1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Шунингдек сизларни ўрта (адолатли) миллат қилдик

 

 

 

Адолат ақлий ва шаръий талабдир, унда ғулу кетиш ҳам, беэътиборлик ҳам, ҳаддан ошиш ҳам, нуқсон қилиш ҳам мумкин эмас, кимки саодатни хоҳласа ҳис-туйғуларини, эҳтиросларини қўлга олсин, розилик пайтида, ғазабланганда, хурсандлиги ва хафалигида ҳам одил бўлсин, чунки ҳодисалар билан ўзаро муносабатда чегарадан чиқиш, муболаға қилиш нафсга зулмдир, васатийлик қандай ҳам яхши, батаҳқиқ шариат мезон билан нозил бўлган, ҳаёт ҳам адолат устига бино қилинган. Инсонларнинг энг қийналган ва безовтаси ҳавои нафсига бўйсунган, ҳис-туйғу ва хоҳишларига таслим бўлган кишидир, унинг наздида ҳодисалар катталашиб кетади, олдидаги барча йўллар зулматга айланади, қалбида нафрат, кек, яширин адоватдан иборат даҳшатли уруш бўлиб ўтади, чунки у гумонлар ва хаёллар оғушида яшайди, ҳатто улардан баъзилари барча унга қарши экани, уни йўқ қилиш учун суиқасд уюштиришаётганини тасаввур қилади, унинг васвасалари  бутун  дунё унга пистирма қўйганлиги тўғрисида миясига қуяди, шунинг учун хавф, ғам, ташвишдан иборат қора булут остида яшайди.
Миш-мишлар шаръан ман этилган, табъан пасткашлик бўлган иш бўлиб у билан туганмас бойлик бўлган раббоний асослардан бебаҳра бўлган инсонларгина шуғулланадилар.
و يَحْسَبُونَ كُلَّ صَيْحَةٍ عَلَيْهِمْ (4) سورة المنافقون
“(Улар юраксизликлари туфайли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (бирон бало-офат деб) гумон қиладилар.” (Мунофиқун 4)
Қалбингни ўз курсисига ўтқиз, у қўрқаётган нарсаларининг кўпи амалга ошмайди, сен қўрқаётган нарсаларинг воқеъ бўлишидан олдин энг ёмон эҳтимолларни таҳмин қилиб нафсингни шу ёмонликларни ҳам қабул қила олишга тайёрлашинг керак, шунда вақти келиб ҳодисалар воқеъ бўлишидан олдин қалбни кемирадиган шафқатсиз башоратлардан қутуласан.
Бас, эй зиёли, оқил барча нарсага ўз ҳажмини бергин, ҳодисалар, вазиятлар ва муаммоларни катталаштириб юборма, аксинча тежамкор ва адолатли бўл, сохта гумонлар, ёлғончи сароблар билан бирга узоқларга кетиб қолма, ҳадисдаги яхши кўриш ва ёмон кўриш мезонини эшитиб ол: “ҳабибингни енгилроқ яхши кўр вақти келиб душманингга айланиши мумкин, душманингни енгилроқ ёмон кўр вақти келиб дўстингга айланиши мумкин.”
عَسَى اللَّهُ أَن يَجْعَلَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ الَّذِينَ عَادَيْتُم مِّنْهُم مَّوَدَّةً وَاللَّهُ قَدِيرٌ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ  (7) سورة الممتحنة
“Эҳтимол Аллоҳ сизлар билан (Макка кофирлари орасидаги) сизлар билан душманлашибюрган кимсалар ўртасида бир дўстликни пайдо қилибқўяр” (Мумтаҳана 7)
Батаҳқиқ қўрқувлар ва миш-мишларнинг кўпида ҳақиқат йўқдир.
Қадимгилар айтишган: агар қалбингга қайғудан бир сапчишлик сакраса, хурсанд бўлавер қўрқувларнинг кўпи ботилдир.

Хотима

Ҳозир яшаётган ҳаётингдан чиройлироқ, бахтлироқ, тўкис, гўзал бўлган ҳаётни қўлга киритишинг учун, наъийм жаннатида эса доимий осуда ҳаётга етишишинг учун, ўз нафсингда, уйингда, амалингда ва ҳаётингда бу ёзилган гапларни татбиқ этишга ҳаракат қилмагунингча фойда ололмайсан.
Роббимиз бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзаҳ азобидан сақлагин.
Субҳана роббика роббил ъиззати ъамма ясифуун ва саламун ъалал мурсалин вал ҳамдулиллаҳи роббил ъаламиин.

