйғонди...
Юзма-юз
Боши берк кўчага кўндаланг тушиб, этагини боғлаб турадиган уй Тўла оқсоқол билан Маъсума бувига тегишли. Бу ёши улуғлар кўчанинг икки қанотида яшовчи қўшниларни бир-бирларига занжир халқаси каби боғлаб туришганга ўхшайди. Уларнинг тўнғич ўғли кўп қаватли уйда яшайди. Қизлари ҳам ўзларидан тинишган. Фақат икки йилга, деб хорижга дипломатик ишга кетган кенжасининг қайтишидан дарак йўқ. Унинг кетишига Маъсума буви қарши эди, чоли “Раъйини қайтарма, дунёни кўриб келсин”, демаганида остонага ётиб олишдан ҳам қайтмас эди. Кенжаси кетгач, тўнғичининг кўчиб келишини исташди. “Эшитса, “Акам кетишимни пойлаб турган экан”, деб укамнинг кўнгли эзилади”, деган баҳонада тўнғич ота-она хоҳишини бажармади. Қизлар жон-жон деб келишарди-ю, лекин уларнинг истаги билан ким ҳисоблашади? Гап “ичкуёв – пучкуёв”, деган висир-висирдан иснод қилувчи куёв тўраларда!
Уй ҳувиллаб ётмасин, деб янги оила қурган келин-куёвни ижарага қўйишган. Номи ижара холос: Мардоннинг ҳовлидаги ишларга, Шафоатнинг кир-чирга қарашганидан қувонган чол-кампир улардан иккинчи ойдаёқ ҳақ олмай қўйишган.
Уй ҳувиллаб ётмасин, деб янги оила қурган келин-куёвни ижарага қўйишган. Номи ижара холос: Мардоннинг ҳовлидаги ишларга, Шафоатнинг кир-чирга қарашганидан қувонган чол-кампир улардан иккинчи ойдаёқ ҳақ олмай қўйишган.
Маъсума бувининг кунботарда қўни-қўшниларни бир-бир йўқлаб чиқадиган одати бор. Бу оқшом ҳам одатини канда қилмай, ҳовлисига қайтиб, Мардонни кўрди-ю, ҳол-аҳвол сўрай кетди:
-Мардонжон болам, эсон-омон келдингизми? Бувингизнинг соғлиқлари яхшими?- У шундай деб Мардонга яқинлашди-да, елкасига қоқиб кўришди.- Шафоатхондан ҳар куни сўрайман, денг. Қариларнинг иши қийин-да. Омон бўлинг, ишқилиб, болам, кунда икки марталаб хабар олиб турибсиз. Бўлмаса, Шафоатхон сиқилиб, тарс ёрилиб кетардилар...
Мардон бу гапни эшитиб, хотинига қаради. Шафоат ҳеч нима билмагандек ҳовлини супураверди. Кампир ҳомиладор жувонга синчковлик билан тикилиб турди-да, нима учундир бош чайқаб,“Бўлди, болам, энди кўп уринманг” дегач, уйига кириб кетди.
-Гапларини эшитдингизми?- деди Мардон хотинига яқинлашиб.- Қайси бувимни айтяптилар?
-Билмасам,- деб елка қисди Шафоат.
-Сиз айтгандирсиз-да?
-Ҳа, мен айтдим. Ё «аразлаб кетиб қолдилар», дейишим керакмиди?
Бу савол Мардонни гангитиб қўйди. У қайтаётиб, Шафоат онасиникига кетиб қолгандир, деб гумон қилган, ўзича уни қайтариб олиб келиш йўлини излаган эди. Эшикдан кириши билан ҳовлига сув сепаётган хотинини кўрди-ю, кўзларига ишонмади.
Мардон чиндан ҳам аразлаб кетган эди. Йўқ. У Шафоат билан айтишмади, жанжаллашмади ҳам. Фақат ҳаётнинг аёвсиз тўлқинига илк бор дуч келиб, довдираб қолди: мустақил яшашга ҳали тайёр эмаслигини анча кеч тушуниб етди. Болаликда «беш» баҳо олиб суюниш, икки олганда ранжиш, баъзан раҳмат эшитганда қувониш, танбеҳ эшитганда эса қайғуриш етилиб келаётган ҳақиқий бахт билан ғамнинг куртаклари эканини эканини барвақт англаёлмади.
У Тошкентга келиб, дорулфунунда ўқий бошлаганида ўзини энг бахтли одам хис этган эди. Назарида, олам бахтга лиммо-лим тўлаю ундан истганича симира олади... Шафоат лўппи юзидаги кулгичларини ўйнатиб, унга жилмайиб боққанида ҳам Мардон ўзини бахтли ҳис қилган эди. Шундан сўнг муҳаббат бобидаги омад қўл ушлашиб келаверди: аввал илк бор «Мардон ака», деган сўзни эшитганида, кейин биринчи марта сайрга чиқишганида, сўнг илк бўса олганида ўзини ерда эмас, самода учиб юргандек ҳис этди.
Мардон қизнинг ҳусниданми ё ширин сўзиданми, иболи қарашлариданми маст эди. Шунинг учун ҳам оёғи остида ташвиш тошлари ётганини сезмади. Бир куни ана шу тошларга қоқилиб йиқилиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмади. Назарида, ҳаёт фақат яхши яшаш учун, бахтиёр дамларни лаззат билан ўтказиш учун берилган эди.
Эҳтиросларига эрк берган ўша куни ҳақиқий ташвиш билан биринчи марта юзма-юз келди. Шафоатнинг «Энди нима бўлади?» деган саросима тўла сўзидан кейин бу ташвишнинг юки янада оғирлашди.
Улар тоққа сайрга чиқишганида, шайтоннинг йўриғига киришди-ю, нафсларини жиловлай олмай, никоҳдан ташқарида эр-хотин бўлиб қолишди. Бундай бўлишини иккови ҳам олдиндан кутмаган, ҳатто истамаган эди. Лекин шайтоний куч уларнинг иродасидан устун келдию чимилдиқда юрак ютиб, ҳаяжонланиб ўтириш бахти орзулигича қолиб кетди.
Тиззасини қучоқлаганича бош эгиб ўтирган Шафоат: «Энди нима бўлади?» деб аста пичирлаганида, Мардон: «Нима бўларди, тўй-да!» деб кулиб қўйган эди. Дастлаб бу воқеадан унчалик ташвишга тушмадилар. Чунки, улар бир-бирларини севардилар. Бир кунмас-бир кун шундай бўлиши муқаррарлигини ҳам билардилар. Тоғдаги воқеа бир-бири билан синашта бўлиб қолган севишганларнинг бахтига човут солувчи ёки уларнинг бахтини ғамга айлантирувчи қудратга ҳам эга эмас эди. У шунчаки ҳаёт ташвишларининг дебочаси эди.
Шафоатнинг ота-онаси юраклари тўрида узоқ йиллар беғубор сақлаганлари орзу-ҳавасларининг барбод бўлишига чидай олмадилар. Айни пайтда улар ночор қолган эдилар. Тоғдаги шармандали воқеанинг исини чиқармасдан Мардонни куёв қилишга мажбур бўлдилар.
Тўй кунлари Мардон айбдор одамдек бўйнини қисиб юрди. Дадаси, онаси укалари, сингилларининг ёзу қиш далада ишлаб топган пуллари бир неча кунда совурилди. Улар орзу-ҳавас деб йиққан-терганларини шу ерга тўкиб, кичкина тугунча билан қишлоққа қайтишди.
Тотли кечалар бошлангач, Мардоннинг қалбидаги бу эзилишлар унутилди. Шафоатнинг чиройи янада очилиб кетди. Жилмайганида оппоқ юзидаги кулгичларининг ўйнаши, нозли сўзлари Мардонни сирли- илоҳий дунёга етакларди. Бу дунёда улар икковлари гўё ёлғиз қолишар, ҳамма нарсани буткул унутишарди...
Ана шундай тотли кечаларнинг бирида Шафоат эрининг бўйнидан қучиб, деди:
-Ҳали ойим келиб-кетдилар. Эртага тоғам чорлаётганмишлар.
-Бўпти, дарсдан кейин ўтаверамиз.
-Вой?!
-Ҳа?
-Икки қўлимизни бурнимизга тиқиб, шўппайиб кириб борамизми?
-Тушунмадим? Қандай кириб боришимиз керак?
-Худди бошқа дунёнинг одамига ўхшайсиз-а? Чорлашнинг ўзи бўладими, лозимандаси бор.
-Шуни сиз қилмай қўя қолинг. Ўқимаган, тушунмаган аёл бўлганингизда бошқа гап эди. Улар бизнинг кўтариб борадиган нарсамизга зор эмасдирлар?
-Сиз кеннойимни билмайсиз. Қариндошларнинг ичида шарманда қилишдан ҳам тоймайдиган хотин у. Битта мен тушунганим билан иш битмайди-да.
-Хўш, нима олиш керак?
Шафоат бармоқларини букиб, санаб берди.
-Тоғамга ҳеч бўлмаганда битта яхши кўйлак, кеннайимга бир кийимлик вилюра, ўғилларига, қизларига...
-Отасига танк, онасига паравоз, қитъалараро ракета керак эмасми?-деди Мардон мазах оҳангида.- Бомбардимончи самолётчи?
-Нега масхара қиласиз?-деди Шафот лабини буриб.
-Шунақа ҳажвий кино бор-ку, Эргаш Каримов ўйнаган. Ўша кино олинганидан бери олам ўзгариб кетди. Лекин сизлар ўзгармабсиз. Хўп, ўзингиз айтинг: шунча нарсага пул қани? Стипендиямизни қўшсак етадими?
-Битта-яримтадан қарз олинг.
-Масаланинг ечими осон экан-ку?!-Мардон шундай деб бўйнини қашиган бўлди.- Хўп, майли. Лекин огоҳлантириб қўяй: фақат бир марта!
Бу кеча Мардон учун тотли туюлмади. Тўғрироғи, унинг учун ташвишли кечалар юз оча бошлади.
Бир томонда - ўқиш, имтиҳонлар яқинлашган, бир томонда - меҳмондорчилик. Шафоатнинг амма-холалари кўп экан, бири чорлайди, яна бири тўйга айтиб кетади... Ҳаммасига бориш керак. Боришнинг эса ўзи бўлмайди... Охир-оқибат стипендиялар ҳам, қишлоқдан келиб турувчи ёрдам пули ҳам томизғига арзимай қолди. Анча-мунча қарзга ботиб, ўзларини давралардан четга тортадиган бўлиб қолишди.
Бир куни кинога кетаётган курсдошларидан ажраб, уйга қайтишса, Шафоатнинг онаси Маъсума бувига куйиб-пишиб гапириб ўтирган экан.
-Боламнинг кўнглига қарашдан бошқа иложим қолмади, бўлмаса қишлоққа қуда бўлиш менга зарур кептими? Бой-бой хонадонлардан совчи келаётувди. Мана энди қизимнинг ижарада яшашига чидаб ўтирибман. Куёв дегани топарман-тутарман бўлса ҳам майли эди.
-Сабр қилинг, қоқиндиқ, иккови ўқишни битириб олса, мартабалари баланд бўлиб кетади, уларнинг роҳатини кўрасиз,-деб юпатган бўлди Маъсума буви.
Хасратини давом эттирмоқчи эди, қизи билан куёвини кўргач, гапи оғзида қолди. Маъсума буви секин туриб, уйига кириб кетди. У қизининг пешонасидан ўпиб, куёви билан эса совуқроқ сўрашди. Шафоат айвонга жой солмоқчи бўлади.
-Қўй уринма, кетаман,- деди у дастурхон ёзмоқчи бўлган қизига.
-Мунча!- деди Шафоат онасига эркаланиб.- Қачон қараманг, отингиз эгарлоғлиқ.
-Дадамни соғиниб қолсалар керак-да,- деди Мардон ҳазиллашиб. Аммо қайнонасининг энсаси қотганини кўриб, изза чекди. Қайнона эса унинг гапини эшитмагандек, Шафоатга юзланди:
-Эртага Фотиҳ амакинг неварасига бешик қиляпти. Шуни айтгани келувдим.
-Хўп, ўқишдан чиқиб бораман.
-Ўқишинг нимаси! Бир кун қолсанг, дунёни ер ютиб кетмас. Сен ҳам оилали одамсан, қадрингни билиб, ҳамма қатори кириб бор. Итнинг кейинги оёғи бўлиб судралиб юрма.
Қайнонанинг кейинги гапи Мардонга тегиб кетди. Бирор нарса деб юборишдан ўзини тийиб, ҳовлига чиқди. Қайнона унинг изидан ҳиссиз боқиб, гапини давом эттирди:
-Яна анави савил сумкангга тўртта нон солиб, шўппайиб кириб бормагин. Тузукроқ тугун қилиб, устига бир кийимлик чит бўлса ҳам қўй, тушундингми? Бўпти, энди мен кетдим, омин, Аллоҳу акбар!- Ўрнидан туриб, куёви билан тил учида хайрлашди-да, чиқиб кетди. Мардон билан Шафоат айбдор болалардек бир-бирларига тикилиб қолишди.
-Тугунга пулни қаердан оламан?- деди Шафоат бўшашиб.
-Бормайсиз.
-Вой, гапларини эшитдингиз-ку? Қариндош-уруғлар ичида шарманда бўламиз.
-Эртага академик Қодировнинг ўзи дарс ўтади. Шундоғ дарсни ташлаб, бешик тўйига борасизми?
-Қизиқсиз-а, улар академик Қодировнинг кимлигини билишадими?
-Ҳа, бўпти, бораверинг. Имтиҳонда сонлар назарияси ўрнига тўйдаги бемаъни гапларни гапириб берарсиз.
Шафоат лабини буриб, тескари қаради.
-Қариндошларим бир нима қилишса, дарров норози бўласиз,- деди у таъна билан.- Ўзингизники келмаса, мен айбдорманми?
-Менинг қариндошларим билан ишингиз бўлмасин. Улар сизникига ўхшаган бекорчимас.
-Мана шунақасиз-да...
-Бўлди!- Мардон ўзини тутолмай бақириб юборди.- Бораверинг, дедим-ку!
-Унда харажат қилиб чиқинг.
-Ўзингиз қилаверинг.
-Пул беринг.
-Пул йўқ.
-Вой, мунчаям зиқна бўлиб кетяпсиз?
Мардон индамади. Дераза олдига бориб, райҳонларни тешачопиқ қилаётган Маъсума бувига тикилди, кейин хотинига юзланди:
-Онангиз ўйламасалар, сиз ўйланг. Пулни қаердан топамиз?
Шафоат эрининг елкасига бош қўйди-да, гуноҳкор одамнинг овози билан деди:
-Мен нима қилай? Одатимиз шунақа. Қариндош-уруғдан четга чиқиб қолмайлик, дейман-да. Ўқишимизни битиргунча қийналармиз, кейин яхши бўлиб кетар...
Мардон ташқаридан кўз узмай, яна жимиб қолди. Ниҳоят, тўрхалтани кўтариб, бозорга жўнади.
Харажат қилиб қайтса, уйда амакиси ўтирибди. Мардон сўраша туриб, унга зимдан разм солди. Ўтириши ўша-ўша: чордона қуриб, қўлини тиззасига қўйган, нимадандир хижолат чекаётган одамдек бўйнини сал қийшайтириб, дастурхон четини химариб ўйнаяпти. Юзидан бирор фикр уқиш қийин, ёлғон гапираётганида ҳам, рост сўзлаётганида ҳам, жим турганида ҳам туси сира ўзгармайди. Шунинг учун Мардоннинг дадаси, жахли чиққанида, уни «кесак башара», деб сўкиб юради.
Шафоат чойнак кўтариб кирди-да, остонага чиқиб, эрини имлаб чақирди.
-Шу сабзидан ишлатаверайми?-деб сўради шивирлаб, Мардон остона ҳатлаши билан.
-Бошқаси борми?
-Қизиқсиз-а?
-Бўлмаса нимага сўрайсиз. Ишлатаверинг. Эртага бир гап бўлар.
-Ул-бул олиб келмайсизми? Қуруқ ош билан...
Мардон «қўяверинг», деб ичкари кирди. Амакиси тикилиб тургани учун унга тик қараёлмади.
-Нима деяпти?- деб сўради амакиси.
-Ҳеч нарса... ўзи шунчаки...
-Овқатга уннамасин, кетаман.
-Ие, қуруқдан қуруқ-а?
-Чиқиб айт, уннамасин.
Мардон ноилож ўрнидан туриб, амакисининг буйруғини бажарди.
-Қийналиб қолганга ўхшайсан, ма, ол, кам-кўстингга ишлатарсан,- деди амакиси пул узатиб. Мардон қўл узатмагач, гапни кўпайтирмай, кўрпача қатини кўтариб, пулни ташлаб қўйди-да, сўзини давом эттирди:- Шу хоначага қанчадан тўлаяпсан?
-Биздан пул олишмайди.
-Олишмайди? Бу чўпчагингни бошқаларга айт, жиян! Камида юз мингни қуртдай санаб берарсан. Шу ҳам турмуш бўлди-ю...
-Кўпи кетиб, ози қолди. Ўқиш тугаса...
-Ўқишинг тугаса ҳам шундай шўппайиб юраверасан. То қаддингни тиклаб олгунингча, ота-онангнинг бели букилади. Отанг бечора: «Тўнғичим ўғил бўлди!» деб қувониб юрарди. Тўнғичининг аҳволи мана бу. Йигирма иккига чиқибди-ю, уйига икки чақалик фойда келтирмабди.
-Нима қилай, амаки, шунақа бўлиб қолди. Ниятларим бошқача эди...
-Ниятингни яхши биламан. Ҳой бола, кўзларингни оч. Ўқиб олим бўламан, деб чучварани хом санама. Одамлар ниманинг дардида ғимирлаб юришибди? Чўнтагинг қаппайиб турмаса, биров сенинг билимингни сариқ чақага олмайди. «Ёнимга кир», деганимда, «Ўғри бўлайми?» деб кўнглимни оғритган эдинг, эсингдадир? Ўқишни битириб борадиган ерингда ўғирлик бўлмайдими? Бўлади! Хўп, ўғирликка қийналиб бординг нима-ю, осон йўл билан бординг нима? Ҳали ҳам кеч эмас, тўрвахалтангни кўтариб, қишлоққа қайтавер. Ҳеч бўлмаса ота-онангни ўйла.
Мардон нима деярини билмай қолди. «Амаки, фикрингиз нотўғри, ҳаммани ўз қаричингиз билан ўлчаманг», деса, бари бир тушунмайди, қайтага баттар аччиқланади. Ҳар бир одам дунёга ўз кўзи билан қарайди, ҳаёт фалсафасини ўзича идрок этади, бировнинг онг доираси кенг, бировники тор. Шундай экан, амакисига гап уқтиришнинг фойдаси бормикин?
Икки ўт орасида тутунсиз қоврилиш Мардонни имтиҳон пайтида айниқса қийнаб юборди. Биринчи имтиҳондан жавоб бера олмаса ҳамки, унинг ҳамиша аъло ўқиб келаётганини назарда тутиб, устози «аъло» қўйди. Аммо иккинчи имтиҳонда аранг «уч»га илинди. У ҳеч кимга қарамай, йиғламоқдан бери бўлиб, уйга қайтди. Жавобга тайёрланиб ўтирган Шафоатни ҳам кутиб ўтирмади. Кела солиб каравотга узала тушди. Устози билан бўлган савол-жавобларини бир-бир эслади. Орқа столда жавдираб ўтирган Шафоат кўз олдига келди-ю, қилган ишидан пушаймон еди. «Ҳали ҳам бўлса борай», деб ўрнидан турди. Кўча оғзига етганида қайнонасига йўлиқиб, тўхтади.
-Уйда ким бор?- деб сўради қайнона куёвининг саломига беписанд алик олиб.
-Ҳеч ким.
-Ўзи шунақа, қачон келмай, ҳеч ким бўлмайди.
Мардон Шафоатнинг ҳозир келиб қолишини айтиб, уни уйга бошлади.
-Қишлоғингиздан дарак борми?-деб сўради қайнонаси фотиҳадан сўнг.
-Ҳа, хабарлашиб турибмиз.
-Бир келишса, чақириқни гаплашиб олардик.
-Яна чақириқми?
-Ие, куёв тўра, қуда чақириқлар қилинмади-ку?
-Шу... чақириқлар ҳам кўпайиб кетди-да...
-Уни қаранг-а, хотин олишни осон деб ўйлаган экансизда, а?! Қизимни-ку, йўлдан уриб уйландингиз. Хўп, дардимиз ичимизда, энди удумларимизга ҳам чидамайсизми? Қўйинг, тилимни қичитманг, уришиб қоламиз.
-Чақириқни ўқиш тугагандан кейин қилсак-чи?
-Ҳой, куёвжон, биз саҳройи биёбонда турмаймиз, эл-юрт ичида яшаймиз. Биз ҳам уларнинг тузини тотганмиз. Маҳалла-кўйда ўзимизга яраша обрўйимиз бор. Ё уч киши бўлганларингда чақириб, шармандамиз чиқсинми? Одамлар нима дейди, ҳеч ўйлайсизми?
-Одамларнинг бизлар билан нима ишлари бор? Битта-яримта сўраса, ҳозир иложи йўқ экан, денг-қўйинг.
-Ҳм... Яхши... Нимага иложингиз бор ўзи?! Балки, қизимни боқиш ҳам ортиқчалик қилаётгандир? Айтинг, қурбингиз келмаётган бўлса олиб кета қолай!
Бу гап Мардоннинг суяк-суягидан ўтиб кетди.
-Олиб кетасизми?- деб сўради алам билан. Шу тобда қайнонаси кўзига жуда-жуда хунук кўринди. Унинг юпқа лаблари, туташ қошлари шунчалар беўхшов туюлдики, юзига қарагиси ҳам келмай қолди.
Айни пайтда Мардон ҳам қайнонасининг кўзларига ёмон кўринаётган эди. У куёвининг «Олиб кетасизми?» деган пўписасига чидай олмади, шартта ўрнидан турди-да:
-Ҳа, олиб кетаман!- деб хитоб қилди.
Борлиғини ғазаб чулғаган Мардон қайнонасининг овозида қатъиятликдан кўра хавотир кучли эканини сезмади, бирдан қўл силтаб: «Олиб кетаверинг!» деди.
Бу гап билан тутаётган ўтинга мой сепилди. Аланга забтига олаётганда Шафоат кириб келди. Онасининг узуқ-юлуқ гапларидан ҳеч нима тушунмай, эрига боқди, Мардоннинг тутаб турганини кўриб, онасига ялинди.
-Қани, нарсаларингни йиғиштир,- деди онаси.
-Нимага?- деб сўради Шафоат ажабланиб.
-Йиғиштир, йиғиштир, деяпман. Махсимчанг ўзини эпласа ҳам катта гап! «Олиб кетинг!» деяпти.
-Ойи!- Шафоат бу гапдан изза чекиб, онаси учун кечирим сўрагандай Мардонга юзланди. Мардоннинг лаблари титради. Нимадир дейишга оғиз жуфтлади-да, лекин чурқ этмай чиқиб кетди.
Мардон шу чиққанича қишлоғига жўнаворди. Ота-она икки кун ўғилнинг оғзини пойлашди. Ундан садо чиқавермагач, онаси қийин-қистовга олди. Мардон шунда ҳам ёрилмади.
-Ўқишни ташладим, ўйлаб қарасам, олган дипломим билан тирикчилик ўтказсам бўлади, магистратурада ўқиш шарт эмас экан, энди амаким билан ишлайман,- деб гапни калта қилди.
У энди отаси билан бўлажак жиддий можарога шайланарди. Бироқ, отаси ўша куни ҳам, эртасига ҳам индамади. У хотинининг гапини эшитиб: «Индамай тура тур. Бугун-эрта эси кириб, қайтиб кетади», деган эди. Бу гапдан бехабар Мардон отасининг индамаганини «ризолик аломати» деб билиб, амакиси очган янги дўконда ишлай бошлади. Шунда ҳам отасидан садо чиқмади. «Дадам айтолмай юрган эканлар-да», деб ўйлади Мардон. Дўконда куни ўтгани сайин унинг юрак-бағри эзилаверди. Шафоат сира кўз олдидан кетмайди, худди эшикдан кириб келадигандай туюлаверади. Кечалари тушига ўртоқлари, устозлари, қайнонаси кириб, уйқуси қочганда, «Ҳаммаси ўткинчи, кўникиб кетаман», деган хаёл билан ўзини овутди.
Бир ҳафтадан сўнг амакиси унинг қўлига пул тутқазди:
-Мана жиян, меҳнатингга яраша ҳалоллаб оляпсан бу пулларни. Худо хоҳласа, ҳадемай елкангга офтоб тегиб қолади. Бу йил ҳажга боришнинг иложини қилолмасам, Чуқурқишлоқда битта дўкон қуриш ниятим бор. Уни ўзингга бериб қўяман, юритаверасан. Она томондан катта дадамиз тижоратчи бўлганлар, қонимизда савдогарнинг қони бор. Савдода ишлаш –савоб.
Мардон бойий бошлаганидан қувониб турганида дўконга қишлоқнинг ардоқли онахонларидан бўлган Маъсуда ҳожи она кириб келди. Келажакнинг тилларанг саройи орзусида турган Мардон унга салом беришни унутди. Ҳожи она салом кутиб, унга бир оз қаради, кейин афсус билан бош чайқади-да, ўзи салом берди. Шундан кейингина Мардон хомхаёллик гиламидан ҳақиқат бўйрасига тушиб, уялди.
-Бир кило шакар торт, болам,-деди Ҳожи она.
Мардон елимхалтага шакар солиб тарозига қўйди. Тарози кўрсатгичи тўхташга улгурмай, халтани олиб кампирга узатди. Шундай қилишни амакиси ўргатган. Шунча кундан бери биров унга танбеҳ бермаган эди. Ҳожи она халтани олиб, тарози ёнига қўйиб унга синовчан тикилиб турди. Кейин сўз бошлади:
-Болам, отангнинг суяги меҳнатда қотган, сенам эгатларда эмаклаб юриб, катта бўлгансан. Олимликка ўқиётган экансан, нега энди бу ишни маъқул топдинг?
Кампирдан бундай саволни кутмагани учун Мардон бир оз довдиради, кейин амакисининг тижорат ҳақидаги гапларини эслаб, жавоб қайтарди:
-Тижорат савоб-ку? Пайғамбар ҳам тижоратчи бўлган-ку.
-Бунақа гапларни ҳам биласанми?-деди Ҳожи она норози қиёфада қараб.-Билганинг яхши, лекин аввали шуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўчадаги ўртоғинг эмаслар, муборак номларини тилга олганингда сенсирамагин-да, салом йўллашни ўрган. Тижоратда савоб борлиги тўғри, лекин ҳаром аралашган тижоратдан савоб кутмагин. Афсуски, Қуръони Каримни қўлга олмаган кўринасан. Ўқиганингда эдинг, Исро сурасидаги “Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир”, деган маънони фаҳмлаган бўлардинг. Бу қалб поклигининг аломати, ўзаро ишончга боғлиқ нарса, хайр-барака омили. Яна Шуаро сурасида: “Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб тортувчилардан бўлманглар ва тўғри тарози билан тортинглар. Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб, санқиб юрманглар”, дейилган. Энди юрагинг сиқилмасин-да, битта ривоятни эшит: Ҳижоз билан Фаластин ўртасида Ақаба кўрфазида яшовчи Мадян халқига Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни пайғамбар этиб юборган. Мадянликлар ичида ўлчовда алдаб, бировнинг ҳаққини уриб қолиш авжида экан. Уларнинг диёри савдо карвонлари ўтадиган асосий марказ бўлиб, у ерда савдо ривожланган. Бу қавм фақат тарозида эмас, бошқа соҳаларда ҳам бировнинг ҳаққини уриб қолишга уста экан. Шуайб алайҳиссалом уларни инсофга чақирганларида улар ул зотни ёлғончига чиқардилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни азобга тортди. Ўлкани ғоят иситиб юборди. Нафас олиб бўлмайдиган даражага етганда осмонда булут кўриниб, ҳамма унинг соясида ором топмоқ истагида тўпланди. Шунда булутдан чақмоқ чақиб, ўт-олов чиқиб, барчаларини куйдириб юборди.
Ҳожи она гапларим қандай таъсир этяпти экан, деган маънода унга тикилиб турди. Мардон унинг ниятини англаб, бошини эгганича тураверди. Бу сомелик Ҳожи она кўнглига равшанлик берди, “Бу йигитнинг юраги ҳали тош қотмаган”, деган фикрда гапини давом эттирди:
-Ўтмишда азобга тортилган гуноҳ бугун жазосиз қоладими? Раҳматли Ҳожи тоғанг вафотларидан олдин бир воқени айтиб берган эдилар: у кишига нариги қишлоқдаги одамлар келишиб: “ўлим тўшагида ётган бир беморимиз бор, дам солиб қўйинг”, дейишибди. Тунги соат учда боришса, бемор беҳуш, ғоят оғир аҳволда экан. Ҳожи тоғанг калимаи таҳвид, калимаи шаҳодатни айтдиришга ҳаракат қилибдилар. Бир маҳал бемор ҳушига келиб, Ҳожи тоғангга бақрайиб қараганича: “Нимага мени мажбур қиляпсиз? Кўрмаяпсизми-ки, тарозининг бош қисмидаги темирини томоғимга санчиб-санчиб олмоқдалар!” дебди-ю, талвасага тушиб, кейин жон таслим қилибди. Ҳожи тоғанг унинг жон талвасасидаги гапидан ажабланиб, бунинг сабабини хотинидан сўрабдилар. “Бу ҳақда сўраб, ярамга туз сепманг, устоз,-дебди бева ўкинч билан.-Эрим тижоратчи эдилар. Тарозилари иккита эди. Кам кўрсатадиганини мол сотиб олаётганларида, кўп кўрсатадиганини сотаётганларида ишлатардилар”. У киши бир тарозида тортган бир кило мол иккинчисида саккиз юз грамм чиқаркан. Халқни алдаб яшаган одам шунақа қийналиб ўлган экан. Суфёни Саврий деган ҳазрати шайхнинг: “Ҳаром мол топмоқ Қиёмат ҳисобига ишонмасликдир. Кимки Қиёмат ҳисобига ишонмаса, кофир бўлур”, деган ҳикматли гапларини хотирангга михлаб олсанг, адашмайсан, болам.
Кампир шундай деб, шакар солинган елим халтани қўлига олиб, тарозига оҳистагина қўйди. Мардон тарози кўрсатгичига қаради-ю, яна бошини эгди. Шу он Ер ёрилса-ю, қаърига тушиб кетса ҳам рози эди. Гарчи Ҳожи онанинг нурли чеҳрасида ғазаб сояси кўринмаган бўлса-да, Мардоннинг юрагини қандайдир темир қўл бураб сиқа бошлади. Ҳожи она чиқиб кетгандан кейин ҳам жойида қотганича анча туриб қолди. Кейин дўконни ёпиб, сой бўйига тушиб кетди. То шомга қадар ёлғиз ўтирди. Кўп ўйлади, тўғри йўл топмоқни истади. Ҳаёт тажрибаси етарли бўлмаган одамнинг тўғри йўл топмоғи осон эканми?
Кун ўтган сайин Ойниса адойи тамом бўлаёзди. У ёқда ҳомиладор келини, бу ёқда тумтайиб, дардини очмаётган ўғли... Охири, ўйлай-ўйлай, қишлоқнинг эътиборли онахони ҳузурига борган эди. Боришга борди-ю, хасрат дафтарини дарров очишга ийманди.
-Ҳожи она, ўғлимнинг келиб қолганини эшитгандирсиз?-деди ерга кўз тикканича. Боласининг қилмишидан уялган онага нақадар қийин! Ҳожи она унинг аҳволига тушуниб, мулойим овозда жавоб қайтарди:
-Эшитдим, яхши бўлмабди. Худодан инсоф сўровринг, эси кириб, ўқишига қайтиб кетади.
-Қўлига пул тушиб, эси кирадиганга ўхшамайди. Тарозидан ураётганмиш, қайтимни тўғри бермаётганмиш. Қишлоқда бош кўтаролмай қолдим.
-Яна пича сабр қилинг-чи, Худо хоҳласа инсофга кириб қолади. Ёшликда шунақа адашувлар бўлиб туради. Кўпам куюнаверманг.
Ойнисани шу каби гаплар билан овутиб жўнатган Ҳожи она дўконга келиб, Мардонга рўпара бўлган эди. Онасининг қилмишидан бехабар Мардон Ҳожи онанинг кириб келишидан ажабланмаган эди... У учун кутилмаган ташрифнинг оқибати бунақа уятли бўлиб қолди...
Мардон кечки овқат ейилиб, дастурхон йиғилгач, пулни отасига узатди.
-Нима бу?- деди отаси пулга қўл ҳам узатмай.
-Иш ҳаққим,- деди Мардон отасининг феъли айниганини сезиб.
-Шунақа дегин... Онаси, қара-я, ўғлимиз пул топиб келибди,- деди отаси заҳархандалик билан.- «Ўлимликка атаб тўрт танга ташлаб қўймайсиз», деб буровга олаётган эдинг. Мана, энди бу ёғидан кўнглингни тўқ қилавер. Ўғлинг пултопар бўлиб кетибди. Топган пулларига ўраб, юмалоқ-ёстиқ қилиб кўмади иккимизни. Тепамизга чиройли тош ҳам бостириб қўяди.
-Дада!
-Э аттанг, ўғлим олим бўляпти, деб кўкнорихаёл бўлиб юраверибман-ку, охиратимни шу пуштикамарим куйдириши мумкинлигини ўйламабман...
Отаси шундай деб юзини тескари бурди. Унинг гаплари Мардоннинг жон-жонидан ўтиб кетди. Чангалидаги пулни қаттиқ сиқди. Отаси бошқа индамади, бошини хам қилганича ўтираверди. Онаси эса ошхона олдида қотганича тураверди. Айвонда ҳайрат билан тикилиб турган укаларига Мардоннинг кўзи тушди-ю, қўлидаги пулни ерга уриб, шартта кўчага чиқиб кетди. Онаси: «Мардонжон, болам!» деган кўйи қолаверди.
Фарзанд ғазаб отига минганида она: «болам ўзини бир нима қилиб қўймаса эди!» деб хавотирланади. Ҳозир ҳам онаси Мардоннинг изидан югурмоққа шайланди-ю, эрининг қаҳрли нигоҳини кўриб, тўхтади.
Гарчи Мардон уйдан жаҳл билан чиққан бўлса-да, «ўзини бир бало қилиш» нияти йўқ эди. У фақатгина ёлғиз қолмоқни истарди. Киндик қони томган тупроқдан, шовқинсиз, оҳиста оқувчи лойқа сойдан, сув бўйидаги тераклардан, гузардаги кўпни кўрган қайрағочдан сўрайдиган саволлари кўп эди... Аммо бу тун саволларига жавоб ололмади. Зеро, бундай сўроқларга на тупроқ, на сув, на дарахт жавоб бера оларди. Улар, балки, қачонлардир мушкул ҳолларда одамзодга жавоб қайтаришгандир, лекин ҳаётнинг аёвсиз, телба тўлқини фаразларини барбод қилгач, сукут сақламоқни афзал билгандирлар? Кечмишнинг қоронғи кўчалари зулмат чодирига бурканган, бу чодир оғушидаги тупроқ, сув, дарахтлар не-не фиғонларнинг, не-не нолаларнинг гувоҳи бўлишмаган? Мардоннинг кичкинагина ташвиши улар олдида нима экан?
Тун бўйи бедор кезиб чиққан Мардон қалбидаги саволларга ўзи жавоб излади... Саҳар чоғи уйига кириб келганини ўзи ҳам сезмади. Отаси ишга отланаётган экан, унинг саломига алик олиб, кетмонни елкасига қўйганича чиқиб кетди. Мардоннинг хўнграб йиғлагиси келди. Онаси уни бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди.
-Болам, бизни рози қиламан, десанг, ўқишингга қайтгин,- деди у пичирлаб.
Мардон онаси берган тугунни олиб, далага жўнади, отасини шийпондан топди. Отаси унинг гапини эшитмаёқ баланд овозда сўради:
-Ҳа, ўғлим, сафар қаридими?-Сўрашга сўради-ю, жавоб кутмай, ҳовуз лабида чойнак юваётган мўйсафидга юзланди:- Марасул бува, ўғилнинг атпоскаси тугабди. Қани, “омин” денг. Дуони қуюқроқ қилаверасиз, яқин орада, бу яқин атрофдан менинг ўғлимга ўхшаган зўр олим чиқмайди. Қишлоғимизнинг шуҳратини дунёга таратади.
Мўйсафид чойнагини қўйиб, кафтини этагига артди-да, қўлини фотиҳага очиб, узоқ дуо қилди, йигитга олимликнинг улуғ мартабасини тилади.
Отаси катта йўлгача кузатиб чиқди. Йўлда гапирмади, насиҳат ҳам қилмади. Қўл кўтариб, йўловчи машинани тўхтатдилар. Отаси хайрлашар маҳали “Келинимга салом айт. Ой-куни яқиндир, ёлғиз қолдирмагин,-деб уни қучоқлаб бағрига босди-да, қулоғига шивирлади:- Бизни рози қиламан, десанг, олимлик йўлингдан қайтма, болам.
Шаҳарга қайтиб, Шафоатни уйда кўрди...
Мардоннинг бахтига хотини ҳам гина-кудурат қилмади. Маъсума бувининг бояги гапидан кейин Мардоннинг кўнгли тўлиб кетди: сўраганларга хотини шунча кун ёлғон гапириб, унинг айбини яширибди...
-Шафоат,- деди у уй томон юриб. Жувон эрининг мақсадини англаб, супургисини ташлади-да, унинг изидан уйга кирди.- Нимага индамайсиз? Бундан кўра дўппослаганингиз яхши,- деди Мардон хотинини белидан қучиб.
-Ураман ҳам,- деди Шафоат ёлғондан қовоғини уйиб.
Мардон чап юзини тутди. Шафоат аста шапати урди. Мардон ўнг юзини тутди.
-У ёғига Зайнаб урсин,- деди Шафоат кулгидан ўзини зўрға тутиб.- Ё Зайнабни қишлоқда қолдириб келдингизми?
Мардон Шафоатнинг айёрона кулиб турган кўзларидан ўпди...
Суянчиқ
Маъсума буви Шафоатнинг онасидан ҳар хил гапларни эшитиб, Мардоннинг тўсатдан ғойиб бўлганидан хавотирланиб юрган эди. Бугун эр-хотиннинг гулдай очилиб туришгани гумонларини тарқатиб юборди. Шафоатнинг гапларига буткул ишониб, эзмалик қилмасдан уйига кириб кета қолди.
У бугун кўп юрмаган бўлса-да, толиққанини сезди. Кунга терскай солинган уйга кириб, ёнбошлади. Лекин узоқ ёта олмади. Ўрнидан туриб ошхонага чиқди-да, қозон осди. Ёғ қизигунича пиёз тўғради, шапалоқдек гўштни ювиб, бўлаклади. У ошхонада ёшига хос бўлмаган чаққонлик билан ҳаракат қилар, ҳар қандай юмушни ҳам тез бажарарди. Бу сафар ҳам Шафоат ҳовлини супуриб бўлгунича қозонга мошни солиб, гуручни тозалаб қўйди-да, ҳовлига чиқди. Кранни бурамоқчи эди кучи етмади. “Ҳа, ордона қолгур-а”, деб ўзича нолиб қўйиб, кейин Мардонни чақирди.
-Болам, шу қаттиқ бўлиб қолибди. Қараб қўйгин.
Мардон “ҳозир” деганича уйдан чиқиб, бурагични буради. Бузилиш асорати сезилмаса-да, кампирнинг чақиришдан мақсадини англаб, тузатмоқчи бўлгандай ҳаракат қилди. Маъсума буви ундан кўзини олмай, айтмоқчи бўлган гапини бошлади:
-Битта қишлоқда ҳамма чўпоннинг хотинини мақтаркан. Бир куни қози хотини билан уришиб қолиб “сенам чўпоннинг хотинига ўхшасанг нима қиларди!” деса, у хотин “намунча ҳамма ўшани мақтайди, бориб кўрайин-чи”, дебди. Бориб қараса, чўпон хотини айвондаги челакдан сув олиб ичаётган экан. Қозининг хотини сув сўрабди. Чўпоннинг хотини “ҳозир”, деб уйга кириб муздек сув олиб чиқибди. “Нега ўзингиз айвонда турган челакдан сув олиб ичдингиз-у, менга ичкаридан олиб чиқдингиз” деб сўрабди. “Айвондаги сув илиб қолган, уйдагиси муздек. Хўжайиним ҳозир даладалар. Олиб кетган сувлари офтобда илиб қолган. Хўжайиним илиқ сув ичганларида мен муздек сув ичиб роҳатланиб ўтирсам, инсофдан бўлмас”, деган экан. Болам, сенга Худо шунақа меҳрибон хотин берган, бахтингдан ўргилсанг арзийди.
Айтадиганини айтиб бўлган кампир краннинг тузалган-тузалмагани билан ҳам қизиқмай яна ошхонага кирди. Мошнинг очилганини кўриб, қозонга гуруч солди. Худди мошхўрда пишишини пойлаб тургандек чоли ҳам кириб келди. Кампир уни лоқайдлик билан кутиб, қўлидаги чарм халтани олди. Чол кийимини алмаштириб ювингунига қадар бир коса овқат сузиб, Раҳимникига ташлаб чиқди. “Сизга ҳам сузайми?” деган саволига “Қорним тўқ”, деган қисқа жавобни олгач, “Кун бўйи кабобхўрлик қилган одамнинг қорни оч бўлармиди? “Шу бечора уззу-кун уйда сиқилиб ўтиради”, деб иккита жаз кўтариб келишга ақли етмайди”, деб гина қилди. Кейин “Хадичанинг етимчаларидан хабар олай”, деб чиқиб кетди. Қайтгач, Шафоатни ошхонага чақирди-да, “ўзингиз сузиб ола қолинг қизим”, деб айвонда ўтирган чоли ёнига чиқди.
-Маҳаллага ош улашиб юрибсанми?- деди Тўлан оқсоқол.
-Хаҳ қақшамайгина қолинг сиз. Ярим коса мошхўрда билан дунёнгиздан ажрайсизми? Муборак эри билан дам олгани кетибди. Раҳимжон ёлғиз экан. Хадича яна иккита етимчани бошлаб келибди. Шафоатнинг эри қайтди. Индамасам уят бўлмайдими?-деди кампир худди ҳисоб бераётгандек.
-Сенга гапиришу бир чақирим нарига қочиш керак,- деди чол қаддини кўтариб.
-Намунча қолиб кетдингиз? Қуюқ зиёфатнинг устидан чиқиб қолсаларингиз, “Текиндан кафан бўлса ўлмоқ керак”, деб ётиб олиб ейсизлар-а? Сизга баҳона тайин: “Иззатимни жойига қўйиб, тўрга ўтқизиб қўйишди, вақтли туришнинг иложи бўлмади”, дейсиз.
-Гап зиёфатда эмас, тўрда ўтиришда ҳам эмас. Бир кўнгли яримтанинг дардига малҳам бўлиш – вайрон бўлган Каъбани тиклаш савоби билан тенг экан. Шу савобнинг ярмини сенга бердим, ҳадеб жаврайверма.
-Топган савобларим ўзимга етиб ортади.
-Кампиржон, эрталаб “чолжоним” деб турувдинг-ку, нега энди чақиб-чақиб оляпсан?
-Муборак эрига қўшилиб курортга кетибди.
-Нима бўпти?
-Омон бўлгур болалари юборган-да. Раҳимжони жуда меҳрибон-да.
-Гапингни қара, болалари юбормай амма-холаси юборадими?
-Бола боққандан кейин мана шунақа роҳатини кўрсанг. Барака топгур болалари ҳар йили курортга юборишади.
-Йўғ-е, ҳар йилимасдир?
-Ҳар йили бир боришади, хўп деяверинг. Биз бола ўстириб нима кўрдик? Ҳали ҳам халта орқалашдан қутулмайсиз. Кўрган одам кулади.
-Э, шу юришим ҳам бир давлат, кампиршо. Юрмасам, ёстиққа михланиб қоламан. Ўғилларингдан ранжимагин. Тўғри туриб, тўғри юришибдими, Худога шукур қилавер. «Оҳ, қайларда ичиб думалаб қолган экан», «Оҳ ким билан муштлашди экан?» деб ич-этингни емайсан. Мана шунинг ўзи бизга курорт-да.
-Ота бўлиб мундоқ тузукроқ тарбия ҳам қилмадингиз. Бола дегани ота-онасининг бағрида бўлиши керак. Лоақал бирортаси...
-Кўп жаврайсан-да! Жаврайвериб, болаларнинг ҳам қулоқ-миясини қоқиб, қўлига бергансан.
-Ҳо, энди мен айбдор бўлиб қолдимми?- Маъсума буви чолига узатмоқчи бўлган пиёлани тақ этказиб хонтахтага қўйди. -Ёмон бўлсам, мана, Шафоат чидамай чиқиб кетарди. Шулар келганидан бери бирор марта қўлимга супурги ушладимми?
-Қўй, гапни кавлаштирма.
-Йўқ, энди кавлаштираман, ҳа! Сизга фақат чойхонапалов бўлса. Бола туғмагансиз, кечалари бешик қучоқлаб чиқмагансиз. Мана, ўзлари ҳам бола ўстиришяпти, билишаётгандир. Тағин ҳам, Худога шукур, тўкинчилик. Мен шунча очарчиликлардан омон олиб чиқдим. Болаларим оч қолишмасин, деб ўзим ушоқ териб ўтирардим...-Кампир ўзини тутолмай, кўзларига ёш олди.
-Оббо...- деди Тўлан оқсоқол қовоқ уйиб.- Йиғинг нимаси бўлди? Болаларга айтаман, сени ҳам курортга юборишади.
-Курорти керакмас. Борадиган курортим тайин... Кўчага чиққанимда қўшниларим тескари қарамай, “ассалому алайкум, бувижон”, дейишганининг ўзи менга курорт. Отам оёғи тегмаган жойларга бориб, сўппайиб юраманми?
-Бўлмаса нима дейсан?
- Ё каттангиз кўчиб келсин. Ё кенжангиз четдаги ишини ташласин. Шунча йил четда юриш шарт эканми?
-Давлат уни бекорга ўқитганми? Ўша ерда ишлаб бериши керак-да.
-Хўжайинларига бориб айтинг, қаримиз, ёлғизмиз, денг.
-Хўп, ҳозир йўлга чиқайми ё ярим кечада борсам ҳам бўлаверадими?
-Э, қўйинг, гапирманг. Сиз нимасизу ўғилларингиз нима бўларди? Пешонам шўр бўлмаса, сизга тегармидим?..
-Менга тегмасанг итга тегармидинг? Сени ким оларди?
-Тегардим, минг марта рози эдим. Сизга тегиб нима кўрдим, қуруқ ғурбату муҳтожлик...
Тўлан оқсоқол кампирининг феъли айниганини сезиб, уни юмшатиш учун гапни ҳазилга бурди:
-Итга ҳам тега олмас эдинг, хомтама бўлма.
-Вой савил, ҳали ит ҳам олмас бўлиб тупроққа қоришиб ётган эканманми?
-Тупроққа-ку қоришмагансан-а, аммо отанг қариндошга қиз бермас эди,- Тўлан оқсоқол шундай деб ўзининг ҳазилидан ҳузурланиб кулди. Бироқ, бу нозик қочирим кампирига ёқмади. Ўрнидан шарт туриб, қиладиган иши бўлмаса-да ошхона томон кетди. Нималардир қилган бўлиб, қайтиб чиққач, телевизор мурватини буради. Чоли хуфтонни ўқигач, жой тўшади-да, ўзининг кўрпа-ёстиғини айвонга кўтариб чиқди.
-Ҳа?- деди чол таажжубланиб.
-Уй иссиқ,- деди кампир.
-Ҳой, қачон эсинг кираркин,а?
-Гўрда...
Шу билан ҳамма гапга якун ясалди.
Чол уйда, кампир айвонда ётди.
Омонат ётган Тўлан оқсоқол бир неча марта қаддини кўтариб, дераза оша кампирига қараб қўйди. Охири сабри чидамай, ташқарига чиқиб, елкасига аста туртди.
-Бўлди, тавба қилдим, аразингни йиғиштир,-деди пичирлаб.
-Жойингизга кириб, индамай ётинг.
-Эр битта ўзи ётганида жони чиқиб кетса, қиёматда кампири жуда қаттиқ азобланар экан.
-Кириб, қўрқмасдан ётаверинг, сиз ҳали юз йил яшайсиз.
Тўлан оқсоқол кампирига инсоф киришидан умид қииб яна пича ўтирди-да, кейин иложсиз равишда уф тортиб уйга кириб кетди. Нариги уй деразасидан қараб турган Мардон билан Шафоат уларни кузатиб овоз чиқармай кулдилар.
Кампир барвақт туриб, чолига таҳорат суви тайёрлаб берди... Тўлан оқсоқол таҳорат олгач, Мардонни чақирди. Мардон ҳовлига чиқиб “Мен бормасам майлими?” деб узр сўраб, уй томон қараб қўйди. Бу қарашнинг маъносини уққан Маъсума буви “Сиз шу ердан қимирламанг”, деб шошганича ичкари кириб кетди. Тўлан оқсоқолэса кўчага чиқиб, қўшниларни уйғота бошлади...
***
Тобут ердан узилиб, аёллар қий-чув билан қолдилар. Тобутни галма-гал елкага олаётганлар орасида «Ҳаловат» кўчасида истиқомат қилувчилар ҳам бор.
Акбар домла олдинроқда боряпти. Марҳумнинг ўғли бир вақтлар унинг қўлида ўқиган эди. Шунданми, ҳозир кўзига Розиқнинг болалик пайтлари кўринди. Қабристонга олиб борувчи йўл узоқ бўлгани сабабли Акбар домла толиқди, орқароқда қола бошлади. Тобут ундан узоқлашгани сайин хотиралари ҳам хира тортиб бораверди.
Олимбек баъзан одамлар орасида кўринмай кетади, баъзан тез-тез юриб олдинга ўтади-да, тобутни кўтаради. Пичирлаб дуо ўқийди. Кейин атрофга ҳадик билан қараб қўяди.
Раҳим тобутни тўрт марта кўтаргач, қайтиб яқинлашмади, ўзини оқимдан сал четга олиб, оҳиста бораверди.
Халил Ризаев ҳаммадан орқада одим отарди. Унинг тобутни кўтармаётганини ҳеч ким сезмади.
Бу одамлар орасида Тўлан оқсоқол кўринмайди. У бошқа қариялар билан бирга автобусга ўтириб, барвақтроқ кетган.
...Мурда лаҳадга қўйилиб, устига тупроқ тортилди. Қори тиловат қилиб бўлгач, Тўлан оқсоқол ўрнидан турди-да:
-Биродарлар, Ҳақберди қанақа одам эди?- деб сўради. Баъзилар индамади, айримлар тил учида «Яхши одам эди, Худо раҳмат қилсин», деб қўйишди. Ҳамма тарқай бошлади.
«Барчанинг тақдири шу бўлгандан кейин, тийиннинг устида талашиб-тортишишлар, алдашлар, иғволар, порахўрликлардан нима наф? Ахир одам топган ҳамма нарсасини ташлаб кетади-ку?!- деб ўйлади Акбар домла.- Иғвогар одамнинг иғвогарлиги, аблаҳнинг аблаҳлиги, порахўрнинг порахўрлиги, худбиннинг худбинлиги ўзи билан қўшиб кўмилса, қандай яхши бўларди!»
“Отаси гўрга кирди. Бола бечора у ёқда ётибди. Ҳар ҳолда уни ўзининг шериклари гумдон қилган. Абжир бўлгани билан нодонлиги бор эди. Ҳар қанча ишинг бўлса бир ўзинг қилавермайсанми? Бу дунёда бировга ишониб ким барака топган?..”-деб ўйлади Олимбек.