 

 

 

Нафсингга кенглиги осмонлар ва ер миқдорича бўлган жаннатни эслатиб тур

 

 

 

Агар бу дунёда оч қолсанг ёки фақирлашсанг ёки маҳзун бўлсанг ёки касаллансанг ёки ҳаққингни олдириб қўйсанг ёки зулмга учрасанг нафсингга наъийм жаннатидаги неъматлар, роҳат, шодлик, хурсандчилик, хотиржамлик ва абадийликни эслат. Агар сен шу ақидага эътиқод қилсанг, шу натижага кўра амал қилсанг, зиёнларини фойдаларга, балоларни ҳадяларга айлантирасан. Инсонларнинг энг ақллилари охират учун амал қиладиганларидир, чунки охират яхшироқ ва боқийроқдир. Халойиқнинг энг тентак ва энг аҳмоқлар эса бу дунёни ўзларининг қароргоҳлари, уйлари ва энг юксак орзулари деб кўрадиганлардир, мусибат пайтида уларни энг жазавага тушувчи, ҳодисотлар қаршисида энг кўп надомат чекувчи инсонлар эканини  кўрасан, чунки улар ўзларининг паст, ҳақир ҳаётларидан бошқасини кўрмайдилар, бу фоний дунёдан бошқасига назар ташламайдилар, ундан бошқаси ҳақида ўйламайдилар, ундан бошқаси учун амал қилмайдилар, уларнинг хурсандчиликлари кирланишини, шодликлари  хира тортишини хоҳламайдилар, агар улар қалбларини қоплаган нарсани, кўзларидаги жаҳолат пардасини олиб ташласалар эди, нафсларига абадият диёри, унинг неъматлари, уйлари ва қасрлари ҳақида сўзлаб берар эдилар, жаннат васфи ҳақидаги, Аллоҳга қасамки ҳаракат қилиш, тиришиш, тер тўкиш, жидду-жаҳд қилишга арзийдиган диёр ҳақидаги ваҳий хитобларига қулоқ солар ва тинглар эдилар.
Аҳли жаннатнинг сифатлари ҳақида, уларнинг касал бўлмасликлари, маҳзун бўлмасликлари, ўлмасликлари, ёшликларининг фоний бўлмаслиги, кийимлари чиримаслиги, зоҳири ботинидан, ботини зоҳиридан кўриниб турадиган олий мақом жойлар, ундаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган нарсалар борлиги, башарият қалбига ҳеч қандай хатар йўқ экани, отлиқ жаннат дарахтларидан бир дарахтнинг соясида юз йил юрса ҳам уни кесиб ўта олмаслиги,  чодирларининг узунлиги олтмиш мил экани, дарёлари узулуксиз, қасрлари баланд, аҳли жаннат учун мевалари яқин, оқиб турувчи  булоқлари, баланд сўрилари ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб кўрдикми,  унинг сифати нақадар буюк, чексиз орзу фақат у учундир, бизнинг ақлимиз қаерда, нега тафаккур қилмайди, бизга нима бўлди, нега тадаббур қилмаймиз?
Агар бизнинг борадиган жойимиз ўша диёр бўлса мусибатга учраганларининг мусибатлари албатта енгиллашади, мазлумларнинг  кўзлари қувнайди, қашшоқларнинг қалблари қувончга тўлади.
Бас, эй фақирлик билан эзилганлар, қашшоқликдан тинкаси қуриганлар, мусибатлар билан синалганлар, Аллоҳнинг жаннатида яшаш учун солиҳ амаллар қилинглар.
سَلاَمٌ عَلَيْكُم بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ  (24) سورة الرعد
“Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!” (Раъд 24)

 

 

 

Арзимас нарсалар сени ташвишга солмасин

 

 

 

Қанча–қанча ғамгин кишилар борки қайғуларининг сабаби гапиришга арзимайдиган ҳақир бир иш бўлади.

Оғир бало кичик бўлур буюк инсон наздида
Заиф кимса қадди эгик енгил синов остида

Мунофиқларга назар сол уларнинг интилишлари нақадар суст, азму қарорлари нақадар совуқ, уларнинг сўзлари шундай бўлган эди: “кун иссиғида жангга чиқманглар, менга изн бер ва менга ишон, бизнинг уйларимиз очиқ-сочиқ қолиб кетган эди, бизган мусибат бўлишидан қўрқамиз, Аллоҳ ва расули бизга ёлғон ваъда берган” ва ҳаказо гапларни айтишган. Қандай муваффақиятсиз, бахтсиз кимсалар эдилар.
Уларнинг ташвишлари қоринлари, овқат, уй-жой, қасрлар бўлиб, кўзларини осмонга кўтармаганлар, юлдузларга назар ташламаганлар. Уларнинг ташвишлари ва билган нарсаси: моллари, кийими, неъматлари, зиёфатларидир. Бир қисм инсонларга боқсанг уларни эртаю-кеч ғамгин бўлишларининг сабаби аёли билан  ёки ўғли ёки яқинлари билан келишмовчилик, ёки ёмон сўз эшитишлари ёки бир арзимас иш бўлади. Бу эса ўша кишиларнинг мусибатларидир, уларни чалғитадиган буюк мақсадларидир
 Йўқ, уларда вақтларини сарфлайдиган улуғ ишлари йўқ. Айтишларича идишдан сув чиқиб кетса уни ҳаво тўлдирар экан, шундай экан сен ғамгин бўлаётган ва сиқилаётган нарсаларинг ҳақида фикр қилиб кўр, бу машаққат ва қийинчиликка арзийдими, чунки сен унга ўз ақлингдан, гўштингдан, қонингдан, роҳатингдан ва вақтингдан ажратиб бермоқдасан, бу эса савдодаги зарар ва нарҳи арзимас бўлган катта зиёндир. Психологлар ҳар бир нарсага ақлга тўғри келадиган тарзда чегара қўйиш кераклигини айтадилар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи унданда ростгўйроқдир.
قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لِكُلِّ شَيْءٍ قَدْرًا (3) سورة الطلاق
“Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир”(Талоқ 3)
Масалага ҳажми, вазни ва  миқдорига кўра ёндош, зулм ва чуқур кетишдан сақлан.
Улуғ саҳобаларнинг ҳаракатлари, интилишлари вафо дарахти остидаги байъатга қартилган эди, бу билан улар Аллоҳнинг розилигига эришдилар, улар билан бирга бўлган бир кишининг ташвиши эса туясида эди  шунинг учун у байъатни ўтказиб юборди, шунинг учун унинг мукофоти маҳрумлик ва нафрат бўлди.
Бас майда-чуйдаларни улоқтириб юбор, улар билан машғул бўлма, шундагина аксарият ғамларинг тарқалиб кетганини ва хурсанд, шодон бўлиб қолганингни кўрасан.

 

 

 

Аллоҳ сенга тақсим қилганига рози бўлсанг инсонларнинг энг бойи бўласан

 

 

 

Бу сабабнинг баъзи маънолари ўтган бўлса-да, тушунарлироқ бўлиши учун уни кенгайтириб айтмоқчиман, у ҳам бўлса сенга тақсим қилинган жисм, мол, бола-чақа, маскан, иқтидорга қаноат қилишинг лозимлигидир, бу эса қуръондан келтирилган далилдир:
 فَخُذْ مَا آتَيْتُكَ وَكُن مِّنَ الشَّاكِرِينَ} (144) سورة الأعراف
“Бас сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!” (Аъроф 144)
Салаф уламоларнинг кўпчилиги, ўтган умматларнинг аксарияти фақир бўлганлар, уларнинг бойликлари, ажойиб уй-жойлари, маркаблари, қуллари бўлмаган лекин улар шу билан бирга ҳаётга катта таъсир ўтказганлар, ўзларини ва инсониятни бахтли қилганлар, чунки улар Аллоҳ уларга берган яхшиликни унинг йўлига йўналтирганлар, шунинг учун уларнинг умрларига, вақтларига, иқтидорларига барака кирган. Бу муборак синфнинг муқобилида мол дунё, бола-чақа, неъматлар берилган кишилар  бўлиб уларнинг бахтсизликлари, азобларининг сабаби улар тўғри фитратдан, ҳақ йўлдан оғиб кетганликлари эди. Бу нарсалар барча нарса дегани эмаслигига юқоридаги ҳолат ёрқин далилдир. Олимлик унвонига эга бўлиб, эҳсонда, фаҳмда ва дунёга бўлган таъсирида ҳеч ҳам танилмаганларга қара, уларнинг қаршисида чегараланган илмга эга бўлсада, манфаат келтириш, ислоҳотчилик ва маданиятлари билан ундан оқиб турувчи дарё барпо этганлар ҳам бор.
Агар сен бахтни истасанг Аллоҳ сени яратган суратингга рози бўл, оилавий шароитингга, овозингга, идрокинг даражасига ва нуқсонларингга рози бўл. Баъзи зоҳид устозлар бунданда узоққа кетадилар ва дейдилар:  “сен ўзингдаги нарсадан камроғига ҳам, ўзинг бўлган шароитдан пастроғига ҳам рози бўл”  ва бу ҳақида шеър айтадилар:

Ўзинг яшаётган ҳолингдан-да пастроғини орзу қилишинг
Сенинг буюк бахтингдир, оқилсан, лозим буни билишинг