“Қизиқ, кўп алам чеккан одамнинг тўсатдан ўлиб қолишини эшитардим. Буларга пул – писта пўчоқ эди. Ўғилнинг тагида қўш машина, «иш», «ўқиш», «оила» деган ташвиши бўлмаса... Югуриб-елиб эришгани шу бўлдими?-деб ўйлади Раҳим.- Ўғли дунёдан лаззат топаман, деб отасига ўлим топиб берди. Тинчгина бир жойда ишламайсанми… Худодан ҳайиқмас эди-ю, аммо милисадан ўлгудай қўрқарди. Одамлар ҳам ажойиб: қинғир ишнинг оқибатини била туриб ҳам нафсларини тийишмайди. Нафс ёмон нарса экан. Бир кун пул ишламаса, хумори тутган бангидан баттар қийналишади. Ўзларига-ўзлари жабр қилишди”.
“ Эсипаст кампир болаларидан нолигани нолиган, болаларинг ёмон бўлса ҳам, кўз олдингда тирик юрсин экан,-деб ўйлади Тўлан оқсоқол.- Болаларинг тепкилаб кўммаса, у дунёнинг ҳам тинчи бўлмаса керагов. Машойихлар: «Отамлатсанг отамлатгин, бўтамлатмагин», дейишган. Шуни кампиршога айтиб қўйишим керак, шукр қилсин…”
Ҳалил Ризаевнинг ўйлари ўзига хос эди: “Нотўғри тарбия шу оқибатга олиб келади. Қўлининг эгрилигини сезишган захоти тўғри йўлга солиш керак эди…2
Дафн маросими ниҳоясига етгач, ҳар ким хаёли энди бугунга мўлжаллаган ишлари билан банд бўлди.
Акбар домла кўзи очилмаган қизни йўқлашни ният қилиб қўйган. Ундан қайтиб, Хадичаникига киради. Қизларни синаб, билим даражасини аниқлайди. Кейин шунга қараб, дарс тайёрлаш режасини тузади.
Олимбек уйига шошяпти. Яна баъзи «майда-чуйда»ларни яшириши керак. (Эҳтиёт - шарт!)
Раҳим нонуштадан сўнг акасини кузатгач, заводига жўнайди. Иш тугагач, оромгоҳга бориб, ота-онасидан, болаларидан хабар олишни режа қилган.
Ҳалил Ризаев бугун ишга бормайди. Бошлиғидан рухсат сўраган. Ўғли билан бирга бўлиб... физикадан қўшимча машғулотлар ўтказади.
«Ҳаловат» кўчада истиқомат қилувчиларнинг янги куни янги ташвиш, янги режалар билан бошланди...
Улар кўчаларига бурилишлари билан этакда турган “Тез ёрдам” машинасини кўриб, тўхтаб қолишди. Ҳамма Тўлан оқсоқолга ташвишли назарини қадади. Оқсоқол “Яхшилик, Худо хоҳласа яхшилик” деб қўйди. Қўшнилар уйдан Шафоатни қўлтиқлаб чиқаётган Маъсума буви билан Мардонни кўришгач, тилга олинган “яхшилик”нинг маъносини англашди.
оОо
Дунёдаги оилаларнинг яхши расм-русмларида
ўхшашлик кам, ёқимсиз, кераксиз одатларида эса яқинлик бордай кўринади.
“Турк ҳикоялари”ни ўқиётганимда шу фикр уйғонди. Ҳусайни Раҳми Гурпинар қаламига мансуб ҳикояни эркин тразда таржима қилиб, машваратимиздаги сабрга доир суҳбатимизни тўлдирар, деган ўйда тўпламга киритдим.
“Худо сабр берсин!”
Жамолнинг кичкинагина жасадини бағрига олган совуқ тобут ердан узилиб, бақувват елкаларда гўё кема каби сузиб кетди. Бу онда Сабриййа хонимнинг юрагидаги яна бир томир узилгандай бўлди. Ўғилгинаси, гарчи кафанланган, сўнгги сафарга ҳозирлаб қўйилган бўлса-да, ҳозиргина ўз уйида эди. Назарида бир мўъжиза юз берарди-ю, Жамоли кўзларини очиб, югуриб кетадигандай эди. Йўқ... энди ҳеч қачон кўзларини очмаслиги, ҳеч қачон югурмаслиги аниқ бўлди. Ана шу машъум ҳақиқат унинг бағрида қора вулқон бўлиб тўлғонди-ю, ҳайқириқ билан отилди: “Жоним болам, мени кимларга ташлаб кетяпсан!” Бу нолага жавоб истаган онанинг юрагидаги зардоб чўққа айланиб, баттар куйдира бошлади. Қиёматга қадар айрилиқ азобига маҳкум этилмиш она яна нималар деб бақирганини билмайди. У ўзини қўярга жой тополмай талвасага тушди, бошини деворга урди, қўлига илинган идишларни отиб синдирди. Сўнг овутиш илинжидаги қўшни аёллар қўлида ҳушидан кетди.
Набираси ҳажрида ўртанаётган Шукриййа хоним қизининг бу ҳолатини кўриб, ўзини йўқотай деди. Қўшни аёл шошилганича лимон кесиб Сабриййа хонимга ҳидлатди, лабига гулоб тутди. Шукриййа хоним эса қизининг кўйлаги тугмаларини ечиб, кўкрагини уқалади. Бир оздан сўнг Сабриййа хоним кўзларини аранг очди, нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо лаблари унга бўйсунмади. Беҳол қўлини кўкраги устига қўйганидан билишдики, юраги ёняпти, куйдиряпти, ўртаяпти. Салдан сўнг унинг пичирлаб айтган сўзларини эшитишди. У шойига ўралган тобут изидан боришни, ўғилчаси билан совуқ гўрга тушиб ётишни истарди. У бирдан қаттиқ хўрсинди. Шу хўрсиниш, томоғини бўғиб турган пардани йиртиб юборгандай бўлиб, пичирлашлар аламли нолаларга айланди:
-Вой жоним, Жамолим! Эндигини беш ёшга тўлаётувдинг-а! Сенинг жонинг кимга керак бўлиб қолди! Қайси ялмоғизнинг кўзи тегди сенга! Сенга теккан кўзлар ситилиб чиқа қолса нима қиларди! Вой, мен энди дардимни кимга айтаман, қўшнижонлар! Бир ҳафтадаёқ сўнди-я, менинг болажоним! Бу иситма деган бало қайданам келди. Дўхтирнинг дориси таъсир қилмаса, мулланинг ўқиши қайтаролмаса-я! Мен эсимни йиғиштириб олишга ҳам улгурмадим-а, боламнинг жони бир пасда учиб кетди-я! Вой болам, жаннатнинг қушларига айланган болам-а! Худо кўнглимга солувди-я! Мен аҳмоқ эътибор қилмабман-а! Аҳмоқ бўлмасам, мактабга биринчи марта борадиган куни қўғирчоқдай ясантириб қўяманми! Хоним афандим, сиз уни ўша куни кўрувдингиз-а? Бошига подшоларнинг тожидай безалган дўппи кийдирувдим.
Қараган ҳам қаровди, қарамаган ҳам. Киприклари қайрилган, юзлари лоладай ёнарди-я! Тўйиб-тўйиб ўпган эдим, юзларидан. Кейин... ҳа, ҳа, ўшанда шайтон қулоғимга шивирладими ё ўзимча ўйладимми, билмайман. Хаёлимдан “Бундай кўркам, бундай ақлли болакай бу дунёнинг боласи эмас” деган фикр ўтди. Худо ёрлақаган ўша куни кўпчилик “Ишқилиб кўз тегмасинда” дейишувди. Болажоним муаллим афанди қаршисида тиз чўкиб, ҳеч бир тутилмасдан, бошқаларга ўхшаб дудуқланмасдан дуо қилиб, Аллоҳдан ўқишларида омад беришни сўраган эди.
Сабриййа хоним яна хўрсинди. Унга сув тутдилар. Вазиятдан фойдаланган қўшни аёл уни юпатиш ниятида гапни илиб кетди:
-Нимасини айтасиз, сингилгинам! Ўғлингиз беназир бола эди. Агар у шу ақли билан униб-ўсганида Афлотун деганларини ҳам ярим йўлда қолдириб кетадиган олим бўларди. Биз нима ҳам қила олардик, ақлли болалар шунақа кам яшайдилар. Эсингдами, жонгинам, матоларни яхшироғига алмаштирайлик, деб сен билан бозорга борганимизда болажонингни ҳам олволувдик. Матофурушнинг дўконини тополмай алаҳсираб, гангиб турганимизда Жамолгинанг “Ойижон, ана, ана!” деб юнон дўкондорни кўрсатиб берган эди. Худо жонини қийнамай олди, бу дунё азобларидан ҳам қутқарди. Энди мағфиратига олсин! Вой, нималар деяпман, қанақа мағфират? Аллоҳ уни аллақачон жаннатга юборган. Болаларда гуноҳ бўлмайди.
-Овсинжон, гапларингиз тўппа-тўғри,-деб гапни давом эттирди яна бир қўшни.- Худо унга умр бермаган экан, аммо ақлни берган эди. Бултурги воқеа сираям эсимдан чиқмайди. Ҳовлимизга келган баққолдан ловия олаётувдим. Баққолга пулни бердиму қайтимини олишда талашиб қолдим. Ҳисоб-китобни билмайдиган бир меров бола экан. Менинг ҳисобим бўйича у менга етмиш пора қайтариши керак эди, у анқов эса тўқсон пора беряпти. Шунда “Нега мени лақиллатмоқчи бўласан, мен етмиш порага кўниб кетадиган аҳмоқ эмасман”, десам, у муттаҳам кўзларини лўқ қилиб: “Хоним, эсингиз жойидами етмиш пора кўпми ё тўқсон порами?” дейди. Мен тамоман гангиб қолдим, ҳисобларим чалкаш-чулкаш бўлиб кетди. Шунда бахтимга Жамолгинамиз келиб қолди. Мен уни ёнимга чақириб: “Манави алдамчи мени лақиллатиб, пулимдан уриб қолмоқчи, эсгинангдан айланай, сен айтгин, етмиш пора кўпми ё тўқсонми?” деб сўрадим. Болажон бир пас ўйлаб туриб: “Етмиш пора кўп”, деб тўппи-тўғрисини айтди. “Бу бола ҳамма нарсани билади, алдамайди. Сен иккинчи муттаҳамлик қилма!” деб ҳаққимни тўғрилаб олдим.
Тобут кўтарган эркакларни кузатиб қолган хотинларга Худо берди: бечора онани овутиш мақсадида бири олиб, бири қўйиб болажоннинг фазилатларидан гапираверишди. Боланинг ҳар фазилати кашф этилганда уйда йиғи кўтарилар, шубҳасизки, бу йиғиларнинг барчасини жабрдийда онанинг нолалари босиб кетарди. Овутиш мақсадида айтилаётган сўзлар ханжар бўлиб онанинг қалбини қайта-қайта қийма-қийма қиларди. Уйдаги хотинлар сал тинчиб, йиғи-сиғи ҳам бир оз босилган дамда таъзия билдириш мақсадидаги қўшнилардан яна бири ўғилчасини бошлаб кирди-ю, яра яна янгиланди.
-Меҳмедни нима учун олиб кирдинг?-деб танбеҳ берди аёллардан бири.-Ахир у Жамол билан доим бирга ўйнарди. Сабриййа хоним уни кўрса баттар эзилади. Эндигина овутиб турувдик.
-Уйда ҳеч ким йўқ эди, ёлғиз ташлаб чиққим келмади. Дадамиз, кўргандирсиз, жанозага кетдилар. Қайнонамга ишониб бўлмайди. Ўрнидан туролмайдиган бўлиб қолган. Ростдан касалми, ё найранг қиляптими, Худо билмаса биз билолмаймиз. Бугун кечаси билан ўринни бўктириб чиқибди. Гапираман, десам хасратим қирқ йилда ҳам тугамайди.
Бу орада Сабриййа хонимнинг кўзи Мехмедга тушиб, унга яқинлашиб келди-да, тиз чўкканича уни қучоқлаб олиб, яна ноласини бошлади:
-Вой, жоним болам, сен қайларга кетдинг, қарагин, ўртоғинг келди!
У шундай деганича гарангсиб турган болани бағрига тобора қаттиқроқ босар, шашқатор кўз ёшлари эса боланинг юзларидан қайноқ қон каби оқар эди. Боладаги гарангсиш дам ўтмай қўрқувга айланди. Сабриййа хонимнинг “Вой менинг Жамолгинам” деган ноласига унинг “Ойижон, ҳозир ўлиб қоламан!” деган қичқириғи уланди. Шундагина Сабриййа хоним ўзига келиб, кўзларини катта-катта очди-да, болани бағридан бўшатиб, онаси томон аста итарди.
-Ўғлим мени ташлаб кетди. Унинг камолини кўриш менга насиб этмаган экан. Аллоҳнинг истаги шундай бўлгач, мен бечора нима қила оламан? Энди худойимдан битта нарсани сўрайман: бошқаларнинг болаларини паноҳида асрасин. Ҳамманинг боласи узоқ-узоқ яшасин. Мен сизларга энди ҳавас қилиб яшайман. Сизлар фарзанд доғини кўрманглар, ишқилиб. Опажоним, ўғлингизни воясига етказиб, роҳатини кўринг, илойим!
Онаси бағрига қайтган Меҳмед ҳеч нарсага тушунолмай, атрофдагиларга жавдираб қараганича секингина: “Ойижон, Сабриййа хонимга нима бўлди?”деб сўради.
-Жамол ўртоғинг ўлиб қолди,-деб унинг қулоғига шивирлади онаси.
-Жамолми?-Бола онасининг жавобидан ажабланиб яна сўради:-Ўлиб қолган бўлса ўзи қани?
-Уни қабристонга олиб кетишди. Жим бўл, бошқа нарса сўрама.
Онанинг танбеҳи болага таъсир қилмай яна сўради:
-Қабристонда уни нима қилишади?
-Вой, мунча эзма бўлмасанг! Ҳозир тилингни суғуриб олайми! Қабристонга олиб бориб нима қилишарди, кўмишади-да!
Бу гапни эшитган Меҳмед барчанинг диққатини ўзига тортиб, додлай бошлади:
-Ойижон, агар менам ўлиб қолсам, қабристонга олиб боришмасин, кўмишмасин, хўпми? Кўмиб қўйишларини истамайман... истамайман...
Боланинг ноласини эшитган Сабриййа хоним энди кўкракларига муштлаганича ўкириб-ўкириб йиғлади:
-Вой қўшнижонларим, бу қандай кўргилик бўлди! Болажонимни кўмиб қўйишдими, а? Қора тупроқ остида қолдими менинг болам! Бунга мен қандай чидайман, қандай чидайман-а!
-Сабриййа, қизгинам, бўлди, бунчалик ёниб-куяверма,-деб овутишга ҳаракат қилди ёши каттароқ хотинлардан бири.-Аллоҳ ҳукми шундай экан, итоат эт. Аллоҳ сенинг болангни ўзингдан кўра ҳам яхшироқ кўрар экан. Шунинг учун ҳузурига чақириб олди. Биз ожиз бандалармиз, сабр қилишдан ўзга чорамиз йўқ.
-Хоним, уни ўз ҳолига қўйинг, тўйиб-тўйиб йиғлаб олсин, дарди ичида қолиб кетмасин,-деб эътироз билдирди бошқа хотин.-Агар хасрати ичида қолиб кетса, йиринглаб, бир дарди ўн бўлади. Юракдаги захар чиқиб кетмагунича азоб бераверади. Қизгинам ўлганида биров мени бўғиб олгандай бўлаверди. Йиғлагим келади-ю, ҳеч йиғлай олмайман. Бир кунда қорним тоғорадай шишиб кетди. Эрим табибга кўрсатган эди, “Бутун дарди захарга айланиб, кўз ёшлари билан чиқиб кетиши ўрнига қорнига йиғилиб қолибди”, деди. Сабриййа она-ку, ахир! Юраги аланга бўлиб ёняпти ҳозир. Ёниш ҳам гапми! Бу дардни бошидан ўтган билади. Йиғла, йиғлайвер, сингилгинам, вужудингдаги захарлар чиқиб кетсин.
-Хоним, “йиғла, йиғла” деб қистайверманг. Ўлган одамга бунақа йиғлаш ҳам гуноҳ,-деди бошқа қўшни.- Қуръонда шунақа дейилган. Қизилтошдаги мулланинг маърузаларини эшитмаганмисиз?
Биринчи кун шу тарзда ўтди. Жамолнинг вафоти баҳонасида ўз ҳасратларини эслаб йиғлаган хотинлар дардларини ғамга тўла шу уйга тўкиб чиқиб кетишди. Кейинги кунлар ҳам деярли шу тарзда ўтди. Шумхабарни жанозадан кейин эшитганлар кўнгил сўраш учун бирин-сирин келавердилар. Ҳар бирлари ўзларини жабрдийдага яқин олиб таъзия билдиргач: “Аллоҳ сизга сабр-жамил ато этиб, бардошингизга яраша ажр берсин!” деб дуо қилишарди. Сабр ва унга яраша мукофот беришни Аллоҳдан сўраш албатта, яхши фазилат. Келганларнинг ташрифдан муддаолари ҳам дуо қилмоқ ва бояқиш онани овутмоқ, дардига малҳам қўймоқ. Уларнинг ҳеч бирида ёмон мақсад бўлмаса-да, яхшилик умидида айтган сўзлари Сабриййа хонимнинг ярасини янгилиб, туз сепгандай бўлар эди. Улар кетгандан кейин онаизорнинг бағри ёниб, кўз ёшлари гўё қон ёшларига айланарди. Бир ҳафта давом этган бундай таъзиялардан сўнг бечора Сабриййанинг кўзларида нам қолмади. Қуруқшаган кўзлари маъносиз боқадиган бўлди. “Шундай болангиздан ажраб қолдингизми-а!” деб бошланувчи юпанч сўзларидан кейин қайси она йиғламасин? Ўзини тутиб йиғламаган бардошли онани кейин улар нима деб атаб чиқиб кетадилар. Юзига айтмасалар ҳам йўл-йўлакай “Бунча бағритош бўлмаса! Боласига жичча куйса нима қиларди?” демайдиларми?
Қўни-қўшниларнинг таъзиялари бир ҳафта давом этиб, узоқдаги қариндош, таниш-билишларга гал келди. Кун йўқ-ки, узоқдан бир меҳмон келмаса. Уларнинг бир ҳилда фикрлашлари ажабланарли: “агар ўлиб кетган бола ҳажрида қанча кўп куйиб йиғласак, унинг ширинликларини, бошқа болалардан афзалликларини айтиб-айтиб қайғуларимизни намойиш этсак, бу хонадонга шунчалик яқинлигимиз маълум бўлади”. Шунинг учун ҳам остона ҳатлашлари билан бир ҳилда узрхоҳлик қиладилар:
-Вақтида келолмаганимиз учун бизнинг айбимиздан ўтинглар, Худо шоҳид, бу шумхабарни кечагина эшитдик. Вой, жоним сингилгинам, шундай дўмбоққина бола-я! Ҳеч ишонгимиз келмайди. Суюклигинамиз Жамол кўз олдимизда турибди, шу ерларда қувнаб ўйнаб юрарди-я! Вой дариғо! Наҳот у энди йўқ бўлса! Наҳот қаро ер бағрида ёлғизгина ётган бўлса! Шундай шумхабарни эшитгандан кўра қулоқларимиз узилиб тушса бўлмасмиди!
Шу сўзлардан сўнг онаизорни бағриларига босадилар, йиғи-сиғи авжига чиқади. Шу аснода яна кунлар ўтади. Энди Сабриййа хонимда йиғлаш учун фақат кўз ёшлари эмас, вужудида қувват ҳам қолмади. Қовоқлари хаста одамни эслатадиган даражада шишиб кетди. Қонсиз бетлари сўлиб, осилиб қолди. Унинг бу ҳоли эри билан онасини ташвишлантира бошлади. Уни докторларга кўрсатишди. Докторларнинг хулосаси бир ҳил бўлди: камроқ йиғласин, уйда диққат бўлиб ўтирмасин, ташқарида, боғларда сайр қилдиринглар, ғам-аламдан йироқ бўлишига эришинглар. Шукриййа хоним қайғуни унутиш мумкин эмаслигини билади. Лекин шундай бўлса-да, таъзияга келувчиларни ўзи кутиб олиб, йиғи очмасликларини илтимос қилади. Сабриййа хоним ҳузурида Жамолнинг ўлимини эсламасликларини, умуман таъзия билдирмасликларини ўтиниб сўрайди. “Агар шундай қилиш қўлингиздан келмаса, ичкарига кирмай қўя қолинг, сиздан инжимаймиз, сиз ҳам биздан ранжиманг”, деб огоҳлантириб ҳам қўяди. Бу гап икки хотинга таъсир этса, учинчисининг фаҳми калталик қилади. Одат бўлиб қолган одобидан воз кечишни истамайди. Шукриййа хонимнинг ўтинчлари у қулоғидан кириб, бунисидан чиқади. Қалб ярасини тирнай-тирнай, кулфат эзиб қўйган Сабриййа хонимга ўзича далда берган бўлиб, ҳотиржам равишда уйни тарк этади. Шукриййа хонимнинг илтимосларига сўзсиз амал қилишга ваъда берганлари ҳам кампир бошқа хонага бир юмуш билан чиқди дегунча дийдиёларини бошлашади:
-Шундай полвон болани ўлганига одамнинг ҳеч ишонгиси келмайди. Унга нима бўлганийкин-а? Қайси қурибгина кетгур касаллик илашди экан? Дунё шунақада! Бугун сен борсан, эртага қарабсанки, гўрда ётибсан. Ёшмисан, қаримисан, қарамас экан. Касал дегани бир ёпишса бас, полвонмисан ё нимжонмисан фарқи йўқ, супуриб олиб кетаверади.
Сабриййа хонимга бу гаплар жуда узоқ-узоқдан эшитилгандай бўлади. У жавобга ҳозирланиб, куч тўплайди. Лаблари ўзига бўйсунмаса-да, гапиришга уринади:
-Ҳа... полвон эди, болажоним. Шу ерларда шўхлик қилиб, югуриб-югуриб ўйнаб юрарди. Бир куни кечки пайт мактабидан келиб, бошини тиззамга қўйди. Қарасам, мазаси йўқроққа ўхшади. Кайфияти ҳам иштаҳаси ҳам бўлмади. Ўша кеч битта ушоқ ҳам ўтмади томоғидан. Нуқул “Ойижон, совқотиб кетяпман”, деяверди. Кўрпага ўраб қўйдим. Кейин иситмаси кўтарилиб кетди, кетма-кет қусаверди. Болажонимнинг бошлари оғриётганини сезиб турдим. Нуқул бошини, пешонасини кўрсатади. Дардини олай десам чорам йўқ. Кейин кўзлари ҳам ғалати бўлиб қолди. Шошиб, довдираб қолдик. Докторлар, дорилар... ҳеч нима кор қилмайди. Бир куни дори ичираётгандим... оҳ, хоним, Аллоҳ буни ҳеч бир онанинг бошига солмасин, ҳатто душманларга ҳам раво кўрмайман бу кўргиликни... дори ичираётиб қарасам болажонимнинг юзлари ўзгаряпти. Мен нодон, дори ичгиси келмаяпти, деб ўйлабман. Ўшанда жон бераётган экан. Жону жаҳоним мени тарк этиб кетди. Вой менинг Жамолим...
Бу сўзлардан кейин Жамол тирилиб келиб яна қайта жон бераётгандай дод-фарёд кўтариларди. Ташвишланган Шукриййа хоним хонага шошилиб кирганида қизини яна беҳуш ҳолда кўрарди. У таъзияга келувчи хотинларга илтимос қилишнинг фойдаси йўқлигини англаб, бошқачароқ йўл тутишга қарор қилди. Дарвоза остонасини босиб ўтган меҳмонга бошларига оғир кулфат тушганини, қизи бу дардга чидай олмай хасталаниб қолганини айтиб, “уйга киргач, боланинг ўлими ҳақида зинҳор сўз очмайман”, деб қасам ичишни талаб этди. Афсусларким, бу тадбир ҳам фойда бермади. Хотинларнинг кўплари қасам ичганлари билан аҳдларига содиқ қола олмадилар. Қасамни бузмаганлар ҳам ачинишларини сўз билан ифода этмасалар-да, ғамгин қарашлари, маъюс кулимсирашлари билан Сабриййа хонимнинг юракларини поралаб ташлардилар. Сабриййа хоним уларнинг таъзия билдириш учун келганларини билиб турарди. Уларнинг маъюс боқувчи кўзларидан “Бечорагинам, ёмон ҳолга тушибсан-ку? Болажонинг қани? Бечора Жамол... Сенинг иссиқ бағрингда ҳаловат топиш ўрнига совуқ ер қаърида ётибдими?” деган маънони уқиб аввалига хўрсиниб, сўнг ноласини бошларди. Унга жавобан меҳмонлар ҳам хўрсинардилар. Рўмолчалар чиқарилиб кўз ёшлари артиларди. Бу ҳудди пинҳона таъзия маросимига ўхшарди. Жамолнинг номи ҳам тилга олинмасди. Меҳмонлар гўё аҳдларига вафо қилгандай бўлардилар. Аммо улар кетганларидан сўнг Сабриййа хонимга лимон ҳидлатишнинг ҳам, гулоб ёки юракни тинчлантирувчи томчидориларнинг ҳам нафи тегмай қоларди.
Бу тадбири ҳам фойда бермаётганини билган Шукриййа хоним сўнгги чорани қўллади: меҳмонларни уйга қўймади. У уй хизматчиларига ҳам, ошпаз қизга ҳам кўча эшигини очмасликни тайинлади. Аммо кичик уйларда бу талабни бажариш амри маҳол эди. Эшикни тақиллатиб келган одам ичкаридан шарпалар эшитилиб тургач, уйда ҳеч ким йўқ экан, деб ишона қолармиди? Хизматчи қиз ҳам, ошпаз ҳам бир-икки марта буйруқни адо этишди. Кейин беиҳтиёр равишда эшикни очадиган бўлишди. Эшик тақиллатган аёлнинг таъзияга келганини англаб “Вой эсгинам қурсин, очмаслигим керак эди-ку?” деб афсусланишдан бошқа чоралари қолмади.
Шукриййа хоним турли чора-тадбирларни қўллашига қарамай, қизинининг ярасини янгиловчи таъзиялардан асрай олмади. Сабриййа хоним кундан кунга сўлиб бораверди. Оқибат шу бўлдики, Жамолнинг вафотидан бир ярим ой ўтиб, бу уйдан иккинчи тобутни кўтариб чиқишди. Тобут ичида Аллоҳдан сабр тиланган бечора аёл ётарди. Унга сабр тилашган эди, ўғлининг ёнига бориб ётиш насиб этди. Меҳрибонларча билдирилган таъзияларнинг сел каби оқими унга ўлим ҳадя этди.
Эркаклар тобутни кўтариб чиқиб кетишгач, Сабриййа хоним ўтинхонага кириб, жўвани эслатувчи кичикроқ бир ғўлани танлаб олди. Унинг қарори қатъий эди: биринчи бўлиб таъзиядан сўз очган хотинни шу ғўлача билан уради! Ҳар ҳолда у меҳрибонлардан бирининг йиғи аралаш гаплари шундай бўлади:
“Гўзал қизингиз Сабриййа қани энди! Бечора онаси билан эрини кимларга ташлаб кетди! Гўр деганлари кимларни ўзига тортиб кетмайди! Бечора Шукриййагина, бошларингга шунчалар ҳам кулфат тушадими, а! Бу ғамларга қандай чидайсан энди! Энди Аллоҳ сенга сабр берсин! Йиғла, тўйиб-тўйиб йиғлаб ол! Ичингдаги барча захар-захқумларни чиқариб ташла!”
Тобут кўтарганлар кўздан йўқолгунича кўчада фарёд уриб турган хотинлар йиғи-сиғи билан ичкарига қайтаётганларида Шукриййа хоним ўйлаганини амалга оширди. Сабр тилашга оғиз жуфтлаган биринчи хотинни бошига ғўлача билан урди! Тўпланганлар аввалига саросимага тушдилар. Сўнг “Бахти қаро кампир набираси билан қизининг ўлимига чидай олмай ақлдан озибди”, деган хулосага келдилар. Эртасига маҳаллий раҳбарият томонидан зарур ҳужжатлар тўлдириб берилгач, кампир жиннихонага жўнатилди.
Шундан сўнг таъзияга келиб, Шукриййа хонимнинг ҳамласидан қутулиб қолганлар ҳувиллаб ётган уйга кириб афсуслар билан бош чайқардилар. Улар кимга таъзия билдиришни, кимнинг ҳузурида ғамли кўз ёшлари тўкишни билмасдилар. Уларнинг: “Қандай бахтсизлик экан бу! Сабриййа ўлибди! Онаси жиннихонага тушибди! Наҳот бу уйда таъзия билдириладиган ўлик эгаси қолмаган бўлса! Энди кимга “Аллоҳ сизга сабр берсин!” деб кетамиз?”- дейишларидан ўзга чоралари йўқ эди.
Таъзия келаётган хотинларнинг бундай гапларини хизматчи қиздан эшитган Шукриййа хоним чиндан ҳам ақлдан озди. Унинг ростданам жинни бўлиб қолиши ҳеч кимни ажаблантирмади. Ҳаммага бу табиий бир ҳолдай кўринди.
Меҳмон келса эшикдан...
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муножот:
-Ё Аллоҳ! Хонадоннинг файзи меҳмон ташрифи билан экан,
бу файзни бардавом қилиб бер.
Меҳмонни хонадонимизга Ўзинг йўллар экансан,
бизларни уларнинг ташрифидан қувонувчи меҳмондўст бандаларингдан қил. Меҳмонларимизнинг қадамларини қутлуғ қил.
Остонамизни хайрли тилак билан босиб ўтганларнинг
хонадонларига раҳмат нурларингни ёғдир.
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам фарзанди! Агар уйингга меҳмон келмай қолса, Парвардигорга “Лаънати шайтон ёмонлигидан мени Ўзинг сақла”, дея илтижо қил”.
Азизлар, хонадонингиз файзи шундаки, сизникидан меҳмон аримайди. Меҳмон кутавериб баъзан чарчаб ҳам кетасиз, тўғрими? Чарчай-чарчай, баъзан кимгадир нолигингиз ҳам келади. Лекин нолимайсиз ва тўғри қиласиз. Сиз яхши тарбия кўргансиз ва меҳмоннинг Аллоҳ таоло томонидан юборилганини биласиз. Қайси бир хонадонга меҳмон келмай қўйган бўлса, демак у жойга шайтон уя қурибди экан. Демак, у оиланинг ҳаловати йўқ экан.
Энди биргаликда ўйлайлик-чи: кимнинг уйига меҳмон оёқ босмай қўяди? Дўстлар, қариндошлар ҳам келмай қўйишади? Фақат фариштасиз уйга! Ким шайтон етовида экан, ким шайтон васвасасига банди экан, унинг уйига биров келмайди. Йўқламайди, зиёрат қилмайди. Биров бировникига овқат илинжида, нон умидида бормайди. Доно халқимизда “Ширин нонинг бўлмаса ҳам, ширин сўзинг бўлсин”, деган мақол бор. Молу мулки ҳисобсиз бўлса-да, ҳиммати бўлмаса, бу инсонда ҳилм, лутф, бағрикенглик бўлмаса – ҳаммаси бекор!
Ҳадиси қудсийда яна марҳамат қилинади: “Эй Одам фарзанди! Сен ҳузурингга келган Менинг меҳмонларимни сийла, Мен ҳам ҳузуримга келган сенинг меҳмонларингни (яъни сенга тегишли кишилар вафот этиб келишганида) сийлайман”. Диққат қилайлик: бизникига келувчи одам шунчаки оддий меҳмон эмас экан. “Меҳмон атойи Худо” дейилиши бежиз эмас экан. Демак, сизу биз Аллоҳ таоло йўллаган меҳмонни сийлашимиз керак экан. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурига биз томондан борган яқинларимизни азиз меҳмон мартабасида сийлар экан. Бу нима дегани? Яъни, яқинларимизни – вафот этган ота-оналаримиз, қариндошларимиз, дўстларимиз, қўшниларимизни... Аллоҳ таоло Ўз мағфиратига олади, деганидир. Раббимиз биз – бандаларига шундай илтифот қиляпти. Қаранг, арзимас бир ҳаракатларимиз, харажатларимиз эвазига Аллоҳ таоло қанчалар мукофот ваъда қиляпти! Таъбир жоиз бўлса, бир меҳмонни сийлаш билан биз аслида ўтган аждодларимиз, дуо талаб яқинларимиз руҳларини сийлаяпмиз экан.
Ривоят: Бир чавандознинг тенгсиз тулпори бўлар экан. Отга кўп харидор чиқибди, ҳатто жониворнинг бўйи баравар тилла ҳам ваъда қилишибди, чавандоз тулпорини сотишга кўнмабди. Бошқа бир шаҳардаги чавандоз отнинг шуҳратини эшитиб, бутун дунёйимни бериб бўлса ҳам сотиб оламан, деган ниятда йўлга чиқибди. Бир неча кун йўл босиб, шуҳратли от эгасининг уйига келибди. Қоронғида эшик тақиллатган меҳмонни чавандоз хуштавозелик билан кутиб олибди. Баъзиларга ўхшаб “Кечаси бировникига келиб безовта қилишга уялмадими?!” деган маънода лабини бурмабди. Тонгга қадар зиёфат қилибди. Кундуз бўлибди. Меҳмон келиши сабабини айтмабди, мезбон сўрамабди. Меҳмондорчилик уч кун давом этибди. Меҳмон иззати битган куни муддаосини билдирибди. Буни эшитган ҳимматли мезбон бошини эгган ҳолда: “Мен отимни сизга сота олмайман”, дебди. Меҳмон ҳар қанча ялинса ҳам кўнмабди. Сабабини эса айтмабди. Меҳмон чавандоз ҳам алам, ҳам афсус билан изига қайтибди. Орадан вақт ўтиб, тулпорнинг шуҳрати сўнгандан кейингина меҳмондорчилик билан ўтган ўша уч кунда нима воқеа юз берганини англабди. Чавандознинг бисотида фақат биргина бебаҳо оти бор бўлиб, ўзи ночор яшар экан. Меҳмон келганида дастурхонга қўядиган ҳеч нарсаси бўлмагани учун ҳеч кимга сотмаётгани, жонидан ортиқ кўрувчи ўша тулпорни сўйиб, меҳмонни сийлаган экан...
Қиссадан ҳисса чиқаришни ўзингизга ҳавола қилиб, яна Аллоҳ таолонинг сўзига мурожаат этамиз: “Эй Одам фарзанди! Барча мол-дунё Менинг мулкимдир. Сен қулимсан. Сенинг кулбангга таклифингсиз келган меҳмон эса, Менинг элчимдир. Қўлингдаги ўзим берган неъматларимни қайтариб олиб қўйишимдан қўрқмайсанми?!” (Қудсий ҳадисдан).
Тушунгандирсиз, хонадонимизга кириб келган неъматларда меҳмонларнинг ҳам ризқу-насибаси бор экан. Меҳмон бизнинг насибамизга шерик бўлмас экан. У ўз ризқининг эгаси экан. Ундан қизғансак, оғринсак, Яратганнинг қаҳрини келтириб қўйишимиз мумкин. Яратган Раббимиз неъматларни қандай берган бўлса, шундай қайтариб олиб қўйиши мумкин. Шунисидан Ўзи асрасин!
Кимни кўрсанг бу жаҳонда ўз ризқин терадир,
Хоҳ сенинг уйингда бўлсин, хоҳ ўз айвонида.
Сен карам хонини ёз, ҳам шукр қил, Парвардигор
Берди ошу нон дўстга дўст дастурхонида.
Бир киши сафар чоғи дала-даштда йўлини йўқотиб адашди. Қош қорая бошлаганда бир уйга кўзи тушиб, нажот топганидан қувонди. Умид билан бориб, эшикни тақиллатди. Хонадон эгаси йўқ экан, хотини чиқиб: “Кимсиз?” деб сўради. У киши мусофир эканини, йўлда адашганини билдириб, агар рухсат этилса, тонг отгунча шу уйда паноҳ топишга умиди борлигини айтди. Аёл очиқ юз билан:
-Хуш келдингиз, азиз меҳмон. Эрим бир ерга кетган эдилар, ҳозир келиб қоладилар, марҳамат қилинг,- деб ичкарига таклиф этди. Мусофир отни отхонага боғлаб, ичкари кирди. Аёл чой-нон келтирди. Мусофир овқатланиб ўтирганида хонадон соҳиби келди. Мусофирни кўриб, унинг кимлигини сўради. Хотин “Аллоҳ юборган меҳмон”, дегач, унинг жаҳли чиқди.
-Нега уйга қўйдинг? Менга меҳмоннинг кераги йўқ!- деб бақирди.
Мусофир узрини айтди-ю, чаққон туриб уйдан чиқиб кетди. Тунни даштда ўтказди. Кун бўйи йўл юриб, қош қорайганда яна бир уй қаршисидан чиқди. Эшикни тақиллатган эди, бир хотин чиқди. У киши мусофирлигини билдирган эди, у аччиқланиб:
-Бизга меҳмоннинг кераги йўқ. Сизни меҳмон қила олмаймиз, боринг, кетинг!- деб эшикни ёпмоқчи бўлганида эри келиб қолди. Хотинидан бу кишининг кимлигини сўради. Хотини мусофир эканини айтгач, хонадон соҳиби очиқ юз билан:
-Хуш келдингиз, азиз меҳмон! Сизни биз томон йўллаган Аллоҳ таолога шукр!-деб мусофирни уйига бошлади. Ичкари кириб ўтиришгач, ширин муомала билан ҳол-аҳвол сўради. Тотли таомлар билан зиёфат қилди. У Набий муҳтарамнинг: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром этсин”, деган ҳадисларига амал қилди.
Мусофир бу уйдаги ва кечаги уйдаги муомалаларни таққослаб, жилмайди. Уй эгаси бу жилмайиш боисини сўради. Мусофир айтди. Шунда уй эгаси деди:
-Меҳмон, ажабланманг. Кеча сиз тушган уйдаги хотин менинг синглим бўлади. Хотиним эса сизни уйдан қувган одамнинг синглисидир...
Бу ҳикоятдан ибрат шуки, меҳмондўст оилада улғайган ўғил-қизлар ҳар қандай меҳмонни хурсандчилик билан кутиб оладиган бўлишади. Меҳмондан безор, “меҳмон келмаса эди”, деб зириллаб турувчи оиладаги фарзандлар меҳмондўст бўлиб улғайишлари мумкинмикин? “Меҳмон тезроқ тура қолса эди”, деб ҳар хил ишоралар билан муддаоларини аён қилишга тиришувчи ота-оналар фарзандларига нимани ўргатар эканлар?
Энди ҳикоятда жиддий равишда эътибор қилиниши лозим нуқтага диққатингизни тортмоқчимиз: агар шариат нуқтаи назаридан қаралса, эри йўқлигида меҳмонни кутиб олиб, ичкарига бошлаган хотин нотўғри иш қилган бўлади. Эр йўқ уйга кирган меҳмонни ҳам бефаросат дейишимиз мумкин. Агар эри уйда бўлмаса, хотин бегона мусофир у ёқда турсин, қариндошлар орасидаги номаҳрам эр киши келса ҳам эшикни очмаслиги керак. Эшик ортидан туриб: “Хўжайиним (ёки “болаларимнинг дадалари”) уйда йўқ эдилар”, деса кифоя. Меҳмон хотинни гапга солмасдан дарров изига қайтиши керак. Қуръони каримда буюриладики: “Э иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз” (Нур сурасидан). Ўрни келганда бировникига келганда чақириш одобини ҳам ёдга олайлик:
*ҳар ким бир кишининг эшигига бориб киришни истаса, аввало у кишига ўзининг келганини эшик орқасидан оҳиста тақиллатиш ё қўнғироқ чалиш ё йўталиш тариқасида билдиради. Эшик қаттиқ, асабий равишда қоқилмайди, қўнғироқ ҳам кетма-кет чалинмайди.
*агар ичкаридан овоз берилса “Ичкарига кирсам бўладими?” деб сўралади. Бундай изн сўраш адади уч мартагачадир. Ҳар изн сўраганидан кейин тўрт ракат намоз ўқиш миқдорида сабр қилиб кутилади. Қўнғироқ чалиш, тақиллатиш орасидаги фурсат ҳам шу миқдорда бўлгани яхши.
*агар уч бора чақирганда ҳам уй эгасининг овози чиқмаса ва киришга изн берилмаса, кутиб турилмай, орқага қайтилади.
*агар уй эгаси “Сиз ким бўласиз?” деб сўраса, жавобига исмини аниқ қилиб айтади. Гумонли ёки мавҳум қилиб: “ўзингиз билган одам” ёки “сизнинг қариндошингизман ё дўстингизман”, дейилмайди.
*агар уй эгаси ҳамроҳлигида келинса, юқорида зикр этилган тартиблар билан эмас, шароитга қараб иш қилинади.
(Лекин, тоғли ёки чўл қишлоқларида азал-азалдан сақланиб келинаёган бошқачароқ урф-одат ҳам бор. Бу одатга кўра, эр уйда йўқ пайтида меҳмон келса, хотин томонидан иззат билан кутиб олинаверилади.)
Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттутанинг ажиб хотираси бор. У карвонлари билан Туркиянинг Онадўли деб аталмиш Осиё қисмидаги Денизли шаҳрига яқинлашганида шопмўйловли барваста бир одам йўлдан чиқиб, отининг жиловини маҳкам тутади-да, “юр, кетдик!” деган ишора қилади. Сайёҳ туркчани, у одам эса арабчани билмайди. Ёнига қилич осган шоп мўйловли бу одамни сайёҳ қароқчи деб ўйлаб, қўрқиб кетади. Бу ҳам етмаганидай беш-ўн дақиқадан сўнг яна бир паҳлавон одам пайдо бўлиб, отнинг чап томонидан жиловини ушлайди. Ўзаро нималардир деб гапириб, бири отни у томонга, иккинчиси бу томонга тортқилайверади. Гап нимада эканини билмаган сайёҳнинг қўрқуви ортаверади. Тортишув сабаби эса оддий эди: аввал келган шопмўйловли паҳлавон айтадики: “Меҳмон – атойи Худо! Биринчи бўлиб уни мен кўрдим. Шунинг учун уни биз меҳмон қиламиз”. Иккинчи бўлиб жиловни ушлаган паҳлавон эса унга эътироз билдиради: “Биринчи бўлиб кўрганинг тўғри, лекин биродар, бу ерлар бизники-ку ахир! Бизнинг меҳмонимизни сен бошлаб кетсанг бизга уят эмасми! Инсоф қил! Бу меҳмонни Аллоҳ таоло бизга насиб этган. Биз уни едирамиз, ичирамиз, ётоғини тайин қилиб берамиз. Дуосини, савобини ҳам биз олажакмиз”.
Азизлар, бу воқеа сизга эртакдай туюлгандир? Лекин бу эртак эмас, ҳақиқат!
“Ўзбеклар - меҳмондўст халқ” деб фахрланамиз. Худди шунга ўхшаган гапни, яъни “араблар меҳмондўст халқ” ёки “испанлар меҳмондўст” деган фахрни ҳам ўша жойларга бориб қолсак эшитамиз. Ҳар бир халқнинг меҳмондўстлик одати ўзи учун ёқимли, ўзи учун суюмли. Дунёда нечта қишлоқ, шаҳар, юрт мавжуд бўлса, меҳмондўстлик кўринишлари ҳам шунча. Хусусан, “ўзбекларга хос меҳмондўстлик” деганимиз билан бу меҳмондўстликнинг кўринишлари кўп. Андижонда ўзига хос, Жиззахда ёки Бухорода ўзига хос чиройли кўринишлари бор. Бу кўринишларнинг бири иккинчисига ўхшамайди. Янада синчиклаб кузатсак, айтайлик, Сурхондарёнинг Денов шаҳридаги меҳмондўстлик билан Бойсундаги лутфнинг орасида фарқларни сезамиз. Бу одатлар ҳар бир жойнинг шарт-шароитлари, имкониятларидан келиб чиқиб, шаклланган ва қатъий урф-одатга айланиб қолган. Айрим урф-одатларга ҳозир ҳам қаттиқ амал қилинади. Баъзилари эса эътиборсизлик натижасида унутиляпти.
Одатлар, яшаш шароитлари турлича бўлгани учун “ўзбекча меҳмон кутиш фақат шундай бўлади”, деган ягона ва қатъий қоидани тавсия этиш мумкин эмас. Ҳар бир маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят азалий одатлари бўйича меҳмон кутадилар. Лекин барча учун умумий бўлган меҳмон кутиш одатлари борки, бу ҳақда улуғ алломаларимиз, донишманд боболаримиз кўб ва хўб айтиб кетишган. Бу ҳақда сал кейинроқ батафсил сўз юритамиз. Ҳозир эса Ибн Баттутани қаршилаган мезбонлар ҳақидаги ҳикоятга қайтсак.
Бундай меҳмондўстлик бизда ҳам мавжуд. Айниқса қишлоқдаги бир хонадонга меҳмон келса, уни уйига чорловчи мезбонлар кўпайиб кетади. Бир кунни мўлжаллаб келган меҳмон ўн – ўн беш кун қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам халқимизни “меҳмондўст” деб шарафлашади. Бундай меҳмондўстликни кўп кўрганман ва ҳамиша шу халқ фарзанди эканимдан фахрланганман. Бундай фахр бошқа одамларда ҳам борлиги аниқ. Лекин фақат фахр билан чекланиш кифоя эмас. Балки бу гўзал одатнинг янада гўзаллашувига ўз ҳиссасини қўшмоғи, фарзандларини шу одат бўйича тарбия этмоғи лозим.
Айтиш жоизки, жойлардаги меҳмондўстликнинг бирини иккинчисига таққослаб, бирини иккинчисидан афзал қилиб кўрсатиш ақлдан эмас. Ҳар бир жойнинг одатини борича қабул қилиб, иззатлаш керак. Масалан, Фарғона водийсида меҳмон остона ҳатлаши билан қўлига сув қуядилар. Дастурхон тўрига ўтқазадилар. Фотиҳадан сўнг ўринларидан туриб, қўл қовуштириб “Хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанот!” дейдилар. Меҳмон ҳам ҳурмат юзасидан ўрнидан туриб “Хушвақт бўлинг”, деб лутф қилади. Меҳмонларга ярим пиёладан камроқ миқдорда чой қуйиб узатадилар. Чой қуйишда пиёлага шама туширмасликка уринадилар. Меҳмон кетишга изн сўраса, дарров рухсат бермайдилар, “мен ҳали сизнинг дийдорингизга тўйганим йўқ”, деб яна бир оз суҳбатга тутадилар. Меҳмон кетишга рухсат сўраши билан қўлни фотиҳага очиш одобсизлик саналади. Худди меҳмоннинг тезроқ даф бўлишини истаётгандай қабул қилинади. Зиёфат мобайнида мезбон “олинг, олинг”, деб баъзан меҳмонларни қийнаб ҳам қўяди.
Бир устозни шогирдлари меҳмонга таклиф қилишганида у киши: “Уч шартим бор, мени тўрга ўтқазиб олиб калтакламайсан, сўнг уруш майдонига ташламайсан, кейин қамаб қўймайсан”, деган экан. Устознинг шартлари бу маънода эди: тўрга ўтқазиб калтаклаш – ҳадеб “таомдан олинг, олинг”, деявериб ҳолдан тойдириш. Бу хусусда бир латифа: мезбон “сомсадан олинг”, деб қистайверди. Меҳмон: “Раҳмат, сомса бағоят ширин бўлибди, тўртта едим, Худога шукр, тўйдим”, деса, мезбон яна лутф қилибди: “Бешта едингиз, яна битта олинг, жуфт бўла қолсин”.
Устознинг иккинчи шарти – жанг майдонига ташламаслик – меҳмондорчилик пайтида, айниқса суҳбат вақтида атрофда болаларнинг шовқин қилмаслиги эди. Бола – бола-да! Меҳмон келса, катталардан кўра улар кўпроқ қувонадилар, ўйнайдилар, шўхликлари авжга чиқади. Меҳмоннинг иззати учун шовқин қилмасликни болага меҳмон келмасидан аввал тушунтириш, ўргатиш керак. Бу одобни бола битта гап билан қулоғига илмайди, бу соҳадаги тарбия узлуксиз давом этиши керак. Баъзи ҳолларда боланинг шўхлиги ортса, уни тинчитиш учун оналари урадилар. Шунда боланинг бақириши авжга чиқиб, меҳмон ноқулай аҳволга тушади. “Менинг ташрифим ёқмагани учун болани уриб аламдан чиқяпти”, деб ўйлаши ҳам мумкин. Меҳмон ҳузурида мезбон оиланинг каттаю кичиги ғазабларини ёки ташвишларини ошкор қилиб қўйишдан сақланишлари керак. “Меҳмон ҳузурида ҳатто мушугингни “пишт” демагин”, мақолига амал қилмоқлик хайрлидир. Меҳмон баодоб, илмли, суҳбати ширин одам бўлса, таомдан кейин, болаларни унинг суҳбатига чорлаш ҳам яхши одат. Суҳбатдан сўнг меҳмон болалар ҳаққига хос дуо қилса янада яхши.
Устознинг учинчи шарти – “қамаб қўймайсан”, дейиши “кетадиган бўлсам “яна ўтиринг”, деб қистайвермайсан” деган маънода эди. Келмак – иродат, кетмак – ижозат биландир. Бу “Меҳмоннинг келиш ихтиёри ўзидан, кетиш ихтиёри эса мезбондан” дегани. Лекин мезбон бу ихтиёрни ҳаддан зиёд суиистеъмол қилмаслиги керак. Инглизларда меҳмон еб-ичиб, гапини гапириб, кўнгли тўлгач, индамай туриб кетавераркан. Бу одат инглизларнинг ўзларига буюрсин. Биз меҳмонни кўчагача кузатиб чиқмасак, кўнглимиз жойига тушмайди. Узоқдан келган меҳмонни бекатгача кузатамиз. Лекин кўп қаватли уйларда кузатиш одобида андак ночорлик сезилиб қолади. Мезбон уй остонасидаёқ хайрлашади, зинадан тушиб-чиқишга эринади. Агар мезбон тўққизинчи қаватда яшаса-ю, лифт ишламаёган бўлса бош гап.
Меҳмондорчиликда “олинг-олинг”га ўрганган киши Хоразм томонларга бориб қолса, ажабланиши мумкин. У ёқларда ҳар бир меҳмон олдига бир чойнак, бир пиёла қўйилади. Меҳмон чойни ўзи қуйиб ичади. Бу одатда меҳмонга нисбатан ҳурматсизликни кўрмаслик керак. Каминага ўхшаб кам чой ичадиганлар учун айни шу одат ёқимли. Чунки водий томонда чой қуйиб узатаверишгач, мезбоннинг қўлини қайтаришдан хижолат бўлиб, ичишга мажбур бўлаверасиз. “Олинг, енг” деб таклиф қилмоқлик мустаҳаб, яъни савоб иш. Лекин бунинг чегарасини билиш керак.
Меҳмон келса, биринчи галда дастурхон ёзамиз. Ундан ҳеч қачон “қорнингиз очми?” деб сўрамаймиз. Биласиз, русларнинг одати шунақа, биз учун эса уят. Бир одам меҳмонидан: “Очмисиз, ташнамисиз ё уйқунгиз келяптими?” деб сўрабди. Меҳмон ҳазил йўсинида жавоб берибди: “Булоқ бошида тўйиб ухлаб келдим”. Бу жавобни эшитиб мезбон ўйланибди: “Демак, булоқ бошида тўйиб сув ичган, тўйиб ухлаган. Фақат... қорни оч экан...”
Меҳмондан сўраб ўтирмай, таом келтирилади. Еса – егани қадар ер. Емагани – меҳмондан қолган таом шифодир, дейдилар. Бизнинг одоб шундай. Абул Аъло ал-Мааррий дедиларки: “Уйингга келган меҳмонга тушлик овқатни берган бўлсанг, кечда унга “Овқатланишга иштаҳангиз борми?” деб сўрама. Меҳмон оч бўлса-да, уялганидан “Иштаҳам йўқ”, демоғи мумкин. Шунинг учун қандай таоминг бўлса-да, тақдим қил”. Яъни: “Сўраб бергандан кўра уриб бер”. Бир хасиснинг қовурилган товуқни уч кундан бери дастурхонга қўйиб, аммо емасдан олиб кетаётганига разм солган меҳмон: “Бу товуқнинг қовурилгандан кейинги умри тириклигидан ҳам узунроқ шекилли?” деб ўйлаган экан.
Меҳмоннинг ҳаққи баланд саналади. Подшо замонида тоғ қишлоқларининг бирида ибратли воқеа содир бўлган. Миршаблар таъқибидаги одам қочиб келиб, бир уйга кириб яширинади. Уй эгаси қарасаки, ўзининг душмани паноҳ излаб кирибди. Уй эгаси хунхўр эди, бу кишини ўлдириб, қасос олиши зарур эди. Лекин остонасини ҳатлаб киргани учун у одам меҳмон мартабасига чиққанди. Уни ўз уйида ўлдириши мумкин эмасди. Ҳатто меҳмонни миршаб қўлига топширишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Меҳмон мартабасидаги душманини ҳимоя қилишни халқининг меҳмондўстлик қонунини талаб этарди. Уй эгаси ёзилмаган, аммо асрлар бўйи ота-боболари итоат этиб келган бу қонунга бўйсунди. Меҳмонни миршаблардан ҳимоя қилиб, ўзи ҳалок бўлди...
Ҳикоят: Халифа Мўътасим бир гуноҳкорни ўлимга ҳукм қилди. Гуноҳкор дедики:
-Э мўминларнинг амири, Аллоҳ ва Унинг расули ҳақи учун мени бир коса сув билан меҳмон қилингки, мен жуда ташнаман. Ундан кейин амрингизни бажо келтирсинлар.
Халифа Мўътасим “Аллоҳ ва Унинг расули ҳақи учун” дейилган онтнинг ҳурматини сақлаб буюрди, гуноҳкорга сув бердилар. У киши сувни ичганидан сўнг деди:
-Аллоҳ таоло сизга меҳр-шафқат ато қилсин. Э мўминларнинг амири, шу бир коса сув билан сизнинг меҳмонингиз бўлдим. Энди мурувват билан буюрингки, агар меҳмонни ўлдириш лозим бўлса, мени ўлдираверсинлар. Агар афв қилсангиз, сизнинг олдингизда барча гуноҳим учун тавба қиламан.
Бу гапни эшитган халифа табассум қилиб деди:
-Тўғри айтасан, меҳмоннинг ҳаққи улуғдир. Сенинг гуноҳингни афв этдим. Сен тавба қилдинг, бундан буён нотўғри йўлга ҳеч қадам қўймагил.
Яна бир ҳикоят:
Ҳимматли ва мурувватли бир одам ўз боғига ёру дўстларини даъват қилиб, зиёфат берди. У кишининг гўзал ва ахлоқли, тарбияли бир ўғли бор эди. У кечгача меҳмонлар хизматида бўлиб, жуда чарчади. Кечқурун дам олиш учун болохонага чиққан эди, бехос мункиб, пастга йиқилди-ю жон берди. Ота бечора бу қайғули ҳолни кўриб, юрак-бағри эзилди, кўзига ёш олиб, ўғлига келган фалокатни хотинига ва оила аъзоларига секингина хабар қилди-да:
-Ҳеч қайсингиз товуш чиқариб йиғламанг, ўғлимнинг вафот қилганини меҳмонлар сезмасин,- деб тайинлади.
Меҳмонларга сездирмасдан марҳум ўғлини ювдириб, кафанлатиб қўйди. Кейин меҳмонлар ҳузурига чиқиб, улар билан суҳбатлашиб ўтирди. Ўғлининг вафотидан меҳмонлар хабарсиз эдилар. “Ўғлингиз қаерда, нима учун кўринмай қолди?” деб сўрадилар. Ота бечора меҳмонларнинг кайфиятларини бузмаслик учун фожиани яширди: “Ўғлим сал чарчабди, ухлаяпти”, деган жавоб билан чекланди. Меҳмонлар мурувватли кишининг боғида тунадилар. Эрталаб бомдодни ўқиб, нонушта қилишгач, кетишга изн сўрадилар. Шунда ота кўзларига ёш олиб деди:
-Дўстларим, ўғлим кечки пайт болохонадан йиқилиб вафот қилди... пешинга жаноза...
Бу тўқима воқеа эмас, ҳаётда учраб турадиган ҳол. Ўлим фожиаси содир бўлмаса-да, майда-чуйда ташвишли ишлар ҳам меҳмонларга билдирилмайди.
Меҳмон ҳузурида мезбон қанчалик бурчли бўлса, меҳмон ҳам мезбон хонадонига нисбатан бурчлидир, унинг молига, аҳли аёлига ёки оиланинг бошқа аъзоларига ёмон назар билан қарамаслиги шартдир. Бир ўғри уйни шип-шийдон қилиб чиқиб кетаётганида айвонда бир қопни кўрибди, қоронғуда унинг ичида нима борлигини билолмай, ялаб кўрибди. Билса - туз экан. “Мен бу уйдан туз тотиб, хонадоннинг меҳмонига айландим, унинг молини ўғирлаш мен учун ҳаром”, деб олган нарсаларини ташлаб чиқиб кетган экан. Бошқа бир ривоятда эса бунинг акси бўлган:
Уқайл уруғидан бир кишининг орқасида наштар захмига ўхшаган чандиқлар бор эди. Бунинг сабаби сўралганда у бундай ҳикоя қилди:
“Амакимнинг қизига ишқим тушган эди. Унинг лаби устидаги холи мени ишқ алангасига ташлаб, сабримни тугатди. Мен қизни никоҳимга олдим. Шундан сўнг амаким менга дедики: “Қизимнинг маҳри бир отдир. “Шабака” деб ном берилган бу от Бани Бакр қабиласи амалдорларидан бирига тегишли. Агар ўша отни олиб келиб бермасанг, маҳр машаққатидан халос бўлмайсан”.
Мен мақсадимга етмоқ учун Бани Бакр қабиласига бордим. Бирмунча вақт у ерда бўлиб, отни қаерга боғлашларини кузатдим. У шундай байтал эди-ки, чопқирликда шамолга бас кела олар, ҳеч қандай отни олдинга ўтказмас эди. Икки яшар тойчоғи ҳам бўлиб, ўзидан ҳам хушбичимроқ ва чиройлироқ эди.
Кечаси отни ўғирлашга қарор қилдим. Ўша кеча шундай қоронғи эди-ки, ҳатто ўз панжангни ҳам кўролмасдинг. Мен оҳиста келардим. Уй ўртасига титилган юнг ғарам қилиб қўйилган эди. Мен юнг ғарами орасига қириб беркиндим. Бирор соатдан сўнг уй соҳиби таом сўради. Таом келтирилгач, эр-хотин ейишга машғул бўлдилар. Нима учундир чироқ ёқмадилар. Мен оч эдим. Оҳистагина сурилиб, уларга яқин келиб товоқларига қўл узатиб, бирга овқатлана бошладим. Ногоҳ қўлим уй эгасининг қўлига тегиб кетди. У қўлимни маҳкам ушлаб олди. Мен эсам хотинининг қўлини маҳкам ушладим. Хотин менинг қўлимни эрининг қўли деб гумон қилиб “Бегона қўл деб ўйладингизми?” деди.
Овқатланиб бўлишгач, хотин занжирни отнинг оёғига солиб қулфлади-да калитни ёстиғининг остига яширди. Тун яримлаганда қул уйга яқинлашиб, эри ёнида ухлаб ётган хотин томонга кичик бир тошчани отиб, уни уйғотди. Хотин эрининг қўйнидан чиқиб, қулга эргашди ва қўшни уйда айшу ишратни бошлаб юборди. Мен эсам фурсатни ғанимат билиб, ўрнимдан турдим. Ёстиқ остидаги калитни олиб, отнинг оёғидаги занжирни ечдим. Юнгдан эшилган арқонни отнинг бошига солиб, аста етаклаб ташқарига олиб чиқдим. Кейин миндим-у қамчи босдим. Буни кўриб қолган хотин қулнинг қучоғидан чиқди-ю, “Отни олиб қочишди!” деб дод солди. Уй эгаси, мени қува бошлади. У минган от ҳам чопағон экан, орамиздаги масофа бир найза бўйидек масофага қисқарди. У найзасининг учи билан орқамни жароҳатлади. Аммо отдан йиқитишга кучи етмади. Баногоҳ чуқур бир ўзанга етдик. Мен отга қамчи урган эдим, сакраб ўтди. Уй эгасининг журъати етмай, тўхтади-да ортимдан: “Э йигит, ўн минг динорли отни ўғирладинг. Ҳаргиз арзонга сотмагин!” деб қичқирди. “Бу от менга сен айтгандан кўра қимматроққа тушди, мен жонимни гаровга қўйиб келганман бу ерга”, дедим. У: “Отни қандай қилиб ўғирладинг?” деб сўради. Мен бир товоқда овқат еганимизни сўнг қул билан хотинининг кирдикорларини айтиб бердим. Шунда у: “Лаънатлар бўлсин сендай меҳмонгаки, таомни единг, отимни ўғирладинг ва уйимни буздинг!” деб мени қарғаб, изига қайтди. Отни олиб келиб, муддаомга етдим, бироқ орқамдаги захм кетмади, уй эгасининг қарғиши эса ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Қарғишнинг амалга ошишини қўрқув билан кутиб хавотирда яшаяпман...
Энди меҳмон кутиш бобида донишманд боболаримиз бизларга васият қилиб кетган одоблар ҳақида гапирайлик. “Манбаъ ул-маориф” асарида баён қилинади:
“Ҳар мўмин уйига меҳмон келса, уй эгасига ҳам уч нарса вожиб бўлур ва меҳмонга ҳам уч нарса вожиб бўлур. Уй эгасига вожиб бўладурғон уч нарсанинг бири шулки, ани хизматга таклиф қилмаслик, иккинчиси шулки, меҳмонға берган таомини ҳалолдин касб қилиб топиб бермоқлик, учинчиси шулки, меҳмон учун намозни муҳофаза қилмоқлик, яъни намоз вақтида меҳмонга хабар бериб, ани оби-таҳоратидин хабардор бўлмоқ лозимдур. Меҳмонға вожиб бўлғон уч нарсанинг бири шулки, уй эгаси ани қайси жойға таклиф қилса ўшал жойға ўлтурмоқ, иккинчиси шулки, ани олдиға уй эгаси нима таом қўйса, анга рози бўлмоқ, учинчиси шулки, кетар вақтида уй эгасини дуо қилиб кетмоқ вожибдур”.
Шарафли ҳадис бор: Набий муҳтарам ансорлардан бирининг хонадонига кирдилар-да таом едилар. Кейин чиқиб кетиш олдидан: “Бу ерга жойнамоз келтиринглар”, деб сўрадилар. Шунда бир шолчага сув сепиб келтирилди. Унда нафл намози ўқиб, хонадон ҳаққига дуо қилиб кетдилар.
Муҳаммад Содиқ Қошғарийнинг “Яхши кишилар одоби” (“Одоб ас-солиҳин”) асаридан меҳмондорчилик одоби баёнини ўқиймиз:
“Адаби аввал - фақирлар меҳмон қилинади. Бойларни меҳмонга махсус чақирилмайди-ки, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ёмон таом у таом-ки, бойларни хос чақириб берилса ва қашшоқларни чақирилмаса”, деб айтибдурлар. Яна бир шарти шуки, бир уйдан отасини чақирса, боласини ҳам чақирсин ё у уйдан чақирилган кишининг яқин қариндоши бўлса, уни ҳам қўшиб чақирилсин, уни маҳрум қилинмасин-ки, бу иш жафодур. (Ҳусайн Воиз Кошифийдан насиҳат буки: меҳмонга ҳалол ва покиза таом тақдим этилади, меҳмон бирор ғаразли мақсад ва риё учун кутилмайди.)
Иккинчи адаб – меҳмонни кўп икром ва эҳтиром қилинади. (Меҳмон қанча кўп келса ҳам ранжимай, аксинча қувониш керак.) Меҳмон икромининг муддати уч кунгачадир, тўртинчи куни кўп такаллуф қилинмаса ҳам бўлади. (Кейинги насиҳатга кичик бир изоҳ: мазкур адаб шарафли ҳадис асосида айтилган. Набий муҳтарам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охиратга ишонган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Мезбоннинг бир кеча-кундуз кўрсатган иззат-икроми, қилган зиёфати меҳмон учун бир мукофот тариқасида бўлсин. Асли меҳмоннинг иззати уч кундир. Бундан ортиғи меҳмон учун садақадир”. Ҳамонки, садақа экан, такаллуф ҳам давом этгани хайрли. Аммо мезбон бу такаллуфларни суиистеъмол қилмаслиги керакки, шарафли ҳадиснинг давомида: “меҳмон уйда то мезбон ҳайдаб чиқармагунича туриб қолмасин”, деб уқтирилган. Меҳмонни иззат қилиш кутиб олишдан бошланади. “Қобуснома”да насиҳат қилинадики: “Меҳмонлар сенинг уйингга қадам қўйсалар, сен ҳар вақт барча одамларинг билан уларнинг олдиларига чиққил, яхши сўз билан қарши олгил, токи улар сенга миннатдорчилик билдирсинлар” Меҳмонни кўриш билан, омонлашишга қўл узатмай туриб: “келсинлар, келсинлар! Қадамларига ҳасанот! Остонамга яқинлашишингиз билан уйим чароғон бўлиб кетди-я!” каби лутф қилиш икромнинг бир кўриниши. Кам келадиган меҳмонга нисбатан: “Ие, бугун қуёш қаердан чиқди?” ёки “Ҳай-ҳай, келишингизга каттароқ ходани синдириб юборсам бўларкан”, каби ҳазил гапларни айтиш яхши эмас.)
Учинчи адаб – уйнинг деворларини меҳмон учун парда ва палос билан ясатилмайди-ки, макруҳдир. Лекин меҳмон остига нақшли тўшаклар ёзсалар, башарти ипак ёки йиртқич ҳайвон териси бўлмаса, жоиздир.
Тўртинчи адаб – меҳмонга таомни кўп кечиктирилмай тез келтирилади. Яна нон юмалоқлиги катта-катта қилинмайди-ки, мутакаббирлар расмидир. Ва яна дастурхон устига ҳозирларга кифоя қилгудек нон қўйилади, зиёда қўйилмайди-ки, исроф ва хорлаш бўлади. Синдирилган нон бўлса, яна бир нон синдирилмайди, бу ҳам исроф ва хорлашга киради (изоҳ: кўп жойларда хурсандчилик меҳмондорчилигида жуфт нон қўйилади, таъзияга доир маросимларга эса тоқ нон қўйиш одати бор. Шу йўсинда зиёфат икки турга ажратилади. Тўйда тоқ нон қўйилса, айб санашади. Аслида бунинг ёмон томони йўқ. Исломда кўп ишлар тоқ равишда амалга оширилади. Бу Аллоҳнинг ягоналигига бир ишора. Дастурхонга тоқ ёки жуфт нон қўйилиши ҳар бир жойнинг азалий одатига биноан бўлаверса зарарли эмас. Бу нарсадан муаммо ёки баҳс келтириб чиқармаслик керак. Ноннинг исрофи ҳақида эса аввал гапирган эдик, бу масала иймон эгасининг ёдидан кўтарилмаслиги шарт).
Бешинчи адаб – меҳмонга таом қўйилгандан сўнг тановулга изн берилади. Башарти меҳмон бегона бўлса, аввал уй эгаси таомга қўл узатади, яна қўлини ҳаммадан охири тортади. Агар ўз ошна ва биродарлари бўлса, аввал уларни ҳурмат қилади, улардан илгари қўл узатмайди. (изоҳ: агар кичикроқ давра бўлса, мезбон кириб ўтиради. Даврада ўттиз-қирқ киши бўлса, баъзан мезбон ташқаридан туриб хизмат қилади. Бу одоб ҳар бир жойнинг ўз одатига боғлиқ. “Қобуснома”да бу борада бундай насиҳат қилинади: “Меҳмонлар бир-икки сўрамагунларича сен ўтирма. Меҳмонлар “биз розимиз, ўтир”, десалар “мени қўйинглар, сизларга хизмат қилайин”, деб айтгил. Яна такрор айтсалар, ундан кейин ўтир. Уларнинг розилигини олгил ва ҳаммадан пастда ўтиргил. “Э фалончи, таомни яхши е (ёки “ҳеч нима емадинг”), мен сенга лойиқ ҳеч нима қила олмадим, иншааллоҳ, кейин бунинг узрини яхшироқ қиламан”, деявермагил. Бу сўз улуғлар, бообрў кишиларнинг сўзи эмасдир, балки бозорчиларнинг ва безориларнинг сўзидир. (Бундай одамлар бир неча йилда бир марта меҳмон чақирадилар.) Буларнинг меҳмонлари хижолат ейдилар, таом емайдилар, меҳмондорчиликдан тўймасдан туриб кетадилар. Бизларнинг Гилонда яхши одатларимиз борки, меҳмон чақирсалар, дастурхон ёзиб, таомларни келтириб қўядилар ва кўзаларда сув ҳам келтириб, дастурхон четларига қўядилар ва барча меҳмонларни дастурхон атрофига ўтқазиб, ўзлари чиқиб кетадилар. Бир киши лаган ва косаларни саранжомлаш учун қолади. Меҳмон таомдан кўнгли хоҳлаганича ейди, ундан кейин мезбон ўтиришга киради. Араб халқининг дастурхони ҳам шундайдир”. Азизлар, юртимизда, деярли барча жойларда меҳмон келганда болаларнинг, айниқса келиннинг кириб ўтириши одобдан саналмайди. Улар ташқарида хизматда бўлишади. Агар меҳмонхонада номаҳрамлар ўтирган бўлишса, қизлар ёки келин ичкарига чой-нон кўтариб киришмайди, остонага қўйиб, овоз беришади. Ичкарида хизмат қилаётган киши чиқиб, бу неъматларни олади. Хонадонга яқин қариндошлар келсалар ҳам, ҳатто меҳмонлар яқин қариндош аёллардан иборат бўлишса ҳам, келин уларнинг қаторида ўтириб овқатланмайди. Меҳмондорчилик бошланишида уларнинг ҳурматлари учун бир пиёладан чой узатиб, сўнг ташқарига чиқиб, хизматини давом эттиради. Меҳмонлар суҳбатига аралашиш, улар билан бир товоқдан ош ошалаш келиннинг ҳусни эмас. Чой тавозе билан узатилади).
Олтинчи адаб – меҳмон таомга ҳаддан ортиқ тарғиб қилинмайди, балки уч мартагина тарғиб қилинади, ундан зиёда зўрланмайди.
Еттинчи адаб - таом ейишда меҳмонга шерикчилик қилади. Агар нафл рўзага ният қилган бўлса ҳам. (Солмони Форсий (р.а.) Абу Дардонинг (р.а.) уйларида меҳмон бўлганларида шундай ҳолат юз берган экан. Абу Дардо меҳмоннинг ҳурмати учун нафл рўзасини очишга мажбур бўлиб, кейин Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилганларида Набий муҳтарам нафл рўзанинг очилишини маъқуллаганлар. Агар рўзадор меҳмондорчиликка чақирилса, овқатланмай ўтириши мезбонга ва бошқа меҳмонларга малол келмаса, овқат емагани маъқул. Агар малол келса, нафл рўзани очиб, бошқа куни қазосини тутиб беради. “Оғиз очишни истамаган киши очмасин, лекин очиши афзалдир”, дейилади.)
Саккизинчи адаб – лаззатли ва латиф таом меҳмонга едирилади ва бундайроғини ўзи ейди. Агар таом оз бўлса ва меҳмоннинг очлигини англаса, ўзи камроқ еб, аксар таомни меҳмонга едиради. Меҳмон таомланганидан сўнг кетмоқчи бўлса, келган вақтида олдига чиққандай ижозат бериб, то эшиккача бирга кузатади (Айрим одоб китобларида етти қадам юриш тавсия этилган. Меҳмондорчилик давомида меҳмон ташқарига чиқишни ихтиёр этса, мезбон ҳам бирга чиқади. Бу ҳолда ҳам етти қадам бирга юришни одобдан, деганлар.) Хайрлашар вақтида “Мени ҳурмат қилибсизлар, сизларни Аллоҳ сийласин!” деб дуо қилинади.
Тўққизинчи адаб – уйда нима нарса бор бўлса, меҳмон олдига қўйилади. ((Бахиллик қилинмайди, меҳмондан нарса қизғанилмайди. Ясама илтифот кўрсатилмайди. “Э фарзанд, меҳмонга миннат қилмагил, очиқ юз билан гапиргил. Ҳар бир киши сенинг меҳмонинг бўлса, шодлик билан таомингни есин”.)
Ўнинчи адаб – таомда такаллуф қилинмайди, агар яхши ният ва дуруст қасд билан такаллуф қилинса мумкин. (Миннат қилманг, балки аксинча, меҳмон дастурхонингиздан нон еганидан қувониб, Аллоҳга шукр қилиб, меҳмонга эса миннатдорчилик билдиринг.)
Мезбоннинг бурчлари бу ўн адабда белгиланган вазифалар билан чекланмайди. Шарт-шароитга қараб юзага чиқадиган масалаларда меҳмонга малол келмайдиган томонлар олинаверилади. Масалан, ҳафтада ёки ойда неча марта меҳмон чақириш ҳар бир оиланинг ўз имконияти ва шарт-шароитига боғлиқ. Шунга қарамай, донолар бу ҳақда ҳам насиҳат қилганлар: “Э фарзанд, ҳар куни бегона одамларни меҳмон қилмагил, чунки ҳар кун меҳмон чақирсанг, меҳмонга лойиқ ишларни кўнглинг тўлгунча қила олмайсан. Кўргилки, кўнглинг ҳар ойда неча марта меҳмон чақиришни тилайди. Агар уч марта чақиришни тиласа, бир марта чақиргил, уч марта қиладиган харжингни бир мартада қилгил, бу билан дастурхонинг айбсиз бўлғай, айб қилиб кетувчиларнинг тили боғлиқ бўлғай”. Бу насиҳатда жон бор, бироқ унинг зиддига бир ҳикмат ҳам мавжуд: Иброҳимдан (алайҳиссалом) “Қайси фазилатларингиз учун Аллоҳ сизни Ўзига дўст қилиб олди?” деб сўралганида учинчи сабабни баён қилиб дедиларки: “Кундузги овқатни ҳам, кечки овқатни ҳам меҳмон билан баҳам кўрганим учун”. Бу ҳикматнинг маъноси: таомни меҳмон билан баҳам кўришда. Алоҳида меҳмон қилиб чақириб, алоҳида тўкин дастурхон ёзишда эмас.
Меҳмондорчилик учун дастурхон устини тўлдириб ташлашга ҳаракат қиламиз. Аммо, билиш керак-ки, энг гўзал дастурхон камтарона дастурхондир. Дастурхонни тўкин қиламан, деб бировлардан қарз олиш ҳам яхши эмас. Борини баҳам кўриш керак. Бир киши хотинига: “Бўйдоқ меҳмонга келганида бутун нон қўй”, деб тайинлабди. Хотини бунинг сабабини сўраганида у дебди: “Оилали, рўзғорли одам етишмовчиликни, рўзғорда ҳамма нарса тўла-тўкис бўлмаслигини билади ва уйида ҳам шундай ҳолатлар бўлиб тургани учун сир сақлаб, қаноат қилиб бировга гапирмайди. Бўйдоқ эса оиладаги камчиликларни англамагани, билмаганидан “синиқ нон қўйди”, деб маломат қилади”.
Энди меҳмон риоя қилиши зарур бўлган одоблар билан ҳам танишайлик. Чунки бугун ҳар биримиз мезбон сифатида хизмат қилсак, эртага меҳмон мартабасида бўлиб, ўзгалардан иззат талаб қиламиз. Баъзан талабни ошириб юбориб, давра тўрини эгаллаб, талтайиш даражасига етамиз. Бизнинг талабларимиз тўла-тўкис бажарилмаса, мезбондан ранжиб кетамиз.
Меҳмондорчиликка тайёрланаётган аёлларни пардозга берилишда айблаб танқид қилишга ўрганиб қолганмиз. Пардоз ҳаддан зиёд ошса, албатта танқидга лойиқ. Лекин меҳмонга тайёргарликсиз бориш ҳам яхши эмас. Тайёргарликсиз бориш эрларда кўпроқ учрайди. Ҳовлида қайси кийимда юрган бўлсалар ўша аҳволда кетаверадилар. Афтларига қараб қўйишни ҳам унутадилар. Бу ҳам меҳмонга жам бўлган жамоага, ҳам мезбонга, ҳам кишининг ўзига бўлган ҳурматсизлигидир. Баъзан кузатамиз: хотин бинойи кийинган, пардоз қилган, ёнидаги эрнинг костюмига эса дазмол урилмаган, кўйлагининг ёқаси буралиб қолган, пойабзали чанг...
Ривоят: Абдулкарим Абу Умайя деган киши юнгдан бўлган кийимни кийиб Абул Олия (р.а.) ҳузурларига келди. Шунда Абул Олия унга дедилар: “Бу насоро роҳибларининг кийими. Мусулмонлар бир-бирларини зиёрат қилиб борганларида ясаниб, яхши кийимлар кийиб борардилар”.
Энди донишмандларнинг меҳмонга борувчи зиммасига юклаган вазифаларига диққат қилайлик:
Адаби аввал – хусусан яхши ва фақир киши, гарчи қўйнинг бир почасига чақирса ҳам қабул қилиб, албатта борилади. (Қандай овқатлар тайёрланиши сўралмайди. Баъзилар “Чақирилган жойгагина боринг” деган шарафли ҳадисга асосланиб, чақирилган жойга боришни вожиб (зарур) ҳисоблаб, уни тарк қилмасликка буюришган ва Набий муҳтарамнинг(с.а.в.): “Кимки чақирилган жойга бормабди, батаҳқиқ Абул Қосимга (яъни, “менга” демоқчилар) гуноҳкор бўлибди”, деган ҳадисларини далил келтиришган. Лекин аксари уламолар буни вожиб эмас, балки таъкидланган суннат дейишган.)
Иккинчи адаб – билгилки, никоҳ учун қилинган таомга чақирсалар рўзадор бўлса ҳам қабул қилинади-ки, баъзи уламолар буни вожиб дейдилар ва баъзи уламолар ўзга чорловга ўхшаш мустаҳаб дейдилар. Агар ким шаръий узр билан бормаса, гуноҳкор бўлмайди.
Учинчи адаб – агар таомга золим, фосиқ, риёкор, бидъатчилар чақирсалар бормағай-ки, мустаҳабдур. (Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтганларки: “Агар бир меҳмондорчиликка борсанг, агар шу зиёфат моли ҳаром бўлмаса, унга фисқу-фужур аралашмаган бўлса, боришингдан зарар йўқдир. Агар акси бўлса, норози эканингни билдириб бормай қўявер. Фақат чақирилган жойгагина бориш лозим. Зиёфатга борсангу бир мункар (Исломда қайтарилган) ишни кўрсанг, у ердагиларни бу ишдан қайтар, агар кўнмасалар, зиёфатни тарк эт. Борди-ю сен улар билан ўтираверсанг, улар сени шу ишдан рози экан, деб ўйлайдилар ва яна шу ишни давом эттираверадилар”.
“Футувватномаи султоний”да меҳмонга бориш одоб қоидалари бундай баён қилинади: “яхши, ҳалол одамлар уйига меҳмон бўлиб бориш; фосиқ, кишилар ҳақини ейдиган ҳаромхўрлар уйига қадам қўймаслик керак, улардан ҳазар қилиш керак. Шариатга хилоф ишлар содир бўладиган мажлисларга бормаслик лозим. Аммо сенинг ҳурматинг учун ғайри шаръий ишлар тарк этиладиган бўлса, бориш мумкин”).
Тўртинчи адаб – чақирилмасдан бир кишининг таоми устига борилмайди. Агар икки киши чақирган бўлса, қайсиниси яқинроқ қўшнилардан бўлса, аввал ўшанга борилади. Икки яқин қўшни баробар чақирган бўлса, қайсинисининг ошнолиги кўпроқ бўлса аввал шунга борилади. Яна шуки, таом эгасининг изнисиз чақирилмаган кишини қўшиб олиб бормайди-ки, макруҳдир, агар чақирилган кишининг орқасидан ўзи қўшилиб борса, таом эгасининг эшигига келганда, “бу киши ўзи келди, агар изн бўлса кирсин, бўлмаса қайтсин”, деб айтилади.
(Изоҳ: албатта бундай дейиш оғир, лекин чақирилмаган жойга бораётган одам ақлини ишлатиши керак. Чунки мезбон таклиф этган одамлар сонига қараб тайёргарлик кўрган бўлади. Чақирилмаган меҳмонга жой етмай қолиши мумкин. Ёки даврага кўнгиллари кўнгилларига яқин кишилар чорланган бўлса-ю, чақирилмаган киши уларга ёқмаса, меҳмондорчиликка путур етади. Ҳар холда “чақирилган жойга албатта боринг, чақирилмаган жойга борманг” дейилган шарафли ҳадисга амал қилингани дуруст. Донолар дедиларки: “Тўй, мажлис каби йиғин жойларига чақирилмаган бўлсанг, борма. Борсанг, ўз обрў-ҳурматингни тўккан бўласан. Бошқаларнинг таомига берухсат қўл узатма. Узатсанг, иззат ва эътиборингни йўқотасан.
Истамас эрса киши, сен унга меҳмон бўлмагил,
Гавҳари қийматбаҳосан, санги дандон бўлмагил!”
“Футувватномаи султоний”да таъкидланган адабга кўра, чақирилмаган меҳмон кўпроқ ҳурмат қилиниши керак экан. Агар меҳмондорчиликда бунинг имкони бўлса, бу ҳам тўғри. Яна бир ҳақиқат борки, меҳмонга чорлаш вақтида айрим яқин одамлар ёддан кўтарилиб қолади. Ўша яқинлар келиб қолишса, албатта иззатлари юқори бўлғай. Чунки уларни чорлаш дилда бўлган-у, ёдда бўлмаган. )
Бешинчи адаб – меҳмон бўлган жойида кишилар орасида ҳирс ва ёқимсизлик билан таом емаслик учун меҳмон ўз уйида бир оз таомланиб боргани яхши. (изоҳ: “Тўйга борсанг – тўйиб бор”, деган мақолнинг маъноси айни шундайдир. “Тўйиб бормасанг, тўйда оч қоласан”, деган маънода эмасдир. Бу хусусда ҳам “Қобуснома”да насиҳатлар мавжуд. Дейиладики: “Э фарзанд, ҳар қандай кишиникига меҳмон бўлиб бораверма, чунки ҳашамат ва шавкатингга зарар етказади. Агар бирор ерга меҳмон бўлиб борсанг, кўп оч бўлиб бормагил, қаттиқ юриб ҳам бормагилки, таом ейишдан узрли бўлиб ўтирсанг мезбон озор чекади. Агар таомни кўп есанг, халқнинг кўзига ёмон кўринасан. Мезбон уйига кирсанг, ҳатто ошнангники бўлса ҳам, ўзингга муносиб жойда ўтир ва таом устида буйруқ ҳам бермагил, яъни мезбоннинг хизматкорларига: “Э фалончи, бу уй ўзимнинг уйимдир, товоқни у ерга қўй, бошқаларнинг таом ва косасига қўл урма”, демагил. Ўз чокарларингга бирор бурда нон олиб бермагил, дебдирларки, мезбоннинг уйидан бирор нарса олиш – уят”.)
Олтинчи адаб – Меҳмонга борганида мезбондан олдин юрмайди. (Меҳмон хушнудлик билан кутиб олингач, ичкарига таклиф қиламиз. Шу ўринда баъзилар янглишадилар. Меҳмонни ғоятда иззат қилганлари учун ичкарига аввал уни киришга даъват этадилар. Бу даъват яхши, аммо ичкарига меҳмон олдинроқ кириб борса, ҳовлида ва уйда бирон ноқулай шароит бўлса, у ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолиши мумкин. Мезбон олдинроқ юриб, ҳовлидагиларни, уйдагиларни меҳмоннинг ташрифидан огоҳ қилиши керак. Ҳамма хонадонда шароит бир хил эмас. Баъзи уйларда алоҳида меҳмонхона бўлмаслиги мумкин. Демак, меҳмон учун шошчиқ равишда жой ҳозирлаш керак. Бундай ҳолларда мезбон узрини айтиб, меҳмон билан бир оз суҳбатлашиб туриши ҳам мумкин. Жой ҳозир бўлгач, хонага ҳам аввал мезбон киради. Сўнг тавозе билан меҳмонни қаршилаб, унга жой кўрсатади.)
Меҳмон уйга аввал ўнг оёқни қўйиб киради. Уйга кирганида салом беради. Уй эгаси қаерни кўрсатса, ўша жойга ўтиради, ҳар нима келтирса тановул қилади. (Келтирилган таомнинг айбини топмасдан, балки мақтаб-тақтаб ейиш одобдандир.) Кўзини ҳар қаерга қарашдан сақлайди. (Айниқса, таом келтириладиган томонга ҳадеб қарайверишдан сақланиш керак. Агар ҳовлида аёллар юрган бўлишса, дераза орқали у томон қараш ҳам яхши эмас.) На таом жиҳатидан ва на ўзга важҳдан уй эгасига ҳукм қилмайди, агар бир-бирлари билан илгаридан сирдош бўлсалар, ҳукм қилишининг айби йўқ.
Еттинчи адаб – ходимга ва ошпазга жоиз бўлса ҳам биродарлик шундай-ки, меҳмонлар бир-бирларига луқма бермайдилар ва гадо, ит, мушукнинг ҳукми ҳам шундай.
Саккизинчи адаб – таом эгасининг изнисиз насиба кўтарилмайди, таом олиб кетиш учун эмас, ейиш учун қўйилади. (Изоҳ: баъзи тўй-ҳашамларда аёллар еганларича еб, қолганларини тугунларига тугиб оладиларки, бу хунук одатдир.)
Тўққизинчи адаб – дастурхон йиғиштирилгандан кейин мезбоннинг ҳаққига хайрли дуо қилинади. Хайрлашув вақтида шукр қилади, шикоят қилмайди.
Ўнинчи адаб – таомдан сўнг “Овқат еб бўлдингларми, энди тарқалишинглар ҳам мумкин” ҳукмига биноан кўп сўзлашиб ўтирмай, кетишга ижозат сўралади, беижозат ва берухсат кетилмайди. Шарафли ҳадисда айтилган: “Ҳар вақт бир мажлисдан туруб кетмоқни ирода қилсангизлар, аввал мажлис аҳлига салом бериб, андин сўнг турингизлар, чунки у суҳбатда баъзи ношоиста сўзлар сўзлағон бўлсангизлар берган саломларингиз анга каффорат бўлур ва сизлар учун фаришталар анга истиғфор айтурлар ва сизларға раҳмат нозил бўлур”, таъкидига амал қилинса янада яхши.
Шунингдек, меҳмондорчилик пайтида икки киши сўзлашиб ўтирганда орага суқилиш, уларнинг сўзларини бўлиб сўзга киришиш, ўз мартабаси, даражасидан юқорига чиқиб ўтириш – инсонга тубанлик келтиради, обрўсини тўкади.
Ҳикоят: Мўътабар одамникига мухлислари меҳмон бўлиб келишди. Мезбон уларни кутиб олиб, ичкарига бошлаб киргач хизматкорига “Дастурхон олиб чиқ!” деб буюрди. Хизматкор анча ҳаяллади. Меҳмонлар буни сезмагандай ўтиришди. Хизматкор бир соатлардан кейин дастурхонни кўтариб кирганда уй соҳиби “Нега шунча қолиб кетдинг?”, деб унга танбеҳ берди.
-Банда дастурхонни очиб қарасам, чумоли босиб ётган экан,- деди хизматкор узрли оҳангда.- Уни шу ҳолда меҳмон олдига олиб чиқсам, одобдан бўлмас, дедим. Яна нонни бечора нонхўрлардан тортиб олишни мурувватсизлик деб билдим ва чумолилар дастурхонни тарк этмагунларича кутдим.
Бу гапни эшитиб, меҳмонлардан бири дуо қилди:
-Тангри таоло дастурхонингизга барака ато этсин, устоз! Чунки У шунча чумолига таом берибди...
“Меҳмон иззатини билсин”, деган гапни ҳам эшитиб қоламиз. Ҳа, меҳмоннинг мартабаси ҳар қанча баланд бўлмасин, иззати чегарасини билиши керак. Баъзилар ҳали у, ҳали бу нарсани сўрайвериб, мезбонни хижолат қиладилар. Шундай бетаъсир одамлардан бири ошнасиникига келиб, ётиб қолибди. Мезбоннинг уйида биттагина кўрпача, битта кўрпа-ю ёстиқ бор эди, меҳмонга солиб берибди. Бир оздан сўнг меҳмон совуқдан жунжикиб, ётган жойида мезбондан: “устимга бирон нима ташлаб қўй”, деб илтимос қилибди. Мезбон ўз остига ташлаб ётган бўйрасини олиб, меҳмон устига ташлабди. Меҳмон бунга қаноат қилмай, яна сўрабди. Мезбон ташқарида турган нарвончани олиб кириб ташлабди. Меҳмон яна сўрабди. Уйда бир челак сувдан бошқа ҳеч нарса қолмаган экан. Мезбон уни олиб нарвонча устига қўйибди. Меҳмон қимирлаган онда челакдаги сув тўкилибди. “Ҳой, устимдаги кўрпаларингни олиб қўй, уйинг исиб, жуда терлаб кетдим”, деган экан меҳмон.
Меҳмонлар орасида ўз иззатини билмайдиган бетаъсирлари тез-тез учраб тургани учун ҳам улар ҳақида кўп масаллар тўқилган. Шулардан бири:
Маймун одати бўйича анжир дарахтига чиқиб овқатланаётган пайтда овчидан қочган тўнғиз пайдо бўлиб қолди. Маймуннинг анжир чайнаётганини кўриб, унинг ҳам иштаҳаси очилиб кетиб, “меҳмон қилармикин”, деган тамаъда салом берди.
-Агар илгарироқ одам юбориб, хабар берсалар эди, зиёфат тайёргарлигини кўриб қўяр эдик. Энди яхши кутиб ололмасак, айбга буюрмайсиз,- деди маймун истеҳзо билан.
Тўнғиз бу пичингни англамай деди:
-Мен узоқ йўлдан келяпман, нима бўлса ҳам иштаҳа билан еявераман. Такаллуф қилмай, бор нарсангни беравер.
Маймун бир талай анжир қоқиб берди. Тўнғиз иштаҳа билан еб олди, лекин тўймади.
-Эй марҳаматли мезбон, берган анжиринг қорнимга юқ ҳам бўлмади, нафсим қонмади, энди бошқа дарахтга ўтиб қоқиб бер.
Маймун оғрина-оғрина бошқа дарахтни қоқиб берди. Тўнғиз бир пасда барча анжирни еб битирди. Кейин яна бошқа дарахтга ишора қилди.
-Эй азиз меҳмон, инсофни унутма. Бир ойлик овқатимни сенга бердим. Бундан ортиқ карам кўрсата олмайман,-деди маймун.
Бу гапни эшитиб тўнғизнинг ғазаби қайнади:
-Сен неча йиллардан бери бу анжирларни ейсан. Энди ўрмондаги барча мевалар менинг насибамдир!
-Бировнинг мулкини зўрлик билан олиш шумлик ҳисобланади. Зўравонликнинг оқибати яхши бўлмайди. Заифларга озор бериш, бегуноҳларни ранжитиш яхши эмас,-деб маймун уни инсофга чақирди.
Лекин тўнғиз унинг танбеҳини эшитишни истамади. “Сени пастга тушириб, адабингни бераман!” деб дарахтга тирмашди. Битта шохга оёқ қўйган эди, шох синиб, тўнғиз йиқилиб тушди-ю ўша заҳоти ҳалок бўлди...
Масалдан олинадиган маъно шуки, иззатини билмаган меҳмон ҳалокати жисмонан эмас, балки у ўз обрўйини ўзи маҳв этган бўлади.
Бугунги меҳмондорчиликларда гуноҳ ишлар аралашиб қолганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. “Мастликда кўп сўзлаш, ҳушёрликда йиғлаш – девоналик”, дейдилар. Мастлик чоғида турфа хил девоналиклар юзага чиқади, хилма-хил қилиқлар уйғонади. Бировлар чапак чалаверадилар, депсинадилар, кулаверадилар, йиғлайдилар, ашула айтадилар... хуллас, аҳмоқликнинг барча кўринишларига гувоҳ бўлиш мумкин. Кўпчилик қимматбаҳо ароқ-конъякларни дастурхон ҳусни деб ўйлаб янглишяпти. Ҳаром нарса ҳеч маҳал ҳусн саналмайди. Афсусли ери шундаки, аёллар иштирокидаги меҳмондорчиликларда ҳам дастурхон ман этилган ичимликлар билан тўла бўляпти. Янада афсусли ери шундаки, бу давраларда аёллар ҳам эркаклар билан баравар ичишяпти.
Ҳаёли қиз-жувонлар бундай даврага бориб қолсалар уларга жуда оғир бўлади. Бошлаб борган ота-оналари, эрлари ёки қайноналарининг нодонлиги учун улар азият чекадилар. Худо уларга сабр берсин! Билиб турибман, бу даврани тарк этиш уларга осон эмас. Ўтираверсалар янада қийин. Шундай экан, юқорироқда айтилганидай, вазиятга, шароитга қараб иш тутишдан ўзга чора йўқ. Эҳтимол, бирон нимани баҳона қилиб чиқиб кетишга уриниб кўрганлари маъқулдир?
Бу азиз ёшларимизга айтар гапимиз: сизни нобоп даврага бошлаб борсалар зинҳор ўчакишманг, у даврада халол ва ҳаром ҳақида гапириб овора ҳам бўлманг. Буни уйга қайтганингизда ота-онангиз, эрингиз ёки қайнонангизга алоҳида тушунтиришга ҳаракат қилинг. Агар “Сизлар гуноҳга ботяпсизлар, сизлар билан гуноҳкор бўлишни истамайман!” деб даврани тарк этсангиз, энг яқин одамларингиз ҳам сизни тушунмасликлари, оқибатда оилангиз мустаҳкамлигига дарз кетиши мумкин.
Ароқхўрлик бор жойда бузуқликка иҳтиёр ҳам уйғонади. Айрим эркаклар ўз дўстларининг хотинларига ҳам ишрат кўзи билан боқишдан тоймайдилар. Буни сезган аёл даврани тарк этиш чорасини тезлаштиргани дуруст. Кейинги сафар бу даврага келмаслик баҳонасини ҳам топсин. Бироқ, эрига “фалончи менга бузуқ қараш қилди”, деб айтмасин. Айтса, икки дўст ёки қариндош ораси бузилишидан ташқари, эри унга гумон билан қарай бошлайди.
Бугунги мезбон эртага қаергадир меҳмон бўлиб боради, шундайми? Демак, ҳар бир одам ҳам мезбон, ҳам меҳмон одобларини ўзида жам қилиши лозим. Шунинг баробарида, таомланиш одоби ҳам мавжудки, буни билиш зарурдир. Бу ҳақда аввалги суҳбатларда бир оз сўз юритилган эди, мавзуга яна қайтишга ҳожат сезилди.
*Илгарироқ айтилганидек, таомни кам ейиш фойдали. Агар очлик сезилмаса, таом ейилмагани дуруст. Шунингдек, ҳаддан ташқари тўйиб ейилмайдики, бунга амал қилинмаса, одамлар “бўкиб қолгунча еди”, деб маломат қиладилар.
*Агар зарурат жиҳатидан шубҳали таомга рўпара бўлса, ўзини сақлаб, кўнглида пушаймон бўлиб, имкон даражасида оз ейди. Шубҳали таом шуки, фосиқникими-золимникими, зоҳирдан билиб бўлмайди.
*Ўз нафси учун ходимлари таомидан бошқа фақат ўзи учун махсус ширин таом тайёрлатмайди.
*Агар хуш ва лазиз таом бетакаллуф ҳозир бўлса, суннатга мувофиқ у тановул қилинади. Лекин гўшт доим ейилмайди ва тарк ҳам қилинмайди.
*Шундай таомлар борки, тановулида бирининг устига иккинчиси ейилмайди-ки, зеро суннатга хилофдир ва соғлиқ учун зарарлидир: балиқ билан сутни; сут билан нордон нарсани; сут билан тухумни; сут билан гўштни; қовурилган гўшт билан қайнатилган гўштни; эски гўшт билан янги гўштни; икки иссиғлик нарсани ва икки совуқлик нарсани; икки мулойим-юмшоқ таомни ва икки қаттиқ ботувчи таомни; икки қотирувчи ва икки сурувчини; бири қотирувчи иккинчиси сурувчини; тез ҳазм бўлувчи таом билан узоқ ҳазм бўлувчини. Яна ҳидланган таом, хом пиёз ва саримсоқ ҳам ейилмайди.
*Таом ўтириб ейилади. Уч хил ўтириш суннат ҳисобланади: аввали, икки тизза букиб ўтирилади. Лекин юзтубан тушганга ўхшаш қоринни тиззага етказилмайди. Иккинчиси – ўнг тиззани кўтариб, чап оёқ букиб ўтирилади. Учинчиси – икки тиззани кўтариб қоринга ёпиштириб ўтирилади.
*Улуғлар таомга қўл узатмагунча мажлис аҳли қўл узатмайди. Мажлисда агар ўзи улуғ киши бўлса, бошқаларни мунтазир қилмай, таомга тезроқ қўл узатади.
*Еб-ичиш ўнг қўл билан бўлиши лозим. Чойни қайтариш, узатилган чой ёки таомни олиш (ёки узатиш) ҳам ўнг қўлда амалга оширилади. Таом қошиқ ёки санчиқда эмас, қўлда ейилса, уч бармоқ: бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ, ўрта бармоқда ейилмоғи суннатга мувофиқдир. Гоҳо тўртинчи бармоқни қўшса ҳам жоиздир. Икки бармоқ билан ейиш маън этилган. (“беш бармоқни оғзига тиқди” деган ибора фақат таом ейишга таалуқли эмас. Бу кўпроқ “бойликкка берилиб, нафсини тия олмади”, деган маънони англатади.)
*Агар таом бир товоқ (лаган)да ўртага қўйилса, ўз олдидан олади. Меваларни ҳар қайси томондан олиш мумкин. (“Қутадғу билиг”да бу хусусда дейиладики:“Меҳмонга таклиф этилсанг, ошни одоб билан е. Бировнинг олдидаги овқатга қўл чўзма. Ўзингга яқин турган жойдан ол. Пичоқ ўйнатмагин. Қўлингга суяк олиб, кемириб ўтирма. Бошқаларнинг ош-овқатларини татиб кўришдан асралиш лозим. Ўзгаларни зўрлаб-қисташ ярамайди. Аёлларга ўхшаб бемалол емагин, аммо шошилиш ҳам зарар. Аёллардек серилтифот бўлиш ортиқча. Буларга мулоҳаза юрит. Қанчалик тўқ бўлсанг ҳам, таклиф қилингандан кейин овқатдан ейиш лозим. Бу сенинг қадрингни оширади”.)
*Нон икки қўл билан синдирилиб, бўлаклари икром қилинади, гарчи емоқчи бўлса ҳам, қўл ёғи нонга сурилмайди. Оғиздан ёки қўлдан тушган нон ушоғи ё ўзга донлар такаббурлик ва худпарастлик билан ташланмай, дарҳол териб ейилади-ки, унда хосият кўпдир.
*Таомланиш пайтида, агарчи оч бўлса ҳам, тез-тез ва шитоб билан ейиш “кўнгилнинг қотиши, кўрлиги, ҳатто ўлишига боис бўлади”, дейдилар.
*Луқма катта ҳам, кичик ҳам эмас, ўртача олинади ва оғиздаги луқма яхши чайнаб, оҳиста ютилади. Таомга оғиз андозадан зиёда очилмайди. Таомни ўнг тараф тишлари билан чайнаш суннатдир. Агар ўнг тарафда тиш оғриғи ва бошқа узри бўлса, чап тарафда чайнаса ҳам бўлади. Оғиздаги луқма ютилмагунича таомга қайта қўл узатилмайди. Тишланган таом яна идишга қўйилмайди. Агар таом иссиқ бўлса, бир оз кутиб турилади. Таомлик қўл косага ёки лаганга силкитилмайди. Ёғлиқ луқма ёки гўшт парчаси сирка ёки шунга ўхшашга ботириб олинмай, балки қуруқ луқма сиркага ботирилиб, гўшт ўшанинг устига қўйиб ейилади. Иликни қоқиш учун суякни куч билан ноннинг орқасига ё юзига ё товоқ лабига ё дастурхонга урилмайди. Агар гўшт яхши пишган бўлса, суннат шуки, қўл билан майда-майда қилинади, пичоқ ишлатилмайди.
*Таом устида бошдан-охиригача хомуш ўтириш ман қилинган (макруҳдир). Яна ҳар хил одамлар, ҳайвонлар ҳақида даҳшатли ва ёқимсиз сўз ҳам дейилмайди-ки, бу каби сўзлар ҳам макруҳдир.
*Агар имкон бўлса, таом танҳо ейилмайди. Негаки, кўп қўл узатилган таом баракали таомдир, дейдилар. Яхшироқ таом ҳамкоса ва ҳамроҳига қўйилади-ки, буни инъому эҳсон дейилиб, савоби кўпдир. (Ҳикоят: доно бир қария дастурхонга турфа ноз-неъматларни қўйиб, овқатланишга ўтирган онда кўча эшикдан бир меҳмон кириб келди. Мезбон уни хурсандчилик билан қарши олиб, илтифот қилди: “Келинг азиз меҳмоним, келинг, қадамингизга ҳасанот! Ҳикматда айтадиларку “яхши меҳмон ош устига”, деб. Қаранг, бир ўзим ўтириб тановул қилишга унча рағбат-хоҳишим бўлмай тургандим, хуш келдингиз, бирга овқатланадиган бўлдик”. Доно мезбоннинг ширин сўзларидан меҳмоннинг баҳри-дили яйради. Икковлари: “Олинг, олинг”, “Хўп ширин бўпти”, “Ош пиширганнинг қўли дард кўрмасин”, деб иштаҳа билан овқатланишдики, бу ҳам тирикликнинг бебаҳо лаззати эди.)
*Суҳбат аҳлига то суҳбат тугагунча иттифоқчилик қилинади. Агар зарурат бўлмаса, дастурхон йиғилмасдан илгари жойдан турилмайди.