Бу ерда дунёвий насибалари кам бўлсада, ўзларидан нур таратиб турган инсонлар билан тўлган ажойиб рўйхатни келтирамиз:
Атоъ ибн Абу Рабоҳ ўз даврида дунё олими бўлган зот қора, бурни пучуқ, қўллари шол, сочи жингалак қул эдилар.
Ахнаф ибн Қайс барча арблар ичида ҳалими бўлиб, жисмлари ориқ, орқалари букри, оёқлари қийшиқ, нимжон киши эдилар
Дунё муҳаддиси Аъмаш қуллардан бўлиб, кўзлари ожизроқ, қўли калта фақир, кийимлари йиртилган, кўринишлари, масканлари жулдур эди.
Уларга Аллоҳнинг саловати ва саломи бўлсин буюк пайғамбарларнинг барчалари қўй боқишган, Довуд ас темирчи, Закриё ас дурадгор, Идрис ас тикувчи бўлганлар, улар инсонларнинг энг яхшиларидирлар.
Шундай экан сенинг қийматинг иқтидоринг, солиҳ амалларинг, фойда келтиришинг, хулқинг биландир, қўлингдан кетган ҳусн, мол, аҳли аёлдан ғам чекма, Аллоҳ сенга тақсим қилганига рози бўл.َ
 نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُم مَّعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا(32) سورة الزخرف
“Уларнинг ҳаёти-дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида ўзимиз тақсимлаганмиз.” (Зухруф 32)

 

 

 

Ер шарини бошингда кўтариб юрма

 

 

 

Кўпчилик инсонлар ўз тўшакларида ётган ҳолларида ҳам нафсларида жаҳон уруши бўлиб ўтади,  уруш тугаганида эса ошқозон яраси, қон босими, шакар касалликларини орттириб оладилар. Ҳодисалар билан бирга ёниб-куядилар, нарҳларнинг қимматлашаётганидан ғазабланадилар, ёмғирнинг кечикаётганидан аччиқланадилар, маошнинг камлигидан қичқирадилар, улар доимий безовталик, сурункали изтиробдадирлар.
يَحْسَبُونَ كُلَّ صَيْحَةٍ عَلَيْهِمْ (4) سورة المنافقون
 “(Улар юраксизликлари туфайли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (бирон бало-офат деб) гумон қиладилар.” (Мунофиқун 4)
Сенга насиҳатим ер шарини бошингда кўтариб юрма, ҳодисаларни ер устига қўй, ичакларингга эмас. Баъзи инсонларнинг қалблари булут каби бўлиб миш-мишлар, ёлғон-яшиқ билан тўйинган бўлади, арзимас нарсалардан изтиробга тушади, ўткинчи нарсалардан безовталанади, барча нарсадан ташвишланади, бу қалб ўз эгасини ҳалок этиши ва соҳибининг вужудини барбод қилиши турган гап.
Ибрат ва мавъизалар ҳақиқий, тўғри  қоида аҳлининг иймонларига иймон зиёда қилади, руҳий тушкун инсонларга хавф устига хавф орттиради. Бахтсизлик ва кулфатлар қаршисида шижоатли қалбдан кўра фойдалироқ нарса йўқдир.
Ҳаяжонини боса оладиган, мустаҳкам ишончли, асабларини жиловлаб олган, бағри кенг кишигина ҳақиқий қўрқмас, мард, жасур кишидир, қўрқоқ эса хавфсираш, миш-мишлар, гумонлар қиличи билан ўзини ўзи бир кунда неча-неча марталаб сўяди. Агар барқарор ҳаётни истасанг ишларга шижоат, бардош билан юзлангин, ишончсиз кишилар сени арзимас деб санамасинлар, улар қилаётган макрларидан сиқилма, мусибатлардан кўра саботлироқ, қутурган шамоллардан кучлироқ бўл. Заиф қалбли кишиларга вой бўлсин, кунлар уларни ҳохлаганича тебратаверади.Аллоҳ таоло бу икки тоифанинг сифатларини ўз каломида шундай таърифлаган:
وَلَتَجِدَنَّهُمْ أَحْرَصَ النَّاسِ عَلَى حَيَاةٍ (96) سورة البقرة
“Уларни ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканини биласан” (Бақара 96)
Иккинчи тоифа бўлмиш бардошли кишилар Аллоҳнинг мадади ва ваъдасига ишончдадирлар:
فَأَنزَلَ السَّكِينَةَ عَلَيْهِمْ (18) سورة الفتح
“...Уларга сакинат ором туширди.” (Фатҳ 18)

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 32 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