*Доналаб саналадиган емишларда тоқ саноққа риоя қилинади. Чунончи, хурмо, анжир, чучвара бўлса бир ё уч ё еттита олиб ейилади – тоқ адад ихтиёр қилинади. Қошиқ билан таом ейишда ҳам тоқ адад риоя қилинса яхшироқдир. Икки киши бир товоқда шерик бўлсалар, қошиқ билан навбат-банавбат ош ичсалар, ҳар қайсилар бир қошиқдан ё уч қошиқдан ичадилар, агар танҳо бўлса, ичишни тоқ билан тугатади. Яна қошиқни тўлдириб ичилмайди-ки, ҳирсу очкўзлик аломатидир. Оз ҳам ичилмайди-ки, ўзни катта олиш ва кибр аломатидир, демак ўртача олинади. Яна қошиқдан шўрва ва ош дастурхонга, либосга томмаслиги учун эҳтиёт қилинади. Қошиқдаги ярми ичилган ошнинг қолгани косага қайтарилмайди. Қошиқ билан ичишда тўрт оёқлиларга ўхшаб оғзини косадаги ошга кўп яқин келтирилмайди. Яна қошиқ учун оғизни кўп катта очмайди, қошиқ оғиз ичига элтилмайди. Яна қошиқ билан ичишда оғиздан нохуш овоз (хўриллатиш) чиқарилмайди. Қошиқ товоққа тўнкариб қўйилмайди-ки, агар таом қатралари қолган бўлса, унга томмасин.
*Таом идиши ва бармоқлар яланганидан кейингина қўл ювилади. Қўлни дастурхонга артилмайди-ки, макруҳдир. Аввал ўрта бармоқ, ундан сўнг бош бармоқ, кейин бош бармоқ ёнидагиси яланади.
*Агар киши пўстли ва донали меваларни емоқчи бўлса, адаб шудир-ки, унинг пўчоқлари мевали идишга қўйилмай, балки дастурхондан узоқроқ ва четроқ ерга ташланади. Агар мажлис танг бўлса, узоқроққа ташлашга имкон топилмаса, уларни рўмолга ё бирон нарсага ўраб сақлайди. Мажлис аҳлининг кўзидан пинҳон тутади. Агар рўмолчаси бўлмаса, чап қўлида сақлайди. Фурсат топилганида чап тарафидаги холироқ ерга ташлайди. Ташлашда эҳтиёт қилинади-ки, оёқ кийимларининг ичига тушмасин. Зиёфат маҳалида бундай ноқулайлик вужудга келмаслиги учун пўчоқ ташлаш учун махсус идишлар қўйиб қўйилса яхши бўлади.
Бизда дастурхон усти ҳаддан ташқари неъматларга тўлдириб ташланиб, бўш идишга жой қолмайди. Баъзи жойларда чекувчиларнинг ҳурмати учун кулдон қўйилади, аммо афсуски, пўчоқ учун бўш идиш қўйиш хаёлларига келмайди. Яна айрим зиёфатларда ёнғоқ ёки бодомни бутунича қўйишади-ки уни чақиш осон бўлмайди. Дастурхон ўртасига муштдай-муштдай келадиган новвотларни ҳам қўядилар-ки, “кўрмоқ бор-у емоқ йўқ”, деганлари айни шудир.
*Янги мевага етишган чоғда дуойи баракат қилинади. Кейин кичик бир болани чорлаб, унинг қўлига берилади.
*Таомдан сўнг баъзиларда тишни чўп билан кавлаб, тозалашга ҳожат сезилади. Даврада оғизни баралла очиб тиш кавлаш ғоят хунук одатдир. Иложи борича давра тарқалганида, ҳоли жойда тозалангани маъқул. Тозалашга табиий зарурат кучли бўлса, у ҳолда чап қўл кафти билан оғиз тўсиб турилади. Тишдан тил билан чиқарилган таомни ейиш макруҳ эмас, аммо тишкавлагич билан чиқарилганини ютиш макруҳдир. Тишнинг ораси кўп кавланмайди, токи милкка зарар етмасин.
*Қўл таомдан илгари ҳам, кейин ҳам ювилади. Сув қатралари тўшак ва либосга сачрамаслиги учун ювилган қўл силкитилмайди. Таомдан сўнг мажлис аҳлидан баъзиларининг кўнгилини айнитмаслик учун қўл ювилганда оғиз чайқалиб, чилобчинга қайтариб тўкилмайди. Таомдан сўнг қўл ювилганида тоза сочиққа артилиб, хизматдаги киши хайрли дуо қилинади. Одоб шуки, таомдан олдин ўнг томондан бошлаб қўлга сув қуйилади. Таомдан сўнг эса аввал даврадаги улуғлар қўлига сув қуйилади, сўнг тартиб билан ўнг томон қараб юрилади. Ҳар қайси кишига уч маротаба сув қуйилади. Аввал озроқ, иккинчисида ундан кўпроқ ва учинчида узилмай сув қуйилади.
*Таом еб бўлингач, ҳамд айтилади сўнг дастурхон эгаси дуо қилинади.
Таомланишдан ташқари сув ичишга хос одоблар ҳам бор:
**Сувни ўтириб ичиш керак. Агар узрли сабаб билан ноқулайлик бўлса, туриб ичиш ҳам мумкин. Замзам сувини эса туриб ичиш мумкин.
**Сувни уч навбат нафас олиб, ҳар нафасда пиёла ёки косани оғиздан жудо қилиб ичилади. Аввалида бир ҳўплам, иккинчи нафасда уч ҳўплам, учинчи нафасда беш ҳўплам ичилади. Сувни бирданига симириш макруҳдир. Тиббий нуқтаи назардан қаралса, зарарлидир. Айниқса иссиқ кунларда чанқаб келиб муздек сув симиришнинг оқибати нима бўлишини ҳамма билса керак. Аммо, афсуски, кўпчилик билса-да, сабрсизлиги туфайли бу яхши ва фойдали одатга амал қилмай, оқибатда ўзини ўзи қийнайди.
**Сув ичилаётганда унга нафас урилмайди.
**Ичишни бошламасдан илгари хас ё ўзга нарсалар тушган бўлмасин учун идишдаги сув яхшилаб текширилиши керак. Ичаётган пайтда унинг қатралари либосга томмаслиги чоралари кўрилади. Агар қоронғи бўлса, идиш лабига юпқа матодан парда тутиб ичилади. Бир сабрсиз одам чанқаб келиб шиша идишнинг қопқоғини очибоқ кўтариб ича бошлаган экан. Ярмидан кўпини ичиб қараса-ки, идишда сичқоннинг ўлиги бор экан... Бесабрнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.
**Агар оғзи ёки қўли ёғли бўлса, у билан кўза ёки обдастанинг дастаси ушланмайди, агар заруратдан ушланмоқчи бўлинса, жимжилоқ ва номсиз бармоқ билан ушланади, агар дастаси бўлмаса, аввал қўлини ва оғзини артиб тозалаб, ундан сўнг сув ичилади.
**кўза ва косанинг дарз кетган ёки учган жойидан сув ичилмайди-ки, унда чирклар жам бўлади. Бошни сувга етказиб ичиш ҳам макруҳдир.
**Шарбатни ёки сувни қуйган одам ғоятда ташна бўлса ва ташналиги тўла қонмаган бўлса-да, ҳаммасини ўзи ичиб адо қилмайди, бошқаларга ҳам беради-ки, бу ҳам инъом-эҳсонга киради. Киши сув ичганидан сўнг гарчи чап ёнида улуғ одам ўтирган бўлса-да, косани ўнг ёнидагисига узатади.
**Сув олиб кирган киши дуо қилинади.
Меҳмон кутиб олишдаги ёшларнинг чиройли хизматлари ёки меҳмондорчиликка борганларида ўзларини баодоб тутишлари уларга шараф келтиради. Аксинча, меҳмонларни кутишда эътиборсизлик ёки ялқовлик қилсалар, тотли таом пишириб беролмасалар, меҳмонга борганларида эса одоб билан ўтира олмасалар, уларни маломат қиладилар. Шу боис ҳам бу суҳбат баёнини батафсилроқ қилдик. Одобларни бир ўқишда эслаб қолиш, эҳтимол, қийиндир. У ҳолда эринмай қайта-қайта ўқинг ва билганларингизни амалда қўллангки, шунда барака топасиз. Бу тўртликни ёдлаб олсангиз янада яхши:
Хонамиз дўстлар оёғидан топар нури зиё,
Уй – фонус, меҳмон шамъу мен эсам парвонамен.
Меҳмон ҳар қанча турса, хизматин айлай бажо,
Кетса меҳмон мен мисоли мажнуни девонамен.
Азизлар, Аллоҳга беадад шукрларким, мазкур ғойибона машваратимизда оила мустаҳкамлигининг таянчи бўлган айрим одоблар хусусинда имкон қадар фикрлашдик. Ўзингизга маълум, оила устунлари бу одоблар билан чекланмайди. Қуръони Каримда, шарафли ҳадисларда бу мавзуда кўп кўрсатмлар мавжуд. Донолардан мерос қолган асарларда ибратли ҳикоятлар, ҳикматлар ҳам кўп. Оилани мустаҳкамлашга доир ҳаракат бир-икки китоб ўқиш билан адоғига етмайди. Киши жисмонан қувват олмоғи учун ҳар куни таомланиши зарур бўлганидек, руҳ қуввати учун ҳам кундалик тарбия зарур. Полвонлар ҳар куни машқ қилишларига қарамай, мусобақаларга яқин қолганда машқни кучайтирадилар. Шунга ўхшаш, фарзандларингиз “оила” деб аталмиш бахт саройини қуришга киришишларидан олдин тарбия соатларини кўпайтирсангиз янада яхши.
Машваратимизнинг маърифий суҳбатга аталган қисмига якун ясаб, тилга олган муаммоларимиз бугунги ҳаётда қандай кўринишда эканига диққатингизни тортиб, бир кўчага жойлашган оилалар ҳаётидан ҳикоя қилмоқчимиз.
“Сочар нақдин, сўнгин андиша қилмас...”
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муножот:
-Ё Аллоҳ! Дўзах азобидан қўрқиб, жаннат роҳатларидан умид қилиб,
“оила” де аталмиш муаззам саройни барпо этаётган
бандаларинг қаторида Ўзингга илтижо қиламиз:
бу дунёдаги исрофнинг барча турларидан бизларни асра.
Исроф – нафсоний иллатдир.
Бу иллатга мубтало бўлиб қолмаслик учун Ўзингдан паноҳ тилаймиз.
Барчаларимизни нафс ёмонликларидан муҳофаза қил!
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Саховат мақтовга сазовор хулқ. Саховат исрофгарчилик ва хасислик ўртасида турган бир фазилатдир. Аллоҳ таоло бундай фазилатли кишиларн мақтаб дейди: “Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, балки эҳсонлари ана ўша хасислик билан исрофнинг ўртасида мўътадил бўлур” (Фурқон сурасидан).
Азизлар, ҳафа бўлманг-у, кўп учрайдиган бир ёмон одат сизнинг оилангизда ҳам бор. Аслида буни шунчаки “ёмон одат” эмас, “гуноҳ” десак тўғрироқ бўларди. Афсуски, неча минглаб одамлар каби сиз ҳам бу одатларингизни гуноҳ деб билмайсиз. Бу гуноҳ баъзан лоқайдлик, баъзан эса эринчоқликдан келиб чиқади. Майли, гапни кўпайтирмай, гуноҳга олиб борувчи ярамас одатларимизни баён қилай:
Уйларимизда электр чироқни ёқиб-ўчирувчи мослама бор. Уни “ёққич” деб номлаганмиз. Бу мосламани кўпроқ чироқни ёқиш учун ишга соламиз. Уни кераксиз пайтида ўчириб қўйишни ё унутамиз ё эринамиз. Айниқса, ошхона ва ҳожатхона чироқлари бекордан-бекорга ёниб тураверади. Телевизор, биров кўрмаса-да, ўчирилмайди. Чин дилдан айтинг-чи, баъзан чироқ ўчиб қолса юрагингиз сиқилиб кетадими? Аёлларимиз дазмолни вақтида қилолмайди, кир ҳам юволмай қийналишади, тўғрими? Ана шунда электр қувватини бекорга исроф қилганингизга ачинасизми ё йўқми? Сувни ҳам бекордан бекорга оқизиб қўямиз, а? Сув тўхтаб қолган куни челак кўтариб кўчага чиққанингизда ўша гуноҳингизни ёдга оласизми ё йўқми? Ярим литрли чойнакка чой дамлаш учун уч литрли човгумни сувга тўлдириб газга қўямиз. Икки ярим литр сув бекорга қайнайди. Демак, уни қайнатишга ортиқча газ исроф бўлдими? Ундан ташқари, газни ўчириб-ёқишга эриниб, пастлатиб қўя қоламиз. Газ соатлаб ёниб ётади. Баъзан човгум эриб ҳам кетади, а? Газ келмай қолса, уйингиз исимаса, қозондаги овқатингиз чала пишганича қолса, буни газни исроф қилганингиз учун берилган кичик жазо ўрнида қабул қиласизми ё йўқми?
Бу масалаларда оиладаги эрлар танбеҳ беришса, аёлларнинг балки ғаши келар? “Битта лампочканинг ёниб туришига шунчаликми?” деб эрларини хасисликда айблашар? Бу ҳолда билишсинки, гап неъматлардан фойдаланганлик учун тўланадиган пулдагина эмас. “Бели оғримаганнинг нон ейишига боқ”, деган мақолни эшитишгандир? Буни маломат ёки миннат ўрнида қабул қилишмасин. Фикр қилсинлар-ки, шу битта лампочканинг бекорга ёниб тургани учун йигирма сўм тўланди. Бу исроф бир соат ёки бир кун билан чекланса, кечириш мумкин. Лекин ўн кунда, бир йилда... қанча бўлади? Шу пулни ҳавога совурмасдан керакли нарсага ишлатган яхши эмасми? Моддий исрофдан ташқари масаланинг яна бошқа муҳим томони бор: сиз учун “арзимаган” исрофнинг табиатни заҳарлашини ўйлаб кўрмаганмисиз? Ошхонангизда ёниб турган газ қанча кислородни исроф қилади? Электр қуввати ишлаб чиқариш учун газ ёки бошқа ёқилғилар ёқилади. Атроф-муҳитга салбий таъсир этиш эвазига ишлаб чиқарилган электр қувватини сиз ва сизга ўхшаганлар исроф қилиб туришини кам ўйласиз.
Ёшлик кезларимизда ўтмишдаги бойларни ёмонлашга қаратилган ҳикояларни кўп эшитганмиз. Бой албатта хасис ва золим бўлади, деган ҳақиқатни омма онгига сингдиришга уринишарди. Тўғри, бахил ва золим бойлар бўлгандир, бунақалари ҳозир ҳам учрайди. Лекин ўшанда мисол тариқасида келтириладиган воқеада бахиллик унсури йўқ эди. Айтилардики, бир хасис бойнинг уч хотини ва ўн келини бор экан. Шом пайти ҳаммалари қорачироқларини кўтариб келарканлар ва бой битта гугурт чўпи билан барча чироқларни ёқиб бераркан. Бу ҳол ҳозирги ёшларга ҳам хасислик бўлиб туюлса эҳтимол. Билмадим, бой балки гугуртга сарфланадиган пулини ўйлагандир, ҳар ҳолда у дамларда гугурт қиммат бўлган. Нияти бошқа бўлса ҳам, ҳаракатида, амалида исрофдан қочиш бор эди, шу боис уни бахилликда айбламаганимиз яхши.
Аллоҳ ўзининг расулига хитобан дейди: “Қавми қариндошга, мискин ва йўловчига хайру эҳсон билан уларнинг ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Раббига ўта ношукур бўлгандир” (Исро сурасидан). Уламоларимиз бу оятларни шундай тафсир қиладилар: исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди. Агар шукр этса, ўшани исроф этмасди. Неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчи ношукр бўлгани сабабли ўзига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-ҳаришга, маъсият ва ёмонликка сарф қилади ва бу борада шайтонга биродар бўлади. Шайтоннинг эса ношукрлик бобида тенги йўқ. Шундай экан, исрофчининг бошига ҳам ўз биродари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап. Бундайлар тарихда кўп учраганларки, Шайх Саъдий ҳазратлари бежиз ёзмаганлар:
“Бир порсоға амакилари авлоди таракасидин кўп мол ва неъмат етушди. Ул мол ва неъмат кўплугидин фисқ ва фужур ва бебоклиғ тариқасиға тушди, андоқким, жаҳонда ичмаган шароби ва қилмағон исёни қолмади. Фақир бир кун анго дедим: “Эй фарзанд, дахли оби равон ва харжи осиёйи гардондур. Фаровон харж этмак андоқ кишиға мусалламдурким, фаровон дахл онга муайян бўлмиш бўлғой”. Қитъа:
Чу дахл (даромад) оз ўлса харжинг оз қилғил,
Ки ойтурлар кемачилар суруди.
Ки гар ёғмас эса тоғ узра ёмғур,
Бўлур бир йилда Дажла хушк рўди.
Бир неча муддатдин сўнг кўрдумким, яна бурунғидек фисқу фужурға машғулдир. Мен яна онга дедим: “Ақл ва адаблик бўлғил ва лаҳву лаъбин тарк этғилким, чун мол тамом бўлса, қотиғлиқ чеккунгдур ва пушаймонлиғ егунгдир, аммо фойда қилмасдур”. Порсо нозу наим ва ҳавоу ҳавас лаззатиға мустағрақ бўлмиш эрди. Бу сўзларни эшитмай мендин юз эвурди ва деди: “Бугуннинг роҳатин сўнгги куннинг ташвиши била тийра қилмоқ хирадмандлар раъйининг хилофидур”. Байт:
Кишиким бор эса яхши қилиғлиқ,
Қотиғлиқ биймидин чекмас қотиғлиқ.
Тараб қил, ончаким бор эрса матлуб,
Емак тонгла ғамин бугун эмас хўб.
Кўрдумким, менинг насиҳатимни қабул этмағусидир. Охирул-амр, суҳбатни тарк этдим ва саломат гўшасида ўлтурдим. Бир оз муддатдин сўнг кўрдумким, менинг айтғонимдек холи сурати тағайюр топиб, бенаволиқдин руқъа устиға руқъа еткорур ва луқма устиға луқма йиғодур. Кўнглум онинг ҳолиға куйди ва ул ҳолда онинг кўнгли жароҳатиға маломат била харош еткуриб, намакпошлиғ қилмоқни мурувватдин кўрмадим ва ўз кўнглумға дедим. Маснавий:
Чу сифла маст ўлуб ўзини билмас,
Сочар нақдин, сўнгин андиша қилмас.
Хазон баргин шажар сочғуси ҳар ён,
Қолур мундин зимистон ичра урён”.
Азиз ёшларимизни қадим тилимизнинг жилваси билан таништириш учун Огаҳий таржималарини айнан келтирдим. Агар тушунишга қийналган бўлсангиз, ривоятнинг муҳимлигини эътиборга олиб, бугунги тилимизда ҳам баён эта қолай:
Бир тақводор одамнинг ўғли отасининг фазилатларидан маҳрум эди. У амакилари қолдирган меросга эга бўлгач, мол-дунё ақлини олди-ю, босар-тусарини билмай қолди. Бу бойликни тежаб сарф қилмай, исрофгарчилик йўлини тутди, унинг қилмаган фисқу-фужури қолмади. Бир дафъа мен унга насиҳат қилиб айтдим:
-Эй ўғил, кирган бойлик оққан сувдай бўлса, харж тегирмон тоши айланишига ўхшаш бўлади. Даромади кўп бўлган кишигина кўп сарф этиши мумкин. Сен ҳою-ҳавасни қўй, ақл-адаб йўлига кир, молу дунёнг тамом бўлганидан кейин кўп машаққатларга дучор бўласан. Пушаймон фойда қилмайди.
Йигит сўзимга кирмади. Иккинчи марта танбеҳ берганимда ҳам парво қилмай, ўзининг тутган йўлидан қайтмади. Шундан кейин насиҳат қилишни тарк этдим.
Орадан бир оз вақт ўтгач, унинг тиланчилик қилиб юрганини кўрдим. Шундай ҳолида ярасига туз сепиб, бир нарса дейишни ўзимга эп кўрмадим, ҳолига ачиниб, ўз-ўзимга хитобан дедим:
-Нодон одам ниҳоятда ғурур мастлиги туфайли бир кун муҳтожликка тушиб қолишини ўйламайди. Дарахтлар баҳор фаслида гулларини сочиб юборадилар, қишда ҳатто барглари ҳам қолмайди...
Бу ҳикматдан оладиган маъномиз шуки, “ёмғир ёғиб турмаса катта дарёлар ҳам қуриб қолар экан, даромадингни совурма. Муҳтожликка тушиб қолишни истамасанг, қўлингдаги мол-давлатингни беҳудага сарф қилма, исрофгарчиликдан сақлан, шундай қилсанг, бошқаларнинг мол-мулкига кўз олайтирмай, роҳатда яшайсан”.
Яна бир ривоят: Парҳезкор кишининг умри охирлаб, ажали яқинлашди. Унинг ёлғиз ўғли ҳали ёш, ҳаёт тажрибалари йўқ эди. У ўлими яқинлашганда ўғлини ҳузурига чақириб васият қилди:
“Аллоҳ таоло менга жон бериб, мол ва неъмат ато қилибди. Мен бу мол ва неъматни ранж ва машаққатлар билан қўлга киритганман. Аммо эндиликда бу моллар осонликча сенинг қўлингга ўтгуси. Лекин сен бунинг қадрига етмасдан, ноаҳиллар билан дўст бўлиб елга совурмаслигинг лозим. Исрофгарчиликдан ўзингни сақлашга ҳаракат қил! Балки мен ўлганимдан кейин сен ноаҳиллар билан дўстлашарсан ва улар сени фасод йўлига бошлаб, барча мол-мулкингдан жудо бўларсан. Шуни эсингда тутки, мендан сенга қоладиган мол-мулкнинг ҳаммасини сотсанг ҳам, аммо уйни сота кўрма! Агар овқатинг тугаб, пулинг охирига етиб тирикчилигинг ўтмай қолса, дўстинг душманга айланади. Мабодо шундай аҳвол содир бўлиб қолса, зинҳор сен ўзингни ёмонотлиқ қилма. Кичик уйнинг шифтига арқон осиб, тагига курси қўйиб қўйганман. Сен ўша уйга кириб, курсига чиқиб, арқонни бўйнингга солгач, курсини тепиб юборишинг лозим. Зотан, душмандан эҳсон сўраб яшамоқдан кўра ўлим минг карра афзалроқдир!..”
Ота шу васиятни қилгач, охират сафарига равона бўлди. Отасининг таъзиясини тугатгач, у мол-мулкни сотиб, совура бошлади. Оз муддат ичида барча мол-мулкдан ажралди. Ҳатто энг охирида эски теша-болтагача сотди. Унинг аҳволи шу даражага етдики, бир неча кеча-кундуз давомида ейишга бир нарса тополмай, оч қолди. Ҳеч ким унга бирор нарса бермади. Шундан сўнг отасининг васияти ёдига тушди. Бечора йигит ниҳоят, иложсизлик туфайли ўзига қасд қилмоқчи бўлди.
Отаси васият қилган уйга кириб курси устига чиқди ва ўз бўйнига арқон солиб, ҳаёт билан видолашгач, курсини оёғи остидан туртиб юборди. Гавдасининг оғирлигидан арқон солинган хари синиб кетди ва синган хари орасидан ўн минг динор олтин ерга тушди. Йигит бойликни кўриб, ниҳоятда шод бўлди. Билдики, отаси “ўғлим мендан кейин ранж-алам ва машаққат жомларидан татиб кўриб, энг сўнггида олтинларни топиб олса, унинг қадрига етади ва жойини билиб сарфлайди”, деган мақсадда дор тикиб қўйган экан.
Шундан сўнг йигит икки ракат намоз ўқиб, ғафлат уйқусидан уйғонди ва ҳушёр тортиб, замона билимдони бўлди.
Бу ривоятдан мақсад шуки, исрофгар киши барча мол-мулки қўлдан кетганидан сўнг ғафлат уйқусидан уйғонади.
Мен бу ривоятни ҳар эслаганимда ўйлайман: ғафлат уйқусидан уйғониш учун барча нарсалардан ажралиш шартми? Ақлни ишлатиб, аввалроқ уйғонилса бўлмайдими? Неча асрларни оралаб замонамизга етиб келган ҳикматлар нега бизларни уйғота олмаяпти? Жаҳолат шунчалик бўғиб ташлаганми? Азилар, сиз ҳам бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинг, хўпми?
Ҳазрат Навоий “Ўт иши – қовурмоқ, ел иши – совурмоқ”, дейдилар. Яна дейдиларки: “Исроф сахо эмас ва итлофни (йўқотиш, барбод қилишни) маъно аҳли сахо демас”. Яъни, исроф қилиш – сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар. Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар. Ёруғ жойда шамъ ёққанни ақлдан бегона дерлар.
Худо молиға қилмоқ исроф не?
Жунун аҳлидек мунча итлоф не?
Исломда мол-ашё ҳам ҳимояланган. Молни исроф қилган, талофот берган жазосини олади. Бунга эътибор берайлик: “Мен ўз товоғимни бекордан бекорга синдирдим”. Ўзининг товоғини синдирди. Ўзгага зарари тегмади. Бунинг учун ҳам жазо борми? Бор! Нима учун? Эрга ё қайнонага жаҳл қилиб идиш-товоқ синдирадиган келинларимиз ҳам бор. Албатта, оила шароитида бу иш учун дарров жазо берилмайди. Лекин тасодифий синдирилган пиёла ёки коса учун ҳам қайнона ёки эрнинг норози бўлиши табиий. Баъзилар норозиликлари билан чекланадилар, баъзилар танбеҳ берадилар, баъзилар сўкадилар. Агар пиёла бировга аччиқ қилиб синдирилган бўлса, эр томонидан муштнинг ишга тушиб кетиши ҳоллари ҳам учрайди, шундайми? Биз оиладаги жазо эмас, шариатга кўра белгиланган жазо ҳақида сўз юритайлик. Азиз ёшларимиз бу масалага ҳам кўпроқ эътибор берсинлар.
Шариатда молга тажовуж қилиш ҳаромдир. Молни асраш буюрилган. “Ла зарара вала зирора фил ислам” – Исломда зарар кўриш ва зарар етказиш йўқ, деган ҳукмни унутмаслик керак.
Оилада келин қайнонага аччиқ қилиб пиёла синдиради. Қўшнилар орасида низо чиқиб, бири иккинчисининг молига чанг солади. Мақсад - молини тортиб олиш эмас, балки йўқ қилиш. Масалага диққат қилайлик: мен қўшнимдан ранжисам-да унинг хирмонини ёқишга ҳаққим йўқ. Ислом нуқтаи назаридан ҳам, одамийлик нуқтаи назаридан ҳам бундай қилиш мумкин эмас. Гуноҳ бўлади. Бунинг оғир жазоси бор. Десамки: “У менинг хирмонимни ёққан эди, мен ҳам унинг хирмонини ёқаман”. Бундай қилишга ҳам ҳаққим йўқ. Зарарга зарар билан жавоб қайтаришга ҳам ҳаққим йўқ. Лекин қозига (ҳакамга) мурожаат қилиб, ҳаққимни талаб этишга ҳақлиман. Молига эса талофат беролмасман. Дунёвий қонунларда ҳам бу ҳол зикр этилган.
Бир бола муаллимнинг олдида куйган лампочкани деворга отиб синдирди. Бунинг учун муаллим уни жазолади. Муаллимга: “Нега жазо бердингиз, ахир лампочка куйган эди-ку?” деганларида, у киши: “куйган бўлса-да, эҳтимол бирор нарсага ярарди, тайёр нарсани бузиш, синдириш тўғри эмас”, дедилар.
Азизлар, бу сизга ҳам ғалати туюлди, а? Ҳа, биз шунақа бўлиб қолганмиз. Кўп нарсаларни кераксиз, деб ташлаб юбораверамиз. Бир келинни эшитган эдим, идишларни ювишга эриниб “дарз кетибди” деган баҳонада ахлатга ташлаб юборар экан. Кийимнинг йиртилган ё титилган жойларига ямоқ солиб, йиртилган пойабзални ямаб кийиб юриш менга ғалати туюлмагани учун бугунги ёшларнинг охори тўкилмаган кийимларни ташлаб юборишларига бефарқ қараб туролмайман. Тўғри, ҳозир бирон киши ямоқ шим кийса дарров калака қиламиз, уни бахилликда айблаймиз. Лекин дунёнинг қайси бир жойида шу ямоқ шимга ҳам зор одамлар борлигини ўйлаб кўрамизми? Ямоқ кийиб юриш тарафдори эмасман. Ҳамма ораста юриши шарт. Лекин орасталик билан кибрни аралаштириб юбормаслик ҳам керак. Бугун аксар ҳолларда кибрга берилиб исрофга йўл қўямиз. Шундайлар борки, битта кўйлакни икки ё уч мартадан ортиқ киймайди. Бир эмас, бир неча жавон кийимга лиқ тўла бўлади. Шунақалар билиб қўйишсинки, кийилмай турган кийимлари учун ҳам ҳисоб беришга тўғри келади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ таоло учта ишингизга ғазаб қилади: бўлар-бўлмас гапни нақл қилиб юрмоғингизга; кўп суриштираверишлик ва кўп тиланишликка; молни ноўрин ерларга сарф қилиб зое қилмоғингизга”. Набий муҳтарам Сабаъ сурасидаги “Айтинг, “албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва Ўзи хоҳлаганига ризқни танг қилур. Бирор нарсани эҳсон қилсангизлар, бас, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдирур”, калимасини айта туриб “исроф ҳам, танглик ҳам қилмасдан сарфлангиз” деб изоҳ берган эдилар.
Ривоят: Бир одам қариндошиникига бориб, уйланмоқчи эканини айтди. Қариндош аёл ўртада туриб, уни уйлантириб қўйди. Эр тўйнинг эртасига хотинига бир халтачада қаҳва олиб келиб берди. Хоним халтачани эҳтиёткорлик билан очиб, қаҳвадан ичимлик тайёрлай бошлади. Халтачани эса деразадан ташқарига отиб юборди. Эр унинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб турган эди. У дарҳол ўртада турган қариндош аёлни чақирди-да: “Мен бу хотиндан ажрайман”, деди.
Қариндош аёл орадан фурсат ўтиб йигитни яна уйлантирди. Йигит бу хотинига ҳам бир халтачада қаҳва келтирди. Янги келин ҳам худди аввалгисидай иш тутди: қаҳвани финжонга солди-да, халтачани ташқарига улоқтирди. Йигит бу хотинни ҳам талоқ қилди.
Ўртада турган аёл унинг бу қилиғидан ранжиб, бир танишига ҳасрат қилиб: “энди қиз қидирмайман, бўйдоқлигича юраверсин”, деди алам билан. Буни эшитган таниш аёлнинг қизи “қариндошингизга мен тегаман”, деб қолди. Қариндош хотин “сени ҳам ҳайдайди”, деб огоҳлантирса ҳам аҳдида қаттиқ турди-да, ўша йигитга турмушга чиқди.
Эр эски одатини яна такрорлади. Келин эри олиб келган халтачани шошилмай, авайлаб очди, қаҳвани финжонга солди. Сўнг халтачани ташлаб юбормай, тахлади-да, ипи билан олиб қўйди. Хотинининг ҳаракатларни зийраклик билан кузатиб турган эр:
-Хоним, нега бу халтачани олиб қўйдингиз, ташлаб юборавермайсизми?-деб сўради.
-Нега ташлайман?-деди келин.-Ота-боболаримиз “Сақла сомонни – келар замони”, деганлар. Бир куни бу халтача керак бўлиб қолар,-деди.
Эр: “Ипини нега олиб қўйдингиз? Бир қарич ип нимага ярарди?” деб сўради.
-Рўзғорда ҳамма нарса керак. Бир кун бирор нарсани боғлашга яраб қолар. Ҳозир бу ип биздан бирор нарса сўраётгани йўқ. Ортиқча нарсанинг зарари бўлмайди,-деди келин.
-Албатта, хоним,-деди эр.-Мана энди рўзғор тебратадиган, тадбирли, оқила аёлга уйланибман, Худога шукр!
Дунёда ҳузур истаган келинпошшаларимиз, бу ривоятни ўқиб ғашлари келмасин-да, аксинча, ундан ибрат олсинлар ва дунёда бахтли бўлиб яшасинлар. Яна “бу қанақа хасис одам ўзи, бир парча қоғоз, бир қарич ип учун хотини билан ажрашса”, деб энсалари ҳам қотмасин. Яхшилаб тушуниб олсинлар. Агар бу одам хасис бўлганида рўзғор юритишни биладиган оқила аёлни излаб олдинги тўйларига пул сарфлаган бўлармиди?
Уйланишдан олдин оқил эр қизни синаб, тарбиясини билиб, лозим топса уйланади. Шундай ақлли одамлар кейин ҳузур топадилар. Аксинча, “менга хотин бўлса бўлди-да”, деб учраганига уйланаверадиганлар жаҳаннам ҳаётида яшайдилар. Уларнинг ўзлари исрофдан қўрқмайдилар ва аҳли аёлларини ҳам бу гуноҳдан тўхтатмайдилар. Оқибатда ўзларига ўзлари жаҳаннам ҳаётини яратадилар.
“Э Одам фарзандлари!-деб хитоб қилинади Қуръони каримнинг Аъроф сурасида.-Ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас”.
Еб-ичиш – гуноҳ эмас. Исроф қилиш гуноҳ. Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар. Бизда “озиқ-овқатни исроф қилиш” деганда емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри, аммо керагидан ортиқ ейиш ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмонга муносиб эмаслигини аввалги суҳбатимизда айтиб эдик. Ҳозирги кўп касалликларнинг келиб чиқишига ана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Саҳобалардан бирлари яҳудийга: “Қуръоннинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган”, деб айни шу оятни ўқиган эканлар.
Ўрни келганда яна бир нарсага диққатингизни қаратай: бугун ҳаётимизни қоғозсиз тасаввур эта олмаймиз. Ҳар бир хонадонга жуда кўплаб қоғоз турли кўринишларда кириб келади. Қоғоз вазифасини ўтаб бўлгач, кўпчилик уни ғижимлаб, ахлатга ташлайди. Айримлар эса тахлаб, тўплаб, қоғоз парчаларини сотиб олувчиларга топширишади. Кераксиз қоғозларни тўплаш ортиқча заҳмат талаб этмайди. Жиндай ҳафсала бўлса, бас. Ким савоб талабида бўлса, шу ишни қилади. Баъзиларга шу қоғоз парчаси учун тўланадиган пулнинг миқдори кам туюлиб, худди ўзларини пастга ураётгандай бўладилар. Лекин гап пулда эмас, исрофдан сақланишда. Сиз тўплаб топширган кераксиз қоғоз парчалари қайта ишланиб, ўзингизга яна хизмат қилади. Масалани яна табиат ҳимоясига қаратсак, шу қилган ишингиз эвазига бир неча дарахт кесилмай қолиши мумкин. Ҳар ҳолда қоғознинг дарахтдан ишланишини билсангиз керак? Бир-икки ой мобайнида тўплаб топширган қоғозларингиз эвазига битта дарахт кесилмай қолса, шунинг савобига эришасиз, инша Аллоҳ!
Дарахтни бутасак, шохчаларни ташлаб юборамиз. Европада эса эҳтиётлаб, тўплаб оладилар, қуритиб сўнг майдалайдилар ва мебел саноатида ишлатадилар. Уларда биздагидан кўра дарахт кўп, ўрмондан кесиб келса бўлаверади. Лекин ахлатга ташлаб юбориладиган шохчалардан фойдаланиш эвазига бир қанча дарахтларни сақлаб қолишади. Биз нима учун шундай қила олмаймиз?
Ноннинг исрофига нисбатан муносабатда оилаларимиз орасида фарқ борми? Бир оилада суви қочган нон пўчоққа ташлаб юбориб, иккинчисида бунинг катта гуноҳ эканини билиб, исрофга йўл қўйишмайдими? Тўкинлик замонида яшаётганимиз учун нонни исроф қилишдан уялмайдиган, гуноҳидан қўрқмайдиган бўлиб қолганмиз. Бу гуноҳ ишларга қишлоққа нисбатан шаҳарда кўп дуч келамиз. Оиладаги гўдак ҳам, ўсмир ёки эрта-индин узатиладиган қиз ёки уйланадиган йигит ҳам дастурхон устидаги нонни ушлаб кўради. Салгина суви қочган бўлса, “янгиси йўқми?” деб сўрайди. Баъзан нон бўлаклари, баъзан бутун-бутун нонлар моғорлаб кетади. Пўчоққа ташланади. Маҳаллаларда чорваси бор хонадонлар мол-қўйга берадилар. Кўп қаватли уйларда эса ахлатга ташланади. Мана шу “нонкўрлик” дейилади. Ким нонни хор қилибди, Худо уни бир тишлам нонга зор қилиб қўйишидан қўрқсин.
Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Мен болалигимни кўп эслайман. Ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий жиҳатдан эканини кейинроқ тушуниб етдик.
Фақат нон эмас, овқатлар ҳам исроф бўляпти. Бир киши “қотган нон, ачиган овқат исроф бўлмайди, молга берилади”, дейди. Ҳа, шундай ҳоллар бор. Бироқ, биринчидан, молга берилмай, ахлатга ташланаётган нон ва таомлар озми? Иккинчидан, нон ва овқат инсон учун берилган неъмат! Молу қўйнинг насибаси, емиши бошқа. Шундай экан, унутмаслик керакки, ким исрофдан тийила олса, бошқаларга муҳтож бўлмай яшайди. Исрофнинг энг ҳурматли оилаларни бузганига, энг бой уйларни вайрон қилганига, энг юқори мансаблардан тубан туширганига, энг шуҳратли ному насабга эга бўлганларни хор-зор қилганига тарих гувоҳ. Шу сабабли исрофдан сақланиш, ҳар бир ишда тежам ва иқтисодга риоя қилиш борасида кўп даъватлар қилинади.
Нон қадри, нон исрофи ҳақида кўп гапирилади. Мавзу муҳим бўлгани сабабли гапимиз сал чўзилса ҳам яна бир оз фикр юритишга ҳожат сезяпмиз. Агар мақсадни яхши англаб етдим, десангиз, уч юлдузчалар орасидаги сатрларни ўқимасангиз ҳам майли. Ҳафсала билан ўқишда давом этсангиз, кам бўлмайсиз. Хаёлни ёритиб ўтган бир воқеа каминани суҳбатни чўзишга ундади. Бундай воқеани сиз ҳам учратгандирсиз. Ошхонада таомланиб ўтирганимизда иттифоқо рўпарадаги стол атрофида давра қурган қизларга кўзим тушиб қолди. Даврадаги тўрт қиз овқатларини еб бўлишгач, бир тўғрамдан нон олишиб, бўёқлари чапланган лабларини артишди. Ниҳоятда ҳунук қилиқ, ниҳоятда хунук манзара, тўғрими?
***
Инсон учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири нондир. Айрим неъматларни бир ҳафта, бир ой ёки йил истеъмол қилмай юриш ҳам мумкин. Лекин нонсиз яшашни тасаввур этиш қийин. Энг тотли неъматларни ҳам икки кун кетма-кет истеъмол қилсангиз, учинчи кун унга қарагингиз ҳам келмайди. Лекин нон ҳеч қачон меъдага тегмайди. Инсон барча махлуқот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар насиб этилган.
Мен қизлар даврасидаги хунук манзарани тилга олдим. Аслида атрофимизга назар ташласак, катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, нонни исроф қилаётганларни кўрамиз. Агар ёшлар нон қадрини билмаётган бўлсалар, демак, бунга катталар айблидирлар. Масалага мантиқан қарайлик: нон қадрини билмаган катта одам фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин? Нонни исроф қилаётган одам ерни шудгор қилиб, буғдой қадаган, етиштирган, ўриб олган деҳқоннинг, тегирмонда тер тўккан ишчининг, тандирнинг оловли оғзи олдида заҳмат чеккан новвойнинг меҳнатини қадрлармиди?
Нон учун хизмат қилаётганларнинг манглай тери иқтисодий жиҳатдан ҳукумат томонидан тақдирланади. Маънавий қадри эса сиз билан биз томонимиздан бўлади. Аввало қорин тўйиб, шукроналик дуоси қилинаётганда уларнинг ҳақига ҳам хайрли тилаклар билдирилса савоб устига савоб бўлади. Энг муҳими – уларнинг меҳнатларини қадрлаш бизларнинг нонни исроф қилмаслигимизда намоён бўлади. Тасаввур қилинг: бир шоир янги шеъри ёзилган қоғозни сизга инъом этди. Сиз шеърнинг ярмини ўқиб, сўнг қоғозни ғижимлаб ташладингиз...
Нон исрофи – ношукрликдан келиб чиқади. Такрор бўлса-да айтаман: ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз?
Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар:
Ўзбекистон кузидай бугун дастурхон тўкин,
Турналардай тизилиб, юраклари эзилиб,
Қора нон навбатида турганларнинг ҳаққи ҳам,
Улуғ жанг йўлларида кўксидан қон сизилиб,
Европада ўт кечиб юрганларнинг ҳаққи ҳам
Насибангга қўшилиб турар дастурхонингда.
Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак.
Бу йўллар
кўп қадим йўллар,
Беш миллион,
ўн миллион
юз миллион нафар
қуллар ва туллар,
Гарданда чўяндан қуйилган занжир,
Ерларда ҳашарот каби
Очликдан,
зорликдан гезариб лаби,
Ожиз,
маҳкум,
хор ва бетадбир:
-Нон!-дея,
-Нон!- дея
суриниб кечмишдир.
Ғафур Ғуломнинг бу сатрларини катта авлод унутмагандир? Ёш авлод ҳам бу каби сатрлар замирида ётган маъноларни уқса ёмон бўлмас эди.
Боғча ва мактаб, касалхона ва ҳарбий ҳамда ҳарбийлашган қисм, шунингдек, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларга нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга хижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз.
Ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни кузатсангиз керак. Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “бизни ҳам тўйга етказсин”, деган ниятда синдирилармиш. Бундай бемаъниликни ким ўйлаб топди экан, ҳайронмиз! Яқиндагина, совет давридаги тўй ташвишлари ва машаққатларини унутдикми? Тўй қилишдаги энг оғир масала нима эди? Икки-уч қоп ун топиш эди. Советларнинг раҳбарияти “сиз пахта бераверинг, биз нон билан таъминлаймиз”, дегани билан ваъдасини бажара олмасди. Дўконга ун келганда икки кило ун олиш учун соатлаб навбатда туришларни унутмагандирмиз? Нонни исроф қилаётгани учун гуноҳга ботаётган кимсанинг нияти Яратган ҳузурида қандай қабул бўлар экан? Шоир айтмоқчи: “Бўғиб ўлдиргим келар, сербўёқ лабларини нон билан артаётган сатанг хонимни кўрсам... Адлия министри! Сиздан қатъий илтимос, исроф қилса ким нонни қаттиқ жазо берилса...” Шоирнинг бу таклифига қўшилувчилар кўп. Лекин гап жазода эмас. Гап инсофда, виждонда! Олий мажлис ва сенат шундай қонун қабул қилган тақдирда ҳам исроф қилувчиларнинг онгида ўзгариш бўлмас экан, нон исрофи бирданига тўхтаб қолмайди.
Замонлар бўлган - ноннинг ҳар бир қадоғи олтин билан ўлчанган. Олтини бор одамлар бир тишлам нон топа олмай хор бўлганлар. Биз баъзан “нон неча пул?” деб сўраймиз. Икки юз ёки уч юз сўмлигини билиб, пулини тўлаймиз. Аслида биз нон учун эмас, нонга хизмат қилганларнинг ҳақини тўладик. Ноннинг ўзи эса бебаҳо неъматдир.
***
Нон исрофига доир гапларни якунлаб, мавзунинг бошқа томонларига ўтайлик.
Агар нон бўлмаса, одам бошқа нарсаларни еб ҳаёт кечиравериши мумкин. Лекин ҳаво билан сув бўлмаса-чи? Бу икки неъматнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Олаётган нафасимизнинг қадрига етмаймиз. Ҳавонинг қандай неъмат эканини нафас қисиш хасталигига йўлиққан беморлардан сўраш керак. Ҳавонинг тозалигини асраш дунё муаммоси ҳисобланади. Дунёнинг айрим катта шаҳарларида тоза ҳаво етишмай қоляпти. Кўчаларда тоза ҳаво берувчи мосламалар ўрнатилган. Димиқа бошлаган одамлар пул тўлаб нафас оладилар. Ҳавони ифлослаш дунё бўйича оммавий тус олган. Саноат корхоналаридан чиқаётган заҳарли газлар, автоуловларнинг заҳари, самодаги учоқларнинг заҳари... Одамлар ўзларини ўзлари заҳарлаш билан банд. Ўзларинигина заҳарласалар майли эди, авлодларга заҳарланган сайёрани ташлаб кетишдан уялмайдилар.
Азизлар, бу дунё муаммосининг оилага алоқаси йўқ, деманг. Оилага ҳам таалуқли жойлари бор. Аввало, ҳар бир одам ўзи яшаётган сайёра тақдирига бефарқ қарамаслиги керак. “Она сайёра”, “Она ер” деб ардоқлаганимиз ҳолда унинг хасталиги билан ишимиз бўлмаса, шифолаш чорасини кўрмасак, биз қандай фарзанд бўлдик? Энди хонадонимизга қайтайлик: суҳбатимиз аввалида айтганимиз газ ёки чироқлар бекорга ёқиб қўйилишига қўшимча яна қандай айбимиз бор? Айниқса, ҳовлида яшайдиган хонадонларда ортиқча қоғозларни, кузда ва баҳорда эса хазонларни ёқиб юборамиз. Майли, бир тутамгина хазонни ёқайлик, лекин у ёниб адо бўлиши учун Худо бизнинг нафас олишимиз учун берган ҳаво неъматини исроф қиламиз-ку? Сиз бир тутам ёқинг, мен ҳам бир тутам ёқай, беш-олти қўшни ҳам ёқсин... Яна бир гап: бугун автоуловлар жуда кўпайди. Шунинг баробарида кўпчилик уловга боғланиб қолди. Беш-олти юз қадам жойга ҳам пиёда юришга эриниб, машинасига ўтиради. Бунинг нимаси ёмон, дерсиз? Биринчидан, жисмоний ҳаракатнинг чекланиши оқибатида киши заифлашиб бораверади. Иккинчидан, уловдан чиққан ис гази ҳавони ифлослайди. Сиз билан биз шу ҳаводан нафас оламиз. Турли-турли, оғир-оғир хасталиклар шу заҳарланиш оқибатида юзага чиқяпти. Японияда хизматга велосипедда келганларга машинада қатнайдиганларга нисбатан кўпроқ ҳақ тўлашар экан. Пиёда келувчилар эса улардан ҳам кўпроқ иш ҳақи олар экан. Чунки пиёда юрувчилар уларга нисбатан камроқ хасталанар эканлар-да!
Сувга бўлган ҳурматсизлигимиз ҳаддидан ошди. Қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам анҳор, сой, ариқ сувлари тўлиб оқяпти. Лекин ҳеч ким эгилиб, бир ҳовуч сув олиб ичмайди. Қўлини, юзини ҳам ювмайди. Нега? Негалигини ҳамма билади – сув ифлосланган. Бу ариқ-сойларда сув ўтлари ҳам йўқ ҳозир, ҳатто зулуклар ҳам қирилиб кетган. Бу сувнинг ифлослигига фақат каламуш чидаяпти. Қишлоқларда далага сепилган заҳарли дорилар сувга тушгани учун ҳам ичиш хатарли. Шаҳарларда эса ҳожатхоналарини анҳорга чиқариб қўювчи ноинсофлар ҳам бор. Айниқса “дача” деб номланмиш далабоғларда шаҳарникидай шароит яратиш учун ҳаммом, ҳатто ҳожатхоналарнинг қувурларини сойга қараб буришади.
Ҳовлиларда эса, қолган овқатдан тортиб ахлатгача ариққа ташланади. Бу ишни қилувчи аёллар қилмишларининг уят ва гуноҳ эканини биладилар, шунинг учун кун ёруғида эмас, кеч қоронғулигида биров кўрмасин, деб ташлайдилар. Авваллари совчилар қизларнинг ҳовли супуришини кузатишаркан. Агар ҳовлини ариқ томонга супирса, айб ҳисоблаб, айниб кетишаркан. Шунинг учун оналар қизларини тарбия қилганларида ишни ариқ лабидан бошлаб, юқорига қараб супиришни ўргатишган.
Бир подшоҳдан сўрадилар:
-Сиз саҳродан адашиб, сувсиз қолдингиз. Ташналикдан силлангиз қуриганида биров сизга бир қултум сув берса, сиз бунинг эвазига нима берардингиз?
-Подшоҳлигимнинг ярмини берардим,-деди у.
-Ичингизга кирган ўша бир қултум сув чиқиб кетиши ҳам керак. Бўлмаса у заҳарга айланади. Чиқиб кетиши учун нима берардингиз?-деб сўрадилар.
-Мулкимнинг қолган ярмини,-деди у.
-Демак, бутун подшоҳлигингизнинг нархи бир қултум сув экан-да?- деб хулоса қилдилар.
Шу ривоятни унутмаслик керак. Ҳар бир одам чанқайди ва чанқоғини тез орада қондиради. Бир соатлик ташналикка чидаш оғир. Бир кунлик ташналик азобини тасаввур қилиш ҳам қийин. Шундай экан, нега ҳаёт манбаи бўлган сувнинг қадрига етмаймиз?
Бу саволни ҳар биримиз ҳар куни ўзимизга бериб, жавоб топишга уринайлик. Бу неъматга нисбатан ҳар биримизда озми-кўпми ношукрлик борлиги ва бунинг жазоси ҳам мавжудлигини унутмасак ва шунга қараб яшасак, ўзимизга фойда. Олмонияликларнинг яхши одати бор: тиш ювадиган бўлсалар, сувни оқизиб қўймай, бир стаканга қуйиб оладилар. Бу одат аслида Исломга хос. Ислом динида ҳатто таҳорат сувини ҳам тежаш буюрилади.
Болалигимизда бизларга: “сувга тупурма, тупурсанг – пес бўласан!” деб тарбия беришарди. Биз ариқ сувига нон оқизиб ейишни, қирғоққа ётиб олиб ариқдан сув симириб ичишни яхши кўрардик. Ариқ суви шу даражада тоза ва мусаффо эди. Ҳар бир маҳаллада ҳовуз ҳам бўларди. Қишда ҳамма шу ҳовуздан сув ичарди. Ҳовуздаги сув булоқники каби зилол бўларди...
Исрофгарчилик борасида майда ёки катта талаблар бўлмайди. Демоқчиманки, бутун нонни моғорлатиб ташлаб юборсангиз ҳам, бурда нонни ёки ушоқларни оёқости қилсангиз ҳам гуноҳкор бўласиз. Мана, сиз учун арзимас туюлган исрофнинг бир тури: дарсдами ё бошқа жойдами зерикканингизда ёки бирон кўнгилсизликдан юрагингиз сиқилганида, қўлингизда қалам-қоғоз бўлса, маъносиз чизгиларни чизаверасиз. Гўё шу билан ташвишлантираётган нарсадан чалғиб, ўзингизни овутган бўласиз. Назарингизда қоғоз ва қаламнинг исрофи ҳатто айтишга ҳам арзимайдиган миқдорда кам. Биз шундай ўйламиз, бироқ, аслида шундаймикин?
Баъзиларни “қўли очиқ” деб шарафлаймиз. Аммо “қўли очиқлик” исрофдан иборат бўлса-чи? Масалан, турли сабабалар билан улфатларига тез-тез ресторанда зиёфат бериш – сахийлик, “қўли очиқлик” ҳисобланадими ё исрофми? Бу “қўли очиқлар”нинг қариндошлари, қўшнилари билан танишсак, улар орасида камбағалларни ҳам учратамиз. Ҳатто тўй қилишга қийналиб, қизини узата олмаётганларни ҳам кўришимиз мумкин. Бундай “қўли очиқ”лар, риёкор “танти”лар аёллар орасида ҳам учрайди. Исроф билан сахийлик чегарасини билмайдиган бундай “қўли очиқ”лар юқоридаги ривоятлардан ибрат олишса яхши бўларди.
Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи, ҳалокатга олиб борувчи бахиллик дардининг давоси молни сарфу инфоқ қилишдир. Лекин баъзида бу сарф исроф даражасига ўтиб кетади. Натижада бахиллик маразидан халос бўламан, деб киши исроф дардини орттиради. Масалан, тананинг совиб кетиши ҳароратни кўтариш билан муолажа қилинади. Аммо, ҳароратни кўтариш ҳаддан ошса, бу ҳам касаллик. Аслида ҳарорат ва совуқлик ўртасида тенглик бўлиши керак. Шунингдек, исроф ва бахиллик орасида ҳам мўътадилликни сақлаш керак. Токи бизга керак нуқта икки тарафдан бир хил узоқликда жой олсин.
Саховат исрофгарчилик томон ҳам, хасислик томон ҳам оғмаган, балки иккиси ўртасида турган фазилат эканини яна таъкидлаймиз. Аллоҳ таоло бундай феълли кишиларни мақтайди. Қуръони каримнинг Фурқон сурасидаги: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмайдилар. У инфоқ иккиси ўртасида мўътадил бўлур” ояти каримасини “Тафсири ҳилол”га кўра ўрганайлик:
Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш учун мол-пул сарфлашда ўртача бўлиш талаб этилади. Араб тилида “инфоқ” – “нафақа” иборалари мол-мулк сарфлаш маъносини англатади. Бизда бировга садақа бериш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолгани оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиш кераг-у бошқа пайтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим. Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон мол-дунёни исроф ҳам қилмаслиги керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак. Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Бироқ, кишиларга шахсий мулкни ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишига йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-харишга ишлатиш манъ этилади. Мол-мулкни беҳуда сарфлашга “исроф” номи берилиб, одамлар бу гуноҳдан қайтарилади.
“Агар мўътадиллик не эканини билмоқ истасанг, сақланишинг лозим бўлган хулққа назар сол. Бу хулқ ўзининг зидди бўлмиш бошқа бир хулқдан сенга ёқимли ва енгил бўлса, демак, сен сақланишинг лозим бўлган хулқ билан хулқлангансан,- дедилар Имом Ғаззолий ҳазратлари.- Масалан, мол-дунёни сарфлашдан кўра уларни тўплаш сенга лаззатли ва осон бўлса, демак, сенда бахиллик хулқи кўпроқ. Бас, мол-дунёнгни сарфлашга тириш! Агар мол-дунёни керагича сақлашдан кўра ноўрин сарфлаш сенга лаззатли ва енгил бўлса, демак, сенда исрофгарлик хулқи устун. Бас, молингни қўлда ушлаб туришни ўрган!”
Исроф – ўринсиз ва заруратсиз ерларга молни сарф этмоқдир. Бу борада нон ва озиқ-овқатнинг ортиб қолишинигина назарда тутмаслик керак. Бир нуқтада баъзан исроф, бахиллик ва саховат тўқнаш келиб қоладилар. Бахилликни қадимда “бухл” деб номлаганлар. Яъни, “бухл” – энг зарурий ерлардан ҳам молни қизғанмоқ ва аямоқдир. Саховат эса бу иккисининг ўртасида бўлиб, молни зарур ва фойдали ўринларга сарф қилиб, зарурсиз, фойдасиз ўринлардан сақламоқдир. Исроф билан бухл дин юзасидан ҳаром, ақл юзасидан эса энг ёмон ва мардуд (номаъқул) саналган ишлардан ҳисобланади. Саховат эса хулқларнинг энг яхшисидир. Исроф қилувчини “мусриф” дейдилар. Мол-мулкни беҳудага сарф қилувчини “сафийх” (эси паст) деб ҳам атаганлар. Ким сафийх бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила мол-мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқи тўхтатиб қўйилган. Ҳозирги ҳуқуқ тили билан айтилганда, “ҳибсга олинган”. Яъни эгасига зарур бўлганида керакли миқдорда бериб турилган.
Бухл қилувчини “бахил” ёки “хасис” дейдилар. Саховат қилувчини эса “сахий” ёки “жўмард” деб шарафлайдилар. Исрофгар киши ҳар қанча давлатли бўлса ҳам, охир бир кун фақирлик ва хўрлик балосига йўлиқадики, бу ҳақда ривоятларда баён этилди. Бахил киши ҳар қанча бой бўлса-да, молининг ҳузур ҳаловати, тирикчилигининг лаззати ва шавкатидан қуруқ ва маҳрум қолади. Сахий кишининг кундан-кун моли кўпайиб, иззат ва обрўси ошганига тарихда мисоллар кўп (фикрларнинг такрори учун бизни айбситманг).
Мол ақлсизнинг қўлига тушса, уни исроф қилади. На ўзи, на бошқалар фойдаланади. Буни русларнинг мақоли билан “Ит ўзи ҳам емас, бировга ҳам бермас” (“Собака на сене”) деб таърифлашимиз мумкин. Пичан яқинига боғланган ит хашак чириб кетса ҳам қўриқлайверади.
Раббимиз биз – бандаларига буюради: “Бахиллик билан қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг! Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг! Акс ҳолда маломат ва ҳасратда қолурсиз”. Шунингдек, таомга бўлган истак ҳам очкўзлик ёки қурумсоқлик томонга ўтмасдан мўътадил бўлиши керак. Қачон қалб исроф ва бахилликни ўзидан бир хилда узоқлаштирса, камолга етади.
Азизлар, тушунгандирсиз, атрофимиздаги қайси неъматга қарамайлик, исроф этилаётганини кўрасиз. Буларни моддий бойлик исрофи десак, биз унутишимиз мумкин бўлмаган яна бир исроф бор. Бу – вақт исрофи.
Эндиги суҳбатимизни “вақт қадри” деб номлаб, мавзуни шу томон бурсак.
Олтиндан қадрли, жавҳардан қимматли бир нарса бор бўлса, у ҳам – вақтдир. Вақт бизнинг ҳар турли ишни қилишга кучимиз етадиган фурсатдир. Бир соатнинг бекор ўтгани – ихтиёримизда бўлган фурсатнинг зоеъ бўлгани демак. Ҳолбуки, шу фурсат ичида фойдали ишларга ихтиёримиз бор эди. Фурсатни ғанимат билган одам вақтдан унумли фойдалана олади. Вақт қадрини билган одам ҳавойи нафсдан тийила олади. Вақт қадрини билган одам буюк бўлишга ҳақлидир. Ақлсизларнинг энг ярамас кўриниши – вақтни бекорга ўтказишдир. Шоир айтганидек:
Гарчи пиёдамиз, гарчи отлиқмиз,
Ким яхши, ким эса ёмонотлиқмиз.
Қанчалар фурсатни ўтказдик зое,
Худонинг олдида кўп уётлиқмиз.
Миқдори кўп нарса қадр-қийматини тез йўқотади. Аммо ақл эгалари учун вақт сира қадрсизланмайди. Юз йил қанча қимматга эга бўлса, соат ёки дақиқанинг қадри ҳам шу кабидир. Вақт одамига қараб энг қиммат ёки энг арзон матоҳдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Икки нарса борки, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди: бири - соғлик, иккинчиси – бўш вақт”. Киши умрининг ҳамма соатларини, ҳатто дақиқаларини фойдали ва соғлиққа мувофиқ машғулот билан тўлдириши керак, токи қайғу-алам бош суқадиган бўш жой қолмасин.
Одамларнинг ўзаро муомалаларида “бўш вақт” деган ибора тез-тез тилга олинади. Мана бу узрхоҳликларни сиз ҳам эшитгандирсиз?
“Узр, биродар, сизни йўқлаш кўнглимда бор-у, аммо сира бўш вақтим бўлмади”.
“Сиз айтган ишни бажариб қўйишга ҳеч бўш вақтим бўлмади, айбга буюрмайсиз”.
“Тонг отади... бир пасда кеч ҳам киради. Китобга қарай десам, бўш вақт йўқ...”
Бир кеча-кундузда одам ихтиёрида йигирма тўрт соат вақт бор. Шундан саккиз соати уйқуга ажратилса, демак, ўн олти соатга ўзимиз ҳукмронмиз. Бу вақтни қандай совуриш ўз ихтиёримизда. “Совуриш” сўзига атайин урғу бердик. Чунки айрим одамлар кўп вақтларини айнан совурадилар. Битта ноннинг ярмини еб, ярмини ташлаб юборсангиз – исроф. Бу қилиғингизни кўрган баъзи одамлар танбеҳ беради, баъзилари эса сиздан нафратланади, тўғрими? Хўш, вақт-чи? Вақтнинг исрофи борми? Сиз ўзингизга шу саволни бериб кўрганмисиз?
Менимча, вақтнинг ҳам исрофи бор. Вақтнинг исрофи – умрнинг исрофи, демак. Умр беҳуда сарф бўлдими, демак, одам яхши ишларни амалга ошира олмабди. Одамлар учун, жамият учун фойда бермабди. Вақтнинг исрофи – мевасиз дарахт каби умр кечиришдир.
Вақтдан фойдаланишни ҳамма ўзича белгилайди. Биров китоб ўқишни яхши кўрса, биров чойхонада шахмат ўйнашни хушлайди. Яна бошқаси спортдан баҳра олади. Шундай аёллар борки, кунда беш маҳал бешик тўйи бўлса, ҳаммасига иштирок этишга шошилади. Шундай эрлар бор-ки, ҳар ярим соатда бир тўй оши бўлса, барчасига боришга улгуради. Бугунни тўйларга сарфлаб, эртани тўй таассуротларини баён қилишга бағишлайди. Шубҳасизки, бу таассуротлар холис эмас, ғийбат, ҳасад, ҳатто иғво билан тўйинтирилган бўлади. “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор”, деганларидай кўчада қўшнилар билан соатлаб валақлашадиганларни ҳам кўп учратамиз.
Мени бир нарса кўп маъюс қилади. Ўн уч йил илгариги расмий тадқиқот натижаларига кўра, европалик бир одамнинг кунлик иш унумдорлиги етти соатдан кам бўлмас экан. Аммо бир мусулмон кишининг иш унумдорлиги бор-йўғи ўттиз дақиқа атрофида экан. Азизлар, инсоф билан айтайлик, аслида мусулмоннинг ҳаёти шундай бўлиши ва шундай ўтиши керакми?! Ўзини мусулмон ҳисоблаган киши мана шундай мазмунсиз ва самарасиз яшаши мумкинми?
Бугун кучлилар (АҚШ ва Европа давлатлари каби) уммону фазоларга ҳар дақиқада эгалик қилишга ошиқаётган бир даврда биз – мусулмонлар ўзларимиз тушиб қолган ҳозирги даражаларимизга қониқиш қилиб яшашимиз дуруст эмас. Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. У Аллоҳ таоло томонидан инсонларга берилган буюк неъматлардан ҳисобланади. Чунки у мусулмон ҳаётидаги муаммолардан бири бўлибгина қолмасдан, балки мана шу муаммолар ичидаги энг асосийсидир. Бинобарин, вақт – ҳаёт демак. Ўтаётган ҳар дақиқа-ю сония, кун инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Бироқ, афсусларки, Ислом динининг вақт исрофига нисбатан талаби билан бугунги мусулмонлар ҳаётида тутган ўрни ўртасида жуда катта фарқ бор. Ислом дини вақтга жуда катта аҳамият беради, унга бир неъмат сифатида қарашга даъват этади ва ундан унумли фойдаланишни уқтиради. Айримлар эса уни кўпинча фойдасиз совурадилар. Улар на дунё аҳлининг шаъни бўлмиш бу дунёларини обод қилиш учун ишлайдилар ва на дин аҳлининг шаъни бўлмиш охиратларини обод қилиш учун уринадилар. Бундайлар вақт неъматига эътиборсизликлари учун икки дунёларини ҳам барбод қилаётганларини билмайдилар. Натижада икки яхшиликдан – дунё ва охират ноз-неъматларидан маҳрум бўлмоқдалар. Агар буни тушуниб, қадрлаб ҳаққини адо этганларида эди, дунёлари учун гўё абадий яшаб қоладигандек, охиратлари учун эса эртага ўладигандек амал қилган бўлар эдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди: бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (қай касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади”. Азиз фарзандларимиз, эътибор бердингизми, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралиши айтиляпти. Ёшлик – умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи ҳам бор. Ёшлик ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадларга тўлган даврдир. Ҳамда икки заифлик – гўдаклик ва кексалик орасидаги қувватга тўлган йиллардир.
Болаликни ўйин, ёшликни шаҳват, балоғат ёшини ғафлат билан ўтказиш ва кексаликда қўлдан кетганлар учун ҳасрат чекиш, ўзини ҳар томон уриб, надомат кўз ёшларини тўкиш - ғофиллик билан умр ўтказишнинг аломатларидир.
Вақтдан тўғри фойдаланишни ўрганиш болаликдан бошланади. Чунки вақтни тўғри тақсимлай олиш ҳам яхши хулқлар сирасига киради. Болаликнинг маълум йилларига қадар ота-оналар ва мактаб муаллимлари боланинг бўш вақтига “эгалик қиладилар”. Яъни улар “дарс тайёрла”, дейишса, бола тайёрлаши керак, “ухла” дейишса ухлаши шарт. “Телевизор кўрма” деб буюришса бажариши лозим. Бундай ҳолат сизнинг ҳам бошингиздан ўтган, унутмагандирсиз. Катталарнинг бола ҳаётига аралашуви доим ҳам тўғри бўлавермайди ва доим ҳам болага хуш ёқавермайди. Бола кун тартибини ўзича белгилашни истайди. Дейлик, телевизорда мултфилм берилаётганда уни дарс тайёрлашга мажбурлаш яхши натижа бермаслиги мумкин. Бола ўсмир ёшига етганда бу зиддият анча кескинлашади. Бола ўз вақтига ўзи эгалик қилишни хоҳлайди. Катталар эса унинг бу ҳуқуққа эга бўлишига вақт эрта, деб ўйлашади. Болалар орасида вақт қадрига етадиганлари ҳам бор. Уларнинг асосий вақти ўқиш ва ўрганишга сарф бўлади. Лекин шундай болалар ҳам борки (афсуски, бундайлар кўпчиликни ташкил этишади) улар вақтдан фойдаланишни билмайдилар.
Айрим ота-оналар фарзандларини мақтай туриб: “Компьютерга жуда қизиқади, компьютерхонадан бери келмайди, бошқа ишларга сираям вақти йўқ”, дейишади. Боланинг бу соҳага қизиқиши яхши. Лекин у компьютерда бир неча соат давомида нима иш билан банд бўлади? Агар уларнинг юмушларига разм солсангиз, турли бекорчи ўйинлар билан банд эканларига гувоҳ бўласиз. Хўш, энди айтинг-чи, бу болалар вақтларини бекорга совуряптиларми? Агар улар ярим соат ёки бир соат ўйнашса, айблаш нотўғри бўларди. Аммо бошқа фойдали ишлар ўрнига, масалан, дарс тайёрлаш, уй ишларига қарашиш ёки ҳунар ўрганиш ўрнига бекорчи ўйин билан бандлар-ку?
Кўчадан ўтаётганингизда сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир, беш-ўн бола ариқ бўйигами ё дарахт соясигами тўпланиб олишиб, соатлаб гапдан бўшашмайди. Гапларига қулоқ солсангиз, бири тоғдан, бири боғдан. Гапириб зерикишмайди ҳам. Қоронғи тушса, бирон столба атрофида давра қурадилар, шунинг учун бундай сергап болаларни “столба қоровуллари” деб, уларнинг бу қилиқларидан кулиш одат тусига кирган. Бир куни шундай болалар даврасига яқинлашиб: “шунинг ўрнига бирон китоб ўқиб, муҳокама қилсаларинг яхшимасми?” десам, улар дангалига “Э, китоб ўқиб бошимизни оғритиб нима қиламиз”, деб жавоб беришди. Қаранг, беҳуда гаплардан бошлари оғримай, фойдали юмушдан оғриркан. Бу қандай бош бўлди, ўзингиз баҳо бераверинг. Бу тоифадаги болалар бўш вақтдан фойдаланишни ўзлари билмайдилар, катталарнинг тавсияларини эса буткул рад этадилар. Бунинг оқибатида улар келажакда маънавий комиллик деган улуғ фазилатдан бебаҳра қоладилар.
«Кўча тарбияси» дейилганда кўз олдимизга фақат безори, жиноятчи болаларни келтирамиз. Кечки пайт кўчада тўпланиб турган болаларни кўрсак, хаёлимизга фақат йўлтўсарлар келади. Ҳолбуки, кўча таъсирида барча жиноятчига айланиб қолмайди. Айни чоқда ҳунар ёки санъат тўгаракларига қатновчи болаларнинг ҳаммаси ҳам яхши бўлиб қолмайди. Бу ҳам ҳақиқат. «Столба қоровуллари» деб таърифланган болаларнинг кўпчилиги шунчаки гаплашиб ўтирадилар, уйда ота-онаси ёки ака-опаси билан суҳбатлашишнинг уларга қизиғи йўқ. Бошқа шуғулланадиган ишлари ҳам йўқ. Ўртоқлари билан гаплашиб ўтирадиган жой ҳам йўқ. Айрим ота-оналар болаларни уйга таклиф этадилар. Лекин улар таклифни қабул қилмайдилар. Чунки ота-оналар ҳузурида улар истаган мавзуларида суҳбатлаша олмайдилар. Ёки катталардан истиҳола қиладилар. Айрим ерларда «ўсмирлар клублари» ташкил этишга ҳаракат ҳам бўлган. Лекин ўсмирлар бу клубларга ҳам боришмайди. Чунки клубларда ўзлари истаган мавзуда суҳбат қура олмайдилар, тарбиячилар тавсия этган мавзуда эса гаплашишни ёқтирмайдилар. Демак, бу ўринда «Ўсмирлар клублари ташкил қилиш керакми? Бу клублар ташкил қилинган тақдирда қандай йўналишда иш олиб бориши керак? Улар ўсмирларни, айниқса бўйсунмасларни жалб қила оладиларми?» деган саволларга жавоб топиш шарт бўлади.
«Столба қоровуллари»нинг ишлари – вақтни ўлдириш. Улар суҳбатлашадиган аниқ мавзу йўқ. Каллага нима гап келса, ўша томон оғаверадилар. Шу боис уларнинг суҳбатини маъносиз, дейишга ҳақлимиз. «Болалар шунчаки гаплашиб ўтиришибди, уларнинг орасида безорилар йўқ», деб хотиржам бўлишга эса ҳаққимиз йўқ. Уларнинг орасида бугун безори йўқдир, бироқ эртага қўшилиб қолар. Қўшилиб қолганини, нашага ўргатишни бошлаганини вақтида пайқаймизми?
«Беозор» «столба қоровуллари» наша чекиб ўтиришганида, бир одам уларни тартибга чақиради. «Отанг баобрў одам, бу ишинг чакки», дейди. «Беозор» йигитча унга жавобан: «Мияни ачитманг, братан, биз билан битта тортинг», деб таклиф қилади. Натижада жанжал чиқади ва тартибга чақирган одам калтакланиб ўлдирилади. Қаранг, болалар бу ерга бекорчилик оқибатида тўпланишган, бировга ёмонлик қилиш фикрлари бўлмаган. Ҳуқуқ тили билан айтилганда бу «қасддан одам ўлдириш»га кирмайди. Кечки пайт тўпланган болаларнинг беозор суҳбатлари жар ёқасида туришни эслатади. Жарга қулаш учун салгина туртки кифоя.
Яхши тарбия кўрган болалар уйқудан ташқаридаги вақтининг ярмини, эҳтимол ундан кўпроғини илм олишга бағишлайди. Бу хислатлари таҳсинга лойиқ. Шундай болалар орасида илм олишдан бошқасини тан олмайдиганлари ҳам бор. Аммо уларнинг бу ҳаракатларини аъло фазилат дея олмаймиз. Чунки илм олишдан ташқари дам олишга, жисмоний тарбияга, уй ишларига, бошқаларга ёрдам беришга ҳам вақт ажратиш зарур.
Оилаларимизда кун тартибини белгилаш одати деярли йўқ. Ҳар биримизнинг кун тартибимиз тахминий бўлади. Яъни: эрталаб туриш, нонушта қилиш, ўқиш, ўқишдан кейинги машғулот ва шу кабилар. Ўқиш ва айрим машғулотларнинг вақти аниқ. Бошқа юмушларники мавҳум. Айтайлик, бир бадиий китоб ўқияпсиз. Уни ҳар куни ўқимаслигингиз мумкин. Мактабда ёки машғулотда кўпроқ вазифа беришса, сиз албатта бошқа юмушлар эвазига, айни дамда бадиий китоб ўқиш ўрнига бу топшириқни бажарасиз. Баъзан уй ишларидан бўйин товлаш ҳисобига бошқа ишлар амалга оширилади. Хўш, аниқ кун тартиби асосида яшаш мумкинми? Агар ўз тажрибамга асослансам, қисман мумкин, деб жавоб бераман. “Қисман” дейишимнинг боиси: эртанги кун режалаштирилганда одам фақат ўз имкониятларини чамалайди. Кутилмаган воқеалар инобатга олинмайди. Масалан, эрталаб уйга меҳмон келиб қолиши мумкин, ёки бола мактабга борганида бошқа фан муаллими уни бошқа юмушга жалб этиши мумкин. Шунда кун тартибига мажбурий ўзгартиш киритишга тўғри келади.
Ҳар куни эрталаб ўзимизга бир ишни тайин этиб, бу ишларни қандай бажаришимизни фикр қилайлик. Жаҳоннинг ҳозирги ободлиги, инсоният ва маданиятнинг бу қадар тараққийси албатта маърифат эгаларининг битмас-туганмас ғайратлари соясида вужудга келган. Шу боис бир дақиқа вақтни ўринсиз ва фойдасиз ерга сарф этиш – исрофдир. Ҳар куни кечқурун бугун вақтимизни нималарга сарф этганимизни ўзимизча ёки бирон яқин одамимиз билан бирга муҳокама этишимиз, кейинги ишларимизнинг ҳар бирига вақт тайин этиб, шу вақтлардан кечиктирмай бажариш учун бир тартиб-интизом остига олишимиз лозим бўлади. Оилага доир ишларимизга ажратадиган вақтимизнинг асосини тирикчилик ва рўзғор масалалари ташкил этиши табиий. Лекин бу борада биринчи ўринга фарзанд тарбиясини қўйган бўлардим. Чунки бугун олишимиз керак бўлган пиёзни эртага олсак ҳам бўлаверади. Лекин бугун берилиши лозим тарбияни эртага қолдириш яхши эмас. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бир ишни эртага бажараман, деб орқага сурганлар ҳалок бўлишини айтиб, огоҳлантиришларини бу мавзуга ҳам оид деб англашимиз керак. Халқимиз “Уй ёнса сув ўчиради, вақт ёнса нима ўчиради?” деб бежиз айтмаган.
Бугун ҳаётимизни телевизорсиз тасаввур эта олмаймиз-а? Ҳамма шундай ўйлайди. Мен ҳам бутунлай инкор эта олмайман. Вақт исрофига фақат телевизор айбли эмас. Телевизор йўқ пайтида ҳам одамлар вақтларини исроф қилишдан қайтмаганлар. Вақтни совуришни истаган одам баҳона топа олмас эканми?! Телевизорга ҳаётимиздан ўрин бердик. Лекин бутун ўй-хаёлимизни, вақтимизни унга бахш этиб қўймаслигимиз шартлигини унутиб қўяётганимиз ёмон.
Кейинги йилларда болаларнинг бўш вақтлари кўпроқ телевидение ва видео томошалари билан банд бўлаётгани афсусли ҳол. Ҳатто ҳазил аралаш «телебола» деган атама ҳам пайдо бўлди. Бу «телебола»лар атрофдаги барча гўзалликларни рад эта бошлайдилар. Францияда қизиқарли тадқиқот ўтказишибди. Уч мингта болага «телевизор яхшими ё отангми?» деган саволни бериб, қарийб икки мингтасидан «телевизор яхши» деган жавобни олишибди. Буни бир неча давраларда айтиб, эшитганлар юзида ташвиш кўрмадим. Деярли барча латифа эшитгандай кулимсираб қўйди. Аслида бундай хабар барчани жиддий ўйлантириши керак. Францияда бу тадқиқотни шунчаки бекорчиликдан ўтказишмагандир. Тарбияга доир ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини аниқлаш учун қилишгандир. Шунга яраша чоралар кўришар. Хўш, бу ҳолатнинг бизга алоқаси йўқми?
Азизлар, сиз ўз фарзандингизнинг ёки жиянингизнинг “отамдан телевизор яхши” дейишини тасаввур қилиб кўринг. Агар ундай деса қандай аҳволга тушган бўлардингиз? Тўғри, бизда икки мингта бола «отамдан телевизор яхшироқ», деб жавоб бермас. Агар уч мингта боладан учтаси шундай жавоб қайтарса ҳам ташвишланишимиз зарур эмасмикин? Бугун учта бола шундай деб турса, эрта-индин уларнинг сони ошмасмикин? Орадан кўп вақт ўтмай ўша Франциядаги натижа бизда ҳам қайд этилмасмикин? Бу муаммо хусусида қачон бош қотирамиз? Уч мингта боланинг ҳаммаси бир овоздан отадан кўра телевизор афзаллигини таъкид этгандами?
Телевизорга михланиб кино кўрувчи “телебола”ларга эса маслаҳатимиз шу: бир кунда битта кинофилм кўриш онгимиз учун кифоя қилади. Икки кунда бир кўрилса яна яхши. Чунки кинофилм фақат вақт ўтказиш учун кўрилмайди. Ундаги воқеаларни, қаҳрамонларнинг гап-сўзларини ўйлаш, таҳлил қилиш, хулоса чиқаришга уриниш керак. Бунинг учун эса вақт талаб этилади. Кинолар шунчаки кетма-кет кўрилаверилса фикр чалғийди, кишининг маъно хазинаси бойимайди, аксинча, зехнининг ўтмаслашувига олиб келади. Одамнинг мияси чексиз ахборот оқимларини қабул қилиш қудратига эга эмас. Бир челак ҳажмдаги чуқурчага ўн челак сув қуйсангиз тошиб кетади, атрофни балчиққа айлантиради.
Қайси мактабда ёки маҳаллада ёки уйда зерикиш касали мавжуд бўлса, ўша ерда ўғричаларнинг, ёлғончиларнинг, зулм сари оғаётган ўзга шумликларнинг туғилишини кутмоқ керак.
Ана энди шу болаларимизга четдан разм солайлик: китоб ўқиш улар учун азоб, театрда юраклари сиқилади, музейларда роҳатланмайдилар. Мусиқанинг фақат енгил турларини тинглашлари мумкин. Ёзувчилар бу «телебола»ларни бадиий адабиётга қайтариш керак, дейдилар, аммо қандай қайтаришни аниқ билмайдилар. Агар бизда ўсмирлар учун бадиий адабиёт деярли йўқлиги, болалар ёзувчиларининг ҳам ғоят камлиги инобатга олинса, бу фикрнинг амалга ошуви мушкул экани ойдин бўлади.
Европа мамлакатларида болалар ва ўсмирлар адабиётига жуда жиддий аҳамият берадилар. Бизнинг болаларимиз ўқийдиган китоблар ҳам асосан таржима асарлар экани сир эмас. Болаларнинг севимли қаҳрамонлари ҳам (Буратино, Гулливер, Чиполино...) Европа адабиётининг фарзандлари. Яхши бадиий асар миллат танламайди, чегара билмайди. Бироқ, халқнинг ўз адабий қаҳрамонлари бўлса яна яхши. Бу соҳада битта камчилигимиз бор. Аввало кўп хонадонларда оиланинг катталари китоб ўқишмайди. Ўзлари ўқимай туриб фарзандларини китобга жалб қила олармикинлар? Ўша ота-оналар ўйлаб кўрсинлар, фарзандлари бўш вақтларини кўча безорилари ёки беҳаё кинолар қуршовида ўтказганлари маъқулми ё фикр тарбиясини берувчи китоб билан дўстлашганлари афзалми? Донолардан бири «Китоб ўқимаган киши фикрлашдан тўхтайди», деган экан. Кимдир бунга қарши чиқиб айтарки: «Мен умримда китоб ўқимаганман, лекин фикрлайман-ку?» Тўғри, ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам фикрлайди. Бироқ қай тарзда фикрлайди? Фикрининг маъноси борми? Бу фикри билан ўзгалар орасида эътибор қозона оладими?
Дуруст, ота ёки она ўқишнинг афзаллигини тушуниб етдилар. Фарзандларини ўқишга даъват эта бошладилар. Лекин бола ёши улғайгач, бу даъватга дарров бўйсуна қолмайди. Ҳатто қизиқарли китобни ҳам четга суриб қўяди. Баъзи ота-оналар мана шундан зорланишади. «Фалон сўмлик китоб олиб келдим, ўғлим бир бет ҳам ўқимади», дейди. «Ўша китобни ўзингиз ўқидингизми?» деб сўраймиз. «Бе, ўқишга вақт борми?» деган жавобни эшитамиз. Чойхонада кунда, кун ора ошхўрлик қилишга, маишатга вақт топилади. Тўйларда соатлаб валақлаб ўтиришга фурсат бор, аммо фарзанд тарбиясига вақтимиз йўқ. Шахсий намуна деган тушунчадан узоқмиз. «Мана, сенга китоб олиб келдим, ўқи!” дейишни тарбия деб ҳисоблаб, шу билан бурчимизни бажаргандек бемалол юраверамиз. Боламизнинг китоб ўқимаслиги эса...
Айрим болалар китоб ўқишни яхши кўрадилар. Бу ҳам аъло фазилат. Аммо бунда икки камчиликдан эҳтиёт бўлиш керак: биринчиси – эртаю кеч китобдан бош кўтармай ўқиш яхши эмас. Куннинг фақат маълум бўлагини китобга ажратиш керак. Иккинчиси – қўлга тушган, бошқача айтилса, дуч келган китобни ўқийвериш ҳам ярамайди. Китобни танлаб-танлаб ўқиш керак. Бунинг учун катталарнинг маслаҳатига қулоқ солинса, савияси паст асарларни ўқишга вақт сарф бўлмайди. Бунинг учун эса... ота-онанинг ўзи ҳам китоб ўқиб туриши шартлигини яна таъкидлаймиз.
Тарбиянинг барча кўринишларида, хусусан китоб ўқишга даъватда шахсий намунанинг фойдаси кўп. Тарбиянинг барча турлари каби китоб ўқишга ўргатиш ҳам болаликдан бошланади. Европа мамлакатларидаги нашриётларда «Ойижон, ўқиб беринг», туркумида китоблар кўп чиқарилади. Номидан кўриниб турибдики, бу китоблар мактаб ёшигача бўлган болаларга аталган. Бу ёшдаги болаларда «китобни кўрсам бошим оғрийди», деган гаплар бўлмайди. Барчаси қизиқиш билан китобни варақлайди. Баъзилари расмлардан завқ олади, унда нима акс этганини билишни истайди. Баъзилари китобни йиртиб завқ олади. Ота ёки онанинг китобни ўқиб бериши ёки расмлар мазмунини тушунтириши боласининг келажаги учун жуда-жуда зарурдир. Бола учун ажратилган беш-ўн дақиқа вақт келажакда ойлаб-йиллаб давом этадиган қайғу-аламлар олдини олишини англаб етган ота-она нақадар бахтли!
Юқорида зикр этганимиз ота ёки она боласига атаб китоб олгани учун ҳам уларга офарин айтмоқ жоиз. Чунки боласига китоб олмайдиганларнинг сон-саноғи йўқ. Бозорга бориб боласига қуртми, сақичми ёки бирон қимматбаҳо ўйинчоқми олишни унутмайди. Лекин китоб растаси ёнидан ўтаётганида «боламга мос китоб бормикин?» деб қайрилиб ҳам қарамайди. Эҳтимол бу гапларимиз баъзилар учун малол келар. «Ошириб юбордингиз», деб маломат қилишар. Сиз ҳам, азизлар, каминани айбламанг. Бу тиконли гапларни айтиб, барча ота-оналарнинг диққатларини болаларининг бўш вақтига қаратгим келди. Болалар қамоқхонасида ўтказилган сўровларимдан маълум бўлди-ки, у ерга тушганларнинг қарийб тўқсон фоизи битта ҳам бадиий китоб ўқимаган. Етмиш фоизи театр остонасини босиб ўтмаган. Юз фоизи рассомлар кўргазмаси нима эканини билмайди. Бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ҳақидаги фикримни қувватлаш учун яна қандай далил керак?
Бир куни болалар қамоқхонасида адабий учрашувга бордик. Бу ерга биринчи марта кирган шоир биродаримиз болаларнинг жиноятлари ҳақидаги ҳикояни эшитиб гангиб қолди. Ҳаяжонга берилиб, ҳатто бир оз қўрқиб: «Мен бу ерда шеър ўқий олмайман», деди. Мен ундан Усмон Носирнинг «Муҳаббат» шеърини ўқиб беришини илтимос қилиб, аранг кўндирдим. Бир хил кийинган, сочлари бир хилда қиртишланган, кўзлари бир хилда маъносиз боқувчи бир неча юз бола тўпланган жойга кирганимизда шоир биродаримиз бу нигоҳларга қарай олмай кўзларини юмиб олди. Шу ҳолда шеърни ўқиди. Бу шеърни ўқитишдан мақсад - кичкина ижтимоий тадқиқот ўтказиш эди. Йиғилганларнинг барчаси севги ёшидаги ўсмирлар. Кўпчилиги аёл билан бўлишга улгурган. Севги туйғуси бегона эмасдир, деган фикрни синаб кўрмоқчи эдим. «Севги! Сенинг ширин тилингдан ким ўпмаган, ким тишламаган!» деб бошланувчи шеър ҳар қандай ёшнинг дилини қитиқлаши тайин. Аммо жиноятчи ўсмирларга бу таъсир этмади. Уларнинг юзларида, қарашларида ўзгариш сезилмади. Оддий гапни эшитгандай ўтираверишди. Шеърда «Уфқда ботар қуёшни шарт кесилган бошга ўхшатдим», деган сатр бор. Шу сатр ўқилганда, не ажабки, ўтирганларда жонланиш сезилди. Бундагиларнинг оз қисми қотиллиги туфайли қамалган, лекин бошқа жиноятлар билан ўтирганларга ҳам «шарт кесилган бош» таъсирли бўлди.
Уч ўсмир кечқурун ҳомиладор аёлга дуч келиб, «Хотиннинг туғишини кўрамиз», деб қийнашган. «Эси бутун одам бундай қилмайди, улар жиннидир», дерсиз? Йўқ, уларнинг кўриниши ҳам бинойи, эслари ҳам жойида. Улар билан суҳбатлашганимизда «Нега бундай қилдинглар?» деб саволга тутмадик. Ўқиган китоблари, кўрган театр томошалари, кинофильмлари билан қизиқдик. Жангари, бадахлоқ кинотомошаларини кўришда камчиликлари йўқ. Учтадан иккитаси болалигида синфдошлари билан ёш томошабинлар театрига неча мартадир борган, лекин нимани кўрганини эслолмайди. Биттаси умуман театрга қадам босмаган. Уччаласи ҳам бадиий китобни қўлига олмаган. Биттаси мактабдаги адабиёт дарсида ўқиганларини сал-пал эслайди. Улар билан суҳбатлаша туриб ўйладим: «Агар бадиий китоб ёки саҳна санъати орқали фақат инсонга хос севги-муҳаббатни қалбларига сингдиришганда эди, жиноят кўчаларида тентирамасмидилар...» Жиноят кўчасига кириб қолган болаларнинг келажакда нурли ҳаёт кечиришлари осон бўлмайди. Хўш, уларнинг ота-оналарини нима кутади? Фарзанд ўн беш ёшида жиноятчига айланган экан, демак, ота ва она ўн беш йиллик умрларини исроф қилишибди. Фарзандлари дунёга келган онда туғилган орзулари ўн беш ёшида ўлим топган экан, ўзгалардан ўпкаламасинлар.
Китоб ўқишни ўргатишдаги ота-онанинг масъулияти театрга, ёки музейга, ёки рассомлар кўргазмасига... олиб боришда ҳам керак бўлади. Жуда оз ота-оналар фарзандлари билан бу жойларга борадилар. Театр-музейларга олиб бориш асосан мактабларнинг зиммасида. Ота ёки она «Бугун театрга борибсан, нимани кўрдинг, нимани тушундинг?» деб беш дақиқагина суҳбатлашармикин? Агар суҳбатлашсалар - шарафлар бўлсин бу зотларга! Фарзанди билан гаплашишга вақти йўқ ота-онага-чи?
Кузатувлардан аниқки, болалар ва ўсмирлар феъл-атворининг шаклланишида бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ғоят муҳим экани тан олингани ҳолда бу зарур масала ечимига эътиборсиз қаралади. Бошқачароқ айтсак, бўш вақтдан фойдаланишга доир мавжуд тадбирлар етарли самара бермай қўйган. Бунинг акси ўлароқ, кўчанинг таъсири кучлироқ бўляпти. Айтайлик, кўчанинг бир бетида шахмат-шашка тўгараги ташкил этилган. Иккинчи бетида бебош ўспиринлар қарта ўйнаб ўтиришибди. Кўчанинг ўртасида эса биз тарбияламоқчи бўлган юзта бола турибди. «Ихтиёр ўзингизда, бўш вақтингизни ким билан ўтказасиз?» деб кўрайлик-чи? Ишонаманки, шу юз боладан кўпи билан ўн-ўн бештаси шахмат-шашка томон юради.
Энди яна “бўш вақтим йўқ” дейдиганларга келсак, бундайлар шу баҳона билан ўзларини ўзлари алдайдилар. Ҳар бир одамнинг вақти ўз қўлида. Агар ақл билан иш юритилса, ҳар қандай юмушга улгуриш мумкин. Фарзандларимизнинг айнан шундай фазилат эгалари бўлишларидан умидвормиз.
Барча мамлакатлар учун боланинг бўш вақти масаласи муҳим муаммолардан ҳисобланади. Мактабдан кейинги ярим кунда боланинг нима билан шуғулланиши унинг тақдирини белгилайди. Шаҳардаги маҳаллаларда, қишлоқларда бола катталар эътиборида бўлади. Бу бола кимнинг фарзанди эканини катталар билишади ва ундаги ножўя ҳаракатни эътиборсиз қолдиришмайди. Кўп қаватли уйларда эса бунинг акси. Қўшнилар бир-бирларини танишмайди. Ножўя иш қилаётган болани тартибга чақиришмайди. Шунданми, қамоқдаги болалар яшаш жойларига ажратилиб ўрганилганда маҳалла ва қишлоққа нисбатан кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиганлари кўпроқ экани аниқланди.
Бўш вақт масаласини ҳамма ўзича ҳал этади. Кўпчилик тарбиянинг бу соҳасида асосий эътиборни меҳнатга қаратиш тарафдори. Ёзувчилар адабиётга, санъаткорлар театрга, рассомлар тасвирий санъатга... тортишни истайдилар. Барчаларининг талаблари тўғри. Аммо барчаси ўз ўрнида қўлланилсагина яхши самара беради.
Демак, ота-она аввало ўз онгини, энг муҳими фарзанди онгини ортиқча юкдан эҳтиёт қилиши баробарида вақтнинг хусусиятларини аввало ўзи англаб етиши керак. Хўш, вақтнинг қандай хусусиятлари бор экан? Бу саволга жавобни “Вақтнинг қиймати” рисоласидаги фикрлардан фойдаланган ҳолда топамиз.
Вақтнинг ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари ҳам бор. Биз уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш кўришимиз лозим.
“Вақт тез ўтади” деймиз кўп ҳолларда. Хоҳ шод-хуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтаверади. Бизга хурсандчилигимиз кунлари бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек туюлади. Лекин инсоннинг ўзига шундай туюлади, холос. Шоир айтган экан:
Бахту саодатга тўла ойларим,
Гўё давом этди кундан ҳам қисқа.
Ва лекин ҳижронга тўла кунларим,
Йиллардек кўринди менинг кўзимга.
Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим,
Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.
Бу ёруғ дунёда инсон умри қанчалик узун бўлмасин, модомики ўлим ҳар тирикликнинг ниҳояси экан, бас, у қисқадир.
Ўлим пайтида ўзи яшаб ўтган йиллар ва бир-бирига боғлиқ воқеалар лаҳзада тез ёниб-сўнувчи чақмоқ каби қисқа туюлади инсонга. Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида ривоят қилишларича, минг йилдан ортиқроқ умр кўрганларидан кейин, у кишининг жонларини олиш учун ўлим фариштаси келиб: “Э пайғамбарларнинг энг узун умр кўргани, сиз дунёни қандай тушундингиз?”-деб сўради. Шунда Нуҳ алайҳиссалом дедилар: “Дунё гўё бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кириб, бошқасидан чиқиб кетдим!”
Бу ривоят ҳаётий ҳақиқат учун бир ибратдир. Ундаги ҳақиқат инсон умрининг ўлим вақтигача аста-аста сўниб боришидир. Шунингдек, Қиёмат бўлганида ҳам инсонга йўқотган ва бой берган нарсаси билдирилганида, у вақтнинг қанчалик тез ва қисқа ўтганини тушуниб етади. Туғилмоқ ва ўлмоқ дея аталмиш икки манзилнинг ўртасида сарсон қолган инсон идроки, дунёга тааллуқли ҳақиқий қонун-қоидалар билан бошқарилмаса, бу нисбий оламдан ҳақиқий Ватанга маънавий йўл топиб бўлмайди. Кишининг ҳар бир дақиқаси, ҳатто ҳар бир нафаси фазилатли амалларга бағишланиши керак. Таъбир жоиз бўлса, вақт намланган совунга ўхшайди. Уни қўлда тутиб туриш жуда қийин. Сирғалиб, тушиб кетаверади.
Ўтган вақтнинг ортга қайтмаслиги ва ўрнига алмашмаслигини англамайдиган одам йўқ. Ҳар бир кун ўз якунини, ҳар бир соат ҳам ўз ниҳоясини топади. Кунни, соатни ҳатто лаҳзани қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришга ҳеч ким уриниб ҳам кўрмаган. Отилган ўқ изига қайтмаганидек, умр ҳам изига қайтмайди. Ўтган вақтнинг ўрнини келаётгани босмайди. Бой берилган вақти ўрнини тўлдириб, хотиржам яшаётган инсонни ким кўрган? Ортга қайтиш, вақт чизиғидан илгарилаш ёки ўтмишга саёҳат қилиш фақат фантастик асарлардагина учрайди. Аслида эса бу ақлга сиғадиган нарса эмас. Ҳасан Басрийнинг ажойиб ҳикматлари бор: “Ҳар бир тонг ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: “Мен янги яратилдим. Ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Кетар эканман, Қиёматга қадар қайтмайман”. Кўп кексаларни учратамиз, улар ёшлик даврларининг яна бир бора қайтишини орзу қиладилар. Лекин бу амалга ошмайдиган орзу холос. Бунақанги орзуларнинг озию кўпи ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Шоир айтадики:
Кошки қайтсайди ортга агар бир кунга ёшлик,
Унга айтардим бошга нелар солди кексалик.
Бошқа бир шоир умрнинг қай тарзда ўтишини тасвирлаб, унинг кечаю кундузлари ортга қайтмасдан кетади ва бунга умид йўқ, деб ёзади:
Киши кетар умрининг жиловин тутиб,
Ойу кунлар оралаб фонийлик сари,
Туну кунлаб тонглару тунларини кутиб,
Дунёдан кўчар мудом қабрга сари.
Вақт инсон эга бўлган нарсаларнинг энг нафиси эканини ўтмиш донишмандлари кўп таъкидлашган. Модомики, вақт тез ўтувчи ва ортга қайтмас экан ва уни бирон нима билан алмаштириб бўлмас экан, у инсон эга бўлган нарсаларнинг энг нафиси ва қийматлисидир. Вақтнинг нафислиги ҳар бир амал ва ишлаб чиқариш учун манба, асос бўлишидир. У ҳаётда хоҳ шахс, хоҳ жамият бўлсин, инсон учун асл сармоя ҳисобланади.
Донолардан бири айтганидек: “У ҳаётдир. Инсон ҳаёти эса унинг туғилган онидан токи вафот онигача яшаб ўтадиган вақтидир”. Бу хусусда Ҳасан Басрий ҳазратлари яна дедиларки: “Э Одам боласи, сен ташкил топган кунлардан иборатсан. Сен учун бу куннинг кетиши умрингнинг бир қисми кетиши демакдир”.
Биз туғилган кунларимизни имкон борича дабдаба билан ўтказишга ҳаракат қиладиган бўлиб қолдик. Албатта, маълум бир ёшга етганимиз учун Яратганга шукр қилишимиз керак. Шукр қилиш учун йилда бир марта туғилган кун келишини кутишимиз шарт эмас. Ҳар нафасимиз, ҳар кунимиз учун шукр қилишимиз лозим эканини аввал айтдик. Назаримда туғилган кун фақат шодиёнадан иборат эмас. Бу кун инсон умрининг бир йили ўтганига далилдир. Бошқачароқ айтсак, бу дунёдаги ҳаётимиз бир йилга қисқариб, боқий дунёга ўтишимиз яна бир йилга яқинлашди, демак. Абу Али Даққоқ айтганларидай, “ҳар бир кун менинг бир қисмимни олиб, ўтиб кетади. Қалбда ҳасрат қолдириб, ўзи бедор кетади”... Шодликка, тантанага ажратилган соатларнинг озгина қисмини фикрлашга ажратсак ёмон бўлмас эди. Фикрлаш чоғида Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ҳазратларининг бу гапларига диққат қилишни тавсия этамиз: “Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунлик яхши ишларим кўпаймаганига қилган пушаймонимдек қаттиқ пушаймон қилмадим!.. Агар кун ўтган ва мен ўзимни Аллоҳ таолога яқин қиладиган илмимни зиёда қилмаган бўлсам, шу куннинг чиққан қуёши мен учун баракали бўлмагандир”.
Инсон умри давомида кўп пушаймонлар ейди. Айрим ҳолларда пушаймон туфайли тавба қилиб, тўғри йўлга тушиб олади. Лекин икки ҳолда унинг пушаймони асқотмайди. Биринчиси – жон бериш, охират остонасидан ўтиш пайтидаги пушаймони. Инсон охират сари юзланган маҳалда унга яна бир оз муҳлат берилишини ёки йўқотган нарсасини тўғрилаб, бузганини тузатиб олиш учун озгинагина вақтнинг ортга қайтарилишини орзу қилади. Лекин, бу иложсиз бир нарса!
Иккинчиси – охират диёрига кўчилганида ҳар бир жон амалига яраша мукофотланиб ёки жазоланиб, жаннатийлар жаннатга, дўзахийлар дўзахга киритилган бир пайтда дўзахийлар дунё ҳаётига яна бир бор қайтишни, ҳаётларини янгидан бошлаб, яхши амаллар қилишни хоҳлаб қоладилар. Бироқ улар истаётган нарса ҳақиқатдан нақадар узоқ! Чунки у вақтда муҳлат замони тугалланиб, ҳисоб бериш замони келган бўлади.
Аҳли дониш “Манфурликнинг аломати вақтни зое кетказишдир”, деб таъкидлашган. Ва яна: “Вақт бир қиличдир, гар сен уни кесмасанг, у сени кесади!” дейишган. Демак, бу қиличга ҳоким бўлиш учун моҳирлик талаб этилади. Бу қилични яхши ишлата билиш, аҳамиятли нарсаларни олиб, аҳамиятсизларини четда қолдириш лозим. Бу эса ҳақиқатни англаб етган ақл билан бўлади. Вақтни қадрлашнинг энг синалган йўли – яхши ишларни бажаришга интилиш ва шошилишдир. Қуръони каримда бундай баён этилган: “Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ таоло сизларнинг барчангизни ҳисоб-китоб учун келтиради” (Бақара сураси). (Бу ўринда изоҳ зарур: яхши ишларни қилишга шошилиш билан шошқалоқлик бир нарса эмас. Биринчиси – фазилат, иккинчиси - иллатдир.)
Биз бу фазилатни эгаллашда вақтнинг қадрига ета олган олимлар ҳаётидан ўрнак олсак арзийди. Бундай олимлар ўзлари турган мавқедан яна ҳам гўзалроқ даражага интилганлар. Шу жиҳатдан уларнинг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзалроқ бўлар эди. Бу хусусда улардан бири: “Кимнинг бугуни кечаги каби бўлса, у алдангандир ва кимнинг бугуни кечагисидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир”, деган эди. Улар вақтларини манфаатли илм таҳсил қилишга, фойдали ишларга ё нафс тарбияси ёки бошқаларга фойда келтиришга ишлатишларидан ташқари, бирор кунни ёки ярим кунни ва ё қисқа муддатни бўлсин, беҳуда сарф этишдан қизғанишар эди. Токи ўзлари сезмай қолиб, умрлари бўш ишларга сарф бўлиб, гарду ғуборга, кўпикка айланиб кетмасин. Ўтаётган ҳар бир кунни ҳам ўзи учун ва ҳам атрофидагилар учун илм, маърифат, иймон ҳамда эзгуликларни юксалтиришда фойдаланмасликни улар Аллоҳ таоло неъматига ношукурлик ва вақтга ҳурматсизлик бўлади, деб ҳисоблашар эди. Хорижга сафар қилганимда шундай бир аллома билан учрашиш бахти менга насиб қилган эди.
Азизлар, эҳтимол “Ўгай она”, “Қайнона” романларини, “Саодат асри қиссалари” китобини ўқигандирсиз. Бу асарлар муаллифи Аҳмад Лутфи билан кўришмоқ умидида Туркиянинг Бурса шаҳрига бордик. Университетнинг илоҳиёт факультети декани ниятимизни билиб алломага қўнғироқ қилдилар-да “Хўжам ҳозир келадилар”, дедилар. Биз “у киши уйда эканлар-у бирор соатларда келиб қолар эканлар”, деб ўйлаб, кутдик. Тахминан икки соат кутдик. Декан яна бир қўнғироқ қилдилар-да, “хўжам ғоят банд эканлар, ҳузурларига чиқа қолайлик”, дедилар. Аҳмад Лутфи биз кутаётган хонадан икки қават юқорида, ўз кутубхоналарида иш билан банд эканлар. Суҳбатимиз охирида ўзбек китобхонлари номидан у кишини шаҳримизга таклиф қилдик. “У ерга бориб нима қиламан, мен қиладиган зарур иш борми?” дедилар. Декан эса кулимсираганича деди: “Хўжам сафарда юриб вақт сарфлашни ёқтирмайдилар. Вақтни ғоятда қадрлайдилар. Ўтган йили хориждаги илмий кенгашга юборган эдик, мажлисдаги сафсатабозлик ёқмай, эртасигаёқ қайтиб келдилар...”
Фалак ва Ер тинмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланаверади. Булар ақли бор кимсаларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, басират эгаларига ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб эгалари шуурдан, басират эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди. Вақт – олий муаллимдир. Аммо, не кўргилик-ки, у барча ўқувчиларини ҳалок қилади. Ҳа, вақт чиндан ҳам кескир қиличдир, у ҳеч нарсага қарамай ўтади-кетади. Инсон эса вой-войлаганича қолаверади. Бизнинг “вақт ўтмоқда” деган ўйимизда андак хатолик бор, вақт эмас, ўзимиз ўтиб боряпмиз.
Азизлар, агар бир одам вақтнинг шариф ва азиз бир нарса эканини ҳис эта олса, ишонингки, у одам умрини роҳат ва фароғатда кечиради. Вақт нақд олтиндир, уни зое этганларнинг бозор айланиб, бўш қўл билан қайтганлардан фарқлари йўқдир, бунга диққат қилиш шарт. “Молу пулинг кетса кетсин, бироқ, вақтинг зое кетмасин” дейдилар. Вақтни фойдали ишларга сарф этишни билган киши молу дунёсини ҳам керакли жойларга сарфлашни билади ва саодат йўлида унга тўсиқлар бўлмайди.
Мазкур мавзуга илова равишда ақл исрофи мавжудлигини айтиб ўтмоқчиман. Кишининг бир илмни ёки ҳунарни эгаллаб, сўнг бошқа ишлар билан шуғулланиб юриши ана шу исрофга кирадики, бу ҳақда аввалроқ ҳам тўхталган эдим. Менга бир одамни мақтаб: “Жуда зийрак одам, тўртинчи қаватга нечта зина босиб чиққанигача билади”, дейишди. Мен эсам ажабландим: зинанинг нечталигини билиши шартми? Шунга исроф бўлган зеҳни ва хотирасини фойдалироқ нарсага сарф қилса бўлмасмикин? Бу нарсани жиноятга доир текширув ўтказувчи билиши зарурдир. Лекин меҳмонга келган одамнинг “уйингизга бир юз эллик зинани босиб кўтарилдим”, дейишидан маъно борми? Ё “шунга яраша эҳтиром қилинг”, демоқчими? Ундан кўра юқорига кўтарилгунича тасбеҳ айтиб, савобини мезбонга бағишлагани дурустроқ эмасми?
Телевизорда бир она олти яшар боласини мақтаяпти: икки юздан ортиқ қўшиқни ёд билар экан. Худо болага шундай ўткир зеҳн ва хотира берган экан, қўшиқ ёдлашдан нима фойда бор? Аллоҳ таолонинг каломини, ҳадисларни ёдлашга ёки илм эгаллашга сарфласа бўлмайдими? Бу зеҳн исрофи учун бола айбдор эмас, ота ва она гуноҳкордир.
Ҳаётда ақлни беихтиёр равишда исроф қилиш ҳоллари ҳам учрайди. Биздан олдинги, хусусан бизнинг авлодда шундай бўлган. Мактабда, сўнг олий ўқув юртида мутлақо кераксиз, ҳатто “Дарвинизм” каби зарарли фанларни ўрганиш учун ақлимизни сарф этганмиз. Ўзингиз айтинг, жарроҳ ёки муҳандис учун Лениннинг бемаъни асарларини йиллар давомида ўқиш шартмиди?
Ҳар биримизни исроф васвасаси ҳар он, ҳар дақиқа, ҳар қадамда таъқиб қилади. Демак, исрофдан сафланиш лозимлигини бир нафас ҳам унутмасилигимиз шарт экан. Бу йўлда ҳамиша зийрак бўлиш фазилатини беришни Раббимиздан сўраймиз.
Қўшнинг ёмон бўлса...
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муножот:
-Ё Аллоҳ! Барчаларимизнинг қўшниларимизни Ўзинг паноҳингда асра! Яхшиларининг ажрини мўл-мўл қилиб бер, ёмонларига ҳидоят бер, инсофу тавфиқ бер.
Ёмонликларини ташлаб, Ўзингнинг розилигингга етишувчи солиҳлардан қил. Фарзандларини яхши тарбия этиб, уларнинг камолини кўриш саодатини бер.
Бизларда ҳам ёмон қўшнига хос иллатлар мавжуд бўлиши мумкин.
Бизларни бу иллатлардан ҳоли қил, яхши қўшни мартабасини бер.
Ё Аллоҳ! Ёмон қўшнидан паноҳ беришингни сўраймиз.
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Луқмони ҳаким айтганлар: “Оғир тош кўтардим, темир кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарса кўрмадим”.
Азизлар, биз ўз хонадонимиз аҳли билан қандай яхши муомала қилсак, қўшнилар билан ҳам шундай муроса қилишга буюрилганмиз. Чунки оиламизнинг фароғати қўшнилар билан бўладиган муомаламизга боғлиқ. Ота-она ва фарзанд бурчлари қандай бўлса, қўшнининг қўшни олдидаги бурчи ҳам ўшандай даражададир. “Қўшнинг ёмон бўлса кўчиб қутуласан”, деган мақолни эшитгансиз. Лекин қўшним ёмон экан, деб тинмай кўчиб юрилаверилмайди. Дардни ичга ютиб, жаҳаннам азобида яшайверишдан ўзга чора қолмайди. Қандайдир ҳолатларда эса муроса қилишга ҳам тўғри келади. Мазкур мақол кимдир томонидан шунчаки тўқилмаган, у шарафли ҳадис асосида айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилиб юрадиган дуоларидан бири бундай бўлган: “Э Аллоҳ! Мен яшайдиган ердаги ёмон қўшнининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Чунки фоний дунёдаги ёмон қўшнидан кўчибгина қутулиш мумкин”. Ёмон қўшнининг ёмонлиги ҳамиша бўлавермаса ҳам, ёмонлиги бўлиб қолишидан чўчиб яшашнинг ўзи ҳам катта азиятдир.
Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деган мақол бор. Бу ҳикматнинг мазмуни ойдек равшан, мулоҳазага ўрин йўқдек кўринади. Лекин “Қўшнинг тинч бўлмоғи учун ўзинг нима қилишинг керак?” деган савол қўйилса, ҳар бир одам ўйланиб қолади. Қадим-қадимдан қўшничилик муаммоси донишмандлар диққат-эътиборида бўлган. Ҳозиргина эслаганим мақол бекорга вужудга келмаган: қўшнинг тинч - сен тинч! Бу демак, агар сен осойишталигингни истасанг, аввал қўшнингни осойишталик билан таъминла. Аввал ўзингни эмас, қўшнингни ўйла, дейилмоқчи. Бу мақол замирида одамларни биродарликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундаш ётади. Оилада ота-онасига, акалари-укаларига меҳрли бўлиб улғайган одам, шубҳасиз, қўшнига ҳам меҳрли бўлади. Ота ва онасини беҳурмат қилувчи одам қўшнини ҳам сариқ чақага олмайди.
Ёмон қўшнидан қутилишнинг йўлларидан бири – ҳар бир одамнинг ўзи яхши қўшни бўлишга ҳаракат қилиши керак. Яъни, бировга қилинажак ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам қўшнидан бошланади. Ҳатто Ватанни сотиш ҳам қўшнини сотишдан бошланади. Қўшнисини ёмонлаб имзосиз хатлар ёзадиган одам Ватанини сотмайди, деб ким кафолат беради? “Қўшнингга қасд этма, баст эт” (баст – қувонтириш маъносида) деган ҳикматга барча бирдай амал қилганда эди... Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар: “Э Расулаллоҳ! Фалончи хотин кечалари туриб ибодат қилади. Кундузлари рўза тутади ва одамларга хайр-эҳсон улашади ва бошқа яхши ишларни ҳам қилади. Лекин қўшниларига тили билан озор беради. Бунинг оқибати қандай бўлади?” Расулуллоҳ (с.а.в) жавоб бердилар: “Бу хотинда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”. Яна сўрадилар: “Фалоний хотин фарз намозларини ўқийди ва борини, арзимас бўлса ҳам, садақа қилади. Шу билан бирга у ҳеч кимга озор бермайди”. Аллоҳнинг расули (с.а.в.) жавоб бердилар: “Бу хотин жаннат аҳлидандир”.
Мазкур шарафли ҳадисни ўқигач, ён-атрофдаги қўшнилар орасида озор берувчи хотинларни кўз олдингизга келтириб, уларнинг бўлажак қисматига ачингандирсиз? Ачинганингиз яхши, лекин Аллоҳ таолога ёлбориб бундайларни ислоҳ қилишини сўрасангиз, янада яхши. Дуоларимизни Аллоҳ таоло ижобат этиб, қўшниларига тили билан озор етказувчи нодонларга ҳидоят берсин!
Ўзига тилаган нарсасини ўзгаларга, хусусан, қўшнисига тилайдиган, ўзига муносиб кўрмаган нарсани бошқаларга ҳам муносиб кўрмайдиган одамни иймонли, эътиқодли дейиш мумкин. Ким қўшнисига бало-қазо ёғилишини истаса – нодондир. Тасаввур қилингки, “қўшнимнинг уйини куйдир!” деб ният қилган одамнинг ноласи қабул этилди – қўшнининг уйи ёнди. Оқибат нима бўлди? Қўшнига офат тилаган нодоннинг уйи ҳам қўшилиб ёнди!
Набий муҳтарам (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ номи билан қасамки, қўшнисини безовта қилувчи одам мусулмон бўла олмайди!” Яна дедилар: “Ким ўзи тўйиб овқат есаю, қўшниси оч ўтирса – иймонсиздир”. (Бошқа бир ривоятда: “Қўшнисининг очлигини била туриб, ўзи тўқ ётган одам тўлиқ иймон келтирган ҳисобланмайди”.) Яна дедилар: “Шўрва пиширганингизда сувини кўпроқ қилинг. Кейин қўшниларингиздан хабар олинг ва уларга мувофиқ равишда шўрвадан солиб беринг”.
Юртимизда бу одатнинг гўзал кўринишлари бор эди. Афсуски, булар унутиляпти. Ҳозир фақат ҳайит арафасида қўшнилар бир-бирларини бир коса ош билан йўқлайдилар. Болалигимизда ўн беш – йигирма қўшнига қувона-қувона ош тарқатиб чиқардик. Шунга яраша бизникига ҳам шунча ош қайтарди. Ҳозир кузатишимча, икки ён қўшни билан чекланиляпти. Овқат қизғанилмайди, Худога шукр, йигирма-ўттиз қўшнини йўқлашга ҳар бир хонадоннинг имконияти бор. Фақат... аёлларимиз салгина эътиборсизлар, салгина ялқовлар, салгина меҳрсизлар. Эрларнинг эса бу билан ишлари йўқ!
Тарихга назар ташласак, тақводор одамлар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) йўл-йўриқларига ҳамиша амал қилиб келганлар. Тансиқ овқатларидан албатта қўшниларига чиқарганлар. Агар қўшнилари муҳтож эканини билсалар-у, унга ёрдам беришга қурбилар етмаса, таомнинг ҳиди чиқиб қўшнимга озор бермасин, деган хижолатда ўз уйларида овқат пиширтирмаган одамлар ҳозир ҳам бор. Қадимда муборак ҳаж ибодатига отланган одам қариндошлари ва бола-чақалари билан бир қаторда қўни-қўшниларни ҳам моддий томондан таъминлаб, ризолигини олар экан.
Бир одамнинг уйида сичқон кўпайиб кетибди. Шунда таниши “Мушук боқа қолмайсизми?” деса, у одам: “мушук олиб келсам, сичқонлар қўрқиб қўшнимникига қочса, уларни безовта қилади-да”, деган экан.
Шарқ ривоятларидан бирида бундай ҳикоя қилинади: Бир одам чоғроқ шолча устида ўтирган экан. Ёнига қўшнисини чорлабди. Қўшниси: “Э биродар, шолчангиз бир парчагина-ю, яна менга иззат кўрсатмоқчи бўласиз-а”, деб кулибди. Шунда лутф кўрсатган қўшни дебди:
-Бир-бирига душманлик қилувчи ноаҳил қўшнилар бутун дунёга ҳам сиғишмайди. Аҳил қўшнилар бир парча шолчага сиғиб, роҳат кўраверадилар. Гап шолчанинг торлигида эмас, кўнгилнинг кенглигида.
Яна бир ривоятда айтилишича, бир бургут човут солиб ҳовлидаги қуённи кўтариб кетибди. Ўша ҳовлида яшайдиган чумчуқ қуёнга ачиниш ўрнига мазах қилиб чириллабди:
-Эй чопағон қуён! Чопағонлигинг ёрдам бермадими?!
Чумчуқнинг чирқиллашини эшитган бошқа бургут учиб келибди-ю, уни човутига илибди. Шунда қуён унга қараб: “Жуда тез учардинг-ку, қанотларинг фойда бермадими?” деган экан.
Масалдан олинадиган маъно шуки, қўшни бошига келган фалокатдан кулиб, мазах қилиш ярамайди. Балки қўшни оғир аҳволга тушса, унга ёрдам бериб, бундан қутқариш керак. Қўшни бошига келган фалокатдан қувонган кишининг ўзи ҳам бирор фалокатга учраши тайин.
Қўни-қўшнилар орасидаги нохуш ҳолларга кўпинча манманлик сабаб бўлади. Нисбатан тўқроқ, бойроқ одам гердайса, керилса, менсимаса яхши оқибатга олиб келмайди. Айтадиларки, Қиёмат куни камбағал қўшни бой қўшнининг ёқасига ёпишади ва дейдики: “Э Раббим, Ўзинг сўра бундан! Нечун, шариатга кўра менга бериши лозим бўлган нарсани бермади, менга эшигини ёпди?”
Камбағалроқ қўшнида ҳасад, ичқоралик бўлса ундан яхши оқибат кутманг. Қўшнисини норози қилган бойроқ одам Аллоҳ таолонинг истаги билан эртага бойлигидан ажралиб қолиши, қўшнисига ҳасад қилиб иғво тарқатган эса эртага эл-юрт олдида обрўсизланиши, шарманда бўлиши мумкин. Суқрот ҳакимдан ҳикмат: “Икки нарсани ислоҳга келтириш жуда қийин: қариндош-уруғларнинг бир-бирларига бўлган адоватларини ва қўшниларнинг ҳасадини”.
Бир одам манмансираб, қўшни ҳовлига орқа қилиб баланд иморат қуради. Иморат шундай баланд-ки, қиш ойлари қўшни ҳовлига офтоб тушмайди. Бундан қўшни ранжийди ва экин суғорганида ариқни атайин шу уйга тақаб олади. Оқибатда уй захлайверади ва жанжал бошланади. Бир қарасангиз, иккови ҳам ҳаққа ўхшайди. Пул меники, ер меники, уни қандай қурсам қуравераман, дейди бири. “Ҳовли меники, экин меники, қандай суғорсам суғоравераман”, дейди иккинчиси. Бу жанжалнинг боши – манманлик. Бироқ, унга ҳасад аралашди-ю, яра фасод боғлади.
Икки қўшни бир парча ерни “Бу меники! Йўқ, меники!” деб талашаётганида ер тилга кириб, “талашмаларинг, икковинг ҳам меникисанлар, икковинг ҳам бағримга кирасанлар”, деган экан. Одам вафот топгач, бир хил либосда, бир хил лаҳадда, бир хил ҳолатда ётар экан, озгинагина умрини жанжал билан ўтказмай яшаса бўлмас эканми, деб ўйлайман.
Кишининг бошига кулфат тушса, биринчи навбатда қўшни ярайди. Шодлигингизни ҳам энг биринчи қўшнингиз баҳам кўради. Қишлоқларда, маҳаллаларда қўни-қўшничиликнинг гўзал анъаналари шаклланган. Доно қариялар бу анъаналарнинг асралишини кузатиб туришади. Бироқ, афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчилар яхши анъаналарга амал қилишмайди. Бу даъво айниқса ёш оилаларга тегишли. Бир йўлакда тўрт-беш йил мобайнида қўшни бўлиб яшаган оилалар бир-бирларини яхши танишмайди. Эрталаб ишга кетиш чоғларида ёки ишдан қайтишларида икки-уч кунда тасодифан бир кўришиб қолишлари мумкин. Сўнг уйларига кириб кетишгач, ташқарига чиқмайдилар. Қўшниникида нима гап – ишлари йўқ. Бунақа одамлар бошига бир нохуш иш тушса қўшнининг қадрига етади. Аммо кечиккан бўлишади. Аттанг, дейишади-ю, фойда бермайди.
Қўшничилик – бир чинни идиш кабидир. Дарз кетса, изи қолади. Шу сабабли яхши қўшничилик муносабатини эъзозлаган маъқул. Албатта, бу гаплар сиз учун янгилик эмас. Ҳозир айтилгандан кўра кўпроқ мақоллар, ривоятлар, ҳаётий мисоллар биларсиз. Мен сиздан кўпроқ биламан, деб даъво қилмайман. Мақсадим оддий – билганларингизни яна бир ёдга солиш, билимни амалда тадбиқ этишга даъват қилиш.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўшни ҳақини аниқ ва равшан тарзда белгилаб берганлар: “Биласизми, қўшнининг ҳақи нима?- дедилар ва бу саволларига ўзлари бундай жавоб қилдилар:- Иона истаса – иона берасиз. Ёрдам сўраса – ёрдам берасиз. Қарз сўраса – қарз берасиз. Камбағаллашса - рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса – зиёратига борасиз. Вафот этса – жанозасига қўшиласиз. Омад кулиб боқса – уни қутланг. Бошига мусибат тушса – таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг. Бирон мева олган пайтингизда унга ҳам беринг. Агар бермоқчи бўлмасангиз, уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирон мева бериб ташқарига чиқариб юбормангки, қўшнининг боласи шундай нарсага эга бўлмагунча бундан ўпкаланиб юрмасин. Қозонингизда қайнатган гўшт ҳиди билан уларни нотинч қилманг. Агар келтирган гўштингиздан бир парчасини унга кесиб берган бўлсангиз, гўшт ҳиди таралишининг айби йўқ. Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима? Аллоҳга қасамки, қўшни ҳаққини фақат Аллоҳ марҳаматига ноил бўлган кимсаларгина ўтай олади”.
Бу ибратли сўзлардан аёнки, ҳар биримизнинг зиммамизда масъулият бор. Бу масъулиятни тўғри адо этсаккина яхши хулқ эгаси бўламиз ва Аллоҳ таолонинг раҳматига эришамиз.
Мазкур сатрлар ёзилаётган кунларда Русиядаги бир воқеани эшитиб, даҳшатга тушдим. Ёшга етмаган чақалоғи ва икки ёшли боласини уйда қолдириб, кўчага чиққан бир жувонни автомашина босиб ўлдиради. Ҳужжати бўлмагани учун марҳуманинг кимлигини аниқлаш қийин кечади. Бу орада уйда қолган икки гўдак йиғлай-йиғлай очдан ўлади. Қўшнилар эса уларнинг йиғиларига аҳамият бермайдилар. Болаларнинг ўликларидан ҳид чиқа бошлаганда “газнинг ҳиди чиқаётгандир”, деб яна эътибор бермаганлар...
Худога шукр, бизда бу даражадаги бемеҳрлик, беоқибатлик йўқ, бўлмасин ҳам! Лекин бунақаси йўқ, деб ҳотиржам бўлишимиз ҳам дуруст эмас.
Баъзи келинларимиз кўчага сув сепиб-супиришганда қўшни чегарасидан бир қарич ҳам ўтмайдилар. Дарвозалари ёнма-ён бўлса-да, қўшни дарвозаси олдини супуришдан ё эринадилар ё бу хизматнинг савоб эканини билмайдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедиларки: “Ҳазрати Жаброил қўшни ҳаққига риоя этмоқ тўғрисида менга шу қадар кўп васият (топшириқ) қилдилар-ки, мен қўшнини ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим”. Мазкур шарафли ҳадиснинг таъкиди ўлароқ, Мужоҳид ҳикоя қилади:
“Бир куни ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳнинг (р.а.) уйида эдим. Ўғли қўй сўйиб, терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ “Қўйни сўйиб бўлганингдан кейин, қўшниларга беришни ёнимиздаги яҳудий қўшнидан бошла”, деб топшириғини бир неча марта такрорлади. Охири ўғли: “Неча марта айтасиз, ота?” деб ажабланди. Шунда Абдуллоҳ дедики:
-Расулуллоҳ қўшничилик ҳаққига шу қадар кўп ўгит берардиларки, биз қўшнини қўшнига ворис қиладилар шекилли, деб ўйлардик”.
Шарафли ҳадисларда марҳамат қилинган талабларни ҳар бир муслим ва муслима бажариши шарт. Бажариш учун эса бу талабларни билиши керак. Шу боис, талабларнинг асосийларини ёдимизга олиш вақти келди:
Бир куни Ойиша онамиз (р.а.) нон ёпдилару бир сабаб бўлиб, бу нонни қўшнининг қўйи ея бошлади. Ойиша онамиз (р.а.) қўй оғзидан нонни олмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Майли, ундан қолгани ҳам бизга кифоя қилади, қўйнинг бу иши тўғрисида гапириб, қўшнига озор бермагин”, дедилар.
Қуръони каримнинг Нисо сурасида яхшилик қилиш ҳақидаги оятда “яқин қўшниларга” ва “ён қўшниларга” дейилган. Уламолар “яқин қўшни”ни “қариндош қўшни”, “ён қўшни”ни эса яқинлиги йўқ, яъни бегона қўшни, деб тафсир қиладилар. Набий муҳтарам (с.а.в.) бу борада марҳамат қилдиларки: “Қўшнилар уч хил бўлади: битта ҳаққи бор қўшни – ҳаққи энг кам қўшнидир; иккита ҳаққи бор қўшни ва учта ҳаққи бор қўшни – буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди, битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса – мусулмон ва қариндош қўшнидир. Унинг қўшнилик, мусулмонлик ва қариндошлик ҳақлари бор”.
Ҳазрати Ойиша онамиз (р.а.) “Ҳадяни икки қўшнидан қай бирига берайин?” деб сўраганларида Аллоҳнинг расули(с.а.в.): “Қайси бирининг эшиги сенга яқинроқ бўлса, ўшанга бер”, деб марҳамат қилдилар.
Этибор қилган бўлсангиз, қўшнилар сифатларига, яъни бой ёки камбағалликларига, чиройларига, ширин сўзларига қараб ажратилмайди. Биз ҳаётимизда айнан шу нуқтада хатоликларга йўл қўямиз. Девор-дармиён қўшнимизнинг бир қилиғи ёқмагани учун ундан узоқроқ бўлишга интиламиз. Ўн дарвоза наридаги қўшни билан апоқ-чапоқ бўлгимиз келади. Дарвоқе, дарвозаларнинг яқин ёки узоқлигига қараб нечта хонадон қўшни саналади? Ҳасан Басрий ҳазратлари шарафли ҳадисга асосланиб, ҳовлингизнинг олд томонидан қирқ ҳовли, орқа томонидан яна қирқ, ўнг томонидан яна қирқ, чап томонидан яна қирқ ҳовлининг ҳаммаси қўшни ҳисобланишини таъкидлаганлар.
Демак, кичикроқ бир қишлоқ ёки маҳалла аҳли бир-бирига яқин қўшни ҳисобланар экан. Айрим ривоятларда қўшниларнинг адади ўн ҳовли миқдорида белгиланган. Яна айрим ривоятларда маҳалла чегараси, дейилган. Бу борада баҳслашмай, афзалини олавериш керак. Кимнинг қирқ хонадон билан яхши қўшничилик алоқасини ўрнатишга имконияти бўлса, қуввати етса, барака топсин! Кимнинг имконияти чегараланган экан, қўшни ҳаққига риоя қилиши шу доирада бўлаверади.
Ҳасан Басрий ҳазратларига бир аёл келиб аҳволидан шикоят қилди. “Уйинг қаерда?” деб сўрадилар. “Сизнинг уйингиздан етти эшик нарида”, деди аёл. Ҳасан Басрий ҳазратлари бор пулларини санаб кўрсалар етти танга экан. Ҳаммасини бердилар. “Ё Аллоҳ, ҳалокатга учрашимга оз қолибди-я!” дедилар. У зот етти хонадон наридаги қўшниларининг оғир аҳволда эканидан бехабарликларини ҳалокат деб билганлар.
Бир одам муҳтожликдан қийналаётган қўшнисининг уйини сотиб олди. Кечаси йиғи овозини эшитди. “Ким йиғлаяпти?” деб сўради. “Сотилган уйнинг эгалари”, деб жавоб беришди. “Уларни чақириб айтинглар, қалблари эзилмасин, сотган уйларини қайтардим, ўзларига буюрсин, мендан олган пуллари уларга ҳадя”.
Бундай саховат эгалари ҳозир ҳам борми ё ривоятларда қолиб кетганми? Балки турган жойи кўзига тор кўриниб, қўшнисининг ҳовлиси эвазига кенгайтирмоқчи бўлган юраги торлар бордир орамизда?
Кунлардан бир куни Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) деворлари қулади. Шогирдларидан бирининг қўшни томондан бир оз тупроқ олиб, лой қорганини кўриб қолдилар-да у шогирдни “менга ярамайсан”, деб ҳузурларидан нари қилдилар. Девор учун бошқа лой қордирдилар.
Қўшни ҳовлисидаги бир сиқим тупроқнинг ҳақи не эканини биладиганлар борми ҳозир сафимизда?
Баъзи бировлар яқин қўшни эканини пеш қилиб, индамай кириб келаверадилар. Улар балки номаҳрам назар нима эканини билмаслар? Беижозат кириб келишлари оқибатида қўшнини хижолат қилиб қўйишлари мумкинлигини ўйламаслар? Қаранг-да, агар қўшнининг индамай кириб келаверишига ижозат бўлса, эшик қуришга не ҳожат бор эди?
Набий муҳтарам (с.а.в.) дедилар: “Суҳбатдошларнинг энг яхшиси – хушфеъл ва кўнгилга маъқули ва қўшниларнинг энг яхшиси – қўшнисига муносабатда мумтозидир”. Яна дедилар: “Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси – қўшнисига яхшилик қилганидир”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига бир одам келиб қўшнисидан шикоят қилди. Набий муҳтарам (с.а.в.) унга: “Сабр қил!” дедилар. Орадан кунлар ўтиб, иккинчи ва учинчи марта шикоят билан келганида ҳам сабр қилишга даъват этдилар. Тўртинчи марта келганида:
-Уйдаги ашёларингни кўчага чиқариб ташла!- дедилар.
У одам шундай қилди. Йўлдан ўтувчилар: “Сенга нима бўлди?” деб сўрашса, “Қўшним мени шу аҳволга солди, тинмай азоб беряпти”, деяверди. Шунда одамлар: “Бундай озорли қўшни Аллоҳнинг лаънатига учрагай”, дейдиган бўлишди. Бу кўргиликдан ноқулай аҳволга тушган қўшни узр билан чиқди ва деди:
-Ашёларингни йиғиб ол. Аллоҳга қасамки, энди сени сира нотинч қилмайман.
Набий муҳтарам баракот ва баракотсизлик хотинда, масканда ва отда бўлишини айтдилар. Масканнинг баракоти - турар жойининг кенглиги ва қўшниларининг яхши инсонлар бўлишидир. Бебаракалиги - тураржойининг торлиги ва қўшниларининг ёмон феъл-атворли инсонлар бўлиши билан боғлиқ.
Ўтдайин куймас эдим, куйдирди-да, ён қўшним,
Гулдайин сўлмас эдим, сўлдирди-да, ён қўшним,
Ўғлим, қизим бахтидан айирди-да, ён қўшним...
Қўшничилик бурчи фақат қўшнига азоб бермасликдангина иборат эмас. Қўшни учун қандайдир қийинчиликни зиммага олиш ҳам керак бўлади. Чунки қўшнига азоб бермасликнинг ўзи, ҳали бурч ўталди, деган гап эмас. Бунинг учун ҳатто маълум бир қийинчилик ё ноқулай аҳволга чидаш ҳам камлик қилади. Чунки, шу билан биргаликда қўшнига яхши (меҳр билан) ва мулойим муомала қилиш, унга хайр-садақа қўлини узатиш керакдир. Шу ўринда бир оз қайтариқдай туюлса ҳам қўшни бурчи ҳақида яна тўхталайлик. Ғаззолий ҳазратлари шарафли ҳадиснинг тафсири сифатида бундай баён қиладилар:
“Қўшни билан учрашганда салом билан сўз бошламоқ, гаплашганда гапни чўзмаслик, кўп савол бермаслик, касал бўлганда кўргани бориш, бошига мусибат тушганда таъзиясида унинг билан бирга сабрли бўлиш, севинчли онларида қутлаш – унинг севинчи билан севиниш, хатоларини кўрмасликка олиш, уйини жосусларча кузатмаслик, деворига бир нарсалар қўйиб ёки осиб ғашини келтирмаслик, унга тегишли жойдан сув олмаслик, уйининг олдига ахлат ва супиринди тўкмаслик, ўтиш йўлларини торайтирмаслик, бирон баҳона билан уйига қарамаслик, қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик, у йўқлигида уйини қўриқлаш, унга қарши айтилган сўзларга қулоқ солмаслик, маҳрамига оид хусусларда кўз юммоқ, хизматчисига қарамаслик, боласига ширин сўзлар айтиш, диний ва дунёвий масалаларда билмаганларини ўргатиш...”
Қўшни ҳаққи – қўлдан келганича унга яхшилик қилишда экан. Шу боис ҳам Набий муҳтарам (с.а.в.) “Қўшнига яхшилик қил, тинч-саломат бўласан... Кимнинг Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймони бўлса, қўшнисига нисбатан иззат-икромда бўлсин”, деб марҳамат қилганлар. Халқимизда бу шарафли ҳадисдаги маънони давом эттирувчи мақоллар ҳам бор: “Қўшнингни янима, киноя сўз доғ этар, қурбинг етса кўмаклаш, эшигингни боғ этар”. “Қўшнинг ёмон бўлса – ёмонлик келар, қўшнинг яхши бўлса – омонлик”.
Ҳозир турли кўринишда, услубда, ҳажмда янги уйлар қуриляпти. Айрим уйларнинг пастки қаватида дўкон, қаҳвахона ёки ҳунармандлик устахонаси мавжуд. Дўкон, қаҳвахона ҳам, устахона ҳам қўшнига озор бермайдиган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, магнитофондан эрта-ю кеч ашула жаранглаб турса, темирчи босқонда уриб турса, тутун бурқсиб турса... Ёки устахонадан таралаётган бўёқнинг ўткир ҳиди қўшнининг димоғини ачитиб турса. Бир қўшни болохона қургани учун иккинчисидан ранжиди. “Болохонани ўзимнинг еримга қурдим, сенинг нима ишинг бор?” дейди у қўшни. Зимдан қаралса, гапида жон бор. Лекин ўша болохонадан туриб қўшнининг ҳовлисига номаҳрам назар тушиб туриши-чи? Бу томони ўйланмайдими? Донолар деганлар-ки: “Кўчага, қўшним томонга мағзава тўкканимдан кўра, бу мағзавани ўз устимга тўкканим афзал”. Бу ҳикматни тушуниш қийин эмасдир?
Маълум бўлдики, ўзини иймонли санаган ҳар бир мусулмон қўшничиликка доир бурчларини оғишмай адо этиши зарур экан. Бу борада эр ва аёлнинг масъулияти орасида фарқ кўрамиз. Эрлар майда-чуйда нарсаларга кўпда эътибор бермайдилар. Аксинча, қўшнилар орасининг бузилиши хотинларнинг ўзаро чиқишмаслиги, миш-мишлари, ғийбатлари туфайлидир. Қўшнининг келини аразлаб кетиб қолса ёки қизи қайтиб келса, қувонадиганлар озми ёки кўпми?
Шундай ҳикматли гап бор: “Фалончиникида қўш ноғора қизиб, тайёр туради. Қўшнисиникида нохушлик юз берса ноғора қоқиб, элга ошкор қилади”. Шундай одамлар ҳам ўзларини иймонли ҳисоблайдиларми? Бир хонақоҳда намоз ўқиб, ибодатдан сўнг тескари қараб кетадиган қўшнилар-чи? Агар улар “У қўшни бу қўшнининг бегуноҳлигига амин бўлмаса, бу қўшнининг иймони шубҳа остида бўлади... Қиёмат Куни биринчи бўлиб, ёвлашиб қолган қўшнилар муҳокамага қўйилади”, деган шарафли ҳадисни билганларида эҳтимол бундай қилмаган бўлардилар. Қўшнисининг уйига мўралашни яхши кўрадиганлар-чи? Агар улар “Изнсиз бировнинг уйига мўралаган одамнинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади”, деган ҳадиси шарифни билганларида эҳтимол ўзларини бу гуноҳ ишдан тўхтатган бўлардилар.
Ҳа, бу борада ҳаммамизнинг ўйлаб кўрадиган ишларимиз бор. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Бизнинг ёшлигимизда кўрганимиз шундай эди-ки, у вақтда ҳеч бир киши ўз олтин-кумушини бошқа мусулмон биродаридан азизроқ ҳисобламас эди. Ҳозир эса, ҳар биримиз учун олтин-кумуш ҳар қандай мусулмон биродаримиздан яхшироқ бўлиб қолди. Мен Расулуллоҳдан: “Бир қанча қўшнилар Қиёмат куни ўз қўшниларининг этагидан ушлаб: “Э Раббим! Мана бу қўшним бошимга иш тушган вақтда ёрдам қилиш ўрнига эшигини қулфлаб олган эди” деб даъво қилади”, деган ҳадисларини эшитганман”.
Яна бир ҳолатда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси эса оч ўтирган бўлса, у киши комил мўъмин эмасдир”, дедилар.
Бир куни Аллоҳнинг расули (с.а.в.) саҳобалари билан йўлда кетаётганларида: “Қўшниларига азият етказганлар биз билан бирга юрмасин”, дедилар. Саҳобалардан бири буни эшитиб: “Мен қўшнимнинг девори остига таҳорат ушатиб эдим”, деб афсусланди. Набий муҳтарам унга қараб: “Сен сафимиздан чиқ”, дедилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан сўрадилар: “Зино нима?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Зино қилиш ҳаром, уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Киши ўнта хотинни зино қилгани гуноҳи қўшнисининг хотинини зино қилгани гуноҳидан енгилроқдир”. Яна сўрадилар: “Ўғрилик тўғрисида нима биласизлар?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Ўғрилик – ҳаром. Уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Набий муҳтарам дедилар: “Ўнта хонадондан ўғрилик қилиш битта қўшни уйидан ўғрилик қилишдан енгилроқдир”.
Нима учун қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга кўп аҳамият берилади? Сабаби: ён қўшнисига меҳрибон бўлолмаган одамдан узоқдаги нотаниш мусулмон биродарига меҳр-оқибат кутиш қийин. Қўшниларга яхшилик қилиш – жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат этади. Донишманднинг “Қўшниси яхши қаримас”, деган ҳикмати айни ҳақиқатдир. Ёмонга қўшни бўлган одам денгиз сайёҳига ўхшайди. У ғарқ бўлишдан қутулса ҳам, қўрқувдан қутула олмайди. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтдиларки: “Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас (аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшайдиган қўшнидир”. Бу ҳикмат асосида ҳар биримиз ўзимизнинг хулқимизга четдан назар ташлаб кўрсак яхши бўларди. Қўшнимиздан яхшиликни талаб қилаверамиз ёки унинг ёмонлигидан нолийверамиз. Хўш, ўзимиз яхшимизми? Бизнинг ёмонлигимиздан қўшнимиз ўзгаларга ҳасрат қилмаётибдими? “Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ” мақоли айни бизга аталмаганмикин?
Бир одам қўшнисидан нарвон сўраганда бермаса, ё бирон баҳона қилса, у ҳам вақти келганда ўша қўшнисига кетмонини бериб турмайди. Бу ҳол қўшнилар орасидаги соғлом муносабатни бузади. Қуръони каримда: “Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам кишилардан манъ этадиган кимсалардир” (Моъувн сураси. “Моъувн” – рўзғор буюмлари маъносини беради.) дейилади. Ибн Касир бу ояти каримани бундай тафсир қилганлар: “Яъни улар Раббиларига ибодатни яхши адо этишмайди, риёкорлик қилишади ва У зот яратганларга ҳам манфаат беришмайди”.
Нарвон ҳам, кетмон ҳам ейилиб қолмайди. Тўғри, синиб қолиш эҳтимоли бор. Аммо бу фожиа эмас. Тузатса бўлади ёки янгисини сотиб олиш мумкин. Синган буюм эгаси саховатли бўлса, қўшнисини хижолат қилмайди: “Ўзи синай-синай деб турувди, келган бало-қазо шунга урсин”, деб қўя қолади. Иймони заиф бўлса, қўшнисига маломат тошлари ёғдириб, буюмнинг янгисини сотиб олиб беришини талаб қилади. Агар синган нарвон эгаси камхаржроқ бўлса, тўлашни талаб қилмаса ҳам, синдирган қўшни инсоф юзасидан янгисини сотиб олиб бергани дуруст.
Қўшни бирон нарса сўраб чиққанида бериб турилса савоб. Қўшнидан бирон буюмни қизғаниш мўминларнинг хулқидан эмас. Балки Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китобни ёлғон дейдиган риёкор кишиларнинг ишидир. Лекин бу гўзал хулқни суиистеъмол қилиш ҳам яхши эмас. Шундай хонадонлар борки, тез-тез ишлатиб туриладиган рўзғорталаб буюмларни, имкониятлари бўлса-да, ўзлари сотиб олмайдилар. Қўшнилардан қайта-қайта сўрайверадилар. Дазмол куйиб қолганида то тузатилгунича ёки янгиси олингунича сўрашнинг айби йўқ. Лекин бу сўраш узлуксиз давом этмаслиги керак. Айрим хонадонларда това ёки гўшт майдалагич йўқ. Ҳолбуки, шу буюмларни сотиб олишга қурбилари етади. Бир латифа бор: ота ўғлига “Қўшнидан теша олиб чиқ”, деб буюради. Ўғил “қўшнимиз тешасини бермади”, деб қуруқ қайтганда ота аччиқланиб дейди: “Жуда бахил-да, булар! Бор, ертўладан ўзимизнинг янги тешани олиб чиқ!”
Хонадонга келин бўлиб тушувчи қизларимиз бу масалада айниқса зийрак бўлишлари шарт. Қайнона-қайноталари ёки хонадоннинг бошқа аъзоларига қандай ширин муомала қилсалар, қўшнилар билан ҳам ўшандай, балки ундан зиёда хушмуомалада бўлишлари талаб этилади. Уйдаги муомалаларида хатоликка йўл қўйсалар, бир-икки танбеҳ билан масала ҳал бўлади. Лекин қўшниларга нисбатан бирон бурчни бажармасалар, бир камчиликлари ёнига яна бештаси қўшилиб, атрофга достон қилинади. Шундан эҳтиёт бўлсалар – марра уларники!
Қўшнилар билан апоқ-чапоқ бўлиб олганимиз яхши. Хонадонимизга бир неча соатга ёки бир неча кунга келувчи меҳмонлар ҳам бор, а? Улар билан муомаламиз қандай бўляпти? Меҳмонлар ҳақимизга дуо қилиб, оиламизни мақтаб кетяптиларми ё кўнгиллари ғашланиб қайтяптиларми?
Сабри таҳаммул
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муножот:
Оилани мустаҳкамлигини таъминловчи
устунлардан бири сабру тоқат, сабри бардош экан,
ё раббимиз Аллоҳ, бизларни собирлардан қил!
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Қудсий ҳадисда: «Эй Одам фарзанди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражага кўтараман», деб марҳамат қилинган. Бизлар қандай даражада эканмиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Яқинда уч синглимиз оилавий аҳволларидан арз этиб, маслаҳат сўрадилар. Улар бир-бирларини танимайдилар. Турли вилоятларда яшайдилар. Лекин дарду-хасратлари бир: “бахт саройи” деб аталмиш оилалари нураш арафасида. Оилани қандай қилиб сақлаб қолиш кераклиги борасида маслаҳатга муҳтожлар.
“Эрим бетўхтов ичади. Пул бермасам, жанжал қилади. Болалар улғайишди. Эрим маст-аласт келганда ўғилларим қўпол муомала қиладиган бўлиб қолишди. Эрим оталик ҳурматини йўқотди. Мен сабр қилиб яшаб келяпман. Сабрнинг чегараси борми?”
“Эримнинг саёқ юришини биринчи фарзандим туғилгандаёқ билганман. Лекин инсоф кириб қолар, деб сабр қилдим. Фарзандларимиз учта бўлди. Лекин эримга инсоф кирмади. Энди бизларни ташлаб, бошқага уйланиб, чиқиб кетмоқчи. Бунга ҳам сабр қилишим керакми?”
“Эримнинг тили ёмон. Сўкишдан бўшамайди. Мен-ку, сабр қилиб шунча йил бирга яшадим. Яқинда келин туширдик. Эримга ақл битиб қолар, десам, акси бўлиб чиқди. Келинчакни ҳам бўралаб сўкиб қолади. Келиним аразлаб кетиб қолмасайди, деб қўрқаман. Менинг сабр қилганим камлик қилиб, энди келиним ҳам сабр қилиши керакми?”
Чиндан ҳам бу каби ҳолатлар ҳар қандай мустаҳкам оилани парчалаб ташлаши мумкин. Уч синглимиз йиллар бўйи ўз сабр-тоқатлари билан бу парчаланиш олдини олиб келганлар. Бундан кейин ҳам сабр қилишга тайёрлар. Ҳа, сабр, гўзал фазилат. Лекин ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда бўйин эгиб туравер, дегани эмас бу. Сабр билан мутеликнинг фарқига бориш керак. Сингилларимизнинг ҳаракатларида мен сабрни эмас, ўша мутеликни кўряпман. “Инсоф кириб қолар” деб сабр билан кутишдан ёки фақат дуо қилиш билан муродга етиб бўлмайди. Сабр билан кураш ҳеч қачон бир-бирини инкор этмаган. “Кураш” дейилганда “эр билан жанжаллашиб туриш керак экан-да”, деб тушунманг. Баъзи аёллар эрлари ҳар куни ичиб келаверса, тоқатлари тоқ бўлиб, жанжални бошлайдилар. Ҳолбуки, маст одамга гап таъсир қилганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Баъзи иллатларни қаттиқ гап билан эмас, мулойимлик билан тузатиш мумкин. “Бу юришингиз жонимга тегди, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим!” дейиш ўрнига, “дадаси бу юришингиз ўзингизга ҳам ёқмайди, лекин иллатни енгиб чиқишга кўзингиз етмайди. Бу қўрқоқлигингизда асос йўқ. Сизда куч бор, ирода бор. Мен сизга ишонаман, сиз ҳам ўзингизга ишонинг”, дейилгани фойдалироқ эмасми? Эрларга қай пайт, қай аҳволда ва қай тарзда танбеҳ бериш кераклиги тўғрисида бир ҳил дастур йўқ. Ҳар бир эрнинг ўз феъли атворига, танбеҳга бўлган муносабатига қараб, аёл донолик билан тадбир ишлаб чиқиши керак.
Оилани мустаҳкам қилишда биз (аввалроқ айтганимиздай) сабрни аёллардан талаб қилишга кўникиб қолганмиз. Ҳоланки, эрга ҳам сабр-қаноат зарур. Икки томоннинг сабри тарозининг икки палласини бир ҳилда босиб турсагина оиланинг мустаҳкамлиги ортади.
Фарзандларимизни, яқинларимизни дуо қилганимизда бахт-саодат тилаймиз-у аммо сабр-тоқат, қаноат тилашни унутамиз. Сабр-қаноатсиз бахт-саодатга етиб бўлмаслигини биламизми? Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу яхши одат. Бошига мусибат тушган ҳар бир бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиб туриш аъло фазилатлардан. Қудсий ҳадисда дейилади-ки: «Эй бандаларим, мен бандаларим ичидан бир мўъмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойдан турганида хато-гуноҳлардан онаси туққан кунидек пок бўлиб туради». Мусибатга чидаш қийин бўлганидан унга сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилиняпти! Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Мусибат кўрганида кишининг илк сўзлари: «Аллоҳим, мени собирлардан қилгин. Мусибатнинг ажрига муваффақ қил», деган дуо бўлса хайрлидир. Бироқ, афсуски, айрим биродарларимиз мусибат тоши остида эзилиб, тилларидан қандай сўзлар учаётганини билмайдилар, Аллоҳга қарши исён қиладиган даражага бориб етадиларки, шу боис уларга сабр тиламоғимиз, Имом Ғаззолий ҳазратларининг: «Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир», деган ҳикматларини эслатиш дурустдир. Аммо сабр фақат мусибатли кундагина керакми? Бу саволга ҳар биримиздан жавоб лозим.
Инсон жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида эса у ғоят ожиздир. Тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги учун йўл қўяётган гуноҳлари унданда кўпроқ. Инсон сабрсиздир, қаноатсиздир. Шу боис «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмайди» (Бақара сураси). Мўминлар Аллоҳнинг барча амрларини бажарсалар-да, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб: «Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин» (Бақара сураси), деб муножот қиладилар. Бундай дуо қилишда бандаларнинг ўз ожизликларига иқрорликлари мужассамдир. Ҳуд сурасида Одам болаларининг қандайлиги чиройли тарзда баён этилган:
«Қасамки, агар Биз инсон зотига Ўз томонимиздан раҳмат-марҳаматимизни тотдириб, сўнгра уни Ўзимиз тортиб олсак, у, албатта, ноумид ва ношкурчилик қилиши шубҳасиздир. Қасамки, агар унга бирон зиён-заҳмат етканидан кейин Биз ноз-неъматларни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди, энди қайтиб келмайди», дейди. Дарҳақиқат, у мағрур ва мақтанчоқдир. Магар балоли кунларда сабр қилиб, сафоли кунларда шукроналик билан яхши амаллар қиладиган зотлар бор-ки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофотлар мавжуддир».
Мазкур уч оят «Бу васф иймон ва ислом тақозо қилган сифатлари билан тўла сифатланмаган инсоннинг васфидир», -деб тафсир қилинади «Тафсири ҳилол»да. - Агар ундай одамга бирор неъмат бериб туриб, сўнгра олиб қўйилса, тушкунликка тушиб, дод-вой қилади, ўзини ҳар томонга уради. Ёки аксинча, ё иссиққа кўнади ё совуққа. Охирги оятда солиҳ бандаларнинг икки сифати алоҳида таъкидланмоқда: сабр ва яхши амаллар қилиш. Сабр доимо, ҳаммага керак: яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам ғоятда зарур. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик-тўқчиликка ҳамма ҳам тоқат қила олмайди. Аслида банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганда шукр ва яхшилик билан сабр қилсагина саодатга етиша олади».
Яқинда каминанинг уйига бир одам келиб, сўзининг аввалида хотинидан шикоят қилди. Хотини бошқа бир кишига кўнгил қўйиб, ажрашибди. «Хотиним мени ташлаб кетмасин, деб намоз ҳам ўқишни ўргана бошлаган эдим, энди фойдаси йўқ экан, деб намозни ҳам йиғиштириб қўя қолдим». Бу мисолни келтиришимиздан мақсад шуки, орамизда шу одамга ўхшаганлар озми-кўпми учраб туради. Шу одам мисолида айтмоқчимиз-ки: «Биродар, ибодат холис бўлмоғи шарт. Бирон нима тамасида намоз ўқиётган бўлсангиз, янглиш йўлда экансиз. Аллоҳ сизнинг намозингизга муҳтож эмас. Намоз ўзингизнинг саодатингиз учундир. Агар хотинингиздан норози бўлсангиз, даъвоингизни унга айтаверинг, Аллоҳга карши исён қилишдан қўрқинг. Сиздан сабр талаб этиляпти. Сабрга иймон билан эришилади. Сабри йўқ одамнинг иймонида шубҳа бор. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтганларидек: «Сабри бўлмаган кишининг дини йўқ». Донолар айтмоқчи, сабр – қулларни подшоҳларга айлантиради. Сизга шу мартаба насиб этсин!»
Яна бир ибрат: «Эй Одам фарзандлари!-дейилади ҳадиси қудсийда. - Сизлар менинг ҳузуримдаги нарсаларимга фақат менинг розилигимни талаб қилиш йўлида ўзларингиз хуш кўрмаган нарсаларга сабр қилмагунча ета олмайсизлар. Менга итоат қилишдаги бардошлик менга осий-гуноҳкор бўлиб жазога гирифтор бўлишдан осонроқдир».
Ҳаёти давомида кишининг боши устидан қуёш чарақлаб туриши баробаринда турли ҳил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик - танглик ҳам, тўқлик – очлик ҳам, ғалаба –мағлубият ҳам, шодлик – мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, ҳақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб-кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради.
Одамга сабр гар кўрингай заҳар,
Чидам ниҳояси жонга бўлгай шакар.
Ҳа, ўн йил уйида ун бўлмаса-да, уни чиқмас яхши хотин мисолида аввалги суҳбатимизда айтганимиздай, йўқчилик ва танг ҳолатларда сабр керак. Аммо бу машаққатлар кушойиш топганидан сўнг ҳам сабр лозим бўлади. Чунки мусибатга тоқат қилишдан кўра, аввал айтганимиздай, кенгчиликка сабр қилиш оғирроқ.
Молнинг нархи пасайиб, савдогар молиявий инқирозга дуч келди. Ёки молини ортиб келаётган кема ё самолёт ҳалокатга учради (Аллоҳ сақласин!). Савдогар нима қилади? Ҳасрату надоматга бериладими? Шундай қилса, Аллоҳга осий бўлади, шайтон васвасасига бўйсуниб қолади. Мўъмин эса бу ишни Аллоҳнинг тақдири деб билади ва сабр қилади. Тасаввур қилайлик: савдогар хунук хабарни олган дамда азон чақирилди. Жамоат билан намозга кирадими ё молини йўқотган идораларга даъво қилгани югурадими? Шунга ўхшаш воқеа юз берганда бир савдогарнинг «кун бўйи ҳали у идорага, ҳали бу идорага югуриб, намоз ўқишга ҳам вақт бўлмади», деб нолиганини эшитган эдик. Эҳтимол, биродаримиз ибодатларини вақтида бажарганларида Аллоҳ мушкулларини осон этиб, идорама-идора югуришларига ҳожат қолмасмиди... Сабр қилиб, Ҳақ томон юрганларида, Аллоҳ бу собир томон югурган бўларди. Ҳақ томон бир қарич сурилсалар, Аллоҳ бир қулоч яқинлашарди, бу ўзимиз тўқиган таҳмин эмас, балки ҳадиси қудсийда баён этилган ҳақиқатдир. Киши умр бўйи кўп қийинчиликларга дуч келиши, бу қийинчиликларни фақат сабр билан енгиб ўта олиши мумкинлигни, сабрсизлик эса инсонни қайғудан қутқара олмаслигини, сабрсизликнинг ўзи куйдиргувчи зўр қайғу эканини болалигиданоқ онгига сингдириш керак. Ҳар қандай хасталикнинг энг биринчи давоси – сабр дорисидир. Сабр – дориларнинг энг ишонарлисидир. Дорихонадан харид қилган дорингиз шифо берадими ё йўқми, билмайсиз. Бу олган дорингиз бир дардингизга даво бериб иккинчисини уйғотиши эҳтимоли ҳам бор. Аммо сабр дорисида бундай хатар йўқ. Сабрни моддият ва маънавият устуни десак ҳам янглишмаймиз. Уни асрамай, йиқилишига йўл қўйилса, моддият ҳам, маънавият ҳам йиқилади.
Буқрот ҳаким илми ҳикматда равнақ топгач, узлатни ихтиёр этдилар. Бир куни подшоҳ хасталаниб, ул зотни ҳузурига чақиртирди. Буқрот ҳаким подшоҳнинг даъватини қабул қилмадилар. Шунда ул зотнинг ҳузурига вазирнинг ўзи келди. Қарасаки, Буқрот ҳакимнинг емишлари турли гиёҳлар экан. Вазир подшоҳнинг амрини айтиб, ялинса ҳам, ҳаким кўнмадилар. Шунда вазир аччиқланиб деди-ки:
- Подшоҳларнинг хизматини қилишни ўрганганингда бунақа гиёҳ еб ўтирмас эдинг.
Бу дашномни эшитган ҳаким кулдилар ва дедилар-ки:
- Агар сен гиёҳ еб яшашга қаноат қилишни ўрганганингда жонингни хатарга қўйиб, подшоҳ хизматини қилмас эдинг.
Донолар деганлар-ки: «Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси». Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўрганларки, ажрлари юқори бўлгай, инша Аллоҳ! Ҳазрат Навоий айтганларидек: «Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ». Чунки Раъд сурасида таъкид этилганидек, «...уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар».
Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканлигини сўрадилар.
- Билмайман, - деб жавоб берди Диоген,- мен фақат унинг пули кўплигини биламан.
- Пули кўп бўлса, демак, бой эканда?
- Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш - бир нарса эмас, - деб жавоб берди Диоген. - Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.
Энди «сабр» ва «қаноат» атамаларига қисқа изоҳ бериб ўтсак: бу икки сўз кўпинча кетма-кет қўлланилади. Аммо иккаласи бир маънони англатувчи маънодош сўзлар эмас. «Сабр» – иффатга хос хислатлардан бўлиб, нафсоний қувватларни жиловлашдир. «Бардош» ёки «чидам» дейилса ҳам «сабр» англашилади. «Сабр»ни мумтоз адабиётимизда «таҳаммул» (айрим ўринларда «тааммул») шаклида ҳам учратамиз:
Ё марҳамат ул хайли ситамкорага бергил,
Ё сабру таҳаммул мен бечорага бергил.(«Маҳбуб ул-қулуб»дан)
«Муншаот»дан: «...ва кўнгуллари таҳаммул қилмағандин арз қилғайлар».
Демакким, сабр – тоат ибодатни адо этмоқликдир. Ҳавойи нафс хоҳлаб турган гуноҳларни қилмаслик ҳам сабр. Балою офатлар ва мусибатларга таслим бўлақолмаслик ҳам сабр. Сабрнинг олий даражаси – мусибатнинг биринчи зарбаси вақтида билинади.
«Қаноат» эса еб-ичмак ва кийинмакнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмасликдир. Шу боис донолар қаноатни қушлардан ўрганишни тавсия қиладилар. Қуш эртанги озуқаси бўлмаса ҳам масъуд-бахтиёр учаверади. Одамнинг эса омбори донга тўла бўлса-да, кейинги йил ғамида, ташвишида паришондир.
«Қаноат – эҳтиёжсизлик негизидир, иззат ва шараф тантанасидир, - деб ёзганлар ҳазрат Навоий. - Қаноатли камбағал – давлатманддир, унинг шоҳу гадога иши тушмайди:
Хорлиғлар боши тамаъ билгил,
Доимо «азза ман қанаъ» билгил».
Маъноси будир: хорликларнинг бошланиши тамаъдан эканини фаҳм этгин ва ҳамиша «қаноатли киши азиздир», деб билгил.
Қаноатли кишини ноёб донишманд деб ҳам иззат қиладиларким, қаноат бандага берилган туганмас неъматдир. Низомий ҳазратларидан байт:
Ҳар кеча сўнгида нури зиё бор,
Ҳар бардош сўнгида завқи сафо бор.
Қаноат тўғрисида кўп ҳикматлар айтилган, кўп таърифлар берилган. Шулар орасида «Маҳбуб ул- қулуб»даги таъриф ғоят аҳамиятлидирки, бизларга бу меросни қолдирган ҳазрат Навоий ҳақларига ва бу асарни бугунги тилимизга хос насрий баёнини тайёрлаган устозлардан Иноят Махсумов ҳақларига дуо қилган ҳолда китоб саҳифаларига назар ташлаймиз:
«Қаноат – бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди; у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдирки, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бордир.
Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони таъмагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи – олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.
Шоҳ удирки – олмайди-ю беради, гадо улдирки – сочмайди-ю теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафснинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққики, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан халос бўласан. Қаноат – хокисорлиғдир-ки, натижаси - юксаклик; муҳтожлик-ки, фойдаси – эҳтиёжсизлик. Қаноат – экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; майдир, аччиқ, лекин нашъаси – шодлантирувчи; йўлдир қаттиқ, лекин борар манзили – севинтирувчидир».
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) уйларида бир неча кунлаб қозон қайнамасди.
- Йа Расулаллоҳ! Фақат хурмо еявериб, ичимиз куйди, - деб фақирлар нолишганда Расулуллоҳ (с.а.в):
- Мен ҳам худди сизлар каби икки ойдирки, фақат мева ейман. Уйимда ейишга бошқа нарсам йўқ, - дедилар.
Бир киши очлик туфайли қорнига тош боғлаб олди. Исссиқ тош қоринга боғланганида ошқозондаги очлик азоби бир оз чекинди. У одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қорнидаги тошни кўрсатиб, очликдан шикоят қилганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам муборак қоринларига боғлаб олган тошларни кўрсатдилар.
Ҳазрати Умар (р.а.) бир куни Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб қарасаларки, қамишдан тўқилган бўйра устида ётибдилар. Муборак қўлларига, юзларига қамиш ботиб кетган. Сув тўлдирилган битта хумча ва бир сиқим арпадан бўлак овқатлари йўқ. Шунга қаноат қилиб яшаётганларини кўриб, ҳазрат Умар йиғладилар. Ҳазрат Умар ҳам ана шу жамоатга хос инсонларнинг бири эдилар. Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаёт тарзлари барча оддий ҳаёт кечираётган кишиларникидан ҳам оддийроқ, соддароқ эди. Ҳазрати Муслим (р.а.) айтадиларки: «Расулуллоҳ (с.а.в.) кун бўйи очликдан силлалари қуриганда, қорин тўйғазадиган миқдорда хурмо тополмаганларини кўрганман».
Баъзи биродарларимиз хизматдан қайтганларида овқат тайёр бўлмаса, ғазабланиб, дунёни ағдар-тўнтар қилишга ҳам тайёр бўлиб қоладилар. Таомни вақтида ҳозирлашга улгурмаган аҳли аёлини ҳақоратлашдан, ҳатто дўппослашдан тоймайдилар. Қаноатсизликнинг энг олий даражаси шу ҳолда намоён бўлади. Чунки таом қозонда қайнаб турибди, узоғи билан ярим соатда пишиши аниқ. Ярим соатга қаноат қилолмайдиган одамнинг арзимаган туртки билан диндан чиқиб кетиши ҳеч гапмас. Дарвоқе, шундай деб ёзишга ёздигу бироқ, динда собит одам тоқатсиз бўлмайди, деган ҳақиқатни ёдга олдик. Бундай тоқатсизларга Расулулоҳнинг (с.а.в.) тоқатларидан сўзлаб бериб, иймонга чорловчи биродарларимиз барака топишсин.
Аҳли дониш «инсонларни ҳайвонлардан юқори қўювчи тўрт нарсанинг бири - қаноат», деб ҳисоблаган. Бу фикрни инкор этмаган ҳолда баъзан ўйлаб қоламан: қаноат ҳайвонларда, масалан, итда ҳам бор-ку? Ҳайвонлардаги қаноат даражаси баъзан инсонникидан анча баланд бўлади-ку?
Ҳазрати шайх Шақиқи Балхий (қуддиса сирруҳи) Ҳижозга бориб, шайх Иброҳим Адҳамга учрадилар. Дедилар-ки:
- Ё Адҳам ўғли, тирикчилигинг қандай?
Иброҳим ҳазратлари айтдилар:
- Топсам шукур қиламан, топмасам – қаноат.
Шақиқ ҳазратлари дедилар-ки:
- Бизнинг Балх итлари сенинг шу қилганингни қилурлар.
- Сиз нима қилурсиз?
- Топсам - эҳсон қилурман, топмасам – шукр.
Бу жавобдан таъсирланган Иброҳим ҳазратлари ўринларидан туриб, Шақиқ ҳазратларини ўпдилар-да:
- Сиз менинг устозимсиз, дедилар.
(Мазкур воқеа бошқа тарихий манбаъда ўзгачароқ тарзда баён этилади: «Ҳукамолардан Абу Зайд айтадилар: «Балхлик бир йигит менга: «Ўзларингизнинг зуҳди-тақволарингиз ҳақида гапириб беринг», деган эди, мен: топсак – еймиз, топмасак – қаноат қиламиз», дедим. Шунда у деди-ки: «Бизда Балхнинг итлари шундай қилишади. Биз эсак топмасак – қаноат қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз». Бу ҳикматнинг икки манбаъда икки шаклда баён этилишига ажабланмаслик керак. Ровийлар қайси бир босқичда адашган бўлишлари мумкин. Ёки ҳар икки ҳолда ҳам юз берган воқеадир. Бунинг илдизини топишга уриниш ҳам шарт эмас. Чунки муҳими – ҳикматнинг ўзи. Воқеа кимнинг иштирокида бўлгани иккинчи даражали масала.)
Қаноат маъданиға оч кўзунг оч,
Тамаъ бўйи кўринмай, бўйидан қоч.
Мазкур байтда ҳазрат Сўфи Оллоҳёр бу маънони айтмоқчилар: «Ҳамиша қаноат хазинасига кўз тикиб юргин. Тўқликда ҳам, очликда ҳам қаноатли бўл. Ғафлатда бўлма, кўзинг оч. Тамаънинг қиёфаси кўринмасдан олдин, унинг исини билгачоқ, ундан қоч.
Шарафли ҳадис: «Кимнинг Аллоҳдан савоб келишига қаноати бўлса, ўзига етаётган азиятни сезмас». Қаноат қилган кимса ҳамма нарсадан озод бўлади. Таажжубки, дунёпарастлар бойликни молдан қидирадилар. Ваҳоланки, у қаноатдадир. Роҳатни эса кўпдан қидирадилар. Аксинча, у оздадир. Ақлли одам фаҳм этмоғи шартки, қаноат унинг бошини юқори кўтаради, олий мақомга етказади, иззат ва шавкатга эга этади. Аммо тамаъкор одам дунёда хорлик ва ҳақоратдан холи бўлмайди. Қаноатли киши ўзининг ҳар бир сўзи ва ишида халолдирки, шу боис ҳам Суқрот ҳаким: «Ҳою-ҳавасни тарк айлаб, қаноатни ихтиёр этинг», деб васият қилганлар.
Барча хулқлар каби қаноат ҳам мунтазам тарбия орқали камолга етади. Аммо бошқа хулқлар каби бу фазилат ҳам илоҳий тавфиқ билан бўлади. Ҳадиси шариф: «Агар Аллоҳ бир қавмга боқийлик ва тараққиётни ирода қилса, уларга тежамкорлик ва қаноатни беради. Агар Аллоҳ бир қавмни «кесмоқ»ни ирода қилса, уларга хиёнат эшигини очиб қўяди». Бироқ, «Худо қаноатни берганга беради, бермаганга йўқ» деган хулоса билан бу борадаги тарбиянинг ўрни инкор этилмайди. Инкор қилинса эди, қаноатга даъват этувчи оятлар нозил бўлмас, шарафли ҳадислар марҳамат этилмасди, ҳикмат аҳлининг васиятлари ҳам баён этилмасди. Англамоқ керакки, Аллоҳ бирон қавмга марҳамат қилмоқчи бўлса ёки жазо юборишни ихтиёр этса, ўша қавм обдон имтиҳон қилинади, уларга имкониятлар яратилади, уларни тўғри йўлга солиш учун пайғамбарлар берилади. Тарихга қарайлик, Нуҳ алайҳиссалом, Лут алайҳиссалом қавмлари бир зумда жазога ҳукм этилгани йўқ-ку? Қуръони каримда баён этилган бошқа қавмларнинг фалокат жарига мубтало бўлишларидан олдин ҳам Ҳақ йўлига даъватлар қилинган. Шунга кўра, балога учраган қавм (ёки алоҳида бир одам) туғилишиданоқ (ёки туғилмасидан аввал) тақдирига шу кулфат ёзилган эди, деган тўхтамга келиш керак эмас. Тўғри, кулфат ёзилган, бироқ, бу кулфатни четлаб саодатга етиш йўллари ҳам мавжуд эди. Банда (ёки қавм) Раҳмон сўзига эмас, шайтон васвасасига бўйсуниб кулфат йўлини ўзи танлайди. Раҳмон «қаноат қил», деб буюряпти. Унинг амрини бажариш шарт! Лекин шайтон банданинг кўз олдига ўз пардасини тўсиб, ҳақиқатни кўрсатмасликка интилади. «Қаноат қилиб ўзингни қийнаб нима қиласан, ана, Фалончини қара, яйраб яшаяпти, сенинг ундан кам жойинг борми?»- деб васваса қилади. Банда иродасини бошқара олмагач, қаноатдан юз ўгиради ва шунга яраша ажрини олади.
Саодатли эрур моли йўқ гадой,
Борга тоқат қилса, унинг кўнгли бой.
Бир киши ҳазрати шайх Абу Бакр Абу Варроқ Термизийдан (қ.с.) ўгит истади. Унга дедиларки:
- Икки жаҳоннинг шарри (ёмонлиги) мол-дунё кўплигидадир. Хайри (яхшилиги) эса Аллоҳнинг берганига қаноат қилмоқликдадир. Боргил, бу ўгитни тутгил, нажот топгайсан.
Ҳа, нажот – қаноатда ҳамдир. Кимки қаноат қилмаса, етиша олмайдиган нарсасига интилаверса, ўзга киши қўлидаги нарсага очкўзлик билан қарайверса, қувонч олами унга бегона бўлади. Қаноати туфайли хурсандчилик оламида яшовчи кимсанинг ҳеч кимга эҳтиёжи ҳам тушмайди.
Утба ибн Ғазвон дебдиларки:
- Дарахт япроқларидан бошқа озуқамиз йўқ эди. Япроқ еяверганимиздан лаб-лунжларимиз тарс-тарс ёрилар эди. Кунлардан бир кун бир шолча топиб олдим. Уни Саъд ибн Молик иккимиз бўлишиб, кийим қилдик. Бугун эса ҳар биримиз бир ўлканинг ҳокимларимиз. Ўзимизча буюк, Аллоҳ наздида эса кичик бўлиб қолишдан Аллоҳ таолонинг паноҳ беришини тилайман.
Шоир айтмоқчи:
Бир йўқликнинг бир кун тўқлиги бордир,
Бир ғамликнинг бир кун шодлиги бордир.
Қаноат қилган роҳат кўрмаган эмас,
Гадоликнинг бир кун беклиги бордир.
«Дунёда энг яхши лаззат нима?» деган саволга «қаноат лаззатидир», деб жавоб берадиганлар янглишмайдилар. Чинакамига қаноатли бўлиш худбинликни инкор этади, киши ўзи роҳатда яшаши билан бирга, бошқаларнинг ҳам шод яшамоғини истайди ва бу йўлда жон фидо қилмоққа ҳам тайёр бўлади.
Кунлардан бир куни Салмон Форсий (р.а.) уйларига яқин дўстларидан Абу Зарр Ғифорий келдилар. Дастурхон устига бир кўза сув ва бир неча бўлак қотган нон қўйилди. Нонни сувга ботириб еяётган меҳмон «нон жуда мазали экан-у аммо тузи бир оз камроқ туюлди», дедилар. Шунда Салмон Форсий меҳмондан узр сўраб, кўзани олдилар-да, бозорга йўналдилар. Бозор яқин бўлгани сабабли, кўзани тузга алмаштириб, тезда уйларига қайтдилар. Энди сувга бўктирилган нонга туз сепиб едилар. Шунда меҳмон: «Аллоҳга шукр, бизни шунчалар қаноатли қилиб яратибди», дедилар. Бу шукронани эшитиб, мезбон қўшимча қилдилар:
- Тўғри, Аллоҳга шукр қиламиз, лекин қаноатимиз янада кўпроқ бўлганида кўзани тузга алишмаган бўлардик.
Қаноатсиз одам ҳеч маҳал ўзини ўзи идора эта олмайди. Қаноат - етишурлик миқдорига ёки хазинада топилганига ризо бўлмоқлик, демак экан, бу эрлар учун ҳам хотинлар учун ҳам энг гўзал бир сифатдир. Етишур миқдорига ризо бўлмаган кимса ертўла хазинаси бўлса-да, ҳаргиз қаноат қилмас. Шунга кўра, қаноатсизлик - одам боласидаги бир ёмон хасталикдир, дейиш ҳам мумкин. Юқорида айтганимиздек, қаноатсизлик хасталигига мубтало бўлган кимса охиратнинг тўғри йўлидан бир четга чиқиб, кўп вақт адашиб қолади ва турмушнинг турли машаққатларига дучор бўлаверади. Қаноатсиз кишининг талаби кўп ва кўзи очлиги чексиз бўлганидан муродини ҳосил қилиш учун турлича ёлғон сўзлар ила маддоҳлик қилур. Ҳар вақтда ўзидан бечора ҳолли кимсаларни кўриб турадиган ва бу юқори ҳолидан яна бечора ҳолга тушуви мумкин эканини кўнглига келтирадиган одам боласининг борига қаноат этуви шубҳасидир.
Масалким: бир қаноатсиз сайёд (овчи) тулкини кўриб қолди-ю унинг юнгига ҳаваси келди. Жониворни тутиб, терисини шилиб, қиммат баҳога сотишни орзу қилди ва унинг инини излаб топди. Инга яқин ерда чуқур қазиб, устини хашак билан беркитиб, тепасига бир бўлак гўшт ҳам ташлаб қўйди. Тулки инидан чиқиб гўштни кўрди. Чоҳга яқинлашди-ю аммо гўштга чанг солишга шошилмади.
- Бу гўшт димоғимни хушбўй қилса ҳам, лекин ундан бало иси келиб турибди. Донишмандлар хавф-хатарли ишни қилмайдилар, оқиллар фитнага сабаб бўладиган ишга киришмайдилар. Бу хашак устига бекорга гўшт қўйилмагандир, ҳар ҳолда шу гўштдан умид узганим афзал.
Тулки шу қарорга келиб, чоҳни четлаб ўтиб кетди.
Шамол гўшт исини шу атрофда юрган оч йўлбарс димоғига етказди. Йўлбарс гўштни тездагина, адашмай топди, ўйлаб ҳам ўтирмай ҳашак устига оёқ қўйди-ю чоҳга қулади. Сайёд шовқинни эшитиб «чоҳга тулки тушди», деган гумон билан югуриб келди-ю пастга қарашга ҳам қаноат қилмай ўзини чуқурга ташлади.
Ким қайси фазилати туфайли омон қолди-ю ким қайси иллати туфайли халок бўлди?
Қадим замонда Кобул шаҳрида истиқомат қилувчи икки қаноатсиз одам маишатларини яхшироқ ўтказиш иложини тополмай Султон Маҳмуддан нажот истаб, Ғазна шаҳрига қараб юрдилар. Йўлда бир киши уларга ҳамроҳ бўлди. Бу икки қаноатсиз бошкентга не мақсад ила бораётганларини айтиб, янги ҳамроҳнинг ҳам сафардан муддаосини билмоқ истадилар.
- Мен дурадгорман, ҳалол касбим билан топганимга қаноат қилиб яшайман, - деди янги ҳамроҳ. - Ҳеч кимдан бирор нарса тама қилмайман. Ҳатто султоннинг ҳам инъом-эҳсони менга керак эмас. Мақсадим - Ғазна шаҳрини бир томоша қилиб келиш халос.
Ғазнага етиб келишгач, икки қаноатсиз киши султон қароргоҳига йўл олди. Дурадгор эса бормади. Қаноатсиз кишилар султон ҳузурига кириб, муддаоларини изҳор қилиб бўлишгач, қаноатли дурадгорнинг бу зиёратга келишдан бош тортганини ҳам айтиб ўтдилар. Бундан ажабланган султон Ғазнавий одам юбортириб, дурадгорни олиб келтирди. Қаноатсизлардан бири султондан бир халта олтин сўради, иккинчиси эса ҳали уйланмай юрганини, султоннинг саройдаги бирон чўри қизга уйлантириб қўйишидан умидвор эканини билдирди. Султон буларнинг тилакларини қабул этиб, қаноатли дурадгордан сўради:
- Узоқ йўл босиб Ғазнага келганинг ҳолда мени зиёрат қилишни нима учун истамадинг?
- Бу шаҳарнинг гўзаллиги ҳақида кўп ҳикоялар эшитиб эдим. Мақсадим - шу гўзалликларни ўз кўзим билан кўриш. Мен ҳалол касбим билан кун кечиришни истайман. Бировдан бир бурда нон умид қилиб яшаб, номус-оримнинг ва обрўйимнинг барбод бўлишини хоҳламайман. Шу боис менга сизнинг инъомингиз керак эмас. Ҳузурингизга ошиқмаганимнинг боиси фақат шудир.
Султон турли инъомларни таклиф қилса-да, қаноатли инсон буларнинг ҳеч бирини қабул этмади. Қаноатсизларнинг бирига халта тўла олтин берилиб, иккинчиси чўрига никоҳлангач, уйларига қайтишга изн сўрадидар. Рухсат теккач, йўлга тушдилар. Султон учинчи кишининг қаноатини кибр ва нодонлик ўрнида қабул қилиб, ғоят ғазабланди-да:
- Халтаси ва чўриси бўлмаган кишини ўлдириб, калласини менга келтир, - деб буюриб, жаллодни уларнинг изидан жўнатди.
Юра-юра чарчаган қаноатсизлардан бири олтин тўла халтани дурадгорга бериб, бир оз кўтариб боришни илтимос қилган онда жаллод уларга етиб келди. Султоннинг «халтаси йўқ одамнинг калласини ол», деган амрига амал қилиб қаноатсизни ўлдирди. Султон жаллод олиб келган каллани кўриб: «Янглиш ўлдирибсан, энди бориб чўриси йўқ одамнинг бошини уз», деб буюрди. Жаллод уларга етиб келганда қаноатсиз киши зарурат юзасидан нарироқ кетиб, хотинига қараб туришни дурадгордан илтимос қилган эди. Жаллод уни нарида, ёлғиз ўзини кўриб, чўриси йўқ одам, деб гумон қилди ва султон амрини бажарди. Султон Ғазнавий у келтирган бошни кўриб яна дакки берди-да: «Халтаси ва чўриси бор одамни тириклайин олиб кел», деб буюрди. Қаноатли киши саройга келтирилгач, султон ундан «Ҳамроҳларингга нима бўлди?» деб сўради.
- Сиз кимга олтин ва чўри инъом этган бўлсангиз, уларнинг жонларини ҳам ўзингиз олдингиз, - деди дурадгор. - Мен сиздан ҳеч нима олмаганим учун саломат қолдим.
Султон унинг бу сўзидан таъсирланиб: «Мендан бирор нарсани тила!» деб илтимос қилди.
- Хўп, бу сафар сиздан уч нарсани сўрайман, - деди қаноатли киши. - Аввало халтадаги олтинларга янада кўпроқ олтин қўшиб, ўлдирилган икки ҳамроҳимнинг оилаларига юбортиринг, уларни рози қилинг. Хонадонлари аҳлидан гуноҳингизни кечиришларини сўранг. Кейин: ғазабланиб ва иғвогарларнинг сўзига кириб, ҳеч кимни ўлдиришга буюрманг, адолатли раҳбар бўлинг. Учинчиси: мен сиздан ўзим учун ҳеч нима тиламайман. Агар ижозат этсангиз, оиламни Ғазнага кўчириб келтириб, шу ерда ўз ҳалол касбим билан машғул бўлай.
Султон Маҳмуд Ғазнавий унинг тилакларини қабул қилгач, бундай деди:
- Менинг ҳам сендан уч тилагим бор: биринчиси – хатоларимни кечир. Иккинчиси – ишларимда менга маслаҳат бериб тур. Учинчиси – ҳар жума оқшомида ҳузуримга келиб, суҳбатингдан баҳраманд этасан.
Ҳикоятнинг хотимаси ўлароқ байт:
Гар қаноат бирла бўлсанг барқарор,
Бўлмагайсан дунёда ҳеч хору зор.
Қаноат ҳақида сўз кетар экан бу шарафли ҳадисни четлаб ўтолмаймиз: «Мўъмин киши бир ичаги тўлгунча ейди, кофир етти ичаги тўлгунча ейди». Кўп овқат ейиши билан шуҳрат қозонган бир киши мазкур ҳадиснинг айтилишига сабаб бўлган, деб ривоят қиладилар. Вақти келиб, иймон келтиргач, оз таомга қаноат қилувчилардан бўлган экан. Уламо аҳлидан ал-Бурсавий шарҳлари ёрдамида бу ҳадис маъносини англашга уриниб кўрамиз:
Мўъмин кишининг сифатларидан бири – унинг қаноаткорлиги ва оз емак билан тўйиши барчага маълум фазилат. Мусулмон фарзанди овқат ейишни «Бисмиллоҳ» билан – Аллоҳ таолонинг исмини айтиш билан бошлайди. Иймон соҳиблари меъдаларини тўлдирмайдилар, кўп ейишга ҳирс қўймайдилар. Фақатгина тоат ибодатларини бажаришга қувват оладиган даражада овқатланадилар холос. Турфа хил емишларга ва шарбатларга илтифот этмайдилар. Зотан, мўъмин кишига ярашадиган иш ҳам шудир. Кофир эса, ҳирсининг шиддатидан еб тўймайди, тўйса-да, қўймайди. Чунки у нафсига банди. Мункир шаҳватининг асири бўлгани сабабли қанча емасин, барибир тўймайди.
Ҳадисдаги кўпликни билдирувчи «етти» сони орқали тамаъкорлик, табъи бад, ҳасад, нафс, овқатдан лаззатланиш ва семириш, кўз, оғиз ҳирслари ва шаҳват каби ҳайвоний иллатлар назарда тутилганлиги эҳтимолдир.
Кўп таом емоқлик инсонга хос фазилат эмас, балки ҳайвонга хос хусусият саналади. Саййидимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оз овқат билан қаноатланиш борасида бундай ўгит берганлар: «Меъданинг учдан бирини овқат, учдан бирини сув, қолган учдан бирини ҳаво учун (нафас олмоқнинг енгиллашиши учун) бўш қолдир».
Тўғри, мусулмонлардан баъзан кўп ейдиганлари учраб тургани каби, кофирлар орасида ҳам оз ейишга уринувчилар топилади. Аммо куфр аҳли ҳеч вақт эътиқод учун кам емайдилар. Уларнинг бу уринишлари ё бирон касаллик туфайли ё семириб кетишдан сақланиш, ё гўзаллигини асраш ёки шунчаки башарий миқёсдаги маданий ўлчовларга риоя қилиш учундир. Қалбида иймон ҳаловатини топаман, деган киши эса ҳар бир масалада андозани Қуръон ва Суннатдан олиб, Аллоҳнинг ризоси учун амал қилади.
Ривоят: Ажам подшоҳларидан бири ҳазрати мустафо (с.а.в.) ҳизматларига бир ҳозиқ табиб юборди. Ул табиб араб диёрида кўп муддат яшади, аммо ҳеч ким унинг олдига бориб, муолижа талаб этмади. Охири ул Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурига келиб гина эттиким:
- Мен бандани асҳоб маризалари муолижаси учун юбормиш эрдилар. Бу муддатда ҳеч киши илтифот этиб, менинг қошимға келмадилар ва мен муқаррар хизматни бажо келтира олмадим.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедиларким:
- Бу тоифанинг одати улки, то иштаҳа тамом бўлмасдин бурун таомдин қўлларини тортарлар.
Ҳакими ҳозиқ дедики:
- Сиҳҳат ва тандурустлик сабаби ушбудир.
Шундан сўнг ул ижозат олиб, ўз юртига қайтди.
Имом Шофеъий ҳазратлари айтадиларки: «Ўн олти йилдан бери тўйиб овқатланмадим. Зеро, кўп ейиш баданни оғирлаштиради. Қалбни қорайтиради, заковатни кетказади, уйқуни жалб этади ва кишини ибодатга заиф қилади». Сулаймон Дороний ҳазратлари баёнлари мазкур фикрни давом эттириши мумкин: «Ҳар нарсанинг занги бор. Кўнгил занги кўп ёмондир. Кўп еганга олти бало ёпишади: 1.Ўқиган намозининг таъсирини билмайди. 2.Хотираси сусаяди. 3.Бераҳм бўлади, бинобарин, ўзи тўқ бўлгани сабабли ўзгаларни ҳам тўқ санайди. 4.Ибодатларга дангасалик қилади. 5.Шаҳвати устун келади. 6.Мусулмонлар масжидга бораётганларида у ҳожатга шошилади.
Бу борада кишининг яшашдан мақсади муҳим аҳамиятга эга. Биров яшамоқ учун таом ейди. Бошқа биров эса таом емоқ учунгина яшайди. Бундайларни «қорин бандалари» ҳам дерларки, мўъмин билан кофир орасидаги фарқлардан бири шундадир. Бу бандалар шарафли ҳадисда баён этилганга кўра, «Аллоҳим! Мени Ҳақ билан илҳомлантир! Нафсимнинг ёмонликларидан менга нажот бер!»-деб илтижо қилсалар, инша Аллоҳ, нажот топқисудирлар.
Бир ҳакимдан сўрадиларким: «Ҳар кун не миқдор таом емак керакдир? Ҳаким деди: «Юз танга оғирича емаклик кифоя қилур». Яна сўрадиларким: «Бу миқдор емак баданга қувват бера олурми?» Дедиларким: «Бу миқдор таом есанг, сени кўтарур ва мундин зиёда есанг, сен они кўтарурсан».
Билким, тирик юрмакдурур, луқма емакликдин мурод,
Сан жаҳлу ғафлатдин мунинг аксига қилдинг эътиқод.
(Яъни: овқат емоқдан мурод – тирик юрмоқдир, сен эса овқат емоқ муродида тирик юрибсан.)
Бир подшоҳ фазлу ҳикматда тенги йўқ бир ҳакимнинг довруғини эшитиб, ҳузурига чорлади. Ҳар соҳада саволлар бериб, қониқарли жавоб олди ва «ўзимга вазир қилиб олсам бўлар экан», деган тўхтамга келди. Аммо яна бир бор синашни иҳтиёр этиб, дастурхонга таклиф қилди. Ҳаким қовурилган бир товуқ гўштини зўр иштаҳа билан еб тамом қилмай, иккинчисига қўл узатди. Унинг овқат ейишини кузатиб ўтирган подшоҳ ўйланди:
- Бу одамнинг назари ниҳоятда оч экан. Менинг ҳузуримдаки шу қадар овқат еса, йўғимда мол-мулкимни еб адо этаркан-да...
Ҳакимнинг илми бор эди, аммо нафсини идора қилмагани сабабли вазирликдан маҳрум бўлди.
Шайх Саъдийдан ҳикоят:
Хуросоний икки дарвиш ҳамроҳ бўлуб, саёҳат қилур эрдилар. Бири ожиз (кучсиз) эрди, нединким, икки кечада бир ифтор қилур эрди ва бири қавий (бақувват) эрди. Бир шаҳарда жосуслик туҳматига гирифтор бўлдилар. Икковин бир уйға солиб, эшикни маҳкам этиб, лой билан сувадилар. Икки ҳафтадин сўнгра аларнинг бегуноҳ эркони маълум бўлди. Эшикни очиб кўрдиларким, ул бири қавий эрди, ўлубдур ва ул бириким ожиз эрди, саломат ўлтурубдурур. Они кўруб ҳамма таажжуб қилдилар. Агар мунинг акси воқеъ бўлса таажжуб бўлур эрди, нединким, ул бири кўб таомсизликка тоқат қила олмади, ўлди ва бу бири таомни озига одат этмиш эрди, ложарам сабр қилиб, ҳалокат офатидин эмин бўлди. Андоғким, дебдурлар (қитъа):
Кишиға кам емак бўлса табиат,
Қотиғлиғ келса бўлғай анга осон.
Ва гар ул кўб ебон танпарвар ўлса,
Туза олмой қотиғлиғға берур жон.
Яна бир ҳикоят:
Ҳукамонинг бири ўз ўғлиға кўп емакдин наҳй этиб, дедиким: «Кўб емак одамни ранжур қилур». Ўғли деди: «Эй ота, одамни очлик ўлдурур, эшитмадингмуки, зарифлар дебдурлар: «Очлик ранжин чеккондин, тўқлик билан ўлган яхшидур». Отаси деди: «Ўлчоқ билан егилким, «калу вашрабу ва ло тусрифу» (енгиз ва ичингиз, исроф этмангиз) дебдурлар». Маснавий:
Ема кўб, ўйлаким бўғзингға етгай,
Егил оз, ўйлаким жон роҳат этгай.
Қоринни ул сифат тўйдурма ҳар тун,
Ки келтургай мусибат топмоғон кун.
Ўғилнинг отага дегани тилимиздан тушмай юрадиган бир мақолни эслатди: «Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин». Ажабки, ош ўлдирмоқ учун эмас, яшамоқ учун хизмат этмоғи керак. Кимки, ошдан бўкиб ўладиган бўлса, айб таомда эмасдир. Исломнинг улуғлиги шундаки, инсон зоти нимадан қайтарилган бўлса, бугунги табобат бунинг илмий исботини топиб турибди. Тиб олимлари рўзанинг фойдасини ҳам тан олдилар, ҳатто оч қолдириб даволаш усуллари кашф этилди. Табобат аҳли кечки пайт кўп таом емасликни тинмай таъкидлайди. Масалан, телевизорда врач шундай маслаҳат беряпти. Биз эса унинг маслаҳатини жимгина эшитиб, ош ошалайверамиз. «Гаплари тўғри», деб тан оламиз-у бироқ, таомдан қўлимизни тортмаймиз.
Асалари нилуфар гулининг рангини кўриб, дарҳол унга қўнади. Ширасини сўриб, ҳидидан завқлана бошлайди. Бу ишга шунчалик берилиб кетади-ки, учиб кетиши лозимлигини ҳам унутиб қўяди. Бу орада нилуфар аста-секин япроқларини юмади ва асалари улар ичида қолиб, ҳалок бўлади. Ўз қисматига рози бўлмай, ортиқча нарсалар талаб қилувчи қаноатсиз одам, гўзал чаманларда ранг-баранг чечакларнинг хушбўй ҳидига ва яшил япроқли дарахтларнинг меваларига қаноат қилмай, филнинг қулоғига кирган ва қулоқ супрасининг бир ҳаракати билан ҳалок бўлган пашшага ўхшайди.
Шайх Саъдийда ўқиймиз: «Бир сойил Ҳалаб баззозлари сафиға келуб, айтур эрдиким: «Эй давлатлиғ бойлар, агар сизларда инсоф ва бизларда қаноат бўлса эрди, савол расми жаҳондин кўтарилур эрди».
Эй қаноат, тавонгар (бадавлат) айла мани,
Ки сенингдек азизи неъмат йўқ.
Суҳбатимизни сабр ҳақидаги фикрлар билан бошлаб эдик, мавзуни яна шу йўсинда давом эттирсак. Сабрга берилган гўзал таърифни яна ҳазрат Навоийдан ўқиймиз:
«...Сабр – аччиқ, аммо фойда берувчи; у – қаттиқ, аммо зиён заҳматни даф этувчи. Қайси бахтсиз сабр этагини тутган бўлса, у охири муродига етади; қайси бир гирифтор кўнгил сабр тугунини бўшатмаган бўлса, унинг бахт тугуни очилади. Сабр – шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир. Сабр – ўртоқдир, суҳбати зериктирарли, аммо, мақсадга олиб борувчи; сабр – улфатдир, узоқни кўзлаган, аммо, охирда истакка етказувчи. Сабр – уловдир, секин юрадиган, аммо манзилга элтувчидир. Сабр – туядир, оғир қадам, лекин бекатга олиб борувчидир. Сабр –насиҳатгўй, ачитиб гапирадиган, киши табиати ундан озор чекади, лекин амал қилган охирда муродига етади. Сабр – табиб, бадхўр дори, бемор ундан азоб тортади, аммо сўнггида соғликка эришади.
Ишққа мубтало бўлган ошиқлар бу сўзни эшитганда чўчийдилар ва лекин сабр натижасида ёр васлига етишадилар. Ҳажр азобини тортаётган кишилар сабр сўзини эслашдан жирканадилар, лекин охирда сабр туфайли дийдор кўришадилар. Сабрнинг умидкорлик қафасида жон булбулига на хомушлик фойда берар, на куй ва на нола; сабр мажлисида руҳ тўтисига на сукут наф еткурар, на фарёд ва на фиғон.
Сабр саҳросида роҳат қилиш изтироб чекиш билан баравар; сабр даштида дам олиш – югуриш билан баравар. Сабр бор ерда, айрилиқ ўтида куйганларга ўлишдан ғам йўқ; иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ.
Сабр – ҳажр шомидек қоронғи ва узун, аммо унинг охири висол тонги; сабр – ҳаж йўлидек қийин ва йироқ, аммо ниҳояти – иқбол каъбаси.
Балога гирифтор бўлиб, нобуд бўлиш хавфи остида қолган одамнинг ҳаёти сабр туфайли озод; ҳар бир ноумид шахснинг тушкун руҳи сабр туфайли тетик, обод...
Ҳикоят:
Нақл қилишларича, бир бечора-нотавоннинг кўнглига бир гулюзнинг ишқи тушди. У туҳмат туфайли зиндонга гирифтор бўлди. Туҳматни бўйнига қўйиш учун унга берилмаган азоб қолмади, аммо у маҳфий сирини тилига олмади. Оқибат – бир куни миршаблар боришиб, уни зиндондан тортиб чиқардилар ва бош-оёғидан тортиб, бир қучоқ ёғочни унинг баданига уриб, ушатдилар. Калтак зарбидан унинг бутун вужуди жароҳат бўлди; ҳамма аъзосининг териси шилинди. Унинг аъзойи бадани шундай дабдала қилинган эди-ки, оққан қон у майдонни лолазор қилди. Шунда ҳам, у бечора мутлақо дам урмади ва иқрор сўзини тилига келтирмади. Ниҳоят, золимлар уни азоблашдан чарчадилар ва ўртадан судраб чиқариб, ноиложликлари туфайли қўйиб юбордиларким, инсофан тўғри иш қилдилар.
Азоб берувчилар йироқлашишгач, жафокаш одам оғзидан майдаланган танга парчаларини чиқарди. Тўпланган одамлар бу ҳол сабабини сўрадилар
Жавобидан маълум бўлди-ки, золимлар калтаклаётган пайтида севгилиси келган ва бир бурчакда унинг аянчли ҳолига боқиб турган экан. Унга жабр-зулм қилинаётганида, тангани оғзига солиб, ҳар зарбда икки тиши орасига олиб, қаттиқ тишлар ва тишининг зарби билан у пулни майда-майда қилиб ушатар экан. Ошиқ ўз маъшуқаси қаршисида сабр-чидам кўрсатиб, унинг кузатиб турганини сезар экан.
Бу манзарани ўз кўзлари билан кўрган маъшуқаси меҳр-шафқат билан қошига келиб, юмшоқ сўзлар билан яраларига малҳам қўйди ва ширин тил билан мажруҳ танига жон бағишлади. Бу ошиқ йигит тасаввур қилиб бўлмас давлатга муяссар бўлди ва хаёл қилиб етмас саодатга эришди. Бу бахт – барча қийинчиликларни сабр-чидам билан енгиш намунасидир. Бунга азоб-уқубатга бардош кўрсатиш орқали эришилади.
Кимки, бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади,
Бахт анинг нишини нўшу хорини гул айлади».
Хулосада дейилмоқчики, кимки бирор қийинчиликда сабру чидам кўрсатса, бахт унинг заҳарини асалга, тиканини эса нафис гулга айлантиради.
Мазкур баённинг икки нуқтасига тасаввуф адабиёти нуқтаи назардан қараш маъқул кўринади: ишққа мубтало бўлган ошиқларнинг чўчишлари тилга олинган сатрда Аллоҳ ишқидагилар назарда тутилган. Улар сабрдан чўчишмайди, балки, сабрларининг етарли даражага ета олмаслигидан ҳавотирда бўлишади. Чунки сабр уларга ёр васли, яъни, Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтини беради, яъни жаннат эшикларини очади. Ҳикоятдаги йигит сабри ҳам Аллоҳ ишқидаги ошиқнинг рамзий қиёфасидир. Барчамизнинг ҳолимиз Аллоҳга аёндир, У сабрли бандалари биландир. Сабрлининг мажруҳ танларига жон бағишлайди. Бу ҳикоятни ҳар ўқиганимда ҳазрат Билолнинг сабрлари кўз олдимга келаверади. Сиз ҳам эсланг: Ҳазрат Билол Ҳабаший Умайя ибн Ҳалафга қул эканларида хожалари исломдан воз кечишларини талаб этиб, тоқат қилиб бўлмас даражадаги азобларни берди. Аммо муҳтарам зот ҳар бир қийноққа жавобан фақат «Аллоҳу акбар!» калимаси билан жавоб қайтардилар. Оқибатда Аллоҳнинг ва Аллоҳ расулининг (с.а.в.) муҳаббатларига сазовор бўлдилар.
Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ул зотнинг кўйлакларини ёлғондан қонга бўяб, «укамизни бўри еб кетди», деб оталарини алдадилар ва «албатта бизлар рост сўзловчилармиз», деб онт ичдилар. Шунда Яъқуб алайҳиссалом уларга дедилар-ки: «Йўқ, сизларга ҳавойи нафсингиз бирон ёмон ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди менинг ишим - чиройли сабр қилмоқдир»(Юсуф сураси). Шу чиройли сабрнинг мукофоти ўлароқ ўғиллари бағирларига қайтдилар.
Аллоҳ таоло Ўз сифатлари билан сифатланган бандаларини севади. У сабрлидир. Абу Мусо ал-Ашъарийдан (р.а.) ривоятким, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: «Одамлардан эшитадиган озорга Аллоҳ таолодан кўра чидамлироғи йўқ. Одамлар Аллоҳ таолонинг боласи бор, деб ғийбат қиладилар. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло уларга сиҳат-саломатликни ва ризқларини бераверади».
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қаноатларидан огоҳ бўлиб эдик. Энди сабрлари билан танишайлик: Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоятким, «Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар вақтдагидек, ғаниматларни тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши: «Валлоҳи биллаҳи, бу тақсим Аллоҳ ризоси учун қилинган тақсим эмас», деди. Мен бу гапни албатта Пайғамбар алайҳиссаломга етказаман, деб ҳузурларига борганимда, саҳобалар билан ўтирган эканлар. Ансорийнинг гапини секингина қулоқларига айтдим. Ул зотга хабар оғир тушди, ғазабландилар. Ранглари ҳам ўзгариб кетди. Ҳатто мен «бу хабарни етказмасам бўлар экан», деб афсус қилдим. Шундан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳазрат Мусо алайҳиссалом бундан ҳам кўпроқ озор чеккан бўлсалар ҳам сабр этган эдилар», дедилар.
Аллоҳ таоло Ўз расулига хитобан марҳамат қилади: «Маълумки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Сўнг, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунча ёлғончи қилинганларига ва чеккан азиятларига сабр қилганлар» (Анъом сураси). «Бас, Сиз ҳам ўтган пайғамбарлар орасидаги улул-азм – сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек мушрикларнинг озор-азиятларига сабр қилинг ва уларга тушадиган азобни шоштирманг» (Аҳқоф сураси).
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини қурбон қилишга ҳозирланар эканлар, ҳазрати Исмоил алайҳиссалом дедилар-ки:
- Эй отажон! Сизга амр қилинган нарсани бажаринг. Инша Аллоҳ, менинг сабр қилувчилардан эканлигимни кўрасиз. Пичоқни яхши қайранг, ҳамон бўғзимни кессинки, жон бериш қулай бўлсин. Пичоқни тортаётганда юзимга қараманг-ки оталик шафқати билан ишни чўзиб юборишингиз мумкин.
Шу воқеада барчаларимизга ибрат бўларли ҳам ота, ҳам фарзандга хос сабрнинг улуғ намунасини кўрамиз.
Тарихдан аёнки, пайғамбарлар ва уларнинг йўлидан юрганлар кўп изтироблар чеккан эдилар. Бутпарастларга қарши тавҳид байроғини кўтарган Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланган эдилар. Юсуф алайҳиссалом ўз оға-иниларининг хасадлари туфайли ватанидан айро тушган, унда туҳматга учраб, бир муддат зиндонда ётишга мажбур бўлган эдилар. Нодон бир қавм қаршисида бани Исроил Мусони (алайҳиссалом) ёлғиз ташлаб қўйган, «Эй Мусо! Сен Раббинг билан бирга уларга қарши жанг қил, кейин биз сенинг орқангдан борамиз», деган эдилар. Мазлум пайғамбар Закариё алайҳиссалом ақлсиз бани Исроил қавми томонидан арра билан иккига бўлинганлар, ул зотнинг ўғиллари Яҳёни (алайҳиссалом) хунхўрлар ўлдирган эдилар. Ийсо алайҳиссалом ўғрилар билан маҳкама қилинган, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эса Тоифда бадбахтлар тош отган эдилар.
Бу муборак зотлар бошларига ёғилган зулмларга «Аллоҳнинг «Пайғамбарларни ўзим қўллагайман» деган Сўзларини ўзгартира олгувчи бирон кимса йўқдир»(Анъом сураси), деган аҳдига мувофиқ илоҳий тарафдан берилган сабр билан бардош берганлар ва шу тарзда олий мақомларга эришганлар.
Инсоният тарихидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Имом Аъзам, Имом Ҳанбалларнинг (р.а.) жазога тортилишлари ҳам шулар жумласидандир.
Ҳазрати шайх Абу Ҳозими Маданий (қ.с.) қассобнинг дўкони ёнидан ўтар эдилар. Қассоб: «Гўшт олинг», деб таклиф қилди. Ҳазрат «пулим йўқ», дедилар. Қассоб: «Ҳозир гўштни олиб кетаверинг, пулини кейин берарсиз, сабр қиламан», деб илтифот этди. Шунда ҳазрат шайх дедилар-ки: «Менинг нафсимга сабр қилмоқлигим сенинг мендан пул кутиб сабр қилмоқлигингдан яхшироқдир».
Улуғлар сабридан баён этувчи ҳикоятларни ўқиганимда марҳум шоир дўстимиз, ҳожи Садриддин Салим Бухорийнинг бир байтларини ёдга оламан:
Авлиёлик – сабрдир,
Сабр нафсга жабрдир.
Ҳазрати шайх Сирри Сақоти (қ.с.) сабрдан сўзлаётган эдилар. Чаён ул зотнинг бир неча жойларидан чақди. Шайх чаённи ўлдирмадилар. «Нечун ўлдирмадингиз?» – деб сўрашди. «Сабрдан сўзлаб турар эканман, Аллоҳдан уялиб, чаённи ўлдирмадим. Нединким, сабрдан гапира туриб, сабр қилмаган бўлардим», деб жавоб қилдилар.
Ҳикоят, ҳазрати шайх Юсуф Бин Ҳусайн Розий (қ.с.) Исми Аъзамни ўрганмоқ учун Мисрга – Зуннун Мисрий ҳазратлари ҳузурларига бордилар. Салом бердилар. Зуннун ҳазратлари алик олдилар. Сўнг Юсуф ҳазратлари бир гўшада ўлтирдилар. Бир йилдан сўнг Зуннун ҳазратлари сўрадилар: «Бу йигит нечук йигитдир?» «Рай шаҳридан», деб жавоб бердилар. Ҳазрат Юсуф яна бир йил кутиб, ибодат билан машғул бўлдилар. Бир йил ўтиб Зуннун ҳазратлари сўрадилар: «Бу йигит нечун келмиш?» «Шайхнинг зиёратига келган», деб жавоб бердилар. Орадан яна бир йил ўтди. Зуннун ҳазратлари яна ҳеч жавоб бермадилар. Яна бир йилдан сўнг сўраган эдилар, ҳазрати Юсуф «Ҳожатим - Исми Аъзамдир», дедилар. Зуннун ҳазратлари бир чаноқнинг (сопол товоқча) оғзини ёпиб боғлагач, Юсуф ҳазратларининг қўлларига бердилар-да:
- Нил дарёсидан ўтгил, бу чаноқни шайхинг ҳазратларига бергил, ул сенга не десалар, шуни тутгил, - дедилар.
Юсуф ҳазратлари чаноқни олиб, Нил дарёсининг соҳилига бордилар. Чаноқ ичида бир нарса қимирлади. «Ажабо, нима экан?» деб қизиқиб, чаноқ оғзини очдилар. Бир сичқон бор экан, чиқди-ю қочди. Юсуф ҳазратлари бу муаммони англамай, ҳайратда қолдилар. Дарёдан ўтдилар-да, ҳазрат шайхлари даргоҳига салом бериб бордилар. Бўш чаноқни ул зотнинг олдиларига қўйдилар. Ҳазрати шайх буни кўриб, табассум қилдилар ва дедилар-ки:
- Сен Зуннундан Исми Аъзамни истадинг, ул зот сенинг сабрсизлигингни кўрдилар. Сичқонни сенга бердилар. Сен бир сичқонни сақлай олмадинг. Исми Аъзамни нечук сақлай билурсан?
Юсуф ҳазратлари ғоят хижил бўлиб, Зуннун ҳазратларининг ҳузурларига қайтиб келдилар. Ул ҳазрат айтдилар-ки:
- Кеча тунда Ҳақ таолога муножот қилиб, Исми Аъзамни ўргатайин, деб етти марта изн сўрадим. «Ҳали вақт келмади», деб билдирилди. Ўз вилоятингга боргил, руҳсат бўлгунига қадар яна сабр қил.
Яна бир ҳикоят: Ҳазрати шайх Усмон Хайрий ғоят мутавозиъ, салими нафс, сабр-чидамли эдилар. Бир мункир ул зотни таклиф этиб, уйига қадар олиб борди. Эшигига етгач: «Томоғинг учун бир итдек менга эргашиб келдинг, уйимда ҳеч вақо йўқ», деб ҳақорат қила-қила ҳайдади. Ул зот ҳақоратга жавоб бермай, изларига қайта бошладилар. Бир неча қадам босган эдилар, мункир: «Орқангга қайт, уйимда таом бор экан», деди. Усмон ҳазратлари қайтдилар. Мункир уйга олиб кириш ўрнига бу гал ҳам ҳақорат қила бошлади:
- Итни ҳайдаса кетади, илло сен кетмайсан, уйимда ҳеч вақо йўқ!
Усмон Хайрий ҳазратлари индамай орқаларига бурилдилар. Мункир яна чақирди. Яна қайтдилар. Нақлдирки, шу зайлда ўттиз марта чақириб, ўттиз марта ҳайдади. Ҳазрат яна инжимадилар ва кўнгиллари малул бўлмади. Ўттиз биринчи мартасида мункир ул зотнинг сабр ва тавозуъларини, ҳалим ва салимликларини кўргач:
- Султоним, густоҳлик қилдим. Сизни неча таклиф этиб, ҳайдадим, ҳеч ўзгармадингиз. Улуғлигингизни билдим, - деди-да шайх ҳазратларининг оёқларига йиқилди. Узр тилади, йиғлади. Ҳазрати шайҳ (қ.с.) шунда тилга кириб, дедилар-ки:
- Алдандинг, алдандинг! Менинг бу қилганимни бир ит ҳам қилар эди. Эранлар эса янада ортиқ бўлгайлар!
Мункир ул зотнинг қўлларини тутиб, тавба қилди ва мурид бўлди.
Ҳикоятдан мурод: кишидаги сабр ҳатто мункирни тавбага олиб келади.
Рус адиби Лев Толстойнинг бир китобида шу воқеани ёдга солувчи ҳикмат ўқиган эдим. Ёзилишича, икки роҳиб – Францис ва Лев қиш кунларининг бирида Перузадан Порционкюл шаҳрига қараб борар эдилар. Ҳаво ғоят совуқ эди, юпун кийимли роҳиблар аёздан титрардилар. Йўл юрар эканлар, Францис олдинроқда бораётган Левни чақирди:
- Биродарим Лев, барча биродарларимизнинг илоҳий ҳаётда ер юзи аҳлига ибрат бўлишларини Парвардигор насиб этсин. Аммо, сен ёзиб қўйгинки, комил қувонч шунинг ўзида эмас.
Яна бир оз юришгач, Францис ҳамроҳини чақирди:
- Биродарларимиз беморларни даволайдилар, адашганларнинг қалбларидан иблисни ҳайдаб чиқарадилар, ожизларнинг кўзларига нур берадилар, ҳатто тўрт кунлик ўликни тирилтириб ҳам юборадилар. Аммо, биродарим Лев, сен ёзиб қўйгин-ки, чинакам комил қувонч фақат бунинг ўзида эмас.
Яна бир оз юришгач, Францис ҳамроҳини ёнига такрор чорлади:
- Биродарларимиз барча тилларни, барча илмларни, барча ёзувларни билишлари мумкин, келажакни башорат қилишлари билан иймон ва руҳ сирларини ҳам эгаллашлари эҳтимол. Аммо, биродарим Лев, ёзиб қўйгин-ки, чинакам комил қувонч фақат шундан иборат эмас.
Совуқда қақшаб бир оз юришгач, Францис биродарини яна чақирди:
- Агар бизлар фаришталар тилида сўзлашни ўрганиб олсак ҳам, юлдузлар ҳаракати сирларини эгалласак ҳам, дунёнинг барча хазиналари биз учун очилса ҳам, агар биз қушларнинг, балиқларнинг, ҳуллас барча жониворларнинг, яна дарахтлару ҳатто сувнинг ҳаёти сирларини билсак ҳам, аммо биродарим Лев, ёзиб қўйгин-ки, чинакам комил қувонч шу билан чекланмайди.
Аёзда дилдираган роҳиблар йўлда кетавердилар. Францис биродарини яна чақирди:
- Агар биз даъватчиларинг энг яхшилари мақомига етишсак ҳам, барча кофирларни Ийсо йўлига ўтишларига сабабчи бўлсак ҳам, биродарим Лев, ёзиб қўйгин-ки, бу ҳам чинакам комил қувонч эмасдир.
Шунда Лев устозидан сўради:
- У ҳолда комил қувонч нимадан иборат?
Францис жавоб берди:
- Ҳадемай кўзлаган манзилимизга етамиз. Аёздан ва очликдан титраган ҳолда дарвозани тақиллатамиз. Ана шунда дарвозабон эшикни қия очади-да, ичкарига қўйиш ҳақидаги илтимосимизга жавобан, бизнинг жиққа ҳўл ва лой уст-бошимизга қарайди-ю: «Ҳой дайдилар, дунё бўйлаб дайдиганларинг дайдиган, тиланганларинг тиланган, ҳеч тўясанларми ўзларинг?! Йўқолларинг!» деб бизларни ҳайдайди. Ана шунда биз ундан ранжимасак, дарвозабон бизларни ўз-ўзича ҳайдагани йўқ, Парвардигор шуни истаган эди ва шундай бўлди, деган хулосага келсак, эрталабга қадар ҳам очликдан нолимай, совуққа бардош бериб қор устида ётсак-да, дарвозабондан шикоят қилмасак, билгилки, комил қувонч айнан шундадир.
Ҳикоятдан мурод, аҳли китоблардан бўлмиш роҳиб айтмоқчики, шунча азобларга чидасак, сабр қилсак Парвардигорга яқинлашамиз. Яратганга яқинлашишдан ҳам кўра зўрроқ қувонч бўлиши мумкинми?
Соҳиби диллардан бири бир қувватли ва зўр азмой кишини кўрдиким, ниҳоятсиз ғазабнок бўлиб, бир катта тош олиб биродарини урмоққа қасд қилди. Ул азиз сўради: «не сабабдин бул одам ғазабдадир?» Жавоб бердиларким: «Фалон киши бир сўз айтиб унга дашном бериб эди, шул сўзи ёқмади».
Соҳиби дил деди-ки:
- Ажаб ҳолдирки, бу одам оғир тошни кўтармакка қувват топибди, бир сўзни кўтармакка эса тоқати йўқми экан?
Аллоҳ таоло Ўзининг китобида бир эмас, бир неча марта бандаларини сабрга даъват этади, балолардан қутулиб қолишнинг йўлларидан бири айнан сабр йўли эканини қайта-қайта таъкид этади:
«Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг, сабр ила ғолиб келинг» (Оли имрон). «Ва сабр қил. Бас, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмайди» (Ҳуд). «Ва ўзингга етган мусибатга сабр қил» (Луқмон). «Аллоҳга ва унинг расулига итоат этинг. Ўзаро низо қилманг. У ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир» (Анфол). «Албатта, биз сабр этганларни қилиб юрган амалларнинг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлаймиз» (Наҳл).
Ҳа, Аллоҳ амрига итоат этувчи бандаларини сийлайди. Унинг мукофоти тайин. Бизнинг сабримиз-чи? Сабр азоби ҳақ бўлса-да, унинг ғоят ширин неъмат экани неча асрлардан бери такрор айтилади. «Сабр қилувчилар билан биргаман», деган ваъдадан тотлироқ яна нима бўлиши мумкин? «Сабр қилувчилар билан биргаман», дея марҳамат қилиняпти, сабрсизлигимиз билан Аллоҳдан узоқлашяпмиз-ку? Буни фаҳм этамизми?
Суҳбатимиз аввалида мусибат ва сабр хусусида гап бошлаган эдик. Энди шу мавзуни яна давом эттирсак:
Ҳадиским, «Чинакам сабр-тоқатли, деб мусулмон кишининг мусибат юз бергандаги чидамлилигига айтилар», «Иймоннинг афзали сабрли ва кенг қалбли бўлишдир. Сабрлилик мусибатнинг биринчи дақиқаларида билинади». «Хоҳ молига, хоҳ жонига кулфат етган одам сабр этиб, бировга шикоят қилмаса, уни кечириб юбориш Аллоҳга ҳақ бўлиб қолади».
Қудсий ҳадиским: «Эй бандаларим! Мен бандаларимдан биронтасига баданига ёки боласига ёки мол-дунёсига мусибат юборсам, у менинг мусибатимни сабр билан кутиб олса, мен қиёмат кунида унинг номига тарози тикишдан ёки унинг амал дафтарини очишдан ҳаё қиламан (чунки унинг амаллари тарозига сиғмайди, мен ўз фазли карамим билан амал дафтаридаги нуқсонларни беркитаман) ва азоб бермайман”.
Валийлар ҳаётига ибрат кўзлари билан қарасак, Ҳақ таолонинг балосига ва қазосига ризо бўлмоқлик уларнинг барча мақомларининг юқори мартабаси эканига гувоҳ бўламиз. Ҳақ таолонинг берган неъматларига шукр қилмоқ ва балоларига сабр қилмоқ – мана шу икки сифат валийлар ва улуғларнинг мақомидир.
Агар бошида юрса осиё санг,
Ризо жўйанда ҳаргиз бўлмағай танг.
Бу байтда ҳазрати Сўфи Оллоҳёр демоқчиларки, агар шундай кишилар бошида тегирмон тоши айланса ҳам, асло сиқилмаслар. Яъни Аллоҳнинг ризолигини истаган кимса бошига катта балолар тушса ҳам парво қилмай, Аллоҳнинг ризолигини исташда қатъий тураверади.
Агар ҳар кунда ичса заҳр аёғин,
Суюкли бандаси четмас қабоғин.
Дейилмоқчики: сабр аҳли ҳар кунда заҳар жомидан ичиб турсалар-да, яъни танларига ҳар куни турли-туман заҳматлар етишса ҳам, Аллоҳни севган бу сабрлилар оҳ-воҳ қилиб, қовоқларини солмаслар, фақатгина ризолик талабида бўлурлар.
Агар мағзи дилинг айрилса, ё пўст,
Йиғини йиғ агар чин қулсан, эй дўст.
Дейилмоқчики: эй дўстим, агар сен ўша балою қазолардан юрак мойинг ёки теринг ажраб кетса ҳам сабр қил. Йиғлашни қўй. Аллоҳ таолонинг севган бандаси экансан, шундай қил.
Сўнар ғам тушса ҳам озода эрга,
Ўчар, ўт келса хасдан холи ерга.
Маъноси: озода, яъни сабрли киши бошига балою қазо ғами тушса у йўқ бўлади. Буни хас йўқ ерга тушган ўтнинг сўнишида кўриш мумкин. Хуллас, сабрли киши бошига иш тушса ҳам, чидам ва тўзими билан уни йўқ қилади.
Ҳар бир оят, ҳадис ва ҳикматларни ўқигандан кейин сатрлардан кўз олайлик-да, ўзимизни ўзимиз имтиҳон қилиб қўяйлик. Сабр ҳақидаги даъватлар шунчаки маълумот учун баён қилинмаган. Маълумингизким, шарафли Рамазон ойи барчаларимиз учун сабр ва қаноат бўйича имтиҳон топшириш кунларидир. Йил бўйи сабру қаноатда ўзимизни қанчалар тарбият этганимиз шу ойда намоён бўлади. Афсуски, айрим биродарларимиз бу имтиҳонни субҳдан шомга қадар таом емасликдангина иборатдир, деб ҳисоблайдилар. Рамазон ойида бошқа кунлардагига нисбатан камроқ таом емоқлик тавсия этилганига қарамай, субҳда ошқозонни обдон тўлдирадилар. Ифтор чоғи оғиз очилиши билан бир неча кунлардан бери оч қолган одамдек таомга ташланадилар. Бировнинг қандай таомланиши хусусида баҳо бермоққа каминада ваколат йўқ. Аммо сабрнинг чиройли кўринишлари шу лаҳзаларда намоён бўлишини унутмасликни тавсия қилган бўлардик. Айниқса, чекувчи биродарларимиз сабрсизликлари кишини ҳайратга солади. Ифторликларда кузатамиз: оғиз очилиши билан бир сигарет ва ёққич чўнтакдан чиқарилиб, тайёр турилади. Баъзилар шом намозига азон чақирилаётганда чекиб олишга уринишади. Айримлари эса намоз ўқимай, хуморларини босиш билан банд бўладилар. Киши кўнглини хира қиладиган яна бир ҳолат-ки, таровиҳ намозида, аниқроғи таровиҳ тасбеҳи айтилаётган дамда масжид ҳовлисида чекиб олишади. Энди ўзингиз айтинг: бу қандай ибодат бўлди? Бу қандай сабр бўлди? «Бу қандай тақво бўлди?» деган саволни ҳам ёзмоқчи бўлдигу бироқ, бу қадар сабрсиз одамларда тақво деган тушунчанинг ўзи бормикин, деган ўйда ўзимизни тийдик.
Телевизордаги бир кўрсатувда тадбиркор хоним «Сабр таги – олтин» деган мақол ҳозирги давримизга тўғри келмай қолди», дейди. Во ажаб! Унда «Сабр қилсанг ғўродин ҳолва битар», деган мақол ҳам эскидир? Бу хоним каби калта ўйлайдиганлар ҳолва битишини кутмай, сабр қилмай, ғўрани (довуччани) еб ичбуруғ бўлиб юришибди-ку, бунга нима деймиз? Энди уларнинг давоси нима бўлади?
Илм аҳли, зуҳд аҳли орасида атрофдаги жоҳиллар, нодонлардан ўзни олиб қочишга уриниш одатлари ҳам бор. Буни ҳам ўзига ҳос сабрсизлик кўриниши, десак, балки адашмасмиз. Бундай кишиларни “тарки дунё қилувчилар”, дейдилар. Уларнинг мақсадлари фақатгина нафсни енгиш эмас, балки, одамларнинг ёмонликларидан ўзни олиб қочиш ҳамдир. Набий муҳтарам (с.а.в.): «Кишиларга аралашиб, улардан етишадиган озорга сабр этадиган мўъмин, банда берадиган озорларга чидамай, уларга аралашмай юрадиган кишилардан яхшироқдир», деб марҳамат қилганлар.
Демак, инсонлар орасида юриб, уларнинг жабру жафоларига сабр қилган мўъмин киши жамиятдан четлашиб, узлатда қолган ва қийинчиликларга сабрсизлик қилиб, дод-вой соладиган мўъмин кишидан афзал экан. Инсонлар томонидан келган мусибатларга сабр этмоқ улуғ амаллардан ҳисобланади. Чунки бу мусибатлар билиб-билмай қилинган гуноҳларга Аллоҳ таоло томонидан мана шу дунёнинг ўзида берилган бир жазо, танбеҳ, хатоларга каффорот, тавба қилишга имконият, гуноҳ ва хатолардан тийилишга бир восита ва сабоқдир. Бу – қалби ҳидоятга мойил бандалари учун Аллоҳнинг буюк инояти. Аҳли дониш бу иноятни бой бермасликка интилиб, эртаю кеч ҳамд ва истиғфорни канда қилмасликни тавсия этадилар.
Қадимда тарки дунё ёки узлатга чекинишга ихтиёр этувчилар бўлганлар. Бу ҳолат бошқа динларда ҳам мавжуд. Бутпарастларнинг роҳиблари бу замонда ҳам одамлардан узилиб, қадам етмас тоғларда макон тутадилар. Насронийларда роҳиблар истиқомат қилувчи махсус монастирлар ҳанузга қадар мавжуд. Бундан ташқари ҳатто монастирни рад этувчи, ёлғиз яшовчи гўшанишин зоҳидлар (отшельник) бор. Исломда узлатга чекиниш масаласида мутасаввуф олимлар турли хил фикр-мулоҳазалар билдирганлар. Жумладан, ҳужжатул-ислом – Имом Ғаззолий ҳазратлари узлатнинг ҳам фойдалари, ҳам зарарларини батафсил тушунтирганлар. Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад ҳазратлари эса узлатни тавсия этмаганлар. Ёлғизликда, Аллоҳ билан мустағриқ ҳолда бўлганларга узлат фойдали, халққа ҳаром ва ҳалолни билдириб турадиганлар учун эса халқ билан бирга бўлиш афзалдир. Ҳар ҳолда узлатга чекинган одамнинг ибодати фақат ўзи учундир. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинганким: «Эй Одам фарзанди, қачон мени ёлғиз ҳолингда ёд этсанг, мен ҳам сени ёлғиз ёд этарман. Агар жамоат ичида ёд этсанг, мен ул жамоатдан улуғроқ жамоат ичида (яъни фаришталар орасида) ёд этарман». Шунга кўра, улуғроқ мартабага етишмоқ истагидаги банда одамлардан ўзини олиб қочмагани маъқул.
Сабру қаноатга қувват берувчи, фақатгина инсонга ҳос бўлган фазилатлардан бири – умид эрур. Сабрли одам ҳеч маҳал умидсиз бўлмайди. Нединким, одамнинг одамлиги умид билан. Умидсиз одам – бир қоп эт. Умид – парвозга шайланган бир лочиндир. Умидсизлик эса - оёққа боғланган тош. Инсонларда умид бўлмаса эди, ҳаёт лаззати йўқолар эди. Банда гуноҳдан ҳоли эмас, агар у Аллоҳнинг раҳматидан умид қилмаса, бу дунёда яшашининг қизиғи қолмайди. Умид - ёлғиз Аллоҳдан. Киши қанчалар гуноҳкор бўлса-да, Аллоҳнинг афвидан умидсиз бўлмаслиги зарур. Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати оламни қуршаб олганини ҳеч ким унутмасин.
Агар дўзах лабинда бўлса пойинг,
Умид узмаки, ғофирдир Худойинг.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёр демоқчиларким: фараз қилки, оёғинг сени дўзах лабига етказди. Шунда ҳам сен Аллоҳнинг раҳматидан умидни узма. Чунки Худойинг гуноҳларни ёрлақагувчидир. Хуллас, гуноҳларинг на қадар кўп ва катта бўлса-да, ҳамиша умидли бўл.
Ғараз узма умид, э толиби роҳ,
Деди: «ла тақнату мин раҳматиллаҳ».
Дейилмоқчиким: Эй Аллоҳ талабида юрган банда, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид узма. Аллоҳ таолонинг бу хусусда ўз сўзи бор: «Эй бандаларим, раҳматимдан умидсиз бўлманглар».
Агар қалбимизда умид бўлмаса, дуолар ва муножотлар ҳам қилмаган бўлардик. Умид – шунчаки бир нарсани орзу қилиб кутиш эмас. Умид - иймон устунларидан бири, негаки, бирон нарсани Аллоҳдан умид қилдикми, демак, унинг борлигига иймон келтирдик. Қудратига, Раҳмон ва Раҳим сифатларига иймон келтирдик. Ишонмасак, сўрармидик? Ишонамиз, алҳамдулиллаҳ! Фақат бу умид ишончини то лаҳадга қадар бўлган ҳаётимиз давомида собит ҳолда ушлашимиз керак. Чунки умидини йўқотадиган одамнинг бошқа йўқотадиган нарсаси қолмайди.
Шарафли ҳадис: «Умидсизлик – ширкдир. Орамизда шундай ҳолга тушмаганнинг ўзи йўқ. Аллоҳ бу туйғуни Ўзига ишониш билан кетказади». Шунга кўра, банда жон оғритар воқеалар юз берганида телба-девоналардек ҳаракат қилишдан, бошига оғир мусибат тушганида умидсизлик гирдобига чўкишдан сақланмоғи лозим бўлади. Чунки инсонларнинг энг фалокатдийдаси – фалокатга чидамсиз ва умидсиз одамдир.
Мавлоно Румий: «Умид – ишонч йўлининг боши», деганлар. Биз эса... баъзан ўзимиз билмаган ҳолда умидсизлик қилиб қўямиз: дейдилар-ки, «ўғлингиз дастёр бўлиб қолибди, ҳадемай ёнингизга кириб қолади, яхши хизматларда ишлаб, сизга автомашина олиб беради...» Сизни шунда шайтон чалғитиб, дейсиз-ки: «Ўҳ-ҳў, ҳали унга неча йил бор. Унгача ким бору ким йўқ». Бунинг ўрнига: «Инша Аллоҳ, айтганингиз келсин, Аллоҳдан умидим ҳам шудир», десангиз гўзалроқ эмасми? Ҳадиси қудсийда бандаларга шундай хитоб қилинади:
«Эй бандаларим! Мен бандаларимнинг гумонидаман. Истаганича гумон қилаверсин. Мен сен билан биргаман. Агар сен мендан яхшиликни гумон қилсанг (яъни умид қилсанг) яхшилик бўлади. Ёмонликни гумон қилсанг – ёмонлик бўлади».
Ҳикоят: кекса ёшли бир отахон даштга чиқиб анор кўчатларини экаётган эдилар. Ўша ердан гижинглаган от минган шаҳзода ўтиб қолди. У отахоннинг ёшини сўраб деди-ки:
- Ёшингиз тўқсондан ошибди, бир оёғингиз тўрда, бир оёғингиз гўрда бўлса, жонингизни қийнаб нима қиласиз? Уйда тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими?
Отахон боғ қилишнинг савоблигини, Расулуллоҳ (с.а.в) қиёмат бошланган чоқда қўлингизда ниҳол тутиб турган бўлсангиз, экиб қўйишга урининг, деб марҳамат қилганларини тушунтириб ўтирмай, қисқагина қилиб: «Умидли дунё-да, шаҳзодам», дедилар. Отахоннинг бу гапларини қурумсоқлик, дунёга тўймаслик деб англаган шаҳзода ўйламасдан деди:
- Агар шу кўчатлар амал олиб, ҳосил берса-ю унинг мевасидан тотиб кўриш сизга насиб этса менинг хотиним талоқ бўлсин!
Отахон шаҳзоданинг енгилтаклигидан ранжисалар ҳам индамай қолавердилар.
Орадан йиллар ўтди. Дашт анорзорга айланди. Шаҳзоданинг отаси вафот этиб, тахтга ўтирди. Куз кунларининг бирида шоҳ шу анорзор ёнидан ўта туриб чанқоғини босмоқни иҳтиёр қилди, боғбонни чақириб, бир пиёла анор суви сўради. Ажабки, даштга ниҳол экаётган отахонни танимади. Отахон ичкари кириб, анорни сиқиб, шарбатни шоҳга тутди. Шарбат шоҳга тахир туюлиб, бошқа анорни сиқишни буюрди. Иккинчиси чучук туюлди. Кейингилари ҳам ёқмай ғазабланди-да: «Ҳой чол, қандай бефаросат одамсан, шарбатни аввал ўзинг тотиб кўриб, кейин менга узатмайсанми?» деди.
- Узрлиман, шоҳим, мен тотиб кўра олмайман, - дедилар отахон.
- Нега?-деб ажабланди шоҳ.
- Агар мен ҳатто бир томчисини тотиб кўрсам ҳам, сизнинг хотинингиз талоқ бўлиб қолади.
Шунда шоҳ отахонни таниди, ёшлигида айтган гапини ҳам эслаб, отдан тушди. Умидсизлик билан яшашнинг нақадар ёмон эканлигидан ҳижолат бўлиб, узр сўради.
Банда баъзан орзу узунлигига банди бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмайди. Шайх Саъдийда бундай сатрлар бор:
«Эшитдимким, бир бозоргоннинг юз эллик тева моли ва қирқ банда хизматкори бор эди. Бир кеча Кеш жазирасида мени қошиға чақирди ва тонг отгунча тинмай паришон ва малолангиз сўзлар айтди, андоғким: «Туркистонда фалон миқдор амборим бордур ва Ҳиндистонда фалон чоғлиқ молим бордир. Бу хат фалон ернинг хатидур, фалон нимарсага фалон киши зоминдур». Ва гоҳ дер эрдиким: «Искандария ҳавоси кўнгулға тушубдур». Ва яна дер эрдиким: «Диёрнинг ҳавоси дилкаш эрмасдур». Яна деди: «Эй Саъдий, олдимда яна бир сафарим бордурур, агар ондин фориғ бўлсам, қолғон умримни бир гўшада ўткарурмен». Мен дедим: «Ул на сафардур?» Ул деди: «Гугирдин Форсдин Чинга олиб борурмен, нединким, гугирднинг қиммати онда баланд эрмишдир. Ондин чиний косаларни Румга элтормен, ондин Рум деболарин Ҳиндистонға еткурурмен, ондин ҳиндий фўлодларни Ҳалабга келтурурмен. Ондин ҳалабий шишаларни Яманга дохил этармен, ондин Яманий Форсға восил қилурмен. Ондин сўнгра тижоратни тарк этиб, дўконда ўлтурурмен». Мундоқ молихулиё ҳарзалардин ул миқдор сўз айтдиким, менда эшитгудек тоқат қолмади. Сўнгра деди: «Эй Саъдий, сен ҳам бир сўзни дегил, қачонғача бу сўзларга рози бўлуб ўлтурасен?» Мен дедим (қитъа):
Бир кишининг тушти маҳмилдин юки,
Бир биёбондин қилур чоғда мурур.
Деди: дунёдорларнинг оч кўзин,
Ё қаноат тўлдурур ё хоки гўр.
Бундан шундай маъно англаш мумкин: кимнингки кўзлари дунё молларига боқар экан, бу кўзни ё қаноат ёки гўрнинг тупроғи тўлдиради.
Шайх Саъдий баён қилган воқеани ҳозирги кунда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Дунёдан умидвор биродарларимизнинг орзулари шу қадар узунки, унга етишга бир одамнинг умри камлик қилиб қолади. Улар бу умид йўлининг хатарли эканини ўзлари ҳам биладилар. Фақат «мана шу ишимни ўнглаб олай, кейин тўхтайман», деб ўзларини ўзлари алдайверадилар. Порахўрлиги учун қамалиб қолган бир одам афсус билан бундай деган эди:
- Шаҳарда уйим йўқ, ижарада турар эдим. Бир хоналик уйим бўлса эди, деган умид билан қалтис йўлга ўтдим. Шу уйни оламану, ҳаромдан тийиламан, деб ўзимга сўз бердим. Уйни олдим. Кейин уйланишни, дабдабали тўй қилишни орзу қилдим. Бу умид ҳаромдан тийилишимга йўл бермади. Кейин икки хонали, сўнг тўрт хонали уй умидида ўзимни чўққа урдим. Автомашинани орзу қилиб унга ҳам етишдим. Ундан кейин кўнгил ҳовли жойни истади. Аммо... ҳовли-жой ўрнига қамоқ насиб этди...
Банда раҳмоний умид билан шайтоний орзуни ажратиб олиши керак. Раҳмоний умиддаги одам сабрлидир. Шайтоний орзу-истак билан яшовчи сабрсиздир.
Инсон умид қилган нарсасидан маҳрум бўлса, ранжийди, дунё кўзига қоронғу бўлиб кетади. Умиди Ҳақда бўлса, ғамдан узоқ бўлади. Сурур билан яшайди. Инсонни умид яшатади, нединким, умид инсонга ҳаёт бағишлайди, умидсиз инсон ер юзида тирик юргани билан аслида яшамайди ҳисоб. Умид синса, инсон мағлубиятга учрайди-ки, қамоққа тушган одамнинг афсуси бунга мисолдир.
Инсонга ҳаётда энг кўп фойда берадиган нарса – раҳмоний умид. Одам ҳамма нарсасидан айрилиб қолиши мумкин, аммо умиддан айрилмайди. Ҳатто ўлим тўшагида ётган одамни, агар у иймон эгаси бўлса, умид тарк этмайди. Ҳатто қабр ёқасида ҳам умид яшайди дейдилар. Умид билан истак бир-бирини ўзаро таъқиб этиб юради. Бири ёнса иккинчиси аланга олади ёки аксинча. Демак, шайтоний орзу шайтоний истак чўғини аланга олдиради-ки, оқибатда одам куйиб кул бўлади. Умидни тунги осмонга ҳам ўхшатадилар. Осмонга астойдил тикилган нигоҳ бирон бир юлдузни топмасдан қўймайди. Шоир айтмоқчи:
Дилинг куймасин, ноумидлик билан,
Ёруғ кун туғилгай қаро кечадан.
Беморлар Аллоҳдан шифо умидидалар, фарзанд умидида юрганлар ҳам бор, икки дунё саодати умидида Ҳақ йўлдан тоймай юрганлар кўп, адашган қариндошлари, биродарларига ҳидоят насиб этишини умид қилиб юрган иймон эгалари унданда кўпроқ. Ёшларнинг умиди ҳаётни бахтиёрлик билан ўтказиш, кексаларнинг умиди – иймон калимаси билан жон бериш. Бу умидларни Аллоҳ ёрлақасин.
Бир одамнинг амалидан қувилишини, ўрнига ўзи ўтирмоғини истовчилар бор, бойлигига бойлик қўшилишини орзу қилганлар ҳам топилади, бирор аёлни бузуқ йўлга бошлаб, нафсини қондириш хоҳишида юрганлар ҳам йўқ эмас... бундайларни Аллоҳ шайтон васвасасидан қутқарсин! Қалбларини раҳмоний умидлар билан бойитсин.
Донолар деганларким, ҳеч қайси табиб толиққан вужуд ва азоб чеккан қалб учун умидчалик дорини топиб бера олмайди. Умидсиз қалб – эгасиз ҳувиллаб қолган ҳовлига ўхшайди. Умидсиз юрак тарс ёрилиб кетиши мумкин, дейдиларким, у юракнинг ёрилиб кетмаслиги учун қалқондир. Қалбимиз қалқонини мустаҳкам этишни Яратгандан сўраб, сабр ва қаноат ҳамда умиднинг душмани бўлмиш шошқалоқлик ҳақида ҳам бир неча сўз айтишга киришамиз.
Масалким, ўргумчак ипак қуртини кўриб, масхаралаб кулиб деди-ки:
- Бунча имиллайсан, дўстим, ҳаракатингни кўрган одамнинг юраги ёрилиб кетай дейди. Мени қарагин, оз вақтда каттакон тўсиқни тўқиб ташлайман.
- Тўғри, сен ҳақсан, - деди ипак қурти. - Мен шошилмай иш қиламан. Лекин бир зумда қилинган бу уйингдан ночорроқ уй борми? Сенинг ингичка ипларинг жуда заифдир. Мен секин ишлайман, аммо пишиқ иш қиламан. Шу боис ипагимни ҳамма қадрлайди. Ипагим оз бўлса ҳам сеникидан устундир ва қимматдир.
Ўргумчак ипак қуртини нодонликда айблаб, кула-кула, қулф тешигига тўрини тўқиб, ўлжа пойлай бошлади. Шунда қулфга калит солинди-ю ўргумчакнинг тўқиган тўри ҳам ўзига қўшилиб барбод бўлди. Ипак қурти эса шошилмай ипакка ўралди. Сўнг сабр билан кутди. Сабр уни капалакка айлантирди, осмонга парвоз қилди...
Масалдан маъно буки, шошилишлари туфайли пала-партиш иш қиладиганларнинг оқибати хайрли эмасдир. Шошқалоқлик одамни ҳалокатга етаклайди. Шу боис шошилинч ишлардан сақланмоқ керак. Шошқалоқлик – пушаймонликнинг онаси. Иккаласи бир-биридан айрилмайди. Ишнинг яхшиси – пухта қилинганидир. Одамлар тезкорни эмас, пухта иш қилувчини ёқтирадилар. Пухта бажарилган иш оз бўлса ҳам қимматлироқ бўлади. Яхши иш оғир бўлса-да, пухтадир. Тезда бажарилган иш кўп бўлса-да, яроқсиздир. Шарафли ҳадис: «Ўйлаб иш қилиш Аллоҳдандир. Шошилиш эса шайтондандир».
Шайтонлар замони – советлар даврида шошилиб қурилган иморатларнинг вайрон бўлганларини кўрдик. Ҳозир ҳорижда шошма-шошарлик билан, демак, сифатсиз тайёрланаётган молларни арзонлигига учиб, сотиб олиб, юртимизга келтириб қиммат баҳоларда сотаётганларни ҳам кўриб турибмиз. Совет жамиятининг инқирози сабаблари кўп. Шулардан бири – ҳамма ишлари шошқалоқлик билан бажариларди. Бундан уялишмас эди, балки барчани шунга даъват этишарди. «Беш йиллик режани уч йилда бажарамиз!» ёки «бир кунда уч кунлик вазифани бажарамиз!» деган шиорлар одатий ҳолга айланган эди. Мазкур шиорлар ёлғон ва қаллоблик асосида амалга ошириларди. Оқибат – ҳаммамизга маълум.
Сабрнинг зидди – шошқалоқликдир, демак, сабрсизлик десак ҳам бўлади. Сабрсизларга Аллоҳнинг яқин бўлмаслигини яна бир бор таъкидлаб ўтамиз. Атрофимизга зийраклик билан боқайлик: ҳамма соҳада шошқалоқлик унсурларини кўрамиз. Ўқишда икки йилга мўлжалланган илмни бир йилда эгаллашга интилиш бор. Инсоннинг зеҳни қанчалик ўткир бўлмасин, оғирлик қилади. «Ортиқча кучаниш белни синдиради», деган мақолни шошқалоқликка нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Аллоҳнинг мўъжизаларига диққат қилайлик: биронтасида шошқалоқлик аломатларини учратмаймиз. Аллоҳнинг Ўз расулига хитобан «...мушрикларнинг озор-азиятларига сабр қилинг ва уларга тушадиган азобни шоштирманг», деганини эслайлик. Яна такрорки, Қуръони карим ҳам шошқич равишда бир ҳафта ёки бир ойда эмас, балки одамларнинг тоқати ҳисобга олинган ҳолда йигирма уч йил давомида нозил қилинган.
Одамзотнинг фитратида шошқалоқлик мавжуд: пиёда юришга тоқати етмади, уловларни минди, бунинг ҳаракатидан ҳам қониқмади: велосипеддан тортиб учоқларга қадар ихтиро қилди. Ана энди эътибор беринг: тезликни оширгани сайин жонга нисбатан хатар ортиб бораверди. Отдан йиқилиб майиб бўлишдан бошланган фалокатлар учоқлар ёки поездлар ёки автомобиллар ҳалокатидаги фожиаларга олиб келди. Бу фожилар туфайли жон берганлар сони жанг майдонларида ўлганлар сонидан кам эмасдир. Қабристонларда ёш йигит-қизларнинг қабрларини кўрганда шуларни ўйлайман. Бу қабрда ётганларнинг аксари автомобил ҳалокати қурбонлари экани ачинарли. Ярим соатда шошилмай бориладиган манзилга беш дақиқа аввалроқ боришга интилишдан нима наф бор экан?
Шайх Саъдий ҳазратлари ёзадилар:
«Бир куни сафар асносида йигитлик ғурури била узоқ масофани пиёда қатъ этиб, бағоят бориб бир тўпанинг остиға етиб, ётмиш эрдум. Бир ожиз қари киши карвоннинг изидин келур эрди. Менинг устимға етуб дедиким: «Бу ерда недин ётмишсанким, уйқу жой эрмастурур?» Мен дедим: «Нечук юрайким, оёқимда юргудек қувват қолмамишдир». Ул деди: «Сен эшитмадингмуким, улуғлар дебдурларким, югуриб ета олмай қолғондин, оҳиста юруб борғонлик яхшидур». Қитъа:
Эйки, манзилга етмак истарсен,
Юрма таъжил бирла, сабр ила юр.
От на ерга шитоб ила борса,
Юруб оҳиста тева доғи борур».
Бу оддий ҳақиқатни барча билади, аммо барча ҳам амал қилавермайди.
Шошқалоқлик фақат амалий ишлардагина ҳалокатга олиб келмайди. Бу иллат маънавият олами учун ҳам хатарлидир. Бир олим яхши ният ила дори кашф этди, аммо яхшилаб синаб кўрмай, шошилди, одамларга тавсия қила бошлади. Оқибат ёмонлик билан тугади. Икки ёш бир-бирини синашга улгурмай шошилиб тўй қиладилар. Оқибат – феъли чиқишмади, деб ажратадилар. Одамнинг қайсидир масалада маълум бир қарорга келишида шошилиши ҳам хатарлидир. Айниқса, раҳбарнинг шошқалоқлиги кўпнинг шўрини қуритиши мумкинким, тарих бундай ҳолларга гувоҳдир.
Ривоят: Ҳинд подшоҳларидан бири тўрт паҳлавон ака-укага катта ихлос ва зўр эътиқод қўйган эди. Уларни ўзи тарбия этиб, вояга етказди. Ака-укалар улғайишгач, жондор (подшоҳнинг шахсий қўриқчиси) вазифасига тайин этилдилар. Ака-укалар кечаси билан навбатма навбат шоҳни қўриқлаб чиқишар эди.
Бир куни кечаси шоҳ ҳам малика ҳам ширин уйқуда ётар эдилар. Иттифоқо шифтдан бир илон тўшак устига тушиб, маликани чақишга чоғланди. Буни кўрган жондор аввалига нима қилишини билмай саросимага тушди, сабабки, индамай тураверса, илон маликани чақиб ўлдириши тайин. Илонни ўлдирай деса, шоҳ уйғониб кетиши мумкин. У кўп ўйламай, илоннинг бошини мажақлаб, тахти хоб остига ташлади. Кейин қараса, маликанинг кўкрагига илоннинг бир томчи заҳари томган экан. Заҳарни артиб ташламаса, маликанинг халок бўлиши муқаррар. Артиб ташлай деса, маликага яқин бориши мумкин эмас. Жондор этагидан бир парчасини йиртиб олиб, ханжари учига боғлади-да, сўнг шу латта билан малика кўкрагидаги заҳарни астагина артиб олди. Шу аснода шоҳ уйғониб қолди. Жондорнинг малика тахти хоби олдидан кетаётганини кўриб, кўнглига ғулғула тушди. Вужудини титроқ босса-да, кейинги жондор келишини кутди. Жондор келгач:
- Зудлик билан акангнинг калласини узиб, менга олиб кел, - деб буюрди.
Бу фармондан ажабланган ука, бориб қараса-ки, акси ҳузурланиб ухлаб ётибди. «Бирор гуноҳ қилганида бунчалик осойишта, бунчалик тинч ухламас эди», деб ўйлади ука ва фармонни ижро этмай, шоҳ олдига маъюсланиб қайтди.
- Калла қани?-деб ғазабланди шоҳ.
- Ололмадим, - деди жондор.
- Нима учун? Акангни аядингми?
- Эсимга бир ҳикоя тушиб қолди, ижозат берсангиз шу ҳикояни айтайин-да, сўнг фармонингизни бажарайин.
- Айт, - деди шоҳ.
- Қадимги замонда овга ишқибоз подшоҳнинг ҳатто семурғни ҳам ушлаб кела оладиган бургути бор экан. Подшоҳ бу бургутини ҳамма нарсадан афзал кўрар экан. Бир куни ов чоғи у оҳуни кўриб қолиб, мулозимларию рикобдоридан ажралиб, жониворни қувиб кетибди. Қанча югурмасин, оҳуни ушлаб ололмай, ҳориб, чарчаб, ташналик азобида қийналибди. Юра-юра бир дарахтни кўриб, ўша томон шошилибди. Дарахт тепасида катта илон ўралиб ётган экан, одам қорасини кўриши билан заҳар пуркай бошлабди. Заҳар дарахт баргларидан сизиб, пастга туша бошлабди. Подшоҳ уни сув деб гумон қилиб, кичик жомни қўйибди. Жом тўлишини сабр билан кутибди. Жом тўлиши билан лабига олиб бормоқчи бўлганида бургут қанот қоқиб, уни тўкиб юборибди. Подшоҳ бургутдан ранжиб, жомни яна заҳар томчилари остига қўйибди. Жом тўлгач, ичмоқчи бўлганида бургут яна тўкиб юборибди. Бу сафар подшоҳ ғазабдан ўзини тиёлмай, бургутни ерга уриб, ўлдирибди.
Шу чоқ рикобдор етиб келибди. Қараса, бургут ўлиб ётганмиш, подшоҳ эса ташналикдан беҳол ўтирганмиш. Рикобдор дарров мешдан сув қуйиб подшоҳга узатибди. Подшоҳ ўзига келгач: «Бургутни нега ўлдирдингиз?» деб сўрабди. Подшоҳ воқеани баён этгач, рикобдор тепага қараб, заҳар сочиб турган илонни кўрибди.
- Бургутни бекорга нобуд қилибсиз. Қаранг, бургут сизни қандай балодан асрабди. Сиз ичмоқчи бўлган сув эмас, илоннинг заҳари экан.
Подшоҳ илонни кўргач, вафодор қушни ўлдирганига пушаймон бўлибди. Аммо вақт ўтган, пушаймондан не наф?
Мен ҳам акамнинг бошини кесиб, олиб келсам-у эртага эса афсуслансам, пушаймонликнинг фойдаси бўлармикин, деб ўйладим.
Шоҳ сукут қилди. Бу орада учинчи жондорнинг навбати келди. Шоҳ бунисига ҳам аввалгисига берган фармонни буюрди. Жондор итоат билан амрни бажармоқ учун акаси ётган хонага кирди. Қараса, акаси ҳотиржам ухлаб ётибди. Бошни узишга ҳарчанд ҳаракат қилса-да, қондошлик меҳри ғалаба қилиб, шоҳ истагини амалга оширолмай, қайтди.
- Эй шаҳриёри олам! Фармонингизга биноан акамнинг бошини узмоқчи эдим, лекин, бир ҳикоя ёдимга тушиб, ҳузурингизга қайтдим. Ижозат этинг, бу ҳикояни айтиб берай.
Подшоҳ изн бергач, жондор нақлни бошлади:
- Қадим Ҳиндистонда яшаган баджаҳл ва бадҳашам бир подшоҳнинг фарзанди йўқ экан. Вақти соати келиб Парвардигор унга фарзанд ато этибди. Боланинг келажакда улуғ зот бўлиши қиёфасидан ҳам билиниб тураркан. Подшоҳ унинг тарбиясини улуғ донишмандларга топширибди. Подшоҳнинг «росу» аталмиш жонивори бор экан. Илон ва сичқонларга қирон келтирувчи бу кичик жониворни подшоҳ яхши кўраркан.
Бир куни энага юмуш билан ташқарига чиққанда, шифтдан илон тушиб, шаҳзода ётган бешик сари ўрмалабди. Росу унга ташланиб, узоқ олишувдан сўнг уни ўлдирибди. Бу онда энага қайтиб қарасаки,оғзи тўла қон росу бешик ёнида турганмиш. Энага буни кўрибди-ю «росу шаҳзодани еб қўйди», деб ўйлаб, дод сола бошлабди. «Росу шаҳзодани ўлдириб, еди» деган шум хабардан ўзини йўқотган подшоҳ югура келиб, гурзи билан бир уриб, ўзи севган жониворни ўлдирди. Кейин, сал ҳовури босилиб, бешикка қараса-ки, шаҳзода ширингина ухлаб ётибди. Бешикнинг нариги томонида эса боши ғажиб ташланган катта илон ўлиб ётганмиш. Нима воқеа юз берганини англаган подшоҳ росуга ачиниб, кўп қайғурибди-ку, аммо фойдаси бўлмабди. Мен ҳам ўша подшоҳга ўхшаб пушаймон бўлиб қолмайин, деб акамнинг бошларини узишдан ўзимни тийдим.
Бу ҳикояни эшитгач, шоҳ жондорнинг акасини чақириб келишни амр этди. Гумондаги ака келгач, подшоҳ унга ғазаб билан деди:
- Мен маликанинг тахти ёнидан ўтаётганингни кўрдим. Наҳотки, подшоҳларнинг ғазаб ўти озгинагина шабададан ҳам аланга олишини ва бу алангани ҳеч қандай сув ўчира олмаслигини билмасанг?
Бунга жавобан йигит деди:
- Шаҳриёрим, иффат ва поклигим туфайли мен хатардан қутулдим. Мухлис тобеларига нисбатан подшоҳларнинг шубҳа ва гумонлари ўринсиз, деганлар. Агар бунинг исботи лозим бўлса, тахти хоб остига қарасинлар, жондор қулларининг қай даражада содиқ эканига ўзлари гувоҳ бўлгайлар.
Подшоҳ тахти хоб остига қараб, илонни кўрди-ю мушфиқу меҳрибон жондорининг садоқатига қойил қолиб, ҳадялар берди.
Мазкур ҳикоятдан мурод шулки, ҳар ишга таҳаммул, сабри бардош керак. Сабрсизлик – шошқалоқликнинг оқибати ҳамиша аянчлидир. Шошқалоқлик фожиа билан тугамаган тақдирда ҳам кишини кўп ташвишлар ботқоғига ботиради, саргардон қиладики, бу ҳикоя фикримизга далил бўлиши мумкин:
Нақлким, ўз касбининг устаси бўлган бир заргар яшар эди. Унинг довруғидан хабардор бўлган подшоҳ «хазинамдаги дурру гавҳарларни саралаб берсин», деб ҳузурига чақиртирди. Заргарнинг хотини ҳомиладор эди, хайрлашар чоғида: «Агар ўғил туғсанг, яхши ният билан Рўзбеҳ қўй, агар қиз туғилса, ихтиёр ўзингда, - деб бошкент сари йўл олди.
Вақти-соати етганда заргарнинг хотини эгизак ўғил кўрди, бирига, эри буюрганидек, Рўзбеҳ, иккинчисига Беҳрўз деб исм қўйди. Заргар бир йил давомида подшоҳ ҳизматини бажарди. Хотини тужжорлар орқали бериб юборган мактубларида оила аҳволини баён қилиб турди. Бир йил ўтгач, заргар уйига қайтиш учун подшоҳдан изн сўради. Заргарнинг ишидан кўнгли тўлган подшоҳ уни қўйиб юборгиси келмади. «Оилангга хабар қил, бунга кўчиб келишсин», деб амр қилди.
Заргар: «Яна сабр қилай, заруратсиз уй-жойни ташлаб келиш ақлдан эмас», деган қарорга келиб, оиласини чақиртирмади. Йил ўтди, подшоҳ барибир унинг уйига қайтишига руҳсат бермади. Шу зайлда орадан олти йил ўтди. Охири, сабри тугаган заргар оиласини олиб келиш учун ишончли одамни жўнатди. Заргарнинг хотини икки ўғли билан узоқ йўл юриб, бошкент яқинидан оқиб ўтувчи дарё бўйига етганда дам олиш учун тўхтади. Шу куни заргар ҳам истироҳат умидида дарё соҳилига чиққан эди. Заргарнинг хотини дарахтзорда уйқуга кетган, болалари соҳилда ўйнаб юришган эди. Заргар болаларни кўрди-ю танимади. Соҳилда таҳорат олиб, намоз ўқиди. Ҳамёни таҳорат олган жойда қолган эди. Намоз ўқиб бўлиб қарасаки – ҳамён йўқ. Болалардан «ҳамённи кўрмадиларингми?» деб сўради. «Кўрмадик», дейишди болалар. «Бу атрофда сенлардан бошқа ҳеч ким йўқ, ҳамёнимни қайтарларинг, бўлмаса, адабларингни бераман», деб дўқ қилди заргар. Болалар яна инкор этишди. Заргар қанчалик пўписа қилмасин, қўрқитмасин, болалар «кўрмадик», деб тураверишди. Ғазабдан тутоқиб кетган заргар икковини дарёга улоқтирди. Бу орада хотини уйғониб, соҳилга келди.
- Ўғилларим қани?-деб сўради заргар ундан.
- Соҳилда ўйнаб юришган эди,-хотини шундай деб болаларнинг ташқи қиёфасини, кийимларини тасвирлаб бергач, заргар ўз ўғилларини дарёга улоқтирганини англаб, доду фарёд қилди. Узоқ кунлар давомида фарзандалари фироқида қон йиғлади. Охири деди-ки:
- Мен бу ерга фарзандларим ризқини топарман, деб келган эдим, Худо уларни олганидан кейин бу шаҳарда қолишимга эҳтиёж йўқ.
Шундай деб заргар бошкентни тарк этди.
У ўлди, деб гумон қилган ўғилларини Худо асраган эди. Дарё тўлқини эгизаклардан бирини ўнг соҳилга,иккинчисини чап соҳилга чиқариб ташлаганди. Иттифоқо, қўшни мамлакат подшоҳи шикорга чиққан эди, соҳилда мажолсиз ётган хушрўй болани кўриб унга меҳри тушди, ундан бу ерга келиб қолиш сабабини сўради. Бола баджаҳл одамнинг сувга улоқтирганини айтиб берди.
- Исминг нима?-деб сўради подшоҳ.
- Беҳрўз, - деб жавоб берди бола.
- Исминг ҳосиятли экан, мен сени ўзимга ўғил қилиб олдим.
Иккинчи болани қароқчилар топиб олишган эди. Улар болани қулбозарда сотиб юборишга аҳд қилдилар. Ўша куни заргар ҳам бозорда эди. Савдога қўйилган қулбаччага меҳри тушди-ю, сотиб олиб уйига олиб келди. Болани кўрган хотини: «Бу сизнинг ўғлингиз!» деб ҳушдан кетди.
Заргар «Худо бир боламни қайтиб берди, энди подшоҳ хизматига борай», деб бошкентга қайтиб, подшоҳни воқеадан огоҳ этди. Подшоҳ унинг саройдаги мавқеини баланд қилди. Заргар ўғлига ҳунарини ўргатди. Йиллар ўтиб, Рўзбеҳ бу касбда донг таратди. Заргар унга дастмоя бериб, савдогарликка жўнатди.
Бу замонга келиб, Беҳрўзнинг тутинган отаси вафот этиб, унинг ўрнига мамлакатга подшоҳ бўлган эди. Унинг адолатидан раият шукроналикда эди. Рўзбеҳ тижорат билан шу мамлакатга етганида сарой аҳли подшоҳга у олиб келган безакларнинг таърифини қилдилар. Беҳрўз тижоратчи заргарни ҳузурига чақиртирди, аммо укасини танимади. Рўзбеҳнинг ҳунарига тасанно айтиб, сарой хизматига таклиф этди.
- Бизларга сиздай подшоҳга хизмат қилиш вожибдир, - деди Рўзбеҳ таъзим билан. - Аммо ўзга юртдаги қари ота-онамга хизмат қилиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Агар бўйнимда шу бурч бўлмаганида аъло ҳазратларига жону дилим ила хизмат қилардим.
Беҳрўзнинг истаги билан Рўзбеҳ ота-онасига мактуб йўллаб, уларни бу шаҳарга чорлади. Иттифоқо, қўшни мамлакат подшоҳи бу юртга ҳужум қилиб, барча лашкар жангга отланди. Бир куни Беҳрўз Рўзбеҳни ҳузурига чорлади. Узоқ суҳбат қурдилар. Подшоҳ толиқиб уйқуга кетганда Рўзбеҳ «Саройда посбонлар ҳам қолмади, азонгача ухламай, подшоҳни қўриқлай», деган мақсадда қиличини яланғочлаганича сергак турди. Урушда танг аҳволда қолган лашкарбоши подшоҳга чопар юборди. Чопар саройга келиб қараса-ки, Рўзбеҳ подшоҳнинг ёнида қилич яланғочлаб турибди. У «подшоҳга суиқасд бўляпти», деган гумонда Рўзбеҳни ҳибсга олди. Бу онда уйғонган Беҳрўзга «Бу одам сизга қилич урмоқчи бўлганда тутдик», дедилар.
- Мен сенга нима ёмонлик қилиб эдим-ки, ўлимни раво кўрдинг?-деб сўради Беҳрўз.
- Подшоҳимнинг умрлари узун бўлсин, қарасам, бу кеча посбонлар йўқ экан. Бирон кори-ҳол юз бермасин, деган ўйда қилич яланғочлаб, посбон вазифасини бажараётган эдим. Ҳасадгўйларнинг гапларига қулоқ солманг.
Лекин Беҳрўз бу гапларга ишонмай уни зиндонга ташлатиб, ўзи жангга кетди. Ғанимни енгиб қайтганида Рўзбеҳнинг ота-оналари ҳам бу юртга етиб келишган эди. Ўғилларининг зиндонбанд этилганини билиб, зор-зор йиғлаганларича подшоҳга арзга келдилар. Қайғу-ҳасратларини бир бошдан баён қилишгач, подшоҳ ўрнидан турди-ю тахтдан тушиб, уларни қучоқлади.
- Беҳрўз ўғлингиз мен бўламан, мен нодон ўз укамни зиндонбанд этган эканман, - деб шу ондаёқ Рўзбеҳни озодликка чиқартирди.
Шошқалоқлик авжга минганда сабри таҳаммул чекинади. Сабри таҳаммул чегинганида эса ранжи алам сели ёпирилади. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда ибрат бўлсин деб бу икки ҳикояни баён этдик. Албатта, ҳозир тахти хоб ёнида илонни ўлдирувчи жондорлар йўқ, ўғилларини дарёга улоқтирувчилар ҳам топилмайди. Аммо шошқалоқликларини жиловлай олмаганлар кўпким, уларга сабр тилаймиз.
Биламизки, кўп ёшларга насиҳат ёқмайди. Ҳаётда мустақил юра оламан, ўзимнинг йўлимни ўзим топаман, дегувчи мутакаббур ёшларимиз бир оз шошмасинлар. Бизнинг узун суҳбатлармиздан безмасинлар. Бизнинг бу ғойибона анжуманимиз қуруқ насиҳат эмас, балки ҳар бир инсон билиши ва амал қилиши лозим бўлган ҳикматларнинг баёнидир. Бир ўқишда барча ҳикматларнинг онгимизга сингдириб олишимиз қийин. Шу боис, қайта-қайта ўқишдан эринмайлик. Фарзанлари билан ҳар куни ҳикматлардан сабоқ олувчи файзли оилалар борлигини биламиз. Кўчат экиб қўйган билан боғ бўлмайди. Қаровсиз боғнинг мевалари қандай бўларкин? Маънавий оламимизни бир боғ деб тасаввур этсак, ҳикматлар китобидан баҳраманд бўлишимиз бу боғни парвариш этишимиздир. Бу онда муҳтарам китобхонларимизни бир аҳил оила деб тасаввур қилиб, ҳикматлар дастурхони атрофидаги суҳбатларимизни давом эттиришни лозим топдик.
Оиланинг бузилишига сабаб бўлувчи баҳоналар кўп. Баҳоналарнинг айримлари тутуруқсиз бўлса, айримларида жон бор кўринади. Хотин десаки, “эрим топганини кўчада совуради, уйда барака йўқ”. Эр десаки, “не машаққатлар билан топиб келганимнинг қадрига етмайди, исроф қилади. Ўн кило пиёз олиб келсам, вақтида сараламагани учун ярми ириб кетади. Овқатни ачитиб, ариққа ташлайди...” Шунга ўхшаш даъволарни сиз, азизлар ҳам тез-тез эшитиб турасиз, тўғрими? Демак, ардоқли ёшларимиздаги исрофга таалуқли билим оз экан-да? Бу хасталикни муолажа этишда балки эндиги суҳбатимиз асқотиб қолар?
Еще статьи...
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар